toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 9 ноябрдаги ПФ-244-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун тартибга солиш юкини камайтириш ҳамда мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 9 ноябрдаги ПФ-244-сон Фармонига асосан:
Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрига (кейинги ўринларда — Ягона реестр) тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш воситалари бўйича белгиланган барча талаблар, уларнинг муддатлари, улар билан боғлиқ молиявий харажатлар, талабларга мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар, назорат қилувчи органлар, текширув шакллари ҳамда жавобгарлик чоралари тўғрисидаги маълумотлар киритилиши;
Ягона реестрга маълумотлар тегишли соҳани тартибга солувчи ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан киритилиши;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ягона реестрнинг оператори ҳисобланиши, унинг юритилишини услубий таъминлаши, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотларининг ушбу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 августдаги 385-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Ягона реестрни шакллантириш ва юритиш мақсади ҳамда принциплари;
Ягона реестрда ҳар бир мажбурий талаб бўйича киритиладиган маълумотларнинг турлари;
Ягона реестрни шакллантириш ва юритиш бўйича ваколатли давлат органлари ҳамда ташкилотларининг функциялари;
тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган амалдаги мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш тартиби;
янги жорий этиладиган мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш тартиби;
Ягона реестрда жойлаштирилган маълумотларни янгилаб бориш тартиби.
3. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда:
2023 йил 1 декабрга қадар Ягона реестр электрон тизимининг ишлаб чиқилишини ва синов тариқасида ишга туширилишини;
Ягона реестрнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси ва заруратга кўра бошқа ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминласин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Ягона реестрни ишлаб чиқиш ва ишга тушириш, унга техник хизмат кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, унинг функционал имкониятларини янада такомиллаштириш билан боғлиқ харажатлар Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотлар ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан шакллантирилади, бунда маълумотларнинг асосланганлиги, ишончлилиги ва белгиланган муддатда тақдим этилиши учун маълумотни киритаётган идораларнинг биринчи раҳбарларига шахсий масъулият юкланади;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотлар белгиланган тартибда шакллантирилиши ва тақдим этилишини назорат қилади ҳамда аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича таъсир чораларини кўради.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Ходжаев ҳамда адлия вазири А.Д. Ташкулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 14 август,
385-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 августдаги 385-сон қарорига
ИЛОВА
Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрини (кейинги ўринларда — Ягона реестр) шакллантириш, юритиш ва маълумотларни янгилаб бориш тартибини белгилайди.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 ноябрдаги ПФ-244-сон «Тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ваколатли органлар — мажбурий талабларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга ваколатли бўлган, ушбу талабларга риоя этилишини назорат қилувчи давлат органлари ва ташкилотлари;
ишчи гуруҳ — Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 ноябрдаги ПФ-244-сон Фармони билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектлари учун тартибга солиш юкини камайтириш бўйича ишчи гуруҳ;
кичик ишчи гуруҳлар — мажбурий талабларни таҳлил қилиш ва уларни қисқартириш мақсадида масъул вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, йирик давлат корхоналарининг малакали мутахассислари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва халқаро ташкилотлар вакилларидан иборат таркибда ишчи гуруҳ томонидан тузиладиган гуруҳлар;
мажбурий талаблар — норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган тадбиркорлик фаолияти субъектлари бажариши шарт бўлган талаблар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 августдаги 385-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2-банди.
3. Ягона реестрда тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан очиқ ва умумий фойдаланиш учун жойлаштирилади.
4. Мажбурий талабларни қисқартириш ва уларнинг Ягона реестрини шакллантириш ишларини ташкил этиш ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вазирлик ва идораларнинг Ягона реестрни шакллантириш билан боғлиқ фаолиятини услубий таъминлайди, шунингдек уларнинг ушбу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштиради.
2-боб. Ягона реестрни шакллантириш ва юритиш
6. Ягона реестрни шакллантириш амалдаги мажбурий талаблар рўйхатини тузиш, уларни қайта кўриб чиқиш, тартибга солиш таъсирини баҳолаш, такрорланувчи ва долзарблигини йўқотган талабларни бекор қилиш ҳамда уларни тизимли шакллантириш, юритиш, янгилаб бориш ва тадбиркорлик фаолияти субъектларига мажбурий талаблар ҳақида ахборот бериш жараёнларини ўз ичига олади.
7. Ягона реестрни шакллантириш ҳамда унда жойлаштирилган маълумотларни янгилаб бориш ушбу Низомга 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.
8. Ваколатли органлар ҳар йили 1 мартга қадар ўз соҳасидаги мажбурий талаблар ўрнатилган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни хатловдан ўтказади ҳамда уларнинг рўйхатини шакллантиради.
9. Рўйхатга киритилган ҳужжатлардаги ҳар бир мажбурий талабнинг зарурати, асослилиги ва долзарблиги ваколатли орган томонидан таҳлил қилинади, таҳлил натижалари бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи маълумотнома тайёрланади ва ушбу Низомнинг 2-иловасида белгиланган шаклда Ишчи гуруҳга киритилади:
мажбурий талабнинг мазмуни;
мажбурий талаб белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжат (техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат) номи, реквизитлари, таркибий бирлиги ва унинг матнига ҳавола;
мажбурий талабнинг зарурати, асослилиги ва долзарблиги;
мажбурий талабнинг амал қилиш муддати;
мажбурий талабга риоя қилиши лозим бўлган тадбиркорлик соҳасининг Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичи бўйича иқтисодий фаолияти тури;
мажбурий талабга риоя этилишини назорат қилиш (текшируви)нинг шакли, назорат қилинадиган (лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш) фаолият турининг номи (агар мавжуд бўлса);
мажбурий талабларга риоя этилиши устидан давлат назоратини (текширувини) амалга оширувчи ваколатли органлар;
мажбурий талабга мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар ва тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этадиган ваколатли орган (агар мавжуд бўлса);
мажбурий талабга риоя қилмаганлик учун белгиланган жавобгарлик чоралари, уни қўлловчи органлар, шунингдек, жавобгарликни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи, реквизитлари, таркибий бирлиги ва унинг матнига ҳавола;
мажбурий талабга риоя қилиш бўйича қўлланмалар, улар бўйича ваколатли органларнинг расмий тушунтиришлари, назорат қилинадиган шахсларни хабардор қилиш доирасида ишлаб чиқилган норматив тусга эга бўлмаган бошқа ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар (реквизитлар, қабул қилган ваколатли органнинг номи, ҳужжатларга ҳаволалар) (агар мавжуд бўлса);
мажбурий талабнинг қайта кўриб чиқилиши муддати;
мажбурий талаб натижасида тадбиркорлик субъекти учун юзага келадиган молиявий харажатлар.
10. Ишчи гуруҳ ваколатли органлар томонидан киритилган мажбурий талабларни зарурати, асослилиги ва долзарблигини танқидий таҳлил қилган ҳолда, уларни тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва қисқартириш тўғрисида таклифлар тайёрлаш учун ҳар йили 15 мартга қадар тегишли кичик ишчи гуруҳларга юборади.
11. Кичик ишчи гуруҳлар ваколатли органлар томонидан киритилган мажбурий талабларнинг кўриб чиққан ҳолда мажбурий талабларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолайди ва ҳисоботини ҳамда ушбу талабларни қисқартириш тўғрисидаги таклифларни ва бошқа таҳлилий материалларни ҳар йили 1 июлга қадар ишчи гуруҳга киритади.
12. Ишчи гуруҳ мажбурий талабларни қисқартириш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқади ва ҳар йили 15 июлга қадар кичик ишчи гуруҳларга уларни амалга ошириш бўйича тегишли топшириқлар беради.
13. Кичик ишчи гуруҳлар тегишли соҳага оид мажбурий талабларни қисқартиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва бир ой муддатда белгиланган тартибда ишчи гуруҳга киритади.
14. Ишчи гуруҳ Ягона реестрни шакллантириш доирасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш ҳолати ҳақида ахборот ҳамда мажбурий талабларни қисқартиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини бир ой муддатда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.
15. Ваколатли органлар қайта кўриб чиқилган ҳамда қисқартирилган мажбурий талаблар асосида соҳалар бўйича мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни шакллантиради ва қайта кўриб чиқилгандан кейин дарҳол Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига киритади.
16. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ваколатли органлар томонидан мажбурий талаблар тўғрисидаги шакллантирилган маълумотларни уч иш куни ичида Ягона реестрга жойлаштиради.
