toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ишларини жадаллаштириш, «Ҳар бир фуқаро — эътибор марказида» тамойили асосида аҳолининг барча қатламларига сифатли ва тезкор давлат хизматлари кўрсатишни йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармонининг 2-банди.
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги ПФ-27-сон Фармони билан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида давлат хизматини кўрсатувчи ходимни фуқаронинг яшаш жойига чақириш орқали махсус техник қурилмалар ёрдамида давлат хизматларини кўрсатиш амалиётини кенгайтириш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатишнинг маъмурий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Давлат хизматларидан фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Алоқа маркази ёки унинг расмий веб-сайти (кейинги ўринларда — «Call-марказ» ёки расмий веб-сайт) орқали мурожаат қилиш;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 апрелдаги 179-сон «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган давлат хизматлари тўғрисида маълумот бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 5-банди.
давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза юбориш бўйича сўровномаларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби;
давлат хизматларини жойига чиққан ҳолда махсус техник қурилмалар ёрдамида (планшет ёки компьютерга ўрнатилган дактилоскопия, принтер ва бошқалар) кўрсатиш.
3. Белгилансинки махсус техник қурилмалар ёрдамида (планшет ёки компьютерга ўрнатилган дактилоскопия, принтер ва бошқалар) давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатиш «Call-марказ» ёки расмий веб-сайтдан фойдаланган ҳолда 2023 йил 1 октябрдан бошлаб амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда «Call-марказ» ёки расмий веб-сайт орқали жойларга чиққан ҳолда кўрсатиладиган давлат хизматларини кўрсатиш бўйича буюртмалар қабул қилиш ва мазкур буюртмаларни тегишли давлат хизматлари марказларига юбориш имкониятини яратсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири А.Ж. Ташкулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 31 август,
435-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 31 августдаги 435-сон қарорига

