toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Давлат иштирокидаги корхоналарнинг бошқарув органларида давлат вакилларининг самарали иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида
«Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-101-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, давлат вакилларининг фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Давлат иштирокидаги корхоналардаги давлат вакилларининг фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
давлат иштирокидаги корхоналарнинг акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишида давлат номидан иштирок этадиган шахслар ва кун тартибидаги олдиндан келишиладиган масалалар;
давлат иштирокидаги корхоналар соф фойдасидан дивиденд (ажратма) миқдорини Давактив агентлиги билан келишиш тартиби;
давлат иштирокидаги корхоналарнинг акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилиши кун тартибига киритилган масалалар юзасидан хабарнома ва ҳужжатларни тақдим этиш тартиби ва муддатлари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Давлат иштирокидаги корхоналарда давлат номидан акциядор (иштирокчи) функцияларини амалга оширувчи вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари корхоналарнинг бошқарув органларининг йиғилишларида давлат вакилларининг иштирокини таъминлашда ҳамда кун тартибига киритилган масалалар бўйича қарор қабул қилишда мазкур қарор талабларига қатъий риоя қилинишини таъминласин.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 791-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)
3. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 40-моддаси.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори А.Ж. Ортиқов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 14 август,
373-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 августдаги 373-сон қарорига
ИЛОВА
Давлат иштирокидаги корхоналардаги давлат вакилларининг фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
Мазкур Низом давлат иштирокидаги корхоналарнинг акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишида давлат вакилининг давлат акциялар пакети (улуши) бўйича иштирок этиши ва овоз бериш тартибини белгилайди.
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
ваколатли орган — давлат иштирокидаги корхоналарда давлат номидан акциядор (иштирокчи) функцияларини амалга оширувчи Давлат активларини бошқариш агентлиги, махсус ваколатли давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари;
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 15 декабрдаги 791-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)
давлат вакили — давлат улушини ишончли бошқаришни амалга оширадиган инвестиция активлари бўйича ишончли бошқарувчи ёки тегишли ишончномага асосан давлат улуши бўйича овоз бериш ваколатига эга бўлган жисмоний шахс ёхуд давлат улуши бўйича давлат иштирокидаги корхонанинг кузатув кенгаши таркибига сайланган шахс, давлат улуши бўйича сайланган мустақил аъзолар бундан мустасно.
2-боб. Давлат вакилининг давлат иштирокидаги корхоналар акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишида иштирок этиш ва кун тартибидаги масалаларни келишиш тартиби
2. Ваколатли орган давлат улуши ишончли бошқарувга берилганлиги ёки ишончли бошқарув шартномаси бекор қилинганлиги тўғрисида давлат иштирокидаги корхонани ишончли бошқарув шартномаси имзоланган ёки бекор қилинган кундан бошлаб уч иш куни ичида хабардор қилади.
3. Давлат вакили давлат иштирокидаги корхонанинг акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишининг кун тартибига қуйидаги масалалар киритилганда улар бўйича овоз бериш тартибини олдиндан келишиб олади, жумладан:
а) тегишлилиги бўйича ваколатли орган билан:
корхонани қайта ташкил этиш ёки тугатиш;
шуъба ва тобе хўжалик жамиятларини ташкил этиш;
ташкилий тузилмани тасдиқлаш;
корхона ижроия органини сайлаш, тайинлаш, ёллаш, унинг ваколатларини муддатидан олдин бекор қилиш;
эълон қилинган акцияларнинг энг юқори миқдорини белгилаш;
акцияларни бўлиш ва консолидациялаш;
корхонанинг устав фонди (устав капитали) миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш;
мулкни гаровга бериш;
йирик битим тузиш ёки корхонанинг аффилланган шахслари билан битимлар тузиш;
б) Давлат активларини бошқариш агентлиги билан соф фойдани тақсимлаш ва унинг бир қисмини дивидендларга йўналтириш (кейинги ўринларда — келишиладиган масалалар).
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 мартдаги ПҚ-101-сон қарори билан тасдиқланган Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятининг устувор йўналишлари.
4. Келишиладиган масалалардан ташқари қолган масалалар бўйича давлат вакили қонунчиликка ва давлат мулкини ишончли бошқариш шартномасига мувофиқ мустақил равишда қарорлар қабул қилади.
5. Давлат улуши ишончли бошқарувга берилмаган давлат иштирокидаги корхоналарда кузатув кенгаши мавжуд бўлмаган ҳолларда, кузатув кенгаши ташкил этилгунга қадар акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилиши кун тартибидаги келишиладиган масалалар юзасидан овоз бериш тартиби тўғрисидаги кўрсатма давлат вакилига ишончнома билан бир пайтда берилиши лозим.
