Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида
I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Акциядорлик жамиятларини тузиш, уларнинг фаолияти ва уларни тугатиш, акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ муносабатлар ушбу Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунлари билан тартибга солинади.
Қишлоқ хўжалиги, банк, инвестиция ва суғурта фаолияти соҳаларида, шунингдек давлат корхоналарини хусусийлаштириш чоғида акциядорлик жамиятлари тузиш ва улар ҳуқуқий ҳолатининг ўзига хос хусусиятлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси 49-моддасининг учинчи қисми, Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги, «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги, «Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги, «Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида»ги қонунлари. Шунингдек қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 4 мартдаги ПФ-1939-сонли «Фонд бозорини янада ривожлантириш ҳамда давлат мулки негизида ташкил этилган акциядорлик жамиятларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 8 июндаги 285-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат корхоналарини қайта ўзгартириш натижасида ташкил этилган очиқ турдаги акционерлик жамиятларининг акцияларини рўйхатдан ўтказиш ва муомалага чиқариш тартиби тўғрисида»ги низом, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 21 июлдаги 145-сон қарори билан тасдиқланган Давлат мулки бўлган объектларни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тартиби тўғрисида низом ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 25 сентябрдаги 410-сонли «Инвестиция ва хусусийлаштириш инвестиция фондлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори.
2-модда. Акциядорлик жамиятининг ҳуқуқий ҳолати
[СПиТ:
1.Юридик шахслар / Акционерлик жамияти]
Устав фонди жамиятнинг акциядорларга нисбатан мажбуриятларини тасдиқловчи муайян миқдордаги акцияларга тақсимланган хўжалик юритувчи субъект акциядорлик жамияти деб ҳисобланади.
Жамият қонун ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятнинг ҳар қандай турларини амалга ошириш чоғида ҳуқуқларга эга бўлади ва мажбуриятларни ўз зиммасига олади.
Жамият юридик шахс ҳисобланади ва ўзининг мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкига эга бўлади, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ҳамда амалга ошириши, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.
Жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб юридик шахс ҳуқуқларини қўлга киритади. Жамият, агар унинг уставида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, чекланмаган муддатга тузилади.
Жамият белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди ва ундан ташқарида банкда ҳисобварақлар очишга ҳақлидир.
LexUZ шарҳи
Банклар томонидан мижозларга миллий ва хорижий валютада банк ҳисобварақларини очиш, уларни қайта расмийлаштириш ҳамда ёпиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида»ги йўриқномада белгиланган (рўйхат № 1948, 27.04.2009 й.).
Жамият ўзининг фирма номи давлат тилида тўлиқ ёзилган ҳамда жойлашган манзили кўрсатилган юмалоқ муҳрига эга бўлиши лозим. Муҳрда айни пайтнинг ўзида фирманинг номи бошқа исталган тилда ҳам кўрсатилиши мумкин.
Жамият ўз номи ёзилган штампи ва бланкаларига, ўз тимсолига, шунингдек белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган товар нишонига ҳамда бошқа ўз белги-аломатларига эга бўлишга ҳақлидир.
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги Қонуни.
Жамият ўз фирма номига эга бўлади, бу ном фирманинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ва турини (очиқ ёки ёпиқ) акс эттириши керак.
Жамият давлат тилида ва айни пайтнинг ўзида жамият хоҳишига кўра бошқа тилларда ўзининг тўлиқ ва қисқартма номларига эга бўлишга ҳақлидир.
Жамиятнинг манзили у давлат рўйхатидан ўтказилган жойга кўра белгиланади.
Жамият у билан алоқа ўрнатиб туриладиган почта манзилига эга бўлиши лозим ва ўз почта манзили ўзгарганлиги тўғрисида юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органларни хабардор қилиши шарт.
4-модда. Жамиятнинг жавобгарлиги
Жамият ўз мажбуриятлари юзасидан ўзига тегишли барча мол-мулки билан жавобгар бўлади. Ушбу Қонунда белгилаб қўйилган тартибда тугатилган тақдирда жамият инвесторларнинг маблағлари сақланиши учун ўзи жойлаштирган қимматли қоғозларнинг камида номинал қиймати даражасида жавобгар бўлади. Жамият ўз жавобгарлигини суғурта ташкилотларида суғурталаб қўйиши шарт.
Акциядорлар жамиятнинг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайдилар ва унинг фаолияти билан боғлиқ зиёнларни ўзларига тегишли акциялар қиймати доирасида тўлайдилар.
Акциялар ҳақининг ҳаммасини тўламаган акциядорлар жамият мажбуриятлари юзасидан ўзларига тегишли акциялар қийматининг тўланмаган қисми доирасида солидар жавобгар бўладилар.
Жамият ўз акциядорларининг мажбуриятлари юзасидан жавобгар бўлмайди.
Агар жамиятнинг ночорлиги (банкротлиги) жамият учун мажбурий кўрсатмаларни бериш ҳуқуқига эга бўлган акциядор сифатидаги шахснинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли вужудга келтирилган бўлса, мазкур акциядор зиммасига жамиятнинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлик юклатилиши мумкин.
Акциядорлик жамиятининг уставида тегишли ҳуқуқ назарда тутилган тақдирдагина, акциядор мажбурий кўрсатма бериш ҳуқуқига эга бўлади.
Жамият учун мажбурий кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга бўлган акциядор жамиятнинг муайян ҳаракатни амалга ошириши оқибатида ночор (банкрот) бўлиб қолишини олдиндан билиб, ўз ҳуқуқидан унинг ана шундай ҳаракатни амалга оширишини кўзлаб фойдаланган ҳолдагина жамиятнинг ночорлиги (банкротлиги) акциядорнинг ҳаракатлари туфайли вужудга келтирилган деб ҳисобланади.
(4-модданинг бешинчи ва олтинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 27 декабрдаги 357-I-сонли Қонунига мувофиқ бешинчи, олтинчи ва еттинчи қисмлар билан алмаштирилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1997 й., 2-сон, 56-модда)
Давлат ва унинг органлари жамият ўз зиммасига олган мажбуриятлар юзасидан жавобгар бўлмайдилар, худди шунингдек жамият ҳам давлат ва унинг органлари олган мажбуриятлар юзасидан жавобгар бўлмайди.
5-модда. Акциядорлик жамиятларининг турлари
Акциядорлик жамияти очиқ ёки ёпиқ турда бўлиши мумкин. Очиқ турдаги акциядорлик жамиятининг муассислари таркибига кирувчиларнинг энг кам сони чекланмайди, ёпиқ турдаги жамиятнинг муассислари эса камида уч шахсдан иборат қилиб белгиланади. Жамиятнинг ҳар бир муассиси унинг акциядори бўлиши лозим.
Акциядорлари ўзларига тегишли акцияларни бошқа акциядорларнинг розилигисиз эркин тасарруф этиши мумкин бўлган жамият очиқ турдаги акциядорлик жамияти деб ҳисобланади.
Очиқ турдаги жамият ўзи чиқараётган акцияларга очиқ обуна ўтказишга ва қонун ҳужжатларининг талабларини ҳисобга олган ҳолда уларни эркин сотишга ҳақлидир.
Очиқ турдаги жамият ўзи чиқараётган акцияларга ёпиқ обуна ўтказишга ҳақли, жамият уставида ва қонун ҳужжатларида ёпиқ обунани ўтказиш имконияти чеклаб қўйилган ҳоллар бундан мустасно.
Очиқ турдаги жамият акциядорларининг сони чегараланмайди.
Акциялари фақат ўз муассислари ёки олдиндан белгиланган бошқа муайян доирадаги шахслар орасида тақсимланадиган жамият ёпиқ турдаги акциядорлик жамияти деб ҳисобланади.
Бундай жамият ўзи чиқараётган акцияларга очиқ обуна ўтказишга ёхуд уларни чекланмаган доирадаги шахсларга сотиб олиш учун бошқача тарзда таклиф этишга ҳақли эмас. Ёпиқ турдаги акциядорлик жамияти акциядорларининг сони эллик нафардан зиёд бўлиши мумкин эмас. Белгиланган чегарадан ортиб кетган тақдирда у бир йил давомида очиқ турдаги акциядорлик жамиятига айлантирилиши, ушбу муддат тугагач, акциядорлар сони белгиланган миқдоргача камаймаса, суд йўли билан тугатилиши лозим.
Ёпиқ турдаги жамият акциядорлари ушбу жамиятнинг бошқа акциядорлари сотаётган акцияларни ўзга шахсга таклиф этилаётган нархда сотиб олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар. Агар акциядорлар акцияларни сотиб олишда ўз имтиёзли ҳуқуқларидан фойдаланмасалар, жамият акциядорлар томонидан сотиладиган акцияларни сотиб олиш учун имтиёзли ҳуқуққа эга бўлиши унинг уставида кўзда тутилиши мумкин.
Акциядорлар сотаётган акцияларни сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланиш тартиби, муддати жамият уставида белгилаб қўйилади. Имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланиш муддати акциялар савдога қўйилган пайтдан бошлаб 30 кундан кам ва 60 кундан кўп бўлиши мумкин эмас.
1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.03.00.00 Юридик шахслар / 03.03.09.00 Ваколатхоналар ва филиаллар. Шўъба корхоналар]
8-модда. Жамиятнинг филиаллари ва ваколатхоналари
Жамият филиаллар ташкил этиши ҳамда ваколатхоналар очиши мумкин. Улар ўзларини ташкил этган жамият томонидан мол-мулк билан таъминланади ва шу жамият тасдиқлаган низомлар асосида иш кўради.
Филиал ёки ваколатхонанинг раҳбари жамият томонидан тайинланади ва жамият берган ишончнома асосида иш кўради.
Филиал ҳамда ваколатхона фаолияти учун жавобгарлик уларни тузган жамият зиммасида бўлади.
Жамият уставида унинг филиаллари ҳамда ваколатхоналари тўғрисида маълумотлар берилган бўлиши керак. Жамиятнинг филиаллари ҳамда ваколатхоналарига доир маълумотлар ўзгариши муносабати билан унинг уставига киритилган ўзгартишлар тўғрисидаги ахборот юридик шахсларни давлат рўйхатига олувчи органга маълумот тарзида тақдим этилади. Жамият уставидаги мазкур ўзгартишлар маълум қилинган пайтдан бошлаб учинчи шахслар учун кучга киради.
Жамият юридик шахс ҳуқуқини олган шуъба ва тобе жамиятларга эга бўлиши мумкин.
Шуъба жамият ўзининг асосий жамияти қарзлари юзасидан жавобгар бўлмайди.
Шуъба жамиятга бажарилиши шарт бўлган кўрсатмаларни беришга ҳуқуқли асосий жамият ана шундай кўрсатмаларни бажариш учун шуъба жамият томонидан тузилган битимлар юзасидан шуъба жамият билан солидар жавобгар бўлади. Асосий жамиятнинг шуъба жамиятга бажарилиши шарт бўлган кўрсатмаларни бериш ҳуқуқи шуъба жамият билан тузилган шартномада ёки шуъба жамиятнинг уставида кўзда тутилган тақдирдагина асосий жамият бундай ҳуқуққа эга деб ҳисобланади.
Шуъба жамияти асосий жамиятнинг айби билан ночор (банкрот) бўлиб қолган ҳолларда асосий жамият шуъба жамиятнинг қарзлари юзасидан субсидиар жавобгар бўлади. Асосий жамият шуъба жамиятнинг муайян ҳаракатларни амалга ошириш оқибатида ночор (банкрот) бўлиб қолишини олдиндан билиб, юқорида айтилган ўз ҳуқуқлари ва (ёки) имкониятидан шуъба жамиятнинг шундай ҳаракатларни амалга оширишини кўзлаб фойдаланган ҳоллардагина шуъба жамиятнинг ночорлиги (банкротлиги) асосий жамиятнинг айби билан юз берган деб ҳисобланади.
Шуъба жамият акциядорлари асосий жамиятдан унинг айби билан шуъба жамиятга келтирилган зиённи тўлашни талаб қилишга ҳақлидир. Асосий жамият шуъба жамиятнинг муайян ҳаракатларни амалга ошириш оқибатида зиён кўришини олдиндан билиб, ўз ҳуқуқлари ва (ёки) имкониятидан шуъба жамиятнинг шундай ҳаракатларни амалга оширишини кўзлаб фойдаланган ҳолдагина зиён асосий жамиятнинг айби билан келтирилган деб ҳисобланади.
Агар жамиятга қарашли овоз берувчи акцияларнинг йигирма фоизидан зиёдроғи бошқа иштирокчи жамиятга қарашли бўлса, бу жамият тобе жамият деб тан олинади.
Иштирок этувчи ва тобе жамиятлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.03.00.00 Юридик шахслар / 03.03.02.00 Юридик шахсларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш. Юридик шахсларни давлат рўйхатига олиш]
II БЎЛИМ. АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИ ТУЗИШ
10-модда. Жамиятни тузиш усуллари
Жамият янгидан таъсис этиш ва (ёки) мавжуд юридик шахсни қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, бирлаштириш, бўлиш, ажратиб чиқариш, қайта тузиш) йўли билан тузилиши мумкин.
11-модда. Жамиятни таъсис этиш
Жамиятни таъсис этиш йўли билан тузиш муассисларнинг (муассиснинг) қарорига мувофиқ амалга оширилади. Жамиятни таъсис этиш тўғрисидаги қарор таъсис йиғилиши томонидан қабул қилинади. Жамият бир шахс томонидан таъсис этилган тақдирда жамиятни таъсис этиш ҳақидаги қарорни шу шахснинг ёлғиз ўзи қабул қилади.
Жамият муассислари уни тузиш тўғрисида ўзаро таъсис шартномасини имзолайдилар, шартномада уларнинг жамиятни таъсис этиш борасида биргаликда фаолият кўрсатиш тартиби, жамият устав фондининг миқдори, муассислар ўртасида жойлаштирилиши керак бўлган акцияларнинг хиллари ва турлари, улар учун тўланадиган ҳақ миқдори ва бу ҳақни тўлаш тартиби, муассисларнинг жамиятни тузишга доир ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилади.
Жамиятни таъсис этиш тўғрисидаги қарор муассисларнинг овоз бериш натижаларини ҳамда жамиятни таъсис этиш, жамият уставини тасдиқлаш, жамиятни бошқариш органларини сайлаш масалалари юзасидан улар қабул қилган қарорларни акс эттириши керак.
Жамиятни таъсис этиш, унинг уставини тасдиқлаш тўғрисидаги ва муассис томонидан жамият акциялари ҳақини тўлаш учун топширилаётган қимматли қоғозлар, бошқа мулкий ҳуқуқлар ёки пул билан баҳоланадиган бошқа ҳуқуқларнинг пулда баҳоланишини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорлар муассислар томонидан бир овоздан қабул қилинади.
Чет эллик инвесторлар иштирокидаги жамиятни тузиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ хорижий сармоя иштирокидаги корхоналар туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади. Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар адлия органларидан давлат рўйхатидан ўтказилади. Корхонани хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона деб ҳисоблаш шартлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 30 ноябрдаги ПФ-1652-сон Фармони билан белгиланган.
Давлат корхонаси акциядорлик жамиятига айлантирилаётганда уни таъсис этиш тўғрисидаги қарор давлат мулкини тасарруф этиш ваколатига эга бўлган орган томонидан қабул қилинади.
12-модда. Жамиятнинг муассислари
Акциядорлик жамиятини тузиш тўғрисидаги таъсис шартномасини имзолаган юридик ва жисмоний шахслар акциядорлик жамиятининг муассислари деб тан олинади.
Агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари жамият муассислари бўлиши мумкин эмас.
Жамият муассислари жамият давлат рўйхатидан ўтказилгунга қадар унинг тузилиши билан боғлиқ мажбуриятлар юзасидан солидар жавобгар бўладилар. Жамият муассисларнинг уни тузиш билан боғлиқ бўлган мажбуриятлари юзасидан фақат уларнинг ҳаракатлари кейинчалик акциядорларнинг умумий йиғилишида маъқулланган тақдирдагина жавобгар бўлади.
Давлат корхонаси акциядорлик жамиятига айлантирилаётганда давлат мулкини тасарруф этишга ваколатли орган унинг муассиси бўлади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 26 апрелдаги ПҚ-335-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш қўмитаси тўғрисидаги Низом.
Давлат корхонаси акциядорлик жамиятига айлантирилаётганда акцияларни тақсимлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 24 январдаги ПФ-3202-сонли «Ўзбекистон иқтисодиётида хусусий секторнинг улуши ва аҳамиятини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 21 июлдаги 145-сон қарори билан тасдиқланган Давлат мулки бўлган объектларни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тартиби тўғрисида Низом.
Ёпиқ акциядорлик жамияти муассислари ўртасида акцияларни тақсимлаш таъсис ҳужжатига мувофиқ амалга оширилади.
Таъсис йиғилишида (конференциясида) овоз бериш муассислар қўшган ҳиссаларга мувофиқ ўтказилади.
Таъсис йиғилиши (конференцияси) қарорларни оддий кўпчилик овоз билан қабул қилади. Таъсис шартномасини ўзгартириш тўғрисидаги қарорлар қабул қилинаётган ҳоллар бундан мустаснодир, бунда барча муассисларнинг розилиги талаб этилади.
Давлат корхонаси акциядорлик жамиятига айлантирилаётганда таъсис йиғилиши ўтказилмайди.
14-модда. Жамиятнинг таъсис ҳужжатлари
Таъсис йиғилиши (муассис) тасдиқлаган устав жамиятнинг таъсис ҳужжати ҳисобланади.
Давлат корхонаси акциядорлик жамиятига айлантирилаётганда давлат мулкини тасарруф этишга ваколатли орган тасдиқлайдиган эмиссия маълумотномаси ҳам таъсис ҳужжати ҳисобланади.
Жамият уставида битта акциядорга тегишли бўлган акциялар сони ва улар номинал қийматининг суммаси чеклаб қўйилиши мумкин.
Жамият уставида қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам бўлиши мумкин.
Жамият акциядор, аудитор ёки ҳар қандай манфаатдор шахснинг талабига биноан уставда белгиланган муддатларда уларга жамият устави, шу жумладан унга доир ўзгартишлар ва қўшимчалар билан танишиб чиқиш имкониятини бериши шарт. Жамият акциядорнинг талабига биноан жамиятнинг амалдаги уставидан нусха олиб бериши шарт.
16-модда. Жамият уставига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ёки жамият уставини янги таҳрирда тасдиқлаш
Жамият уставига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ёки жамият уставини янги таҳрирда тасдиқлаш акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акциялар эгалари бўлган акциядорларнинг тўртдан уч қисмдан иборат кўпчилик овози билан қабул қилинган акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига биноан амалга оширилади.
Жамият қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида»ги низом.
Жамият рўйхатдан ўтиш учун рўйхатга олувчи органга уставни ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳужжатларни тақдим этади. Давлат корхонасини қайта ташкил этиш йўли билан тузилган акциядорлик жамияти устав ва эмиссия маълумотномасини тақдим этади.
Жамият тузишнинг қонунда белгиланган тартибини бузиш ёки унинг таъсис ҳужжатлари қонунга мувофиқ келмаслиги давлат рўйхатидан ўтказишни рад этишга олиб келади. Жамиятни тузиш мақсадга мувофиқ эмас, деган важ билан уни рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди. Давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш, шунингдек рўйхатдан ўтказиш муддатларининг бузилиши устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
Фақат қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллардагина жамият қайта рўйхатдан ўтказилиши лозим.
