toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги тизимидаги спорт-таълим ташкилотларида хизматлар кўрсатишни аутсорсинг асосида ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
(қарор номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маъмурий ислоҳотлар доирасида ёшлар сиёсати ва спорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 7 апрелдаги ПҚ-114-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 апрелдаги ПҚ-114-сон қарори билан тасдиқланган Ёшлар сиёсати ва спорт соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тизим фаолиятини трансформация қилиш бўйича «йўл харитаси»нинг 15-бандида давлат спорт-таълим муассасаларида хўжалик, жумладан, спортчи-ўқувчиларни овқатлантириш хизматларини аутсорсинг асосида амалга оширишни йўлга қўйиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги тизимидаги спорт-таълим ташкилотларида аутсорсингга ўтказиладиган хизматлар рўйхати 1-иловага мувофиқ;
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги тизимидаги спорт-таълим ташкилотларида хизматлар кўрсатишни аутсорсинг асосида ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)
3. Белгилаб қўйилсинки:
спорт-таълим ташкилотларида хизматлар аутсорсинг асосида мазкур қарорга 1-иловада келтирилган рўйхатга мувофиқ кўрсатилади;
спорт-таълим ташкилотларида аутсорсинг асосида овқатлантиришни ташкил этишда аутсорсер вақтинча фойдаланадиган ошхонанинг ишлаб чиқариш хоналари, асбоб-ускуналари, идиш-товоқлари ва мебель жиҳозлари текин фойдаланиш шартномаси асосида берилади;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 617-моддаси.
хизматлар кўрсатилиши аутсорсинг асосида ташкил этилиши муносабати билан тежалган Давлат бюджети маблағлари, биринчи навбатда, спорт-таълим ташкилотларининг моддий-техник базасини яхшилашга йўналтирилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 ноябрдаги ПҚ-5280-сон «Спорт-таълим муассасалари фаолиятини 2025 йилгача ривожлантириш дастури тўғрисида»ги қарори.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Спорт вазирлиги билан биргаликда:
(4-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)
спорт-таълим ташкилотларида аутсорсинг асосида овқатлантиришни ташкил этиш бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёрланаётган таомлар, шунингдек, уларда фойдаланиладиган технологик жиҳозларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослиги;
ошхоналар ходимлари томонидан санитария-гигиена тадбирлари бажарилишига қатъий риоя этилиши устидан назорат олиб борсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги:
2024 йил 1 январга қадар камида 10 та спорт-таълим ташкилотларида овқатлантиришни аутсорсинг асосида ташкил этсин;
мазкур қарорга 1-иловада келтирилган аутсорсингга ўтказиладиган хизматларни спорт-таълим ташкилотларида жорий қилиш чораларини кўрсин;
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 15 ноябрь,
598-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 ноябрдаги 598-сон қарорига
1-ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги тизимидаги спорт-таълим ташкилотларида аутсорсингга ўтказиладиган хизматлар
РЎЙХАТИ
(1-илованинг номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)

Т/р

Хизмат тури

1.

Спортчи-ўқувчиларни овқатлантириш

2.

Кир ювиш

3.