6. Келишиладиган масалалар акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилиши кун тартибига киритилганда акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб ўн иш кунидан кечиктирмай, ушбу масалалар бўйича овоз бериш тартибини келишиш учун давлат вакили мазкур Низомга 1-иловада келтирилган шаклга мувофиқ ёзма хабарномани ваколатли органга кун тартибидаги масалалар бўйича зарур ахборотни (материалларни) илова қилган ва кўрсатилган масалалар бўйича овоз бериш тартиби бўйича ўз таклифларини кўрсатган ҳолда тақдим этади.
7. Хабарнома давлат улушини ишончли бошқаришни амалга оширадиган инвестиция активларини ишончли бошқарувчи ёки кузатув кенгашининг давлат улуши бўйича сайланган аъзолари томонидан имзоланиши лозим, давлат улуши бўйича сайланган мустақил аъзолар бундан мустасно.
Узрли сабабларга кўра кузатув кенгашининг давлат улуши бўйича сайланган аъзоси (аъзолари) хабарномани имзоламаган бўлса, хабарномада уларни имзоламаганлигининг сабаблари кўрсатилиши лозим.
8. Ваколатли орган келишиладиган масалалар бўйича овоз бериш тартиби тўғрисида ёзма кўрсатмани ушбу Низомга 2-иловада келтирилган шаклга мувофиқ давлат вакилига хабарнома келиб тушган санадан бошлаб ўн иш кунидан кечиктирмай, бироқ йиғилиш ўтказиладиган санадан камида бир кун олдин беради.
9. Келишиладиган масалалар юзасидан кўрсатма бериш учун давлат вакили томонидан тақдим этилган маълумотлар (материаллар) етарли бўлмаган тақдирда, ваколатли орган давлат вакилидан қўшимча маълумотларни сўраб олиши ёки, заруратга кўра, мутасадди вазирлик ва идораларга тегишли сўров билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Бунда хабарномани кўриб чиқиш муддати узайтирилиши мумкин, бироқ ушбу муддат акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишини ўтказиш санасидан кеч бўлмаслиги керак.
10. Давлат вакилига бериладиган кўрсатма ваколатли органнинг раҳбари ёки ушбу ваколат тақдим этилган раҳбар ўринбосари томонидан имзоланади.
11. Давлат улуши бўйича акциядор (иштирокчи) функциялари ваколатли органнинг ҳудудий бошқармаси томонидан амалга оширилганда, овоз бериш бўйича кўрсатма ваколатли органнинг тегишли ҳудудий бошқармасининг раҳбари томонидан имзоланади.
12. Давлат вакилининг мазкур Низомда белгиланган муддатларда тақдим этилган ёзма хабарномасига ваколатли органнинг кўрсатмаси белгиланган муддатларда берилмаган тақдирда ёки акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишини қолдириш тўғрисида кўрсатма берилмаган бўлса, келишиладиган масалалар бўйича давлат вакили қонунчиликка ва давлат мулкини ишончли бошқариш шартномасига мувофиқ мустақил равишда қарорлар қабул қилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги Қонунининг 42-моддаси.
13. Агар давлат вакили томонидан хабарнома белгиланган муддатлар бузилган ҳолда тақдим этилиши натижасида ваколатли орган томонидан тегишли кўрсатма берилмаган бўлса, давлат вакили келишиладиган масалаларни муҳокама қилишда ва улар бўйича овоз беришда иштирок этмайди.
14. Ваколатли орган акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишида иштирок этиш ва кун тартибидаги келишиладиган масалалар бўйича овоз бериш учун давлат вакилидан бошқа шахсларга йиғилишда иштирок этиш учун ишончнома ва йиғилиш кун тартибидаги масалалар бўйича овоз бериш юзасидан кўрсатма бериш ҳуқуқига эга.
15. Агар акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилиши муайян сабабларга кўра қолдирилса, ваколатли орган томонидан берилган кўрсатмалар, башарти давлат вакили берилган кўрсатмаларни қайта кўриб чиқиш зарурлигига олиб келадиган ҳолатлар ва далилларнинг ўзгаргани тўғрисида ахборот тақдим этмаган бўлса, қолдирилган акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишининг ўтказиш кунига қадар ўз кучини сақлайди.
16. Акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишида келишиладиган масалалар юзасидан ваколатли органнинг кўрсатмасини олмасдан овоз берилган ёки кўрсатмадан ўзгача овоз берилган тақдирда, давлат вакили уч иш кунидан кечиктирмай бу ҳақида ваколатли органни ёки унинг ҳудудий органини ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.
Ушбу ҳолатда ваколатли орган ёки уларнинг ҳудудий органлари хабарнома келиб тушган кундан эътиборан ўн иш куни ичида давлат вакилига унинг кейинги ҳаракатлари юзасидан кўрсатма юборади.
17. Ваколатли орган давлат вакилидан келиб тушадиган хабарномалар ҳамда овоз бериш тартиби бўйича уларга берилган кўрсатмаларнинг ҳисобини олиб боради.
18. Давлат улушини ишончли бошқаришни амалга ошираётган инвестиция активлари бўйича ишончли бошқарувчи томонидан келишиладиган масалалар бўйича ваколатли орган билан келишилмасдан ёки ваколатли органнинг кўрсатмасидан ўзгача тарзда овоз берилиши, у билан тузилган ишончли бошқарув шартномасини бекор қилиш учун асос бўлади.
19. Давлат вакили томонидан ушбу Низом 3-бандининг «б» кичик бандида кўрсатилган давлат иштирокидаги корхоналар соф фойдасидан дивиденд (ажратма) ҳисоблаш масаласини Давлат активларини бошқариш агентлиги билан келишиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
3-боб. Якунловчи қоидалар
20. Давлат вакиллари тақдим этган маълумотларининг тўлиқлиги ва тўғрилиги учун масъул ҳисобланади.
21. Мазкур Низом талаблари бажарилиши устидан назорат ваколатли орган томонидан амалга оширилади.
22. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Давлат иштирокидаги корхоналардаги давлат вакилларининг фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА

_______________________

(ваколатли органнинг номи)

__________________________________________________ манзилида жойлашган акциядорлик жамияти (масъулияти чекланган жамият) устав фондидаги (устав капиталидаги) давлат акциялар пакети (улушлари) бўйича давлат манфаатларини ифодалайдиган
_________________________________________________________________________

(давлат вакили)

______________________________________________________ акциядорлик жамияти (масъулияти чекланган жамияти)нинг акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисида


‎ХАБАРНОМА

Сана: ________________ Вақт: ________________
Жой:

_________________________________________________________________________

КУН ТАРТИБИ

1. ____________________
‎2. ____________________
‎3. ____________________
‎4. ____________________
‎5. ____________________

________________________________________________________________________

(кўрсатилган масалалар бўйича овоз бериш тартибига доир давлат вакилининг таклифлари)

Давлат вакилининг алоқа
‎боғлаш телефони __________________________________________________________
Хабарнома тузилган сана: ___________________________________________________
Давлат вакил (лар)и:

_____________

________________________________

(имзо)

Ф.И.О.

Давлат иштирокидаги корхоналардаги давлат вакилларининг фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
20 ___ йил «___» ____________ даги ______-сон

____________________________________________________ акциядорлик жамияти (масъулияти чекланган жамият) устав фондларидаги (устав капиталларидаги) давлат акциялар пакети (улушлари) бўйича давлат манфаатларини ифодалайдиган
‎______________________________________________________________________________ га

(давлат вакили)

__________________________ да ўтказиладиган _____________________________ акциядорлик

(йиғилиш санаси)

жамияти (масъулияти чекланган жамият) акциядорлари (иштирокчилари) умумий йиғилишида (ягона акциядор, иштирокчи қарори бўйича) овоз бериш тартиби тўғрисида

КЎРСАТМА

1. Биринчи масала бўйича _____________________________ (суз билан кўрсатилган) овоз бериш

(ёқлаб/қарши/бетараф)

2. Иккинчи масала бўйича _____________________________ (сўз билан кўрсатилган) овоз бериш

(ёқлаб/қарши/бетараф)

3. Учинчи масала бўйича ______________________________ (суз билан кўрсатилган) овоз бериш

(ёқлаб/қарши/бетараф)

4. Тўртинчи масала бўйича _____________________________ (суз билан кўрсатилган) овоз бериш

(ёқлаб/қарши/бетараф)

5. Бешинчи масала бўйича _____________________________ (суз билан кўрсатилган) овоз бериш

(ёқлаб/қарши/бетараф)

Раҳбар (унинг ўринбосари)

_______________

_____________________________

(имзо)

Ф.И.О.

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 15.08.2023 й., 09/23/373/0604-сон; 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)