toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ер ҳисобини юритишни мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 5 апрелдаги ПҚ-153-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
янгидан ўзлаштирилган ерлар тоифасига (турига) ўзгартириш киритиш муддатларини, масъулларнинг мажбурияти ва жавобгарлигини белгилаш;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерларининг ер фонди тоифасини ўзгартириш бўйича таклифларни ўрганишда вазирлик ва идораларнинг масъулияти ва жавобгарлигини белгилаш;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш тартибини соддалаштириш.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 10 январь,
4-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 10 январдаги 4-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётан ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида» 2021 йил 24 ноябрдаги 709-сон қарорида:
иккинчи хатбошидаги «ҳамда кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясига киритади» сўзлари чиқариб ташлансин;
учинчи хатбошидаги «киритилган лойиҳалар халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши томонидан маъқуллангандан сўнг,» сўзлари чиқариб ташлансин;
тўртинчи хатбошидаги «халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши томонидан тасдиқланган» сўзлари чиқариб ташлансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 15 майдаги 246-сонли қарорига асосан 2026 йил 1 июлдан ўз кучини йўқотади — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.05.2026 й., 09/26/246/0492-сон)
3. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 30 октябрдаги 578-сон қарори билан тасдиқланган Ер ресурсларининг ҳолати бўйича миллий ҳисоботни юритиш тартиби тўғрисидаги низомда:
а) 3-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ер ресурсларининг ҳолати бўйича миллий ҳисобот ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ юритилади, янгидан ўзлаштирилган ерлар тоифасига (турига) ўзгартириш 1а-иловадаги схемага мувофиқ киритилади»;
б) қуйидаги мазмундаги 1а-илова билан тўлдирилсин:
«Ер ресурсларининг ҳолати бўйича миллий ҳисоботни юритиш тартиби тўғрисидаги низомга
1а-ИЛОВА
Янги ўзлаштирилган ерлар тоифасига (турига) ўзгартириш киритиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Туман (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари

1. Янгидан ўзлаштирилган ерлар тоифасига (турига) ўзгартириш киритиш учун маълумотларни шакллантиради (туман (Қувасой шаҳар) комиссиясининг туман (Қувасой шаҳар) ҳокимлиги захирасидаги ер майдонларини янгидан ўзлаштирилиши бўйича далолатномаси).

Йил давомида

2. Янгидан ўзлаштирилган ерлар тоифасига (турига) ўзгартириш киритиш учун маълумотларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ва вилоятлар ҳокимликларига киритади.

Янгидан ўзлаштирилган ерлар қабул қилингандан кейин уч иш куни ичида

2-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари

Туман (Қувасой шаҳар) ҳокимликларининг мурожаатига асосан янгидан ўзлаштирилган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича хулоса олиш учун маълумотларни Қишлоқ хўжалиги вазирлигига юборади.

Мурожаат келиб тушгандан кейин уч иш куни ичида

3-босқич

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг мурожаатларига асосан янгидан ўзлаштирилган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича жойида ўрганиш ўтказиб, хулоса тақдим этади.

Мурожаат келиб тушгандан кейин ўн беш иш куни ичида

4-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари

1. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хулосасини кўриб чиқади ва ижобий хулосага асосан янгидан ўзлаштирилган ерлар тоифасига (турига) ўзгартириш киритиш ҳақида «E-qaror» электрон тизими орқали қарор қабул қилади.

2. Қарорни «Yer hisobot» ААТга киритади.

Уч иш куни ичида

5-босқич

Давлат кадастрлари палатасининг туман ва шаҳар филиаллари

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларининг тегишли қарорига асосан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасининг тегишли турига ўзгартириш юзасидан маълумотларни ер ресурсларининг ҳолати тўғрисидаги миллий ҳисоботга киритади.

Ҳар йил якуни билан

»;

в) 2-илованинг 10-шаклида:
12-устундаги «бўз ерлар» сўзлари «лалми экин ерлари» сўзлари билан алмаштирилсин;
13-устун чиқариб ташлансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.01.2025 й., 09/25/4/0021-сон; 16.05.2026 й., 09/26/246/0492-сон)