toggle_night_mode
Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг ишини ташкил этишнинг фаол моделини, шу жумладан Сенат аъзолари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилиши устидан назорат қилиш бўйича янгича тизимни жорий этиш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 8-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси негизида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Одоб-ахлоқ комиссияси ташкил этилсин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Одоб-ахлоқ комиссияси таркиби 1-иловага;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги низом 2-иловага;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг одоб-ахлоқ қоидалари 3-иловага;
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатларининг намунавий одоб-ахлоқ қоидалари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Одоб-ахлоқ комиссияси сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этилиши устидан таъсирчан назорат олиб борсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 31 июлдаги СҚ-360-IV-сонли Қарори билан тасдиқланган Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламенти ва Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомга 5-иловага мувофиқ ўзгартишлар киритилсин.
5. Халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашларига ушбу Қарорда баён этилган қоидаларни ҳисобга олган ҳолда:
халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатларининг одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлаш;
халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг регламенти ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги низомни қайта кўриб чиқиш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўз фаолиятини регламент асосида олиб боришлари ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатларининг одоб-ахлоқ қоидалари риоя этилишини таъминлашлари учун амалий ёрдам кўрсатиб борсин.
7. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2017 йил 28 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг одоби қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги СҚ-154-III-сонли Қарори;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2017 йил 25 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг одоби қоидаларига қўшимчалар ва ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги СҚ-217-III-сонли Қарори;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2020 йил 20 январдаги «Регламент ва одоб комиссияси таркиби тўғрисида»ги СҚ-27-IV-сонли Қарори;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 4 апрелдаги «Регламент ва одоб комиссияси таркиби тўғрисида»ги СҚ-289-IV-сонли Қарори;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2017 йил 9 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги КҚ-215-III-сонли Қарори ўз кучини йўқотган деб топилсин.
8. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев зиммасига юклансин.
9. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Т. НАРБАЕВА
Тошкент ш.,
2023 йил 25 март,
КҚ-476-IV-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2023 йил 25 мартдаги КҚ-476-IV-сонли қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Одоб-ахлоқ комиссиясининг
ТАРКИБИ

Бурханов Кутбидин Нукритдинович

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, Комиссия раиси

Чўллиев Шуҳрат Асқарович

Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари, Комиссия раиси ўринбосари

Иминов Одилжон Каримович

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси

Маруфова Гулнора Махмудовна

Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор

Садуллаева Фарахат Аминовна

Хоразм вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари

Суярова Санобар Зарфуллаевна

Ўзбекистон Республикаси Президенти таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Жиззах шаҳар 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори

Тошев Фармон Исхакович

«Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2023 йил 25 мартдаги КҚ-476-IV-сонли қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Одоб-ахлоқ комиссияси (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) вазифаларини, ваколатларини, фаолиятининг асосий йўналишларини, шунингдек унинг ишини ташкил этиш тартибини белгилаб беради.
2. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Регламентининг (бундан буён матнда Сенат Регламенти деб юритилади) нормаларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг одоб-ахлоқ қоидаларига (бундан буён матнда Одоб-ахлоқ қоидалари деб юритилади) риоя этилаётганлиги устидан назоратни таъминлаш ва уларга риоя этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш учун тузилади.
3. Комиссиянинг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонунига, «Парламент назорати тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, ушбу Низомга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
4. Комиссия (унинг таркиби) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) мажлисида сенаторлар орасидан Сенат ваколатлари муддатига сайланади.
5. Комиссиянинг сони ва шахсий таркиби Сенат қарорига асосан ўзгартирилиши мумкин.
6. Комиссия ўз фаолиятини қонунийлик, холислик ва адолатлилик тамойилларига асосан олиб боради.
7. Комиссиянинг фаолияти Сенат қарори билан муддатидан илгари тўхтатилиши мумкин.
2-боб. Комиссиянинг асосий ваколатлари
8. Комиссия ўз ваколатлари доирасида:
сенаторлар Сенат Регламенти нормаларига ва Сенат аъзоларининг Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этаётганлиги, шу жумладан, Сенат ва унинг органлари мажлисларида доимий иштирок этаётганлиги устидан доимий мониторинг олиб боради;
жисмоний ва юридик шахслар томонидан сенаторларнинг хатти-ҳаракатлари устидан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқади;
Сенат Раисининг топшириғи, сенаторларнинг ва фуқароларнинг мурожаатлари асосида ёхуд ўзининг ташаббуси билан ўз мажлисларида сенаторлар томонидан Сенат Регламенти нормалари ва Сенат аъзоларининг Одоб-ахлоқ қоидалари, шунингдек умумэътироф этилган ахлоқ нормалари бузилган ҳолатларни кўриб чиқади ҳамда баҳолайди;
Одоб-ахлоқ қоидаларини қўллаш бўйича сенаторларга маслаҳат ва тавсиялар беради;
сенатор мақомини тартибга солувчи нормалар бузилганлиги тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади;
сенаторнинг Сенатнинг, ўзи аъзо бўлган Сенат қўмиталарининг мажлисларида узрли сабабсиз ҳозир бўлмаслиги тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади;
Сенат топшириқларининг сенатор томонидан бажарилмаётганлиги тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади;
сенаторлар орасида қоидабузарликларнинг олдини олиш бўйича комплекс чоралар кўради;
Сенат аъзоларининг Одоб-ахлоқ қоидалари лойиҳасини ишлаб чиқади ва Сенат тасдиғига киритади, уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
сенаторларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳамда сенатор фаолиятининг бошқа кафолатларини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади;
Одоб-ахлоқ қоидаларини бузган сенаторга нисбатан таъсир чораларини қўллаш, шунингдек Сенат Регламенти қоидалари бузилган ҳолатларни бартараф этиш тўғрисида Сенат Кенгашига таклифлар киритади;
сенатор томонидан Одоб-ахлоқ қоидалари талаблари бузилган тақдирда, сенатордан ва бошқа юридик ва жисмоний шахслардан зарур ахборотни сўраб олади;
Одоб-ахлоқ қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан хулосалар тайёрлайди;
Сенат ва унинг органлари мажлисида ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан Комиссия хулосасини тақдим этади;
сенаторнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ва уни чақириб олиш тўғрисидаги материалларни Сенатда кўриб чиқиш учун тайёрлайди;
Сенат аъзоларини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги материалларни Сенатда кўриб чиқиши учун тайёрлайди;
Комиссия, унинг мажлисларига кўриб чиқиш учун киритилган масалаларни ҳал қилиш учун экспертлар ва мутахассисларни таклиф қилади;
сенатор томонидан Одоб-ахлоқ қоидалари бузилган тақдирда, унга тегишли бўлган зарур маълумотларни сўраб олади;
Комиссия фаолияти масалаларига доир Сенат қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқади.
Комиссия Сенат ва унинг Кенгаши қарорларига, шунингдек ушбу Низомга мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.
9. Комиссия Сенат қўмиталари, девони, бошқа органлар, мансабдор шахслар ва жамоатчилик билан Комиссия ваколатига доир масалалар юзасидан ҳамкорлик қилади.
