toggle_night_mode
Ҳужжат 06.02.2025 01 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикасининг Қонуни
Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида
Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 23 июлда қабул қилинган
Сенат томонидан 2024 йил 20 сентябрда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчилик
Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
психолог — ушбу Қонунга мувофиқ психологик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахс;
психологик ёрдам — танг (кризисли) вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга, шахслараро муносабатларни ҳамда руҳий саломатликни яхшилашга, шахсиятни ривожлантиришга ёки инсоннинг ижтимоий мослашувини яхшилаш учун психологик таъсир кўрсатишга қаратилган, психологик ёрдам кўрсатиш стандартларига мувофиқ амалга ошириладиган чора-тадбирлар мажмуи;
психологик ёрдам кўрсатиш стандартлари — аҳолига психологик ёрдам кўрсатишга доир ягона талабларни белгиловчи ҳужжат;
психологик муаммо — шахснинг ўзидан, ўз касбий фаолиятидан, бошқа шахслар билан муносабатларидан, оиласидаги вазиятдан қониқмаслиги ва (ёки) шахсий ҳаётидаги бошқа муаммолар туфайли юзага келган руҳий ноқулайлик ҳолати;
танг (кризисли) вазият — шахс ўзи учун одатий бўлган усуллар билан кураша олмайдиган ҳаётий ўзгаришларга ҳамда психологик муаммолар юзага келишига олиб келувчи омиллар ва шарт-шароитлар.
4-модда. Аҳолига психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий принциплари
Аҳолига психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий принциплари қонунийлик, ихтиёрийлик, ижтимоий ҳимоя, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этиш, касбий маҳорат ҳамда ахборотнинг махфийлигидан иборатдир.
2-боб. Аҳолига психологик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш
5-модда. Психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий вазифалари
Психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
аҳолининг руҳий саломатлигини қўллаб-қувватлаш;
шахсга унинг ҳаётида юзага келган психологик муаммоларни ҳал этишда ҳамда танг (кризисли) вазиятларнинг олдини олишда кўмаклашиш;
психологик муаммолари мавжуд бўлган шахсларнинг ижтимоий мослашиши ва реабилитациясида ёрдам кўрсатиш;
шахсий ривожланиш, ўзини ифода эта олиш билан боғлиқ индивидуал кўникмаларни мустаҳкамлашга, шунингдек ҳаёт тарзини яхшилашга кўмаклашиш.
6-модда. Психологик ёрдамнинг турлари ва шакллари
Психологик ёрдам турлари жумласига қуйидагилар киради:
психологик профилактика;
психологик кўрик;
психологик реабилитация;
психологик коррекция;
психологик маслаҳат;
психологик тренинг.
Психологик муаммоларни келтириб чиқарувчи омиллар ва шарт-шароитларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар психологик профилактикадир.
Психологик кўрик шахснинг нормал ҳаёт кечиришига халал берувчи, унинг хулқ-атворига ва бошқа шахслар билан ўзаро муносабатларига салбий таъсир қилувчи муаммоларни аниқлаш, шахсга кўрсатилиши керак бўлган психологик ёрдамнинг турини, шаклини, ҳажмини ва муддатларини белгилаш учун зарур бўлган хусусиятларни баҳолаш мақсадида ўтказилади.
Психологик реабилитация психологик муаммолари мавжуд бўлган шахснинг ижтимоий мослашишига ёрдам кўрсатишга ҳамда унга ушбу соҳадаги қобилиятларини тиклашда кўмаклашишга қаратилгандир.
Психологик коррекция шахснинг психологик муаммоларга олиб келувчи ўзига хос шахсий хусусиятлари ва хулқ-атворини тузатишга (ўзгартиришга) қаратилган тадбирлар мажмуидан иборат.
Шахснинг психологик муаммоларини тушунишга ва уларни ечишда кўмаклашишга қаратилган психологик ёрдам психологик маслаҳатдир.
Психологик тренинг инсонда шахсий ривожланиши учун зарур бўлган муайян кўникмаларни, хулқ-атворни ёки психология соҳасига тааллуқли янги билимларни шакллантиришга ёки уни танг (кризисли) вазиятлардан чиқаришга, шунингдек шахснинг маънавий камол топишини психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлардан, шу жумладан машғулотлардан иборат бўлади.
Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш бевосита ёки ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, шунингдек якка тартибда ёки гуруҳларда амалга оширилиши мумкин.
Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш шошилинч, бир марталик, қисқа муддатли ва узоқ муддатли бўлиши мумкин.
Психологик ёрдамнинг аниқ тури ва шакли психологик ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган шахснинг руҳий ҳолатидан ҳамда психологик муаммоларининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, психологнинг тавсияларига асосан ушбу шахс томонидан танланади.
7-модда. Психологик ёрдам кўрсатиш стандартлари
Психологик ёрдам кўрсатиш стандартлари Ўзбекистон Республикасининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
Психологик ёрдам кўрсатиш стандартлари қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
психологик ёрдам кўрсатишнинг рухсат этилган усуллари ва воситаларини;
психологик ёрдам кўрсатишнинг турларига, шаклларига ва давомийлигига оид талабларни;
психологларга қўйиладиган малака талабларини;
психологик ёрдам кўрсатиш жойига доир талабларни;
психологик ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилган шахсни ахборот билан таъминлаш бўйича талабларни.
8-модда. Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тартиби
Психологик ёрдам давлат органларида ёки бошқа ташкилотларда ишловчи психологлар ёхуд ушбу соҳада хусусий тартибда фаолият олиб борувчи юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан бепул ёки пуллик асосда кўрсатилади.
Пуллик асосдаги психологик ёрдам ёзма шаклдаги шартномага асосан кўрсатилади, бундан психологик ёрдам аноним тарзда кўрсатиладиган ҳоллар мустасно. Вояга етмаган шахсга психологик ёрдам кўрсатишда шартнома унинг қонуний вакили билан тузилади.
Психологик ёрдам шахс томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилмасдан айтилган фамилия, исм, ёш ва яшаш жойи кўрсатиладиган шахсий картани расмийлаштириш йўли билан аноним тарзда кўрсатилиши мумкин.
Психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномада тарафларнинг номи (жисмоний шахснинг шахсга доир маълумотлари), манзили, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги, тўловни амалга ошириш тартиби, психологик ёрдамнинг тури ва шакли, низоларни ҳал этиш тартиби, шартномани бекор қилиш шартлари ва бошқа ахборот кўрсатилади.
Психологик ёрдам ушбу ёрдамни сўраб мурожаат қилган шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг розилиги билан кўрсатилади.
Вояга етмаган шахсга психологик ёрдам унинг қонуний вакилининг розилиги билан кўрсатилади. Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга унинг қонуний вакилларининг розилигисиз психологик ёрдам кўрсатишга унга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ўтказиш ҳоллари аниқланганда, шунингдек фавқулодда ҳолатда, фавқулодда вазиятда ёки бахтсиз ҳодисаларда йўл қўйилади.
Давлат аҳолига малакали психологик ёрдам кўрсатиш тизимини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади.
9-модда. Бепул психологик ёрдам кўрсатиш
Давлат томонидан қуйидаги тоифадаги шахсларга бепул психологик ёрдам кафолатланади:
қонун билан белгиланган бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми доирасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларига;
фавқулодда ҳолатдан ва фавқулодда вазиятлардан жабрланган шахсларга, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек фавқулодда ҳолат ва фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этишда иштирок этган шахсларга;
террорчилик ҳаракати натижасида жабрланган шахсларга;
ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган кам таъминланган оилаларга;
ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларга, ёлғиз яшовчи кексаларга ва ногиронлиги бўлган шахсларга;
ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга;
муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларга;
тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга;
давлат мактабгача таълим ташкилотларида ва умумий ўрта таълим муассасаларида таълим олувчи шахсларга;
жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга;
одам савдосидан жабрланган шахсларга.
Қонунда бепул психологик ёрдам олиш ҳуқуқига эга шахсларнинг бошқа тоифалари ҳам белгиланиши мумкин.
Давлат томонидан кафолатланган бепул психологик ёрдам кўрсатиш бўйича тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги нодавлат ташкилотлар ўз ички ҳужжатларига мувофиқ бепул психологик ёрдам кўрсатиши мумкин.
10-модда. Таълим ташкилотларида психологик ёрдам кўрсатиш
Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида (бундан буён матнда таълим ташкилотлари деб юритилади) таълим олувчиларнинг психологик саломатлигини сақлаш, соғлом психологик муҳит яратиш ва уларнинг шахсий ривожланишига кўмаклашиш мақсадида психологик ёрдам кўрсатиш ташкил этилади.
Давлат таълим ташкилотларида психологик ёрдам кўрсатиш психологик хизматлар фаолиятини ташкил этиш орқали амалга оширилади.
Таълим ташкилотларида психологик ёрдам кўрсатувчи психолог тегишли фан бўйича ўқитувчи, таълим ташкилоти раҳбари, таълим олувчининг қонуний вакиллари билан доимий ҳамкорликда иш олиб бориши, уларга касбий маслаҳатлар бериши, таълим олувчиларнинг психологик ҳолати ва эҳтиёжлари ҳақида уларнинг қонуний вакилларига маълумотлар бериши, шунингдек зарур ҳолларда психологик ёрдам кўрсатишни улар билан биргаликда ташкил этиши керак.
11-модда. Психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги тадқиқот ва илмий тажрибалар
Шахс психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги тадқиқотларга ёки илмий тажрибаларга фақат ихтиёрий равишдаги ёзма розилиги ёки ўз қонуний вакилларининг ёзма розилиги олинганидан кейин жалб этилиши мумкин.
Психологик ёрдам кўрсатиш соҳасида тадқиқотлар ёки илмий тажрибалар ўтказувчи шахслар унинг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлайди.
Психологик ёрдам кўрсатиш соҳасида шахснинг соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматига зарар етказадиган тадқиқотлар ёки тажрибалар ўтказишга йўл қўйилмайди.
12-модда. Психологларнинг жамоат бирлашмалари
Белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган, камида уч юз нафар аъзога эга бўлган нодавлат нотижорат ташкилоти психологларнинг жамоат бирлашмасидир. Психологларнинг жамоат бирлашмаси психологларнинг касбий даражасини ошириш ва сақлаб туришга кўмаклашиш, уларнинг касбий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонунининг IV бўлими.
Жисмоний шахс бир вақтнинг ўзида фақат битта психологларнинг жамоат бирлашмасига аъзо бўлиши мумкин.
Психологларнинг жамоат бирлашмалари ўз фаолиятини нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуни.
Психологларнинг жамоат бирлашмалари:
психологларнинг одоб-ахлоқ кодексини тасдиқлайди ҳамда унга риоя этилишининг тизимли мониторингини таъминлайди;
жисмоний шахсларни белгиланган тартибда аъзоликка қабул қилади ва аъзоликдан чиқаради;
хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун ўз аъзоларига малака сертификатини (бундан буён матнда малака сертификати деб юритилади) беради;
ўз аъзоларининг реестрларини юритади ва уларни ўз расмий веб-сайтига жойлаштиради;
ўз аъзолари томонидан ушбу Қонун, психологларнинг одоб-ахлоқ кодекси, психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;
психологик ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият билан шуғулланувчи шахсларни психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун аъзоликдан чиқаради, уларга берилган малака сертификатларининг амал қилишини тўхтатади ёки тугатади;
аноним тарзда психологик ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат этган шахсга расмийлаштириладиган шахсий карта намунасини тасдиқлайди;
аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди.
Психологларнинг жамоат бирлашмалари томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилинадиган қарорлар уларнинг барча аъзолари учун мажбурийдир.
Психологлар жамоат бирлашмаларининг фаолияти уларга кириш ва аъзолик бадаллари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. Бунда бадалларнинг ва тўловларнинг миқдорлари психологлар жамоат бирлашмалари аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан белгиланади.
Психологлар жамоат бирлашмасининг ижроия органи раҳбари ва ходими психологик ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахснинг таъсисчиси бўлишга, унда ишлашга, у билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар тузишга ҳақли эмас.