Бино ва иншоотларни сақлаб туриш, шунингдек, уларнинг муҳандислик-техник тизимларига хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 ноябрдаги 598-сон қарорига
2-ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги тизимидаги спорт-таълим ташкилотларида хизматлар кўрсатишни аутсорсинг асосида ташкил этиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
(2-илованинг номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)
1-боб. Умумий қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) тизимидаги спорт-таълим ташкилотларида хизматлар кўрсатишни аутсорсинг асосида ташкил этиш тартибини белгилайди.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аутсорсинг — Вазирлик тизимидаги спорт-таълим ташкилотларининг айрим функция ва хизматларини шартнома асосида тадбиркорлик субъектига ўтказиш;
аутсорсер — Вазирлик тизимидаги спорт-таълим ташкилотларига шартнома асосида хўжалик фаолияти билан боғлиқ ишларни бажариш хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик субъекти;
буюртмачи — Вазирлик тизимидаги спорт-таълим ташкилотлари;
талабгор — спорт-таълим ташкилотларига аутсорсинг асосида хизмат кўрсатиш ҳамда ушбу Низомга мувофиқ танлашда иштирок этиш истагини билдирган тадбиркорлик субъекти.
3. Буюртмачи хизматларини аутсорсингга ўтказишда қуйидаги шартларга риоя қилиши шарт:
аутсорсерни қонунчилик ҳужжатлари асосида танлаб олиш ҳамда унга ўтказиладиган ишлар (хизматлар) сифатини ошириш;
буюртмачининг аутсорсерга ўтказиладиган ишлар (хизматлар)ни бажариш билан банд бўлган ходимлар сонини (штатини) қисқартириш.
Буюртмачи хизматларни аутсорсерга ўтказишда уларнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш ва хўжалик фаолияти харажатларини қисқартириш ҳамда аутсорсерга ўтказилган ишлар (хизматлар)нинг сифатини ошириши лозим.
4. Аутсорсер ходимларининг буюртмачига тегишли ҳудудга белгиланган тартибда олдиндан тақдим этилган рўйхат асосида киришига рухсат берилади.
5. Аутсорсинг хизматини кўрсатиш жараёнида махфийлик тартибига риоя этиш буюртмачи томонидан таъминланади.
2-боб. Аутсорсинг хизматларига нарх белгилаш тартиби
6. Аутсорсинг хизматларига ҳақ тўлаш миқдорлари буюртмачи томонидан тегишли хизмат учун сарфланадиган барча харажатлар (иш ҳақи, иш ҳақига ажратма, моддий ва бошқа харажатлар) суммасидан келиб чиқиб белгиланади.
Бунда буюртмачининг хизматларни аутсорсерга ўтказишда уларнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш мақсадида аутсорсерга тўланадиган ҳақ миқдори ушбу хизмат учун буюртмачи томонидан бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан сарфланадиган барча харажатларидан ошиб кетмаслиги керак.
3-боб. Аутсорсерни танлаш, шартнома тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби
7. Аутсорсер Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ танланади.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 27 сентябрдаги ПҚ-3953-сон қарорига мувофиқ давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатида назарда тутилган ишлар ёки хизматлар бўйича аутсорсер буюртмачи ҳузурида фаолият кўрсатадиган Харид комиссияси (кейинги ўринларда — Харид комиссияси) томонидан катта иш тажрибасига, тегишли молиявий ва моддий-техник базасига эга бўлган талабгорларга устунлик берган ҳолда уларнинг нархларни ўрганиш орқали аниқланади.
9. Талабгорларга нисбатан қуйидаги талаблар қўйилади:
шартнома тузиш учун қонуний ҳуқуққа эгалиги;
шартномани бажариш учун зарур техник, моддий, кадрлар ресурсларининг ҳамда бошқа ресурсларнинг мавжудлиги;
аутсорсинг хизмати бўйича камида уч ойлик шартнома суммасига тенг айланма маблағларга эга бўлиши;
солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича муддати ўтган қарздорликнинг мавжуд эмаслиги;
ўзига нисбатан жорий этилган банкротлик тартиб-таомилларининг мавжуд эмаслиги;
инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида қайд этилмаганлиги;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ хабардор этиш, лицензия ёки рухсат бериш талаб этиладиган фаолият турлари бўйича ваколатли органни хабардор қилган, тегишли лицензия ёки рухсат олган бўлиши.
10. Буюртмачи томонидан аутсорсер ушбу Низомга иловага мувофиқ схема асосида танланади.
11. Аутсорсерни танлашда буюртмачи томонидан тоқ сонли ва камида беш нафар аъзодан иборат таркибда Харид комиссияси тузилади.
Буюртмачи Харид комиссиясининг ҳар бир аъзосига ва масъул котибига ўз вазифаларини амалга ошириш учун давлат харидларининг электрон тизимида шахсий кабинет очади.
12. Буюртмачи томонидан аутсорсерни танлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинади.
13. Аутсорсерни танлаш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг уч кун ичида буюртмачининг масъул таркибий бўлинмаси томонидан харид ҳужжатлари, шартнома ва танлаш ҳақидаги эълоннинг матни ишлаб чиқилиб, Харид комиссиясига келишиш учун электрон шаклда тақдим этилади.
