toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида
Норуда фойдали қазилмалардан оқилона ва комплекс фойдаланишни йўлга қўйиш, уларни қазиб олишда атроф табиий муҳитга салбий таъсирни ҳамда техноген ҳосилаларнинг ҳосил бўлишини камайтириш, тупроқнинг унумдорлигини сақлаш, бузилган ер участкаларини рекультивация қилиш, шунингдек, норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги ПҚ-76-сон қарори билан тасдиқланган Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасини ҳамда экологик назорат тизимини янада такомиллаштириш бўйича «йўл харитаси»да норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш вазифаси белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни аниқлаш тартиби;
норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда кенг тарқалган фойдали қазилмаларга етказилган зарарни ҳисоблаш усуллари;
норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда ифлослантирувчи моддаларнинг сув объектларига ва (ёки) жойларнинг рельефига оқизиб юборилиши оқибатида етказилган зарарни ҳисоблаш усуллари;
норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш оқибатида табиий объектларга етказилган зарарни қоплаш ва ундириш тартиби.
3. Белгилансинки:
а) норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш оқибатида табиий объектларга етказилган зарар миқдорини ҳисоблаш Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда амалга оширилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
б) зарарни қоплашдан тушган пул маблағлари қуйидаги тартибда тақсимланади:
13 фоизи — Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига;
87 фоизи — Экология жамғармасига ўтказилади;
(3-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 январдаги ПФ-14-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.01.2024 й., 06/24/14/0052-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
в) мораторий жорий қилинган дарё ўзанларида норуда материалларини ноқонуний қазиб олиш натижасида табиатга етказилган зарар учун ундириш суммалари 10 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади;
г) мораторий даврида дарё ўзанларида норуда материалларини ноқонуний қазиб олиш натижасида табиатга етказилган зарар учун ундириш суммалари 10 бараварга оширилган ҳолда қўлланишидан тушган маблағлар тўлиқ Экология жамғармасига йўналтирилади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 январдаги ПФ-14-сонли Фармонига асосан «в» кичик банд ва «г» кичик банд билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.01.2024 й., 06/24/14/0052-сон)
4. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси:
норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш ва унинг оқибатида табиий объектларга зарар етказилишининг олдини олиш бўйича профилактик ва назорат тадбирларини кучайтирсин;
икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин;
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, шунингдек, бошқа оммавий ахборот воситалари билан биргаликда ер қаъридан фойдаланувчилар ўртасида ушбу қарорнинг мазмун ва моҳияти бўйича кенг тушунтириш ишларини олиб борсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 майдаги 325-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2025 й., 09/25/325/0460-сон)
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Давлат экология қўмитаси раиси Н.Н. Обломурадов белгилансин.
Мазкур қарорни амалга ошириш доирасида масъул вазирликлар ва идоралар фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштириш Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 23 ноябрь,
666-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 23 ноябрдаги 666-сон қарорига
1-ИЛОВА
Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ер қаърини геологик ўрганиш, ундан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида давлат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли органлар — Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси;
ер қаъри — ер қобиғининг тупроқ қатламидан қуйида жойлашган, тупроқ қатлами бўлмаганда эса ер юзасидан ёки сув объектлари тубидан қуйида жойлашган, геологик жиҳатдан ўрганиш ва ўзлаштириш мумкин бўлган чуқурликкача ястанган қисми;
ер қаъридан фойдаланувчи — норуда материалларни қазиб олиш ва фойдаланиш (қайта ишлаш)ни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахс;
кенг тарқалган фойдали қазилманинг бозор нархи — таққосланадиган иқтисодий (тижорат) шароитларда айнан ўхшаш ёки бир турдаги товарлар (хизматлар) бозорида талаб ва таклиф асосида шаклланадиган ёки ваколатли органлар ва баҳолаш ташкилотлари томонидан аниқланадиган ва белгиланадиган нарх;