10. Комиссия масалаларни Сенатнинг ёки унинг Кенгашининг топшириғига биноан ёхуд ўз ташаббуси билан кўриб чиқади.
3-боб. Комиссия ишини ташкил этиш
11. Комиссия унинг раиси, раис ўринбосари ва аъзоларидан таркибда фаолият олиб боради.
12. Комиссия ўз ишини йиғилиш шаклида ташкил этади. Комиссия мажлислари заруратга қараб чақирилади.
13. Сенат Регламенти нормалари ва Сенат аъзоларининг Одоб-ахлоқ қоидалари бузилиши билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
14. Комиссия мажлисларида таклиф этилган манфаатдор шахслар иштирок этишлари мумкин. Комиссия сайёр мажлислар ўтказишга ҳақли.
15. Комиссия қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Комиссия қарори, агар унга мажлисда ҳозир бўлган Комиссия аъзоларининг кўпчилиги овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. Қарорни ёқлаб ва унга қарши берилган овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Комиссия мажлисига раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
16. Комиссия фаолиятига раис раҳбарлик қилади.
Раис:
Комиссия ишини ташкил этади ва мувофиқлаштиради;
Комиссия мажлисларини чақиради ва олиб боради;
Комиссия томонидан тайёрланган қарорлар, хулоса ва таклифларни Сенатга, Сенат Кенгашига тақдим этади;
ўз ваколатлари доирасида Комиссия аъзоларига топшириқлар беради;
Комиссия аъзоларини Комиссияга келиб тушаётган барча ҳужжатлар ва материаллардан хабардор қилади;
Комиссия мажлисларида иштирок этиш учун манфаатдор шахсларни таклиф этади;
Комиссия аъзоларини Комиссия қарорларининг бажарилиши ҳақида хабардор қилади;
Комиссия томонидан қабул қилинадиган қарорларни имзолайди.
17. Комиссия раисининг ўринбосари:
Комиссия иш юритувини таъминлайди;
Комиссия мажлислари учун материалларни тайёрлаш бўйича ишларни ташкил этади;
Комиссия аъзоларини мажлислар вақти ва кун тартиби тўғрисида хабардор этиш бўйича ишларни ташкил қилади;
раис бўлмаганида унинг вазифаларини бажариб туради.
18. Комиссия аъзоси мажлисда иштирок этиши ва ўзига юклатилган топшириқларни бажариши шарт.
Мажлисда иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда, Комиссия аъзоси Комиссия раисига ёки Комиссия раиси ўринбосарига мажлисда иштирок эта олмаслик сабаблари ҳақида хабар беради.
4-боб. Комиссия мажлисларини ўтказиш тартиби
19. Сенатор томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш билан боғлиқ ўрганишни дастлабки тарзда ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:
юридик ва жисмоний шахслардан сенатор томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш билан боғлиқ шикоятларнинг келиб тушиши;
оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган сенаторнинг ножўя ҳаракатларига доир хабарлар;
сенатор томонидан қонун ҳужжатлари, ахлоқ нормалари ва Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш фактлари бўйича материалларни кўриб чиқиш ҳақида Сенат, унинг Кенгаши ёки Раисининг кўрсатмаси;
сенатор деган номга доғ туширувчи ножўя хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги ҳақидаги корхона, ташкилот, муассаса ва жамоат бирлашмалари ҳамда мансабдор шахслар берган хабарлар;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг расмий хабарлари.
20. Аноним хабар ва мурожаатлар асосида ўрганиш ўтказилиши мумкин эмас.
21. Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш билан боғлиқ ўрганишлар Комиссия томонидан бундай ахборот келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатдан оширмаган ҳолда амалга оширилади, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш билан боғлиқ ўрганиш ўтказиш учун қўшимча текшириш ўтказиш, материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, ўрганиш ўтказиш муддати Сенат Раиси томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчи хабардор қилинади.
22. Комиссия мажлисига, ҳақиқий ҳолатларни аниқлаш ва холисона қарор қабул қилиш мақсадида, ўзига нисбатан масала кўриб чиқилаётган сенатор, зарур бўлган ҳолларда эса, мурожаат қилувчи ва бошқа шахслар таклиф этилади.
Комиссия мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли равишда хабардор этилган шахсларнинг келмаслиги мурожаатни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
23. Ўзига нисбатан ўрганиш ўтказилаётган сенатор қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўрганиш тайинланганлиги ва унга асос бўлган ҳужжат мазмуни билан танишиб чиқиш;
ўрганиш ўтказиш бўйича Комиссия аъзолари юзасидан эътирози бўлган тақдирда Сенат раисига асослантирилган раддия бериш;
ҳужжатлар, маълумотномалар ва бошқа далилларни тақдим этиш;
ўрганиш натижасидан норози бўлган тақдирда Сенатга белгиланган тартибда шикоят қилиш.
24. Сенатор ўрганиш юзасидан сўралган зарур ҳужжатларни ва бошқа ахборотларни тегишли комиссияга тақдим этиши лозим. Бунда, ўрганиш ўтказишга тўсқинлик қилишга, Комиссия аъзоларига ўз вазифаларини амалга оширишга халақит қилишга ва уларга таъсир ўтказишга йўл қўйилмайди.
25. Одоб-ахлоқ қоидаларининг сенатор томонидан бузилганлиги факти аниқланган тақдирда, Комиссия унга нисбатан қуйидаги таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш бўйича Сенат Кенгашига масала киритишга ҳақли:
сенаторга Сенат Регламенти ва Одоб-ахлоқ қоидалари такрор бузилишига йўл қўймасликни кўрсатиб ўтган ҳолда огоҳлантириш бериш;
сенатордан Сенат Кенгашининг ёки Сенатнинг мажлисида узр сўрашни талаб этиш;
сенаторга Сенатнинг мажлисида танбеҳ бериш;
сенаторни «адолатли сенатор», «халқпарвар сенатор», «меҳнаткаш сенатор» каби мақомларидан маҳрум қилиш;
сенаторни Сенатнинг ялпи мажлисларида иштирок этиш ва овоз бериш ҳуқуқидан муайян муддатга маҳрум қилиш.
Комиссия сенатор ушбу Қоидалар бузилишига йўл қўйганлиги фактини Сенатнинг мажлисида ўқиб эшиттириши мумкин.
26. Сенаторлар хатти-ҳаракатига доир қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:
комиссияда олдин кўриб чиқилган мурожаат ва айнан шу мазмундаги такрор мурожаатлар;
аноним мурожаатлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатига оид ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда;
қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.
27. Комиссия қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат қилувчига, ўзига нисбатан масала кўриб чиқилган сенаторга ва Сенат Кенгашига ёзма равишда маълум қилади.
Сенат қарорининг лойиҳаси Комиссия томонидан Сенат Кенгашига кўриб чиқиши учун киритилганда, унга қисқа тушунтириш хати ва бошқа зарур материаллар илова қилинади.
28. Комиссиянинг қарори устидан Сенат Кенгашига шикоят қилиниши мумкин. Сенат Кенгаши Комиссия қарорини бекор қилишга ва ўз ваколати доирасида бошқа қарор қабул қилишга ҳақли.