14. Харид комиссияси томонидан харид ҳужжатлари, шартнома ва танлаш ҳақидаги эълоннинг матни уч кун ичида кўриб чиқилиб, келишилади ҳамда буюртмачига юборилади.
15. Буюртмачи бир кун ичида Харид комиссияси билан келишилган харид ҳужжатларини электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди.
16. Тасдиқланган харид ҳужжатлари, шартнома лойиҳаси, шунингдек, аутсорсерни танлаш ҳақидаги эълон талабгорларнинг таклифларини қабул қилиш муддати тугашидан камида беш иш кунидан олдин буюртмачи томонидан давлат харидларининг электрон тизимига жойлаштирилади.
17. Талабгорлар таклифларини ўзларининг шахсий кабинетлари орқали эълонда кўрсатилган муддатдан кечиктирмай тақдим этадилар.
18. Таклифларни очиш муддати келгунга қадар таклифлар талабгорлар, шунингдек, Харид комиссияси масъул котиби ва аъзолар томонидан кўрилишига йўл қўйилмайди (ушбу таклифларни тақдим этган талабгорлар бундан мустасно).
19. Давлат харидларининг электрон тизими талабгор таклиф этган нархнинг бошланғич нархга мувофиқлигини ва электрон майдонларнинг тўлдирилганлигини ҳамда бириктирилган файлларнинг мавжудлигини текширади.
Талабгор томонидан таклиф этилган нарх бошланғич нархдан юқори бўлса, шунингдек, тўлдирилиши мажбурий бўлган майдонлар тўлдирилмаган бўлса ёки бириктирилиши мажбурий бўлган файллар мавжуд бўлмаса, давлат харидларининг электрон тизимида рад этиш сабаби кўрсатилган ҳолда талабгорнинг таклифи рад этилади.
Бириктирилган файллардаги маълумотларнинг талабгор таклифида кўрсатилган маълумотларга мувофиқлиги Харид комиссиясининг масъул котиби томонидан текширилади.
20. Агар таклиф Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуни ва харид ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлса, у Харид комиссияси томонидан расмийлаштирилган деб топилади.
Талабгорнинг таклифи талабларга мос келмаганлиги тўғрисидаги қарор ушбу қарор қабул қилинган кунда талабгорнинг шахсий кабинетига юборилади.
21. Ғолиб харид ҳужжатларида белгиланган мезонлар ва усул асосида аниқланади.
Таклифнинг миқдорий кўрсаткичлари, шу жумладан, нарх қисми давлат харидларининг электрон тизими томонидан автоматик тарзда баҳоланади.
22. Таклифларни кўриб чиқиш ҳамда баҳолаш натижалари давлат харидларининг электрон тизимида автоматик тарзда шаклланган дастлабки электрон баённомада қайд этилади ва уни ўтказиш бўйича Харид комиссияси аъзолари томонидан электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда имзоланади.
23. Дастлабки электрон баённома расмийлаштирилган кунда давлат харидларининг электрон тизимида муҳокама қилиш учун икки иш кунига жойлаштирилади.
Икки иш куни ичида талабгорлар томонидан натижалар бўйича эътирозлар тушмаган бўлса, бу тўғрисида Харид комиссиясининг тегишли мажлисининг электрон баённомаси расмийлаштирилади ва давлат буюртмачиси билан ғолиб деб топилган талабгор ўртасида шартнома тузилади.
24. Аутсорсерни танлаш натижалари бўйича талабгорлардан эътирозлар тушганда, Харид комиссияси эътирозларни икки иш куни ичида кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.
25. Буюртмачи томонидан Харид комиссиясига тақдим этилган муҳокама натижалари тўғрисидаги ахборот асосида Харид комиссиясининг тегишли мажлисининг электрон баённомаси расмийлаштирилади ва баённома имзоланган кундан бошлаб уч иш куни ичида давлат харидларининг электрон тизимига жойлаштирилади.
26. Аутсорсерни танлаш натижаларига доир шартнома харид ҳужжатларида ва ўзи билан шартнома тузилаётган талабгор томонидан тақдим этилган таклифда назарда тутилган шартлар асосида ғолиб аниқланган вақтдан бошлаб ўн иш кунидан кечиктирмасдан тузилади.
Бунда шартнома молия йили бошида йилнинг биринчи чораги учун буюртмачининг вақтинча харажатлар сметасида ушбу хизматлар учун ажратилган маблағлар доирасида, йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра эса, асосий харажатлар сметасида ажратилган йиллик маблағлар доирасида жорий молия йили охирига қадар (календарь йил учун ўқувчи-спортчиларга бериладиган таътилларни инобатга олган ҳолда) амал қилинишини назарда тутган ҳолда тузилади.
27. Аутсорсерни танлаш натижаларига кўра шартнома электрон шаклда тузилади ҳамда Шартномаларнинг ягона реестрига киритилади.
28. Кўрсатилган хизматлар ҳисоб-китоби шартнома ойлик суммасининг 15 фоизи олдиндан ўтказиб берилганидан, қолган 85 фоизи ҳақиқатда кўрсатилган хизматлар суммасидан келиб чиқиб ҳар 10 кунда, якуний ҳисоб- китоб эса — кейинги ойнинг 10-санасига қадар амалга оширилади.
29. Уқув йили давомида ўқувчи-спортчилар сони ўзгарганда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар асосида тасдиқланган ўртача бозор нархлари кескин ўзгарганда, аутсорсер ва буюртмачи томонидан шартнома бўйича умумий бошланғич сумманинг 10 фоизидан ошмаган миқдорда қўшимча шартнома тузилиши мумкин.
4-боб. Аутсорсер ва буюртмачининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