18-модда. Жамият уставига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчаларни ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги уставини давлат рўйхатидан ўтказиш
Жамият уставига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги устави ушбу Қонуннинг жамиятни рўйхатдан ўтказишга доир 17-моддасида кўзда тутилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Жамият уставига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги устави учинчи шахслар учун улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб, ушбу Қонунда белгиланган ҳолларда эса давлат рўйхатидан ўтказувчи орган хабардор этилган пайтдан эътиборан кучга киради.
III БЎЛИМ. ЖАМИЯТНИНГ УСТАВ ФОНДИ. ЖАМИЯТНИНГ АКЦИЯЛАРИ, ОБЛИГАЦИЯЛАРИ ВА БОШҚА ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРИ. ЖАМИЯТНИНГ СОФ АКТИВЛАРИ
19-модда. Жамиятнинг устав фонди ва акциялари
Жамиятнинг устав фонди акциядорлар сотиб олган жамият акцияларининг номинал қийматидан ташкил топади. Жамият чиқарадиган барча акцияларнинг номинал қиймати бир хил бўлиши лозим.
Жамиятнинг устав фонди унинг мол-мулкининг ўз кредиторлари манфаатларини кафолатлайдиган даражадаги энг кам миқдорини белгилайди.
Жамият оддий акцияларни, шунингдек бир ёки бир неча турдаги имтиёзли акцияларни жойлаштиришга ҳақлидир. Жойлаштирилган имтиёзли акцияларнинг номинал қиймати жамият устав фондининг йигирма фоизидан ошмаслиги лозим.
Жамият таъсис этилаётганда унинг барча акциялари муассислар ўртасида жойлаштирилган бўлиши керак.
20-модда. Устав фондининг миқдори
Очиқ турдаги жамият устав фондининг энг кам миқдори жамият рўйхатдан ўтказилган пайтда қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган энг кам иш ҳақининг икки юз баравар суммасидан кам бўлмаслиги, ёпиқ турдаги жамиятнинг устав фонди эса жамият рўйхатдан ўтказилган пайтда қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган энг кам иш ҳақининг юз баравар суммасидан кам бўлмаслиги керак.
Жамиятнинг устав фонди акциялар номинал қийматини ошириш ёки қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан кўпайтирилиши мумкин.
Жамиятнинг устав фондини акциялар номинал қийматини ошириш йўли билан кўпайтириш ва жамият уставига тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан ёки, агар жамият уставида ёхуд акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига мувофиқ жамиятнинг кузатув кенгашига шундай қарорни қабул қилиш ҳуқуқи берилган бўлса, жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан қабул қилинади.
Қўшимча акциялар жамият томонидан жамият уставида белгиланган эълон қилинган акциялар сони доирасидагина жойлаштирилиши мумкин.
Қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан жамият устав фондини кўпайтириш тўғрисидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан ёки уставда кўзда тутилган бўлса, кузатув кенгаши томонидан қабул қилинади.
Қўшимча акцияларни жойлаштириш йўли билан жамият устав фондини кўпайтириш тўғрисидаги қарорда жойлаштириладиган қўшимча оддий (одатдаги) акцияларнинг ва эълон қилинган миқдорлари (улушлари) доирасида ҳар бир турдаги имтиёзли акцияларнинг сони, уларни жойлаштириш муддати ва шартлари, шу жумладан мазкур қонунга мувофиқ жойлаштирилаётган акцияларни сотиб олишда имтиёзли ҳуқуқларга эга бўлган акциядорлар учун жамиятнинг қўшимча акцияларини жойлаштириш баҳоси белгиланган бўлиши лозим.
Акциядорларнинг умумий йиғилишида овозларнинг йигирма беш фоиздан зиёдини ташкил этадиган давлатга қарашли акциялар туркуми мавжуд бўлганда қўшимча акциялар чиқариш йўли билан жамиятнинг устав фондини кўпайтириш фақат Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш қўмитасининг ваколатига киради.
Жамиятнинг устав фонди акцияларнинг номинал қийматини ёки уларнинг умумий сонини қисқартириш йўли билан, шу жумладан акцияларнинг бир қисмини жамиятнинг ўзи кейинчалик муомаладан чиқариш шарти билан сотиб олиши йўли билан камайтирилиши мумкин.
Жамиятнинг устав фондини акцияларнинг бир қисмини сотиб олиш ва муомаладан чиқариш орқали камайтиришга, агар бундай имконият жамиятнинг уставида назарда тутилган бўлса, йўл қўйилади.
Агар устав фондини камайтириш натижасида унинг миқдори жамиятнинг уставига киритилган тегишли ўзгартишларни рўйхатдан ўтказиш куни белгиланадиган жамият устав фондининг энг кам миқдоридан қонун ҳужжатларида белгиланганидан камайиб кетадиган бўлса, жамият устав фондини камайтиришга ҳақли эмас.
Устав фондини камайтириш ва жамият уставига тегишли ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилишида қабул қилинади.
Устав фондини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилган вақтда акциядорларнинг умумий йиғилиши фондни камайтириш сабабларини кўрсатади ва уни камайтириш тартибини белгилайди.
Устав фондини камайтириш вақтида жамият тугатилганида назарда тутиладиган акциядорларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш шартларига риоя этилиши зарур.
23-модда. Жамиятнинг устав фонди миқдори камайтирилгани тўғрисида кредиторларни хабардор қилиш
Устав фондини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганидан бошлаб жамият кечи билан 30 кун ичида бу қарор хусусида ўз кредиторларини ёзма равишда хабардор қилади. Кредиторлар жамиятнинг устав фондини камайтириш тўғрисида ўзларига хабарнома юборилган санадан эътиборан кечи билан 30 кун ичида жамиятдан ўз мажбуриятларини муддатидан олдин ижро этишни ва устав фонди камайтирилиши билан боғлиқ зарарни тўлашни талаб қилишга ҳақли.
24-модда. Акцияларнинг хиллари
Акциялар:
эгаси ёзилган ва ёзилмаган;
имтиёзли ва оддий бўлиши мумкин.
Акцияда кўрсатилган ва жамият акциядорларини рўйхатга олиш дафтарига киритилган жисмоний ёки юридик шахсгина эгаси ёзилган акциянинг соҳиби бўлмиш акциядор деб эътироф этилади.
Эгаси ёзилмаган акцияни сақловчи шу акциянинг эгасидир. Эгаси ёзилмаган акциялар жамият акцияларини рўйхатга олиш дафтарига киритилмаган ҳолда бошқа шахсларга мулк қилиб берилади.
Оддий (одатдаги) акциялар овоз берувчи бўлиб, уларнинг эгаларига дивидендлар олиш, жамиятнинг умумий йиғилишларида ва жамиятни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини беради.
Акция эгаларига дивидендларни, шунингдек акциядорлик жамияти тугатилганда акцияларга қўйилган маблағларни биринчи навбатда олиш ҳуқуқини берадиган акциялар имтиёзли акциялар ҳисобланади. Имтиёзли акциялар уларнинг эгаларига, корхона фойда кўриш-кўрмаслигидан қатъи назар, муайян дивидендлар олиш ҳуқуқини беради.
Ёпиқ турдаги акциядорлик жамиятининг акциялари фақат эгаси ёзиладиган акциялар бўлиши мумкин, уларни бошқа шахсга ўтказиш тартиби уставда белгилаб қўйилади.
Ёпиқ турдаги акциядорлик жамиятлари акциядорларга акциялар ўрнига уларнинг номинал қийматига тенг суммада сертификатлар бериши мумкин.
Чиқариладиган акцияларнинг хиллари, уларни тарқатиш ва жойлаштириш, улар бўйича дивидендлар тўлаш тартиби акциядорлик жамиятининг уставида қонун ҳужжатларига мувофиқ белгилаб қўйилади.
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.24.00.00 Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори / 07.24.01.00 Қимматли қоғозлар турлари / 07.24.01.02 Акциялар ва облигациялар]
25-модда. Акцияларнинг номинал қиймати
Акцияларнинг номинал қиймати юз сўмдан кам бўлиши мумкин эмас.
Акция бўлинмасдир.
[ОКОЗ:
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.24.00.00 Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори / 07.24.01.00 Қимматли қоғозлар турлари / 07.24.01.02 Акциялар ва облигациялар]
26-модда. Жамиятнинг жойлаштирилган ва эълон қилинган акциялари
Жамиятнинг уставида акциядорлар сотиб олган акцияларнинг (жойлаштирилган акцияларнинг) сони ва номинал қиймати белгилаб қўйилиши лозим.
Жамият уставида жамият жойлаштирилган акцияларга (эълон қилинган акциялар) қўшимча равишда жойлаштиришга ҳақли бўлган акцияларнинг миқдори ва номинал қиймати белгилаб қўйилиши мумкин.
Жамиятнинг уставида эълон қилинган акцияларни жамият томонидан жойлаштириш тартиби ва шартлари, шунингдек жамият жойлаштираётган акцияларнинг ҳар бир хили берадиган ҳуқуқлар белгилаб қўйилиши мумкин. Кўрсатиб ўтилган қоидалар уставда бўлмаса, жамият ана шундай хилдаги қўшимча акцияларни жойлаштиришга ҳақли эмас.
Жамият уставига жамиятнинг эълон қилинган акциялари ҳақида ушбу моддада назарда тутилган қоидалар билан боғлиқ ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор акциядорларнинг умумий йиғилишида қабул қилинади.
Агар жамият томонидан акцияларга эркин айирбошланадиган қимматли қоғозлар жойлаштирилса, бу хилдаги эълон қилинган акцияларнинг сони ушбу қимматли қоғозлар муомалада бўлиш муддати давомида эркин айирбошлаш учун зарур миқдордан кам бўлмаслиги лозим.
Жамият ўзи жойлаштирган қимматли қоғозлар эркин айирбошланиши мумкин бўлган акциялар берадиган ҳуқуқларни чеклаш ҳақида ушбу қимматли қоғозлар эгаларининг розилигисиз қарор қабул қилишга ҳақли эмас.
[ОКОЗ:
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.24.00.00 Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори / 07.24.01.00 Қимматли қоғозлар турлари / 07.24.01.02 Акциялар ва облигациялар]
акциядорлик жамиятининг уставига мувофиқ эмитентнинг молия-хўжалик фаолияти натижалари тўғрисида тўлиқ ва тўғри ахборот олиш;
олган дивидендини эркин тасарруф этиш;
давлат томонидан қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш ва мувофиқлаштириш юзасидан ваколат берилган органда, шунингдек судда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
ўз манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида уюшмалар ва бошқа жамоат ташкилотларига бирлашиш;
қимматли қоғозлар сотиб олиш вақтида зарар кўриш ва (ёки) фойданинг бир қисмини йўқотиш эҳтимоли билан боғлиқ таваккалчиликни суғурталаш ҳуқуқига эга.
Акциядорлар жамият уставида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўладилар.
[ОКОЗ:
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.24.00.00 Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори / 07.24.01.00 Қимматли қоғозлар турлари / 07.24.01.02 Акциялар ва облигациялар]
Жамиятнинг ҳар бир оддий (одатдаги) акцияси унинг эгаси бўлмиш акциядорга бир хил ҳажмда ҳуқуқлар беради.
Оддий (одатдаги) акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорлар ушбу Қонунга ва жамият уставига мувофиқ акциядорлар умумий йиғилишида мазкур йиғилиш ваколатига кирадиган барча масалалар бўйича овоз бериш ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин, шунингдек дивидендлар олиш, жамият тугатилган тақдирда эса, жамият мол-мулкининг бир қисмини олиш ҳуқуқига эгадир.
[ОКОЗ:
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.24.00.00 Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори / 07.24.01.00 Қимматли қоғозлар турлари / 07.24.01.02 Акциялар ва облигациялар]
Жамият имтиёзли акцияларининг эгалари бўлмиш акциядорлар, агар ушбу Қонунда ёки жамият уставида жамиятнинг муайян турдаги имтиёзли акциялари учун бошқача қоида белгиланмаган бўлса, акциядорларнинг умумий йиғилишида овоз бериш ҳуқуқига эга эмаслар.
Жамиятнинг бир турдаги имтиёзли акциялари уларнинг эгалари бўлмиш акциядорларга бир хил ҳажмда ҳуқуқлар беради ва одатдаги акциялар билан бир хил номинал қийматга эга бўлади.
Жамият тугатилган тақдирда ҳар бир турдаги имтиёзли акциялар бўйича тўланадиган дивидендлар ва (ёки) қийматнинг (тугатилиш қийматининг) миқдори жамият уставида белгилаб қўйилиши лозим. Дивиденд миқдори ва тугатилиш қиймати қатъий пул суммасида ёки имтиёзли акцияларнинг номинал қийматига нисбатан фоизларда белгиланади. Агар имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар миқдори ва тугатилиш қийматини аниқлаш тартиби жамият уставида кўрсатилган бўлса ҳам улар белгиланган ҳисобланади. Дивиденд миқдори белгиланмаган имтиёзли акцияларнинг эгалари оддий (одатдаги) акцияларнинг эгалари билан баравар дивидендлар олиш ҳуқуқига эга.
Агар жамият уставида икки ва ундан ортиқ турдаги имтиёзли акция назарда тутилган бўлса, жамият уставида имтиёзли акцияларнинг ҳар бир тури бўйича дивидендлар ва тугатилиш қийматини тўлаш навбати ҳам белгиланган бўлиши керак.
Муайян турдаги имтиёзли акциялар бўйича миқдори уставда белгиланган бўлиб, тўланмаган ёки ҳаммаси тўланмаган дивиденд жамғариб борилиши ва кейинчалик тўланиши (кумулятив имтиёзли акциялар) жамият уставида белгилаб қўйилиши мумкин.
Жамият уставида муайян турдаги имтиёзли акцияларнинг оддий (одатдаги) акциялар ёки бошқа турдаги имтиёзли акцияларга эркин айирбошланиши мумкинлиги ва шартлари ҳам белгилаб қўйилиши мумкин.
Имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорлар акциядорларнинг умумий йиғилишида жамиятни қайта ташкил этиш ва тугатиш масалалари ҳал этилаётганда овоз бериш ҳуқуқи билан иштирок этадилар. Муайян турдаги имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорлар акциядорларнинг умумий йиғилишида жамият уставига шу турдаги имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш, шу жумладан аввалги навбатдаги имтиёзли акциялар бўйича тўланадиган дивиденднинг миқдорини белгилаш ёки кўпайтириш ва (ёки) тугатилиш қийматини белгилаш ёки кўпайтириш масалалари, шунингдек бошқа турдаги имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорларга дивиденд ва (ёки) акциянинг тугатилиш қийматини тўлаш навбати бўйича имтиёзлар бериш масалалари ҳал этилаётганда овоз бериш ҳуқуқини оладилар.
Дивиденд миқдори жамият уставида белгилаб қўйилган муайян турдаги имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорлар, кумулятив имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорларни истисно этганда, ана шу турдаги имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинмаган ёки дивидендларни тўлиқ тўламаслик тўғрисида қарор қабул қилинган акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишидан кейинги йиғилишдан бошлаб умумий йиғилишнинг ваколатига кирадиган барча масалалар бўйича овоз бериш ҳуқуқи билан акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай турдаги имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорларнинг акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқи мазкур акциялар бўйича дивидендлар биринчи марта тўлиқ миқдорда тўланган пайтдан бошлаб тўхтатилади.
Муайян турдаги кумулятив имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорлар ана шу акциялар бўйича жамғарилиб қолган дивидендларни тўлиқ миқдорда тўлаш тўғрисида қарор қабул қилиши лозим бўлгану, аммо бундай қарор қабул қилмаган ёхуд дивидендларни тўлиқ миқдорда тўламаслик тўғрисида қарор қабул қилган акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишидан кейинги йиғилишдан эътиборан умумий йиғилишнинг ваколатига кирадиган барча масалалар бўйича акциядорларнинг умумий йиғилишида овоз бериш ҳуқуқи билан иштирок этишга ҳақли. Муайян турдаги кумулятив имтиёзли акцияларнинг эгаси бўлмиш акциядорларнинг акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқи мазкур акциялар бўйича жамғарилиб қолган барча дивидендлар тўлиқ миқдорда тўланган пайтдан бошлаб тўхтатилади.
Агар жамият уставида муайян турдаги имтиёзли акцияларни одатдаги акцияларга айирбошлаш мумкинлиги назарда тутилган бўлса, жамият устави бу турдаги имтиёзли акциялар бўйича овоз бериш ҳуқуқини назарда тутиши мумкин. Бунда ана шундай имтиёзли акция эгаси ўзига қарашли имтиёзли акция айирбошланиши мумкин бўлган одатдаги акциялар бўйича овозлар сонидан ошиб кетмайдиган миқдорда овозларга эга бўлади.
30-модда. Акцияларни бошқа шахсга мулк қилиб ўтказиш
Эгаси ёзилган акциялар бошқа шахсга мулк бўлиб ўтиши (сотиб олиниши, ҳадя қилиниши, мерос бўлиб ўтиши ва шу кабилар) мумкин. Бунда акция эгасининг ўзгарганини қайд этувчи орган акция янги эгасининг исми ёки номини киритади.
31-модда. Жамиятнинг ўз акцияларини сотиб олиш тартиби
Акциядорлик жамияти кейинчалик қайта сотиш, ўз ходимлари орасида тарқатиш ёки бекор қилиш мақсадида акциядорлардан уларга қарашли акцияларни сотиб олишга ҳақли. Кўрсатиб ўтилган акциялар кўпи билан бир йил ичида реализация қилиниши лозим. Ана шу давр ичида дивидендларни тақсимлаш, шунингдек акциядорларнинг умумий йиғилишида овоз бериш ва кворумни аниқлаш жамият сотиб олган ўз акцияларини ҳисобга олмаган ҳолда ўтказилади.
Жамият ўз акцияларини мустақил равишда ёки инвестиция институтлари орқали қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сотиб олади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: мазкур Қонуннинг 41, 42, 44 ва 45-моддалари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 8 июндаги 285-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимматли қоғозлар билан битишувлар тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 5-банди ва «Корпоратив қимматли қоғозлар билан репо битишувларини амалга ошириш тўғрисида»ги низом (рўйхат № 1396, 06.08.2004 й.).
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.24.00.00 Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори / 07.24.01.00 Қимматли қоғозлар турлари / 07.24.01.02 Акциялар ва облигациялар]
32-модда. Жамиятнинг облигациялари ва бошқа қимматли қоғозлари
Қонун ҳужжатларида назарда тутилган облигациялар ва бошқа қимматли қоғозларни жамият ўз уставига мувофиқ жойлаштиришга ҳақли.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонуни, «Қимматли қоғозларнинг ҳосилаларини чиқариш ва уларни муомалада юритиш тартиби» (рўйхат рақами 320, 02.04.1997 й.) ва «Қимматли қоғозлар эмиссияси ва эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларини давлат рўйхатидан ўтказиш қоидалари» (рўйхат рақами 2000, 30.08.2009 й.).
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.24.00.00 Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори / 07.24.01.00 Қимматли қоғозлар турлари / 07.24.01.02 Акциялар ва облигациялар]
33-модда. Жамиятнинг акциялари ва бошқа қимматли қоғозларига ҳақ тўлаш
Акциядор таъсис йиғилишида (конференциясида) белгиланган муддатда, аммо жамият рўйхатдан ўтказилганидан кейин кўпи билан бир йил ичида акцияларни тўлиқ сотиб олиши лозим. Акцияларни сотиб олиш муддати ўтганидан кейин акциядорлик жамияти бу акцияларни ўз хоҳишига кўра реализация қилишга ҳақлидир.
