toggle_night_mode
Ҳужжат 25.12.2025 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2024 йил 28 февралдаги ПҚ-91-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, ўлчашларни бажариш услубиётларини метрологик аттестациядан ўтказиш ишларининг ягона тартибини ўрнатиш ва уларнинг шаффофлигини таъминлаш ҳамда хизматлар кўрсатиш жараёнларини соддалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти (кейинги ўринларда — Регламент) иловага мувофиқ тасдиқлансин:
ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш;
давлат хизматини Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали ташкил этиш;
ўлчашларни бажариш услубиётини Ўзбекистон Республикаси ўлчашларни бажариш услубиёти реестрига киритиш.
2. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда:
бир ой муддатда ушбу қарор билан тасдиқланган Регламентга мувофиқ давлат хизматини кўрсатиш ЯИДХП орқали жорий этилишини таъминласин;
ЯИДХПда давлат хизмати кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин.
3. Адлия вазирлиги:
давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартиби бажарилиши юзасидан ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин;
Регламент талабларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазоларни қўлласин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори А.Р. Жуманазаров ҳамда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 12 октябрь,
671-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги 671-сон қарорига
ИЛОВА
Ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Регламент метрология текшируви ва давлат метрология назорати татбиқ этиладиган соҳаларда қўлланиладиган ўлчашларни бажариш услубиётларини метрологик аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Регламент миллий, халқаро (минтақавий) стандартлар ва хорижий мамлакатларнинг стандартлари билан белгиланган ўлчашларни бажариш услубиётларига нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Давлат хизмати Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Ўзбекистон миллий метрология институти (кейинги ўринларда — ижрочи) томонидан кўрсатилади.
4. Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказишда манфаатдор бўлган юридик шахс;
техник топшириқ — ишлаб чиқилаётган ўлчашларни бажариш услубиётининг метрологик тавсифларига қўйиладиган техник талаблардан ташкил топган ҳужжат;
техник ҳисобот — ўлчашларни бажариш услубиётининг метрологик ва техник тавсифларини белгилашга доир ўтказилган ёки бажарилган илмий-тадқиқот ишларининг натижаларидан ташкил топган техник ҳужжат;
ўлчашларни бажариш услубиёти — ўлчашларнинг бажарилишини ва уларнинг натижалари белгиланган аниқлик кўрсаткичлари билан олинишини таъминлайдиган операциялар ва қоидалар мажмуи;
ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш — ўлчашларни бажариш услубиётининг унга қўйиладиган метрология талабларига мувофиқлигини баҳолаш ҳамда тасдиқлаш мақсадида олиб бориладиган тадқиқот ҳамда уни тасдиқлаш ва Ўзбекистон Республикаси ўлчашларни бажариш услубиёти реестрида (кейинги ўринларда — Реестр) рўйхатга олиш;
ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш дастури — ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказишга доир ишларнинг ҳажми, тури, кетма-кетлиги ва ҳисобот маълумотларини тақдим этиш шаклини белгиловчи ҳужжат.
5. Қўйидаги ўлчашларни бажариш услубиётлари метрологик аттестациядан ўтказилади:
янги ишлаб чиқилаётган ўлчашларни бажариш услубиёти;
олдин ишлаб чиқилган ва метрологик аттестациядан ўтказилмаган ўлчашларни бажариш услубиёти;
метрологик тавсифларни ўзгартиришга олиб келувчи, қайта кўриб чиқилаётган ўлчашларни бажариш услубиёти.
6. Ўлчашларни бажариш услубиёти метрологик аттестациядан Регламентга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ ўтказилади.
2-боб. Давлат хизматини кўрсатиш тартиби
7. Ариза берувчи томонидан ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш дастури ишлаб чиқилади ва унга мувофиқ назарий ва (ёки) тажриба тадқиқотлар ўтказилади ҳамда техник ҳисобот расмийлаштирилади.
Техник ҳисоботдан келиб чиқиб, ўлчашларни бажариш услубиётининг якуний таҳрири тайёрланади.
8. Ариза берувчи ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш ва Реестрда рўйхатга олиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади ҳамда ушбу Регламентга 2-иловада келтирилган шаклга мувофиқ ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш юзасидан электрон шаклда ариза тўлдиради.
Зарур маълумотлар сўровномага киритилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва имзоларни идентификация қилишнинг тегишли воситалари билан тасдиқлайди.
9. Аризага куйидагилар илова қилинади:
кириш маълумотларини ўз ичига олган ўлчаш услубиётини ишлаб чиқиш юзасидан техник топшириқ;
ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш дастури;
ўлчашларни бажариш услубиётининг назарий ва (ёки) тажриба тадқиқотлари натижалари, хусусан, тажриба тадқиқотларининг баённомалари, аниқлик кўрсаткичларини тажриба ёки назарий баҳолаш натижалари, аниқлик кўрсаткичларини баҳолашга доир лабораториялараро ва (ёки) ички лаборатория тажрибаларининг натижалари;
техник ҳисобот;
ўлчашларни бажариш услубиётининг лойиҳаси.
Ариза ва унга иловалар автоматик тарзда ижрочига юборилади. Юкланадиган ҳужжатларнинг ҳажми 10 мегабайтдан ошмаслиги лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш ва ўлчашларни бажариш услубиёти реестрида рўйхатга олиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш учун ариза берувчидан ушбу Регламентга 3-иловага мувофиқ тўлов ундирилади.
Хизмат кўрсатганлик учун тўловга ариза берувчига ҳисобварақаси (бажарилган ишлар) юборилади (электрон шаклда).
Хизмат кўрсатганлик учун тўлов Ягона биллинг тизими орқали электрон шаклда тўланади.
Давлат хизмати кўрсатилгани учун тўлов тўлиқ тўлангани ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.
Тўланган сумма қуйидаги тартибда тақсимланади:
10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасига;
11,75 фоизи — «Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасидаги шахсий ҳисобварағига (шу жумладан, 0,5 фоизи йиғим тўлангани Ягона биллинг тизими орқали тасдиқлангани учун);
қолган маблағлар — ижрочи ҳисобварағига ўтказилади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 821-сон қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Ариза берувчи томонидан ўн иш куни давомида тўловларни тўламаслик ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш ва Реестрда рўйхатга олишни рад этиш учун асос бўлади.
(11-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 821-сон қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)
Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишда хизмат кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказишдан бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда, тўланган тўлов суммаси қайтарилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Ижрочи тўлов амалга оширилганидан кейин ўн беш иш кунидан ошмайдиган муддатда тақдим этилган ҳужжатларни метрологик экспертизадан (кейинги ўринларда — экспертиза) ўтказади ҳамда экспертиза натижаларига асосан эксперт хулосасини расмийлаштиради.
(12-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 821-сон қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)
Ҳужжатларни экспертизадан ўтказишда:
ўлчашларни бажариш услубиётида белгиланган талаблар ва операцияларнинг тўлиқ баён этилганлиги;
аниқлик кўрсаткичларининг мавжудлиги ва уларнинг асосланганлиги;
қабул қилинган математик моделлар;
ноаниқлик бюджетида ёки услубиётларни ишлаб чиқишда олинган ўлчаш натижалари хатолигининг ҳосил бўлиш тузилмаси тавсифида келтирилган маълумотлар;
тажриба тадқиқотларининг режаси ва ҳажми, шу жумладан, намуна танлаб олиш ҳамда тайёрлаш усуллари;
тажриба тадқиқотларида фойдаланиладиган ўлчаш воситалари, эталонлар, стандарт намуналар, техник воситалар ва материалларни танлаб олиш;
тажриба ўтказиш шартларини танлаб олиш;
тажриба натижаларига ишлов бериш, шу жумладан, дастурий таъминотни танлаб олиш воситалари ва усуллари;
хатолик тавсифларини ёки ноаниқликни тақдим этиш услубини танлаб олиш;
таклиф этилаётган текширув жараёнининг тўғрилиги ва ўлчашлар натижаларининг таҳлилий баҳоланади.
Мазкур бандда келтирилган талаблар бажарилганда экспертиза хулосаси ижобий, акс ҳолда салбий ҳисобланади.
13. Ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш хулосаси ижобий бўлганда, ижрочи ҳужжатлар тўпламини бир иш куни мобайнида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига (кейинги ўринларда — Агентлик) тақдим этади.
14. Ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш хулосаси салбий бўлганда, ижрочи ҳужжатлар тўпламини ариза берувчига қайтаради.
Ариза берувчи томонидан ушбу Регламентда назарда тутилган маълумотлар тўлиқ тақдим этилмаганда ёки уларда нотўғри ёхуд бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда, ижрочи ариза берувчига аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш учун камида ўн иш кунидан иборат муддат (имконият) беради.
Агар белгиланган муддатда ариза берувчи томонидан кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмаса ҳамда етишмаётган ҳужжатлар тақдим қилинмаса, ижрочи томонидан бир иш кунида ариза рад этилади ва бу ҳақда ариза берувчи хабардор қилинади.
Давлат хизматини кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.
15. Экспертиза хулосасида кўрсатилган камчиликлар ариза берувчи томонидан бартараф этилгандан сўнг ҳужжатлар ижрочига қайта тақдим этилади.
16. Агентлик ҳужжатлар тўплами тақдим этилган кундан бошлаб уч иш кунида ўлчашларни бажариш услубиётини Реестрда рўйхатга олади ҳамда Ўлчашларни бажариш услубиётларининг ягона фондига киритади. Реестрга киритилган ўлчашларни бажариш услубиётининг рўйхати Агентликнинг расмий сайтида очиқ эълон қилинади.
17. Ўлчашларни бажариш услубиёти Реестрда рўйхатга олингандан сўнг уч иш кунида ижрочи томонидан мазкур Регламентга 4 ва 5-иловаларга мувофиқ QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ўлчашларни бажариш услубиётининг сертификати ва ўлчашларни бажариш услубиётининг паспорти расмийлаштирилади ва ариза берувчининг шахсий кабинетига юборилади.
18. Ўлчашларни бажариш услубиётининг сертификати чекланмаган муддатга берилади.
19. Реестрда рўйхатга олинган ўлчашларни бажариш услубиёти матни сўровга мувофиқ Агентлик томонидан бошқа фойдаланувчига тақдим этилиши мумкин.
3-боб. Якунловчи қоидалар
20. Ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказишга доир ишларни бажаришда юзага келадиган келишмовчиликлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
21. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
1-ИЛОВА
Ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш
СХЕМАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Ариза берувчи (манфаатдор бўлган юридик шахс)