17. Ягона реестрни шакллантириш ва юритиш бўйича давлат органлари ва ташкилотлари қуйидагиларни амалга оширади:
а) ваколатли органлар:
Ягона реестрга жойлаштириш учун мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни мазкур Низом талабларига мувофиқ шакллантиради;
мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига белгиланган тартибида ва муддатларда киритади;
мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни шакллантиришга масъул бўлган ходимларнинг рўйхатини тасдиқлайди;
мажбурий талабларнинг зарурати, асослилиги ва долзарблигини доимий таҳлил қилиб боради;
б) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
Ягона реестрнинг оператори ҳисобланади ҳамда унинг юритилишини услубий таъминлайди, шунингдек, ваколатли органларнинг ушбу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштиради;
Ягона реестрнинг ишга туширилишини, унинг узлуксиз фаолият кўрсатишини, унга техник хизмат кўрсатиш ва қўллаб-қувватлашни ташкил қилади;
Ягона реестрдан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг узлуксиз фойдаланиши учун имконият яратади;
Ягона реестрда жойлаштирилган маълумотнинг хавфсизлигини таъминлайди;
мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ва уларни янгилаб боришда ваколатли органларга услубий ёрдам кўрсатади ҳамда тавсиялар ишлаб чиқади;
ваколатли органлар томонидан шакллантирилган мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларнинг Ягона реестрда жойлаштирилишини таъминлайди;
мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида ва белгиланган тартибда тақдим этмаган, шунингдек, Ягона реестрни шакллантириш билан боғлиқ қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузган ваколатли органларга нисбатан таъсир чораларини қўллайди.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 августдаги 385-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 17-банди, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 ноябрдаги ПФ-244-сон Фармонининг 2-иловаси.
18. Янги жорий этилган мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотлар ваколатли органлар томонидан улар қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида мазкур Низомнинг 9-банди талабларига мувофиқ шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилади.
19. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотлар келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида уларни Ягона реестрга киритади.
3-боб. Ягона реестрга жойлаштирилган маълумотларни янгилаб бориш
20. Мажбурий талаблар белгиланган норматив-ҳуқуқий ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда, шунингдек, улар ўз кучини йўқотган деб топилганда ваколатли орган уч иш куни давомида мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни янгилайди ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги уч иш куни давомида Ягона реестрда жойлаштирилган мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминлайди.
21. Ягона реестрга жойлаштирилган мажбурий талаблар уларнинг долзарблиги ва зарурати ҳамда жорий этилишидан кўзланган мақсадларга эришилганлиги юзасидан ҳар беш йилда бир марта ваколатли органлар томонидан тартибга солиш таъсирини баҳолаган ҳолда қайта кўриб чиқилади.
22. Ваколатли орган томонидан мажбурий талабни қайта кўриб чиқиш натижалари бўйича таклифлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича уларни қабул қилувчи органга, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар бўйича эса Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига белгиланган тартибда киритилади.
23. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилувчи орган ёки Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги мажбурий талабни қайта кўриб чиқиш натижалари бўйича уни ўз кучида қолдириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида бир ой ичида қарор қабул қилади.
24. Мажбурий талабни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, ваколатли орган белгиланган тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёхуд техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат лойиҳасини қарорда назарда тутилган муддатларда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш чораларини кўради.
4-боб. Якунловчи қоидалар
25. Ягона реестрга киритилмаган мажбурий талабларни бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмайди, шунингдек, ваколатли органлар томонидан Ягона реестрга киритилмаган мажбурий талабларнинг бажарилишини текшириш тақиқланади.
26. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар Ягона реестрини шакллантириш, унда жойлаштирилган маълумотларни янгилаб бориш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Масъуллар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Ваколатли органлар

