toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (8-сонли БҲМС) «Консолидaциялашган молиявий ҳисоботлар ва шуъба хўжалик жамиятларига инвестициялар ҳисоби»ни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 26 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3537]
Ўзбекистон Республикасининг «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (8-сонли) БҲМС «Консолидациялашган молиявий ҳисоботлар ва шўъба хўжалик жамиятларига инвестициялар ҳисоби» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 1998 йил 14 октябрь 50-сон билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти (8-сон БҲМС) «Консолидациялашган молиявий ҳисоботлар ва шўъба хўжалик жамиятларига инвестициялар ҳисоби» (рўйхат рақами 580, 1998 йил 28 декабрь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 1999 й., 6-сон, 150-модда) ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 14 июнь,
135-сон
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 14 июндаги 135-сон буйруғига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (8-сонли БҲМС) «Консолидациялашган молиявий ҳисоботлар ва шуъба хўжалик жамиятларига инвестициялар ҳисоби»
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (бундан буён матнда БҲМС деб юритилади) «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини норматив тартибга солиш элементи бўлиб ҳисобланади.
2. Мазкур БҲМСнинг мақсади хўжалик юритувчи жамият (бундан буён матнда бош ташкилот деб юритилади) томонидан у назорат қиладиган хўжалик юритувчи жамиятлар (бундан буён матнда шуъба хўжалик жамияти деб юритилади) гуруҳининг консолидациялашган молиявий ҳисоботини тузиш ва тақдим этиш тартибини белгилаб бериш ҳисобланади.
Мазкур БҲМСда шуъба хўжалик жамиятларга инвестицияларни бош ташкилотнинг алоҳида молиявий ҳисоботида ҳисобга олиш тартиби ҳам кўриб чиқилади.
3. Ушбу БҲМС қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди:
биргаликда фаолиятдаги инвестицияларни ҳисобга олишга;
таъсир остидаги (қарам) ташкилотларга инвестицияларни ҳисобга олишга;
вазирликлар, идоралар ва бюджет ташкилотларининг жамланма молиявий ҳисоботига.
4. Ушбу БҲМСда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
бош ташкилот — бир ёки бир нечта шуъба хўжалик жамиятларни назорат қилувчи хўжалик юритувчи субъект. Бунда, назорат қилиш деганда шуъба хўжалик жамиятидаги иштирокидан даромадлар ўзгариши рискига мойил бўлган ёки бундай даромадларни олиш ҳуқуқига эга бўлган бош ташкилотнинг шуъба хўжалик жамиятига бўлган ваколатларини амалга ошириш натижасида ушбу даромадларга таъсир кўрсатиши тушунилади;
шуъба хўжалик жамияти — агар бир (бош) хўжалик жамияти ёки ширкати иккинчи хўжалик жамиятининг устав фондида ундан устунлик мавқеига эга бўлган ҳолда иштирок этиши туфайли ёхуд улар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ ё бўлмаса бошқача тарзда иккинчи хўжалик жамияти томонидан қабул қилинадиган қарорларни белгилаб бериш имконига эга бўлса, ушбу иккинчи хўжалик жамияти шуъба хўжалик жамияти ҳисобланади.
гуруҳ — бош ташкилот ва унга қарашли барча шуъба хўжалик жамиятларидир;
консолидациялашган молиявий ҳисоботлар — ҳисобот даври учун тузиладиган гуруҳнинг молиявий ҳисоботларидир;
алоҳида молиявий ҳисоботлар — консолидацияланиши лозим бўлган ҳар бир гуруҳ аъзосининг ҳисоботидир;
назорат кучига эга бўлмаган улуш — шуъба хўжалик жамияти хусусий капиталининг бевосита ёки билвосита бош ташкилотга тегишли бўлмаган улуши.
2-боб. Консолидациялашган молиявий ҳисоботларни тақдим этиш
5. Бош ташкилот консолидациялашган молиявий ҳисоботларни тақдим этиши лозим, бундан мазкур БҲМСнинг 6-бандида назарда тутилган ҳолат мустасно.
6. Бошқа бир жамиятга шуъба бўлган ва бошқа жамият мулки ҳисобланган бош ташкилот, агар ўзининг бош ташкилоти консолидациялашган ҳисобот тақдим этишни талаб қилмаса ва бунга назорат кучига эга бўлмаган улуш эгаларининг розилиги бўлса, консолидациялашган ҳисобот тақдим этмаслиги мумкин.
Бундай бош ташкилот ўзининг алоҳида молиявий ҳисоботларига изоҳларда қуйидагиларни ёритиб бериши лозим:
а) консолидациялашган молиявий ҳисобот тақдим этилмагани сабабини;
б) шуъба хўжалик жамиятига киритилган инвестицияларни ҳисобга олиш усулини;
в) консолидациялашган молиявий ҳисобот тақдим этадиган ўзининг бош ташкилоти номи ва унинг рўйхатга олинган жойини.
