1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.08.00.00 Мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар / 03.08.07.00 Бошқа ашёвий ҳуқуқлар / 03.08.07.03 Ер участкасини умрбод мерос қилиб қолдирадиган эгалик қилиш ҳуқуқи (шунингдек, 11.03.08.02га қаранг);
2.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.03.00.00 Ердан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш / 11.03.08.00 Ерга нисбатан мулк ва бошқа ҳуқуқлар / 11.03.08.02 Ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи (шунингдек, 03.08.07.03 га қаранг);
3.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.03.00.00 Ердан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш / 11.03.09.00 Ер участкасига нисбатан ҳуқуқларнинг вужудга келиши / 11.03.09.03 Аукцион ва шартномалар ва бошқа битимларга асосан ерга бўлган ҳуқуқларнинг пайдо бўлиши]
[ТСЗ:
1.Табиий ресурслар / Ер]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 июлдаги 396-сонли «Қонунчилик базасини янада тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тўғрисида» 1994 йил 24 ноябрдаги Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
ер майдонлари ажратиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссия тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикасида фойдаланилмаётган ерларни ҳамда паст рентабелли ва зарар кўриб ишловчи қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ерларини фуқароларга мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилишлари учун, тажриба тариқасида бериш ҳақидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ҳафта муддатда туманлар ва шаҳарларда фуқароларга мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилишлари учун ер майдонларини сотишнинг ташкилий ишларини ҳал этиш мақсадида ер майдонлари ажратиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссиялар ташкил этилишини таъминласинлар.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг таклифлари бўйича жойларда сотиш ҳуқуқисиз фуқароларга мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилишлари учун ер майдонларини сотишга оид кимошди савдоларини ташкил этсинлар.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 26 декабрдаги 475-сонли қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган)
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат мулки қўмитаси бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига:
ернинг амалдаги баҳосини ҳисобга олган ҳолда якка тартибда уй-жой қурилиши ва шахсий ёрдамчи хўжалик юритиш учун берадиган ернинг янги солиқ ставкаларини тасдиқлаш тўғрисида;
ер солиғи бўйича амалдаги имтиёзларни қисқартириш тўғрисидаги таклифлар киритсинлар.
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги Давлат мулки қўмитаси, Марказий банки бир ой муддатда мерос қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини берадиган кимошди савдосида сотиб олинган ер майдонларини якка тартибда уй-жой қурилишига мақсадли кредитлар олиш учун банкка гаров қўйиш тартиби ва шартлари тўғрисидаги таклифларни тайёрласинлар Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг биринчи ўринбосари И.X. Жўрабеков зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 29 ноябрь,
575-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 29 ноябрдаги 575-сон қарорига 1-ИЛОВА
Ер майдонлари ажратиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссия тўғрисида
НИЗОМ
1. Мазкур Низом шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги ердан самарали фойдаланиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссияларнинг функцияларини ва иш тартибини белгилайди.
2. Махсус комиссия туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қарори билан Давлат мулки қўмитаси, молия, солиқ, табиатни муҳофаза қилиш органлари, ер тузиш, сув хўжалиги хизматлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари вакилларидан ва бошқа мутахассислардан иборат таркибда тузилади. Комиссия аъзолари орасидан раис, раиснинг ўринбосари, комиссия котиби тайинланади.
3. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, тегишли вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларининг қарорларига, бошқа норматив ҳужжатларга, шунингдек, мазкур Низомга амал қилади.
4. Комиссия:
ўз ҳудуди бўйича ерларнинг тоифалари ва сифатига кўра (тупроқ бонитети, зарар кўриб ишловчи ва паст рентабелли қишлоқ хўжалиги корхоналари ва бошқалар) ҳисобга олинишини таъминлайди, ерларнинг сув билан таъминланганлик даражасини, сув хўжалиги иншоотлари билан жиҳозланганлигини ва бошқаларни ҳисобга олади;
мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилиш учун сотиб олинган, меросга олинган ерларнинг мақсадли фойдаланилишини назорат қилади;
ҳокимликка:
ер майдонларини мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилиш учун кимошди савдосида сотиш ҳақида;
ер солиғининг жарима ставкаларини белгилаш ҳақида;
ердан фойдаланишнинг белгиланган тартиби бузилган тақдирда олиб қўйиш ҳақида таклифлар киритади.
5. Комиссия корхоналар, ташкилотлар ва муассасалардан ахборотни сўраб олиш ҳамда ўз функцияларини бажариш учун мутахассисларни жалб этиш ҳуқуқига эга бўлади.
6. Комиссия фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ харажат тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
7. Комиссия мажлисларни иш режасига мувофиқ ўтказади.
8. Қарорлар комиссия томонидан очиқ овоз бериш йўли билан қилинади ва унинг аъзоларининг 50 фоиздан ортиғи овоз берса ҳақиқий ҳисобланади.
9. Комиссия ўз фаолияти тўғрисида тегишли ҳокимлик олдида ҳисоб беради.
Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 29 ноябрдаги 575 -сон қарорига 2-ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикасида фойдаланилмаётган ерларни ҳамда паст рентабелли ва зарар кўриб ишловчи қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ерларини фуқароларга мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилишлари учун тажриба тариқасида бериш тўғрисида
НИЗОМ
1 Мазкур Низом Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жорий қилинади.
2. Фойдаланилмаётган ерлар деганда эгалик қилиш, фойдаланиш берилмаган ерлар, ижарага берилмаган ерлар, захира ерлар, шунингдек, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларга берилган, бироқ «Ер тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддаси 10-бандида назарда тутилган муддатларда фойдаланилмаган ерлар тушунилади.
3. Фойдаланилмаётган ерларни сотиш маҳаллий ҳокимият органлари томонидан тузилган ва тасдиқланган регистрлар бўйича амалга оширилади.
4. Фойдаланилмаётган ерлар ҳамда паст рентабелли ва зарар кўриб ишловчи қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ерлари фуқароларга сотиш ҳуқуқисиз мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилган ҳолда сотилади.
5. Кўрсатиб ўтилган ерлардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уларни қайта ишлаш, якка тартибдаги уй-жой қурилиши, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфраструктурани шакллантириш, шунингдек, белгиланган тартибда бошқа ишлаб чиқариш мақсадлари фойдаланилади.
6. Ерларни сотиш Давлат мулки қўмитаси органлари томонидан кимошди савдосида ёки танлов асосида амалга оширилади.
7. Ер майдонлари кимошди савдоси ёки танлов ғолибларига берилади, уларга мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик ҳуқуқини берувчи далолатнома берилади.
а) бу ерлар жойлашган туман ёки шаҳар аҳолиси уларни сотиб олишда устунлик ҳуқуқига эга бўладилар;
б) иккинчи навбатда сотиб олиш ҳуқуқи Қорақалпоғистон Республикасининг қолган бошқа аҳолисига берилади;
в) «а» ва «б» —кичик бандларда кўрсатилган харидорлар бўлмаган тақдирда танлов — кимошди савдосида сотиб олишга Ўзбекистон Республикасининг қолган бошқа ҳудудида яшовчи аҳоли, шунингдек хорижий жисмоний шахслар қўйилади.
9. Мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилиш сотиладиган ер майдонининг ҳажми маҳаллий шароитларни олган ҳолда белгиланади. Бунда ер майдони ҳажми суғориладиган ерларда 5 гектардан ва суғорилмайдиган ерларда 15 гектардан ошмаслиги керак.
10. Ер майдонларини кимошди савдоси ва танлов асосида сотиш билан боғлиқ ерга эгалик қилишда юз берадиган барча ўзгаришлар шаҳарчалар, қишлоқлар ва овулларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ер-кадастр дафтарларига, шунингдек, бошқа ер-кадастри ҳужжатларига киритилади.
11. Сотилган ерларда аниқланган фойдали қазилма бойликлар давлатга тегишли бўлади. Мерос қилиб қолдириш шарти билан эгалик қилиш учун берилган ер майдонларида қидирув ишлари олиб бориш ёки фойдали қазилма бойликларни қазиш зарур бўлган тақдирда давлат уларнинг эгаларига сифати бир хил ер майдонлари беради ёки ерни сотиб олиш ва ўзлаштириш билан боғлиқ харажат инфляцияни ҳисобга олган ҳолда, компенсация қилади.
12. Мазкур Низом асосида мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилиш ва доимий фойдаланиш учун сотиб олинган мусодара қилиниши ва олиб қўйилиши мумкин эмас, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан истиснодир.
13. Паст рентабелли ва зарар кўриб ишловчи қишлоқ хўжалиги корхоналари тарқатиб юборилганда улар фойдаланган ерлар жисмоний шахсларга мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик учун ушбу Низомда назарда тутилган тартибда сотилади.
14. Ер масалаларини ҳал этиш учун туманлар ва шаҳарларда мазкур қарорга 1-иловада белгиланган тартибда доимий ишловчи махсус комиссиялар ташкил этилади.
15. Қорақалпоғистон Республикасида ер участкалари ажратиш бўйича махсус комиссиялар мазкур қарорга 1-иловада кўрсатиб ўтилган функцияларга қўшимча равишда фуқароларнинг ерларни мерос қилиб қолдириш шарти билан умрбод эгалик қилиш учун сотиш бўйича танловларда иштирок этиш учун берган аризаларини кўриб чиқади ва ҳокимликларга тегишли таклифларни киритадилар.
16. Тугатилаётган зарар кўриб ишловчи ва паст рентабелли хўжаликлар мол-мулкининг дастлабки баҳоси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 1994 йил 23 июнда тасдиқланган «Қишлоқ хўжалигида хусусийлаштириш ва мулкчиликнинг шаклларини шакллантиришнинг вақтинчалик тартиби»га мувофиқ белгиланади.