Жамиятнинг қўшимча акцияларига уларни жойлаштириш тўғрисидаги қарорга мувофиқ белгиланган муддат ичида, бироқ улар сотиб олинган (жойлаштирилган) пайтдан эътиборан кўпи билан бир йил ичида ҳақ тўланиши лозим.
Жамият уставида акциялар ҳақини тўлаш мажбуриятини бажармаганлик учун неустойка (жарима, пеня) ундириш назарда тутилиши мумкин.
Жамиятнинг акциялари ва бошқа қимматли қоғозларига ҳақ тўлаш пул, қимматли қоғозлар, бошқа мулкий ҳуқуқлар ёхуд пулда баҳоланадиган ўзга ҳуқуқлар воситасида амалга оширилиши мумкин. Жамиятни таъсис этиш чоғида унинг акцияларига ҳақ тўлаш шакли жамиятни ташкил этиш тўғрисидаги шартномада (қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарорда) ёки жамият уставида, қўшимча акциялар ва бошқа қимматли қоғозларга ҳақ тўлаш эса, уларни жойлаштириш тўғрисидаги қарорда белгилаб қўйилади.
Жамиятни таъсис этиш чоғида акцияга тўланадиган ҳақ сифатида топширилаётган мол-мулкнинг пулдаги баҳоси муассислар ўртасидаги келишувга мувофиқ чиқарилади.
Агар жамиятнинг шу йўсинда сотиб олинаётган акциялари ва бошқа қимматли қоғозларининг номинал қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордаги иш ҳақининг икки юз бараваридан кўпни ташкил этса, жамиятнинг акциялари ва бошқа қимматли қоғозларининг ҳақи сифатида топширилаётган мол-мулкнинг пулдаги баҳосини мустақил нархловчи (аудитор) чиқариши керак.
Жамият уставида унинг акциялари ва бошқа эгаси ёзилган қимматли қоғозлари ҳақи сифатида топшириладиган мол-мулк турлари чеклаб қўйилиши мумкин.
Акция ҳақининг ҳаммаси тўланмагунича акциялар овоз ҳуқуқини бермайди, жамият ташкил этилаётган чоғда муассислар ёки қайта ташкил этилаётган давлат корхонаси меҳнат жамоасининг аъзолари сотиб оладиган акциялар бундан мустасно.
Жамият тасарруфига ўтган акциялар овоз ҳуқуқини бермайди, овозларни ҳисоблаб чиқиш вақтида инобатга олинмайди, улар бўйича дивидендлар ёзилмайди. Бундай акциялар жамият тасарруфига ўтган пайтдан эътиборан кўпи билан бир йил ичида реализация қилиниши лозим, акс ҳолда, акциядорларнинг умумий йиғилиши кўрсатиб ўтилган акцияларни муомаладан чиқариш орқали жамиятнинг устав фондини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилиши лозим.
Жамият уставида назарда тутилган, аммо устав фондининг ўн беш фоизидан кам бўлмаган миқдорда жамият захира фонди тузилади. Жамиятнинг захира фонди жамиятнинг устав фондида белгиланган миқдорга етгунига қадар ҳар йили соф фойдадан мажбурий ажратмалар ўтказиш орқали ташкил этилади. Ҳар йилги ажратмаларнинг миқдори жамият уставида назарда тутилади, аммо бу миқдор жамият уставида белгиланган миқдорга етгунига қадар соф фойданинг беш фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Жамиятнинг захира фонди кўрилган зарарни қоплаш, жамият облигацияларини муомаладан чиқариш, имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар тўлаш ва ушбу Қонунга мувофиқ акцияларни сотиб олишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг талабига биноан акцияларни сотиб олиш учун мўлжалланади.
Захира фондидан бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин эмас.
Жамият соф активларининг қиймати бухгалтерия ҳисоб-китоб маълумотлари бўйича белгиланган тартибда баҳоланади.
Агар иккинчи молия йили ва ундан кейинги ҳар бир молия йили тугаганидан кейин жамият акциядорлари тасдиғига тақдим этилган йиллик бухгалтерия балансига ёки аудиторлик текшируви натижаларига кўра жамият соф активларининг қиймати унинг устав фондидан оз бўлиб чиқса, жамият ўз устав фондини соф активлари қийматидан ошиб кетмайдиган миқдоргача камайтиришини эълон қилиши шарт.
Агар иккинчи молия йили ва ундан кейинги ҳар бир молия йили тугаганидан кейин жамият акциядорлари тасдиғига тақдим этилган йиллик бухгалтерия балансига ёки аудиторлик текшируви натижаларига мувофиқ жамият соф активларининг қиймати ушбу Қонуннинг 20-моддасида кўрсатилган устав фондининг энг кам миқдоридан оз бўлиб чиқса, жамият ўзини тугатиш ҳақида қарор қабул қилиши шарт.
Жамиятнинг устав фондини камайтириш ёки жамиятни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинмаса, унинг акциядорлари, кредиторлари, шунингдек давлат томонидан ваколат берилган органлар жамиятни суд тартибида тугатишни талаб қилишга ҳақли.
[ОКОЗ:
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.24.00.00 Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори / 07.24.01.00 Қимматли қоғозлар турлари / 07.24.01.02 Акциялар ва облигациялар]
IV БЎЛИМ. АКЦИЯЛАР ВА БОШҚА ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРНИ ТАРҚАТИШ ҲАМДА ЖОЙЛАШТИРИШ
Жамият ўз акцияларини қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тарқатади (сотади).
Давлат корхонаси акциядорлик жамиятига айлантирилганда давлатга қарашли акцияларни дастлабки ва кейинчалик тарқатиш давлат мулкини тасарруф этиш ваколатига эга бўлган орган томонидан амалга оширилади.
Давлат мол-мулкини тасарруф этиш ваколатига эга бўлган орган давлатга қарашли акцияларни реализация қилиш ҳақидаги маълумотларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 8 июндаги 285-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимматли қоғозлар билан битишувлар тузиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом.
Очиқ турдаги жамият акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни очиқ ва ёпиқ обуна воситасида жойлаштиришга ҳақли.
Ёпиқ турдаги жамият очиқ обуна воситасида акцияларни ва акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни жойлаштиришга ёки уларни чекланмаган доирадаги шахсларга сотиб олиш учун бошқача тарзда таклиф этишга ҳақли эмас.
Жамиятнинг қўшимча акцияларини қимматли қоғозларга айирбошлаш йўли билан жойлаштириш бундай қимматли қоғозларни жойлаштириш тўғрисидаги қарорда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Очиқ турдаги жамият томонидан акциялар ва акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни жойлаштириш (очиқ ёки ёпиқ обуна) усуллари жамият уставида белгилаб қўйилади, жамият уставида бу хусусда кўрсатмалар бўлмаса, акциядорлар умумий йиғилишининг қарори билан белгиланади. Жамият уставида ёки акциядорлар умумий йиғилишининг қарорида жамият акциялари ва акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларини жойлаштириш услуби тўғрисида кўрсатма бўлмаса, жойлаштириш фақатгина очиқ обуна воситасида амалга оширилиши мумкин.
Жамиятнинг акциялар ва акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни жойлаштириши қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Қонун ҳужжатларида очиқ жамиятнинг акциялар ва акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни очиқ обуна воситасида жойлаштириши шарт бўлган ҳоллар белгилаб қўйилиши мумкин.
Жамиятнинг акцияларига ҳақ тўлаш бозор қийматида амалга оширилади.
Жамиятни таъсис этиш вақтида унинг акциялари ҳақини тўлаш жамият муассислари томонидан акцияларнинг номинал қиймати бўйича амалга оширилади.
Жамият қуйидаги ҳолларда акцияларни уларнинг бозор қийматидан арзонроқ нархда жойлаштиришга ҳақли:
жамиятнинг қўшимча оддий акциялари оддий акциялар эгалари бўлган акциядорларга жойлаштирилиб, улар оддий акцияларни бозор қийматининг тўқсон фоизидан паст бўлмаган нархда сотиб олишдан иборат ўз имтиёзли ҳуқуқларини рўёбга чиқарган ҳолларда;
қўшимча акциялар воситачи иштирокида жойлаштирилиб, уларнинг баҳоси бозор баҳосидан кўпи билан бундай акцияларни жойлаштириш баҳосига нисбатан фоизларда белгиланган воситачилик ҳақи миқдорида арзон бўлганида.
Давлат корхонаси акциядорлик жамиятига айлантирилганда акциялар уларнинг номинал қиймати бўйича жойлаштирилади ва бу ҳол эмиссия маълумотномасида қайд қилинади.
38-модда. Акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларнинг жойлаштириш баҳоси
Жамият акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни уларнинг бозор қиймати бўйича жойлаштиради, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:
одатдаги акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозлар одатдаги акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорларга жойлаштирилганда, агар улар бундай қимматли қоғозларни бозор қийматининг тўқсон фоизидан кам бўлмаган нархларда сотиб олишдан иборат имтиёзли ҳуқуқларини рўёбга чиқарсалар;
акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозлар воситачи иштирокида жойлаштирилиб, уларнинг баҳоси бозор баҳосидан кўпи билан бундай қимматли қоғозларни жойлаштириш баҳосига нисбатан фоизларда белгиланган воситачилик ҳақи миқдорида арзон бўлиши.
Ушбу модданинг қоидалари муомаладан чиқариш шартлари номинал қийматини тўлашни ёки акцияга айирбошлашни назарда тутувчи облигацияларни жамият томонидан жойлаштиришга нисбатан татбиқ этилмайди.
39-модда. Акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни жойлаштиришда акциядорларнинг ҳуқуқларини таъминлаш
Агар жамият овоз берувчи акцияларга айирбошланадиган, ҳақи пул билан тўланадиган қимматли қоғозларни жойлаштирса, жамият уставида жамиятнинг овоз берувчи акциялари эгаси бўлмиш акциядорлар бундай қимматли қоғозларни ўзлари эга бўлган овоз берувчи акциялар сонига мутаносиб миқдорда имтиёзли сотиб олишга ҳақли эканлиги назарда тутилиши мумкин.
Овоз берувчи акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозлар ҳақи пул билан тўланган очиқ обуна воситасида жойлаштирилган тақдирда имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини қўлламаслик тўғрисидаги қарор, шунингдек бундай қарорнинг амал қилиш муддати тўғрисидаги қарор акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акциялар эгаларининг кўпчилик овози билан қабул қилиниши мумкин.
Овоз берувчи акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини қўлламаслик тўғрисидаги қарор акциядорлар умумий йиғилишининг қарорида белгиланган муддат давомида, аммо бундай қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан кўпи билан бир йил давомида амал қилади.
Ушбу модданинг қоидалари ушбу Қонуннинг 29-моддасига мувофиқ жамиятнинг овоз бериш ҳуқуқини олган имтиёзли акциялари эгаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
40-модда. Акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини амалга ошириш тартиби
Жамият овоз берувчи акцияларга айирбошланадиган, ҳақи пул билан тўланадиган қимматли қоғозларни жойлаштира бошлайдиган кундан камида 30 кун олдин жамиятнинг овоз берувчи акциялари эгалари бўлмиш акциядорлар ушбу Қонуннинг 39-моддасида назарда тутилган ўз ҳуқуқларини амалга оширишлари мумкинлиги ҳақида хабардор қилиниши лозим.
Хабарномада овоз берувчи акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларнинг жойлаштирилаётган миқдори, уларни жойлаштириш баҳоси (шу жумладан, агар жамият акциядорлари ўзларининг бундай қимматли қоғозларни имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини амалга оширсалар, уларни жамиятнинг акциядорларига жойлаштириш баҳоси), ҳар бир акциядор сотиб олишга ҳақли бўлган қимматли қоғозларнинг сонини аниқлаш тартиби, акциядорларнинг бундай ҳуқуқи амал қиладиган муддат ва ҳуқуқни рўёбга чиқариш тартиби тўғрисидаги маълумотлар бўлиши лозим.
Акциядор овоз берувчи акцияларга айирбошланадиган қимматли қоғозларни сотиб олиши тўғрисида ўзининг исми (номи) ва яшаш манзили (жойлашган манзили), сотиб оладиган қимматли қоғозларнинг сони кўрсатилган ёзма ариза ва ҳақ тўлаганлик тўғрисидаги ҳужжатни жамият номига юбориб, ўзининг имтиёзли ҳуқуқини тўла ёки қисман рўёбга чиқаришга ҳақлидир. Бундай ариза овоз берувчи акцияларга айирбошланадиган қўшимча акциялар ва қимматли қоғозларни жойлаштириш бошланадиган санадан кечи билан бир кун олдин жамият номига юборилиши лозим.
41-модда. Жамиятнинг жойлаштирилган акцияларни сотиб олиши
Жамият акциядорлар умумий йиғилишининг, агар жамият уставида назарда тутилган бўлса, жойлаштирилган акцияларнинг умумий сонини камайтириш мақсадида, шунингдек кейинчалик қайта сотиш мақсадида уларнинг бир қисмини сотиб олиш йўли билан жамиятнинг устав фондини камайтириш тўғрисидаги қарорига мувофиқ ўзининг жойлаштирилган акцияларини сотиб олишга ҳақлидир.
Агар муомалада қолган акцияларнинг номинал қиймати устав фондининг ушбу Қонунда назарда тутилган энг кам миқдоридан камайиб кетадиган бўлса, жамият жойлаштирилган акцияларининг умумий сонини камайтириш мақсадида уларнинг бир қисмини сотиб олиш йўли билан устав фондини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли эмас.
Акциядорларнинг умумий йиғилиши акцияларнинг умумий сонини камайтириш мақсадида уларни сотиб олиш йўли билан жамиятнинг устав фондини камайтириш тўғрисида қабул қилган қарор асосида жамият томонидан сотиб олинган акциялар уларни сотиб олиш вақтида муомаладан чиқарилади.
Акцияларни сотиб олиш тўғрисидаги қарорда сотиб олинадиган акцияларнинг турлари, жамият сотиб оладиган ҳар бир турдаги акциянинг сони, сотиб олиш нархи, акциялар ҳақини тўлаш шакли ва муддати, шунингдек акциялар қанча муддатда сотиб олиниши белгилаб қўйилиши лозим.
Агар жамиятнинг уставида ўзгача тартиб белгиланмаган бўлса, акцияларни сотиб олиш вақтида уларга пул билан ҳақ тўланади. Акцияларни сотиб олиш муддати 30 кундан кам бўлмаслиги керак. Жамият томонидан оддий (одатдаги) акцияларни сотиб олиш нархи бозор баҳосига мувофиқ белгиланади.
Сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилинган муайян турлардаги акцияларнинг эгаси бўлмиш ҳар бир акциядор кўрсатиб ўтилган акцияларни сотишга ҳақлидир, жамият эса уларни сотиб олиши шарт. Агар жамиятнинг сотиб олиши тўғрисида ариза тушган акцияларнинг умумий сони ушбу моддада белгиланган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда жамият сотиб олиши мумкин бўлган акцияларнинг сонидан ортиб кетса, акциядорлардан аризада кўрсатилган талабларга мутаносиб равишда акциялар сотиб олинади.
Акциялар сотиб олинадиган муддат бошланишига кечи билан 30 кун қолганда жамият муайян турдаги акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорларни хабардор қилиши шарт. Хабарномада ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатиб ўтилган маълумотлар бўлиши лозим.
Имтиёзли акциялар жамият уставида назарда тутилган нархларда сотиб олинади.
42-модда. Жойлаштирилган акцияларнинг жамият томонидан сотиб олинишидаги чеклашлар
Жамият:
жамиятнинг бутун устав фонди батамом тўлангунига қадар, агар оддий акцияларни сотиб олиш вақтига келиб жамиятда банкротлик белгилари бўлса ёки бундай белгилар у акцияларни сотиб олганлиги натижасида пайдо бўлса;
агар оддий акцияларни сотиб олиш вақтига келиб жамиятга қарашли соф активларнинг қиймати унинг устав фондидан, захира фондидан ва жойлаштирилган имтиёзли акцияларнинг уставда белгиланган тугатиш қийматининг номинал қийматдан ортиқ қисмидан кам бўлса ёхуд акцияларни сотиб олиш натижасида уларнинг миқдоридан камайиб кетса, оддий акцияларни сотиб олишга ҳақли эмас.
Ушбу Қонуннинг 45-моддасига мувофиқ қайтариб сотиб олиш тўғрисида талаб қўйилган ҳамма акциялар қайтариб сотиб олинмагунича жамият жойлаштирилган акцияларни сотиб олишга ҳақли эмас.
43-модда. Акцияларни йириклаштириш ва майдалаш
Акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига мувофиқ жамият жойлаштирилган акцияларни йириклаштириш ҳуқуқига эга бўлиб, бунинг натижасида жамиятнинг икки ёки ундан ортиқ акцияси худди шу турдаги битта янги акцияга айирбошланади. Бунда жамият уставига унинг эълон қилинган акцияларининг номинал қиймати ва сонига доир тегишли ўзгартишлар киритилади.
Акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига мувофиқ жамият жойлаштирилган акцияларни майдалаш ҳуқуқига эга бўлиб, бунинг натижасида жамиятнинг бир акцияси худди шу турдаги икки ёки ундан ортиқ акцияга айирбошланади. Бунда жамият уставига жамиятнинг эълон қилинган акциялари номинал қиймати ва сонига доир тегишли ўзгартишлар киритилади.
44-модда. Акциядорлар талабига биноан жамиятнинг акцияларни қайтариб сотиб олиши
Овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлган акциядорлар:
жамият қайта ташкил этилганда ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан ушбу Қонуннинг 90-моддаси учинчи қисмига мувофиқ қабул қилинган қарорга биноан йирик битим амалга оширилганда, башарти акциядорлар қайта ташкил этиш ёки кўрсатиб ўтилган битимни тузиш тўғрисида қарор қабул қилинишига қарши овоз берган бўлсалар ёхуд бу масалалар бўйича овоз беришда узрли сабабларга кўра иштирок этмаган бўлсалар;
жамият уставига акциядорларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилганда ёки жамиятнинг устави уларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган тарзда янги таҳрирда тасдиқланганда, башарти акциядорлар тегишли қарорлар қабул қилинишига қарши овоз берган бўлсалар ёки овоз беришда узрли сабабларга кўра иштирок этмаган бўлсалар, ўзларига қарашли акцияларнинг ҳаммаси ёки муайян қисми жамият томонидан қайтариб сотиб олинишини талаб қилишга ҳақлидир.
Ўзларига тегишли акцияларни жамиятнинг қайтариб сотиб олишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорлар рўйхати овоз бериш натижасида ушбу Қонунга мувофиқ акцияларни қайтариб сотиб олишни талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келиши мумкин бўлган масалалар кун тартибига киритилган умумий йиғилишда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорлар рўйхати тузилган кундаги жамият акциядорлари реестрининг маълумотлари асосида тузилади.
Жамият акцияларни бозор қиймати бўйича қайтариб сотиб олади, бу қийматни аниқлаш чоғида жамиятнинг акцияларни баҳолашни ва қайтариб сотиб олишни талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келишига сабаб бўладиган ҳаракати натижасида унинг қиймати ўзгариши ҳисобга олинмайди.