7. Консолидациялашган молиявий ҳисобот тузадиган бош ташкилот барча хорижий ва маҳаллий шуъба хўжалик жамиятларининг консолидациясини амалга ошириши лозим.
3-боб. Консолидациялашган ҳисоботларни тузиш услуби
8. Консолидациялашган молиявий ҳисоботларни тайёрлашда бош ташкилот ва унинг барча консолидация қилинадиган шуъба хўжалик жамиятлари молиявий ҳисоботлари активлар, мажбуриятлар, хусусий капитал, даромадлар ва харажатларнинг бир хил моддаларини сатрма-сатр қўшиш йўли билан бирлаштирилади.
Консолидациялашган молиявий ҳисоботларни тузиш учун:
а) қуйидагилар чиқариб ташланиши:
ҳар бир шуъба хўжалик жамиятига бош ташкилот инвестицияларининг баланс қиймати ва бош ташкилотнинг ҳар бир шуъба хўжалик жамияти хусусий капиталидаги улуши;
бош ташкилот ва шуъба хўжалик жамиятлари ўртасида ўзаро ҳисоб-китоб қилиш счётлари бўйича сальдолар;
даромадлар, харажатлар, дивидендлар бўйича гуруҳ ичидаги ҳисоб-китоб операциялари, шунингдек ушбу операциялар натижасида юзага келган реализация қилинмаган фойда ва зарарлар, бундан қопланиши мумкин бўлмаган зарарлар мустасно;
б) бош ташкилотга тегишли соф даромад суммасини аниқлашда гуруҳнинг даромадини камайтирадиган шуъба хўжалик жамиятининг соф даромадида назорат кучига эга бўлмаган улуши аниқланиши;
в) қуйидагиларни қўшган ҳолда шуъба хўжалик жамияти соф активларидаги назорат кучига эга бўлмаган улушни аниқланиши ва уни ҳисобот даври учун консолидациялашган бухгалтерия балансида бош ташкилотнинг мажбуриятлари ва хусусий капиталидан алоҳида кўрсатилиши лозим:
шўъба ташкилот дастлаб харид қилинган пайтда ҳисобланган назорат кучига эга бўлмаган улуш суммаси;
шўъба ташкилот харид қилинган пайтдан ҳисобот санасигача бўлган даврда унинг хусусий капитали ўзгаришида назорат кучига эга бўлмаган улушнинг салмоғи.
9. Бир хил ҳисобот даври учун ва бир хил ҳисобот санасига тузилган бош ташкилотнинг ва шуъба хўжалик жамиятларнинг молиявий ҳисоботлари ҳамда назорат кучига эга бўлмаган улушлари консолидациялашган молиявий ҳисоботда бирлаштирилади.
Агар бош ташкилот ҳисобот даврининг охири шуъба хўжалик жамиятлари ҳисобот даврининг охиридан фарқ қилса, бош ташкилот шуъба хўжалик жамиятларнинг молиявий маълумотларини консолидациялаш имкониятига эга бўлиши учун қўшимча молиявий маълумотларни бош ташкилотнинг молиявий ҳисоботи билан айни бир санага тайёрлайди.
Агар буни бажаришнинг имкони бўлмаса, бош ташкилот шуъба хўжалик жамиятларнинг молиявий маълумотларини консолидациялашни мазкур субъектнинг энг сўнгги молиявий ҳисоботига, уларнинг тузилган санаси ва консолидациялашган молиявий ҳисобот санаси оралиғидаги даврда содир бўлган аҳамиятли ҳодисалар ёки операцияларнинг таъсирини ҳисобга олиб, тузатишлар киритган ҳолда амалга ошириши лозим. Ҳар қандай ҳолда ҳам шуъба хўжалик жамиятларнинг молиявий ҳисоботи санаси ва консолидациялашган молиявий ҳисобот санаси ўртасидаги фарқ уч ойдан ошмаслиги, ҳисобот даврлари муддати ҳамда молиявий ҳисоботлар саналари ўртасидаги фарқ эса даврдан даврга мос келиши лозим.
10. Консолидациялашган молиявий ҳисоботлар тайёрланиши учун бош ташкилот ва шуъба хўжалик жамиятлари ўхшаш операциялар ва молия-хўжалик фаолиятининг бошқа ҳодисалари учун ягона ҳисоб сиёсатидан фойдаланиши лозим.