норуда фойдали қазилмалар — таркибида металл бўлмаган табиий ҳолича, тозалаб ёки қайта ишлаб олинадиган ҳамда кимё, цемент, ойна, оловбардош ва чинни буюмлар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатида фойдаланиш учун яроқли бўлган хом ашё;
норуда материаллар — таркибида металл бўлмаган, очиқ ёки карьер усулида қазиб олинадиган табиий ҳолича, тозалаб ёки қайта ишлаб қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш учун яроқли бўлган (қум, шағал, қум-шағал аралашмаси, мармар, гранит, гил ва гилли жинслар, табиий тош, оҳактош, гипс, мергель) норуда фойдали қазилмалар хом ашёси;
табиий объектлар — кенг тарқалган фойдали қазилмалар жойлашган участкалар, сув объектлари ва жойларнинг рельефи.
3. Мазкур Низом талаблари стратегик турдаги (асосий) фойдали қазилмаларни ва қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида ноқонуний қазиб олишда ҳамда техноген минерал ҳосилалардан фойдаланишда етказилган зарарни ҳисоблашга нисбатан татбиқ этилмайди.
4. Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Норуда материаллар ноқонуний қазиб олинганлиги оқибатида табиий объектларга етказилган зарарни аниқлаш тартиби
5. Қуйидаги ҳолатлар норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш ҳисобланади:
норуда материаллар мавжуд ер қаъри участкасидан рухсатнома олмасдан туриб фойдаланиш;
норуда материаллар учун берилган кон ажратмасидан ва белгиланган тартибда ажратилган ер участкалари доирасидан четга чиқиш.
6. Норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш оқибатида табиий объектларга зарар етказилганлиги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг қуйидаги бузилиши ҳолатларидан келиб чиқиб аниқланади:
кондан норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига оид рухсатномада кўрсатилган мақсадларда фойдаланмаслик;
норуда материалларни қазиш ишларини лойиҳадан ва (ёки) фойдаланишга берилган ер қаъри участкасининг майдони ва (ёки) чуқурлигидан четга чиққан ҳолда амалга ошириш;
рухсатномада кўрсатилмаган кон участкаларда кон қазиш ишларини ўзбошимчалик билан амалга ошириш, карьер майдонлари чегараларида норуда материалларни қазиб олишнинг белгиланган муддатларига амал қилмаганлик;
ер участкаларида қазиш ишларини амалга оширишдан аввал, фойдали қазилма устида жойлашган ерларнинг тупроқ унумдор қатламини сидириб олиш ва алоҳида жойлаштириш ҳамда бузилган ер участкаларини қайта тиклаш (рекультивация қилиш)да фойдаланмаганлик;
ер қаъридан фойдаланиш рухсатномаси муддатлари тугаганда ёки зарурият қолмаганда бузилган ер участкаларини ўз ҳисобидан фойдаланиш учун яроқли ҳолга келтирмаганлик;
фойдаланиб бўлинган ер участкаларини фойдаланишга берган органларга белгилаган тартибда топширмаганлик;
дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш тартибига риоя этмаганлик.
7. Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга зарар етказганлик қуйидаги ҳолларда:
ер қаъри участкалари жойлашган ҳудудларда ҳамда норуда конлари жойлашган участкаларда рейдлар ўтказилганда;
норуда материалларни қазиб олиш учун берилган рухсатноманинг шартлари бузилган тақдирда;
норуда конларидан фойдаланишни ўрганиш жараёнида;
норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ажратилган ер қаъри участкаси ёки унга туташ ҳудудларда норуда материалларни, транспорт воситаларини ювиш оқибатида ҳосил бўлган оқова сувлар сув объектига ва (ёки) жойнинг рельефига оқизиб юборилганда;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган текширишларни олиб бориш жараёнида ер қаърини геологик ўрганиш, ундан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида давлат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли органлар томонидан аниқланади.
Норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш оқибатида табиий объектларга етказилган зарар миқдори, тегишлича ер қаърини геологик ўрганиш, ундан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида давлат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли органлар томонидан ҳисобланади.
8. Махсус ваколатли органлар зарурат бўлганда етказилган ҳақиқий зарарни аниқлаш учун ихтисослашган ташкилотларни, илмий-тадқиқот ташкилотларини, қонунчиликда белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган ёки техник жиҳатдан мувофиқлиги маъқулланган ёхуд малакаланганлиги расман тасдиқланган бошқа ташкилотларнинг лабораторияларини, шунингдек, малакали экспертларни жалб этиши мумкин.
3-боб. Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш усуллари