45-модда. Акциядорларнинг ўзларига тегишли акцияларни жамият қайтариб сотиб олишини талаб қилиш ҳуқуқини амалга ошириш тартиби
Жамият акциядорларни ўзларига тегишли акцияларни жамият қайтариб сотиб олишини талаб қилиш ҳуқуқи борлигидан, қайтариб сотиб олиш баҳоси ва уни амалга ошириш тартибидан хабардор этиши шарт.
Овоз бериш натижасида ушбу Қонунга мувофиқ жамият акцияларни қайтариб сотиб олишини талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келиши мумкин бўлган масалалар киритилган акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида акциядорларга етказиладиган хабар ушбу модданинг биринчи қисмида айтиб ўтилган маълумотларни ўз ичига олган бўлиши лозим. Акциядорларнинг умумий йиғилишида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлмаган акциядорлардан жамиятнинг акцияларни қайтариб сотиб олишини талаб қилиш ҳуқуқи борлиги ва бундай ҳуқуқни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги ахборот жамият акцияларни қайтариб сотиб олишини талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келишига сабабчи бўлган қарор қабул қилинган кундан эътиборан кечи билан 7 кун ичида уларга юборилади.
Акциядорнинг ўзига тегишли акцияларни қайтариб сотиб олиш тўғрисидаги ёзма талаби акциядорнинг яшаш манзили (жойлашган манзили) ва у қайтариб сотиб олинишини талаб қилаётган акциялар сонини кўрсатган ҳолда жамиятга юборилади.
Акциядорларнинг ўзларига қарашли акцияларни жамиятнинг қайтариб сотиб олиши тўғрисидаги талаблари акциядорлар умумий йиғилишининг тегишли қарори қабул қилинган кундан эътиборан кечи билан 45 кун ичида жамиятга тақдим қилинмоғи лозим.
Ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатиб ўтилган муддат тугаганидан сўнг жамият қайтариб сотиб олиш талабини қўйган акциядорлардан акцияларни 30 кун ичида сотиб олиши шарт.
Жамият акцияларни, ушбу Қонунга мувофиқ, овоз бериш натижасида акциялар жамият томонидан қайтариб сотиб олинишини талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келиши мумкин бўлган масалаларни кун тартибига киритган ҳолда умумий йиғилиш ўтказилиши тўғрисидаги хабарда кўрсатилган баҳода сотиб олади. Жамият акцияларни қайтариб сотиб олишга ажратадиган маблағларнинг умумий суммаси акциядорларда ўзларига қарашли акцияларни қайтариб сотиб олишни талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келишига сабабчи бўлган қарор қабул қилинган кундаги жамият соф активлари қийматининг ўн фоизидан ошиб кетиши мумкин эмас. Қайтариб сотиб олиш талаби қўйилган акцияларнинг умумий сони жамият юқорида белгиланган чеклашларни инобатга олган ҳолда қайтариб сотиб олиши мумкин бўлган акциялар сонидан ошиб кетган тақдирда акциядорлардан акциялар қўйилган талабларга мутаносиб равишда қайтариб сотиб олинади.
Жамият қайта ташкил этилган тақдирда у қайтариб сотиб олган акциялар уларни қайтариб сотиб олиш чоғида муомаладан чиқарилади.
Ушбу Қонуннинг 44-моддасида назарда тутилган бошқа ҳолларда жамият қайтариб сотиб олган акциялар жамиятнинг тасарруфига тушади. Мазкур акциялар овоз ҳуқуқини бермайди, овозларни санаш чоғида ҳисобга олинмайди, улар бўйича дивидендлар ёзилмайди. Бундай акциялар қайтариб сотиб олинган пайтидан эътиборан узоғи билан бир йил ичида реализация қилиниши лозим, акс ҳолда акциядорларнинг умумий йиғилиши мазкур акцияларни муомаладан чиқариш йўли билан жамиятнинг устав капиталини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилиши керак.
46-модда. Мол-мулкнинг бозор қийматини аниқлаш
[СПиТ:
1.Баҳо (қиймат) / Бозор қиймати]
Мол-мулкнинг бозор қиймати, шу жумладан жамиятга қарашли акциялар ёки бошқа қимматли қоғозларнинг қиймати шундай баҳодирки, мол-мулкнинг қиймати тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлган ва уни сотишга мажбур бўлмаган сотувчи уни шу баҳода сотишга рози бўлиши мумкин, мол-мулкнинг қиймати тўғрисида тўлиқ ахборотга эга бўлган ва уни сотиб олишга мажбур бўлмаган олувчи эса уни шу баҳода сотиб олишга рози бўлиши мумкин.
Мол-мулкнинг бозор қийматини аниқлаш учун холис баҳоловчи (аудитор) жалб этилиши мумкин.
Жамият акциядорлардан уларга тегишли акцияларни ушбу Қонуннинг 45-моддасига мувофиқ қайтариб сотиб олган тақдирда мол-мулкнинг бозор қийматини аниқлаш учун холис баҳоловчи (аудитор)ни жалб этиш шарт бўлади.
Давлатнинг ўзи жамият акцияларининг эгаси бўлган тақдирда, давлат молия органини жалб этиш мажбурийдир.
Қийматини аниқлаш талаб қилинаётган мол-мулк акция ёки бошқа қимматли қоғозлардан иборат бўлиб, уларнинг сотиб олиш нархи ёки талаб нархи ҳамда таклиф нархи матбуотда мунтазам эълон қилиб турилган бўлса, мазкур мол-мулкнинг бозор қийматини аниқлаш учун ана шу сотиб олиш нархи ёки талаб нархи ва таклиф нархи эътиборга олиниши лозим.
[ОКОЗ:
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.24.00.00 Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори / 07.24.01.00 Қимматли қоғозлар турлари / 07.24.01.02 Акциялар ва облигациялар;
2.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.24.00.00 Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори / 07.24.04.00 Қимматли қоғозлар бозорида касб фаолияти / 07.24.04.06 Қимматли қоғозлар билан биржадан ташқари савдолар ташкилотчиси]
V БЎЛИМ. АКЦИЯДОРЛАР РЕЕСТРИ ВА АКЦИЯЛАРНИ САҚЛАШ
47-модда. Акциядорлар реестри
Акциядорлар реестри рўйхатга олинган акция эгаларининг уларга тегишли эгаси ёзилган қимматли қоғозлар сони, номинал қиймати ва тоифаси кўрсатилган, ҳар қандай белгиланган санадаги ҳолатга кўра тузилган ҳамда бу акция эгалари, уларга тегишли қимматли қоғозларнинг сони ва тоифалари айнан тўғрилигини аниқлаш имконини берадиган рўйхатидир. Эмитентлар акциядорлар реестрини давлат томонидан қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш ва мувофиқлаштириш юзасидан ваколат берилган орган белгилаган шаклда юритиши шарт. Акцияларни жойлаштирган жамият ёки ихтисослашган рўйхатчи жамият акциядорлари реестрининг сақловчиси бўлиши мумкин. Оддий (одатдаги) акция эгалари бўлмиш акциядорлари 500 ва ундан ортиқ бўлган жамият реестр юритиш ва сақлашни ихтисослашган реестр сақловчига (рўйхатчига) шартнома асосида топшириши шарт.
Ихтисослашган рўйхатчига реестр юритишни топширган жамият реестрни юритиш ва уни сақлаш учун жавобгарликдан озод этилмайди.
Акциядорлик жамиятининг акциядорлари бўлган ва қимматли қоғозлар бозорида ўзга бир фаолият учун лицензияси бўлган жисмоний ва юридик шахслар шу жамият акциядорлари реестрининг сақловчиси бўла олмайдилар. Қимматли қоғозлар эгаларининг реестрини юритиш билан шуғулланувчи рўйхатчи (эмитентнинг ўзи бундан мустасно) қимматли қоғозлар юзасидан битимлар тузишга ҳақли эмас.
уларнинг ўз номларига рўйхатдан ўтказилган, ахборот олиш ва уни мазкур шахсларга йўллаш ҳамда қимматли қоғозлар эгаларининг реестрини тузиш имконини берадиган қимматли қоғозларга нисбатан бўлган ҳуқуқларини ҳисобга олишни;
қимматли қоғозлар эгалари реестрига ўзгартишлар киритишни зарур қилиб қўядиган барча фактлар ва ҳужжатлар тўғрисидаги ҳамда бундай ўзгартишларни киритиш борасида реестр сақловчининг барча ҳаракатлари ҳақидаги ахборотни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда тўплаш ва сақлашни таъминламоғи лозим.
Эгаси ёзилмаган қимматли қоғозлар учун қимматли қоғозлар эгалари реестрини юритиш тизими жорий этилмайди. Реестрни юритиш учун шартнома фақат битта юридик шахс билан тузилади.
Жамият акциядорлари реестрида рўйхатга олинган ҳар бир шахс (акциядор ёки номинал акция сақловчи) рўйхатга олинган ҳар бир шахснинг номига ёзилган акцияларнинг сони ва турлари тўғрисидаги маълумотлар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа маълумотлар кўрсатилади.
Жамият акциядорлар реестрини юритиш ва сақлашни жамият давлат рўйхатига олинган пайтдан эътиборан узоғи билан бир ой ичида таъминламоғи лозим.
Жамият акциядорлари реестрида рўйхатга олинган шахс ўзига тегишли маълумотлар ўзгарганлиги тўғрисида жамият акциядорлари реестрининг сақловчисини ўз вақтида хабардор этиши шарт. У ўзига тегишли маълумотлар ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборотни тақдим этмаган тақдирда, шу муносабат билан акциядорга етказилган зарар учун жамият ва ихтисослашган рўйхатчи жавобгар бўлмайдилар.
Реестрни сақловчи қимматли қоғозлар эгаси ёки унинг номидан иш олиб бораётган шахснинг, шунингдек номинал сақловчининг талабига биноан икки иш куни ичида реестрдан кўчирма бериши шарт. Қимматли қоғозлар эгаси реестрдан кўчирмага ўзига тааллуқли бўлмаган ахборотни, шу жумладан бошқа қимматли қоғозлар эгалари ҳамда уларга тегишли қимматли қоғозлар сони тўғрисидаги ахборотни киритишни талаб этишга ҳақли эмас.
Реестрдан кўчирма қимматли қоғозларнинг эгасини, кўчирма берилаётган пайтда ҳисобда бўлган ҳар бир чиқариш туркумига кирган қимматли қоғозлар сонини, улар устидан мажбуриятлар олиш ҳолларини, шунингдек бу қоғозларга тааллуқли бошқа ахборотни кўрсатган ҳолда реестр сақловчи томонидан бериладиган ҳужжатдир.
Реестрдан кўчирмада унда сўз юритилаётган қимматли қоғозлар бўйича барча чеклашлар ёки (қимматли қоғозлар) устидан мажбуриятлар олиш ҳоллари тўғрисида, реестр юритиш тизимида у тузилган санада қайд этилган мажбуриятлар ҳақидаги белги бўлиши лозим.
Мазкур кўчирмани берган шахс ундаги маълумотларнинг тўлиқлиги ва ишончлилиги учун жавобгардир. Қимматли қоғозларни бериш тўғрисидаги фармойишнинг шакли ва фармойишда қандай маълумотлар кўрсатилиши қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштирувчи ваколатли давлат органи томонидан белгилаб қўйилади.
Жамият акциядорлари реестрига ёзув киритишни рад этишга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Жамият акциядорлари реестрига ёзув киритиш рад этилган тақдирда, мазкур реестрнинг сақловчиси жамият акциядорлари реестрига ёзув киритиш талаби қўйилган пайтдан эътиборан узоғи билан беш кун ичида ёзув киритиш рад этилганлиги тўғрисидаги далил-исботли билдиришни ёзув киритишни талаб этган шахсга юборади.
Жамият акциядорлари реестрига ёзув киритишни рад этиш устидан судга шикоят қилиш мумкин.
Дивиденд фойданинг солиқлар ва мажбурий тўловлар тўланганидан, қайта инвестиция амалга оширилганидан сўнг акциядорлар жамияти ихтиёрида қоладиган, акциядорлар ўртасида тақсимланиши керак бўлган қисми.
Жамият акцияларнинг ҳар бир тури бўйича эълон қилинган дивидендларни тўлаши шарт.
Акциядорлар жамиятининг умумий йиғилиши қарорига биноан дивиденд пул маблағлари ёки бошқа қонуний тўлов воситалари билан тўланиши мумкин.
Дивиденд акциядорлар ўртасида уларга тегишли акцияларнинг сони ва турига мутаносиб равишда тақсимланади.
54-модда. Дивидендларни тўлаш муддатлари ва шакллари
Жамият йилнинг ҳар чорагида, ҳар ярим йилда ёки йилига бир марта жойлаштирилган акциялар бўйича дивидендлар тўлаш тўғрисида, агар ушбу Қонун ва жамият уставида ўзгача қоида белгиланмаган бўлса, қарор қабул қилишга (эълон қилишга) ҳақлидир.
Акцияларнинг ҳар бир тури бўйича оралиқ дивидендлар (йилнинг ҳар бир чораги бўйича, ярим йиллик дивидендлар) тўлаш, дивиденд миқдори ва уни тўлаш шакли тўғрисидаги қарор жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан қабул қилинади.
Акцияларнинг ҳар бир тури бўйича йиллик дивидендлар тўлаш, дивиденднинг миқдори ҳамда уни тўлаш шакли тўғрисидаги қарор жамият кузатув кенгашининг тавсияси асосида акциядорлар умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади. Йиллик дивидендларнинг миқдори жамият кузатув кенгаши тавсия этган миқдордан кўп ва тўланган оралиқ дивидендлардан кам бўлиши мумкин эмас. Акциядорларнинг умумий йиғилиши акцияларнинг муайян турлари бўйича дивиденд тўламаслик тўғрисида, шунингдек имтиёзли акциялар бўйича тўлиқ бўлмаган миқдорда дивидендлар тўлаш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақли, бундай акциялар бўйича дивиденд миқдори уставда белгилаб қўйилади.
Агар оралиқ дивидендлар тўлаш оқибатида акциядорлар жамиятининг молия-хўжалик аҳволи жиддий тарзда ёмонлашадиган бўлса, оралиқ дивидендлар тўлаш тақиқланади.
Дивидендлар жамиятнинг жорий йилдаги соф фойдасидан тўланади. Муайян турдаги имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар жамиятнинг махсус мўлжалланган фондлари ҳисобидан тўланиши мумкин.
Йиллик дивидендларни тўлаш санаси жамият устави ёки йиллик дивидендлар тўлаш тўғрисида акциядорлар умумий йиғилиши чиқарган қарор билан белгилаб қўйилади. Оралиқ дивидендлар тўлаш санаси жамият кузатув кенгашининг оралиқ дивидендлар тўлаш тўғрисидаги қарори билан белгиланади, бироқ ана шундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан камида 30 кун ўтиши керак.
Дивидендларнинг ҳар бир тўлови учун жамиятнинг кузатув кенгаши дивиденд олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг рўйхатини тузади. Оралиқ дивидендларни олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхатига жамият кузатув кенгаши дивидендлар тўлаш тўғрисида қарор қабул қилган кундан камида 30 кун олдин жамият акциядорлари реестрига киритилган акциядорлар ва акцияларнинг номинал сақловчилари, йиллик дивидендлар олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхатига эса акциядорларнинг умумий йиллик йиғилишида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар рўйхати тузиладиган кунгача жамият акциядорлари реестрига киритилган акциядорлар ва акцияларнинг номинал сақловчилари киритилиши лозим.
Дивидендлар тўлаш вақтида биринчи навбатда имтиёзли акциялар бўйича, сўнгра оддий акциялар бўйича дивидендлар тўланади. Имтиёзли акциялар бўйича қатъий белгиланган дивидендларни тўлаш учун етарли миқдорда фойда мавжуд бўлган тақдирда жамият мазкур акцияларни сақловчиларга дивидендлар тўлашни рад этишга ҳақли эмас. Жамият рад этган тақдирда акциядорлар дивидендлар тўлашни суд орқали талаб қилишлари мумкин. Жамият етарли миқдорда фойдага эга бўлмаса ёки зарар кўриб ишлаган бўлса, имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар ана шу мақсад учун ташкил этилган жамият захира фонди ҳисобидан ва ана шу фонд доирасидагина тўланиши мумкин. Эгаси ёки унинг қонуний ҳуқуқий вориси ёхуд меросхўри даъво қилиш учун белгиланган муддатда талаб қилиб олмаган дивиденд акциядорларнинг умумий йиғилиши қарорига биноан жамият ихтиёрида қолади.
LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 150-моддасига мувофиқ умумий даъво муддати — уч йил.
Давлат томонидан ваколат берилган орган Ўзбекистон Республикасининг норезидент акциядорлари хоҳишига биноан, белгилаб қўйилган тартибда улар олган дивидендларни ана шу дивидендлар ҳисоблаб чиқарилган санада амалда бўлган курс қиймати бўйича эркин алмаштириладиган валютага айирбошлаб бериши шарт.
Акциядорлар реестридан олинган, эмитент томонидан тасдиқланган кўчирмалар ҳамда тўланган дивидендлар суммаси ва улар ёзилган сана тўғрисида акциядорлар жамияти бухгалтерияси берган маълумотнома айирбошлаш учун асос бўлади.
Акциядорлар реестрида у ёпилгунга қадар ёзиб қўйилган инвесторлар дивиденд олиш ҳуқуқига эга. Акциядорлар реестри акциядорларнинг йиғилиши расмий равишда эълон қилинган санадан 30 кун аввал ёпилади.
Эмитент акциядорларнинг умумий йиғилиши белгилаган муддатларда дивидендларни ўз айби билан тўламаган тақдирда тўланмаган ва тўлиқ олинмаган дивидендлар юзасидан Марказий банк белгилаган такрор молиялаш ставкалари бўйича пеня ёзилади.
Акциядорлик жамияти эълон қилган дивидендларни тўлашни акциядор суд тартибида талаб қилишга ҳақлидир. Рад этилган тақдирда, жамиятга нисбатан қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда тўловга қобилиятсизликни бартараф этиш ёки банкрот бўлган деб эълон қилиш тадбири қўлланилади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Банкротлик тўғрисида»ги Қонуни.
59-модда. Дивидендлар тўламаётган акциядорлик жамиятини қайта ташкил этиш
Ўз акциядорларига тўланмаган дивидендлар тарзида қарзлари бўлган акциядорлик жамияти ўз фаолиятини қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштирувчи ваколатли давлат органи васийлигида олиб бориши мумкин. Акциядорлик жамиятига васийлик белгиланиши ва уни санация қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Бунда қарздор акциядорлик жамияти инвесторларига бир йил ичида корхонани санациялаш (молиявий жиҳатдан соғломлаштириш) ва қайта ташкил этишнинг асосланган режасини тақдим этмоғи шарт. Мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ корхонани банкрот деб эълон қилиш тадбири амалга оширилади.
агар дивидендлар тўланадиган пайтда жамиятда тўловга қобилиятсизлик (банкротлик) белгилари бўлса ёки дивидендлар тўлаш натижасида жамиятда шундай белгилар пайдо бўлса;
жамият соф активларининг қиймати унинг устав ва захира фондлари суммасидан кам бўлса, акциялар бўйича дивидендлар тўлаш (эълон қилиш) тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли эмас.
61-модда. Дивидендлар тўланиши ҳақида акциядорларни хабардор қилиш
Жамият дивидендлар миқдорини улардан ундириладиган солиқларни инобатга олмаган ҳолда эълон қилади. Очиқ акциядорлик жамияти тўланадиган дивидендлар миқдори тўғрисидаги маълумотларни дивидендлар тўланадиган санадан 31 календарь кун олдин оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.