29. Мурожаат унинг ташаббускори томонидан Комиссия қарори қабул қилингунига қадар қайтариб олиниши мумкин.
Тарафлар ярашган, шунингдек сенатор ўз хоҳиши билан ошкора узр сўраган ҳолларда, сенатор таъсир чоралари қўлланилишидан озод этилиши мумкин.
30. Комиссия мажлиси, агар унда Комиссия аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.
31. Комиссия мажлислари якуни бўйича қарор қабул қилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
32. Комиссия фаолиятига моддий-техник, ахборот ва бошқа хизматларни кўрсатишни Сенат девони таъминлайди.
33. Мазкур Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2023 йил 25 мартдаги КҚ-476-IV-сонли қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг
ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг Одоб-ахлоқ қоидалари (бундан буён матнда Одоб-ахлоқ қоидалари деб юритилади) «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, умум қабул қилинган одоб нормаларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси (бундан буён матнда сенатор деб юритилади) учун унинг ўз сенаторлик ваколатларини амалга ошириш чоғида мажбурий бўлган хулқ-атворнинг маънавий-ахлоқий принциплари ва хулқ-атвор қоидаларини белгилайди.
2. Одоб-ахлоқ қоидалари сенаторнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини чекламайди.
3. Сенатор ўз ваколатларини амалга ошираётганда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунига, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, бошқа қонунларга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламентига, шунингдек ушбу Қоидаларга амал қилади.
4. Сенатор ўз фаолиятида жамиятда умум қабул қилинган одоб-ахлоқ принципларига қатъий риоя этиши, фуқароларнинг, мансабдор шахсларнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиши, шунингдек сенатор номига доғ туширадиган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) нуфузига, умуман давлат манфаатларига путур етказадиган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши лозим.
5. Сенатор ўз вазифаларини виждонан ва ҳалол бажариши, ўзи аъзо бўлган қўмитанинг (комиссиянинг) иш режаларида, қарорларида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаши, ўз малакасини юқори даражада сақлаб туриши, ўзининг назарий билимлари ва амалий кўникмаларини такомиллаштириб бориши керак.
6. Сенатда доимий асосда ишловчи сенатор ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари бошқа ҳақ тўланадиган фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин эмас.
Сенаторнинг илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланиши унинг асосий касбий вазифаларини бажаришга зарар етказмаслиги керак.
7. Сенатор ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга ошириши керак:
умумдавлат ва минтақавий манфаатлар уйғунлиги;
инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги;
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатларига риоя этиш;
фуқароларнинг манфаатларини ифодалаш;
сенаторлик фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги.
2-боб. Сенат, унинг Кенгаши, қўмита ва комиссиянинг мажлисларида ўзини тутиш қоидалари
8. Сенатор Сенат мажлисларида, ўзи сайланган қўмиталар ва комиссиялар мажлисларида иштирок этиши шарт. Мажлисда иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда, сенатор бу ҳақда тегишинча Сенат Раисига, қўмита ва комиссия раисига олдиндан хабар қилиши шарт.
Сенат, унинг қўмиталари ва комиссиялари мажлисларида Сенат аъзоларига масалаларни эркин муҳокама қилиш ва жамоа бўлиб ҳал қилиш имконияти берилади.
9. Сенат, унинг Кенгаши, қўмита ва комиссиянинг мажлисида сенатор:
ўз нутқида сенаторларнинг ёки бошқа шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган қўпол, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни, имо-ишораларни қўлламаслиги;
мажлисларни ўтказишга халақит берадиган ҳаракатларга йўл қўймаслиги — сўзга чиққанларнинг сўзини бўлмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Регламентининг 53-моддасида назарда тутилган тартибга зид равишда ўз фикрини баён қилишга уринмаслиги;
ўтирган жойидан бақирмаслиги, муҳокама этилаётган масала юзасидан сўзга чиққанларнинг ўз нуқтаи назарини эркин баён этишига тўсиқлар вужудга келтирмаслиги;
турли узрсиз сабабларга кўра мажлислар залидан намойишкорона чиқиб кетмаслиги;
кун тартибидаги муҳокама қилинаётган масаладан имкон қадар четга чиқиб сўзламаслиги, бирор шахснинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи асоссиз айбловга йўл қўймаслиги;
сўзга чиқиш, сенаторлик фаолиятининг бошқа шаклларини амалга ошириш чоғида била туриб ёлғон ва нотўғри ахборотдан фойдаланмаслиги;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Регламентининг ва ушбу Қоидаларнинг талабларини бузадиган бошқа хатти-ҳаракатларни содир этмаслиги керак.
10. Сенатор ушбу Қоидаларнинг 9-бандида кўрсатилган хатти-ҳаракатларни содир этган тақдирда, мажлисда раислик қилувчи:
бундай қоидабузарликларга йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида сенаторни огоҳлантиришга;
сенаторни сўзлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга;
сенатордан мажлислар залини тарк этишни талаб қилишга;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Одоб-ахлоқ комиссиясидан (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) тегишли сенаторнинг хатти-ҳаракатига баҳо беришни сўрашга ҳақли.
11. Сенатор овоз бериш карточкасининг лозим даражада сақланиши ва фойдаланилишини таъминлаши шарт. Овоз беришни бошқа сенаторга ёки ўзга шахсга ишониб топширишга йўл қўйилмайди.
3-боб. Сенаторнинг бошқа сенаторлар, фуқаролар ва Сенат девони ходимлари билан ўзаро муносабатларда одоб-ахлоқ қоидалари
12. Сенаторлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар жинси, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси, ижтимоий мавқеи ва сиёсий мансублигидан қатъи назар тенг ҳуқуқлилик, бир-бирини ўзаро ҳурмат қилиш асосида йўлга қўйилади.
13. Сенаторлар танқидга сабр-тоқат билан ёндашиши, ўзига нисбатан билдирилган танқидий фикрларга қўполлик билан муносабат билдиришга йўл қўймаслиги керак.
14. Сенаторлар ўз ишида ҳар қандай масалани эркин жамоавий муҳокама қилиш, фикрлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш принципларига асосланиши, низоларга йўл қўймаслиги, келишмовчиликларни очиқ фикр алмашиш орқали бартараф этиш йўлларини биргаликда излаши керак.
15. Сенатор мунтазам халқ билан мулоқот қилиб туради. Сенаторнинг аҳоли билан ўзаро муносабатлари ўзаро ҳурмат, фуқаролар томонидан кўтарилган муаммолар ва масалаларга сенаторнинг эътибор билан муносабатда бўлишига асосланади.
Сенатор жойларга чиқиб, аҳоли билан ўтказилган мулоқотлар жараёнида расмиятчилик ва кўзбўямачилик, сохта ҳисоботлар бериш, учрашувларга ўз ўрнига бошқа одамларни юбориш, ўрганилаётган масаланинг туб илдизига етиб бормаслик каби ҳолатларга йўл қўймайди.