ИЛОВА

Давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Регламент давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларини (кейинги ўринларда — давлат хизматлари) жойига чиққан ҳолда махсус техник қурилмалар (планшет ёки компьютерга ўрнатилган дактилоскопия, принтер ва бошқалар) (кейинги ўринларда — махсус техник қурилмалар) ёрдамида кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза юбориш тартибини белгилайди.
Ушбу Регламент миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификацияловчи ID-картасини ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш, шунингдек, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишга нисбатан татбиқ этилмайди.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 12 апрелдаги 152-сон «Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш тартибини соддалаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.
2. Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг давлат хизматлари марказлари;
ариза берувчи — давлат хизмати жойига чиқиш орқали кўрсатилиши истагини билдирган жисмоний ва юридик шахслар.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Давлат хизматлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг (кейинги ўринларда — Адлия вазирлиги) Алоқа марказига ёки унинг расмий веб-сайтига (кейинги ўринларда — «Call-марказ» ёки расмий веб-сайт), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг (кейинги ўринларда — Агентлик) «Call-маркази», «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ёки маҳалладаги ижтимоий ходимга мурожаат қилиш орқали кўрсатилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 461-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.09.2026 й., 09/26/461/0890-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 апрелдаги 179-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органлари ва ташкилотларининг давлат хизматларини кўрсатишда идоравий алоқа марказлари (ишонч телефонлари) фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги намунавий низом.
4. Давлат хизматларини жойига чиққан ҳолда кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланишга ариза юбориш учун Тошкент шаҳрида базавий ҳисоблаш миқдорининг (кейинги ўринларда — БҲМ) 50 фоизи, вилоят марказларида БҲМнинг 40 фоизи, туман (шаҳар)ларда БҲМнинг 30 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестрига киритилган шахслар, соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил ҳаракатланиш имконияти чекланган ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўлов ундирилмайди.
(4-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 461-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.09.2026 й., 09/26/461/0890-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон «2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармонининг 2-банди.
5. Давлат хизматларини кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланишга ариза юбориш учун тўлов суммаси Адлия вазирлигининг Давлат хизматларини ривожлантириш жамғармасининг шахсий ҳисобварағига ўтказилади.
6. Жойига чиққан ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш тартиби мазкур Регламентга 1-иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
2-боб. Ариза берувчиларга давлат хизматларини кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза юбориш бўйича сўровномаларни қабул қилиш ҳамда кўриб чиқиш тартиби
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланиш учун «Call-марказ» Агентликнинг «Call-маркази», «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази, маҳалладаги ижтимоий ходим ёки расмий веб-сайт орқали мурожаат қилади.
(7-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 461-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.09.2026 й., 09/26/461/0890-сон)
«Call-марказ» орқали сўровномалар соат 09:00 дан 18:00 гача иш вақти давомида қабул қилинади.
Расмий веб-сайт орқали сутканинг исталган вақтида мурожаат қилиниши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. Ариза берувчи «Call-марказ»га ёки Агентликнинг «Call-маркази»га мурожаат қилган тақдирда, «Call-марказ» ёки Агентликнинг «Call-маркази» ходими ариза берувчи номидан, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ёки маҳалладаги ижтимоий ходимга мурожаат қилган тақдирда, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ходими ёки маҳалладаги ижтимоий ходим ариза берувчи номидан, расмий веб-сайт орқали мурожаат этганда эса, Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровномани мустақил равишда тўлдиради.
Бунда сўровнома ариза берувчи номидан «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ходими ёки маҳалладаги ижтимоий ходим томонидан тўлдирилгандан сўнг ваколатли органга юборилади
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 461-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.09.2026 й., 09/26/461/0890-сон)
9. Давлат хизматларини кўрсатиш вақти ваколатли органнинг иш вақти доирасида белгиланади.
10. «Call-марказ»нинг масъул ходими ариза берувчига давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгиловчи қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган давлат хизматидан фойдаланиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар (маълумотлар) тўғрисида маълумот беради.
Ариза берувчи сўровномада кўрсатилган давлат хизматларидан фойдаланиш учун давлат хизматини кўрсатишда талаб этиладиган барча ҳужжатларни (маълумотларни) тайёрлаб қўйиши лозим.
11. Сўровнома шакллантирилиб, сўровномадаги тегишли маълумотлар ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг унинг мобил телефон рақамига мазкур Регламентнинг 4-бандида белгиланган миқдордаги тўловни амалга ошириш учун инвойс автоматик равишда юборилади.
Ариза берувчи томонидан тўлов амалга оширилган вақтнинг ўзида сўровнома ваколатли органга автоматик равишда юборилади.
3-боб. Давлат хизматини кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза юбориш тартиби
12. Ваколатли органнинг масъул ходими томонидан давлат хизматлари қуйидаги шаклларда кўрсатилади:
давлат хизматларини тўлиқ кўрсатиш (давлат хизматлари маркази давлат хизматларини кўрсатишга масъул бўлганда);
давлат хизматларидан фойдаланиш учун давлат хизматини кўрсатишга масъул бўлган ваколатли органларга ариза юбориш.
13. Ваколатли органнинг масъул ходими ариза берувчи билан телефон орқали боғланиб, сўровномада кўрсатилган жойга чиқади ҳамда махсус техник қурилмалар ёрдамида давлат хизматларини кўрсатади ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун давлат хизматини кўрсатишга масъул бўлган ваколатли органларга ариза юборади.
14. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан унинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўрилмасдан қолдирилади ва тўланган тўлов суммаси қайтарилмайди.
15. Агар ваколатли органнинг масъул ходими сўровномада кўрсатилган жойга етиб келган вақтдан бошлаб 30 дақиқа мобайнида ариза берувчи сўровномада кўрсатилган вақтда ва манзилда бўлмаса, давлат хизматларини кўрсатиш учун тегишли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳужжатлар (маълумотлар)ни тақдим этмаса, давлат хизматларини кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза юбориш рад этилади.
Бунда ваколатли органнинг масъул ходими томонидан ариза берувчига давлат хизматларини кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза юбориш рад этилганлиги тўғрисида СМС-хабарнома юборилади (рад этиш сабаблари батафсил кўрсатилади).
Мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатларда давлат хизматларини кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза юбориш рад этилган тақдирда, тўланган тўловлар қайтарилмайди.
16. Ваколатли орган масъул ходимининг айби (кечикиши ёки келмаслиги, ахборот тизими ёки махсус техник қурилмалардаги носозликлар) билан давлат хизматлари белгиланган муддатларда ва тартибда кўрсатилмаган ҳолатларда давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатишда ундириладиган тўлов миқдорлари ариза берувчининг мурожаатига асосан унга қайтарилади.
Ариза берувчи мазкур банднинг биринчи хатбошисида белгиланган ҳолатларда давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатишда ундириладиган тўловни қайтариб олиши ёки давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатишда ундириладиган тўловни такроран амалга оширмасдан давлат хизматларидан бошқа вақтда фойдаланиши мумкин. Бунда ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланиш учун мазкур бобда белгиланган тартибда мурожаат қилади.
17. Ариза берувчи хоҳишига кўра, давлат хизматларини кўрсатиш натижасини Давлат хизматлари марказларига бевосита ташриф буюриб, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ёки почта алоқаси орқали олиши мумкин. Бунда почта харажатлари ариза берувчи ҳисобидан қопланади.
Почта алоқаси томонидан кўрсатилган хизмат учун тўлов миқдори почта хизмати томонидан белгиланади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
18. Ваколатли орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
19. Ариза берувчилар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари хатти-ҳаракатлари устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
20. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатишнинг маъмурий регламентига