Ўлчашларни бажариш услубиётини тасдиқлаш ва Ўзбекистон Республикаси ўлчашларни бажариш услубиёти реестрида (кейинги ўринларда — Реестр) рўйхатга олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) ариза беради.

Зарур бўлган ҳолларда

3-босқич

Ижрочи (Ўзбекистон миллий метрология институти )

Тақдим этилган ҳужжатларни экспертизадан ўтказади ҳамда экспертиза хулосасини расмийлаштиради.

Ўн беш иш куни мобайнида

Ариза берувчи (манфаатдор бўлган юридик шахс)

Экспертиза натижалари салбий бўлганда — номувофиқликларни бартараф этади ва ҳужжатларни қайта экспертиза қилиш учун тақдим этади.

Ўн иш куни мобайнида

Ижрочи (Ўзбекистон миллий метрология институти)

Ҳужжатларни такрорий экспертизадан ўтказади.

Уч иш куни мобайнида

Ижрочи (Ўзбекистон миллий метрология институти)

Экспертиза натижалари ижобий бўлганда — ҳужжатлар тўпламини Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига тақдим этади.

Бир иш куни мобайнида

4-босқич

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги

Ўлчашларни бажариш услубиётини Реестрда рўйхатга олади.

Уч иш куни мобайнида

5-босқич

Ижрочи (Ўзбекистон миллий метрология институти)

Ўлчашларни бажариш услубиёти учун QR-код (матрик штрихли код) қўйилган сертификат ва паспорт расмийлаштиради ҳамда уларни ариза берувчининг ЯИДХП шахсий кабинетига юборади.

Уч иш кунида

(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 821-сон қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)
Ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
2-ИЛОВА

_____________

_____________

(сана)

(рақам)

Ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш юзасидан

АРИЗА

I. Ариза берувчи — юридик шахс тўғрисида маълумот:

1. Ташкилот номи

2. Жойлашган жойи (почта манзили)

3. Солиқ тўловчининг идентификация рақами

4. Телефон рақами

5. Электрон почта манзили

Юридик шахс вакили:

1.Ф.И.О.

2. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами

II. Илова:

кириш маълумотларини ўз ичига олган ўлчаш услубиётини ишлаб чиқиш юзасидан техник топшириқ;

ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш дастури;

ўлчашларни бажариш услубиётининг назарий ва (ёки) тажриба тадқиқотлари натижалари, хусусан, тажриба тадқиқотларининг баённомалари, аниқлик кўрсаткичларини тажриба ёки назарий баҳолаш натижалари, аниқлик кўрсаткичларини баҳолашга доир лабораториялараро ва (ёки) ички лаборатория тажрибаларининг натижалари;

техник ҳисобот;

Ўлчашларни бажариш услубиёти лойиҳаси.