16. Сенатор:
фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш чора-тадбирларини кўради;
жисмоний ва юридик шахслардан тушган аризалар, таклифлар, шикоятларни кўриб чиқади, уларда кўрсатилган масалаларнинг тўғри ва ўз вақтида ҳал этилишига ўз ваколатлари доирасида кўмаклашади;
жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини олдиндан белгиланган график асосида шахсан қабул қилиши лозим.
17. Сенатор фуқаролар билан ишлашга виждонан ва ҳалол ёндашиши шарт. Сенаторнинг хулқ-атвори аҳолининг парламент вакилларига ва умуман давлат ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлашга ёрдам бериши керак. Фуқаролар билан шахсан мулоқотга киришганда сенатор билимдон, ҳалол ва адолатли шахс тимсолида намоён бўлишга интилиши лозим.
18. Сенатор ўзи бажараётган ишлардан ўзи аъзо бўлган Сенат қўмитасини белгиланган тартибда вақти-вақти билан, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда хабардор қилиб туради. Сенатор томонидан тақдим этиладиган ахборот тўлиқ, тўғри ва холисона бўлиши керак.
19. Сенаторнинг Сенат девони ходимлари билан ўзаро муносабати ҳурмат, профессионаллик асосида амалга оширилади.
Сенатор Сенат девони ходимлари учун ўрнак бўлиши, уларга хушмуомалалик билан муносабатда бўлиши, уларни жинси, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди ва ижтимоий мавқеи бўйича камситишга йўл қўймаслиги лозим.
Сенатор Сенат девони ходимларидан шахсий манфаатлари йўлида ёки уларнинг хизмат мажбуриятларига кирмайдиган вазифаларда фойдаланиши мумкин эмас.
4-боб. Оммавий чиқиш чоғидаги сенаторнинг одоб-ахлоқ қоидалари
20. Сенатор оммавий ахборот воситаларида, матбуот конференцияларида, бошқа жамоат тадбирларидаги, омма олдидаги баёнотларида, шу жумладан, Интернет тармоғида очилган шахсий саҳифаларида, ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида (блог, пост, изоҳлар қолдиришда):
Сенатнинг нуфузини туширишга олиб келиши ёки унинг ўз ваколатларини виждонан амалга оширишига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳаракатлардан (ҳаракатсизликдан) тийилиши;
ўзининг хатти-ҳаракати, ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслиги ҳамда асосли ва конструктив танқидни тўғри қабул қилиши;
давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқароларнинг фаолиятига нисбатан эътирозлари бўлса, уларни асосланган, аниқ муаммога қаратилган ҳолда баён этиши, текширилмаган, исботланмаган маълумот ва далиллардан фойдаланмаслиги;
юридик шахсларнинг ишчанлик обрўсига, жисмоний шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказиши мумкин бўлган асоссиз, ёлғон ёки нотўғри маълумотларни тарқатмаслиги;
фуқаролар билан мулоқот қилишда уларнинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган қўпол, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни қўлламаслиги ҳамда асоссиз айбловларга йўл қўймаслиги, қонунга хилоф хатти-ҳаракатларга даъват этмаслиги ҳамда била туриб ёлғон ва нотўғри ахборотдан фойдаланмаслиги керак.
Сенатор оммавий чиқиши чоғида суд тизими ва судьялар ҳақида танқидий фикр билдиришда уларнинг мустақиллиги ва холислигига таъсир кўрсатмаслиги, танқидий фикр далиллар билан асосланган ва аниқ бўлиши ҳамда судга ҳурматсизликни ифода этмаслиги лозим. Сенатор судлар сиёсатдан холи эканлиги ва танқидларга жавоб бериши унинг холислигини шубҳа остига қўйиши мумкинлигини инобатга олиши зарур.
21. Агар сенаторнинг омма олдидаги баёнотларида фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига, юридик шахснинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган фикрлар мавжуд бўлса, сенатор ўз фикрларининг янглишлиги ёхуд нотўғрилигини ошкора тан олиши ҳамда шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига дахл қилинган фуқаро ва (ёки) юридик шахсдан узр сўраши керак.
22. Сенатор бошқа сенаторларнинг касбий ва шахсий сифатларини ошкора шубҳа остига қўймаслиги лозим.
23. Сенатор ўзига расман ваколат берилган ҳоллардагина Сенат номидан сўзлаши мумкин.
5-боб. Сенаторнинг мақомидан ғайриҳуқуқий тарзда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги
24. Сенаторнинг ўз мақомидан фуқаролар, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларига зарар етказадиган тарзда фойдаланишига йўл қўйилмайди.
25. Сенатор ўз мақомидан ўзи учун, шунингдек ўзининг қариндошлари ва бошқа яқин кишилари учун наф, фойда, тижоратга оид ёки бошқа имтиёзлар олиш мақсадида фойдаланмаслиги, турли давлат органларига ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга шахсий масалалар бўйича мурожаат қилаётганда ўз мақомидан фойдаланмаслиги, сенаторлик фаолиятини бажариш билан боғлиқ тарзда ҳақ олмаслиги лозим.
26. Сенатор сенаторлик бланкаларидан фақат ўз ваколатларини амалга ошириш учун зарур бўлган расмий хат, сўровлар ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштиришда фойдаланиши шарт.
6-боб. Сенаторлик ваколатларини амалга ошириши муносабати билан олинган маълумотларнинг ошкор этилмаслиги
27. Сенатор ўз ваколатларини амалга ошириши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни, агар ушбу маълумотлар:
Сенатнинг, қўмита ва комиссиянинг ёпиқ мажлисларида кўриб чиқилган масалаларга тааллуқли бўлса;
давлат сири, қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга тааллуқли бўлса;
сенаторнинг дахлсизлигини чеклашга ёки сенатор томонидан ушбу Қоидаларнинг бузилганлиги билан боғлиқ бўлса;
фуқароларнинг шахсий ҳаётига оид сир бўлса ва сенаторга уларни ошкор этмаслик шарти билан ишониб маълум қилинган бўлса, ошкор этмаслиги лозим.
28. Сенатор давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар томонидан ўзига тақдим этилган расмий хизматга оид маълумотдан шахсий наф кўриш учун фойдаланишга ҳақли эмас.
7-боб. Хорижга хизмат сафари даврида, чет эллик фуқаролар билан учрашувларда одоб-ахлоқ қоидалари
29. Сенатор расмий делегациялар таркибида ва чет эллик фуқаролар билан учрашувларда олий давлат вакиллик органининг вакили эканлигини намойиш эта олиши лозим.
30. Сенатор расмий делегациялар таркибида чет давлатларда бўлган пайтида хизмат сафарининг мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқаришга, Сенат нуфузини ва умуман Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиши, ўзи борган мамлакатнинг қонун ҳужжатлари талабларига ҳамда расмий ва норасмий тадбирларни ўтказиш чоғида умум қабул қилинган одоб нормаларига риоя этиши керак.
8-боб. Хизматдан ташқари вақтдаги ва кийиниш одоби қоидалари
31. Сенатор хизматдан ташқари вақтда сенаторнинг юксак номига доғ туширадиган, ўзининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига, Сенатнинг нуфузига ва умуман давлат манфаатларига путур етказадиган хатти-ҳаракатлардан тийилиши шарт.
