toggle_night_mode
Норасмий таржима
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
Ўзбекистон Республикасида рақамли телеэшиттиришга техник ва технологик ўтиш давлат дастури тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 20 августдаги «Ўзбекистон Республикасида Рақамли телерадиоэшиттиришга ўтиш масалалари бўйича идоралараро ишчи гуруҳ ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-1394-сон қарорига мувофиқ, шунингдек радиочастота спектридан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва телеэшиттиришнинг рақамли форматига режали ўтишни таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикасида рақамли телеэшиттиришга техник ва технологик ўтиш бўйича Давлат дастури (кейинги ўринларда — Давлат дастури) иловага мувофиқ тасдиқлансин, унда қуйидагилар назарда тутилади:
техник ва технологик ривожланишни ҳисобга олган ҳолда рақамли телеэшиттиришни жорий қилиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш;
2017 йил охиригача мамлакат аҳолисининг рақамли телевидение хизматларидан тўлиқ фойдаланишини таъминлаш билан икки босқичда (2012 — 2015 йиллар — I босқич, 2016-2017 йиллар — II босқич) республикада рақамли телеэшиттиришга ўтиш;
рақамли телевидениенинг ҳамма олиши мумкин бўлган ижтимоий пакетини ишлаб чиқариш, шакллантириш, эфирга узатиш ҳамда теле-радио архив материалларини рақамли форматга ўтказишнинг техник имкониятини таъминловчи Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси корхона ва ташкилотларининг технологик базасини модернизация қилиш ва ривожлантириш;
аналог телеэшиттириш тизимларини рақамли тизимларга босқичма-босқич алмаштирган ҳолда ер усти рақамли телевизион эшиттириш тармоқларини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш, хизматларнинг янги турларини, шу жумладан интерактив ва мобил телевидениени жорий этиш;
маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва аҳолини рақамли телеэшиттириш сигналларини қабул қилувчи замонавий қурилмалар билан таъминлаш.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасида ўтиш даврида (2017 йил охиригача) телеэшиттириш бир вақтнинг ўзида аналог ва рақамли форматлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Давлат дастурининг сифатли амалга оширилиши учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар раҳбарларига шахсий жавобгарлик юклансин.
2. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги корхоналарининг телерадиоканалларини ҳамда Ўзбекистон МТРКнинг ҳудудий бўлинмалари маҳсулотларини етказиб бериш ва тарқатиш бўйича хизматларга Ўзбекистон МТРК учун ҳар йили назарда тутилган бюджет маблағлари ҳисобидан телерадиоканаллар бўйича эшиттиришнинг белгиланган ўртача сутка давомидаги ҳажмлар доирасида, белгиланган ўртача сутка давомидаги ҳажмлардан ортиқ бўлса — Ўзбекистон МТРКнинг ўз маблағлари ҳисобидан тўлаш тартиби белгилансин.
3. Ўзбекистон Республикасида Рақамли телерадиоэшиттиришга ўтиш масалалари бўйича идоралараро ишчи гуруҳи Давлат дастури доирасидаги лойиҳалар ва тадбирларнинг амалга оширилиши таҳлилини ташкил этиш ва мониторинг қилишни таъминласин ва ҳар чоракда унинг бажарилиши тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этсин.
Идоралараро ишчи гуруҳига Давлат дастурини бажаришнинг охирги муддатини ўзгартирмаган ҳолда унинг чора-тадбирларини тузатиш ҳуқуқи берилсин.
4. Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон МТРК, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун хорижий кредитларни, асосан, имтиёзли кредитларни жалб этиш чораларини кўрсин.
5. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» давлат унитар корхонаси ҳамда Ўзбекистон МТРК, унинг таркибига кирувчи корхоналар ва ташкилотлар даромад солиғидан, шунингдек, импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, материаллар ва эҳтиёт қисмлар учун божхона тўловларини тўлашдан (божхонада расмийлаштириш йиғимларидан ташқари) Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхатлар бўйича бўшатилган маблағларни моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун мақсадли йўналтирилган ҳолда 2018 йил 1 январга қадар озод этилсин.
6. Давлат солиқ қўмитаси ушбу қарор билан тақдим қилинган солиқ тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар натижасида бўшатилган маблағлардан мақсадли фойдаланиши устидан назоратни ўрнатсин.
7. Ўзбекистон МТРК, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази рақамли телеканаллар сонини кенгайтириш ва уларнинг сифатли тўлдирилиши тўғрисида таклиф киритсин.
8. ЎзААА Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон МТРК ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан биргаликда аҳоли ўртасида рақамли телеэшиттиришга ўтишнинг мақсадлари, афзалликлари ва тартибини кенг тушунтиришни, шунингдек, Давлат дастурини амалга ошириш жараёнини мунтазам ёритишни таъминласин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2012 йил 17 апрель,
ПҚ-1741-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 17 апрелдаги ПҚ-1741-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида рақамли телеэшиттиришга техник ва технологик ўтиш бўйича
ДАВЛАТ ДАСТУРИ

Т/р

Чора-тадбирлар номи

Бажариш муддати

Масъул ижрочилар

Молиялаштириш манбалари

Амалга ошириш шакли ва механизми

I-бўлим. Рақамли телеэшиттиришни жорий қилиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш.