Тасдиқлайман:

Ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
3-ИЛОВА
Ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш ва ўлчашларни бажариш услубиёти реестрида рўйхатга олиш бўйича давлат хизматлари нархлари

Т/р

Ўлчашларни бажариш услубиётининг ўлчаш диапазони сони

Ишлар нархи

(базавий ҳисоблаш миқдорида)

1.

Битта

26 баравар

2.

Иккитадан учтагача

35 баравар

3.

Тўрттадан еттитагача

52 баравар

4.

Саккизтадан ўнтагача

71 баравар

5.

Ўнтадан юқори

80 баравар

Изоҳ. Ўлчаш диапазони — маълум бир шароитда ўлчаш воситаси ёки ўлчаш тизими орқали ўрнатилган инструментал ноаниқлик билан ўлчаниши мумкин бўлган бир турдаги катталик қийматларининг тўплами.
Ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
4-ИЛОВА

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг

Ўзбекистон миллий метрология институти

ЎЛЧАШЛАРНИ БАЖАРИШ УСЛУБИЁТИНИНГ

СЕРТИФИКАТИ

Ўз ЎУ _________ сонли

Ушбу сертификат, _________________________________________________________ томонидан ишлаб

                                     ишлаб чиқувчи-ташкилот номи

чиқилган ва ___________________________________________________________ томонидан аттестация

        ўлчашларни бажариш услубиётларини аттестациядан ўтказган юридик шахснинг номи

қилинган ______________________________________________________________________ ўлчашларни

                                                                              ўлчашларни бажариш услубиётларининг номи

бажариш услубиёти тасдиқланиб, ______________ — сон билан ўлчашларни бажариш услубиётлари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган ва метрология текшируви ҳамда давлат метрология назорати татбиқ этиладиган соҳаларда қўллаш учун рухсат этилганини тасдиқлайди.

Ўлчашларни бажариш услубиётининг метрологик тавсифлари мазкур сертификатнинг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланувчи паспортда келтирилган.

Раҳбар

_________________

Ф.И.О.

QR-код

___________________

Сертификат берилган сана

Ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
5-ИЛОВА

______________-сон ўлчашларни бажариш услубиётининг сертификатига

ИЛОВА

ЎЛЧАШЛАРНИ БАЖАРИШ УСЛУБИЁТИНИНГ СЕРТИФИКАТИ

ПАСПОРТИ

_________________________________________________________________ томонидан ишлаб чиқилган

                                        ўлчашларни бажариш услубиётини ишлаб чиққан ташкилот

_________________________________________________________________________________________

                                                                  ўлчашларни бажариш услубиётининг вазифаси,

________________________________________________________________________ учун мўлжалланган

       уни қўллаш соҳаси (соҳалари) ва чегараловчи параметрлар кўрсатилади

_________________________________________________________________________________________

                                                              ўлчашларни бажариш услубиётининг номи

_______________________________________________________________________________га мувофиқ

                                           аттестациядан ўтказиш талаби кўрсатилган норматив ҳужжат номи

аттестациядан ўтказилган.

Аттестациядан ўтказиш ___________________________________________________________________

ўлчашларни бажариш услубиётини ишлаб чиқиш бўйича материалларни

_______________________________________________________ натижалари бўйича амалга оширилган

   назарий ва (ёки) экспериментал тадқиқотлар

Ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш натижалари:

1. Ўлчашларни аниқлик кўрсаткичининг қийматлари

Ўлчанаётган катталикларнинг кўлами (кичик кўламлар) ва ўлчашларни бажариш услубиёти бўйича бажариладиган ўлчашлар аниқлиги кўрсаткичининг белгиланган қийматлари келтирилади.

Ўлчашларни бажариш услубиётини метрологик аттестациядан ўтказиш вақтида белгиланган ўлчашлар хатолигининг қийматлари қўшимча равишда келтириш мумкин.

2. Ўлчашлар аниқлигини текшириш нормативларининг қийматлари

Ўлчанаётган катталикларнинг кўлами (кичик кўламлари) ва мос равишда ўлчашлар

аниқлигини текшириш нормативларининг қийматлари келтирилади.

           Масъул шахснинг лавозими

_________________

Ф.И.О.

QR-код

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.10.2024 й., 09/24/671/0813-сон; 25.12.2025 й., 09/25/821/1211-сон)