Шахсий ўзаро муносабатларда сенатор камтар, ҳалол, хушмуомала бўлиши ва ҳеч кимга нисбатан қўпол муносабатда бўлмаслиги лозим.
32. Кундалик турмушда одоб нормаларига риоя этиш ушбу Қоидаларнинг ажралмас қисмидир. Сенатор кийиниши услубининг сиполиги ва камтароналиги билан ажралиб туришига ҳаракат қилиши лозим.
Сенатор айниқса ўз ваколатларини амалга ошириш чоғида ўта дабдабали кийим-бош киймаслиги, ортиқча безаклар ва бошқа аксессуарлар тақмаслиги керак.
9-боб. Якунловчи қоидалар
33. Одоб-ахлоқ қоидалари бузилган тақдирда сенаторнинг хулқ-атвори тўғрисидаги масала Комиссия томонидан кўриб чиқилиши ёки Сенат мажлисига кўриб чиқиш учун киритилиши мумкин.
Комиссия ушбу Қоидаларни бузган сенаторга нисбатан қуйидаги таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш бўйича Сенат Кенгашига масала киритишга ҳақли:
сенаторга Сенат регламенти ва ушбу Қоидалар такрор бузилишига йўл қўймасликни кўрсатиб ўтган ҳолда огоҳлантириш бериш;
сенатордан Сенат Кенгашининг ёки Сенатнинг мажлисида узр сўрашни талаб этиш;
сенаторга Сенатнинг мажлисида танбеҳ бериш;
сенаторни «адолатли сенатор», «халқпарвар сенатор», «меҳнаткаш сенатор» каби мақомларидан маҳрум қилиш;
сенаторни Сенатнинг ялпи мажлисларида иштирок этиш ва овоз бериш ҳуқуқидан муайян муддатга маҳрум қилиш.
Комиссия сенатор ушбу Қоидалар бузилишига йўл қўйганлиги фактини Сенатнинг мажлисида ўқиб эшиттириши мумкин.
34. Қонунда назарда тутилган алоҳида ҳолларда сенаторнинг ваколатлари Сенат мажлисида қабул қилинган қарорга асосан муддатидан илгари тугатилиши мумкин. Бундай масалани кўриб чиқиш учун сенатор деган юксак номга доғ туширган хулқ-атвор асос бўлиши мумкин.
35. Сенатор томонидан умум қабул қилинган одоб нормаларини қўпол тарзда бузадиган ёки сенаторнинг юксак номига доғ туширадиган хатти-ҳаракатлар содир этилган тақдирда, у қонунда белгиланган тартибда чақириб олиниши ёхуд Сенат қарори билан ваколати муддатидан олдин тугатилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2023 йил 25 мартдаги КҚ-476-IV-сонли қарорига
4-ИЛОВА
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатларининг
НАМУНАВИЙ ОДОБ-АХЛОҚ ҚОИДАЛАРИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатларининг намунавий одоб-ахлоқ қоидалари (бундан буён матнда Одоб-ахлоқ қоидалари деб юритилади) «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламенти ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомга, шунингдек умумэътироф этилган одоб нормаларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатларининг (бундан буён матнда депутатлар деб юритилади) ўз депутатлик ваколатларини амалга оширишда риоя этиши лозим бўлган хулқ-атвор қоидаларини белгилайди.
2. Одоб-ахлоқ қоидалари депутатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда қонунлари билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини чекламайди.
3. Депутат ўз ваколатларини амалга ошириши чоғида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг регламентига ва ушбу қоидаларга амал қилади.
4. Депутат ўз фаолиятида жамиятда умум қабул қилинган одоб-ахлоқ принципларига қатъий риоя этиши, фуқароларнинг, мансабдор шахсларнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиши, шунингдек депутат номига доғ туширадиган ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) нуфузига, умуман давлат манфаатларига путур етказадиган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши лозим.
5. Депутат ўз вазифаларини виждонан ва ҳалол бажариши, ўзи аъзо бўлган сиёсий партия, партия гуруҳи ва Кенгаш доимий комиссияси режаларида, Кенгаш қарорларида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаши, ўз малакасини юқори даражада тутиб туриши, назарий билимлари ва амалий кўникмаларини такомиллаштириб бориши керак.
6. Кенгашда доимий асосда ишлайдиган депутат ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари бошқа ҳақ тўланадиган фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин эмас. Депутатнинг илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланиши унинг асосий касбий вазифаларини бажаришига зарар етказмаслиги керак.
7. Депутат ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга оширади:
фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги;
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа қонун ҳужжатларига риоя этиш;
сайловчиларнинг, ўзини депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партиянинг манфаатларини Кенгашда ифодалаш;
депутатлик фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги, ўз фаолияти тўғрисида сайловчиларни доимий хабардор қилиб бориш.
2-боб. Депутатларнинг Кенгаш сессияси, доимий комиссия ва партия гуруҳи мажлисларидаги депутатлик одоби
8. Депутат Кенгашнинг сессияларида, шунингдек ўзи таркибида бўлган доимий комиссия ва сиёсий партия гуруҳининг мажлисларида иштирок этиши шарт.
Сессия ёки мажлисда иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда, депутат бу ҳақда Кенгаш раиси, Кенгаш котибияти мудири, доимий комиссия раиси, партия гуруҳи раҳбарига камида бир кун олдин (иштирок этиш имкониятига тўсқинлик қилувчи тўсатдан юзага келган вазият бўйича сессия ёки мажлис бошланишидан олдин) хабар қилиши шарт.
9. Депутат Кенгаш сессияси, доимий комиссия ва партия гуруҳи мажлисларида:
ўз нутқида депутатларнинг ёки бошқа шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган қўпол, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни, имо-ишораларни қўлламаслиги;
сессия, мажлисларни ўтказишга халақит берадиган ҳаракатларга йўл қўймаслиги — сўзга чиққанларнинг сўзини бўлмаслиги, Кенгаш фаолиятига оид қонунчиликда назарда тутилган тартибга зид равишда ўз фикрини баён қилишга уринмаслиги;
бақирмаслиги, муҳокама этилаётган масала юзасидан сўзга чиққанларнинг ўз нуқтаи назарини эркин баён этишига тўсиқлар вужудга келтирмаслиги;
турли узрсиз сабабларга кўра мажлислар залидан намойишкорона чиқиб кетмаслиги;
кун тартибидаги муҳокама қилинаётган масаладан имкон қадар четга чиқиб сўзламаслиги, бирор шахснинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи асоссиз айбловга йўл қўймаслиги;
сўзга чиқиш, депутатлик фаолиятининг бошқа шаклларини амалга ошириш чоғида била туриб ёлғон ва (ёки) нотўғри ахборотдан фойдаланмаслиги;
Кенгаш Регламенти ва ушбу Қоидаларнинг талабларини бузадиган бошқа хатти-ҳаракатларни содир этмаслиги керак.
Депутатнинг депутатлик фаолиятидаги ташқи кўриниши ва кийиниш услуби аҳолининг Кенгашга ҳурматини, шу жумладан депутатнинг нуфузини оширишга хизмат қилиши керак.