Агар мижознинг топшириғига биноан акциялар инвестиция институти томонидан бошқарилаётган бўлса, акцияларни сақловчига дивидендлар инвестиция институти ҳақини чегириб ташлаган ҳолда тўланади, бу ҳақ мижоз билан тузилган шартномада белгилаб қўйилади.
Давлат қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида дивидендлардан солиқ олишда вақтинчалик имтиёзлар белгилаши мумкин.
VII БЎЛИМ. АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИ БОШҚАРУВЧИ ОРГАНЛАР
63-модда. Акциядорлик жамиятини бошқариш
Акциядорлик жамиятини акциядорларнинг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва ижроия органи бошқаради.
64-модда. Акциядорларнинг умумий йиғилиши
Акциядорларнинг умумий йиғилиши жамиятни бошқаришнинг олий органидир.
Жамият ҳар йили акциядорларнинг умумий йиғилишини (акциядорларнинг умумий ҳисобот йиғилишини) ўтказиши шарт.
Акциядорларнинг умумий ҳисобот йиғилиши жамият уставида белгиланган муддатларда, аммо молия йили тугаганидан кейин кўпи билан олти ой ичида ўтказилади. Акциядорларнинг умумий ҳисобот йиғилишида жамиятнинг йиллик ҳисоботи ва ушбу Қонун 65-моддасининг биринчи қисми ўн биринчи хатбошисига мувофиқ бошқа ҳужжатлар мажбурий тартибда қараб чиқилади.
Акциядорларнинг йиллик умумий йиғилишидан ташқари ўтказиладиган умумий йиғилишлари навбатдан ташқари йиғилиш ҳисобланади.
Акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган сана ва уни ўтказиш тартиби, йиғилиш ўтказилиши ҳақида акциядорларга хабар бериш тартиби, акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик вақтида акциядорларга бериладиган материаллар (ахборотлар) рўйхатини жамиятнинг кузатув кенгаши белгилайди.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 22 августдаги 361-сонли қарори билан тасдиқланган «Акциядорларнинг умумий йиғилиши тўғрисида»ги намунавий низом.
65-модда. Акциядорлар умумий йиғилишининг ваколатлари
Акциядорлар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатларига қуйидагилар киради:
жамият уставига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш;
жамиятни қайта ташкил этиш;
жамиятни тугатиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ҳамда оралиқ ва якуний тугатиш балансларини тасдиқлаш;
жамият кузатув кенгашининг миқдор таркибини белгилаш, унинг аъзоларини сайлаш ва уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тўхтатиш;
эълон қилинган акцияларнинг энг кўп миқдорини белгилаш;
жамиятнинг устав фондини кўпайтириш;
жамиятнинг устав фондини камайтириш;
ўз акцияларини қайтариб сотиб олиш;
агар жамият уставига кўра жамият ижроия органини тузиш (сайлаш, тайинлаш, ёллаш ва ҳоказо), унинг ваколатларини муддатидан илгари тўхтатиш жамият кузатув кенгашининг ваколатларига киритилмаган бўлса, ана шу масалаларни ҳал қилиш;
жамият тафтиш комиссиясининг аъзоларини (тафтишчини) сайлаш ва уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тўхтатиш;
жамиятнинг аудиторини тасдиқлаш;
жамиятнинг йиллик ҳисоботларини, бухгалтерия балансларини, фойда ва зарарлари ҳисобварағини тасдиқлаш, унинг фойда ва зарарларини тақсимлаш;
ушбу Қонуннинг 94-моддасида назарда тутилган ҳолларда битимлар тузиш;
ушбу Қонуннинг 89-моддасида назарда тутилган ҳолларда жамиятнинг мол-мулк сотиб олиши ва мол-мулкни бегоналаштириши билан боғлиқ йирик битимларни тузиш;
ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа масалаларни ҳал этиш.
Акциядорлар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатига киритилган масалалар ҳал қилиш учун жамият ижроия органига берилиши мумкин эмас.
Акциядорлар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатига киритилган масалалар ҳал қилиш учун жамиятнинг кузатув кенгашига берилиши мумкин эмас, ушбу Қонуннинг 16 ва 26-моддаларига мувофиқ жамият уставига унинг устав капиталини кўпайтириш билан боғлиқ ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш бундан мустасно.
Акциядорлар умумий йиғилишида овозга қўйилган масалалар бўйича:
жамиятнинг оддий (одатдаги) акцияларининг эгалари бўлмиш акциядорлар;
ушбу Қонунда ва жамият уставида назарда тутилган ҳолларда жамият имтиёзли акцияларининг эгалари бўлмиш акциядорлар овоз бериш ҳуқуқига эгадир.
Акция эгаси бўлмиш акциядорга овозга қўйилган масалани ҳал этишда овоз бериш ҳуқуқини берадиган оддий (одатдаги) акция ёки имтиёзли акция жамиятнинг овоз берувчи акциясидир. Агар овоз берувчи акциялар миқдорини аниқлаш чоғида имтиёзли акция унинг эгасига биттадан ортиқ овоз берса, бундай имтиёзли акция бўйича ҳар бир овоз алоҳида овоз берувчи акция сифатида ҳисобга олинади.
Овозга қўйилган масала бўйича акциядорлар умумий йиғилишининг қарори, агар ушбу Қонунда ёки жамият уставида қарор қабул қилиш учун акциядорлар овозининг кўпроқ миқдори белгилаб қўйилмаган бўлса, йиғилишда иштирок этаётган жамият овоз берувчи акциялари эгаси бўлмиш акциядорларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Акциядорларнинг умумий йиғилишида овозга қўйилган, ҳал қилиш чоғида жамият оддий ва имтиёзли акцияларининг эгалари бўлмиш акциядорлар овоз ҳуқуқига эга бўладиган масала юзасидан овозларни санаб чиқиш, агар ушбу Қонунда ёки жамият уставида ўзга қоида белгиланмаган бўлса, овоз берувчи акцияларнинг барчаси бўйича биргаликда амалга оширилади.
Ушбу Қонуннинг 65-моддаси биринчи қисмининг иккинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида кўрсатилган масалалар бўйича қарор, агар жамият уставида бошқа қоида белгиланмаган бўлса, акциядорлар умумий йиғилиши томонидан фақат кузатув кенгашининг таклифига биноан қабул қилинади.
Ушбу Қонуннинг 65-моддаси биринчи қисми биринчи — учинчи, бешинчи ва ўн саккизинчи хатбошиларида кўрсатилган масалалар бўйича қарор акциядорлар умумий йиғилиши томонидан акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этаётган овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорларнинг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Акциядорлар умумий йиғилишини олиб бориш тартиби бўйича акциядорлар умумий йиғилиши томонидан қарор қабул қилиш тартиби жамият уставида ёки акциядорлар умумий йиғилишининг қарори билан тасдиқланган жамиятнинг ҳужжатларида белгилаб қўйилади.
Акциядорларнинг умумий йиғилиши кун тартибига киритилмаган масалалар бўйича қарор қабул қилишга ҳақли эмас.
Акциядорлар умумий йиғилишида қабул қилинган қарорлар, шунингдек овоз бериш якунлари ушбу Қонунда ва жамият уставида назарда тутилган тартиб ҳамда муддатларда акциядорлар эътиборига етказилади, бироқ бу муддат ана шу қарорлар қабул қилинган санадан эътиборан 45 кундан ошмаслиги керак.
Агар акциядор узрли сабабларга кўра акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этмаган ёки бундай қарор қабул қилинишига қарши овоз берган бўлса, у акциядорларнинг умумий йиғилишида қабул қилинган қарор устидан судга шикоят қилишга ҳақлидир.
67-модда. Акциядорлар умумий йиғилишининг сиртдан овоз беришни ўтказиш йўли билан (сўров йўли билан) қабул қилинадиган қарори
Ёпиқ турдаги жамият акциядорлари умумий йиғилишининг қарори йиғилишни ўтказмаган ҳолда жамият уставида белгиланган тартибда сиртдан овоз беришни ўтказиш йўли билан (сўров йўли билан) қабул қилиниши мумкин.
Акциядорлар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатига киритилган масалалар бўйича сиртдан овоз беришни ўтказиш йўли билан (сўров йўли билан) қарор қабул қилиниши мумкин эмас.
Акциядорлар умумий йиғилишининг сиртдан овоз бериш йўли билан (сўров йўли билан) қабул қилинган қарори, агар овоз беришда жамият овоз берувчи акцияларининг ҳаммаси бўлиб камида етмиш беш фоизига эгалик қилувчи акциядорлар қатнашган бўлса, ҳақиқий ҳисобланади.
Сиртдан овоз бериш ушбу Қонун 77-моддасининг талабларига жавоб берадиган овоз бериш бюллетенларидан фойдаланган ҳолда ўтказилади. Акциядорларга овоз бериш учун бюллетенлар бериш санаси жамият бюллетенларни қабул қилишни тўхтатадиган кундан камида 30 кун олдин белгиланиши керак.
68-модда. Акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқи
Акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг рўйхати жамият акциядорлари реестрининг жамият кузатув кенгаши белгилайдиган санага доир маълумотлари асосида тузилади.
Акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг рўйхатини тузиш санаси акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан олдин ва умумий йиғилиш ўтказиладиган санадан 60 кундан олдин белгиланиши мумкин эмас.
Агар кворумини белгилашда ва овоз беришда жамият томонидан ушбу Қонуннинг 75-моддасига мувофиқ олинган бюллетенлар иштирок этадиган акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилса, акциядорлар умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг рўйхатини тузиш санаси умумий йиғилиш ўтказиладиган санага кечи билан 45 кун қолганида белгиланади.
Умумий йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг рўйхатини тузиш учун акцияларнинг номинал сақловчиси рўйхат тузилаётган санада кимнинг манфаатини кўзлаб акцияларга эгалик қилаётган бўлса, ўша шахслар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.
Умумий йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг рўйхатида ҳар бир акциядорнинг исми (номи), унинг манзили (жойлашган ери), унга қарашли акцияларнинг сони ва тури тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.
Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг рўйхати жамият акциядорларининг реестрида рўйхатга олинган ва акциядорларнинг умумий йиғилишида овозларнинг камида ўн фоизига эга бўлган шахсларнинг талабига биноан танишиш учун жамият томонидан тақдим этилади.
Акциядорнинг талабига биноан жамият унга акциядорларнинг умумий йиғилишида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг рўйхатига киритилганлиги тўғрисида ахборот тақдим этиши шарт.
Умумий йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг рўйхатига ўзгартишлар мазкур рўйхатга у тузилган санада киритилмай қолган шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган ёки рўйхатни тузиш вақтида йўл қўйилган хатолар тузатилган тақдирдагина киритилиши мумкин.
69-модда. Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги ахборот
Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабар акциядорларга уларнинг номига ёзма хабарнома юбориш (бу хабарнома олинганлигини тасдиқлаш шарти билан) ва матбуотда тегишли ахборот эълон қилиш орқали маълум қилинади.
Акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабарда қуйидагилар ўз ифодасини топиши лозим:
жамиятнинг номи ва жойлашган ери;
акциядорлар умумий йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жой;
умумий йиғилишда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорлар рўйхати тузилган сана;
умумий йиғилишнинг кун тартибига киритилган масалалар;
умумий йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўришда акциядорларга тақдим этилиши лозим бўлган ахборот (материаллар) билан акциядорларни таништириш тартиби.
Умумий йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўришда акциядорларга тақдим этилиши лозим бўлган ахборотга (материалларга) жамиятнинг йиллик ҳисоботи, жамият молия-хўжалик фаолиятини йиллик текшириш натижалари юзасидан жамият тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) ва жамият аудиторининг хулосаси, жамият кузатув кенгашига ва жамият тафтиш комиссиясига (тафтишчилигига) номзодлар тўғрисидаги маълумотлар, жамият уставига киритиладиган ўзгартишлар ва қўшимчалар лойиҳаси ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги устави лойиҳаси киради.
Умумий йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўришда акциядорларга тақдим этилиши мажбурий бўлган қўшимча ахборот (материаллар) рўйхати давлат томонидан қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш ва мувофиқлаштириш юзасидан ваколат берилган орган томонидан белгилаб қўйилиши мумкин.
Башарти, жамият акциядорлари реестрида рўйхатга олинган шахс акцияларнинг номинал сақловчиси бўлса, умумий йиғилишни ўтказиш тўғрисидаги хабар акцияларнинг номинал сақловчисига юборилади. Акцияларнинг номинал сақловчиси бу хабарни қонун ҳужжатлари ёки мижоз билан тузилган шартномада белгиланган тартибда ва муддатда ўз мижозлари эътиборига етказиши шарт.
70-модда. Жамият акциядорлари умумий йиғилишининг кун тартибига таклифлар киритиш
Жамият овоз берувчи акцияларининг ҳаммаси бўлиб камида бир фоизига эга бўлган жамият акциядорлари (акциядори) жамиятнинг молия йили тугаганидан кейин узоғи билан 30 кун ичида, башарти жамият уставида бундан кечроқ муддат белгиланмаган бўлса, акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши кун тартибига масалалар киритишга ҳамда жамият кузатув кенгаши ва жамият тафтиш комиссиясига бу органнинг миқдор таркибидан ошмайдиган тарзда номзодлар кўрсатишга ҳақли.
Акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибига масала уни қўйиш сабабларини, масалани таклиф этаётган акциядорнинг (акциядорларнинг) номини, унга тегишли акцияларнинг сони ва турини кўрсатган ҳолда ёзма равишда киритилади.
Жамият кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига номзодлар кўрсатиш, шу жумладан ўзининг номзодини кўрсатиш тўғрисида таклиф киритилганда номзоднинг исми, башарти номзод жамият акциядори бўлса, унга тегишли акцияларнинг сони ва тури, шунингдек номзодни кўрсатган акциядорларнинг исми, уларга тегишли акцияларнинг сони ва тури кўрсатилади.
Жамият кузатув кенгаши тушган таклифларни кўриб чиқиши ҳамда ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддат тугаганидан сўнг узоғи билан 15 кун ичида уларни акциядорларнинг умумий йиғилиши кун тартибига киритиш тўғрисида ёки мазкур кун тартибига киритишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши шарт. Акциядор (акциядорлар) киритган масала акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибига, шунингдек кўрсатилган номзодлар жамият кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига сайлов юзасидан овоз бериш учун номзодлар рўйхатига киритилиши шарт, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:
акциядор (акциядорлар) ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатга риоя этмаган бўлса;
акциядор (акциядорлар) ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган миқдордаги жамият овоз берувчи акцияларининг эгаси бўлмаса;
ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган маълумотлар тўлиқ бўлмаса;
таклифлар ушбу Қонуннинг ёки бошқа қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ бўлмаса.
Жамият кузатув кенгашининг масалани акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибига ёки номзодни жамият кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига сайлов юзасидан овоз бериш учун номзодлар рўйхатига киритишни рад этиш тўғрисидаги далил-исботли қарори ана шу масалани киритган ёки таклиф тақдим этган акциядорга (акциядорларга) қарор қабул қилинган кундан эътиборан узоғи билан уч кун ичида юборилади.
Жамият кузатув кенгашининг масалани акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибига ёки номзодни жамият кузатув кенгаши ва тафтиш комиссиясига сайлов юзасидан овоз бериш учун номзодлар рўйхатига киритишни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин.
71-модда. Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш
Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда жамият кузатув кенгаши, ушбу Қонун 72-моддасининг ўн иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда эса йиғилишни чақирувчи шахслар қуйидагиларни белгилайди:
акциядорлар умумий йиғилиши ўтказиладиган сана, жой ва вақт;
акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартиби;
акциядорлар умумий йиғилишида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг рўйхати тузиладиган сана;
акциядорлар умумий йиғилиши ўтказилиши ҳақида акциядорларга хабар қилиш тартиби;
акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда акциядорларга тақдим этиладиган ахборот (материаллар) рўйхати;
бюллетень билан овоз бериладиган бўлса, овоз бериш бюллетенининг шакли ва матни.
72-модда. Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши
Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши жамият кузатув кенгашининг қарори билан унинг ўз ташаббусига биноан, жамият тафтиш комиссияси, аудитори талабига кўра, шунингдек талаб тақдим этилган санада жамият овоз берувчи акцияларининг камида ўн фоизига эга бўлган акциядорнинг (акциядорларнинг) талаби билан ўтказилади.
Жамият тафтиш комиссиясининг, жамият аудиторининг ёки жамият овоз берувчи акцияларининг камида ўн фоизига эга бўлган акциядорнинг (акциядорларнинг) талабига биноан акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришни жамият кузатув кенгаши акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш ҳақидаги талаб тақдим этилган пайтдан эътиборан узоғи билан 45 кун ичида амалга оширади.
Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги талабда йиғилиш кун тартибига киритилиши керак бўлган масалалар уларни киритиш сабабини кўрсатган ҳолда таърифлаб берилмоғи лозим.
Жамият кузатув кенгаши жамият тафтиш комиссиясининг, жамият аудиторининг ёки жамият овоз берувчи акцияларининг камида ўн фоизига эга бўлган акциядорнинг (акциядорларнинг) талабига биноан чақириладиган акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши кун тартибидаги масалаларнинг таърифига ўзгартишлар киритишга ҳақли эмас.
Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш талаби акциядордан (акциядорлардан) чиққан тақдирда бу талабда умумий йиғилишни чақиришни талаб қилаётган акциядорнинг (акциядорларнинг) исми (номи), унга тегишли акцияларнинг сони ва тури (хили) кўрсатилган бўлиши лозим.
Акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш талабномаси акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришни талаб қилган шахс (шахслар) томонидан имзоланади.
Жамият тафтиш комиссияси, жамият аудитори ёки жамият овоз берувчи акцияларининг камида ўн фоизига эга бўлган акциядор (акциядорлар) навбатдан ташқари умумий йиғилишни чақириш тўғрисида талабнома тақдим этган санадан бошлаб 10 кун ичида жамият кузатув кенгаши акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисида ёки йиғилишни чақиришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши лозим.
Жамият тафтиш комиссиясининг (тафтишчининг), жамият аудиторининг ёки жамият овоз берувчи акцияларининг камида ўн фоизига эга бўлган акциядорнинг (акциядорларнинг) талабига биноан акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилиниши мумкин, башарти:
акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришни талаб қилаётган акциядор (акциядорлар) ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган миқдордаги жамият овоз берувчи акцияларининг эгаси бўлмаса;
жамият акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши кун тартибига киритиш учун таклиф этилган масалалардан биронтаси ҳам унинг ваколатларига кирмаса;
кун тартибига киритиш учун таклиф этилган масала ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ бўлмаса.
Жамият кузатув кенгашининг акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги қарори ёки бундай йиғилишни чақиришни рад этиш ҳақидаги далил-исботли қарори қабул қилинган пайтдан эътиборан узоғи билан уч кун ичида йиғилиш чақиришни талаб қилган шахсларга юборилади.
Жамият кузатув кенгашининг акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақиришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин.
Жамият кузатув кенгаши ушбу Қонунда белгиланган муддат ичида акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилмаган бўлса ёки уни чақиришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган бўлса, акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши уни чақиришни талаб қилган шахслар томонидан чақирилиши мумкин.
Бундай ҳолларда акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ харажатлар акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига биноан жамиятнинг маблағлари ҳисобидан қопланиши мумкин.