3-боб. Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳаси иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
13-модда. Психологик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар
Психология йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлган шахслар психологик ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.
Психологиядан бошқа таълим йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлган шахслар психология мутахассислиги бўйича қайта тайёрлаш курсларини ўтаганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатни олганидан кейин давлат органларида, шу жумладан таълим ташкилотларида тегишли психологик ёрдам турларини белгиланган тартибда кўрсатишга ҳақли.
Хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият билан шуғулланишга Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган психологларнинг жамоат бирлашмаси томонидан малака сертификати берилган психологларга рухсат этилади. Бунда талабгор Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган фақат битта психологларнинг жамоат бирлашмасидан малака сертификатини олиши мумкин.
Психологиядан бошқа таълим йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўлган шахслар хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш учун психология мутахассислиги бўйича қайта тайёрлаш курсларини ўтаганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатга, шунингдек малака сертификатига эга бўлиши керак. Бунда ушбу шахслар психологик ёрдамнинг фақат психологик маслаҳат ва психологик тренинг турларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади.
Малака сертификатини бериш, унинг амал қилишини тўхтатиш ва тугатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 30 ноябрдаги 635-сонли «Малака сертификатларини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш тўғрисида»ги қарори.
Психологик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахслар томонидан ўз хизматларини реклама қилишда ёки фирма номида «психолог» деган сўздан, шунингдек унга ўхшаш бўлган бошқа сўзлардан фойдаланиш тақиқланади.
14-модда. Психологнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Психолог қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш;
психологларнинг жамоат бирлашмаларини ташкил этиш;
психологик ёрдам кўрсатганлиги учун шартномага мувофиқ ҳақ олиш;
ушбу Қонунда назарда тутилган асосларга кўра психологик ёрдам кўрсатишни рад этиш ёки тугатиш.
Психолог қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Психолог:
психологик ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган шахсга психологик ёрдамнинг шакли, тури тўғрисидаги ахборотни ва бошқа зарур ахборотни тақдим этиши;
психологик ёрдам кўрсатишда психологик ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилган шахсга нисбатан инсоний муомалада бўлиши, унинг шаъни, қадр-қимматини ва ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиши;
психологик ёрдам кўрсатиш жараёнида ўзига маълум бўлиб қолган касбий сирни ва шахсга доир маълумотларни қонунчилик талабларига мувофиқ ошкор этмаслиги;
пуллик асосда психологик ёрдам кўрсатилганда психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома тузиш талабига риоя этиши;
психологик ёрдам кўрсатиш стандартларига ва психологларнинг одоб-ахлоқ кодекси талабларига риоя этиши;
психологик ёрдам кўрсатишнинг рухсат этилмаган усуллари ва воситаларидан фойдаланмаслиги, шу жумладан жисмоний ёки руҳий зўравонлик ишлатмаслиги;
психологик ёрдам кўрсатиш чоғида виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши, шу жумладан диний таълимотдан сабоқ бермаслиги, диний ақида ва ғояларни тарғиб қилмаслиги, диний мазмундаги материалларни тарқатмаслиги, у ёки бу динга устуворлик бермаслиги ёхуд уни камситмаслиги;
психологик ёрдам кўрсатишда ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этишга, ўз жонига суиқасд қилишга, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда иштирок этишга ёки ғайриижтимоий хулқ-атворнинг бошқа шаклларига даъват қилмаслиги;
психологик ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг талабига кўра малака сертификатини кўрсатиши, шунингдек психологик ёрдамнинг шакли, тури ва бошқа маълумотлар кўрсатилган ҳужжатдан кўчирма бериши шарт.
Психологнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
15-модда. Психологик ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Психологик ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган шахс қуйидаги ҳуқуқларга эга:
психологни, психологик ёрдамнинг шакли ва турини, унинг кўрсатилиш шартларини мустақил танлаш, шунингдек психологнинг малака сертификати билан танишиш;
психолог томонидан ўзига нисбатан инсоний муомалада бўлинишини, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси ҳурмат қилинишини талаб қилиш;
ёши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, малакали психологик ёрдам олиш;
психологик ёрдам кўрсатиш вақтида фото-, видео- ва овоз ёзилишини рад этиш;
психологик ёрдам кўрсатишнинг исталган босқичида уни рад этиш;
ўзига кўрсатилган психологик ёрдамнинг шакли, тури ва бошқа маълумотлар кўрсатилган ҳужжатдан кўчирма олиш;
психологик ёрдам кўрсатилиши натижасида маълум бўлиб қолган шахсга доир маълумотларининг сир сақланиши.
