1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.11.00.00 Мажбуриятларнинг алоҳида турлари / 03.11.27.00 Қимор ва гаров ўйинлар (лотереялар, тотализаторлар)]
[ТСЗ:
1.Фуқаролик қонунчилиги. Тадбиркорлик / Мажбурият ҳуқуқи. Мажбуриятларнинг алоҳида турлари]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 19 апрелдаги ПФ-68-сон Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 19 апрелдаги ПФ-68-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш фаолиятини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 19 апрелдаги ПФ-68-сон Фармонига мувофиқ:
2025 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни (кейинги ўринларда — Интернет тармоғидаги ўйинлар) ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат этилганлиги;
лотерея, Интернет тармоғидаги ўйинларни ва букмекерлик фаолияти Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) томонидан бериладиган лицензиялар асосида ташкил этилиши;
Агентлик лотерея, Интернет тармоғидаги ўйинларини ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини тартибга солиш ҳамда лицензиялаш бўйича ваколатли орган (кейинги ўринларда — лицензияловчи орган) этиб белгиланганлиги;
Агентлик томонидан лотерея, Интернет тармоғидаги ўйинларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини лицензиялаш тартиби белгиланиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
[ОКОЗ:
1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.11.00.00 Мажбуриятларнинг алоҳида турлари / 03.11.27.00 Қимор ва гаров ўйинлар (лотереялар, тотализаторлар);
2.12.00.00.00 Ахборот ва ахборотлаштириш / 12.04.00.00 Ахборотлаштириш. Ахборот тизимлари, технологиялари ва уларни таъминлаш воситалари / 12.04.03.00 Интернет глобал тармоқ]
2. Қуйидагилар:
Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотереялар ташкил этиш фаолияти ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга қўйиладиган лицензия талаблари ҳамда шартлари 1-иловага мувофиқ;
Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотереялар ташкил этиш ва ўтказишда ҳамда букмекерлик фаолиятидаги чекловлар 2-иловага мувофиқ;
Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотереялар ва букмекерлик фаолиятини ташкил этиш фаолияти ташкилотчиларининг мижозларини рақамли (масофадан) идентификация қилиш тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ;
Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотереялар ташкил этиш фаолияти ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга оид айрим тўловлар турлари ҳамда миқдорлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Агентликнинг қуйидагиларни назарда тутувчи Ставкалар ва ўйинчиларнинг ягона давлат регистрини (кейинги ўринларда — Регистр) юритиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:
Ўйинчилар ягона реестри;
Чекловлар (тақиқлар), шу жумладан, букмекерлик гаровларида ёки Интернет тармоғидаги ўйинларда сарфлаш (ютқазиш) мумкин бўлган маблағлар бўйича лимитлар ягона реестри;
Сотиб олинган лотерея чипталари, букмекерлик гаровлари учун қабул қилинган маблағлар ва Интернет тармоғидаги ўйинларга киритилган маблағлар билан боғлиқ молиявий транзакциялар реестри;
Ютуқлар бўйича тўловлар реестри.
Бунда:
а) қуйидагилар Регистрни ташкил этиш ва унинг фаолият кўрсатишининг асосий мақсадлари ҳисобланади:
Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотереялар ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳасида пул айланмалари устидан назорат ҳамда консолидациялашган ҳисобни таъминлаш;
Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотерея ва букмекерлик ташкилотчиси билан манфаатлар тўқнашуви ҳолатларида ўйинчининг манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш;
ўйин қарамлигига қарши курашиш ва унинг олдини олиш;
б) Агентлик Регистрни ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи вазифасини бажаради;
в) «Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор «UZINFOCOM» МЧЖ Регистрни ишлаб чиқувчи ва унинг оператори ҳисобланади;
Регистрни ишлаб чиқиш ишлари — Агентлик ёки Регистр операторининг маблағлари;
Регистрни техник қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш — ушбу қарорга 4-илованинг 5-бандида назарда тутилган маблағларнинг 50 фоизи.
[ОКОЗ:
1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.08.00.00 Иқтисодиёт, ижтимоий-маданий қурилиш соҳасидаги давлат бошқарувининг умумий масалалари / 02.08.06.00 Маъмурий тартиб-таомиллар / 02.08.06.02 Алоҳида фаолият турларини лицензиялаш (шунингдек, 09.01.05.00 га қаранг)]
4. Белгилансинки:
лицензияловчи орган томонидан берилган лицензиялар асосида ташкил этилган лотерея, Интернет тармоғидаги ўйинлар ва букмекерлик гаровларида қатнашиш қимор ва бошқа таваккалчиликка асосланган ўйинларда қонуний қатнашиш ҳисобланади;
лотереялар анъанавий (лотерея чипталарини қоғоз шаклда чиқариш) ва электрон шаклда ташкил этилади;
Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини амалга ошириш учун 5 йил муддатга намунавий (оддий) лицензиялар берилади;
Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотерея ва букмекерлик фаолияти ташкилотчилари ўз хизматларини кўрсатиш учун Интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментидаги фақатгина битта домен номидан фойдаланиши мумкин;
Интернет тармоғидаги ўйинлар ташкилотчиларининг ўйинлар дастурий таъминоти ҳамда лотереялар ташкилотчиларининг тасодифий рақамлар генератори технологиялари лицензияловчи орган томонидан белгиланадиган тегишли мувофиқликни баҳолаш бўйича органларнинг ва синов лабораторияларнинг сертификатига эга бўлишлари шарт;
лотереялар ташкил этишдан йиғилган маблағлар ғолибларга ютуқ (соврин) сифатида анъанавий тарзда ташкил этилган лотереялар учун камида 50 фоиз ҳамда электрон шаклда эса — камида 75 фоиз миқдорида тақсимланади (тўланади);
Интернет тармоғидаги ўйинларни, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга лицензия беришдан ҳамда лицензияни ўзгартиришдан тушадиган давлат божининг 20 фоизи лицензияловчи органнинг ҳисобварағига ўтказилади.