Депутат ўз депутатлик фаолияти давомида унинг ваколати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланган гувоҳномани ўзи билан бирга олиб юриши, кўкрак нишонини кўкракнинг чап томонига тақиб юриши шарт.
10. Депутат ушбу Қоидаларнинг 9-бандида назарда тутилган хатти-ҳаракатларни содир этган тақдирда, тегишли сессия ёки мажлисда раислик қилувчи:
бундай қоидабузарликларга йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида депутатни огоҳлантиришга;
депутатни сўзлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга;
депутатдан мажлислар залини тарк этишни талаб қилишга;
Кенгашнинг Одоб-ахлоқ масалалари бўйича комиссиясидан (бундан буён матнда Одоб-ахлоқ комиссияси деб юритилади) депутатнинг хатти-ҳаракатларига баҳо беришни сўрашга ҳақли.
11. Депутат сессия ёки мажлисда шахсан овоз бериши шарт.
Овоз беришни бошқа депутат ёки ўзга шахсга берган депутатнинг хатти-ҳаракатлари бўйича Одоб-ахлоқ комиссияси ёки унинг таклифи билан Кенгаш томонидан ушбу Қоидаларда ҳамда «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган таъсир чоралари қўлланилиши мумкин.
3-боб. Депутатларнинг бошқа депутатлар, сайловчилар, сиёсий партия, партия гуруҳи ва Кенгаш котибияти ходимлари билан ўзаро муносабатлари
12. Депутатлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар жинси, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси, ижтимоий мавқеи ва сиёсий мансублигидан қатъи назар тенг ҳуқуқлилик, бир-бирини ўзаро ҳурмат қилиш асосида йўлга қўйилади.
13. Депутатлар танқидга сабр-тоқат билан ёндашиши, ўзига нисбатан билдирилган танқидий фикрларга қўполлик билан муносабат билдиришга йўл қўймаслиги керак.
14. Депутатлар ўз ишида ҳар қандай масалани эркин жамоавий муҳокама қилиш, фикрлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш принципларига асосланиши, низоларга йўл қўймаслиги, келишмовчиликларни очиқ фикр алмашиш орқали бартараф этиш йўлларини биргаликда излаши керак.
15. Депутат сайловчилар билан доимий алоқада бўлиб туради. Депутатнинг сайловчилар билан муносабатлари ўзаро ҳурмат қилиш, сайловчилар томонидан кўтариладиган муаммолар ва масалаларга депутатнинг эътибор билан муносабатда бўлишига асосланади.
16. Депутат:
қоида тариқасида, бир ойда камида бир маротаба сайловчилар учун қабул ташкил этиши;
сайловчиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш чора-тадбирларини кўриши;
сайловчилардан тушган таклифлар, аризалар, шикоятларни кўриб чиқиши, уларда кўрсатилган масалаларнинг тўғри ва ўз вақтида ҳал этилишига ўз ваколатлари доирасида кўмаклашиши;
жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини олдиндан белгиланган график асосида шахсан қабул қилиши лозим.
17. Депутат сайловчилар билан ишлашга виждонан ва ҳалол ёндашиши, улар билан бўладиган учрашувларда шахсан иштирок этиши, бу жараёнда расмиятчиликка йўл қўймаслиги ҳамда сохта ахборотлар тақдим этмаслиги шарт.
18. Депутат ўз депутатлик фаолияти ҳақида сайловчиларни белгиланган тартибда вақти-вақти билан, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда хабардор қилади.
Депутат томонидан сайловчиларга тақдим этиладиган ахборот тўлиқ, тўғри ва холисона бўлиши керак.
19. Депутат уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия ва партия гуруҳи билан алоқа боғлаб туради ҳамда уларнинг уставида (низомида) белгиланган одоб-ахлоқ ва интизом қоидаларига амал қилади.
Депутат Кенгашда уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия манфаатларини ифода этади.
20. Депутат Кенгаш котибияти ходимлари учун ўрнак бўлиши, уларга хушмуомалалик билан муносабатда бўлиши, уларни жинси, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди ва ижтимоий мавқеи бўйича камситишга йўл қўймаслиги лозим.
Депутат Кенгаш котибияти ходимларидан шахсий манфаатлари йўлида ёки уларнинг хизмат мажбуриятларига кирмайдиган вазифаларда фойдаланиши мумкин эмас.
4-боб. Оммавий чиқиш чоғидаги депутатлик одоби
21. Депутат оммавий ахборот воситалари, матбуот конференциялари, бошқа жамоат тадбирларидаги, омма олдидаги баёнотларида, шу жумладан, Интернет тармоғида очилган шахсий саҳифаларида, ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида (блог, пост, изоҳлар қолдиришда):
Кенгашнинг, уни номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия ва партия гуруҳининг нуфузини туширишга олиб келиши ёки унинг ўз ваколатларини виждонан амалга оширишига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиши;
ўзининг хатти-ҳаракати, ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслиги ҳамда асосли ва конструктив танқидни тўғри қабул қилиши;
давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқароларнинг фаолиятига нисбатан эътирозлари бўлса, уларни асосланган, аниқ муаммога қаратилган ҳолда баён этиши, текширилмаган, исботланмаган маълумот ва далиллардан фойдаланмаслиги;
юридик шахсларнинг ишчанлик обрўсига, жисмоний шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказиши мумкин бўлган асоссиз, ёлғон ёки нотўғри маълумотларни тарқатмаслиги;
фуқаролар билан мулоқот қилишда уларнинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказадиган қўпол, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни қўлламаслиги, асоссиз айбловларга йўл қўймаслиги, қонунга хилоф хатти-ҳаракатларга даъват этмаслиги ҳамда била туриб ёлғон ва нотўғри ахборотдан фойдаланмаслиги керак.
Депутат оммавий чиқиши чоғида суд тизими ва судьялар ҳақида танқидий фикр билдиришда уларнинг мустақиллиги ва холислигига таъсир кўрсатмаслиги, танқидий фикр далиллар билан асосланган ва аниқ бўлиши ҳамда судга ҳурматсизликни ифода этмаслиги лозим. Депутат судлар сиёсатдан холи эканлиги ва танқидларга жавоб бериши унинг холислигини шубҳа остига қўйиши мумкинлигини инобатга олиши зарур.
22. Агар депутатнинг омма олдидаги баёнотларида фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига, юридик шахснинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган фикрлар мавжуд бўлса, депутат ўз фикрларининг янглишлиги ёки нотўғрилигини ошкора тан олиши ҳамда шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига дахл қилинган фуқаро ва (ёки) юридик шахсдан узр сўраши керак.
23. Депутат бошқа депутатларнинг касбий ва шахсий сифатларини ошкора шубҳа остига қўймаслиги лозим.
24. Депутат ўзига расман ваколат берилган ҳоллардагина Кенгаш номидан сўзлаши мумкин.
5-боб. Депутатлик мақомидан ғайриқонуний равишда фойдаланишга йўл қўйилмаслиги
25. Депутат ўз мақомидан фуқаролар, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларига зарар етказадиган тарзда фойдаланиши мумкин эмас.