1.

Ўзбекистон Республикасида Рақамли телевидение хизматларини кўрсатиш қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш

2012 йил декабр

ЎзААА,

МТРК,

Адлия вазирлиги

ЎзАААнинг ўз маблағлари

Рақамли телевидение абонентларига хизматлар кўрсатишнинг ягона тартибини белгилайдиган ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган Рақамли телевидение хизматларини кўрсатиш қоидаларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш.

2.

Рақамли телевидение сигналларини (ер усти, кабел, мобил) шакллантириш ва трансляция қилишга қўйиладиган талабларни белгиловчи норматив ҳужжатларни қабул қилиш.

2012 йил декабр

ЎзААА,

МТРК,

кабел телевидениеси операторлари ва провайдерлари

ЎзААА ва МТРКнинг ўз маблағлари

Телевизион сигналларнинг рақамли телевидение тизими билан техник мослашувчанлигини белгиловчи, ушбу сигналларни шакллантириш, трансляция қилиш воситаларига қўйиладиган техник талабларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

3.

Рақамли телевидение сигналларини қабул қилувчи абонент қурилмалари учун стандартларни тасдиқлаш

2012 йил декабр

ЎзААА,

«Ўзстандарт» агентлиги

ЎзАААнинг ўз маблағлари

Бозорни сифатсиз маҳсулотлардан ҳимоя қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлайдиган рақамли телевидение сигналларини қабул қилувчи абонент қурилмаларига қўйиладиган талаблар ва стандартларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

4.

Республика ҳудудларида аналог телеэшиттиришни босқичма-босқич тўхтатиш механизмини белгилаш.

2015 йил март

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси,

МТРК,

Молия вазирлиги,

Иқтисодиёт вазирлиги

 Назарда тутилмайди

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аналог телеэшиттиришни тўхтатиш тартибини белгиловчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.

5.

Рақамли форматда аудиовизуал ёзувлар ва фонограммаларни рақамлаштириш, сақлаш бўйича норматив-ҳуқуқий базани яратиш.

2013 йил июн

«Ўзархив» агентлиги

«Ўзбеккино» МА,

МТРК,

«Ўзстандарт» агентлиги,

вазирликлар ва идоралар

Ижрочиларнинг ўз маблағлари

Рақамли форматда аудиовизуал ёзувлар ва фонограммаларни рақамлаштириш, сақлаш бўйича давлат ва тармоқ стандартларини ишлаб чиқиш.

II бўлим. Ер усти эфир, кабел тармоқлари тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш, телесигналларни шакллантириш ва тарқатиш

6.

Рақамли телевидениенинг умумий фойдаланиш мумкин бўлган ижтимоий пакети учун камида 2 та рақамли телеканалларни ишлаб чиқариш, шакллантириш ва эфирга узатишнинг техник имкониятини таъминловчи Ўзбекистон МТРК корхоналари ва ташкилотларининг технологик базасини модернизация қилиш ва ривожлантириш.

2013-2014 йиллар

МТРК,

Молия вазирлиги,

Иқтисодиёт вазирлиги,

ТИАИСВ

Имтиёзли хорижий кредитлар

Техник-иқтисодий ҳисоб-китобни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. Ўзбекистон МТРК бўлинмаларининг техник воситаларини модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш.

7.

Ўзбекистон Республикасининг ер усти рақамли эшиттириш тармоғини ривожлантириш. Биринчи босқич.

2012 — 2015 йиллар

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,

Молия вазирлиги,

Иқтисодиёт вазирлиги,

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги,

МТРК,

хизмат кўрсатувчи банк

Имтиёзли хорижий кредитлар

Техник-иқтисодий ҳисоб-китобни тасдиқлаш. Рақамли телевидение узатгичларини ўрнатишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси ер усти рақамли эшиттириш тармоғини ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш.

8.

Ўзбекистон Республикасининг олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида рақамли эшиттириш тармоғини ривожлантириш. Иккинчи босқич.

2016-2017 йиллар

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,

Молия вазирлиги,

Иқтисодиёт вазирлиги,

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги,

МТРК,

хизмат кўрсатувчи банк

Имтиёзли хорижий кредитлар

Техник-иқтисодий ҳисоб-китобни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. Ўзбекистон Республикасининг олис ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида йўлдош алоқасидан фойдаланган ҳолда рақамли эшиттириш тармоғини ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш.

