toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Сув спорти турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Юртимизда ёшларнинг сув спорти турларига бўлган қизиқиши ҳамда сув спорти турлари оммавийлигини ошириш, бу орқали иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш, саралаш (селекция) ва мақсадли тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳада малакали мутахассислар ва ҳакамлар тайёрлаш орқали миллий терма жамоаларимизнинг нуфузли спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришишини таъминлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар сув полоси, сузиш, синхрон сузиш, сувга сакраш спорт турларини (кейинги ўринларда — сув спорти турлари) ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
сув спорти турларини аҳоли ўртасида оммавий спорт турларидан бирига айлантириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш;
сув спорти турлари бўйича юқори маҳоратли спортчилар қамровини кенгайтириш, сув спорти турлари бўйича профессионал тренерлар, спорт тиббиёти ходимлари ҳамда бошқа мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш;
сув спорти турлари бўйича халқаро талабларга мувофиқ замонавий сув спорти иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
спортчиларни витаминлар, асбоб-ускуналар, экипировка ва бошқа зарур воситалар билан мунтазам таъминлаб бориш;
сув спорти турларини соғлом турмуш тарзининг муҳим таркибий қисми ва ёшларни баркамол инсон этиб тарбиялашга хизмат қиладиган спорт тури сифатида тарғиб қилиб бориш.
2. Белгилансинки:
зарур спорт инфратузилмаси мавжуд бўлган олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида сув полоси ва синхрон сузиш гуруҳлари ташкил этилади;
Андижон ҳамда Қарши олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида сувга сакраш спорт турини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади;
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети «Сув спорти, эшкак эшиш турлари назарияси ва услубиёти» кафедраси негизида сув спорти турлари йўналишларини ўз ичига олган «Сув спорти турлари назарияси ва услубиёти» ҳамда «Эшкак эшиш спорт турлари назарияси ва услубиёти» кафедралари ташкил этилади.
3. Белгилаб қўйилсинки, 2025 йилдан бошлаб ҳар йили сув спорти турлари бўйича қуйидаги спорт мусобақалари ўтказиб борилади:
синхрон сузиш спорт тури бўйича Тошкент шаҳрида «Сув париси» халқаро турнири;
сузиш спорт тури бўйича Самарқанд вилоятида «Silk Water» халқаро турнири;
республиканинг барча ҳудудларида ёз мавсумида ўтказиладиган «World Aquatics Day» оммавий спорт фестивали;
сув спорти турлари бўйича Ўзбекистон чемпионатлари.
Спорт вазирлиги Ўзбекистон сузиш федерацияси билан биргаликда ушбу бандда кўрсатилган мусобақаларни 2025 йил 1 январдан бошлаб Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режасига киритсин.
4. Спорт соҳасига ажратилаётган Давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш ва ўзини ўзи молиялаштириш тизимига босқичма-босқич ўтиш мақсадида Спорт вазирлиги тизимидаги спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт мактабларининг сув ҳавзаларини сақлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришнинг қуйидаги тизими жорий этилади:
а) 2026 йил 1 январдан бошлаб пуллик хизматларни кўрсатиш учун етарли имкониятларга эга сузиш ҳавзалари:
ўзини ўзи молиялаштириш тартибига ўтказилади;
спорт мактаби ва ихтисослаштирилган спорт мактабига сув ҳавзаларида жорий этиладиган пуллик хизматлар учун тўловлар миқдорини мустақил белгилаш ҳуқуқи берилади;
пуллик хизматлардан тушумлар, биринчи навбатда, фойдаланилган коммунал тўловлар харажатларига йўналтирилади ҳамда спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт мактабларига маблағларнинг қолган қисмидан мустақил фойдаланиш ҳуқуқи берилади;
спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт мактабларининг ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказилган сузиш ҳавзаларида спорт турлари бўйича мавжуд гуруҳлар билан шуғулланаётган тренерларнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан, сузиш ҳавзасининг бошқа ходимларига тўловлар пуллик тушумлар ҳисобидан амалга оширилади;
б) даромадлари харажатларини қопламайдиган ва реконструкцияга муҳтож сув ҳавзалари давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий инвесторларга берилади.
Бунда, спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт мактабларининг давлат-хусусий шериклик асосида хусусий инвесторларга берилган сув ҳавзаларида спорт турлари бўйича мавжуд гуруҳларнинг машғулотларини мазкур сузиш ҳавзаларида беғараз асосда ўтказиб борилиши таъминланади ҳамда ушбу талаб тегишли давлат-хусусий шериклик битимларида кўзда тутилади;
в) даромадлари харажатларини қопламаган ёки давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий инвесторлар томонидан қизиқиш билдирилмаган сув ҳавзалари электрон онлайн-аукцион савдоларига қўйилади ҳамда уларни сотишдан тушадиган маблағлар электрон савдо майдончаси оператори тўловини чегириб ташлаган ҳолда, тўлиқ ҳажмда Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига туширилади;
г) сув ҳавзаларини ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш натижасида тежаб қолинадиган бюджет маблағлари сув спорти турлари бўйича спортчиларни витаминлар, асбоб-ускуналар, экипировка ва бошқа зарур воситалар билан таъминлашга, шунингдек, сув спорти турлари бўйича кадрлар малакасини ошириб боришга мақсадли йўналтирилади;