1. Ўз соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган барча мажбурий талабларни хатловдан ўтказади ҳамда уларнинг рўйхатини шакллантиради.

2. Рўйхатга киритилган мажбурий талабларни таҳлил қилади, таҳлил натижалари бўйича маълумотнома тайёрлайди ва белгиланган шаклда Тадбиркорлик субъектлари учун тартибга солиш юкини камайтириш бўйича ишчи гуруҳга киритади.

Ҳар йили 1 мартга қадар

2-босқич

Ишчи гуруҳ

1. Ишчи гуруҳ ваколатли органлар томонидан тайёрланган маълумотномаларни кичик ишчи гуруҳларга тегишли тадбиркорлик фаолияти соҳалари бўйича тақсимлайди.

Ҳар йили 15 мартга қадар

Кичик ишчи гуруҳлар

2. Кичик ишчи гуруҳлар мажбурий талабларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолайди ва ушбу талабларни қисқартириш тўғрисидаги таклифларни ишчи гуруҳга киритади.

Ҳар йили 1 июлга қадар

 

3-босқич

Ишчи гуруҳ

Мажбурий талабларни қисқартириш ҳақидаги таклифларни кўриб чиқади ва кичик ишчи гуруҳларга уларни амалга ошириш бўйича топшириқ беради.

Ҳар йили 15 июлга қадар

4-босқич

Кичик ишчи гуруҳлар

Тегишли соҳага оид мажбурий талабларни қисқартиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва ишчи гуруҳга киритади.

Бир ой мобайнида

5-босқич

Ишчи гуруҳ

Ягона реестрни шакллантириш ҳолати ҳақида ахборот ҳамда мажбурий талабларни қисқартиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Бир ой мобайнида

6-босқич

Ваколатли органлар

Қайта кўриб чиқилган ва қисқартирилган мажбурий талаблар асосида соҳалар бўйича мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни шакллантиради ва Адлия вазирлигига киритади.

Қайта кўриб чиқилгандан кейин дарҳол

7-босқич

Адлия вазирлиги

Ваколатли органлар томонидан мажбурий талаблар тўғрисида шакллантирилган маълумотларни Ягона реестрга жойлаштиради.

Уч иш куни мобайнида

8-босқич

Ваколатли органлар

Мажбурий талаблар белгиланган ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда, шунингдек, улар ўз кучини йўқотган деб топилганда, мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларни янгилайди ҳамда Адлия вазирлигига тақдим этади.

Уч иш куни мобайнида

9-босқич

Адлия вазирлиги

Ягона реестрда жойлаштирилган мажбурий талаблар тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминлайди.

Уч иш куни мобайнида

10-босқич

Ваколатли органлар

1. Ягона реестрга жойлаштирилган мажбурий талабларни уларнинг долзарблиги ва зарурати ҳамда жорий этилишидан кўзланган мақсадларга эришилганлиги юзасидан қайта кўриб чиқади.

2. Қайта кўриб чиқиш натижалари бўйича таклифларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича уларни қабул қилувчи органга, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар бўйича эса Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига белгиланган тартибда киритилади.

Ҳар беш йилда бир марта

11-босқич

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилувчи орган ёки Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги

Мажбурий талабларни қайта кўриб чиқиш натижалари бўйича уни ўз кучида қолдириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Бир ой мобайнида

12-босқич

Ваколатли органлар

Мажбурий талабларни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, белгиланган тартибда тегишли норматив ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш чораларини кўради.

Қарорда назарда тутилган муддатда

Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Тадбиркорлик соҳасидаги мажбурий талаблар ягона электрон реестрига мажбурий талаблар бўйича киритиладиган маълумотлар
РЎЙХАТИ

Т/р

Мажбурий талабнинг мазмуни

Мажбурий талаб белгиланган норматив ҳуқуқий ҳужжат (техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат) номи, реквизитлари, таркибий бирлиги ва унга ҳавола

Мажбурий талабнинг зарурати, асослилиги, долзарблиги

Мажбурий талабнинг амал қилиш муддати

Мажбурий талабга риоя қилиши лозим бўлган субъектларнинг ИФУТ бўйича фаолият тури

Назорат (текширув)нинг тури, назорат қилинадиган (лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш) фаолият турининг номи (агар мавжуд бўлса)

Назорат (текширув)ни амалга оширувчи ваколатли орган

Мажбурий талабга мувофиқлик тўғрисидаги маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этадиган ваколатли орган (агар мавжуд бўлса)

Мажбурий талабга риоя қилмаганлик учун белгиланган жавобгарлик чоралари, уни қўлловчи орган, жавобгарлик белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг реквизитлари, унга ҳавола

Мажбурий талабга риоя қилиш бўйича қўлланма (тушунтириш), назорат қилинадиган шахсларни хабардор қилиш бўйича ишлаб чиқилган бошқа ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар (реквизитлари ва унга ҳавола)

Мажбурий талабнинг қайта кўриб чиқилиши муддати

Мажбурий талаб натижасида тадбиркорлик субъекти учун юзага келадиган молиявий харажатлар

1.

2.

3.

...

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.08.2023 й., 09/23/385/0614-сон)