9.

Рақамли телевидение дастурлари пакетини шакллантириш учун ЭОАВМА нодавлат телевизион студияларини модернизация қилиш

Алоҳида жадвалга мувофиқ

ЭОАВМА

ЭОАВМА маблағлари

Рақамли телевидение дастурлари пакетини шакллантириш учун ЭОАВМА нодавлат телевизион студияларини модернизация қилиш бўйича амалга ошириш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

10.

Рақамли эшиттириш форматига ўтишни ҳисобга олган ҳолда кабел телевидениеси тармоқларини модернизация қилиш

2013 — 2015 йиллар

Кабел телевидениеси операторлари

Кабел телевидениеси оператори маблағлари

Ягона рақамли телевидение сигналидан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда кабел телевидениеси тармоқларини модернизация қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш.

11.

Ўзбекистон МТРК теле-, радиоархив материалларидан янги рақамли телеканалларни шакллантиришда фойдаланиш учун уларни рақамли архивлаш, қайта ишлаш ва таснифлашни ривожлантириш.

2012 — 2014 йиллар

МТРК,

Молия вазирлиги,

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги

Имтиёзли хорижий кредитлар

Давлат теле-, радиоархив материалларини рақамли форматга ўтказиш, кейинчалик қайта ишлаш ва таснифлашни таъминлаш учун рақамли архивлаш тизимининг аппарат-дастурий комплексларини жорий этиш.

12.

«Ўзархив» агентлигининг архив аудиовизуал ёзувлари ва фонограммаларини рақамли форматда қайта ишлаш ва сақлаш бўйича моддий-техник базасини такомиллаштириш.

2012-2013 йиллар

«Ўзархив» агентлиги

«Ўзбеккино» Миллий агентлиги

Молия вазирлиги,

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги

Жалб этилган маблағлар, имтиёзли хорижий кредитлар, грантлар

Архив аудиовизуал ёзувлари ва фонограммаларини рақамли форматда рақамлаштириш ва сақлаш бўйича аппарат-дастурий комплексларини жорий этиш.

13.

Рақамли телевидение соҳасида техник эксплуатация қилиш ва хизматлар кўрсатиш бўйича мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шунингдек, семинарлар ва конференциялар, шу жумладан хорижий мутахассислар иштирокида ташкил этиш.

2012 — 2015 йиллар

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,

МТРК,

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Ўз маблағлари ва грантлар

Таълим муассасаларида рақамли телевидение соҳасида техник эксплуатация қилиш ва хизматлар кўрсатиш бўйича мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини, шу жумладан хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш.

III бўлим. Ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва аҳолини рақамли телеэшиттириш сигналларини қабул қилувчи замонавий қурилмалар билан таъминлаш

14.

Хорижий компанияларнинг маблағлари ва технологияларини жалб этган ҳолда мавжуд ва янги ишлаб чиқариш корхоналари негизида рақамли телеэшиттириш сигналларини қабул қилувчи қурилмалар ишлаб чиқаришни, шу жумладан ушбу маҳсулотнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчилари давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини назарда тутган ҳолда янада ривожлантириш.

2012 йил декабр

Иқтисодиёт вазирлиги,

«Ўзелтехсаноат» уюшмаси

Молия вазирлиги,

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги,

ЎзААА,

вазирликлар ва идоралар

Назарда тутилмайди

1. Рақамли телеэшиттириш сигналларини қабул қилувчи қурилмаларининг янги ишлаб чиқаришларини ривожлантириш ва ташкил этиш.

2. Ушбу маҳсулотни маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар ва преференциялар бериш орқали давлат томонидан қўллаб-қувватлашни таъминлаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш.

15.

Аҳолига, шу жумладан ёш оилаларга рақамли телеэшиттириш сигналларини қабул қилувчи рақамли қўшимча мосламаларни ва бошқа қурилмалар сотиб олиш учун имтиёзли истеъмол кредитлари бериш

доимий

Марказий банк,

Иқтисодиёт вазирлиги,

тижорат банклари

Тижорат банклари кредитлари

Аҳолига, жумладан, ёш оилаларга рақамли қўшимча мосламалар ва телевизорларни сотиб олиш учун имтиёзли истеъмол кредитларини бериш дастурини амалга ошириш.

16.

Рақамли телеэшиттириш ускунасини ўрнатиш учун имтиёзли тарифларни тақдим этиш

доимий

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,

Меҳнат вазирлиги,

«Маҳалла» жамғармаси,

рақамли телевидение операторлари

Рақамли телевидение операторларининг ўз маблағлари

Аҳолига рақамли телеэшиттириш ускунасини имтиёзли ўрнатиш тартибини ишлаб чиқиш.