[ОКОЗ:
1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.11.00.00 Мажбуриятларнинг алоҳида турлари / 03.11.27.00 Қимор ва гаров ўйинлар (лотереялар, тотализаторлар)]
5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) бир вақтнинг ўзида қуйидаги мезонлардан камида иккитаси мавжуд бўлганда, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, шу жумладан, Интернет тармоғидаги ўйинлар, букмекерлик гарови ва лотереяларнинг (кейинги ўринларда — ўйинлар) ўтказиш жойи сифатида Ўзбекистон Республикаси тан олинади:
ўйинчи Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиши;
ўйин Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида ташкил этилиши;
ўйинчи Ўзбекистон Республикасининг ҳудудидан ўйинда иштирок этиши;
ўйинга кириш учун Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида рўйхатдан ўтган IP-манзилдан ва (ёки) Ўзбекистон Республикасининг халқаро коди мавжуд бўлган мобил телефон рақамидан фойдаланиш;
ўйинга пул киритиш ҳамда чиқариш учун Ўзбекистон Республикасининг тижорат банки томонидан эмиссия қилинган банк картасидан фойдаланилганда ёки тўловларга ишлов бериш ва уларнинг клиринги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилганда;
ўйин Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида яшовчи ўйинчилар учун мўлжалланганда, шу жумладан, давлат тилида тақдим этилганда ёки реклама қилинганда;
б) Интернет тармоғидаги ўйинлар, электрон шаклдаги лотереялар ва букмекерлик ташкилотчилари янги ўйинчиларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда букмекерлик гаровларига ставкаларни қабул қилиш, интернет тармоғидаги ўйинларга пул киритиш фақат электрон шаклда Регистрдан фойдаланган ва ўйинчини шахси тасдиқланган ҳолда, ўзининг веб-сайти орқали амалга оширилади;
в) Агентликка қуйидаги ваколатлар берилади:
Ўзбекистон Республикаси резидентларига таваккалчиликка асосланган ўйинлар ва лотерея ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасида ноқонуний хизматлар кўрсатувчи хорижий юридик шахсларнинг (кейинги ўринларда — хорижий юридик шахслар) фаолиятини текшириш. Бунда ушбу текширишларга Ўзбекистон Республикасининг тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан давлат назорати соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари татбиқ этилмайди;
лотерея ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун хорижий юридик шахсларга нисбатан жарималар қўллаш. Бунда ушбу жариманинг 50 фоизи лицензияловчи органнинг ҳисобварағига йўналтирилади;
лотерея ва Интернет тармоғидаги ўйинларни ташкил этиш, букмекерлик фаолиятини лицензиялашда, шунингдек, лотереялар ва Интернет тармоғидаги ўйинларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини тартибга солиш ҳамда назорат қилишда асослантирилган мулоҳазадан фойдаланиш;
г) лицензияловчи орган томонидан қўйидагилар юритилади:
Интернет тармоғидаги таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотерея ва букмекерлик гаровларида қатнашиши тақиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва чет эл фуқароларининг тоифалари рўйхати (кейинги ўринларда — чекловлар рўйхати);
таваккалчиликка асосланган ўйинларга қарамлиги мавжуд шахслар рўйхати. Мазкур рўйхатга жисмоний шахс ўз аризасига 6 ойдан 5 йилгача муддатга ёки унинг яқин қариндошининг аризасига мувофиқ суднинг қарори асосида 5 йил муддатга киритилади.
6. Агентлик манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:
а) икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
[ОКОЗ:
1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.03.00.00 Республика давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бошқаруви органлари / 02.03.02.00 Вазирликлар;
2.12.00.00.00 Ахборот ва ахборотлаштириш / 12.04.00.00 Ахборотлаштириш. Ахборот тизимлари, технологиялари ва уларни таъминлаш воситалари / 12.04.02.00 Ахборот тизимлари, технологиялари ва уларни таъминлаш воситалари]
б) уч ой муддатда фуқароларнинг ёши, соғлиғи, даромад манбаи ва бошқа маълумотларни инобатга олган ҳолда, Интернет жаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик гаровларда қатнашиши тақиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг тоифалари рўйхатини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
Рақамли технологиялар вазирлигининг техник кўмагида чекловлар рўйхати тасдиқланган сўнг икки ой муддатда Регистр тегишли маълумотлардан фойдаланиш учун вазирлик ва идораларининг ахборот тизимлари ҳамда базаларига уланишини таъминласин.