Психологик ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган шахс қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Психологик ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган шахс:
психологга нисбатан инсоний муносабатда бўлиши, унинг шаъни, қадр-қимматини ва ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиши;
психологик ёрдам олганлик учун психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ тўловни амалга ошириши шарт.
Психологик ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган шахснинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
16-модда. Психологик ёрдам кўрсатишни рад этиш ёки тугатиш
Психолог қуйидаги ҳолларда психологик ёрдам кўрсатишни рад этиши керак:
агар психологик ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган шахснинг муаммолари унинг психологик ҳолати билан боғлиқ бўлмаса;
агар психолог психологик ёрдам кўрсатиш сўралаётган психологик ёрдам кўрсатиш соҳасида малакали психологик ёрдам кўрсатиш учун зарур билимлар ва кўникмаларга эга бўлмаса.
Психолог қуйидаги ҳолларда психологик ёрдам кўрсатишни тугатиши мумкин:
агар психологик ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган шахс психологнинг тавсияларига риоя этмаса;
агар психологик ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган шахс психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартнома шартларини бузса;
агар унинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид юзага келса.
Психологик ёрдам кўрсатиш рад этилган ёки тугатилган тақдирда, психолог бунинг сабаблари тўғрисида психологик ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган шахсга, унинг қонуний вакилларига ёки ўзи ишлаётган ташкилотнинг раҳбарига маълум қилиши керак.
17-модда. Психологик ёрдам кўрсатиш натижасида маълум бўлган маълумотлар билан ишлаш
Шахснинг психологик ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилганлиги факти, психологик ёрдам натижалари тўғрисидаги маълумотлар ва психологик ёрдам кўрсатиш чоғида олинган бошқа маълумотлар психологнинг касбий сирини ташкил этади ҳамда шифокор сирига тенглаштирилади.
Психологнинг касбий сирини психологик ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг розилигисиз ошкор этиш тақиқланади, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Психологнинг касбий сирини психологик ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилган шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг розилигисиз ошкор этишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:
терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларнинг, суриштирув, тергов органларининг, прокуратуранинг ва суднинг ишни судга қадар юритиш ёки суд муҳокамаси ўтказилиши муносабати билан ёзма сўрови бўйича;
вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича суднинг сўровига кўра;
психологик ёрдам сифатини ошириш, ушбу соҳада малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида маълумотларни эгасизлантириб, уларнинг муайян шахсга тегишлилигини аниқлаш имконини бермайдиган ҳолда улардан фойдаланиш.
Психологнинг касбий сири бўлган маълумотларни қонунда белгиланган тартибда олган шахс бу маълумотларни ошкор қилишга ва учинчи шахсларга тақдим этишга ҳақли эмас.
4-боб. Якунловчи қоидалар
18-модда. Низоларни ҳал этиш
Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
19-модда. Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик
Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 593-моддаси.