Депутатнинг ўз мақомидан, шу жумладан, назорат ваколатларидан:
ўзи, яқин қариндошлари ва ўзига яқин бошқа шахслар учун манфаат, хизматлар, тижоратга оид ёки бошқа наф олишга;
ўз шахсий ва яқинларининг манфаати йўлида фойдаланишга ва бу ваколат орқали давлат органлари мутасаддиларига тазйиқ ўтказишга;
суд ҳокимияти органлари фаолиятига аралашишга, шахсий масалалар бўйича давлат органлари ва ташкилотлари, давлат хизматчилари ва бошқа шахсларга таъсир ўтказишга;
ижроия ҳокимияти органларининг кадрлар сиёсатига аралашишга, муайян шахсларни ишга қабул қилиш, лавозимини кўтариш ёки моддий ёхуд маънавий рағбатлантиришга ундашга;
давлат органларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилишга, уларни ўз фаолиятини қонунчиликка зид равишда амалга оширишга ундашга;
қонунчиликда назарда тутилмаган имтиёзлар, преференциялар ёки афзалликларни олиш ёхуд бошқа қонунчиликка зид мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.
26. Депутат моддий манфаатдорлик эвазига Кенгаш сессияси ёки унинг органлари мажлисида бирор масалани олиб чиқиши ёки уни қўллаб-қувватлаб овоз бериши мумкин эмас.
27. Депутат Кенгаш, унинг органлари ҳамда депутатлик бланкаларидан фақат депутатлик ваколатларини амалга ошириш учун зарур бўлган расмий хат, сўров ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштиришда фойдаланиши шарт.
Депутат давлат мулкининг бут сақланишини таъминлаши ҳамда ўзига ишониб топширилган давлат мулкидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши лозим.
6-боб. Депутатлик ваколатларини амалга ошириши муносабати билан олинган маълумотларнинг ошкор этилмаслиги
28. Депутат депутатлик ваколатларини амалга ошириши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни, агар ушбу маълумотлар:
Кенгашнинг ёпиқ сессияси ёки унинг органлари ёпиқ мажлисларида кўриб чиқилган масалаларга тааллуқли бўлса;
давлат сири, қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга тааллуқли бўлса;
депутатнинг дахлсизлигини чеклашга ёки депутат томонидан ушбу Қоидаларнинг бузилганлиги билан боғлиқ бўлса;
сайловчиларнинг ёки бошқа шахсларнинг шахсий ҳаётига оид сир бўлса ва депутатга уларни ошкор этмаслик шарти билан ишониб маълум қилинган бўлса, ошкор этмаслиги лозим.
29. Депутат давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар томонидан ўзига тақдим этилган расмий хизматга оид маълумотдан шахсий наф кўриш учун фойдаланишга ҳақли эмас.
7-боб. Хорижга хизмат сафари даврида, чет эллик фуқаролар билан учрашувларда депутатлик одоб-ахлоқ қоидалари
30. Депутат расмий делегациялар таркибида ва чет эллик фуқаролар билан учрашувларда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органининг вакили эканлигини намойиш эта олиши лозим.
31. Депутат расмий делегациялар таркибида чет давлатларда бўлган пайтида хизмат сафарининг мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқаришга, Кенгашнинг нуфузини ва умуман Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиши, ўзи борган мамлакатнинг қонун ҳужжатлари талабларига ҳамда расмий ва норасмий тадбирларни ўтказиш чоғида умум қабул қилинган одоб нормаларига риоя этиши керак.
8-боб. Хизматдан ташқари вақтдаги ва кийиниш одоби қоидалари
32. Депутат хизматдан ташқари вақтда депутатнинг юксак номига доғ туширадиган, ўзининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига, Кенгашнинг нуфузига путур етказадиган, депутатлик ваколатларини суиистеъмол қилиш деб баҳоланадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан тийилиши, шу жумладан:
жамоат жойларида (кафе, ресторан ва бошқа кўнгилочар масканларда) ўзини тутиш қоидаларига риоя этиши, атрофдагиларнинг эътиборини тортувчи ортиқча ва салбий ҳаракатларга йўл қўймаслиги;
дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, гуруҳбозлик, маишатбозлик, ичкиликбозлик ва бошқа салбий иллатларга йўл қўймаслиги;
жамоат тартиби ва хавфсизлигига қарши қаратилган хатти-ҳаракатларни содир этмаслиги, бошқаларни ноқонуний ҳаракатларга даъват қилмаслиги шарт.
Шахсий ўзаро муносабатларда депутат камтар, ҳалол, хушмуомала бўлиши ва ҳеч кимга нисбатан қўпол муносабатда бўлмаслиги лозим.
33. Кундалик турмушда одоб нормаларига риоя этиш ушбу Қоидаларнинг ажралмас қисмидир. Депутат кийиниши услубининг сиполиги ва камтароналиги билан ажралиб туришига ҳаракат қилиши лозим.
Депутат айниқса депутатлик ваколатларини амалга ошириш чоғида ўта дабдабали кийим-бош киймаслиги, ортиқча безаклар ва бошқа аксессуарлар тақмаслиги керак.
9-боб. Манфаатлар тўқнашуви ва коррупцияга қарши чоралар
Олдинги таҳрирга қаранг.
34. Депутат ўз фаолиятида манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги, беғараз ва холис бўлиши керак.
Депутат:
ўз ваколатларини виждонан бажариши ва уларнинг бажарилишига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўз шахсий манфаатлари билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши;
ваколатларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги;
Кенгаш сессияси, доимий (муваққат) комиссия ёки Кенгашдаги партия гуруҳи мажлисида бевосита ўзининг шахсий манфаатдорлиги ёхуд ўзига алоқадор шахсларнинг манфаатдорлиги бўлган масала кўриб чиқилаётган бўлса, бу ҳақда олдиндан раислик қилувчини хабардор қилиши;
Кенгаш раиси ёки унинг ўринбосари сифатида фаолият юритганда депутатларни, Кенгашнинг доимий (муваққат) ёки бошқа комиссияси раиси, Кенгашдаги партия гуруҳи раҳбари ёки уларнинг ўринбосари сифатида фаолият юритганда ушбу коллегиал органларга сайланган (таркибида бўлган) депутатларни, бундан ташқари, Кенгаш котибияти ходимларини бевосита ёки билвосита ўзининг шахсий манфаатларини кўзловчи ҳаракатларга (ҳаракатсизликка) мажбурламаслиги;
бошқа депутатларга нисбатан ўзига маълум бўлган манфаатлар тўқнашуви ҳоллари тўғрисида Кенгаш раисига хабар бериши лозим.
Кенгаш сессияси, доимий (муваққат) комиссия ёки Кенгашдаги партия гуруҳи мажлисида раислик қилувчи манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида депутатнинг шахсий ёки депутатга алоқадор шахсларнинг манфаатдорлиги бўлган муҳокамаларда депутатнинг сўз олиш ҳуқуқини чеклаши мумкин.