1-§. Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда кенг тарқалган фойдали қазилмаларга етказилган зарарни ҳисоблаш
9. Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда кенг тарқалган фойдали қазилмаларга етказилган зарар:
ноқонуний амалга оширилган фаолият турининг атроф муҳитга таъсир кўрсатишининг хавфлилик даражаси;
ноқонуний қазиб олинган норуда материаллар ҳажми;
кенг тарқалган фойдали қазилмаларнинг бозор нархи асосида ҳисобланади.
Бунда кенг тарқалган фойдали қазилмаларнинг бозор нархи товар-хом ашё биржаларидаги жорий котировкаси, тегишли давлат органларида мавжуд бўлган нархлар даражаси тўғрисидаги маълумотлар ва баҳоловчи ташкилотлар ҳисоботи асосида аниқланади.
10. Кенг тарқалган фойдали қазилмаларга етказилган зарарнинг миқдори ноқонуний равишда норуда материалларни қазиб олиш жараёни юзага келган пайтдан бошлаб, у бартараф этилгунга қадар ўтган давр учун ҳисобланади.
11. Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда кенг тарқалган фойдали қазилмаларга етказилган зарарнинг миқдори фойдали қазилманинг ҳар бир тури бўйича алоҳида аниқланади.
Бунда ер қаърини геологик ўрганиш, ундан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида давлат назоратини амалга оширувчи махсус ваколатли орган томонидан етказилган зарарнинг миқдори, норуда фойдали қазилманинг тури ҳамда ер қаъридан фойдаланувчи тўғрисида уч кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига ёзма маълумот берилади.
12. Норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш оқибатида кенг тарқалган фойдали қазилмаларга етказилган зарарнинг миқдори қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:
Уз = Қм х Нбн х Шк;
бунда:
Уз — норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш оқибатида кенг тарқалган фойдали қазилмаларга етказилган зарар миқдори, сўмда;
Қм — ноқонуний қазиб олинган кенг тарқалган фойдали қазилма ҳажми, метр кубда (м3);
Нбн — ноқонуний қазиб олинган кенг тарқалган фойдали қазилманинг бозор нархи, сўмда;
Шк — шартли коэффициент.
Бунда Шк ноқонуний амалга оширилган фаолият турининг атроф муҳитга таъсир кўрсатишининг хавфлилик даражаси бўйича тегишли тоифага мансублигидан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг «Атроф муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2020 йил 7 сентябрдаги 541-сон қарорига мувофиқ аниқланади. Шартли коэффициент:
хавфлилик даражаси бўйича атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг I тоифасига мансуб (юқори даражада хавфли) фаолият тури учун 20 коэффициенти қўлланилади;
хавфлилик даражаси бўйича атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг II тоифасига мансуб (ўртача даражада хавфли) фаолият тури учун 10 коэффициенти қўлланилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
121. Дарёларнинг норуда материалларни қазиб олишга мораторий жорий қилинган ҳудудларида норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш оқибатида кенг тарқалган фойдали қазилмаларга етказилган зарарнинг миқдори мазкур Низомнинг 12-бандида белгиланган формула бўйича ҳисобланиб, аниқланган асосий зарар миқдори ўн бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.
(121-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 сентябрдаги 566-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.09.2024 й., 09/24/566/0710-сон)
13. Кенг тарқалган фойдали қазилма ер участкалари устида жойлашган ерларнинг тупроқ унумдор қатламини сидириб олиш ва алоҳида жойлаштириш ва бузилган ер участкаларини рекультивация қилиш (қайта тиклаш) ишларини амалга оширмаганлик учун етказилган зарарни ҳисоблаш ушбу Низомнинг 11-бандида белгиланган тартибда амалга оширилади.
14. Қазиб олинган кенг тарқалган фойдали қазилманинг ҳажми кон ишларини геология-маркшейдерлик таъминлаш ишларини олиб борадиган ташкилотларни жалб қилган ҳолда ўлчовлар ўтказиш йўли билан аниқланади.
15. Жисмоний шахсларга эгалик қилиш ва фойдаланиш учун берилган ер участкалари доирасида шахсий хўжалик ва маиший эҳтиёжлар учун кенг тарқалган фойдали қазилмалар қазиб олинганда ҳамда фойдаланилганда зарар ҳисобланмайди.
2-§. Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда ифлослантирувчи моддаларнинг сув объектларига ва жойларнинг рельефига оқизиб юборилиши оқибатида етказилган зарарни ҳисоблаш
16. Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда сув объектларига (жилғалар, сойлар, дарёлар, очиқ каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари) ва жойларнинг рельефига оқизиб юборилган оқова сувларнинг сифат кўрсаткичларига, сув объектларини санитария жиҳатдан муҳофаза қилиш талабларига асосан сув объектига ва (ёки) жойнинг рельефига ташланган оқова сувлар таркибидаги ифлослантирувчи моддаларнинг ҳақиқий кўрсаткичларига нисбатан қўйилади.
17. Ифлослантирувчи моддаларнинг сув объектига ва (ёки) жойнинг рельефига оқизиб юборилиши оқибатида етказилган зарарни ҳисоблаш қазиш ишлари олиб борилаётган кон ҳудудидан сув объектига ва (ёки) жойнинг рельефига ташланаётган оқова сувдан олинган намуналарда кимёвий таҳлиллар асосида аниқланган сув таркибидаги зарарли моддаларнинг аниқланган ҳақиқий миқдори бўйича амалга оширилади.
18. Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда сув объектига ва (ёки) жойнинг рельефига оқова сувларнинг оқизиб юборилиши оқибатида етказилган зарарнинг миқдори корхона, ташкилот ёки тадбиркорлик субъектининг атроф муҳитга таъсир кўрсатиши хавфлилик даражаси бўйича тегишли тоифага мансублиги ҳамда ташланган зарарли моддаларнинг ҳақиқий миқдорига боғлиқ.
19. Ифлослантирувчи моддаларнинг сув объектига ва (ёки) жойнинг рельефига оқизиб юборилиши оқибатида етказилган зарарнинг миқдори ҳар бир ифлослантирувчи модда учун алоҳида ҳисобланади.
20. Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда сув объектига ва (ёки) жойнинг рельефига оқова сувларнинг оқизиб юборилиши оқибатида етказилган зарарнинг миқдори қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:
Сз= Зм х БҲМ х Шк;
бунда:
Сз — сув объектига ва (ёки) жойнинг рельефига оқова сувларнинг оқизиб юборилиши оқибатида етказилган зарарнинг миқдори, сўмда;
Зм — сув объектига ва (ёки) жойнинг рельефига оқова сув таркибида ташланган зарарли моддаларнинг ҳақиқий миқдори (кг, тоннада);
БҲМ — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдори;
Шк — шартли коэффициент.
Бунда Шк ноқонуний амалга оширилган фаолият турининг атроф муҳитга таъсир кўрсатишининг хавфлилик даражаси бўйича тегишли тоифага мансублигидан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг «Атроф муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2020 йил 7 сентябрдаги 541-сон қарорига мувофиқ аниқланади. Шартли коэффициент:
хавфлилик даражаси бўйича атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг I тоифасига мансуб (юқори даражада хавфли) фаолият тури учун 20 коэффициенти қўлланилади;
хавфлилик даражаси бўйича атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг II тоифасига мансуб (ўртача даражада хавфли) фаолият тури учун 10 коэффициенти қўлланилади.
21. Сув объектига ва (ёки) жойнинг рельефига оқова сув таркибида ташланган зарарли моддаларнинг ҳақиқий миқдори (3м) қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:
Зм = То х Мк х Дт;
бунда:
То — кузатиш вақти давомида сув объектига ва (ёки) жойнинг рельефига ташланаётган оқова сув ҳажми (метр кубда);
Мк — аналитик усулда таҳлиллар асосида оқова сувдан олинган намуналарда аниқланган 1 литр сув миқдори таркибидаги зарарли моддаларнинг ҳақиқий миқдори (мг/литр);
Дт — оқова сув ташламаси давом этган вақт (соат, сутка).
22. Сув объектига ва (ёки) жойнинг рельефига оқова сув бир соат ёки сутка ёхуд йил давомида ташланаётганлиги аниқланган ҳолатларда бир суткада ташланган зарарли моддалар миқдори тегишли кунлар сонига кўпайтирилади.
4-боб. Норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш оқибатида табиий объектларга етказилган зарарни қоплаш ва ундириш тартиби
23. Норуда материалларини ноқонуний қазиб олиш оқибатида ҳисобланган табиий объектларга зарар миқдори бўйича ҳисоб-китоблар нусхаси уч кун ичида ҳуқуқбузарлик содир этган ер қаъридан фойдаланувчига тилхат билан топширилади ёки жўнатилади ва ишга тегишли ёзув ёзиб қўйилади.
24. Норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш оқибатида табиий объектларга етказилган зарар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда зарарни етказган ер қаъридан фойдаланувчи томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши шарт.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 70-моддаси.
25. Норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш оқибатида табиий объектларга етказилган зарар суд томонидан қўлланилади, ер қаъридан фойдаланувчилар айбига иқрор бўлган ва зарарни ихтиёрий равишда тўлаган ҳолатлар бундан мустасно.
26. Ҳисобланган зарарни қўллашдан тушган пул маблағлари Давлат бюджети, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш жамғармасининг махсус ҳисобварағига ўтказилади.
5-боб. Якунловчи қоида
27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 70, 71-моддалари.
Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Ижро муддатлар

1-босқич

Махсус ваколатли орган

Қонун бузилиши ҳолати бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари бўлганда, назорат қилувчи орган томонидан ўтказилган «Хавфни таҳлил этиш» тизими натижалари асосида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилган ҳолда ёки хабардор этиш тартибида текширишлар ўтказилади.

1 кундан 10 кунгача

2-босқич

Давлат экология қўмитаси

Инсон саломатлигига ёки ҳаётига, табиий ресурсларга, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга зарарли таъсир этган ёки бундай таъсир этиш хавфи туғилган тақдирда, корхоналар, ташкилотларнинг фаолиятини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш ҳақида қарор қабул қилади.

Ҳолат аниқланганда

3-босқич

Махсус ваколатли орган

1. Заруратдан келиб чиқиб етказилган зарарни аниқлашда ихтисослашган корхона ва ташкилотларни, илмий-тадқиқот муассасаларини, қонунчиликда белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган ёки техник жиҳатдан мувофиқлиги маъқулланган ёхуд малакаланганлиги расман тасдиқланган лабораторияларни, шунингдек, малакали экпертларни жалб этади.

5 иш кунида

2. Тўпланган маълумотлар асосида табиий объектларга етказилган зарар миқдорини ҳисоблайди.

2 иш кунида

4-босқич

Махсус ваколатли орган

1. Текширишлар натижаларини далолатнома билан расмийлаштиради ва тегишли кўрсатмалар беради.

Текшириш якунланган кун

2. Текшириш далолатномасининг бир нусхасини тадбиркорлик субъектига почта орқали буюртма хат билан юборади.

Далолатнома тузилган кундан кейинги иш куни

5-босқич

Махсус ваколатли орган

Табиий объектларга зарар етказиш натижасида жиноят аломатлари аниқланса, тўпланган ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборади.

3 иш кунида

Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 майдаги 325-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.05.2025 й., 09/25/325/0460-сон)
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.11.2022 й., 09/22/666/1033-сон; 20.01.2024 й., 06/24/14/0052-сон; 13.09.2024 й., 09/24/566/0710-сон; 22.05.2025 й., 09/25/325/0460-сон)