73-модда. Саноқ комиссияси
Овоз берувчи акциялар эгаларининг сони юздан ортиқ бўлган жамиятда саноқ комиссияси тузилади, унинг миқдор ва шахсий таркиби жамият кузатув кенгашининг таклифига биноан акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади.
Саноқ комиссияси таркиби камида уч кишидан иборат бўлиши керак. Саноқ комиссияси таркибига жамият кузатув кенгашининг аъзолари, тафтиш комиссиясининг аъзолари, коллегиал ижроия органи аъзолари, яккабошчилик асосидаги ижроия органи, шунингдек бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи, шу билан бирга ана шу лавозимларга номзоди кўрсатилган шахслар киритилиши мумкин эмас.
Овоз берувчи акциялар эгаларининг сони беш юздан ортиқ бўлган жамиятда саноқ комиссиясининг вазифаси жамиятнинг ихтисослаштирилган реестр сақловчиси зиммасига юкланиши мумкин.
Саноқ комиссияси акциядорлар умумий йиғилишида кворум бор ёки йўқлигини аниқлайди, акциядорлар (уларнинг вакиллари) умумий йиғилишда овоз бериш ҳуқуқларини рўёбга чиқариши муносабати билан юзага келадиган масалалар хусусида тушунтиришлар беради, овозга қўйиладиган масалалар бўйича овоз бериш тартибини тушунтиради, овоз беришнинг белгиланган тартиби ва акциядорларнинг овоз беришда иштирок этиш ҳуқуқларини таъминлайди, овозларни санаб чиқади ва овоз бериш якунини чиқаради, овоз бериш якунлари тўғрисида баённома тузади, овоз бериш бюллетенларини архивга топширади.
74-модда. Акциядорларнинг умумий йиғилишда иштирок этиш тартиби
Акциядорларнинг умумий йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқи шахсан акциядор томонидан ҳам, унинг вакили орқали ҳам рўёбга чиқарилади.
Акциядор акциядорларнинг умумий йиғилишидаги ўз вакилини исталган вақтда алмаштиришга ёки йиғилишда шахсан ўзи иштирок этишга ҳақлидир.
Акциядорнинг вакили акциядорларнинг умумий йиғилишида ёзма ишончнома асосида иш кўради. Овоз беришга доир ишончномада ваколат берган ва вакил қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар (исми ёки номи, турар жойи ёки жойлашган манзили, паспорт маълумотлари) акс эттирилган бўлиши лозим. Овоз беришга доир ишончнома нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши лозим.
Агар акциялар рўйхат тузилган санадан кейин ва акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган санага қадар бошқа шахсга берилган бўлса, жамият акцияни сотиб олган шахсга овоз бериш учун ишончнома бериши ёки акцияни сотиб олган шахснинг кўрсатмаларига мувофиқ акциядорларнинг умумий йиғилишида овоз бериши шарт. Кўрсатиб ўтилган қоида акцияни кейинги ҳар бир бошқа шахсга топшириш ҳолатига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Агар жамият акцияси бир неча шахсларнинг умумий улушли мулки бўлса, акциядорларнинг умумий йиғилишида овоз бериш ваколати уларнинг хоҳишига кўра умумий улушли мулк қатнашчиларидан бири ёки уларнинг умумий вакили томонидан амалга оширилади. Кўрсатиб ўтилган ҳар бир шахснинг ваколатлари тегишли тарзда расмийлаштирилиши керак.
Агар акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этувчиларни рўйхатга олиш тамом бўлган пайтга келиб, жамиятнинг тарқатилган ва жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг жами олтмиш фоизидан кўпига эга бўлган акциядорлар (уларнинг вакиллари) рўйхатдан ўтган бўлса, акциядорларнинг умумий йиғилиши ваколатли (кворум тўплаган) ҳисобланади.
Акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш учун кворум бўлмаса, акциядорларнинг янги умумий йиғилишини ўтказиш санаси эълон қилинади. Акциядорларнинг янги умумий йиғилишини ўтказишда кун тартибига ўзгартишлар киритишга йўл қўйилмайди.
Ўтказилмай қолган йиғилиш ўрнига акциядорларнинг янги чақирилган умумий йиғилишида иштирок этувчиларни рўйхатга олиш тугаган пайтга келиб, жамиятнинг жойлаштирилган овоз берувчи акцияларининг жами олтмиш фоиздан кам бўлмаган овозига эга бўлган акциядорлар (уларнинг вакиллари) рўйхатга олинган бўлса, бу умумий йиғилиш ваколатли ҳисобланади.
Акциядорларнинг янги умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида хабар қилиш ушбу Қонуннинг 69-моддасида назарда тутилган тарзда йиғилиш ўтказиладиган санага камида 10 кун қолганида амалга оширилади.
Кворум бўлмаганлиги сабабли акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш санаси 20 кундан кам муддатга кўчирилган тақдирда, умумий йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорлар ўтказилмай қолган умумий йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг рўйхатига мувофиқ аниқланади.
76-модда. Акциядорларнинг умумий йиғилишида овоз бериш
Акциядорларнинг умумий йиғилишида овоз бериш «жамиятнинг овоз берувчи битта акцияси — битта овоз» қоидасига мувофиқ ўтказилади, жамиятнинг кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш бўйича кумулятив овоз беришни ўтказиш ҳоллари ва ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллар бундан мустасно.
77-модда. Овоз бериш бюллетени
Акциядорларнинг умумий йиғилишида кун тартиби масалалари бўйича овоз бериш овоз бериш бюллетенлари орқали амалга оширилиши мумкин.
Жамият овоз берувчи акцияларининг эгаси бўлмиш акциядорлар сони юздан ортиқ бўлган жамият акциядорларининг умумий йиғилишида кун тартиби бўйича овоз бериш фақат овоз бериш бюллетенлари орқали амалга оширилади.
Овоз бериш бюллетенларининг шакли ва матни жамиятнинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади. Овоз бериш бюллетени умумий йиғилишда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган акциядорга (унинг вакилига) берилади.
Овоз бериш бюллетенида: жамиятнинг тўлиқ фирма номи, акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш санаси ва вақти, овоз беришга қўйилган ҳар бир масаланинг таърифи ва уни қараб чиқиш навбати, овоз беришга қўйилган ҳар бир масала бўйича «ёқлайман», «қаршиман» ёки «бетарафман» деган мазмундаги сўзлар билан ифодаланган овоз бериш вариантлари, овоз бериш бюллетени акциядор томонидан имзоланиши лозимлиги тўғрисидаги кўрсатма акс эттирилган бўлиши лозим.
Жамиятнинг кузатув кенгаши ёки тафтиш комиссияси аъзосини сайлаш тўғрисидаги масала юзасидан овоз бериш ўтказилган тақдирда, овоз бериш бюллетенида номзод тўғрисидаги маълумот акс эттирилган бўлиб, унинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилиши лозим.
78-модда. Овоз бериш бюллетенлари ёрдамида овоз берилганида овозларни санаб чиқиш
Овоз бериш бюллетенлари ёрдамида овоз берилганида овоз берувчи қайси масала бўйича эҳтимол тутилган овоз бериш вариантларидан фақат биттасини қолдирган бўлса, ўша масала бўйича берилган овозлар ҳисобга олинади. Юқоридаги талабни бузган ҳолда тўлдирилган овоз бериш бюллетенлари ҳақиқий эмас деб топилади ва улардаги масалалар бўйича берилган овозлар ҳисобга олинмайди.
Агар овоз бериш бюллетенида овозга қўйилган бир неча масала акс эттирилган бўлса, бир ёки бир неча масалага нисбатан юқорида кўрсатилган талабга риоя этилмаганлиги бюллетеннинг умуман ҳақиқий эмас деб ҳисобланишига сабаб бўлмайди.
79-модда. Овоз бериш якунлари тўғрисидаги баённома
Саноқ комиссияси овоз бериш якунлари бўйича баённома тузади. Баённома саноқ комиссиясининг аъзолари ёки комиссия вазифасини бажарувчи шахс томонидан имзоланади.
Овоз бериш якунлари тўғрисида баённома тузилганидан ва акциядорлар умумий йиғилишининг баённомаси имзоланганидан кейин овоз бериш бюллетенлари саноқ комиссияси томонидан сўрғичланади ва сақлаб қўйиш учун жамиятнинг архивига топширилади.
Овоз бериш якунлари тўғрисидаги баённома акциядорлар умумий йиғилиши баённомасига қўшиб қўйилиши лозим.
Овоз бериш якунлари акциядорларнинг овоз бериш ўтказилган умумий йиғилишида ўқиб эшиттирилади ёки акциядорлар умумий йиғилиши ёпилганидан кейин овоз бериш якунлари тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилиш ёки акциядорларга юбориш орқали акциядорларнинг эътиборига етказилади.
80-модда. Акциядорлар умумий йиғилишининг баённомаси
Акциядорлар умумий йиғилишининг баённомаси акциядорлар умумий йиғилиши ёпилганидан кейин кечи билан 15 кун ичида икки нусхада тузилади. Ҳар иккала нусха ҳам умумий йиғилишда раислик қилувчи ва умумий йиғилиш котиби томонидан имзоланади.
Акциядорлар умумий йиғилишининг баённомасида:
акциядорлар умумий йиғилиши ўтказилган жой ва вақт;
жамиятнинг овоз берувчи акцияларига эга бўлган акциядорлар овозларининг умумий сони;
йиғилишда иштирок этган акциядорлар эга бўлган овозлар сони;
йиғилишнинг раиси (раёсати) ва котиби, йиғилишнинг кун тартиби кўрсатилади.
Акциядорлар умумий йиғилишининг баённомасида нутқларнинг асосий мазмуни, овозга қўйилган масалалар ҳамда улар юзасидан ўтказилган овоз бериш натижалари, йиғилиш қабул қилган қарорлар акс эттирилиши лозим.
81-модда. Жамиятнинг кузатув кенгаши
Жамиятнинг кузатув кенгаши жамият фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, ушбу Қонун билан акциядорлар умумий йиғилишининг мутлақ ваколатларига киритилган масалаларни ҳал этиш бундан мустасно.
Овоз берувчи акцияларнинг эгаси бўлган акциядорлар сони ўттиз кишидан кам бўлган жамиятда кузатув кенгаши вазифаси жамият устави билан акциядорларнинг умумий йиғилиши зиммасига юкланиши мумкин. Бундай ҳолларда акциядорлар умумий йиғилишини ўтказиш масаласини ҳал этишга ваколати бўлган муайян шахс ёки жамият органи жамият уставида ўз аксини топиши керак.
Акциядорлар умумий йиғилиши қарорига биноан жамият кузатув кенгаши аъзоларига улар ўз вазифаларини бажариб турган даврда бадал тўланиши ва (ёки) кузатув кенгашининг аъзоси вазифасини бажариш билан боғлиқ харажатлари қопланиши мумкин. Бундай бадал ва тўловларнинг миқдори акциядорлар умумий йиғилиши қарори билан белгилаб қўйилади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 19 апрелдаги 189-сонли қарори билан тасдиқланган «Акциядорлик жамиятининг Кузатувчи кенгаши тўғрисида»ги намунавий низом.
82-модда. Жамият кузатув кенгашининг ваколатлари
Жамият кузатув кенгаши:
жамият фаолиятининг устун йўналишларини белгилашга;
жамият акциядорларининг йиллик ва навбатдан ташқари умумий йиғилишларини чақиришга, ушбу Қонун 72-моддасининг ўн биринчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;
акциядорлар умумий йиғилишининг кун тартибини тайёрлашга;
умумий йиғилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган акциядорларнинг рўйхати тузиладиган санани белгилашга;
ушбу Қонун 65-моддаси биринчи қисмининг иккинчи ва ўн иккинчи хатбошларида назарда тутилган масалаларни акциядорларнинг умумий йиғилиши муҳокамасига киритишга;
агар жамият уставига мувофиқ ёки акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига биноан кузатув кенгашига ҳуқуқ берилган бўлса, эълон қилинган акцияларнинг сони ва турлари доирасида акцияларнинг номинал қийматини кўпайтириш йўли билан жамият устав фондини кўпайтиришга;
жамият уставида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, облигациялар ва қимматли қоғозларни жойлаштиришга;
мол-мулкнинг бозор қийматини аниқлашга;
агар жамият уставига мувофиқ ёки акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига биноан кузатув кенгашига ҳуқуқ берилган бўлса, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда жамият жойлаштирган акциялар, облигациялар ва бошқа қимматли қоғозларни сотиб олишга;
агар жамият уставида кузатув кенгашининг ваколат доирасига киритилган бўлса, ижроия органига тўланадиган ҳақ ва бадаллар миқдорини белгилашга;
жамият тафтиш комиссияси аъзоларига (тафтишчисига) тўланадиган ҳақ ва бадаллар миқдори юзасидан тавсиялар бериш ҳамда аудиторнинг хизматларига ҳақ тўлаш миқдорини белгилашга;
акциялар бўйича дивидендлар миқдори ва уларни тўлаш тартиби юзасидан тавсиялар беришга;
жамиятнинг захира ва бошқа фондларидан фойдаланишга;
жамиятни бошқариш органлари фаолият тартибини белгилаб берувчи ҳужжатларни тасдиқлашга;
жамиятнинг филиалларини ташкил этиш ҳамда ваколатхоналарини очишга;
жамиятнинг шуъба ва тобе корхоналарини ташкил этиш;
ушбу Қонуннинг VIII бўлимида назарда тутилган ҳолларда мол-мулк сотиб олиш ва уни тасарруфдан чиқариш билан боғлиқ йирик битимлар тузишга;
ушбу Қонун қоидаларига мувофиқ жамият уставида кузатув кенгаши ваколатига киритилган бошқа масалаларни ҳам ҳал этишга ҳақлидир.
Жамият кузатув кенгаши ваколатига киритилган масалалар ҳал қилиш учун жамият ижроия органига берилиши мумкин эмас.
Жамият кузатув кенгаши таркибига сайланадиган шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар жамият устави билан ёки акциядорлар умумий йиғилиши тасдиқлаган қарор билан белгилаб қўйилиши мумкин.
Жамият кузатув кенгашининг миқдор таркиби устав ёки акциядорлар умумий йиғилишининг қарори билан белгилаб қўйилади.
Оддий (одатдаги) ёки бошқа овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорлари сони беш юздан ортиқ бўлган очиқ акциядорлик жамияти учун кузатув кенгашининг миқдор таркиби етти аъзодан кам бўлиши, оддий (одатдаги) ёки бошқа овоз берувчи акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорлари сони бир мингдан ортиқ бўлган жамият учун эса тўққиз аъзодан кам бўлиши мумкин эмас.
Акциядор ўзига тегишли акциялар бўйича овозларни жамият кузатув кенгашининг битта номзодига тўлиқ беришга ёки бир нечта номзод ўртасида тақсимлашга ҳақлидир.
Энг кўп овоз тўплаган номзодлар кузатув кенгаши таркибига сайланган деб ҳисобланади.
Жамият уставида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, жамият кузатув кенгашининг раиси кузатув кенгаши аъзолари томонидан уларнинг ўзлари орасидан кузатув кенгаши аъзолари умумий сонига нисбатан кўпчилик овоз билан сайланади.
Жамият уставида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, жамият кузатув кенгаши ўз раисини кузатув кенгаши жами аъзоларининг кўпчилик овози билан қайта сайлашга ҳақлидир.
Жамият кузатув кенгашининг раиси унинг ишини ташкил этади, кузатув кенгаши мажлисларини чақиради ва уларда раислик қилади, мажлисда баённома юритилишини ташкил этади, жамият уставида ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, акциядорлар умумий йиғилишида раислик қилади.
Жамият кузатув кенгашининг раиси йўқлигида унинг вазифасини кузатув кенгаши аъзоларидан бири бажариб туради.
85-модда. Жамият кузатув кенгашининг мажлиси
Жамият кузатув кенгашининг мажлиси кузатув кенгашининг раиси томонидан унинг ўз ташаббуси билан, кузатув кенгашининг аъзоси, тафтиш комиссияси ёки аудиторнинг, жамият ижроия органининг, шунингдек жамият уставида белгилаб қўйилган бошқа шахсларнинг талабига биноан чақирилади. Жамият кузатув кенгашининг мажлисини чақириш ва ўтказиш тартиби уставда белгилаб қўйилади.
Кузатув кенгаши мажлисини ўтказиш учун кворум жамият уставида белгилаб қўйилади, бироқ у кузатув кенгашига сайланган аъзоларнинг етмиш беш фоизидан кам бўлмаслиги керак. Кузатув кенгаши аъзоларининг сони уставда назарда тутилган миқдорнинг етмиш беш фоизидан кам бўлиб қолса, жамият кузатув кенгашининг янги таркибини сайлаш учун акциядорларнинг фавқулодда (навбатдан ташқари) умумий йиғилишини чақириши шарт. Кузатув кенгашининг қолган аъзолари акциядорларнинг ана шундай фавқулодда (навбатдан ташқари) умумий йиғилишини чақириш тўғрисидагина қарор қабул қилишга ҳақлидир.
Жамият кузатув кенгашининг мажлисида қарорлар, агар кузатув кенгаши мажлисини чақириш ва ўтказиш тартибини белгилаб берувчи ушбу Қонунда, жамият уставида ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, мажлисда ҳозир бўлганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Жамият кузатув кенгаши мажлисида масалалар ҳал этилаётганда кузатув кенгашининг ҳар бир аъзоси битта овозга эга бўлади.
Жамият кузатув кенгашининг бир аъзоси ўз овозини кузатув кенгашининг бошқа аъзосига беришига йўл қўйилмайди.
Жамият уставида кузатув кенгаши аъзоларининг овозлари тенг бўлинган ҳолларда кузатув кенгашининг қарорини қабул қилишда жамият кузатув кенгаши раисининг ҳал қилувчи овоз ҳуқуқи назарда тутилиши мумкин.
Жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор) ёки коллегиал ижроия орган (бошқарув, дирекция) томонидан амалга оширилиши мумкин.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 22 августдаги 361-сонли қарори билан тасдиқланган «Акциядорлик жамиятининг ижро этувчи органи ҳақида»ги намунавий низом.
Бир пайтнинг ўзида ҳам яккабошчилик асосидаги, ҳам коллегиал ижроия органлари бўлиши назарда тутилган жамият уставида улардан ҳар бирининг ваколатлари белгилаб қўйилиши керак. Бундай ҳолларда жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор) вазифасини бажарувчи шахс коллегиал ижроия органи (бошқарув, дирекция) раиси вазифасини ҳам амалга оширади.
Акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига биноан жамият ижроия органининг ваколатлари шартнома бўйича тижорат ташкилотига (бошқарувчи ташкилотга) ёки якка тартибдаги тадбиркорга (бошқарувчига) берилиши мумкин. Тузиладиган шартноманинг шартлари, башарти уставда ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, жамият кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 19 апрелдаги 189-сонли қарори билан тасдиқланган «Бошқарувчи компаниялар тўғрисида»ги низом ва «Акциядорлик жамияти ижро этувчи органининг раҳбарини ёллаш тўғрисида»ги намунавий меҳнат шартномаси.
Жамият ижроия органининг ваколатларига жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилишга доир барча масалалар киради, акциядорлар умумий йиғилишининг ёки кузатув кенгашининг мутлақ ваколатларига киритилган масалалар бундан мустасно.
Жамият ижроия органи акциядорлар умумий йиғилиши ва кузатув кенгашининг қарорлари бажарилишини ташкил этади.
Жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор) жамият номидан ишончномасиз иш юритади, шу жумладан унинг манфаатларини ифода этади, жамият номидан битимлар тузади, штатларни тасдиқлайди, жамиятнинг барча ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради.
Жамият ижроия органларини ташкил этиш ҳамда уларнинг ваколатларини муддатидан илгари тўхтатиш акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига биноан амалга оширилади.
Жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор), коллегиал ижроия органи (бошқарув, дирекция) аъзолари, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчининг ҳуқуқлари ва бурчлари ушбу Қонун, бошқа қонун ҳужжатлари ҳамда уларнинг ҳар бири жамият билан тузадиган шартномада белгиланади. Жамият номидан шартномани кузатув кенгашининг раиси ёки кузатув кенгаши ваколат берган шахс имзолайди.
Жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор) вазифасини ҳамда бошқа ташкилотларнинг бошқарув органларидаги лавозимларни ўриндошлик йўли билан бир шахснинг эгаллашига кузатув кенгаши розилиги билангина йўл қўйилади.
Акциядорлар умумий йиғилиши жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор), бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи билан тузилган шартномани улар шартнома шартларини бузган тақдирда бекор қилишга ҳақлидир.
87-модда. Жамиятнинг коллегиал ижроия органи (бошқарув, дирекция)
Жамиятнинг коллегиал ижроия органи (бошқарув, дирекция) жамият устави асосида иш юритади.
Коллегиал ижроия органи мажлисида баённома юритилади. Коллегиал ижроия органи мажлисининг баённомаси кузатув кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларига, аудиторга уларнинг талабига кўра берилади.
Жамиятнинг коллегиал ижроия органи мажлисларини ўтказишни жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор) вазифасини бажараётган шахс ташкил этади, у жамият номидан барча ҳужжатларни ҳамда коллегиал ижроия органи мажлиси баённомаларини имзолайди, коллегиал ижроия органи ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорларга мувофиқ ишончномасиз жамият номидан иш юритади.
88-модда. Жамият кузатув кенгаши аъзоларининг, яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор) ва (ёки) коллегиал ижроия органи (бошқарув, дирекция) аъзоларининг, бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчининг жавобгарлиги
Жамият кузатув кенгашининг аъзолари, яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор) ва (ёки) коллегиал ижроия органи (бошқарув, дирекция) аъзолари, шунингдек бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва ўз бурчларини бажаришда жамият манфаатларини кўзлаб иш тутишлари лозим.
Жамият кузатув кенгашининг аъзолари, яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор) ва (ёки) коллегиал ижроия органи (бошқарув, дирекция) аъзолари, шунингдек бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи қонун ҳужжатларига ва жамият уставига мувофиқ жамият олдида жавобгардир.
Айни пайтда жамиятга зарар келтиришга сабабчи бўлган қарорга овоз беришда қатнашмаган ёки бундай қарорга қарши овоз берган жамият кузатув кенгаши аъзолари, коллегиал ижроия орган (бошқарув, дирекция) аъзолари жавобгар бўлмайди.
Ушбу модда қоидаларига мувофиқ бир неча шахс жавобгар бўлса, уларнинг жамият олдидаги жавобгарлиги солидар ҳисобланади.
Жамият ёки у жойлаштирган оддий акцияларнинг ҳаммаси бўлиб камида бир фоизига эга бўлган акциядор (акциядорлар) жамиятга етказилган зарарнинг ўрнини қоплашни даъво қилиб кузатув кенгаши аъзоси, яккабошчилик асосидаги ижроия органи (директор), коллегиал ижроия органи (бошқарув, дирекция) аъзоси, шунингдек бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи устидан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
VIII БЎЛИМ. ЖАМИЯТНИНГ ЙИРИК БИТИМЛАР ТУЗИШИ
89-модда. Жамиятнинг мол-мулк олиши ёки уни тасарруфидан чиқариши билан боғлиқ йирик битимлар
[СПиТ:
1.Мажбурият ҳуқуқи. Битимлар / Йирик битимлар]
Қуйидагилар йирик битимлар деб ҳисобланади:
битимлар тузиш ҳақида қарор қабул қилинаётган санада жамият активлари баланс қийматининг йигирма беш фоизидан ортиқ қийматга эга бўлган мол-мулкни жамиятнинг олиши ёки тасарруфидан чиқариши билан боғлиқ ёхуд жамият бевосита ёки билвосита мол-мулкни тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ битим ёки ўзаро боғланган бир неча битим, оддий хўжалик фаолиятини юритиш асносида содир этиладиган битимлар бундан мустасно;
жамият томонидан илгари жойлаштирилган оддий (одатдаги) акцияларнинг йигирма беш фоизидан кўпроғини ташкил этадиган оддий (одатдаги) акцияларни ёки оддий (одатдаги) акцияларга айирбошланадиган имтиёзли акцияларни жойлаштириш билан боғлиқ бир ёки ўзаро боғланган бир неча битим.
Йирик битимга сабаб бўлган мол-мулк қийматини аниқлаш жамият кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.
90-модда. Жамиятнинг мол-мулк олиши ёки уни тасарруфидан чиқариши билан боғлиқ йирик битимни тузиш
Қиймати битим тузиш тўғрисида қарор қабул қилинаётган санада жамият активлари баланс қийматининг йигирма беш фоизидан эллик фоизгачасини ташкил этувчи мол-мулк хусусида бўлган йирик битим тузиш тўғрисидаги қарор кузатув кенгаши томонидан якдиллик билан қабул қилинади, бунда кузатув кенгашининг таркибдан чиқиб кетган аъзолари овози ҳисобга олинмайди.
Йирик битим тузиш масаласида жамият кузатув кенгашининг якдиллигига эришилмаган ҳолларда йирик битим тузиш тўғрисидаги масала кузатув кенгаши қарорига мувофиқ акциядорлар умумий йиғилиши ҳукмига ҳавола этилиши мумкин.
Битим тузиш тўғрисида қарор қабул қилинаётган санада жамият активлари баланс қийматининг эллик фоизидан ортиқ қийматни ташкил этувчи мол-мулк хусусида йирик битим тузиш тўғрисидаги қарор акциядорлар умумий йиғилиши томонидан йиғилишда қатнашаётган овоз берувчи акциялар эгалари бўлган акциядорларнинг тўртдан уч қисмдан иборат кўпчилик овози билан қабул қилинади.
IX БЎЛИМ. ЖАМИЯТНИНГ БИТИМ ТУЗИШИДАН МАНФААТДОРЛИК
91-модда. Жамиятнинг битим тузишидан манфаатдор шахслар
Жамият кузатув кенгаши аъзоси, жамиятнинг ўзга бошқарув органларидаги мансабдор шахс, ўзининг тобе (аффилланган) шахси билан биргаликда жамият овоз берувчи акцияларининг йигирма ва ундан кўпроқ фоизига эга бўлган акциядор (акциядорлар), агар мазкур шахслар, уларнинг эрлари (хотинлари), ота-оналари, фарзандлари, ака-укалари, опа-сингиллари, шунингдек уларнинг барча аффилланган шахслари:
жамият тузадиган битимнинг томонларидан бири бўлса ёки унда вакил ёхуд воситачи сифатида қатнашаётган бўлса;
битимнинг томонларидан бири бўлган ёки унда вакил ёхуд воситачи сифатида қатнашаётган юридик шахс акцияларининг (улушлари, пайларининг) йигирма ёки ундан ҳам кўпроқ фоизига эга бўлса;
битимнинг томонларидан бири бўлган ёки унда вакил ёхуд воситачи сифатида қатнашаётган юридик шахс бошқарув органларининг мансабдор шахси бўлса, улар жамиятнинг битим тузишидан манфаатдор шахслар деб ҳисобланадилар.
92-модда. Жамиятнинг битим тузишидан манфаатдорлик тўғрисидаги ахборот
Ушбу Қонуннинг 91-моддасида кўрсатиб ўтилган шахслар:
юридик шахсларга қарашли овоз берувчи акциялар (улушлар, пайлар)нинг йигирма ёки ундан ортиқ фоизига мустақил тарзда ёки ўзларининг аффилланган шахси (шахслари) билан биргаликда эга бўлсалар, шу юридик шахслар тўғрисидаги;
юридик шахсларнинг бошқарув органларида лавозим эгаллаб турган бўлсалар, шу юридик шахслар тўғрисидаги;
тузилаётган ёки тузилиши кутилаётган битимларда манфаатдор шахслар деб топилиши мумкин бўлса, ўзларига маълум бўлган ана шу битимлар тўғрисидаги ахборотни жамият кузатув кенгаши, тафтиш комиссияси (тафтишчиси) ва аудитор эътиборига етказишлари шарт.
93-модда. Тузилишидан манфаатдорлик бўлган битимни тузиш тартибига қўйиладиган талаблар
Тузилишидан манфаатдорлик бўлган битимнинг жамият томонидан тузилиши тўғрисидаги қарорни кузатув кенгаши уни тузишдан манфаатдор бўлмаган кузатув кенгаши аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилади.
Тузилишидан манфаатдорлик бўлган битимнинг жамият томонидан тузилиши тўғрисидаги қарорни овоз берувчи акциялар эгалари бўлмиш акциядорларнинг умумий йиғилиши битимни тузишдан манфаатдор бўлмаган акциядорларнинг кўпчилик овози билан қуйидаги ҳолларда қабул қилади:
агар битим бўйича тўланадиган ҳақ суммаси ва битимга сабаб бўлган мол-мулк қиймати жамият активлари қийматининг беш фоизидан ортиқ бўлса;
агар битта битим ва (ёки) ўзаро боғлиқ бўлган бир неча битим жамиятнинг овоз берувчи акцияларини ёки овоз берувчи акцияларга айирбошланадиган бошқа қимматли қоғозларини илгари жойлаштирилган овоз берувчи акцияларнинг беш фоизидан ортиқ миқдорда жойлаштиришдан иборат бўлса.
Агар тузилишидан манфаатдорлик бўлган битим бўйича манфаатдор шахс жамиятга қарз бераётган бўлса, бундай битимни тузиш учун ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган акциядорларнинг умумий йиғилиши қарори талаб этилмайди.
Жамият билан бошқа томон ўртасидаги хўжалик муносабатларини давом эттириш юзасидан тузиладиган, тузилишидан келажакда манфаатдорлик пайдо бўлиши мумкин бўлган битимларни акциядорлар умумий йиғилиши ўтказилган санада аниқлашнинг иложи бўлмаган тақдирда, акциядорлар умумий йиғилиши жамият билан ўзга шахс ўртасида тузилиши мумкин бўлган битимларнинг хусусияти ва улар суммасининг энг кўп миқдорини кўрсатиб, шартнома муносабатлари ўрнатиш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда ушбу модда учинчи қисмининг талаблари бажарилган деб ҳисобланади.
Жамият кузатув кенгашининг барча аъзолари манфаатдор шахслар деб топилган тақдирда, битимдан манфаатдор бўлмаган акциядорлар кўпчилик овози билан қабул қилинган акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига биноан битим тузилиши мумкин.
Тузилишидан манфаатдорлик бўлган битим айни бир вақтда жамиятнинг мол-мулк сотиб олиши ёки топшириши билан боғлиқ йирик битим бўлса, битимни тузиш тартибига ушбу Қонун VIII бўлимининг қоидалари қўлланилади.
94-модда. Тузилишидан манфаатдорлик бўлган битимга қўйиладиган талабларга риоя этмаслик оқибатлари
Тузилишидан манфаатдорлик бўлган битим ушбу Қонуннинг 93-моддасида назарда тутилган талабларни бузган ҳолда тузилган бўлса, кузатув кенгаши ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Манфаатдор шахс жамиятга ўзи етказган зарар миқдорида жамият олдида жавобгар бўлади. Агар бир неча шахс жавобгар бўлса, уларнинг жамият олдидаги жавобгарлиги солидар жавобгарлик бўлади.
[ОКОЗ:
1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.03.00.00 Юридик шахслар / 03.03.02.00 Юридик шахсларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш. Юридик шахсларни давлат рўйхатига олиш]
X БЎЛИМ. АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ
95-модда. Жамиятни қайта ташкил этиш
Жамиятни қайта ташкил этиш муассисларнинг ёки ваколатли органнинг қарори билан қўшиб юбориш, бирлаштириш, бўлиш, ажратиб чиқариш ва қайта тузиш тарзида амалга оширилади.
Қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда юридик шахсларни қўшиб юбориш, бирлаштириш ёки қайта тузиш тарзида қайта ташкил этиш ваколатли давлат органларининг розилиги билангина амалга оширилиши мумкин.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Рақобат тўғрисида»ги Қонунининг 16-моддаси.
Янги тузилган юридик шахслар давлат рўйхатига олинган пайтдан эътиборан жамият қайта ташкил этилган деб ҳисобланади, бирлаштириш тарзида қайта ташкил этиш бундан мустасно.
Жамият бошқа жамиятга қўшиб юбориш йўли билан қайта ташкил этилганида давлат рўйхатга олиш органи қўшилиб юборилган жамият ўз фаолиятини тўхтатгани ҳақидаги ёзувни юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига киритган пайтдан эътиборан қўшиб юборилган жамият қайта ташкил этилган деб ҳисобланади.
Қайта ташкил этиш натижасида янгидан вужудга келган жамиятларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда қайта ташкил этилган жамиятларнинг фаолияти тўхтатилгани тўғрисидаги ёзувни киритиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида»ги низомнинг VI бўлими.
Қайта ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан жамият 30 кундан кечиктирмай ўз кредиторларини бу ҳақда ёзма равишда хабардор этади. Кредитор жамиятдан мажбуриятларни тўхтатиш ёки муддатидан илгари бажаришни ҳамда зарарнинг ўрнини қоплашни қуйидаги муддатларда ёзма равишда хабар бериш йўли билан талаб қилишга ҳақлидир:
қўшиб юбориш, бирлаштириш ёки қайта тузиш тарзида қайта ташкил этиш ҳақидаги хабарни жамият кредиторга юборган санадан бошлаб узоғи билан 30 кун ичида;
бўлиш ёки ажратиб чиқариш тарзида қайта ташкил этиш тўғрисидаги хабарни жамият кредиторга юборган санадан бошлаб узоғи билан 60 кун ичида.
LexUZ шарҳи
Юридик шахсни қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) тартиби Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 49 — 52-моддаларида белгиланган.
Агар бўлиниш баланси қайта ташкил этилаётган жамиятнинг ҳуқуқий ворисини аниқлаш имконини бермаса, янги вужудга келган юридик шахслар қайта ташкил этилган жамиятнинг мажбуриятлари юзасидан унинг кредиторлари олдида солидар жавобгар бўладилар.
96-модда. Жамиятларни қўшиб юбориш
[СПиТ:
1.Юридик шахсларни қайта ташкил этиш / Қўшиб юбориш]
Ўз фаолиятини тугатган икки ёки бир неча жамиятнинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ўтказиш йўли билан янги жамиятни вужудга келтириш жамиятларнинг қўшиб юборилиши деб ҳисобланади.
Қўшиб юборишда иштирок этаётган жамият қўшиб юбориш ҳақида шартнома тузади, унда қўшиб юбориш тартиби ва шартлари, шунингдек ҳар бир жамият акцияларини янги жамиятнинг акцияларига ва (ёки) бошқа қимматли қоғозларига айирбошлаш тартиби белгилаб қўйилади. Ҳар бир жамиятнинг кузатув кенгаши қўшиб юборишда иштирок этаётган акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳукмига қўшиб юбориш тарзида қайта ташкил этиш тўғрисидаги, қўшиб юбориш шартномасини тасдиқлаш ҳақидаги ва ўтказиш далолатномасини тасдиқлаш ҳақидаги масалаларни ҳавола этади.
Янги вужудга келаётган жамият уставини тасдиқлаш ва кузатув кенгашини сайлаш қўшиб юборишда иштирок этаётган жамиятлар акциядорларининг қўшма умумий йиғилишида амалга оширилади. Акциядорларнинг қўшма умумий йиғилишида овоз бериш тартиби жамиятларнинг қўшиб юборилиши тўғрисидаги шартномада белгилаб қўйилиши мумкин.
Жамиятлар қўшилган тақдирда уларнинг ҳар бирига тегишли барча ҳуқуқлар ва мажбуриятлар ўтказиш далолатномасига мувофиқ янги вужудга келган жамиятга ўтади.
97-модда. Жамиятнинг бирлаштирилиши
[СПиТ:
1.Юридик шахсларни қайта ташкил этиш / Қўшиб олиш (бирлаштириш)]
Бир ёки бир нечта жамият фаолиятини тўхтатиб, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бошқа жамиятга ўтказиш — жамиятни бирлаштириш деб ҳисобланади.
Бирлаштирилаётган жамият ва бирлаштириб олаётган жамият бирлашиш тўғрисида шартнома тузадилар, унда бирлашишнинг тартиби ва шартлари, шунингдек бирлаштирилаётган жамиятнинг акцияларини бирлаштириб олаётган жамиятнинг акциялари ва (ёки) бошқа қимматли қоғозларига айирбошлаш тартиби белгилаб қўйилади. Ҳар бир жамиятнинг кузатув кенгаши бирлашишда иштирок этаётган ўз жамиятининг умумий йиғилиши ҳукмига бирлашиш тарзида қайта ташкил этиш тўғрисидаги ва бирлашиш шартномасини тасдиқлаш ҳақидаги масалани киритади. Бирлаштирилаётган жамият кузатув кенгаши ўтказиш далолатномасини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани ҳам акциядорлар умумий йиғилиши ҳукмига ҳавола этади.
Мазкур жамиятлар акциядорларининг қўшма умумий йиғилиши уставга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қарор қабул қилади. Акциядорларнинг қўшма умумий йиғилишида овоз бериш тартиби бирлашиш тўғрисидаги шартномада белгилаб қўйилади.
Бир жамият бошқа жамиятга бирлашганда ўтказиш далолатномасига мувофиқ бирлаштирилаётган жамиятнинг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари қўшиб олган жамиятга ўтади.
98-модда. Жамиятни бўлиш
[СПиТ:
1.Юридик шахсларни қайта ташкил этиш / Бўлиш]
Жамият фаолиятини тўхтатиб, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини янги тузилаётган жамиятларга ўтказиш — жамиятни бўлиш деб ҳисобланади.
Бўлиш тарзида қайта ташкил этилаётган жамиятнинг кузатув кенгаши акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳукмига бўлиш тарзида жамиятни қайта ташкил этиш тўғрисидаги, бу қайта ташкил этишнинг тартиби ва шартлари хусусидаги, янги жамиятлар тузиш ҳамда қайта ташкил этилаётган жамият акцияларини тузилаётган жамиятлар акцияларига ва (ёки) бошқа қимматли қоғозларига айирбошлаш тартиби тўғрисидаги масалаларни ҳавола этади.
Бўлиш тарзида қайта ташкил этилаётган жамият акциядорларининг умумий йиғилиши жамиятни бўлиш тарзида қайта ташкил этиш тўғрисида, янги жамиятлар тузиш ҳамда қайта ташкил этилаётган жамият акцияларини тузилаётган жамиятларнинг акциялари ва (ёки) бошқа қимматли қоғозларига айирбошлаш тартиби тўғрисида қарор қабул қилади. Янги тузилаётган ҳар бир жамият акциядорларининг умумий йиғилиши унинг уставини тасдиқлаш ҳамда кузатув кенгашини сайлаш тўғрисида қарор қабул қилади.
Жамият бўлинганда унинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўлиш балансига мувофиқ янги ташкил этилаётган икки ёки бир неча жамиятга ўтади.