Депутат:
хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш орқали шахсий наф олишга;
манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги ахборотни ошкор этиш чоғида маълумотларни яширишга ёхуд била туриб ёлғон ёки нотўғри ахборот тақдим этишга;
Кенгаш котибияти мол-мулкини сотиб олишда ёки ижарага олишда иштирок этишга ҳақли эмас.
Одоб-ахлоқ қоидалари мақсадлари учун қуйидаги шахслар депутатга алоқадор шахслар деб эътироф этилади:
депутатнинг яқин қариндошлари;
депутат ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг устав фонди (устав капитали) акцияларига ёки улушларига эгалик қилса, ўша юридик шахс;
депутат ёхуд унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахсда бошқарув органининг раҳбари ёки аъзоси бўлса, ўша юридик шахс.
(34-банд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2026 йил 14 августдаги КҚ-379-V-сонли қарори таҳририда)
35. Депутат ўз ваколатларини жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан ҳар қандай совға олиши тақиқланади.
Депутат алоҳида хизматлари учун Кенгашнинг қарори асосида, шунингдек мусобақалар ва танловларда эришган ютуқлари, давлат байрамлари, нишонланадиган саналар ҳамда бошқа расмий тадбирлар муносабати билан мукофотлаш натижасида ёхуд хизмат сафарлари, хорижлик делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи вақтида, шунингдек халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан совғалар олиши мумкин.
Хизмат сафарлари, халқаро, хорижий делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи вақтида, шунингдек халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олинган совға қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт бараваридан ошмаслиги лозим, ушбу миқдордан ошадиган совғалар Кенгаш мулки бўлиб, Кенгашга тақдим этилиши шарт.
36. Депутат ўз ваколатларини амалга ошириш чоғида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши ва коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) олдини олиши шарт.
Агар депутат коррупция фактлари тўғрисидаги ахборотга эга бўлса, у коррупциянинг олдини олиш учун зарур чоралар кўриши, шу жумладан Кенгаш ёки унинг органлари раҳбарларини ёки коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли давлат органига дарҳол хабар қилиши ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат этиши керак.
10-боб. Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши устидан назорат ва уни бузганлик учун жавобгарлик
37. Қуйидаги ҳолатлар депутат устидан Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш билан боғлиқ ўрганишни дастлабки тарзда ўтказишга асос бўлади:
сайловчилардан депутат томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш билан боғлиқ шикоятларнинг келиб тушиши;
ОАВ, жумладан Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган депутатнинг ножўя ҳаракатларига доир хабарлар;
депутат томонидан қонун ҳужжатларини, умум қабул қилинган одоб нормаларини, Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш фактлари бўйича материалларни кўриб чиқиш ҳақида Кенгаш раисининг кўрсатмаси;
депутат деган номга доғ туширувчи ножўя хатти-ҳаракатлар содир этилганлиги ҳақидаги корхона, ташкилот, муассаса ва жамоат бирлашмалари ҳамда мансабдор шахслар берган хабарлар;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг расмий хабарлари;
Одоб-ахлоқ комиссияси ташаббуси.
38. Аноним хабар ва мурожаатлар асосида ўрганиш ўтказилиши мумкин эмас.
39. Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш билан боғлиқ ўрганишлар Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан, бундай ахборот келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда амалга оширилади, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.
Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш билан боғлиқ ўрганиш ўтказиш учун қўшимча текшириш ўтказиш, материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, ўрганиш ўтказиш муддати Кенгаш раиси томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.
40. Ўзига нисбатан ўрганиш ўтказилаётган депутат Кенгаш ёки Одоб-ахлоқ комиссиясининг ўрганиш тайинлаш ҳақидаги қарори ҳамда унга асос бўлувчи мурожаат (шикоят, хабар) мазмуни билан таништирилади.
41. Ўзига нисбатан ўрганиш ўтказилаётган депутат қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўрганиш тайинланганлиги ва унга асос бўлган ҳужжат мазмуни билан танишиб чиқиш;
ўрганиш ўтказиш бўйича Одоб-ахлоқ комиссияси аъзолари юзасидан эътирози бўлган тақдирда Кенгаш раисига асослантирилган раддия бериш;
ҳужжатлар, маълумотномалар ва бошқа далилларни тақдим этиш;
ўрганиш натижасидан норози бўлган тақдирда Кенгашга белгиланган тартибда шикоят қилиш.
42. Депутат зиммасига кўрилаётган иш юзасидан ўзининг айбсизлигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмас.
43. Депутат ўрганиш юзасидан сўралган зарур ҳужжатларни ва бошқа ахборотларни Одоб-ахлоқ комиссиясига тақдим этиши лозим. Бунда, ўрганиш ўтказишга тўсқинлик қилишга, Одоб-ахлоқ комиссияси аъзоларига ўз вазифаларини амалга оширишга халақит қилишга ва уларга таъсир ўтказишга йўл қўйилмайди.
44. Одоб-ахлоқ комиссияси иш юзасидан қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўрганиш ўтказишга алоқадор бўлган, бошқа идоралар юритувида бўлган ҳужжатларни талаб қилиб олиш, танишиб чиқиш ва нусха олиш;
ўрганиш ўтказилаётган депутатдан тушунтиришлар олиш;
заруратга кўра, ўрганиш учун тор доирадаги мутахассис (эксперт)ларни жалб қилиш.
45. Ўрганиш якуни бўйича Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан хулоса қабул қилинади ва Кенгашнинг навбатдаги сессияси тасдиғига киритилади.
46. Ўрганиш хулосаси Кенгаш сессияси томонидан тасдиқланган кундан эътиборан кучга кирган ҳисобланади.
11-боб. Якунловчи қоидалар
47. Одоб-ахлоқ комиссияси ушбу Қоидаларни бузган депутатга нисбатан қуйидаги таъсир кўрсатиш чораларидан бирини қўллаш бўйича Кенгашга хулоса киритишга ҳақли:
депутатга ушбу Қоидаларни бузишга ёки қўйилмаслигини кўрсатиб ўтган ҳолда огоҳлантириш бериш;
депутатдан Одоб-ахлоқ комиссияси, доимий комиссия мажлиси ёки Кенгаш сессиясида расман узр сўрашни талаб этиш;
депутат томонидан ушбу Қоидаларнинг бузилишига йўл қўйилганлиги фактини Кенгаш сессиясида ўқиб эшиттириш;
«Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган таъсир чораларини қўллаш.
48. Депутат томонидан умум қабул қилинган одоб нормаларини, депутатлик одобини қўпол тарзда бузадиган, депутатнинг юксак номига доғ туширадиган, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг обрўсига путур етказадиган хатти-ҳаракатлар, ножўя ишлар содир этилган тақдирда, у қонунда белгиланган тартибда чақириб олиниши ёки унинг ваколатлари Кенгаш қарорига биноан муддатидан илгари тугатилиши мумкин.
49. Депутат ўзига нисбатан қўлланилган таъсир чораси юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишинча вилоят, Тошкент шаҳар Кенгашига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, Олий Мажлис Сенатига ёки судга шикоят қилиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-илова Ўзбекиcтон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2024 йил 21 октябрдаги КҚ-835-IV-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган)