toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сирдарё вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини кўпайтириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан самарали фойдаланишга доир чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 28 ноябрдаги ПҚ-431-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, Сирдарё вилоятида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларини янада ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Сирдарё вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини кўпайтириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан самарали фойдаланишга доир чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 28 ноябрдаги ПҚ-431-сон қарорининг 6-банди «е» кичик бандига мувофиқ Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганлиги ҳамда жамғарма маблағларидан ерларни қайта фойдаланишга киритиш учун артезиан қудуқларни қазиш, лотоклар ўтказиш, зовур қазиш ва дренажлар қуриш, трансформатор ўрнатиш, электр энергияси тармоқларини тортиш, ташкил этилган инфратузилмаларни сақлаш, ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий этиш, ўсимликларни ҳимоя қилиш мақсадларида фойдаланилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш ҳамда жамғарма маблағларини бошқариш тартиби;
жамғарма даромадлари ва харажатлари прогнозини ҳамда унинг маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган инфратузилма лойиҳаларининг манзилли рўйхатини шакллантириш ва тасдиқлаш, шунингдек, жамғарма маблағларини сарфлаш тартиби;
жамғармадан ажратилган маблағлардан фойдаланишни ҳисобга олиш, ҳисоботини юритиш ва назорат қилиш.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва Сирдарё вилояти ҳокими А.А. Махмудалиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 29 апрель,
173-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 апрелдаги 173-сон қарорига
ИЛОВА
Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс мақомига эга бўлмайди ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
буюртмачи — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари;
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари — қишлоқ хўжалиги ерларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлашга (қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш) доир тадбирлар;
ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари — қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш доирасида энг яқин марказлаштирилган тармоқлардан ишлаб чиқариш майдонларининг чегарасигача оқар сув (бетон лотоклар) ва электр тармоқларини тортиш ҳамда зовурлар қазиш ишлари.
4. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ахборот тизимида белгиланган тартибда маҳаллий даражада очилган шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади ва ушбу Низомда белгиланган мақсадларга сарфланади.
5. Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари Жамғарма маблағлари ҳисобидан мазкур Низомга иловада келтирилган схема асосида молиялаштирилади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш
6. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратилган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
7. Жамғарма маблағлари Сирдарё вилоятида ерларни қайта фойдаланишга киритиш учун артезиан қудуқларни қазиш, лотоклар ўтказиш, зовур қазиш ва дренажлар қуриш, трансформатор ўрнатиш ва электр энергияси тармоқларини тортиш, ташкил этилган инфратузилмаларни сақлаш, ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий этиш, ўсимликларни ҳимоя қилиш ишлари билан боғлиқ харажатларга йўналтирилади.
3-боб. Жамғарма маблағларини бошқариш
8. Жамғарма маблағлари Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари томонидан бошқарилади.
9. Жамғарма маблағларини бошқаришда Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари бўйича буюртмачи ташкилотлар (кейинги ўринларда — буюртмачи) томонидан киритилган манзилли рўйхатларни кўриб чиқиш ва уларнинг белгиланган тартибда келишилишини таъминлаш;
Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларининг тасдиқланган манзилли рўйхатига асосан Давлат молиясини бошқариш ахборот тизимида ҳисобварақлар очиш ва харажатлар сметасини шакллантириш юзасидан сўровномалар тақдим этиб бориш;
Жамғарма даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни (ой, чорак, йил) тайёрлаш ҳамда Сирдарё вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармасига чораклик ҳисоботларни ҳисобот чораги якуни бўйича кейинги ойнинг 15-санасига қадар, йиллик ҳисоботларни ҳисобот йили якуни бўйича кейинги йилнинг 25 январига қадар тақдим этилишини таъминлаш;
Жамғарма даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни белгиланган тартибда тасдиқлаш учун Сирдарё вилояти ҳокимига тақдим этиш;
буюртмачи томонидан бажарилган ишлар юзасидан тақдим этилган ҳисоботларга кўра қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш ишларининг мониторингини юритиш.
Бунда буюртмачи Жамғарма маблағларининг сарфланиши юзасидан тегишли ҳисоботларни тақдим этмаган тақдирда, буюртмачи раҳбариятини ёзма хабардор қилган ҳолда Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган тадбирлар харажатларини молиялаштиришни (тўлашни) ҳисоботлар тақдим этилгунига қадар вақтинча чеклаб қўйишга ҳақли.
4-боб. Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини шакллантириш ва тасдиқлаш
10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги тизимидаги Республика аэрогеодезия марказининг туман (шаҳар) бўлими кейинги йил учун жорий йил якунига қадар туман (шаҳар)даги ер майдонларини хатловдан ўтказиб, буюртмачи билан биргаликда қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари бўйича таклифларни шакллантиради ҳамда ушбу таклифларни туман (шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими билан келишган ҳолда туман (шаҳар) ҳокимлигига киритади.
11. Туман (шаҳар) ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги тизимидаги Республика аэрогеодезия марказининг туман (шаҳар) бўлими томонидан қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари бўйича тақдим этилган таклифларни қабул қилганидан сўнг 10 иш кунида, бироқ ҳар йили 10 январдан кечиктирмаган ҳолда кўриб чиқади ва истиқболли лойиҳаларни Сирдарё вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармасига юборилишини таъминлайди.
12. Сирдарё вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари бўйича тақдим этилган таклифларни умумлаштириш ва лойиҳаларнинг дастлабки манзилли рўйхатини шакллантириш;
туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан киритилган ва Жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари бўйича таклифларни тегишли хулосалар асосида кўриб чиқиш;
туман (шаҳар) ҳокимлари ва сектор раҳбарлари билан биргаликда манзилли рўйхатга киритиш таклиф этилаётган қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш заруратини ҳамда уларнинг жойлашуви бўйича кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш;
лойиҳаларни Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириш ва буюртмачини танлаш масаласини кўриб чиқиш учун бирламчи ҳисоб-китоблар асосида шакллантирилган қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларининг манзилли рўйхатини Сирдарё вилояти ҳокимлигига ҳамда халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашига киритиш;
Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари бўйича буюртмачилар томонидан киритилган таклифларни кўриб чиқиш ва белгиланган тартибда келишиш;
тасдиқланган манзилли рўйхатда назарда тутилган объектлар бўйича буюртмачи томонидан киритилган маълумотларга асосан қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларининг амалга оширилиши бўйича тизимли мониторинг юритиш.
13. Сирдарё вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси буюртмачи билан биргаликда бир ой муддатда, бироқ ҳар йили 1 февралдан кечиктирмаган ҳолда:
қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари бўйича таклифларни ўрганиб чиқади ва лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини шакллантиради ҳамда Сирдарё вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси билан келишади;
лойиҳаларни Жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштириш ва буюртмачини танлаш масаласини кўриб чиқиш учун бирламчи ҳисоб-китоблар асосида шакллантирилган қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларининг манзилли рўйхатини Сирдарё вилояти ҳокимлигига ҳамда халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашига киритади.
14. Буюртмачи қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари бўйича таклифлар халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори билан тасдиқланганидан сўнг 20 иш кунида, бироқ ҳар йили 20 февралдан кечиктирмаган ҳолда Жамғарма маблағлари доирасида лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқади ва уларни экспертизадан ўтказади, шунингдек, тендер (танлов)ларни ташкил этади ҳамда бош пудрат ташкилотини аниқлайди.
15. Буюртмачи тендер (танлов)лардан сўнг 5 иш кунида, бироқ ҳар йили 25 февралдан кечиктирмаган ҳолда қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш учун тегишли ҳужжатларни Сирдарё вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармасига тақдим қилади.
16. Сирдарё вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларининг белгиланган тартибда келишилган ва тасдиқланган манзилли рўйхатига асосан 3 иш кунида, бироқ ҳар йили 1 мартдан кечиктирмаган ҳолда Жамғарма маблағлари ҳисобидан лойиҳаларни харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар доирасида молиялаштириб боради.
5-боб. Жамғарма маблағларини сарфлаш, маблағлардан фойдаланишни ҳисобга олиш, ҳисоботини юритиш ва назорат қилиш
17. Жамғарманинг фойдаланилмаган ҳамда буюртмачининг мажбуриятлари бўйича қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари юзасидан тўлиқ молиялаштирилмаган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига олиб қўйилмайди ва келгуси йилга ўтказилади ҳамда мақсадли равишда сарфланади.
18. Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Жамғарма даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисидаги ҳисоб-китобларни ва ҳисоботларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда юритади.
19. Буюртмачи Жамғармадан ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиши бўйича ҳисоботларни (электрон тарзда, агар электрон алоқа воситалари билан узатиш дастури жорий этилган бўлса) Сирдарё вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармасига ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг 5-санасига қадар тақдим этади.
20. Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари тақдим этилган тегишли ҳисобот ва маълумотлар асосида Жамғармадан ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиши юзасидан мониторинг олиб боради ҳамда ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг ўн бешинчи санасига қадар халқ депутатлари вилоят Кенгашига ахборот киритиб боради.
6-боб. Якунловчи қоидалар
21. Жамғарма маблағларининг мақсадли ишлатилиши устидан назорат Сирдарё вилояти давлат молиявий назорати бошқармаси томонидан амалга оширилади.
22. Жамғарма қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.
23. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Чора-тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги тизимидаги Республика аэрогеодезия марказининг туман (шаҳар) бўлими

Туман (шаҳар)даги ер майдонларини хатловдан ўтказиб, буюртмачи билан биргаликда қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари бўйича таклифларни шакллантиради ва ушбу таклифларни туман (шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими билан келишган ҳолда туман (шаҳар) ҳокимлигига киритади.

Кейинги йил учун жорий йил якунига қадар

2-босқич

Туман (шаҳар) ҳокимлиги

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги тизимидаги Республика аэрогеодезия марказининг туман (шаҳар) бўлими томонидан қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари бўйича тақдим этилган таклифларни кўриб чиқади ва истиқболли лойиҳаларни Сирдарё вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармасига юборилишини таъминлайди.

10 иш кунида, бироқ ҳар йили 10 январдан кечиктирмаган ҳолда

3-босқич

Сирдарё вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси

Буюртмачи билан биргаликда қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳалари бўйича таклифларни ўрганиб чиқади ва лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини шакллантиради ҳамда Сирдарё вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси билан келишади.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан лойиҳаларни молиялаштириш ва буюртмачини танлаш масаласини кўриб чиқиш учун бирламчи ҳисоб-китоблар асосида шакллантирилган қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларининг манзилли рўйхатини Сирдарё вилояти ҳокимлигига ҳамда халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашига киритади.

Бир ой муддатда, бироқ ҳар йили 1 февралдан кечиктирмаган ҳолда

4-босқич

Буюртмачи

Қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларининг манзилли рўйхати халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг қарори билан тасдиқланганидан сўнг Жамғарма маблағлари доирасида лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқади ва уларни экспертизадан ўтказади, шунингдек, тендер (танлов)ларни ташкил этади ҳамда бош пудрат ташкилотини аниқлайди.

20 иш кунида, бироқ ҳар йили 20 февралдан кечиктирмаган ҳолда

5-босқич

Буюртмачи

Тендер (танлов)лардан сўнг қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш учун тегишли ҳужжатларни Сирдарё вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармасига тақдим қилади.

5 иш кунида, бироқ ҳар йили 25 февралдан кечиктирмаган ҳолда

6-босқич

Сирдарё вилояти иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси

Қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларининг белгиланган тартибда келишилган ва тасдиқланган манзилли рўйхатига асосан Жамғарма маблағлари ҳисобидан лойиҳаларни харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар доирасида молиялаштириб боради.

3 иш кунида, бироқ ҳар йили 1 мартдан кечиктирмаган ҳолда

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 01.05.2023 й., 09/23/173/0235-сон; 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон))