toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Олий ва касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Мамлакатимизда юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, иш берувчи корхона ва ташкилотларни таълим жараёнига жалб этиш ҳамда олий ва касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартибини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. 2025 йил 1 январдан бошлаб олий ва касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини (кейинги ўринларда — аттестация) иш берувчи корхона ва ташкилотларда ҳам ташкил этиш амалиёти жорий қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
диплом лойиҳаси ҳамда битирув малакавий иши ҳимоя қилинадиган бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати таълим соҳаларининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Бунда диплом лойиҳаси ва битирув малакавий иши ҳимоя қилинмайдиган бакалавриат таълим йўналишлари битирувчиларига уларнинг хоҳишидан келиб чиқиб, диплом лойиҳаси ёки битирув малакавий иши ҳимоя қилинишига рухсат берилади;
якуний давлат аттестация комиссияси аъзолигига жалб этилган мутахассисларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари асосида ҳақ тўланади ҳамда уларнинг асосий иш жойларидаги иш ҳақлари сақлаб қолинади;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 15-боби.
касбий таълим ташкилотлари битирувчилари компетенциясини кўргазмали-амалий имтиҳон шаклида баҳолашда талаб этиладиган хомашё ва ёнилғи мойлаш материалларини харид қилиш билан боғлиқ харажатлар тегишли таълим ташкилотларига республика бюджетидан ажратилган маблағлар, тўлов-контракт ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
иш берувчи корхона ва ташкилотларни олий ва касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг билими, кўникмаси ва малакасини баҳолаш жараёнларига фаол жалб этсин;
олий ва касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг аттестациясини ташкил этишда иш берувчи корхона ва ташкилотларга ҳар томонлама услубий жиҳатдан кўмаклашсин ҳамда уларнинг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириб борсин;
касбий таълим ташкилотларида аттестацияни ташкил этишдан камида бир ой олдин Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар таклифлари асосида битирувчиларнинг аттестацияси ўтказиладиган корхона ва ташкилотлар ҳамда таълим ташкилотлари рўйхатини тасдиқласин ва эълон қилсин;
2025 йил 1 январдан бошлаб касбий таълим ташкилотлари педагог кадрларининг малакасини ошириш ўқув режаларига «Германия тажрибаси» асосида битирувчиларни баҳолаш бўйича ўқув курсини киритсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
ҳар ўқув йили якунида олий ва касбий таълим ташкилотларида ташкил этиладиган аттестацияга иш берувчи корхона ва ташкилотлар вакиллари жалб этилишига кўмаклашсин;
ҳар йили 1 ноябрга қадар касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг кўргазмали-амалий имтиҳонлари ўтказиладиган ташкилотлар бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига таклифлар киритсин.
6. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири К.А. Шарипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 13 декабрь,
836-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 декабрдаги 836-сон қарорига
1-ИЛОВА
Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
битирувчи — тегишли ўқув режасидаги фанларни ўзлаштирган, ўқиш даврида тўплаши лозим бўлган кредитларни тўлиқ тўплаган ва амалиётларни муваффақиятли якунлаган олий таълим ташкилоти талабаси;
битирув малакавий иши — олий таълим ташкилоти бакалавриат таълим йўналиши битирувчилари томонидан ўқишни якунлаш босқичида бажариладиган илмий-назарий иш бўлиб, унда битирувчининг тегишли таълим йўналиши бўйича эгаллаган билими, кўникма ва малакаси баҳоланади;
диплом лойиҳаси — бакалавриат босқичи битирувчиси томонидан ўқишни якунлаш босқичида бажариладиган ҳамда муайян соҳа вазифаларига оид аниқ масаланинг комплекс ечимига (конструкторлик, технологик, ижодий, экспериментал, бадиий) қаратилган иш;
магистрлик диссертацияси — магистратура босқичи битирувчиси томонидан ўқув жараёни давомида бажариладиган, тегишли мутахассисликка (соҳага) оид аниқ илмий-амалий масаланинг (муаммонинг) ечимига қаратилган илмий-тадқиқот иши;
рационализаторлик ғояси — мавжуд жараён, ишлаш усули ёки маҳсулотни такомиллаштиришга қаратилган янги ва самарали таклиф;
стартап лойиҳаси — инновацион ғояга асосланган янги бизнес ташаббуси бўлиб, у илгари бозорда тақдим этилмаган ёки мавжудларидан сезиларли даражада фарқ қиладиган ноёб маҳсулот ёки хизмат кўрсатиш бўйича таклиф;
плагиат — бошқа шахснинг илмий, ижодий ёки бошқа турдаги ишларини ўзлаштириб, ўз номидан тақдим этиш;
якуний давлат аттестацияси (кейинги ўринларда — аттестация) — бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги битирувчиларининг билими, кўникма ва малака даражасини баҳолаш жараёни;
якуний давлат аттестация комиссияси (кейинги ўринларда — комиссия) — бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги битирувчиларининг билими, кўникма ва малака даражасини баҳоловчи соҳа мутахассисларидан иборат комиссия.
3. Аттестация олий таълим ташкилотидаги ҳар бир бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги (кейинги ўринларда — таълим йўналиши ва мутахассислик) бўйича ташкил этиладиган комиссия томонидан таълим йўналишлари ва мутахассисликларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, олий таълим ташкилотида ёки корхонада (ташкилотда) ўтказилиши мумкин.
4. Диплом лойиҳаси ҳамда битирув малакавий иши ҳимоя қилинадиган таълим йўналишлари рўйхати таълим соҳаларининг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланади.
5. Аттестация қуйидаги шаклларда ўтказилиши мумкин:
хорижий тил бўйича (олий таълим ташкилоти Кенгаши қарорига асосан ўтказилиши мумкин) синов;
махсус (мажбурий) фанлар (касбий-амалий фанлар, тиббиёт олий таълим ташкилотлари учун икки босқичли клиниколди ва клиник фанлар) бўйича синов;
битирув малакавий иши ҳимояси;
диплом лойиҳаси ҳимояси;
магистрлик диссертацияси ҳимояси;
таълим йўналиши ва мутахассисликка мос «стартап» лойиҳаси ҳамда рационализаторлик ғояси тақдимоти. Бунда:
«стартап» лойиҳаси муаллифи (ҳаммуаллифи) ўқиш даврида (бакалавриат ёки магистратура) тегишли давлат органи томонидан эълон қилинган танлов якунларига кўра ғолиб деб топилган бўлиши;
рационализаторлик ғояси муаллифи (ҳаммуаллифи) томонидан таклиф этилган ғоя ўқиш даврида (бакалавриат ёки магистратура) камида учта корхона (ташкилот) томонидан амалиётга жорий қилинган ва унинг иқтисодий ёки ижтимоий самара берганлиги бўйича мазкур корхона (ташкилот) томонидан далолатнома расмийлаштирилган бўлиши лозим.
6. Заруратга кўра, хорижий тил бўйича аттестация олий таълим ташкилоти Кенгашининг қарорига мувофиқ ўтказилади.
Бунда хорижий тил бўйича камида В2 даражадаги (филология йўналишлари бўйича камида С1 даражадаги) миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга битирувчилар хорижий тил бўйича аттестациядан озод этилади.
Хорижий тил бўйича аттестация мазкур фаннинг ўқув дастурларида назарда тутилган материалларнинг битирувчи томонидан ўзлаштирилганлик даражасини аниқлашга йўналтирилади.
7. Таълим йўналиши ва мутахассислик бўйича махсус (мажбурий) фанлардан (касбий-амалий, клиниколди ва клиник фанлардан) аттестация фанлар мазмунига қўйиладиган талаблар билан бир қаторда, малака талабларида назарда тутилган билим, кўникма ва малака даражасини аниқлашга йўналтирилади.
2-боб. Комиссия фаолиятини ташкил этиш тартиби
8. Комиссия ўз фаолиятини мазкур Низом талабларига мувофиқ амалга оширади.
9. Комиссия раислигига номзодлар рўйхати тегишли кафедра мудири томонидан шакллантирилади ҳамда тасдиқлаш учун олий таълим ташкилоти ректорига (филиал директорига) тақдим этилади.
10. Комиссия раислари олий таълим ташкилотининг идоравий мансублигидан қатъи назар, ушбу таълим ташкилотида фаолият юритмаётган олимлар, ишлаб чиқариш соҳасидаги тажрибали мутахассислар орасидан тегишли олий таълим ташкилоти ректорининг (филиал директорининг) буйруғи билан бир календарь йили муддатига тасдиқланади.
Комиссиянинг таркиби олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори) томонидан битирув семестри бошланишидан камида бир ой олдин тасдиқланади.
Комиссия камида 5 нафар профессор-ўқитувчи ва мутахассислардан иборат таркибда шакллантирилади ҳамда унинг учдан икки қисми қатнашганда, ваколатли ҳисобланади.
Бунда комиссия таркиби мутахассис тайёрловчи олий таълим ташкилотининг илмий-педагог кадрлари (аттестация комиссияси умумий таркибининг 40 фоизигача), шунингдек, кадрлар буюртмачиси бўлган корхоналарнинг (ташкилотларнинг) юқори малакали мутахассислари, турдош олий таълим ташкилотларининг етакчи профессор-ўқитувчи ва илмий ходимлари, соҳанинг илғор мутахассислари ва олимларидан иборат бўлади.
Бир кишининг кетма-кет бир олий таълим ташкилотида икки мартадан ортиқ комиссия раиси бўлишига йўл қўйилмайди.
Комиссия аъзолигига жалб этилган мутахассисларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари асосида ҳақ тўланади ҳамда уларнинг асосий иш жойларидаги иш ҳақлари сақлаб қолинади.
11. Қуйидагилар комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:
битирувчининг билим, кўникма ва малака даражасининг тегишли таълим йўналиши ва мутахассислик малака талабларига мувофиқлигини комплекс баҳолаш;
аттестация натижалари бўйича битирувчиларга тегишли академик даражасини бериш бўйича қарор қабул қилиш;
фаолият натижаларини таҳлил қилиш ва улар асосида олий маълумотли кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
12. Аттестацияда олий таълим ташкилотининг Васийлик (Кузатув, Бошқарув) кенгаши ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари вакиллари, битирувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг қонуний вакиллари ҳамда кадрлар буюртмачилари жамоатчилик асосида кузатувчи сифатида қатнашиши мумкин.
Аттестация жараёни онлайн режимда овозли видеотрансляция қилинади ҳамда ушбу видеотасвирлар бир йил давомида тегишли кафедрада сақланади.
13. Зарурат бўлганда, битта раис раҳбарлигида бир нечта аттестация комиссиялари тузилади.
Аттестация жараёнида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг вакиллари иштирок этишлари мумкин.
Олий таълим ташкилотининг давлат аккредитациясидан ўтмаган таълим йўналиши ва мутахассисликлар битирувчиларининг аттестацияси ушбу олий таълим ташкилотининг юқори турувчи вазирлиги (идораси) рухсати билан ташкил этиладиган аттестация комиссияси томонидан ўтказилади.
3-боб. Аттестацияни ўтказиш тартиби
14. Битирувчилар ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ аттестациядан ўтказилади.
15. Аттестацияга тегишли фанларни ўзлаштирган, белгиланган кредитларни тўплаган ҳамда тўлов-контракт шартларини тўлиқ бажарган битирувчилар қўйилади.
Битирувчилар ўқув юкламаларини тўлиқ бажаргандан сўнг аттестациядан ўтиши мажбурий ҳисобланади.
16. Битирувчиларнинг махсус (мажбурий) фанлар (касбий-амалий, клиниколди ва клиник фанлар) бўйича аттестацияси, диплом лойиҳаси (битирув малакавий иши) ёки магистрлик диссертацияси ҳимояси олий таълим ташкилоти ёхуд корхонада (ташкилотда) ташкил этилади.
17. Олий таълим ташкилоти Кенгаши ҳар йили 31 октябрга қадар аттестация олий таълим ташкилотида ёки корхонада (ташкилотда) ташкил этиладиган таълим йўналишлари ва мутахассисликлар ҳамда таълим йўналишлари ва мутахассисликларга мос махсус (мажбурий) фанлар (касбий-амалий, клиниколди ва клиник фанлар) рўйхатини тасдиқлайди ва аттестациядан камида олти ой олдин олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида эълон қилади.
Олий таълим ташкилоти ўз битирувчиларининг аттестациядан ўтказиш юзасидан мос корхоналар (ташкилотлар) билан ҳамкорлик шартномасини ҳар йили ноябрь ойида имзолайди.
Ишлаб чиқариш билан боғлиқ таълим йўналиши ва мутахассисликларнинг аттестацияси корхонада (ташкилотда) ташкил этилганда битирувчилар ва комиссияни зарур жиҳозлар, ўлчов воситалари, техник ҳужжатлар, хомашё ва материаллар билан таъминлашга корхона (ташкилот) раҳбарлари масъул ҳисобланади.
18. Аттестацияда хорижий тил ва махсус (мажбурий) фанлар бўйича синовлар ёзма ёки тест ёхуд оғзаки шаклда ташкил этилади. Аттестация алоҳида иқтидор талаб этиладиган ва тиббиёт таълим соҳаси учун амалий шаклда ҳам ташкил этилиши мумкин.
Хорижий тил ва махсус (мажбурий) фанлар бўйича ўтказиладиган синовлар шакли олий таълим ташкилоти Кенгашининг қарори асосида таълим ташкилоти ректори (филиал директори) томонидан белгиланади ҳамда аттестация бошланишидан олти ой олдин битирувчилар эътиборига етказилади.
Битирув малакавий ишининг мавзулари битирув семестри бошлангунига қадар олий таълим ташкилоти Кенгашининг қарори билан тасдиқланади.
Битирувчилар аттестациядан олдин тегишли фанлар бўйича дастурлар билан таъминланадилар, уларга тайёргарлик кўриш ва маслаҳатлар бериш учун зарур шароитлар яратилади.
19. Олий таълим ташкилоти томонидан тажрибали профессор-ўқитувчилар ҳамда корхоналарнинг (ташкилотларнинг) мутахассисларини жалб этган ҳолда, аттестациянинг дастурлари аттестация бошланишидан камида уч ой олдин ишлаб чиқилиб, олий таълим ташкилоти Кенгаши томонидан тасдиқланади ва олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
20. Аттестация ўқув жараёни жадвалида кўрсатилган муддатларда, факультет декани ёки ўқув-услубий ишларга масъул таркибий бўлинма (бўлим, бошқарма) томонидан тайёрланган ҳамда олий таълим ташкилоти ўқув ишлари бўйича проректори томонидан тасдиқланган аттестация жадвали асосида ўтказилади.
21. Олий таълим ташкилоти Кенгашининг қарори билан битирувчи учун белгиланган аттестациянинг шакли бир ўқув йили давомида ўзгартирилишига йўл қўйилмайди.
22. Аттестация бошланишидан икки ҳафта олдин комиссия раиси билан олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори) комиссиянинг тайёргарлик даражаси, комиссия раиси ва аъзоларининг вазифалари, битирувчиларга қўйилаётган талаблар, тартиб-интизом масалалари юзасидан йиғилиш ўтказади.
23. Аттестация комиссиянинг очиқ мажлисларида ўтказилади.
24. Битирувчилар аттестация бошланган кундан таълим йўналиши ва мутахассисликка мос «стартап» лойиҳаси, рационализаторлик ғояси бўйича тегишли ҳужжатларни (тақдимотни) комиссияга тақдим этишлари лозим.
Бунда комиссия томонидан «стартап» лойиҳаси ва рационализаторлик ғоясини тегишли ҳужжатлар белгиланган талабларга мос келиши бўйича хулоса қилинади ҳамда битирувчи белгиланган тартибда баҳоланади.
Белгиланган талабларга мос келмаган «стартап» лойиҳаси ёки рационализаторлик ғояси баҳоланмайди ва битирувчи аттестацияни қайта топширишга қолдирилади.
25. Аттестацияда плагиатга йўл қўйилмайди. Бундай ҳолат аниқланганда, аттестация комиссияси томонидан битирувчига тегишли аттестациядан қониқарсиз баҳо қўйилади ёки қўйилган ижобий баҳо бекор қилинади.
Битирув малакавий иши ҳамда магистрлик диссертацияси ҳимоядан икки ҳафта олдин антиплагиат дастури асосида текширилади ва плагиатга йўл қўйилганлиги аниқланса, такроран бир маротаба қайта текширишдан ўтказишга рухсат берилади. Иккинчи маротаба ҳам плагиат ҳолатлари бартараф этилмаган тақдирда, аттестация кейинги йилга қолдирилади.
Бунда плагиат ҳолатлари бартараф этилган тақдирда, битирувчига аттестацияда қатнашишга рухсат берилади.
Олий таълим ташкилотида ўрнатиладиган антиплагиат дастури олий таълим ташкилотининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан харид қилинади ва у қуйидаги талабларга жавоб бериши талаб этилади:
Ўзбекистон Республикасининг «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги ва «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунлари талабларига жавоб бериши;
ўзбек, қорақалпоқ, рус, инглиз ва бошқа тиллардаги матнларни плагиатга текшириш имкониятининг мавжудлиги;
фойдаланувчи учун тизимнинг камида ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида йўриқномаси мавжудлиги;
кўчирилган маълумотлар қайси манбалардан олинганини аниқ ифодалаб бера олиши;
ишлардаги маълумотларни билвосита, яъни мазмуни ўзгартирилмасдан сўз ва иборалар алмаштирилиб баён қилинган матнлардаги кўчирмачиликни аниқлаш тизими жорий этилганлиги;
сунъий интеллект технологиялари асосида генерация қилинадиган матнларни аниқлаш имкониятининг мавжудлиги;
халқаро эътироф этилган базалар билан боғланганлиги, маълумотлар базасида турли тиллардаги манбалар, жумладан, махсус маълумотлар базалари, халқаро илмий нашриётлар, кутубхоналар тўпламларининг мавжудлиги;
миллий илмий нашрлар базасига ва зарур ҳолларда бошқа тизимларга интеграция қилиш имкониятининг мавжудлиги;
ишларни текшириш натижасида матн таҳлилига доир тўлиқ ҳисоботни ва белгиланган намунадаги хулосани (сертификатни) тақдим этиш имкониятининг мавжудлиги.
26. Аттестацияда битирувчиларнинг билими, кўникма ва малакаси Ўзбекистон Республикаси Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланган баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади.
27. Аттестация натижалари аттестация ўтказилган куннинг ўзида битирувчиларга эълон қилинади.
28. Аттестацияда битирувчи қониқарсиз баҳо билан баҳоланганда битирувчига диплом берилмайди ҳамда аттестацияни мазкур Низомга мувофиқ қайта топширади.
29. Комиссия битирувчиларга аттестациянинг ижобий натижалари асосида бакалавр (магистр) даражасини бериш ҳақида қарор қабул қилади.
Комиссиянинг қарорлари очиқ овоз бериш орқали мажлисда иштирок этувчиларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда, раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
30. Олий таълим ташкилоти битирувчиси аттестациядан муваффақиятли ўтгандан сўнг бир ой муддат ичида унга мувофиқ даражадаги олий маълумот тўғрисидаги диплом ва унинг иловаси берилади.
Ўқув режасидаги барча фанларнинг камида тўртдан уч қисми бўйича «5» (аъло) баҳо (90 — 100 балл) ўзлаштириш кўрсаткичларига эришган, (бошқа фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи «4» (яхши) баҳодан (70 — 89,9 балл) кам бўлмаган), шунингдек, аттестациядан «5» (аъло) баҳо (90 — 100 балл) кўрсаткичига эга бўлган бакалавриат битирувчисига «имтиёзли» диплом берилади.
31. Аттестациядан ўта олмаган ёки аттестацияга қўйилмаган битирувчи ўқиш муддати тугагандан сўнг, унинг аризасига мувофиқ аттестацияни кейинги уч йил давомида қайта топшириш ҳуқуқига эга.
Аттестациядан ўта олмаган битирувчидан аттестацияни қайта топшириш жараёнларида тўлов ундирилмайди.
Аттестациядан ўта олмаган битирувчи кейинги ўқув йили бошланганидан кейин аттестацияни қайта топширишга рухсат беришни сўраб олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори) номига ариза билан мурожаат қилади. Бунда битирувчига аттестацияни кейинги ҳар бир ўқув йилида (уч йил давомида) икки мартадан ортиқ қайта топширишга йўл қўйилмайди.
Аттестацияни қайта топширишга олий таълим ташкилоти ректорининг (филиал директорининг) буйруғи билан рухсат берилади.
32. Аттестациядан кейинги уч йил давомида қайта ўта олмаган битирувчига академик маълумотнома берилади ва у белгиланган тартибда, тўлов-контракт асосида тегишли битирув курсига ўқиш учун қайта тикланади.
33. Узрли сабаб билан аттестацияга келмаган битирувчилар олий таълим ташкилоти ректорининг (филиал директорининг) буйруғи билан комиссиянинг иши якунланишига қадар бошқа муддатларда ўтказиладиган аттестацияга киритилади.
34. Комиссиянинг иши бўйича йиллик ҳисобот олий таълим ташкилоти Кенгашида кўриб чиқилади. Мазкур Кенгаш йиғилишига комиссия раиси таклиф қилинади.
4-боб. Аттестацияни баҳолаш натижалари юзасидан шикоят қилиш тартиби
35. Аттестация натижаси бўйича олган баҳосидан норози бўлган битирувчилар аризаларини кўриб чиқиш учун олий таълим ташкилоти ректорининг (филиал директорининг) буйруғи билан апелляция комиссияси ташкил этилади.
Апелляция комиссияси олий таълим ташкилотининг илмий-педагогик кадрлари (апелляция комиссияси умумий таркибининг 40 фоизигача), шунингдек, тегишли соҳа бўйича корхоналарнинг (ташкилотларнинг) малакали мутахассислари, турдош олий таълим ташкилотларининг тажрибали профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари орасидан камида 5 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.
Апелляция комиссияси таркибига жорий йилда комиссия ишида иштирок этган комиссия аъзолари киритилмайди.
36. Аттестацияда қўйилган баҳодан норози бўлган битирувчилар аттестация баҳолари эълон қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида апелляция комиссиясига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
37. Апелляция комиссияси шикоятни бир кун ичида кўриб чиқади ҳамда натижаси бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
шикоятни асосли деб ҳисоблаш ҳамда уни қаноатлантириш тўғрисида;
шикоятни асоссиз деб ҳисоблаш ҳамда уни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида.
38. Апелляция комиссияси қабул қилган қарори нусхасини шу куннинг ўзида битирувчига тақдим қилади.
39. Битирувчи комиссиянинг шикоятни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилган қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги ва «Судлар тўғрисида»ги қонунлари.
5-боб. Якунловчи қоида
40. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг XVI боби, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг XV боби, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 312 –– 315-моддалари.
Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисида низомга
ИЛОВА
Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини ўтказиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Амалга ошириладиган тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Олий таълим ташкилоти

1. Аттестация олий таълим ташкилотида ёки корхонада (ташкилотда) ташкил этиладиган таълим йўналишлари ва мутахассисликлар ҳамда таълим йўналишлари ва мутахассисликларга мос махсус (мажбурий) фанлар (касбий-амалий, клиниколди ва клиник фанлар) рўйхатини тасдиқлайди.

Ҳар йили 31 октябрга қадар

2. Битирувчиларни аттестациядан ўтказиш юзасидан корхоналар (ташкилотлар) билан ҳамкорлик шартномасини имзолайди.

Ҳар йили ноябрь ойида

3. Таълим йўналиши ва мутахассисликка мос махсус (мажбурий) фанлар рўйхатини олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида эълон қилади.

Аттестациядан камида олти ой олдин

4. Хорижий тил ва махсус (мажбурий) фанлар бўйича ўтказиладиган синовлар шаклини белгилайди ҳамда талабалар эътиборига етказади.

Аттестациядан олти ой олдин

5. Аттестациянинг дастурларини ишлаб чиқади ва олий таълим ташкилотининг расмий веб-сайтида эълон қилади.

Аттестациядан уч ой олдин

6. Комиссиянинг таркибини тасдиқлайди.

Битирув семестри бошланишидан бир ой олдин

7. Битирув малакавий иши мавзуларини тасдиқлайди.

Битирув семестри бошлангунига қадар

8. Битирув малакавий иши ҳамда магистрлик диссертациясини антиплагиат дастури асосида текширади.

Аттестациядан икки ҳафта олдин

Аттестация комиссияси раиси билан комиссиянинг тайёргарлик даражаси, комиссия раиси ва аъзоларининг вазифалари, битирувчиларга қўйилаётган талаблар, тартиб-интизом масалалари юзасидан йиғилиш ўтказади.

2-босқич

Аттестация комиссияси

1. Аттестацияни олий таълим ташкилотидаги ҳар бир таълим йўналиши ва мутахассислик бўйича ўтказади.

Ўқув жараёни жадвалига мувофиқ

2. Аттестацияда битирувчиларнинг билими, кўникма ва малакаси Ўзбекистон Республикаси Олий  таълим, фан  ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланган баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади ва эълон қилинади.

Аттестация ўтказилган куннинг ўзида

3-босқич

Олий таълим ташкилотлари

Битирувчи аттестациядан муваффақиятли ўтгандан сўнг унга мувофиқ даражадаги олий маълумот тўғрисидаги диплом ва унинг иловаси берилади.