д) ихтисослаштирилган спорт мактабларига тегишли бўлган сув ҳавзалари электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган ҳолларда уларнинг ўқувчи-спортчилари тегишли ҳудуддаги олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларининг сузиш ҳавзаларида беғараз асосда шуғуллантирилади.
5. Спорт вазирлиги:
уч ой муддатда вазирлик тизимидаги спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт мактабларининг сув ҳавзаларини хатловдан ўтказиш чораларини кўрсин;
2025 йил 1 июнга қадар давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий инвесторга бериладиган сув ҳавзалари рўйхатини шакллантирсин ҳамда ўзининг расмий веб-сайтида тегишли эълонлар жойлаштирилишини таъминласин;
2026 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиладиган сув ҳавзалари фаолияти мазкур қарор асосида ташкил этилиши бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширсин;
даромадлари харажатларини қопламайдиган ёки давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий инвесторлар томонидан қизиқиш билдирилмаган сув ҳавзалари рўйхатини шакллантириб, Давлат мулкини хусусийлаштириш дастурига киритиш масаласини кўриб чиқиш учун Давлат активларини бошқариш агентлигига тақдим этилишини таъминласин.
6. Сув спорти турларини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, аҳолининг ушбу спорт турларига қизиқишини ошириш мақсадида тажриба тариқасида 2026 йилдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятидаги маҳаллаларда 6х15 метр ўлчамли сузиш ҳавзалари барпо этилади.
Бунда, мазкур сузиш ҳавзалари тегишли ҳудуддаги спорт мактаблари балансига ўтказиб берилади ҳамда уларни сақлаш харажатлари спорт мактабининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Спорт вазирлиги:
6х15 метр ўлчамли сузиш ҳавзаларини барпо этишни молиялаштиришнинг қўшимча имкониятларини яратиш мақсадида халқаро ва хорижий ташкилотларнинг техник кўмак (грант) маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин;
тажриба натижалари асосида 2028 йилдан бошлаб ушбу намуна асосида республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам бундай сузиш ҳавзаларини барпо этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
7. Сув спорти турлари билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида Спорт вазирлиги Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон сузиш федерацияси билан биргаликда 2025 йил 1 июнга қадар давлат таълим муассасаларида сув спорти бўйича амалий машғулотларни олиб бориш учун кўчма бассейнлардан фойдаланиш амалиётини йўлга қўйишнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
8. 2025 — 2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида сув спорти турлари инфратузилмасини яхшилаш бўйича манзилли дастур иловага мувофиқ тасдиқлансин.
9. Спорт вазирлиги, «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ ва Ўзбекистон сузиш федерациясининг сув спорти турлари бўйича миллий терма жамоалар спортчилари йил давомида узлуксиз ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиб бориши учун Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳар, Спортчилар кўчасида жойлашган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг 50х25 м ўлчамли очиқ сузиш ҳавзасини «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖнинг ҳомийлик маблағлари ҳисобидан реконструкция қилиш (ёпиқ ҳавзага айлантириш) ҳамда ёпиқ сузиш ҳавзасини мукаммал таъмирлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
10. Замонавий илмий ютуқлар ва инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда соҳа мутахассисларининг касбий маҳоратини доимий ошириб бориш мақсадида, сув ҳавзаларини ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш натижасида тежаб қолинадиган бюджет маблағлари ҳамда ҳомийлик хайриялари ҳисобидан:
маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида тренерлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириб бориш йўлга қўйилади. Бунда, спортчиларни тайёрлаш жараёнига рақамли технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади;
2025 — 2027 йилларда миллий терма жамоалар тренерлари, шунингдек, олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида сув спорти турлари бўйича фаолият юритаётган тренерлар хорижий давлатларга қисқа муддатли стажировкага юборилади.
Спорт вазирлиги Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон сузиш федерацияси билан биргаликда икки ой муддатда сув спорти турлари бўйича тренерлар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириб бориш, шунингдек, тренерларни хорижий давлатларга қисқа муддатли стажировкага юбориш режасини тасдиқласин.
11. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Спорт вазирлиги Ўзбекистон сузиш федерацияси билан биргаликда сузиш ҳавзаларида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари бажарилиши бўйича доимий равишда тушунтириш ишларини олиб борсин.
12. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамиятини ёритишга оид мақолалар эълон қилиниши, брифинглар, тематик телекўрсатувлар тайёрланишини ташкил этсин.
13. Спорт вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
14. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб спорт вазири А.И. Икрамов ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби О.О. Касимов белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти раҳбари О.Қ. Абдурахманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 4 ноябрь,
ПҚ-382-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 ноябрдаги ПҚ-382-сон қарорига
ИЛОВА
2025 — 2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида сув спорти турлари инфратузилмасини яхшилаш бўйича
МАНЗИЛЛИ ДАСТУР

Т/р

Сув спорти иншооти

Чора-тадбир номи

Муддат

1.

Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига қарашли 50х25 м ўлчамли ёпиқ сузиш ҳавзаси

Мукаммал таъмирлаш

2026-2027 йй.

2.

Нукус олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига қарашли 25х11 м ўлчамли ёпиқ сузиш ҳавзаси

Реконструкция қилиш

2025-2026 йй.

3.

Андижон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига қарашли 50х25 м ўлчамли ёпиқ сузиш ҳавзаси

Мукаммал таъмирлаш

2026-2027 йй.

4.

Бухоро олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига қарашли 25х11 м ўлчамли очиқ сузиш ҳавзаси

Мукаммал таъмирлаш

2026-2027 йй.

5.

Қарши олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига қарашли 50х25 м ўлчамли ёпиқ сузиш ҳавзаси

Мукаммал таъмирлаш

2026-2027 йй.

6.

Наманган олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази учун янги 50х25 м ўлчамли ёпиқ сузиш ҳавзаси

Янгидан барпо этиш

2025-2026 йй.

7.

Тойлоқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига қарашли 25х13 м ўлчамли ёпиқ сузиш ҳавзаси

Мукаммал таъмирлаш

2025-2026 йй.

8.

Термиз олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига қарашли 25х11 м ўлчамли ёпиқ сузиш ҳавзаси

Мукаммал таъмирлаш

2025-2026 йй.

9.

Фарғона олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига қарашли 50х21 м ўлчамли ёпиқ сузиш ҳавзаси

Мукаммал таъмирлаш

2026-2027 йй.

10.

Урганч олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига қарашли 50х25 м ўлчамли очиқ сузиш ҳавзаси

Реконструкция қилиш

(ёпиқ сув ҳавзаси сифатида)

2026-2027 йй.

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.11.2024 й., 07/24/382/0897-сон)