20-модда. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш
Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 3, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 9, 193-модда, № 12, 269-модда; 1996 йил, № 5-6, 69-модда, № 9, 144-модда; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 4-5, 126-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 3, 38-модда, № 5-6, 102-модда, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 124-модда, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 5-6, 153-модда, № 7-8, 217-модда; 2001 йил, № 1-2, 23-модда, № 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, № 1, 20-модда, № 9, 165-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 5, 67-модда, № 9-10, 149-модда; 2004 йил, № 1-2, 18-модда, № 5, 90-модда, № 9, 171-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 9, 312-модда, № 12, 413, 417, 418-моддалар; 2006 йил, № 6, 261-модда, № 9, 498-модда, № 10, 536-модда, № 12, 656, 659-моддалар; 2007 йил, № 4, 158, 159, 164, 165-моддалар, № 9, 416, 421-моддалар, № 12, 596, 604, 607-моддалар; 2008 йил, № 4, 181, 189, 192-моддалар, № 9, 486, 488-моддалар, № 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 9, 334, 335, 337-моддалар, № 10, 380-модда, № 12, 462, 468, 470, 472, 474-моддалар; 2010 йил, № 5, 175, 179-моддалар, № 6, 231-модда, № 9, 335, 339, 341-моддалар, № 10, 380-модда, № 12, 468, 473, 474-моддалар; 2011 йил, № 1, 1-модда, № 4, 104, 105-моддалар, № 9, 247, 252-моддалар, № 12/2, 365-модда; 2012 йил, № 4, 108-модда, № 9/1, 242-модда, № 12, 336-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда, № 5, 130-модда, № 9, 244-модда, № 12, 341, 343-моддалар; 2015 йил, № 6, 228-модда, № 8, 310, 312-моддалар, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 1, 2-модда, № 4, 125-модда, № 9, 276-модда, № 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, № 4, 137-модда, № 6, 300-модда, № 9, 510-модда, № 10, 605-модда; 2018 йил, № 1, 1, 4, 5-моддалар, № 4, 224-модда, № 7, 430, 431, 432-моддалар, № 10, 671, 673, 679-моддалар; 2019 йил, № 1, 1, 3, 5-моддалар, № 2, 47-модда, № 3, 161, 165, 166-моддалар, № 5, 259, 261, 267, 268-моддалар, № 7, 386-модда, № 8, 469, 471-моддалар, № 9, 591, 592-моддалар, № 10, 674, 676-моддалар, № 11, 787, 791-моддалар, № 12, 880, 891-моддалар; 2020 йил, № 1, 4-модда, № 3, 203, 204-моддалар, № 7, 449-модда, № 9, 539, 540-моддалар, № 10, 593, 596-моддалар, № 11, 651-модда, № 12, 691-модда; 2021 йил, № 1, 5, 7, 12, 13, 14-моддалар, № 2, 142-модда, № 3, 217-модда, № 4, 290, 293-моддалар, 4-сонга илова, № 8, 800, 802, 803-моддалар, № 9, 903-модда, № 10, 966, 967, 968, 973-моддалар, № 11, 1066-модда; 2022 йил, № 1, 1, 2-моддалар, № 2, 80, 81-моддалар, № 3, 215, 216-моддалар, № 4, 337-модда, № 5, 464, 465, 466, 467-моддалар, № 8, 787-модда, № 10, 981, 984-моддалар, № 12, 1188-модда; 2023 йил, № 3, 184, 185, 188, 189-моддалар, № 4, 265, 266, 268-моддалар, № 5, 319, 320-моддалар, № 7, 533, 534, 535, 537, 539-моддалар, № 8, 634-модда, № 10, 798-модда, № 11, 921, 923, 924-моддалар, № 12, 1004-модда; 2024 йил, № 1, 5, 7, 8, 9-моддалар, № 2, 102, 111, 115, 116-моддалар, № 3, 243, 245-моддалар, № 6, 530, 532-моддалар) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:
1) қуйидаги мазмундаги 593-модда билан тўлдирилсин:
«593-модда. Психологик ёрдам кўрсатиш тартибини бузиш
Психологик ёрдамни бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатиш ёхуд аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган чекловларга риоя этмаслик, башарти жиноят аломатлари, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқбузарликлар аломатлари мавжуд бўлмаса, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»;
2) 245-модданинг биринчи қисмидаги «592» рақами «592, 593» рақамлари билан алмаштирилсин;
3) 248-модда тўртинчи қисмининг учинчи хатбошисидаги «564» рақами «564, 593» рақамлари билан алмаштирилсин.
21-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
22-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ушбу Қонун 7-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган психологик ёрдам кўрсатиш стандартларининг ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин;
ушбу Қонун 13-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган психологларга малака сертификатини бериш, унинг амал қилишини тўхтатиш ва тугатиш тартибини ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ичида белгиласин;
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
23-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2024 йил 5 ноябрь,
ЎРҚ-989-сон
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.11.2024 й., 03/24/989/0890-сон)