30. Аутсорсер қуйидаги ҳуқуқларга эга:
фойдаланиладиган коммунал хизматлар қиймати белгиланган лимит ва ташкилотга ажратилган бюджет маблағлари доирасида қопланишини талаб қилиш;
кўрсатган хизматлари учун тўловни шартномада белгиланган миқдор ва муддатда талаб қилиш;
хизматлар таннархининг ўзгариши муносабати билан шартномага ўзгартириш киритиш таклифи билан чиқиш;
буюртмачидан шартнома шартларининг бажарилишини талаб қилиш.
Аутсорсер қонунчилик ҳужжатларига ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
31. Аутсорсер:
ижарага олинган бино ва иншоотлар, жиҳозлардан мақсадли ҳамда оқилона фойдаланиши, сақлаши, носоз ҳолга келганда уларни ўз ҳисобидан таъмирлаши;
аутсорсинг хизматини кўрсатишда техника, ёнғин, меҳнат муҳофазаси ҳамда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатъий риоя этиши;
товар (ишлар, хизматлар)нинг сифатли ишлаб чиқарилишини ва буюртмачига етказилишини таъминлаши;
махфийлик тартибига қатъий риоя қилиши;
шартномани бекор қилиш ҳақида буюртмачини икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириши, ушбу муддат тугагунига қадар эса буюртмачининг тегишли хизматларини узлуксиз ташкил этишни таъминлаши лозим.
Аутсорсер зиммасига қонунчилик ҳужжатларига ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
32. Буюртмачи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
товарлар (ишлар, хизматлар) сифатли ишлаб чиқарилиши (бажарилиши, кўрсатилиши)ни талаб қилиш;
ижара шартномаси доирасида аутсорсерга вақтинча фойдаланишга бериладиган технологик жиҳозлар, ошхона ва омборхоналар, асбоб- ускуналар, идиш-товоқлар ва мебеллардан фойдаланиш учун ноль ставкада топшириш ва уларнинг ишчи ҳолатда сақланишини назорат қилиш;
аутсорсернинг фаолиятига аралашмаган ҳолда, шартнома шартларининг бажарилишини назорат қилиш.
Буюртмачи қонунчилик ҳужжатларига ҳамда шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
33. Буюртмачи шартномага мувофиқ белгиланган муддат ва шартлар асосида аутсорсерга кўрсатилган хизматлар учун, шунингдек, фойдаланиладиган коммунал хизматлар харажатлари бўйича тўловларни белгиланган нормалар асосида спорт-таълим ташкилотларига ажратилган бюджет маблағлари доирасида ўз вақтида амалга ошириши лозим.
Буюртмачи зиммасига қонунчилик ҳужжатлари ва шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.
34. Аутсорсинг хизматларини ташкил этишда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши бўйича буюртмачи ва аутсорсер масъул ҳисобланади.
5-боб. Аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан назорат ва мониторингни амалга ошириш
35. Аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан назорат ва мониторинг буюртмачи томонидан шартномада белгиланган шартларда ва муддатларда амалга оширилади.
36. Аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан мониторинг буюртмачи ташкил этадиган комиссия (кейинги ўринларда — комиссия) томонидан амалга оширилади.
37. Комиссия таркиби спорт-таълим ташкилотлари педагогик кенгашининг қарорига асосан тасдиқланади.
Комиссия таркибига спорт-таълим ташкилотлари ўқувчи- спортчиларининг камида уч нафар ота-оналари киритилиши лозим.
38. Комиссия:
аутсорсинг хизмати кўрсатилиши юзасидан доимий мониторинг олиб боради, жумладан, спорт-таълим ташкилоти ходимлари ва ўқувчи- спортчилари ўртасида сўровномалар ўтказади;
мониторинг натижаларидан келиб чиқиб, буюртмачи ва аутсорсерга тегишли таклиф ва тавсиялар киритади;
ошхона ва омборларда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши ҳамда эпидемияга қарши тадбирлар талабларининг бузилиш ҳолатларини бартараф этиш чораларини кўради;
тайёр таом ва озиқ-овқат маҳсулотларининг белгиланган кунлик меъёрларга мос бўлишини ҳамда сифатини ўрганади, зарур ҳолатларда четдан мутахассислар жалб этади.
Комиссия буюртмачи томонидан юкланган бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
39. Аутсорсер томонидан ташкил этилган хизматларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига, шунингдек, техник тартибга солиш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатлар талабларига тўлиқ мувофиқлиги ваколатли давлат органлари ҳамда Вазирликнинг тегишли бўлинмалари томонидан назорат қилинади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
40. Ушбу Низомда назарда тутилган талабларнинг бузилиши буюртмачи ва аутсорсер ўртасида тузилган шартноманинг белгиланган тартибда бекор қилинишига асос бўлади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 28-боби.
41. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги тизимидаги спорт-таълим ташкилотларида хизматлар кўрсатишни аутсорсинг асосида ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
(илова белгиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)
Буюртмачи томонидан аутсорсерни танлаш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Чора-тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Буюртмачи

1. Тоқ сонли ва камида беш нафар аъзодан иборат таркибда харид комиссиясини тузади.

2. Аутсорсерни танлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Заруратга кўра

2-босқич

Буюртмачи

Харид ҳужжатлари, шартнома ва аутсорсерни танлаш ҳақидаги эълоннинг матнини ишлаб чиқиб, Харид комиссиясига келишиш учун электрон шаклда тақдим этади.

Аутсорсерни танлаш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг уч кун ичида

3-босқич

Харид комиссияси

Харид ҳужжатлари, шартнома ва аутсорсерни танлаш ҳақидаги эълоннинг матнини кўриб чиқади ва келишилган ҳужжатларни буюртмачига юборади.

Уч кун ичида

4-босқич

Буюртмачи

1. Харид комиссияси билан келишилган харид ҳужжатларини электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди.

1. Бир кун ичида

2. Харид ҳужжатлари, шунингдек, аутсорсерни танлаш ҳақидаги эълонни давлат харидларининг электрон тизимига жойлаштиради.

2. Талабгорларнинг таклифларини қабул қилиш муддати тугашидан камида беш иш кунидан олдин

5-босқич

Талабгор

Электрон таклифни ўзининг шахсий кабинети орқали тақдим этади.

Эълонда кўрсатилган муддатдан кечиктирмай

6-босқич

Давлат харидларининг электрон тизими

1. Талабгор таклиф этаётган нархнинг бошланғич нархга мувофиқлигини ва электрон майдонларнинг тўлдирилганлигини ҳамда бириктирилган файлларнинг мавжудлигини текширади.

Таклифларни қабул қилиш муддати тугагунига қадар

2. Талабгор томонидан таклиф этилаётган нарх бошланғич нархдан юқори бўлса, шунингдек, тўлдирилиши мажбурий бўлган майдонлар тўлдирилмаган бўлса ёки бириктирилиши мажбурий бўлган файллар мавжуд бўлмаса, рад этиш сабабини кўрсатган ҳолда талабгорнинг таклифини рад этади.

3. Таклиф талабларга мос келмаганлиги тўғрисидаги қарорни талабгорнинг шахсий кабинетига юборади.

Қарор қабул қилинган кунда

7-босқич

Давлат харидларининг электрон тизими

1. Танлаш тўғрисидаги таклифнинг миқдорий кўрсаткичларини, шу жумладан, нарх қисмини баҳолайди.

1. Таклифлар бериш тугаган пайтдан эътиборан ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатда

2. Таклифларни кўриб чиқиш ҳамда баҳолаш натижалари бўйича дастлабки электрон баённомани шакллантиради.

2. Автоматик тарзда

8-босқич

Харид комиссияси аъзолари

Дастлабки электрон баённомани электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда имзолайди.

Таклифлар бериш тугаган пайтдан эътиборан ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатда

9-босқич

Давлат харидларининг электрон тизими

1. Дастлабки электрон баённомани муҳокама учун жойлаштиради.

1. Автоматик тарзда

2. Электрон баённома муҳокамасини ўтказади.

2. Икки иш куни ичида

10-босқич

Харид комиссияси

Талабгорлар томонидан танлов ўтказиш натижалари бўйича эътирозлар тушмаган бўлса, бу тўғрисида тегишли электрон баённомани расмийлаштиради.

Икки иш куни ичида

11-босқич

Буюртмачи

Ғолиб деб топилган талабгор билан электрон шаклда шартнома тузади.

Ун иш куни ичида

12-босқич

Давлат харидларининг электрон тизими

Тузилган шартнома тўғрисидаги маълумотларни Шартномаларнинг ягона реестрига жойлаштиради.

Автоматик тарзда

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.11.2023 й., 09/23/598/0858-сон; 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)