toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Сўнгги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасини ислоҳ қилиш, хусусан, соҳада давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга ҳудудлар агросаноат тармоғидаги давлат бошқаруви органлари вазифа ва функцияларининг такрорланиши, ҳудудларда ягона бошқарув тизимининг мавжуд эмаслиги самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга, соҳада ягона давлат сиёсатини олиб бориш ва стратегик вазифа ва ислоҳотларни етарлича амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда. Мазкур ҳолат ҳудудларда қишлоқ хўжалиги соҳасида ягона интеграциялашган давлат бошқаруви тизимини йўлга қўйиш заруратини келтириб чиқармоқда.
Янги Ўзбекистон шароитида аграр соҳада замонавий талабларга жавоб берадиган ихчам, интеграциялашган давлат бошқаруви тизимини йўлга қўйиш, олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини янада ошириш ва тизим фаолиятини трансформация қилиш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари тузилмаларига — Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири тақдимномасига биноан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозими;
туман (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари тузилмаларига — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи тақдимномасига биноан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи лавозими киритилсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиқлари ҳамда туман (Қувасой шаҳар) ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиқлари қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратсин:
озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини модернизациялаш, диверсификация қилиш ва барқарор ўсишини қўллаб-қувватлаш учун хусусий инвестиция капитали оқимини кўпайтириш орқали соҳада давлат иштирокини камайтириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш механизмларини жорий қилиш;
республика аҳолисининг сувга бўлган муттасил ошиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун шарт-шароитлар яратиш, сув ресурсларини тежаш ва ундан самарали фойдаланишни таъминлаш чораларини кўриш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, сифат назорати бўйича инфратузилмани ривожлантириш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, экспортни кўпайтириш, мақсадли халқаро бозорларда рақобатбардош, юқори сифатли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни назарда тутувчи қулай агробизнес муҳити ва қўшилган қиймат занжирини яратиш;
қишлоқ жойларини мувозанатли ва барқарор тараққий эттиришга кўмаклашишни назарда тутувчи қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш дастурларини амалга оширишни таъминлаш;
қишлоқ хўжалиги соҳасида рақамли (смарт) технологияларни кенг жорий этиш, янги иш ўринлари ва хизматларни ташкил қилиш чорасини кўриш.
3. Қуйидагилар:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари тузилмаларидаги — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозими;
туман (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари тузилмасидаги — ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозими;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (кейинги ўринларда — вазирлик) тузилмасидаги — Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари бошлиғи ҳамда туманлар (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимлари бошлиғи лавозимлари тугатилсин.
Бунда вазирликнинг мазкур бандга мувофиқ тугатилаётган штат бирликлари ҳисобига унинг ҳудудий бўлинмаларида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходим лавозими жорий этилади.
4. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда:
вазирликнинг озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ваколатларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини;
озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги тақдимномаларни бажармаганлик учун жавобгарликни белгилаш юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги вазири И.Ю. Абдурахмонов мазкур қарорнинг 2-банди билан белгиланган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлаш ҳамда юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриб борсин.
6. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
8. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб қишлоқ хўжалиги вазири И.Ю. Абдурахмонов белгилансин.
Қарор ижросини назорат қилиш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 2 декабрь,
ПҚ-413-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 декабрдаги ПҚ-413-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 декабрдаги «Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ-2691-сон қарорига 1-иловадаги «Ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари» блоки «Ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи» блоки билан алмаштирилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июлдаги «Тошкент вилоятининг маъмурий-ҳудудий тузилишини ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3142-сон қарорига 2-иловадаги «Ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари» блоки «Ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи» блоки билан алмаштирилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4742-сон қарорига иловада:
а) қуйидаги мазмундаги 102-банд билан тўлдирилсин:
«* 102. Маҳаллаларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиб, фақат маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга сотиш»;
б) изоҳ қисми қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«* Ушбу фаолият тури билан шуғулланиш истагини билдирган шахсларни 2026 йил 1 январга қадар ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатдан ўтказишга рухсат берилади».
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 февралдаги «2021 — 2023 йилларда Сурхондарё вилояти Узун тумани Боботоғ ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4995-сон қарорига 6-иловадаги «Ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари» блоки «Ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи» блоки билан алмаштирилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 декабрдаги «Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-31-сон қарорида:
а) 5-иловадаги «Ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари**» блоки «Ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — шаҳар қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи**» блоки билан алмаштирилсин;
б) 6-иловадаги «Ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари***» блоки «Ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи***» блоки билан алмаштирилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 июлдаги «Аграр соҳада илм-фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграция қилиш орқали сифат ва самарадорликни оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-216-сон қарорига 1-илованинг 32-позицияси «Амалга ошириш механизми», «Бажариш муддати», «Молиялаштириш манбалари» ва «Ижро учун масъуллар» устунларининг 1-банди чиқариб ташлансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги «Республика ижро этувчи ҳокимияти органлари маъмурий биноларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ф-26-сон фармойишида:
а) 1-илованинг «4. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги» бўлимида:
1 — 3-позициялар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«

1.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати

Тошкент вилояти, Қибрай тумани, Университет кўчаси, 2-уй

2.

Агросаноатни ривожлантириш агентлиги

Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, «Оқибат» МФЙ, Марказ-1 Буюк ипак йўли мавзеси, 42-уй манзилида жойлашган бинонинг нотурар бўлган 1-қавати ва ертўласи

3.

Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси

Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Исмоил ота кўчаси, 1-а уй

»;

4-позиция чиқариб ташлансин;
қуйидаги мазмундаги 28-бўлим билан тўлдирилсин:

«

28. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси

1.

Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси

Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Обиназир кўчаси, 109-уй

»;

б) 2-илованинг 6 ва 7-позициялари чиқариб ташлансин;
в) 3-илованинг 4 ва 5-позициялари чиқариб ташлансин.
8. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги 571-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тўғрисидаги низомда:
34 ва 35-бандлари қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«34. Вазирлик марказий аппаратнинг таркибий бўлинмалари ходимлари вазир томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
35. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади»;
қуйидаги мазмундаги 351-банди билан тўлдирилсин:
«351. Вилоят ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг тақдимномасига биноан вилоят ҳокимлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади»;
36 ва 37-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«36. Вилоятлар (Тошкент шаҳар) қишлоқ хўжалиги бошқармалари бошлиқлари ўринбосарлари очиқ мустақил танлов асосида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири томонидан лавозимга тайинланади.
37. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиқлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи тақдимномасига биноан туман ҳокимлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади».
9. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 февралдаги 109-сон қарори билан тасдиқланган Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомда:
а) 3-илованинг 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасидаги — ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Ишчи гуруҳи раҳбари».
б) 4-илованинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи, Ишчи гуруҳ раҳбари».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.12.2024 й., 07/24/413/0992-сон)