7. Агентлик 2025 йил 1 январга қадар Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини лицензиялаш, Лотереялар ташкил этиш ва ўтказиш, Букмекерлик фаолиятини ташкил этиш ва ўтказиш, Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиблари, Ставкалар ва ўйинчилар ягона давлат регистри тўғрисидаги низомларни, шунингдек, Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчиларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси резидентларига лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида ноқонуний хизматлар кўрсатувчи хорижий юридик шахсларга жарима қўллаш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Марказий банк, Солиқ қўмитаси, Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунга хилоф равишда қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш, шу жумладан, қиморхоналар ташкил этиш ва уларни сақлашни ҳамда ўйинларга пул киритиш учун халқаро тўлов тизимларидан фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 5-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори Д.Р. Ли зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 6 декабрь,
814-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 декабрдаги 814-сон қарорига 1-ИЛОВА
Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотереялар ташкил этиш фаолияти ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга қўйиладиган лицензия
ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ
Қуйидагилар Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни (кейинги ўринларда — Интернет тармоғидаги ўйинлар), лотереялар ташкил этиш фаолиятини ҳамда букмекерлик фаолиятини амалга оширишга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:
а) фаолиятнинг фақат Ўзбекистон Республикасининг резидентлари — юридик шахслар томонидан амалга оширилиши;
б) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги серверларда жойлашган электрон платформа мавжудлиги;
в) Интернет тармоғида ўйинларни ва лотерея ташкил этиш фаолияти ҳамда букмекерлик фаолияти ташкилотчилари фақат мазкур фаолият турлари билан шуғулланишга ҳақли. Бунда бир пайтнинг ўзида Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ва лотереялар ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини амалга ошириш учун ҳар бир фаолият тури учун алоҳида лицензия олиш мумкин;
Интернет тармоғида ўйинлар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчиси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир юз эллик минг баравари миқдорида;
лотерея ташкилотчиси — базавий ҳисоблаш миқдорининг камида эллик беш минг баравари миқдорида.
Устав капиталини шакллантириш учун кредитга, гаровга олинган маблағлардан ва мажбуриятлар юклатилган бошқа маблағлардан, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган маблағлардан фойдаланиш тақиқланади;
д) ютуқлар бўйича қарздорликни тўлаш, ставкаларни қайтариб бериш, солиқ мажбуриятлар ва бошқа қарздорликларни қоплаш мақсадида:
Интернет тармоғида ўйинлар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчиси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг камида етмиш беш минг баравари миқдорида, лотерея ташкилотчиси — базавий ҳисоблаш миқдорининг камида қирқ минг баравари миқдорида маблағ шаклида резерв фондини лицензияловчи органнинг Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкида алоҳида ҳисобварақда захирага қўйиш;
мазкур банднинг иккинчи хатбошисида белгиланган тегишли суммага банк кафолати ёки суғурта ташкилотининг суғурта полисини тақдим қилиш;
е) Интернет тармоғида ўйинлар ва лотерея ташкил этиш фаолияти ҳамда букмекерлик фаолиятини амалга ошириш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалишини молиялаштиришга қарши курашиш, шахсга доир маълумотларни сақлаш ва улардан фойдаланиш ҳамда реклама соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;
ж) лицензиат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ маълумотларни ваколатли органнинг сўровига биноан бепул тақдим этиш;
з) Интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментидаги фақат битта домен номидан фойдаланган ҳолда фаолиятни амалга ошириш;
и) Интернет тармоғида ўйинлар ва лотерея ташкил этиш фаолияти ҳамда букмекерлик фаолияти ташкилотчиларини бошқариши:
террористик фаолиятда ёки оммавий қирғин қуролларини тарқатишда иштирок этган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар томонидан;
иқтисодий жиноятлар, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризм, оммавий қирғин қуролларини тарқатиш, уларни молиялаштириш, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси, коррупция ва ахборот технологиялари билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун гумонланаётган ёки судланганлиги олиб ташланмаган ёхуд судланганлик ҳолати тугалланмаган шахслар томонидан;
якка ҳолда ижро этувчи орган функцияларини бажарган, коллегиал ижро этувчи орган таркибига кирган, Интернет тармоғида ўйинларни ва лотереялар ташкил этиш фаолиятини ёки букмекерлик фаолиятни амалга оширган юридик шахсларнинг, ушбу шахсларнинг айби билан йўл қўйилган лицензия талаблари ва шартлари бузилганлиги учун кўрсатиб ўтилган юридик шахсларда фаолиятнинг тегишли турини амалга оширишга берилган лицензияларнинг амал қилиши тўхтатилган пайтда, агар бундай тўхташ пайтидан бошлаб уч йилдан кам вақт ўтган бўлса, муассислари ёки бош ҳисобчилари бўлган шахслар томонидан;
юридик шахс банкрот деб эътироф этилган пайтда ва эътироф этилган пайтдан бошлаб икки йил ўтмаган бўлса, якка ҳолда ижро этувчи орган функцияларини бажарган ёки коллегиал ижро этувчи орган таркибига кирган шахслар томонидан йўл қўймаслик;
к) Интернет тармоғида ўйинлар, лотереялар ташкил этиш фаолияти ҳамда букмекерлик фаолияти ташкилотчиларининг устав капиталида қуйидагиларнинг мулкдори ва (ёки) охирги бенефициар мулкдори:
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликда иштирок этмаётган давлатларда рўйхатдан ўтган компаниялар ҳамда доимий яшаётган, турган ёки рўйхатга олинган шахсларнинг бўлишига (иштирок этишига) йўл қўймаслик;
л) «и» ва «к» бандларда кўрсатилган шахсларнинг Интернет тармоғида ўйинлар ва лотереялар ташкил этиш фаолияти ҳамда букмекерлик фаолияти ташкилотчиларини бош ҳисобчи сифатида ишга қабул қилмаслик;
м) таъсисчилари бўлган юридик шахсларнинг ҳаддан ташқари (охирги бенефициар мулкдоргача учта поғонадан кўп) даражаларга табақалаштирилган Интернет тармоғида ўйинларни ва лотерея ташкил этиш фаолияти ҳамда букмеркерлик фаолияти ташкилотчиси фаолиятига йўл қўймаслик;
н) Интернет тармоғида ўйинлар, букмекерлик гаровларида иштирок этиш учун маблағларни қабул қилиш, лотерея чипталарини сотиб олиш ва ютуқларни тўлаш фақат Ставкалар ва ўйинчиларнинг ягона давлат регистри орқали амалга ошириш;
о) Интернет тармоғида ўйинлар, букмекерлик гаровлари ва лотерея чипталарини сотиб олиш учун маблағларни киритиш бўйича белгиланган лимитлар ҳамда интернет тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни лотереялар ташкил этиш ҳамда ўтказиш ва букмекерлик фаолиятидаги тақиқларга риоя қилиш;
п) Интернет тармоғида ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчисининг устав капиталидаги улушини жисмоний ва юридик шахсларга, шу жумладан, норезидентларга реализация қилиш масалаларини лицензияловчи орган билан келишиш;
р) Интернет тармоғида ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчисининг раҳбарияти (директори ва унинг ўринбосарлари), бош ҳисобчи, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалишини молиялаштиришга қарши курашиш бўйича таркибий бўлинма раҳбарини ўзгартириш масалаларини лицензияловчи орган билан келишиш.
Лотереялар ташкилотчиларига қўйиладиган қўшимча лицензия талаблари ва шартлари қуйидагилар ҳисобланади:
а) чиқарилаётган ва муомаладаги ўйин чипталари ҳажми фаолиятнинг биринчи йили мобайнида — лицензиат ўз сармоясининг беш бараваридан, фаолиятнинг иккинчи йили мобайнида — ўн бараваридан ва фаолиятнинг кейинги йилларида — йигирма беш бараваридан ортиқ бўлмаслиги керак. Лицензиатнинг ўз сармояси миқдори етарли бўлмаган тақдирда, лотереялар мўлжалланаётган ҳажмда фақат молия ташкилотларининг зарур миқдорларда таъминлаш кафолати мавжуд бўлганда ўтказилиши мумкин;
б) ўйинларни фақат лицензияловчи орган томонидан белгиланадиган тегишли мувофиқликни баҳолаш бўйича органларнинг ва синов лабораторияларнинг сертификатига эга ютуқли чипталарни тасодифий танлаб олиш жараёнига инсон омилининг бирон-бир таъсирини тўлиқ истисно қилувчи технологиялар ва жиҳозларни, шу жумладан, тасодифий рақамлар генераторини қўллаган ҳолда ўтказиш;
в) ютуқли лотерея чипталари ишлаб чиқариш давомида аниқланадиган ёхуд бир ёки бир неча чипталар учун қисман ўйинлар ўтказиладиган тиражсиз лотереяларни ўтказмаслик.
Хизматларни кўрсатиш учун фойдаланаётган ўйинларнинг дастурий таъминоти лицензияловчи орган томонидан белгиланадиган тегишли мувофиқликни баҳолаш бўйича органларнинг ва синов лабораторияларнинг сертификатига эга бўлиши Интернет тармоғидан ўйинлар ташкилотчисининг қўшимча лицензия талаби ва шарти ҳисобланади.
Изоҳ. Ушбу илова Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунига Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ва лотерея ташкил этиш фаолиятини ҳамда букмекерлик фаолиятини лицензиялашга оид тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгандан сўнг кучга киради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 декабрдаги 814-сон қарорига 2-ИЛОВА
Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотереялар ташкил этиш ва ўтказишда ҳамда букмекерлик фаолиятидаги чекловлар
Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотерея ташкил этиш ва ўтказишдаги ҳамда букмекерлик фаолиятини амалга оширишда қуйидагилар тақиқланади:
1. Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга тегишли ҳисобрақамлардан, шу жумладан, банк картаси ҳисобрақамларидан, таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик гаровларида иштирок этиши, ютиши ёки ютқазиши билан боғлиқ тўловлар амалга оширилиши.
2. Лотерея билетларни сотиш пунктларидан ташқари ўйинчилар бевосита иштироки ва бўлиши билан боғлиқ таваккалчиликка асосланган ўйинларни ўтказиш учун мўлжалланган стационар ёки кўчма ўйин заллари, казино, ўйин автоматлар заллари ёки бошқа ўйин муассасаларининг ташкил этилиши.
3. Қуйидаги букмекерлик гаровларини ташкил этиш ва ўтказиш:
Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирокида ҳодисаларга (спорт ўйинлари ва мусобақалари, сиёсий жараёнлар, танловлар ва бошқалар), бундан халқаро федерациялар қоидалар асосида тегишли даражада тайёргарлик, назорат ва ҳакамликни таъминланган ҳолда, томошабинлар иштирокида ўтказиладиган спорт ўйинлари ва халқаро даражадаги ҳодисалар мустасно;
болалар ва ўсмирлар спорт мусобақаларига.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 декабрдаги 814-сон қарорига 3-ИЛОВА
Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотереялар ва букмекерлик фаолиятини ташкил этиш фаолияти ташкилотчиларининг мижозларини рақамли (масофадан) идентификация қилиш тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни асосида ишлаб чиқилган бўлиб, Интернет таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолиятини кўрсатишни (кейинги ўринларда — ўйин) ташкил этиш бўйича хизматларни тақдим этиш вақтида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда чет эллик фуқароларни рақамли (масофадан) идентификация қилиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
ички назорат қоидалари — Интернет тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотерея ва букмекерлик фаолияти ташкилотчилари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари;
мижоз — Интернетда таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотереялар ва букмекерлик фаолиятини ташкил этиш бўйича ташкилотчиларнинг контрагенти сифатида битимларни (операциялар) амалга оширувчи жисмоний шахс, шу жумладан, чет эллик жисмоний шахс.
платформа — ўйинлар билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш бўйича электрон майдонча (платформа);
рақамли (масофадан) идентификация қилиш — ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда масофадан мижозларни идентификация қилиш ва шахсини аниқлаш;
рўйхат — терроризмга, оммавий қирғин қуролини тарқатишга қарши курашувчи давлат органлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа ваколатли органлари тақдим этаётган маълумотлар, шунингдек, чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотлари расмий каналлар орқали тақдим этаётган маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан тузилган террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёхуд иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхати;
ўйин ташкилотчиси — Интернет тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкил этиш билан шуғулланиш учун белгиланган тартибда лицензия олган юридик шахс.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуни.
3. Ўйин ташкилотчиси мижозларни рақамли идентификация қилиш тизимини жорий этишдан аввал жиноий даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатиш хавфи даражасини ўрганиш, таҳлил ва идентификация қилиш, баҳолаш, мониторингини юритиш, бошқариш, ҳужжатлаштириш бўйича ички қоидаларни, шунингдек, уларни қисқартириш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олувчи рақамли идентификация қилиш тартибини таъминлаши шарт.
2-боб. Мижозларни рақамли идентификация қилишни ташкил этиш
мижоз тақдим қилган маълумотларга асосланган ҳолда, мижоз шахсини ўйин ташкилотчиси масъул ходими томонидан текшириш ва идентификация қилиш;
ўйин ташкилотчиси ахборот тизимлари томонидан реал вақт режимида инсон омилисиз мижознинг шахсини текшириш ва идентификация қилиш.
5. Ўйин ташкилотчиси ушбу Низомнинг 4-банди учинчи хатбошисида қайд этилган усул бўйича мижознинг шахсини текшириш ва идентификация қилишда:
шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта ёки хорижий давлатлар фуқаролари учун уларга тенглаштирилган ҳужжатлар) ички назорат қоидалари талабларига мувофиқ тегишли маълумотларга эга бўлган қисмлари фотосуратларини мижоздан қабул қилади;
ушбу Низом талабларига мувофиқ мижознинг фотосурати ва (ёки) видеотасвирини қабул қилади;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар, белгиланган тартибда Ўзбекистон ҳудудида доимий ёки вақтинча яшаб турган шахслар тўғрисидаги маълумотларни «Электрон ҳукумат» тизимининг жисмоний ва юридик шахслар марказий маълумотлар базаларига (кейинги ўринларда — марказий маълумотлар базаси) сўров юбориш орқали ундаги маълумотлар билан солиштиради;
чет эл фуқаролари томонидан тақдим этилган электрон тасвирлар ва ҳужжатлар нусхалари (кейинги ўринларда — верификация учун дастурий маҳсулотлар) ҳақиқийлигини таъминловчи дастурий маҳсулотлар (ахборот тизимлари)дан фойдаланган ҳолда маълумотларни солиштиради;
шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги фотосуратни ушбу Низомга мувофиқ қабул қилинган фотосурат ва (ёки) видеотасвир билан, шунингдек, марказий маълумотлар базасида жойлаштирилган фотосурат билан (агар мавжуд бўлса) солиштиради;
мижоз билан боғланишда фойдаланиладиган мобил телефон рақамини айнан ушбу мижоз томонидан фойдаланилаётганлигини аниқлаш имконини берувчи усул (мобил телефонга боғланиш, SMS хабар юбориш) ёрдамида текширади. Бунда хорижда жойлашган мижозларни идентификация қилишда мобил рақам ўрнига электрон почта манзилига жўнатилган код орқали тасдиқлашга йўл қўйилади;
мижознинг ички назорат қоидаларига мувофиқ юқори хавф тоифасига кирмаслигини аниқлаш учун текширишларни амалга оширади.
Мижоз тўғрисидаги маълумотлар марказий маълумотлар базасида топилмаган тақдирда, ўйин ташкилотчисига мижоз билан онлайн видеоконференцалоқани ўрнатиб, мижозни идентификация қилишига рухсат берилади. Бунда ўйин ташкилотчиси масъул ходими видеоконференцалоқа орқали қуйидагиларни аниқлаши ва видеотасвирга туширилишини таъминлаши лозим:
мижоз тўғрисидаги маълумотлар аниқ кўринадиган мижознинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат;
мижоз ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлган давлат;
мижознинг ушбу ўйин ташкилотчисидан хизматларни олиш истагини аудиовизуал тасдиқлаш (мижознинг оғзаки нутқи).
Ўйин ташкилотчисининг масъул ходими мижоз билан онлайн видео конференция ташкил қилади ва мижоз томонидан тақдим этилган қўйидаги маълумотларнинг тўғрилигини текширади:
мижознинг маълумотлари аниқ кўринган шахсини тасдиқловчи ҳужжатини;
мижоз ушбу шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ушлаб турган ҳолатини;
Ўйин ташкилотчисининг масъул ходими мижоз билан онлайн видеоконференцалоқани ўрнатиб, мижоз томонидан тақдим қилинган ахборотларнинг айнан унга тегишлилигини текширади.
6. Ўйин ташкилотчиси рақамли идентификация қилиш учун қуйидагиларни таъминлаши лозим:
а) рақамли идентификация қилиш тартибини, шунингдек, мижоз томонидан тақдим этилувчи маълумотларга (расм ёки файл ҳажми, ўқилиши, формати ва бошқалар) қўйилган талабларни белгиловчи ички ҳужжатларни ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши;
[ОКОЗ:
1.12.00.00.00 Ахборот ва ахборотлаштириш / 12.03.00.00 Ахборот ресурслари. Ахборот ресурсларидан фойдаланиш / 12.03.06.00 Шахсга доир маълумотлар ва уларнинг ҳимояси]
б) конфиденциаллик ва шахсга доир маълумотлар ҳимоясини таъминлаши;
в) марказий маълумотлар базасига уланган бўлиши;
г) верификация учун дастурий маҳсулотлар мавжуд бўлиши;
д) шахсий платформаларига қуйидагиларни таъминловчи функциялари бўлиши шарт:
шахсга доир маълумотлар субъектининг унинг шахсга доир маълумотларини белгиланган тартибда узатиш ва қайта ишлашга розилигини олиш;
белгиланган тартибда сўровларни шакллантириш ва марказий маълумотлар базасидан жавобларни қабул қилишни автоматлаштириш;
мижоз томонидан тақдим этилган маълумотларни марказий маълумотлар базасидан ёки текшириш учун дастурий маҳсулотлардан олинган маълумотлар билан солиштириш;
мижоз томонидан киритилган маълумотларни рўйхат ҳамда Ставкалар ва ўйинчилар ягона давлат реестрининг чекловлар (тақиқлар) ягона реестри билан автоматик текшириш;
мижозлар ва амалга оширилган операциялар тўғрисидаги маълумотлар захира нусхаларини тизимли шакллантириш, маълумотларнинг ўзгармаслиги ва сақланишини ҳамда уларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда кейинчалик сақлаш учун юкланиши.
7. Верификация қилиш учун дастурий маҳсулотларни танлашда чет эллик жисмоний шахс давлатининг ваколатли давлат органлари томонидан тақдим этилган шахсга доир маълумотларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи дастурий маҳсулотларга (ахборот тизимлари) устунлик берилиши лозим.
3-боб. Рақамли идентификация қилиш тартиби
8. Мижозларни рақамли идентификация қилиш ўйин ташкилотчиси томонидан амалий иш муносабатлари ўрнатилган ҳолатда амалга оширилади.
Бунда амалий иш муносабатларига кириш вақти сифатида мижознинг ўйинларда иштирок этиш учун ўйин ташкилотчиси платформасига маълумотларни киритишининг бошланиши ҳисобланади.
9. Мижознинг шахсини текшириш ва аниқлаш жараёнида ўйин ташкилотчиси томонидан ушбу Низомнинг 4-банди учинчи хатбошисида белгиланган тартибда мижозларни аниқлаш учун фойдаланиладиган ахборот тизими:
а) мижоздан шахсини тасдиқловчи ҳужжат (биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта ёхуд хорижий давлатлар фуқаролари учун уларга тенглаштирилган ҳужжатлар) серияси ва рақамини ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ва туғилган санасини ёхуд ушбу маълумотлардан барчасини ҳамда ушбу Низомга мувофиқ фотосуратини ёки видеотасвирини реал вақт режимида олади;
жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР), марказий маълумотлар базасида шахсини тасдиқлайдиган маълумотлари бўлмаган чет эл фуқаролари бундан мустасно;
биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта ёхуд хорижий давлатлар фуқаролари учун уларга тенглаштирилган ҳужжатларнинг берилган санаси, амал қилиш муддати ҳамда берилган жойи;
давлат тилида фамилияси, исми, отасининг исми (лотин ёзувида);
жинси, туғилган мамлакати, туғилган жойи, миллати, фуқаролиги ҳамда доимий ёки вақтинча яшаш жойи ҳақидаги маълумотлар;
в) мижоздан реал вақт режимида олинган фотосуратни ёки видеотасвирдаги фотосуратни марказий маълумотлар базасидан олинган фотосурат билан (агар мавжуд бўлса) автоматлаштирилган ҳолда (инсон омилисиз) солиштиради;
г) мижоз билан боғланишда фойдаланиладиган мобил телефон рақами айнан ушбу мижоз томонидан фойдаланилаётганлигини аниқлаш имконини берувчи усул (мобил телефонга боғланиш, SMS хабар юбориш) ёрдамида текширади;
д) қабул қилинган маълумотларни ички назорат қоидаларига мувофиқ рўйхат билан автоматлаштирилган ҳолда (инсон омилисиз) солиштиради.
10. Ўйин ташкилотчиси мижозни рақамли идентификация қилишда ўз ахборот тизимларидан ёки шартнома асосида учинчи шахслар томонидан тақдим этилган ахборот тизимларидан фойдаланади.
11. Мижозларни рақамли идентификация қилиш учун фойдаланиладиган ахборот тизимлари:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги серверларда жойлашган бўлиши (мижоз билан онлайн видеоконференция сессиясини ўтказиш учун фойдаланиладиган серверлар бундан мустасно);
ахборотни узатишда ўзаро шифрлашни таъминлаши;
фақат реал вақт режимида яратилган фотосурат ва (ёки) видеотасвирдан фойдаланишни таъминлаши;
фотосурат ва (ёки) видеотасвир алмаштириш ҳамда бузишдан, илгари яратилган фотосурат ва (ёки) видеотасвирдан фойдаланишдан ҳимояланган бўлиши;
идентификация қилишда мижозлар томонидан бошқа мижозларнинг фотосурати ва (ёки) видеотасвиридан фойдаланишга бўлган уринишларни аниқлаш имконини бериши лозим.
12. Мижозни рақамли идентификация ва рақамли аутентификация қилишда:
фотосурат ва (ёки) видеотасвир рангли бўлиши;
видеотасвир товушли бўлиши;
мижознинг юзи қисман ёки тўлиқ яширилмаган бўлиши, мижознинг юзига соя тушмаслиги, шунингдек, мижоз юзни қоплайдиган кўзойнакда (шаффоф ойнали кўзойнакдан ташқари) бўлмаслиги;
видео фонни ўзгартириш ёки ретуш технологиясидан фойдаланмаслик;
фотосурат ва (ёки) видеотасвирда мижознинг юзи яққол кўриниши керак.
Ўйин ташкилотчиси томонидан мижозлар билан шартнома тузиш вақтида уларнинг шахсга доир маълумотларини олиш мақсадида Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг (ФАТФ) талабларидан келиб чиқиб, «Ўз мижозингни бил» (KYC ва e-KYC) ва «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш» (AML/CFT) тизимларига мувофиқ мижозларни текшириш тизими амалга оширилади.
Мижоз томонидан тақдим этилган маълумотлар марказий маълумотлар базаси маълумотларига, шунингдек, текшириш учун дастурий маҳсулотлардан олинган маълумотларга мос келса ва ҳақиқий бўлса, мижоз идентификация қилинган ва маълумотлар верификациядан ўтган ҳисобланади.
14. Рақамли идентификация қилиш жараёнида мижоз анкетасини тўлдириш ва юритиш мижозларни тегишли даражада текширишни тартибга солувчи қонун талабларига мувофиқ амалга оширилади.
мижоз томонидан тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилигига шубҳа туғилган ҳолатларда;
шахс 18 ёшга тўлмаган бўлса;
Ўзбекистон Республикаси жисмоний шахсининг мобил телефон рақамидаги халқаро мамлакат коди билан миллий код ўртасидаги тафовут мавжуд бўлса, шунингдек, унинг IP-манзили Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган бўлса;
телефон рақамини рўйхатга олиш давомида чет эллик жисмоний шахс томонидан фуқаролиги кўрсатилган давлатнинг халқаро кодига мос келмайдиган мобил телефон рақами кўрсатилса ёки унинг IP-манзили бошқа давлатда жойлашган бўлса;
шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги фотосуратнинг ушбу Низомга мувофиқ тайёрланган фотосурат ва (ёки) видеоёзувга ҳамда марказий маълумотлар базасига жойлаштирилган фотосуратга мос келишига шубҳа мавжуд бўлганда;
мижоздан олинган маълумотлар ва марказий маълумотлар базасида жойлашган маълумотлар ўртасидаги тафовут бўлса;
фотосуратлар ва (ёки) видеоёзувларнинг ушбу Низом талабларига мос келмаса;
мижознинг шубҳали хатти-ҳаракати, шу жумладан, платформада мижоз томонидан тақдим этилган видеода унинг учинчи шахслар кўрсатмалари бўйича ҳаракат қилаётганлиги, алкоголь маҳсулотлари ёки гиёҳванд моддаларидан мастлик ҳолатида эканлиги, шунингдек, бошқа шубҳали хатти-ҳаракатлар белгилари мавжуд бўлган ҳолатларда.
16. Ўйин ташкилотчиси рақамли идентификация қилишдан ўтган мижозларга нисбатан мижозлардан олинган фотосуратлар ва (ёки) видео ёзувларни, текширишнинг аниқ санаси ва вақти кўрсатилган ҳужжатларни, шунингдек, марказий маълумотлар базасини ишлатган ҳолда маълумотлар ҳаққонийлигини текшириш натижаларини, текшириш учун ишлатилган дастурий маҳсулотларни мижозлар сўровномалари билан биргаликда ички назорат қоидаларига мувофиқ камида беш йил муддат сақлашлари шарт.
Ўйин ташкилотчиси лицензияловчи орган ёки махсус ваколатли органнинг талабига (сўрови) кўра мижозни рақамли идентификация қилиш билан боғлиқ барча маълумотлар ва материалларни тақдим этишлари шарт.
17. Мижозларни рақамли идентификация қилишнинг тўлиқлиги ва сифати учун ўйин ташкилотчилари жавобгардир.
Ўйин ташкилотчиси верификация учун дастурий маҳсулотлардан фойдаланганда, улардан фойдаланиш билан боғлиқ барча хавфларни ўз зиммасига олади.
18. Мазкур Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 165-моддаcи.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 декабрдаги 814-сон қарорига 4-ИЛОВА
Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотереялар ташкил этиш фаолияти ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга оид айрим тўловлар
ТУРЛАРИ ҲАМДА МИҚДОРЛАРИ
1. Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотереялар ташкил этиш фаолияти ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга лицензия қайта расмийлаштирилганлиги учун ариза берилган кунидаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари миқдорида йиғим.
2. Лицензияни ўзгартирилганлиги учун тегишли лицензияни расмийлаштирилганлиги учун тўланадиган сумманинг 50 фоизи миқдорида давлат божи.
3. Лотереяни ўтказиш шартлари тасдиқланганлиги учун лотерея ташкилотчиси ўтказиладиган ўйин ҳажмининг 0,1 фоизи миқдорида лицензияловчи органнинг ҳисобварағига тўланадиган йиғим. Илгари тасдиқланган шартларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда (чиқариладиган лотереялар умумий суммасининг ўзгартирилиши ва тўлдирилишидан ташқари, бунда йиғим тўлиқ миқдорда тўланади), йиғим ушбу шартларни тасдиқлаш учун тўланган сумманинг 50 фоизи миқдорида тўланади.
4. Лицензияловчи орган Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотерея ва букмекерлик фаолияти ташкилотчиси томонидан лотереялар ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар тўғрисидаги қонунчилик, шу жумладан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги учун Интернет тармоғидаги ўйинлар, лотерея ва букмекерлик фаолияти ташкилотчисининг устав фонди (устав капитали) энг кам миқдорининг 1 фоизидан ошмаган миқдорда белгиланган тартибда ундириладиган жарима.
Бунда ушбу жариманинг 50 фоизи лицензияловчи органнинг ҳисобварағига йўналтирилади.
5. Ўйинчи томонидан букмекерлик гаровларига ва Интернет тармоғида ўйинига киритилган маблағларнинг суммасидан ҳамда сотилган ҳар бир лотерея чиптасининг нархидан 1 фоизи миқдорида лицензияловчи органнинг ҳисобварағига йўналтириладиган ажратма.
Изоҳ. Ушбу илованинг 1 ва 4-бандлари тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгандан сўнг кучга киради.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 декабрдаги 814-сон қарорига 5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Пул-буюм лотереялари ўтказишни ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2002 йил 15 ноябрдаги 396-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Лотереялар ўтказишни ташкил этишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2005 йил 2 августдаги 182-сон қарори.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 791-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Солиқ имтиёзлари тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш ва баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2009 йил 17 июндаги 168-сон қарорига 2-илованинг 29-банди.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида («Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида» 2017 йил 14 сентябрдаги ЎРҚ-446-сон Ўзбекистон Республикасининг Қонуни)» 2018 йил 19 январдаги 34-сон қарорига 1-илованинг 15-банди.
6. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 5 февралдаги ПҚ-4160-сон қарори)» 2019 йил 10 августдаги 661-сон қарорига илованинг 2-банди.
7. Вазирлар Маҳкамасининг «Онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизими қўлланилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 23 ноябрдаги 943-сон қарорига 5-илованинг 5-банди.
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида» 2019 йил 21 майдаги ПФ-5723-сон Фармони)» 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сон қарорига илованинг 39-банди.
9. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 14 январдаги ПФ-5630-сон ва «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида» 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармонлари)» 2020 йил 14 апрелдаги 217-сон қарорига 1-илованинг 11-банди.
10. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» 2021 йил 20 апрелдаги ЎРҚ-682-сон Қонуни)» 2022 йил 4 апрелдаги 153-сон қарорига илованинг 86-банди.
11. Вазирлар Маҳкамасининг «2022 — 2026 йилларда Хоразм вилояти ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 4 апрелдаги 154-сон қарорига 2-илованинг 31-позицияси.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 12.12.2024 й., 09/24/814/1019-сон; 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)