Агар гуруҳ иштирокчиларидан бири ўхшаш операциялар бўйича консолидациялашган молиявий ҳисобот тузишда қабул қилинган ҳисоб сиёсатидан фарқ қиладиган ҳисоб сиёсатидан фойдаланса, у холда ушбу молиявий ҳисоботларга консолидациялаш жараёнида тегишли тузатишлар киритилади. Агар консолидациялашган молиявий ҳисоботларни тайёрлашда ягона ҳисоб сиёсатидан фойдаланишнинг имконияти бўлмаса, ушбу факт консолидациялашган молиявий ҳисоботга изоҳлар қисмида ёритиб берилиши лозим.
11. Шуъба хўжалик жамиятлари хўжалик фаолиятининг натижалари у харид қилинган санадан бошлаб, яъни харид қилинган шуъба хўжалик жамияти устидан назорат қилиш харидорга ҳақиқатда берилган санадан бошлаб, чиқиб кетган шуъба хўжалик жамиятлари бўйича эса чиқиб кетган санагача консолидациялашган молиявий ҳисоботга киритилади.
12. Шуъба хўжалик жамиятини сотишдан тушум ва сотиш санасидаги мажбуриятларни айириб ташлаган ҳолда унинг активларининг баланс қиймати ўртасидаги фарқ консолидациялашган молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда шуъба хўжалик жамиятини сотишдан олинган фойда ва зарар сифатида акс эттирилади.
13. Шуъба хўжалик жамиятига киритилган инвестициялар бош ташкилот шуъба хўжалик жамияти устидан назоратни йўқотган ва шуъба хўжалик жамияти таърифига мос келмайдиган санадан бошлаб Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (12-сонли БҲМС) «Молиявий инвестицияларни ҳисобга олиш»га (рўйхат рақами 3531, 2024 йил 18 июль) мувофиқ акс эттирилиши лозим.
14. Назорат кучига эга бўлмаган улуш консолидациялашган бухгалтерия балансида мажбуриятлар ва хусусий капиталдан алоҳида кўрсатилиши лозим. Гуруҳ даромадида ҳам назорат кучига эга бўлмаган улуш алоҳида кўрсатилиши лозим.
4-боб. Шуъба хўжалик жамиятларига инвестицияларни бош ташкилотнинг алоҳида молиявий ҳисоботида акс эттириш
15. Консолидациялашган молиявий ҳисоботларни тузишда ҳисобга олинган шуъба хўжалик жамиятларига инвестициялар бош ташкилотнинг алоҳида (мустақил) молиявий ҳисоботларида қуйидагилардан фойдаланиб акс эттирилади:
хусусий капитални ҳисобга олиш усули (улушли қатнашиш усули);
узоқ муддатли инвестициялар қийматини ҳисобга олиш бўйича усули.
16. Консолидациялашган молиявий ҳисоботга киритилмаган шуъба хўжалик жамиятларига инвестициялар бош ташкилотнинг алоҳида молиявий ҳисоботида Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисобининг миллий стандарти (12-сонли БҲМС) «Молиявий инвестицияларни ҳисобга олиш»га (рўйхат рақами 3531, 2024 йил 18 июль) мувофиқ акс эттирилиши лозим.
5-боб. Маълумотларни ёритиб бериш
17. Мазкур БҲМСнинг 6 ва 10-бандларида ёритиб бериш талаб қилинган ахборотларга қўшимча равишда қуйидаги маълумотларни ҳам ёритиб бериш лозим:
жойлашган жойи ёки рўйхатга олган мамлакатлар номини, мулкка эгалик улушини ва овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган акциялар сонини (агар улар мулкка эгалик улушига мос келмаса) кўрсатган ҳолда йирик шуъба хўжалик жамиятлари рўйхатини;
шуъба хўжалик жамиятининг ҳисоботи консолидациялашган ҳисоботга киритилмаганлигининг сабабларини;
бош ташкилот бевосита ёки билвосита овозлар сонининг ярмидан кўпроғига эга бўлмаган ҳолларда, бош ташкилотга шуъба хўжалик жамияти устидан уни назорат қилишга имкон берадиган ўзаро муносабатлар тавсифини;
бевосита ёки билвосита овозларнинг ярмидан кўпроғига эгалик қиладиган, лекин назорат йўқлиги сабабли шуъба хўжалик жамияти ҳисобланмайдиган жамиятларнинг номларини;
жамиятни харид қилиш (ташкил этиш) ва сотиш (тугатиш)нинг ҳисобот йилидаги молиявий ҳолатга, ҳисобот давридаги молиявий натижаларга ва олдинги даврнинг тегишли суммаларига таъсирини;
бош ташкилот алоҳида молиявий ҳисоботида шуъба хўжалик жамиятига инвестицияларни ҳисобга олиш учун фойдаланадиган усулни.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.07.2024 й., 10/24/3537/0561-сон)