99-модда. Жамиятни ажратиб чиқариш
[СПиТ:
1.Юридик шахсларни қайта ташкил этиш / Ажратиб чиқариш]
Қайта ташкил этилаётган жамиятнинг фаолиятини тўхтатмаган ҳолда, унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг бир қисмини ўтказиб бир ёки бир нечта жамият тузиш жамиятни ажратиб чиқариш деб ҳисобланади.
Ажратиб чиқариш тарзида қайта ташкил этилаётган жамиятнинг кузатув кенгаши акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳукмига ажратиб чиқариш тарзида жамиятни қайта ташкил этиш, ажратиб чиқаришни амалга оширишнинг тартиби ва шартлари, янги жамиятни тузиш, ажралиб чиқаётган жамиятнинг акция ва (ёки) бошқа қимматли қоғозларини айирбошлаш имкониятлари ва бундай айирбошлаш тартиби, бўлиш балансини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани ҳавола этади.
Ажратиб чиқариш тарзида қайта ташкил этилаётган жамият акциядорларининг умумий йиғилиши жамиятни ажратиб чиқариш тарзида қайта ташкил этиш, ажратиб чиқаришнинг тартиби ва шартлари, янги жамиятни тузиш, жамиятнинг акцияларини ажралиб чиқаётган жамиятнинг акцияларига ва (ёки) бошқа қимматли қоғозларига айирбошлаш имкониятлари ва бундай айирбошлашни ўтказиш тартиби, бўлиш балансини тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилади.
Жамият таркибидан бир ёки бир нечта жамият ажралиб чиққанда ажратиб чиқариш тарзида қайта ташкил этилган жамият ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг бир қисми бўлиш балансига мувофиқ уларнинг ҳар бирига ўтади.
100-модда. Жамиятни қайта тузиш
Жамият қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этган ҳолда бошқа ҳар қандай хўжалик жамияти ёки ширкатига айланишга ҳақли.
Қайта тузилаётган жамиятнинг кузатув кенгаши акциядорларнинг умумий йиғилиши ҳукмига жамиятни қайта тузиш, қайта тузишни амалга ошириш тартиби ва шартлари ҳақидаги масалаларни ҳавола этади.
Қайта тузилаётган жамият акциядорларининг умумий йиғилиши қайта тузиш тўғрисида, қайта тузишни амалга оширишнинг тартиби ва шартлари ҳақида қарор қабул қилади. Қайта тузиш жараёнида вужудга келтирилаётган янги юридик шахснинг қатнашчилари ўзларининг қўшма мажлисларида унинг таъсис ҳужжатларини тасдиқлаш ҳамда қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ бошқарув органларини сайлаш (тайинлаш) тўғрисида қарор қабул қиладилар.
Жамият қайта тузилганида қайта ташкил этилган жамиятнинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ўтказиш далолатномасига мувофиқ янги вужудга келган юридик шахсга ўтади.
101-модда. Жамиятни тугатиш
Жамиятни тугатиш унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмаган ҳолда жамият фаолиятининг тўхтатилишига олиб келади.
Жамият ихтиёрий равишда тугатилган тақдирда, тугатилаётган жамиятнинг кузатув кенгаши акциядорлар умумий йиғилишининг ҳукмига жамиятни тугатиш ва тугатиш комиссиясини тайинлаш тўғрисидаги масалани ҳавола этади.
Ихтиёрий равишда тугатилаётган жамият акциядорларининг умумий йиғилиши тугатиш тўғрисида ва тугатиш комиссиясини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилади.
Акциядорлик жамияти суднинг қарори билан тугатилганда тугатиш комиссиясини тайинлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Тугатиш комиссияси тайинланган пайтдан эътиборан жамият ишларини бошқариш бўйича барча ваколатлар тугатиш комиссиясига ўтади. Тугатиш комиссияси тугатилаётган жамият номидан судда иштирок этади.
Агар давлат тугатилаётган жамиятнинг акциядори бўлса, тугатиш комиссияси таркибига давлат мол-мулкини тасарруф этиш ваколати берилган орган вакили киритилади. Бу талаб бажарилмаган тақдирда, жамиятни давлат рўйхатидан ўтказган орган тугатиш комиссияси тайинланишига розилик беришга ҳақли эмас.
Тугатиш комиссияси юридик шахсларни рўйхатга олиш тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинадиган матбуот органларида жамиятнинг тугатилиши, унинг кредиторларининг талаб қўйиш тартиби ва муддатлари тўғрисида хабар эълон қилади. Кредиторларнинг талаб қўйиш муддати жамият тугатилиши тўғрисида хабар эълон қилинган санадан эътиборан икки ойдан кам бўлмаслиги лозим.
Агар тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган вақтга келиб, жамият ўз кредиторлари олдида мажбуриятларга эга бўлмаса, унинг мол-мулки акциядорлар ўртасида ушбу Қонуннинг 103-моддасига мувофиқ тақсимланади.
Тугатиш комиссияси кредиторларни аниқлаш ва дебиторлик қарзларини олиш чора-тадбирларини кўради, шунингдек кредиторларни жамиятнинг тугатилиши тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.
Кредиторларнинг талаб қўйиш муддати тугаганидан кейин тугатиш комиссияси оралиқ тугатиш балансини тузади. Мазкур балансда тугатилаётган жамият мол-мулкининг таркиби, кредиторлар қўйган талаблар, шунингдек уларни қараб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар бўлади. Оралиқ тугатиш баланси акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тугатилаётган жамиятни давлат рўйхатидан ўтказган орган билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Агар тугатилаётган жамиятнинг мавжуд пул маблағлари кредиторларнинг талабларини қондириш учун етарли бўлмаса, тугатиш комиссияси жамиятнинг бошқа мол-мулкини ким ошди савдосида сотишни амалга оширади.
Тугатилаётган жамият кредиторларига пул суммаларини тўлаш тугатиш комиссияси томонидан оралиқ тугатиш балансига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган навбат тартибида мазкур баланс тасдиқланган кундан эътиборан амалга оширилади.
Кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиб бўлинганидан кейин тугатиш комиссияси тугатиш балансини тузади. Бу баланс акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан тугатилаётган жамиятни давлат рўйхатидан ўтказган орган билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
103-модда. Тугатилаётган жамият мол-мулкини акциядорлар ўртасида тақсимлаш
Кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиб бўлинганидан кейин тугатилаётган жамиятнинг қолган мол-мулки тугатиш комиссияси томонидан акциядорлар ўртасида қуйидаги навбат бўйича тақсимланади:
биринчи навбатда ушбу Қонуннинг 44-моддасига мувофиқ қайтариб сотиб олиниши лозим бўлган акциялар бўйича тўловлар амалга оширилади;
иккинчи навбатда имтиёзли акциялар бўйича ёзилган, бироқ тўланмаган дивидендларни ва жамият уставида имтиёзли акциялар бўйича белгиланган тугатиш қийматини тўлаш амалга оширилади;
учинчи навбатда тугатилаётган жамиятнинг мол-мулкини оддий (одатдаги) акциялар ва барча турдаги имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш акциядорлар ўртасида тақсимлаш амалга оширилади.
Мол-мулкни ҳар бир навбат тартиби бўйича тақсимлаш аввалги навбат тартиби бўйича мол-мулк тўлиқ тақсимлаб бўлинганидан кейин амалга оширилади.
Агар жамиятнинг мавжуд мол-мулки ёзилган, бироқ тўланмаган дивидендлар ва жамият уставида белгиланган тугатиш қийматини бир турдаги имтиёзли акцияларнинг эгалари бўлмиш барча акциядорларга тўлаш учун етарли бўлмаса, мол-мулк ана шундай турдаги имтиёзли акциялар эгалари бўлмиш акциядорлар ўртасида уларга қарашли шу турдаги акцияларнинг сонига мутаносиб равишда тақсимланади.
Чет эллик инвестор мол-мулк тугатиш қийматининг ўзи олган қисмини белгиланган тартибда айирбошлашга ҳақлидир.
104-модда. Жамият тугатилган пайт
Давлат рўйхатидан ўтказувчи орган юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига тегишли ёзувларни киритиб қўйган пайтдан эътиборан жамиятни тугатиш тамомланган, жамият эса фаолиятини тугатган ҳисобланади.
ХI БЎЛИМ. ҲИСОБ-КИТОБ ВА ҲИСОБОТ. ҲУЖЖАТЛАРНИ САҚЛАШ. ЖАМИЯТГА ДОИР АХБОРОТ
[ОКОЗ:
1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.29.00.00 Бухгалтерия ҳисоби. Молиявий ҳисобот / 07.29.01.00 Умумий қоидалар;
2.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.29.00.00 Бухгалтерия ҳисоби. Молиявий ҳисобот / 07.29.05.00 Молиявий ҳисобот]
105-модда. Жамиятнинг бухгалтерия ҳисоб-китоби ва молия ҳисоботи
Жамият қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисоб-китобини юритиши ва молия ҳисоботини тақдим этиши шарт.
Жамиятда бухгалтерия ҳисоб-китобини ташкил этиш, унинг ҳолати ва тўғри юритилиши, тегишли органларга ҳар йилги ҳисобот ва бошқа молия ҳисоботлари, шунингдек акциядорлар, кредиторлар ва оммавий ахборот воситаларига жамият фаолиятига доир маълумотлар ўз вақтида тақдим этилиши учун жавобгарлик қонун ҳужжатларига мувофиқ ижроия органи зиммасида бўлади.
Жамиятнинг акциядорлар умумий йиғилишига тақдим этадиган йиллик ҳисоботидаги, бухгалтерия балансидаги, фойда ва зарарлар ҳисобварағидаги маълумотларнинг тўғри эканлиги жамиятнинг тафтиш комиссияси томонидан тасдиқланиши лозим.
Кўрсатиб ўтилган ҳужжатларни матбуотда эълон қилишдан олдин жамият йиллик молия ҳисоботини ҳар йилги текшириш ва тасдиқлаш учун жамият ёки акциядорлар билан мулкий манфаатлар негизида боғлиқ бўлмаган аудиторни жалб этиши шарт.
Жамиятнинг йиллик ҳисоботи акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида 30 кун олдин кузатув кенгаши томонидан дастлабки тарзда тасдиқланиши лозим.
106-модда. Жамият ҳужжатларини сақлаб қўйиш
Жамият:
жамиятнинг уставини, уставга киритилган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ўзгартишлар ва қўшимчаларни, жамиятни тузиш тўғрисидаги қарорни, жамият давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани;
жамиятнинг ўз балансидаги мол-мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни;
акциядорлар умумий йиғилиши ва жамиятни бошқаришнинг бошқа органлари тасдиқлайдиган ҳужжатларни;
жамиятнинг филиали ёки ваколатхонаси ҳақидаги низомни;
тафтиш комиссиясининг, аудиторнинг, давлат молия назорати органларининг хулосаларини;
жамият уставида, жамият бошқарув органларининг қарорларида назарда тутилган бошқа ҳужжатларни, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳужжатларни сақлаб қўйиши шарт.
107-модда. Жамиятнинг акциядорларга ахборот тақдим этиши
Жамият ушбу Қонун 106-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳужжатлардан акциядорлар фойдалана олишлари учун имконият таъминлаб беради, бухгалтерия ҳисоб-китобига доир ҳужжатлар ва жамиятнинг коллегиал ижроия органи мажлисларининг баённомалари бундан мустасно.
Жамият акциядорнинг талабига биноан унга ушбу Қонунда назарда тутилган ҳужжатларнинг нусхасини ҳақ эвазига бериши шарт. Ҳақ миқдори жамият томонидан белгиланади ҳамда ҳужжатларнинг нусхаларини тайёрлашга кетадиган харажатлар қийматидан ва ҳужжатларни почта орқали жўнатиш харажатларидан ортиб кетмаслиги керак.
108-модда. Жамият томонидан ахборотни эълон қилишнинг шартлиги
Очиқ турдаги жамият:
жамиятнинг йиллик ҳисоботини, бухгалтерия балансини, фойда ва зарарлар ҳисобварағини;
жамият акциялари эмиссияси маълумотномасини;
ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказилиши тўғрисидаги хабарни;
жамият аффилланган шахсларининг уларга қарашли акциялар сони ва турларини кўрсатган ҳолда тузилган рўйхатларини;
ваколатли давлат органи томонидан белгиланадиган бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ҳар йили эълон қилиши шарт.
Жамият, шу жумладан ёпиқ турдаги жамият ҳам, облигациялар ёки қимматли қоғозларни ошкора жойлаштирган тақдирда, бу хусусдаги маълумотларни ваколатли давлат органи белгилаган ҳажм ва тартибда оммавий ахборот воситаларида эълон қилиши шарт.
Оммавий ахборот воситаларининг ушбу Қонунда назарда тутилган акциядорлик жамиятининг ахборотини эълон қилишни асоссиз равишда рад этишига йўл қўйилмайди. Кейинги таҳрирга қаранг
109-модда. Жамиятнинг аффилланган шахслари тўғрисидаги ахборот
Шахс қонун ҳужжатларига мувофиқ аффилланган деб ҳисобланади.
Жамиятнинг аффилланган шахслари жамиятнинг ўзларига қарашли акциялари тўғрисида уларнинг сони ва турларини кўрсатган ҳолда акциялар сотиб олинган санадан эътиборан кечи билан 10 кун ичида жамиятни ёзма равишда хабардор қилишлари шарт.
Агар аффилланган шахснинг айби билан мазкур ахборотнинг тақдим этилмаганлиги ёки ўз вақтида тақдим этилмаганлиги натижасида жамиятга мулкий зарар етказилган бўлса, аффилланган шахс жамият олдида ўзи етказган зарар миқдорида жавобгар бўлади.
Жамият ўзининг аффилланган шахслари ҳисобини юритиши ва улар тўғрисида қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ ҳисобот тақдим этиши шарт.
Аффиланган шахслар тушунчаси ва акционерлик жамиятларида уларни ҳисобини юритиш ва маълумотларни ошкор қилиш тартиби «Акциядорлик жамиятларида аффилланган шахслар, уларнинг ҳисобини олиб бориш ва ахборотларни ошкор қилиш тартиби тўғрисида»ги низоми билан белгиланган (рўйхат № 1212, 29.01.2003 й.).
XII БЎЛИМ. ЖАМИЯТ ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ
110-модда. Тафтиш комиссияси
Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш учун жамият уставига мувофиқ акциядорларнинг умумий йиғилиши тафтиш комиссиясини сайлайди.
Жамият тафтиш комиссиясининг ваколатлари ушбу Қонун ва жамият устави билан белгиланади.
Жамият тафтиш комиссияси фаолиятининг тартиби акциядорлар умумий йиғилиши томонидан тасдиқланадиган низомда белгилаб қўйилади.
Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) бир йиллик ёки бошқа давр ичидаги фаолият якунлари бўйича тафтиш комиссиясининг ташаббусига биноан, акциядорлар умумий йиғилишининг, кузатув кенгашининг қарорига ёки жамият овоз берувчи акцияларининг ҳаммаси бўлиб камида ўн фоизига эгалик қилувчи акциядорнинг (акциядорларнинг) талабига биноан амалга оширилади.
Жамият тафтиш комиссиясининг талабига биноан жамиятнинг бошқарув органларидаги мансабдор шахслар молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни тафтиш комиссиясига тақдим этишлари шарт.
Жамиятнинг тафтиш комиссияси ушбу Қонуннинг 72-моддасига мувофиқ акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилиши чақирилишини талаб қилишга ҳақли.
Жамият тафтиш комиссиясининг аъзолари бир вақтнинг ўзида кузатув кенгашининг аъзоси бўлишлари, шунингдек жамиятнинг бошқарув органларида бошқа лавозимларни эгаллашлари мумкин эмас. Кузатув кенгашининг аъзоларига ёки бошқарув органларидаги мансабдор шахсларга қарашли акциялар жамият тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш чоғида овоз беришда иштирок этиши мумкин эмас.
Аудитор (фуқаро ёки аудиторлик ташкилоти) жамият билан тузилган шартномага мувофиқ жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини текширади.
Акциядорларнинг умумий йиғилиши жамият аудиторини тасдиқлайди. Аудиторнинг хизматига тўланадиган ҳақ миқдори жамият кузатув кенгаши томонидан белгиланади.
112-модда. Тафтиш комиссияси ёки аудиторнинг хулосаси
Жамиятнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш якунларига кўра тафтиш комиссияси ёки аудитор хулоса тайёрлайди, бу хулосада:
ҳисоботларда ва жамиятнинг бошқа молия ҳужжатларида акс эттирилган маълумотлар қай даражада тўғрилигига баҳо берилади;
бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молия ҳисоботини тақдим этиш тартиби, шунингдек молия-хўжалик фаолиятини амалга ошириш чоғида қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида ахборот берилади.
113-модда. Акциядорлар ҳуқуқлари ва манфаатларининг кафолатлари
Давлат акциядорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини кафолатлайди.
Жамиятнинг хўжалик ва бошқа фаолиятига давлат органлари ва бошқа органларнинг аралашишига йўл қўйилмайди. Уларнинг қонунсиз хатти-ҳаракатлари устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.
114-модда. Акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтлари
Акциядорларнинг ҳуқуқлари:
ушбу Қонунда белгиланган ва уставда назарда тутилган мажбуриятларни бажариш орқали эмитент (акциядорлик жамияти бошқарув органлари);
қонун ҳужжатларига мувофиқ инвестиция институтлари ва фонд биржалари;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳимоя қилинади.
Акциядорлар ва қимматли қоғозлар бозорининг бошқа субъектлари ўртасида келиб чиқадиган низолар суд тартибида ҳал этилади.
115-модда. Акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари
Акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш:
ҳуқуқни тан олиш;
ҳуқуқ бузилгунига қадар мавжуд бўлган ҳолатни тиклаш ва ҳуқуқни бузувчи ёки ҳуқуқни бузиш таҳдидини солувчи хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш;
битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш;
ўзини ўзи ҳимоя қилиш;
натура ҳолида ижро этишга ҳукм қилиш:
зарарларни қоплатиш;
неустойка ундириш;
маънавий зарар учун товон ундириш;
ҳуқуқий муносабатларни тўхтатиш ёки ўзгартириш орқали амалга оширилади.
Акциядорлар ўзларининг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ихтиёрий асосда жамоат бирлашмаларига уюшишга ҳақлидирлар.
LexUZ шарҳи
Жамоат бирлашмаларини ташкил этиш, рўйхатдан ўтказиш тартиби ва уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган.
Акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усуллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин.
116-модда. Давлат тасарруфидан чиқарилаётган корхона акцияларининг бирламчи эмиссияси чоғида меҳнат жамоаси аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Акциядорлик жамиятига айлантирилаётган давлат корхонаси меҳнат жамоаси аъзоларининг акцияларни сотиб олишдан иборат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонун ҳужжатлари билан таъминланади. Меҳнат жамоаси аъзолари орасида жойлаштирилиши лозим бўлган акциялар улушининг миқдори ҳар бир алоҳида ҳолатда давлат мулкини тасарруф этиш ваколати берилган орган томонидан белгиланади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонунининг 19-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 21 июлдаги 145-сон қарори билан тасдиқланган Давлат мулки бўлган объектларни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тартиби тўғрисида Низом.
117-модда. Инвестиция институтларининг масъулияти
Инвестиция институтлари, фонд биржалари, аудиторлар ва бошқаларнинг масъулияти қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва битимларида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки битим қоидалари қўлланилади.