1-ИЛОВА

Давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатиш тартиби

СХЕМАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддати

1-босқич

Ариза берувчи

(жисмоний ва юридик шахслар)

1. Давлат хизматларидан фойдаланиш учун Адлия вазирлигининг Алоқа марказига ёки унинг расмий веб-сайтига (кейинги ўринларда — «Call-марказ» ёки расмий веб-сайт), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «Call-маркази», «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ёхуд маҳалладаги ижтимоий ходим орқали мурожаат этади.

2. Расмий веб-сайт орқали мурожаат қилганда сўровномани бевосита ўзи тўлдиради.

Ўз хоҳишига кўра

2-босқич

«Call-марказ»

1. «Call-марказ» масъул ходими ариза берувчи номидан сўровномани тўлдиради ва сўровномадаги маълумотлар тасдиқлангандан сўнг ариза берувчига тўлов инвойсини юборади.

1. Сўровнома тасдиқлангандан кейин автоматик равишда

2. Тегишли сўровномани ваколатли органга юборади.

2. Тўлов амалга оширилгандан кейин автоматик равишда

3-босқич

Ваколатли орган

(давлат хизматлари маркази)

1. Масъул ходим ариза берувчи билан телефон орқали боғланиб, сўровномада кўрсатилган жойга чиқади ҳамда махсус техник қурилмалар ёрдамида (планшет ёки компьютерга ўрнатилган дактилоскопия, принтер ва бошқалар) давлат хизматини кўрсатади ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза юборади.

1. Сўровномада белгиланган муддатларда

2. Давлат хизматларини кўрсатиш натижасини ариза берувчига тақдим этади:

ариза берувчи давлат хизматлари марказларига бевосита ташриф буюрганда;

ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда;

почта хизмати орқали.

2. Давлат хизматларини кўрсатиш якунлангандан сўнг

(давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгиловчи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда)

(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 4 сентябрдаги 461-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.09.2026 й., 09/26/461/0890-сон)

Давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатишнинг маъмурий регламентига

2-ИЛОВА

Давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатиш ёки давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза юбориш учун

СЎРОВНОМА

__________

__________

(санаси)

(рақами)

I. Ариза берувчи — жисмоний шахс тўғрисида маълумот:

1. Фамилияси, исми, отасининг исми:

2. Телефон рақами:

3. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса):

4. Манзили:

II. Ариза берувчи — юридик шахс тўғрисида маълумот:

1. Юридик шахснинг номи:

2. Юридик шахснинг ташкилий-ҳуқуқий шакли:

3. СТИР:

4. Телефон рақами:

5. Электрон почта манзили (мавжуд бўлса):

6. Жойлашган жойи:

III. Кўрсатиладиган давлат хизмати тўғрисида маълумот:

1. Давлат хизматлари номи:

2. Давлат хизмати шакли:

давлат хизматларини тўлиқ кўрсатиш

давлат хизматларидан фойдаланиш учун ариза юбориш

3. Давлат хизматини кўрсатиш жойи (манзили):

4. Давлат хизматини кўрсатиш санаси:

5. Давлат хизматини кўрсатиш вақти:

6. Кўрсатилган давлат хизматлари натижасини олиш усули:

Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда

Ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда

Почта хизмати орқали

«Call-марказ»нинг масъул ходими Ф.И.О.: ____________________________

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.09.2023 й., 09/23/435/0668-сон; 05.09.2026 й., 09/26/461/0890-сон)