Аттестация ўтказилгандан бошлаб бир ой муддат ичида

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 13 декабрдаги 836-сон қарорига
2-ИЛОВА
Касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини (кейинги ўринларда — аттестация) ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
битирувчи — тегишли ўқув режасидаги фанларни ўзлаштирган ва амалиётларни муваффақиятли якунлаган касбий таълим ташкилоти ўқувчиси;
давлат имтиҳони — касбий таълим ташкилоти битирувчисининг касбий (мутахассислик) ва/ёки белгиланган фанлар бўйича назарий билимларини баҳолаш жараёни;
кўргазмали-амалий имтиҳон — касбий таълим ташкилоти битирувчисининг билими, кўникма ва малакаларини амалий топшириқлар асосида баҳолаш жараёни;
якуний давлат аттестацияси (кейинги ўринларда — аттестация) — касбий таълим ташкилоти битирувчисининг билими, кўникма ва малака даражасини баҳолаш жараёни;
якуний давлат аттестацияси комиссияси — касбий таълим ташкилотларида битирувчиларни билими, кўникма ва малакаларини баҳолаш мақсадида касблар (мутахассисликлар) бўйича корхона (ташкилот) вакиллари ҳамда соҳа мутахассисларидан тузиладиган комиссия.
3. Аттестациянинг асосий мақсади касбий таълим ташкилоти битирувчиларининг билими, кўникма ва малака даражасини (касбий компетенцияларини) касбларнинг (мутахассисликларнинг) таълим дастурларига мувофиқлигини комплекс баҳолашдан иборат.
4. Аттестация давлат имтиҳонлари ва кўргазмали-амалий имтиҳонлар шаклида ўтказилади.
5. Давлат имтиҳонлари:
бошланғич касбий таълим бўйича — Ўзбекистон тарихи фани ва касбий фанлардан тест шаклида;
ўрта ва ўрта махсус касбий таълим бўйича — касбий фанлардан тест шаклида ўтказилади.
Касбий фанларга ўқув режасидаги умумкасбий фанлар, махсус фанлар ёки мутахассислик фанлари киради.
6. Кўргазмали-амалий имтиҳонда битирувчи касбий таълим ташкилотида ёки корхонада (ташкилотда) тегишли касб (мутахассислик) бўйича компетенцияларни эгаллаганлик даражасини амалий топшириқларни бажариш орқали кўрсатиб беради.
7. Дуал таълим шаклида таълим олган битирувчиларнинг кўргазмали-амалий имтиҳон жараёнлари дуал таълим ташкил этилган корхона (ташкилот) томонидан ташкил этилади.
Бунда корхона (ташкилот) томонидан битирувчиларнинг кўргазмали-амалий имтиҳон натижалари юзасидан тайёрланган ҳисоботлар касбий таълим ташкилотига тақдим этилади.
8. Аттестацияни ўтказиш жадвали корхоналар (ташкилотлар) билан келишилган ҳолда аттестация бошланишидан камида ўттиз кун олдин касбий таълим ташкилоти директори буйруғи билан тасдиқланади.
Аттестацияни ўтказиш жадвали касбий таълим ташкилотининг расмий веб-сайти ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали эълон қилинади.
9. Давлат имтиҳонлари касбларнинг (мутахассисликларнинг) ўқув дастурларида назарда тутилган материалларни ўзлаштириш даражасини аниқлашга қаратилади.
2-боб. Комиссия фаолиятини ташкил этиш тартиби
10. Аттестация касбий таълим ташкилотидаги касблар (мутахассисликлар) бўйича ташкил этиладиган якуний давлат аттестация комиссияси (кейинги ўринларда — комиссия) томонидан ўтказилади.
11. Аттестацияни ўтказиш учун касблар (мутахассисликлар) бўйича комиссиялар касбий таълим ташкилотидаги ўқувчилар сонига мувофиқ ташкил этилади.
12. Комиссия таркиби аттестация бошланишидан камида бир ой олдин Қорақалпоғистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар олий таълим, фан ва инновациялар бошқармалари бошлиқлари буйруғи билан бир ўқув йилига тасдиқланади.
Комиссиянинг таркиби камида 5 нафардан иборат бўлиб, унинг учдан икки қисми қатнашганда, ваколатли ҳисобланади.
Комиссия таркибининг камида 50 фоизи корхоналар (ташкилотлар) вакилларидан иборат бўлади.
13. Комиссия ҳар йили аттестацияни ўтказишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш давридан бошлаб кейинги ўқув йили бошлангунга қадар фаолият кўрсатади.
Битирувчи гуруҳлар сонига қараб, комиссия фаолияти йил давомида ташкил этилиши мумкин.
14. Комиссия раиси комиссия фаолиятини ташкил қилади, назорат қилади, унинг хулосалари ва қарорларини имзолайди.
Комиссия раиси аттестацияни ўз вақтида, сифатли ва шаффоф ўтказилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
Бир киши кетма-кет бир касбий таълим ташкилотида тегишли касблар (мутахассисликлар) бўйича икки мартадан ортиқ комиссия раиси бўлишига йўл қўйилмайди.
15. Аттестация ишида корхоналар (ташкилотлар) аъзолари иштирок этганда, уларнинг асосий иш жойидаги иш ҳақи сақланиб қолади.
16. Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
битирувчиларнинг билими, кўникмаси ва малакасини (касбий компетенцияларини) касбларнинг (мутахассисликларнинг) таълим дастурлари талабларига мувофиқлигини комплекс баҳолаш;
аттестация натижалари бўйича битирувчиларга бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим даражасини бериш масаласини ҳал этиш;
комиссиянинг якуний ҳисоботлари ва хулосаларини тайёрлаш;
комиссия фаолияти натижаларини таҳлил қилиш ва улар асосида ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
17. Касбларнинг (мутахассисликларнинг) тегишли ўқув дастурларини тўлиқ ўзлаштирган битирувчиларга аттестацияда иштирок этишларига рухсат берилади.
18. Ўзбекистон тарихи фанидан ўтказиладиган давлат имтиҳони соҳа бўйича мутахассис ўқитувчилар томонидан ўтказилади. Бунда жалб этиладиган ўқитувчилар давлат имтиҳонига кирувчи ўқувчиларга дарс ўтмаган бўлиши ёки бошқа касбий таълим ташкилотларидан таклиф этилиши лозим.
3-боб. Аттестацияни ўтказиш тартиби
1-§. Аттестацияни ташкил этиш
19. Касбий таълим ташкилотларининг битирувчилари ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ аттестациядан ўтказилади.
20. Бошланғич, ўрта ва ўрта махсус касбий таълим даражаси бўйича тегишли таълим дастурларида белгиланган талабларни бажарган битирувчи касбий таълим ташкилоти Педагогик кенгашининг қарорига асосан директорнинг буйруғи билан аттестацияга қўйилади.
21. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 1 ноябрга қадар касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг кўргазмали-амалий имтиҳонлари ташкил қилинадиган корхоналар (ташкилотлар) рўйхатини шакллантириб, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этади.
22. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳар йили 1 декабрга қадар аттестация ўтказиладиган корхоналар (ташкилотлар) рўйхатини шакллантиради ва тасдиқлайди.
23. Касбий таълим ташкилотлари битирувчилар аттестациясини ўтказиш юзасидан касб ва мутахассисликка мос корхоналар (ташкилотлар) билан ҳамкорлик шартномасини ҳар йили 1 январга қадар имзолайди.
24. Аттестация бошланишидан бир ҳафта олдин комиссия раиси касбий таълим ташкилоти директори билан биргаликда аттестацияни ўтказиш учун тайёргарлик ҳолатини назоратдан ўтказади.
25. Аттестацияда битирувчиларнинг ота-оналари ҳамда корхоналар (ташкилотлар) вакиллари жамоатчилик асосида кузатувчи сифатида қатнашиши мумкин.
Аттестация жараёнлари ота-оналар ва кузатувчилар учун ажратилган алоҳида кутиш жойига онлайн трансляция қилинади.
26. Аттестация комиссияси ўқув жараёни жадвалига мувофиқ аттестацияни касбий таълим ташкилотидаги ҳар бир касб (мутахассислик) бўйича ўтказади.
Аттестация комиссияси аттестация ўтказилган куннинг ўзида битирувчиларнинг билими, кўникма ва малака даражасини (касбий компетенцияларини) баҳолайди ҳамда натижаларни эълон қилади.
27. Битирувчилар аттестацияда «2» (қониқарсиз) баҳо олган тақдирда, тегишли имтиҳонни шу ўқув йилида бир марта қайта топшириш ҳуқуқига эга бўлади.
Қайта топшириш жараёнлари асосий аттестация тугаганидан сўнг ўқувчининг аризасига мувофиқ бир ой ичида ўтказилади.
Аттестациядан иккинчи марта ҳам ўта олмаган ёки бир йил ичида аттестацияни қайта топшириш учун мурожаат қилмаган битирувчига аттестацияни қайта топшириш учун, шу жумладан, дуал таълим шаклида таълим олган битирувчига унинг аризасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар олий таълим, фан ва инновациялар бошқармалари томонидан рухсат берилади.
28. Аттестацияни қайта топшириб, қониқарсиз баҳо олиб аттестациядан ўта олмаган битирувчи кейинги ўқув йили якунида аттестацияни қайта топширади. Бунда ўзи тамомлаган касбий таълим ташкилотида таълим олган касб (мутахассислик) бўйича комиссия шаклланмаган бўлса, касби (мутахассислиги) бўйича мос бошқа касбий таълим ташкилотларида (дуал таълим шаклидаги битирувчилар ҳам) аттестацияни топшириши мумкин.
Бошқа касбий таълим ташкилоти аттестацияда иштирок этадиган битирувчининг таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлари аттестация ўтказиладиган касбий таълим ташкилотига тақдим этилади.
Аттестациядан ўтган битирувчига комиссия тузилган таълим ташкилоти томонидан касбий таълим тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади.
29. Касбий таълим ташкилотида белгиланган касбнинг (мутахассисликнинг) ўқув дастурларини тўлиқ тугатган, лекин аттестацияда қатнашмаган ёки ундан ўта олмаган битирувчилар Педагогик кенгаш қарори асосида комиссия фаолиятининг уч йил муддат давомида якуний давлат аттестациясини қайта топшириш ҳуқуқига эга.
Уч йил давомида аттестациядан ўтмаган шахслар якуний курсни қайтадан ўқиш учун ариза топширишлари мумкин.
30. Аттестациядан ўтган битирувчиларга бир ой муддат ичида касб (мутахассислик) бўйича белгиланган тартибда касбий таълим тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади.
Халқаро таълим дастурлари жорий этилган гуруҳларда аттестация жараёнлари халқаро таълим дастурларини жорий этган ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилади.
Халқаро таълим дастурлари асосида таълим олган ва имтиҳонларни муваффақиятли топширган ўқувчиларга халқаро таълим дастурлари бўйича диплом (сертификат) ҳамда касбий таълим тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади.
31. Касбий таълим ташкилотлари битирувчилари қуйидаги ҳолларда аттестацияга киритилмайди:
фанлардан академик қарздор ҳисобланганда;
касбий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида таҳсил олиб, ўқиш учун белгиланган тўловни тўлиқ амалга оширилмаганда;
узрсиз сабабларга кўра амалиёт ўтамаган ёки амалиёт учун қониқарсиз баҳо олганда.
32. Узрли сабабларга кўра аттестацияда иштирок эта олмаган битирувчиларга комиссия фаолияти якунига қадар аттестациядан ўтишга рухсат берилади.
33. Ўқув режасида назарда тутилган фанлардан якуний баҳоларининг камида 86 фоизи «5» (аъло) ва қолган фанлардан «4» (яхши) бўлган, якуний аттестациядан «5» (аъло) баҳолар олган, хулқ-атвори намунали, жамоат ишларида фаол иштирок этган ўқувчиларга имтиёзли диплом берилади.
2-§. Давлат имтиҳонларини ўтказиш
34. Ўзбекистон тарихи фани ва касбий фанлар бўйича касбларнинг (мутахассисликларнинг) ўқув дастурларидаги мавзулар доирасида тест топшириқлари Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Профессионал таълимни ривожлантириш институти томонидан тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда тест жараёнлари бошланишидан икки ой олдин ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
Касбий таълим ташкилотларида касбларнинг (мутахассисликларнинг) тегишли касбий фанлари бўйича, шунингдек, умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синф битирувчилари қабул қилинган гуруҳларда Ўзбекистон тарихи фанидан давлат имтиҳони тест синовлари шаклида ўтказилади.
35. Тест синовлари ташкил этилиши, холис ва адолатли ўтказилиши ҳамда тест топшириқларини ошкор этилмаслиги учун жавобгарлик комиссия зиммасида бўлади.
36. Тест топшириқлари жами 72 та саволдан иборат бўлиб, топшириқларни бажариш учун 120 дақиқа, белгиланган жавобларни жавоблар варақасига кўчириш учун қўшимча 10 дақиқа вақт берилади.
37. Тест ўтказиш жараёнига комиссия умумий ўрта таълим ташкилотлари ўқитувчилари ва жамоат ташкилотлари вакилларини назоратчи сифатида жалб қилади.
38. Тест синовлари жараёнида битирувчилар томонидан дарсликлар, ўқув-услубий қўлланмалар, матнлар, жавоблар ёзилган варақалар, мобил телефонлар ва бошқа алоқа воситаларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Тест синовларини ўтказиш қоидаларига риоя қилмаган битирувчилар бу ҳақда далолатнома тузган ҳолда тест синовларидан четлаштирилади.
39. Тест топшириқларини якуний баҳолашда комиссия тўғри бажарилган топшириқларнинг 90 — 100 фоизи учун «5» баҳо (аъло), 70 — 89,9 фоизи учун «4» баҳо (яхши), 60 — 69,9 фоизи учун «3» баҳо (қониқарли), тўғри бажарилган топшириқларнинг 60 фоизидан паст кўрсаткичлари учун «2» баҳо (қониқарсиз) қўйилади.
40. Тест синовлари техник имкониятлари бўлган касбий таълим ташкилотларида компьютер орқали махсус ахборот тизимлари ёрдамида ташкил этилиши мумкин. Бунда тест топшириқлари сони ва ажратиладиган вақт ҳамда баҳолаш мезонлари ушбу Низом талаблари асосида тартибга солинади.
3-§. Кўргазмали-амалий имтиҳонни ўтказиш
41. Кўргазмали-амалий имтиҳон орқали касбий таълим ташкилоти ўқувчиларининг эгаллаётган квалификацияси бўйича касбий компетенцияларининг шаклланганлик даражаси аниқланади.
42. Кўргазмали-амалий имтиҳон топшириқларининг мазмуни касблар (мутахассисликлар) учун белгиланган касбий компетенциялар, шунингдек, касбий фаолият мазмуни билан боғлиқ кўрсаткичлар асосида белгиланади.
43. Кўргазмали-амалий имтиҳонлар тегишли корхоналарда (ташкилотларда) махсус ташкил этиладиган синов майдонларида (симуляцион лабораторияларида) ташкил этилиши мумкин.
Бунда агар корхона (ташкилот) бир нечта бўлса ёки бир корхонада (ташкилотда) кўргазмали-амалий имтиҳонларни ташкил этиш имконияти бўлмаса, касбий таълим ташкилотлари томонидан корхоналар (ташкилотлар) билан келишган ҳолда аниқ корхона (ташкилот) белгиланади.
44. Кўргазмали-амалий имтиҳонлар шартлари ва баҳолаш мезонлари корхоналарнинг (ташкилотларнинг) вакилларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Профессионал таълимни ривожлантириш институти томонидан аттестация бошланишидан икки ой олдин ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади.
Бунда кўргазмали-амалий имтиҳонларнинг шартлари ўқитилаётган квалификация бўйича касбларнинг (мутахассисликларнинг) тегишли ўқув дастурлари мазмунига мувофиқ тузилади.
45. Кўргазмали-амалий имтиҳон шартларини бажариш муддати ҳар бир касбларнинг (мутахассисликларнинг) мураккаблиги ва хусусиятидан келиб чиқиб белгиланади.
46. Кўргазмали-амалий имтиҳонларни ўтказиш учун корхоналар (ташкилотлар) иш жойларини зарур жиҳозлар, ўлчов воситалари, техник ҳужжатлар, хомашё ва материаллар билан таъминлайди.
Касбий таълим ташкилотларида ўтказиладиган кўргазмали-амалий имтиҳонларда мазкур касбий таълим ташкилоти учун ажратилган хомашё ва ёқилғи мойлаш материалларидан фойдаланишга рухсат берилади.
47. Кўргазмали-амалий имтиҳонлар бошланишидан олдин комиссия аъзоларидан бири битирувчиларни имтиҳон шартлари, техник шартлар, баҳолаш мезонлари, вақт меъёрлари ва хавфсизлик қоидалари билан таништиради.
Имтиҳон шартларини бажариш жараёнида ҳар бир битирувчи мустақил равишда амалиётлар кетма-кетлигини аниқлайди.
48. Кўргазмали-амалий имтиҳонлар бўйича баҳолаш қайдномаси комиссия томонидан расмийлаштирилади.
49. Ўзбекистон тарихи фани ва касбий фанлардан тест натижалари ҳамда кўргазмали-амалий имтиҳоннинг баҳолаш қайдномаси асосида комиссия томонидан баённома расмийлаштирилади.
50. Кўргазмали-амалий имтиҳонларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар касбий таълим ташкилотининг тасдиқланган харажатлар сметасида ушбу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар, шунингдек, касбий таълим ташкилотининг тўлов-контракт ҳисобидан тушадиган маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
4-боб. Аттестацияни баҳолаш натижалари юзасидан шикоят қилиш тартиби
51. Аттестацияда олган баҳоларига эътироз билдирган битирувчиларнинг аризаларини кўриб чиқиш учун касбий таълим ташкилоти директорининг буйруғи билан апелляция комиссияси тузилади.
Мазкур буйруқ билан апелляция комиссиясининг таркиби, иш тартиби ва ваколатлари белгиланади ҳамда бу ҳақда аттестация бошланишидан камида бир кун олдин битирувчилар хабардор қилинади.
Апелляция комиссияси таркибига жорий йилда комиссия таркибида иштирок этган комиссия аъзолари киритилмайди.
52. Аттестацияда қўйилган баҳодан норози бўлган битирувчи аттестация баҳолари эълон қилинганидан кейин уч иш куни ичида апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Апелляция комиссияси уч иш кунида ариза берган битирувчининг шикоятини кўриб чиқади ҳамда натижаси бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
шикоятни асосли деб ҳисоблаш ҳамда уни қаноатлантириш тўғрисида;
шикоятни асоссиз деб ҳисоблаш ҳамда уни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида.
Битирувчилар томонидан бошқа кунларда берилган эътироз ва шикоятлар кўриб чиқилмайди.
Апелляцияни кўриб чиқиш натижаси бўйича баённома апелляция комиссия раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.
Апелляция комиссияси қабул қилган қарори нусхасини шу куннинг ўзида битирувчига тақдим қилади.
53. Битирувчи апелляцияни кўриб чиқиш натижалари бўйича апелляция комиссияси қароридан норози бўлган тақдирда, апелляция комиссияси қарори юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги ва «Судлар тўғрисида»ги қонунлари.
54. Комиссия раиси касбий таълим ташкилоти Педагогик кенгашига таҳлилий ҳисобот тақдим этади.
55. Аттестация бўйича тузилган ҳисоботлар ва материаллар касбий таълим ташкилоти архивида 10 йил давомида сақланади. Белгиланган муддат тугагандан сўнг мазкур материаллар ҳисобдан чиқарилади.
5-боб. Якунловчи қоида
56. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг XVI боби, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг XV боби, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 312 –– 315-моддалари.
Касбий таълим ташкилотлари битирувчиларининг якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисида низомга
ИЛОВА
Касбий таълим ташкилотлари битирувчиларини якуний давлат аттестациясини ўтказиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Битирувчиларнинг кўргазмали-амалий имтиҳонлари ташкил қилинадиган корхоналар (ташкилотлар) рўйхатини шакллантириб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этади.

Ҳар йили 1 ноябрга қадар

2-босқич

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги,

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

Якуний давлат аттестацияси ўтказиладиган корхоналар (ташкилотлар) рўйхатини шакллантиради ва тасдиқлайди.

Ҳар йили 1 декабрга қадар

3-босқич

Касбий таълим ташкилотлари

Битирувчиларининг аттестациясини ўтказиш юзасидан касб ва мутахассисликка мос корхоналар (ташкилотлар) билан ҳамкорлик шартномасини имзолайди.

Ҳар йили 1 январга қадар

4-босқич

Профессионал таълимни ривожлантириш институти

1. Ўзбекистон тарихи ва касбий фанлар бўйича тест топшириқлар тўпламини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди.

2. Кўргазмали-амалий имтиҳонлар топшириқлари ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди.

Аттестация бошланишидан икки ой олдин

5-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси

Аттестация комиссияси таркибини тасдиқлайди.

Аттестация бошланишидан бир ой олдин

6-босқич

Аттестация комиссияси

1. Аттестацияни касбий таълим ташкилотидаги ҳар бир касб (мутахассислик) бўйича ўтказади.

Ўқув жараёни жадвалига мувофиқ

2. Битирувчиларнинг билими, кўникма ва малака даражасини (касбий компетенцияларини) баҳолайди ҳамда натижаларини эълон қилади.

Аттестация ўтказилган куннинг ўзида

7-босқич

Касбий таълим ташкилотлари

Аттестациядан ўтган битирувчиларга касб (мутахассислик) бўйича белгиланган тартибда касбий таълим тўғрисидаги давлат намунасидаги диплом берилади.

Бир ой муддат ичида

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.12.2024 й., 09/27/836/1036-сон)