toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 16.12.2025
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ХОРИЖИЙ ЮРИДИК ВА ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРГА ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ ИЖАРАГА БЕРИШ ТЎFРИСИДА
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 791-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Дипломатик ва уларга тенглаштирилган чет эл ваколатхоналарига, хорижий юридик ва жисмоний шахсларга, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга Тошкент шаҳрида ер участкаларини ижарага беришни тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Хорижий юридик ва жисмоний шахсларга, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга Тошкент шаҳрида ер участкаларини ижарага беришнинг Вақтинчалик тартиби тасдиқлансин (илова қилинмоқда).
Тошкент шаҳар ҳокимлиги:
ижара тўловининг бозор ставкаларини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда хорижий юридик ва жисмоний шахсларга ер участкаларини ижарага бериш бўйича кимошди савдолари ва танловлар ўтказсин;
Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Молия вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда ўтказилган кимошди савдолари, танловларнинг натижаларини ҳисобга олган ҳолда мазкур Тартибни тасдиқлаш учун 1994 йил 1 сентябргача Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Капитал қурилиш, транспорт ва алоқа бўлимига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 6 июль,
346-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 6 июлдаги 346-сон қарорига
ИЛОВА
Хорижий юридик ва жисмоний шахсларга, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга Тошкент шаҳрида ер участкаларини ижарага беришнинг
ВАҚТИНЧАЛИК ТАРТИБИ
1. Ушбу Вақтинчалик тартиб «Ижара тўғрисида», «Ер тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда дипломатик ва уларга тенглаштирилган чет эл ваколатхоналарига, хорижий юридик ва жисмоний шахсларга, қўшма корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга ер участкаларини ижарага бериш масалаларини тартибга солади.
2. Ер участкалари деганда ернинг иморатлар жойлашган ва қурилиш учун ажратиладиган участкалари тушунилади.
3. Қуйидагилар ижарага олувчилар бўлишлари мумкин:
хорижий юридик шахслар, шу жумладан, дипломатик ва уларга тенглаштирилган хорижий ваколатхоналар;
ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;
ерда алоҳида турган иморатлари бўлган ёки қурилиш учун ижарага ер олишни хоҳловчи чел эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, халқаро бирлашмалар ва ташкилотлар, уларнинг шуъба корхоналари ва филиаллари.
4. Ер участкалари чекланмаган муддатга ижарага берилади. Ижаранинг аниқ муддатлари шартнома билан белгиланади.
5. Ер участкасини ижарага олишни хоҳловчи хорижий юридик ва жисмоний шахслар Тошкент шаҳар ҳокимлигига буюртманома билан мурожаат қиладилар, дипломатик ва уларга тенглаштирилган хорижий ваколатхоналар эса қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг илтимосномасини тақдим этадилар.
Буюртманомада қуйидагилар кўрсатилиши керак:
ер участкасини ижарага олишнинг мақсади ва муддати;
мўлжалланаётган қурилишнинг тури, ҳажми ва муддатлари;
ер участкасининг талаб этиладиган майдони.
6. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ижарага ер участкаси бериш тўғрисидаги буюртманомани бир ой муддатда кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.
7. Ижара тўловининг вақтинчалик ставкалари илова қилинаётган жадвалга мувофиқ белгиланади.
8. Хорижий юридик ва жисмоний шахслар ер участкаларининг ижара ҳақини белгиланган ставкаларга мувофиқ эркин алмаштириладиган валютада тўлайдилар.
Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, халқаро бирлашмалар ва ташкилотлар тўловни:
агар уларнинг хўжалик фаолияти эркин алмаштириладиган валютада амалга ошириладиган ҳамда валюта тушуми мавжуд бўлса—эркин алмаштириладиган валютада;
агар операциялар мутлақо маҳаллий валютада амалга оширилса ва валюта тушуми мавжуд бўлмаса — Марказий банкнинг ижара ҳақи тўланаётган вақтдаги курси бўйича ижара тўғрисидаги шартномага мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида;
агар уларнинг хўжалик фаолияти ҳам эркин алмаштириладиган валютада, ҳам Ўзбекистон Республикаси валютасида амалга оширилса—тегишли нисбатан эркин алмаштириладиган валютада ва Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида амалга оширадилар.
9. Бериладиган ер участкаси бўйича ижара шартномаси Тошкент шаҳар ҳокимлигининг шу ишга ваколат берилган вакили ҳамда ижарага олувчининг вакили имзолагандан кейин кучга киради.
Жадвал
Шаҳар ерларини комплекс иқтисодий баҳолаш асосида белгиланган Тошкент шаҳрининг ҳудудий-иқтисодий баҳолаш зоналари бўйича хорижий юридик ва жисмоний шахсларга, дипломатик ва уларга тенглаштирилган хорижий ваколатхоналарга бериладиган ер майдонлари учун ҳар йилги энг кам ижара тўловларининг
ВАҚТИНЧАЛИК СТАВКАЛАРИ
‎Ҳудудий ‎зоналар Бир кв. метр ер учун ижара тўловларининг
‎АҚШ долларидаги ставкалари‎‎‎
‎хорижий юридик ва
‎жисмоний шахслар‎
дипломатик ва уларга
‎теглаштирилган хорижий
‎ваколатхоналар‎
1‎ 2,50‎ 0,50‎
2‎ 2,75‎ 0,75‎
3‎ 4,25‎ 1,25‎
4‎ 6,25‎ 1,75‎
5‎ 7,50‎ 2,25‎
6‎ 7,75‎ 2,50‎
7‎ 12,25‎ 3,75‎
8‎ 14,50‎ 4,50‎
9‎ 16,50‎ 5,00‎
10‎ 18,75‎ 5,75‎
11‎ 20,50‎ 6,25‎
12‎ 22,50‎ 6,75‎
13‎ 24,50‎ 7,50‎
14‎ 26,25‎ 8,00‎