toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 19 майдаги ПҚ-5117-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг хорижий тилларни ўрганишга бўлган интилишларини рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 19 майдаги ПҚ-5117-сон қарори 4-бандига мувофиқ қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига 50 млн сўмгача маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш амалиётини йўлга қўйиш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Белгилансинки, 50 млн сўмгача бўлган бир марталик субсидиялар тадбиркорлик субъекти бўлган нодавлат таълим ташкилотларига камида 6 ой муддат давомида қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолияти билан шуғулланиш шарти билан ажратилади.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2022 йил 1 октябрдан бошлаб амалга киритилсин:
нодавлат таълим ташкилоти томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан субсидия ажратиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали мурожаат қилиш тартиби;
манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари томонидан тақдим этилган маълумотларни баҳолаш орқали Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларининг қарори асосида ҳар чоракда субсидия ажратиш;
нодавлат таълим ташкилотларига баҳолаш мезонлари асосида тўпланган балларга мутаносиб равишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигининг ҳудудий бошқармалари томонидан 50 млн сўмгача субсидия ажратиб бориш.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиладиган қишлоқ ҳудудлари рўйхатини шакллантирсин ва тасдиқласин.
Бунда қишлоқ ҳудудлари рўйхатига ҳар йили бир марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мумкинлиги инобатга олинсин.
4. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 октябрга қадар:
ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентга мувофиқ давлат хизматлари кўрсатиш ЯИДХП орқали жорий этилишини таъминласин;
ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатилишининг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин.
5. Адлия вазирлиги:
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилишининг белгиланган тартибига риоя этилиши бўйича уларнинг фаолияти юзасидан, жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин;
ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентнинг талаблари бузилган ҳолларда, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик чораларини қўлласин.
6. Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги билан биргаликда мазкур қарорда назарда тутилган харажатларни молиялаштириш учун:
икки ой муддатда «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш;
2023 йил ва ундан кейинги йиллар учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини тасдиқлаш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишида зарур маблағларни Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари параметрларида назарда тутиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 20 сентябрь,
513-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 сентябрдаги 513-сон қарорига
ИЛОВА
Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Регламент қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия (кейинги ўринларда — субсидия) ажратиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Регламент жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) бўлган тадбиркорлик субъектларига, республика бўйсунувидаги шаҳарлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйсунувидаги шаҳарлар, шаҳарлардаги туманлар, туман бўйсунувидаги шаҳарлар ва шаҳарчаларда жойлашган нодавлат таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.
3. Молия вазирлиги томонидан ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари параметрларини шакллантиришда нодавлат таълим ташкилотларига ажратиладиган субсидиянинг энг кўп миқдори инобатга олинади.
4. Субсидия нодавлат таълим ташкилотларига:
бино ва ўқув хоналарини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, мебель, асбоб-ускуналар, ўқитишнинг техник воситалари ва бошқа анжомлар билан жиҳозлаш;
зарур дарсликлар, ўқув-методик адабиётлар ва бошқа кутубхона-ахборот ресурслари ҳамда воситалари билан таъминлаш, таълим жараёнини ташкил этишга жалб этиладиган педагог кадрлар меҳнатига ҳақ тўлаш учун ажратилади.
5. Нодавлат таълим ташкилотларига субсидия Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг ҳудудий вакили, Давлат солиқ бошқармаси ва Молия бошқармаси (кейинги ўринларда — масъул ташкилотлар) томонидан тақдим этилган маълумотларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари (кейинги ўринларда — маҳаллий ҳокимликлар) томонидан баҳолаш асосида ажратилади.
6. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан айнан бир нодавлат таълим ташкилотига бир мартадан кўп субсидия ажратилишига йўл қўйилмайди.
7. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан нодавлат таълим ташкилотларига хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун бир марталик субсидия календарь йилнинг ҳар чорагида мазкур Регламентга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ ажратилади.
2-боб. Субсидия ажратиш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш
8. Нодавлат таълим ташкилотининг раҳбари ёки ишончнома берилган вакили (кейинги ўринларда — талабгор) субсидия олиш учун календарь йилнинг ҳар чораги биринчи ойининг 10-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) электрон рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қилади.
Талабгор томонидан субсидия олиш учун мазкур Регламентга 2-иловада келтирилган шаклга мувофиқ сўровнома тўлдирилади ҳамда қуйидаги ҳужжатлар электрон («pdf») шаклда илова қилинади:
нодавлат таълим ташкилотининг таълим фаолиятини ривожлантириш бўйича камида икки йилга мўлжалланган бизнес режаси;
нодавлат таълим ташкилотининг маҳсулот етказиб бериш ёки ишларни (хизматларни) бажариш тўғрисида тузилган ва амал қилиш муддати тугамаган хўжалик шартномалари;
педагог кадрлар билан тузилган меҳнат шартномалари ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар;
мавжуд педагог кадрларнинг хорижий тилни билиш даражасини тасдиқловчи миллий сертификати ёки халқаро тан олинган сертификатлари;
таълим жараёнида фойдаланилаётган бино ёки ўқув хоналарининг ижара шартномаси (кўчмас мулк ижараси асосида фаолият юритаётган нодавлат таълим ташкилотлари учун).
Талабгордан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.
Талабгор томонидан давлат хизматидан фойдаланиш учун тўлов амалга оширилмайди.
9. Сўровнома тўлдирилиб, тегишли ҳужжатларнинг нусхалари илова қилингандан сўнг талабгор маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, электрон рақамли имзоси билан, электрон рақамли имзо бўлмаганда эса жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан фойдаланган ҳолда тасдиқлайди.
10. Талабгор ЯИДХП орқали тақдим этилган ҳужжатлар ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
11. Талабгор томонидан ЯИДХП орқали тасдиқланган сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар автоматик тарзда тегишли маҳаллий ҳокимликка юборилади.
12. Маҳаллий ҳокимликнинг масъул ходими бир иш кунида электрон сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг тўғри ва тўлиқ тўлдирилганлигини текширади. Ҳужжатларда камчиликлар аниқланганда, бу ҳақда талабгорга ЯИДХП орқали ҳокимлик масъул ходимининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган хабарнома юборилиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан тушунтириш берилади.
Талабгор мавжуд камчиликларни бартараф қилиб, белгиланган ҳужжат топшириш муддати ичида такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
13. Маҳаллий ҳокимлик ва масъул ташкилотлар ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони қўллаш орқали идоралараро электрон ҳамкорлик тизими асосида амалга оширилади.
14. Сўровнома тўғри тўлдирилган ва ҳужжатлар тўлиқ илова қилинган тақдирда, маҳаллий ҳокимликнинг масъул ходими томонидан бир иш кунида ЯИДХП орқали талабгорга ҳужжатлар қабул қилинганлиги тўғрисида хабарнома юборилади.
15. Талабгор давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Талабгор давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади.
3-боб. Субсидия олиш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш ва баҳолаш
16. Маҳаллий ҳокимлик сўровномада кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигини «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда, жумладан, нодавлат таълим ташкилотининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасини махсус электрон ахборот тизими ҳамда таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия ёки тасдиқномани «Лицензия» ахборот тизими орқали мустақил равишда текширади.
17. Талабгор томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг тўғри ва тўлиқ эканлиги текширилгандан сўнг сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар маҳаллий ҳокимлик томонидан бир иш кунида масъул ташкилотларга юборилади.
Масъул ташкилотлар ҳар чоракнинг биринчи ойи 20-санасига қадар мавжуд маълумотлар базаси орқали сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, электрон шаклда қуйидаги маълумотларни маҳаллий ҳокимликка тақдим этади:
Молия бошқармаси — нодавлат таълим ташкилотига ажратиладиган субсидиянинг миқдори;
Давлат солиқ бошқармаси — нодавлат таълим ташкилотининг бино ёки ўқув хоналари бўйича ижара шартномаси (кўчмас мулк ижараси асосида фаолият юритаётган нодавлат таълим ташкилотлари учун), педагог кадрлар ва таълим олувчилар билан тузилган шартномалар ҳамда ҳисобварағидаги маблағлар айланмаси даврийлиги ва миқдори;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг ҳудудий вакили — нодавлат таълим ташкилоти томонидан тақдим этилган бизнес-режанинг мақсадга мувофиқлиги.
18. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари (Тошкент вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари)га бўйсунувчи тегишли таркибий бўлинмаси томонидан масъул ташкилотлар тақдим этган маълумотлар ҳар чоракнинг биринчи ойи сўнгги санасига қадар таҳлил қилиниб, мазкур Регламентга 3-иловада келтирилган баҳолаш мезонларига мувофиқ баҳоланади.
19. Талабгорлар масъул ташкилотлар томонидан тақдим этилган маълумотларни баҳолаш жараёнида бевосита ёки масофадан туриб (онлайн тарзда) иштирок этиши мумкин.
Маҳаллий ҳокимлик томонидан талабгорларга мурожаати кўриб чиқилишидан камида уч кун олдин электрон тарзда ёки бошқа алоқа воситаси орқали хабар берилади.
20. Субсидия олиш юзасидан берилган сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар маҳаллий ҳокимликка келиб тушган санасига кўра рўйхатга олинган кетма-кетликка мувофиқ кўриб чиқилади.
Масъул ташкилотларнинг маълумотлари асосида ошкоралик ва холисликни таъминлаган ҳолда баҳолаш жараёни видеотасвирга туширилади ҳамда видеотасвир маҳаллий ҳокимликда уч йил сақланади.
21. Баҳолаш натижаларига кўра вилоят ҳокимининг (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг) нодавлат таълим ташкилотига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш ёки субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида қарори қабул қилинади.
Маҳаллий ҳокимликнинг субсидия ажратиш ёки субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги қарорларининг электрон реестри юритилади. Реестрга субсидия берилган ёки берилмаган нодавлат таълим ташкилотининг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми, юридик манзили, субсидия беришга асос бўлган маҳаллий ҳокимлик қарори рақами ва санаси, берилган субсидия миқдори ёки субсидия беришни рад этиш сабаблари тўғрисидаги маълумотлар киритилади.
22. Нодавлат таълим ташкилотига субсидия ажратиш қуйидаги ҳолларда рад этилади:
талабгор томонидан нотўғри расмийлаштирилган ҳужжатлар тақдим этилганда, сохта маълумотлар мавжуд бўлганда, шу жумладан, тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаганлиги аниқланса;
сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларда нотўғри ва бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлса ёки тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар баҳолаш мезонларига мос келмаса;
баҳолаш натижаларига кўра субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинса;
илгари субсидия олган нодавлат таълим ташкилоти томонидан такрорий мурожаат қилинса.
Мазкур бандда кўрсатилмаган бошқа асослар бўйича субсидия ажратишни рад этишга йўл қўйилмайди.
23. Субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги қарор рад этишнинг сабаблари кўрсатилиб, QR-код қўйилган электрон ҳужжат шаклида расмийлаштирилган ҳолда бир иш кунида ЯИДХП орқали талабгорга юборилади.
24. Баҳолаш натижасида тўпланган баллар кетма-кетлигига қатъий амал қилган ҳолда талабгорларга субсидия ажратилади.
Икки ёки ундан ортиқ талабгорларнинг баллари тенг бўлиб қолганда, календарь тартибида ЯИДХП орқали олдин мурожаат қилган талабгорга берилади.
Нодавлат таълим ташкилотларининг тўплаган балларига кўра мазкур Регламентга 4-иловада белгиланган миқдорларда субсидия ажратилади.
25. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ёки вилоят ҳокимининг субсидия бериш тўғрисидаги қарори асосида ҳар чоракнинг иккинчи ойи 10-санасига қадар мазкур Регламентга 5-иловада келтирилган шаклга мувофиқ буюртманома тасдиқланади ҳамда электрон ҳужжат шаклида QR-код қўйилган ҳолда, идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали Молия вазирлиги Ғазначилигининг тегишли ҳудудий бошқармаларига (кейинги ўринларда — Ғазначилик бошқармалари) юборилади.
26. Ғазначилик бошқармалари томонидан маҳаллий ҳокимликларнинг буюртманомалари асосида субсидия ажратилади ҳамда ҳар чоракнинг иккинчи ойи 15-санасига қадар буюртманомада кўрсатилган миқдорда нодавлат таълим ташкилотларининг ҳисобварақларига ўтказиб берилади.
27. ЯИДХП орқали белгиланган тартибда мурожаат қилган ва субсидия бериш рад этилмаган талабгорлар маҳаллий бюджетда жорий чоракка субсидия ажратиш учун маблағлар етарли бўлмаганлиги сабабли субсидия олиш имкониятига эга бўлмаган тақдирда, кейинги чоракда субсидия олувчилар рўйхатига автоматик равишда киритилади.
4-боб. Ажратилган субсидиянинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш
28. Молия вазирлигининг тегишли ҳудудий бошқармалари маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда нодавлат таълим ташкилотларига берилган субсидияларнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритади.
29. Нодавлат таълим ташкилотларига субсидия ажратиш бўйича ҳар чораклик ҳисобот маҳаллий ҳокимликлар томонидан календарь йилнинг ҳар чорагидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар Молия вазирлигига киритиб борилади.
30. Маҳаллий ҳокимликлар нодавлат таълим ташкилотларига субсидия ажратиш жараёнида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини ҳамда субсидия ажратишга доир ҳисоботлар ҳақидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтида жойлаштириб боради.
Олдинги таҳрирга қаранг.
31. Нодавлат таълим ташкилотларига ажратилган субсидиянинг сарфланиши устидан назорат Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади.
(31-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги 135-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)
Субсидиядан мақсадсиз фойдаланилган ҳолатлар аниқланган тақдирда, нодавлат таълим ташкилотларига нисбатан молиявий санкциялар қўллаш ҳамда субсидияни суд тартибида ундириш чоралари кўрилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
32. Маҳаллий ҳокимликлар ва масъул ташкилотлар ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган нодавлат таълим ташкилоти тўғрисидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлайди.
33. Ушбу Регламентни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.
34. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.
Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига
1-ИЛОВА
Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига бир марталик субсидия ажратиш
СХЕМАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар

1-босқич

Нодавлат таълим ташкилоти (талабгор)

1. Субсидия олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП)да рўйхатдан ўтади ва сўровномани тўлдиради.

1. Ҳар чорак биринчи ойининг 10-санасига қадар

2. Сўровномани тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки вилоят ҳокимлигига юборади.

2. Автоматик тарзда

2-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари (маҳаллий ҳокимликлар)

1. Сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг тўғри ва тўлиқ тўлдирилганлигини текширади.

Бир иш кунида

2. Сўровнома тўғри тўлдирилган ва ҳужжатлар тўлиқ илова қилинганда, ЯИДХП орқали талабгорга ҳужжатлар қабул қилинганлиги тўғрисида хабарнома юборади.

Бир иш кунида

3. Ҳужжатларда камчиликлар аниқланганда, бу ҳақда талабгорга ЯИДХП орқали хабарнома юбориб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан тушунтириш беради.

Бир иш кунида

3-босқич

Маҳаллий ҳокимликлар

Сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни масъул ташкилотларга юборади.

Бир иш кунида

4-босқич

Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг ҳудудий вакили, Давлат солиқ бошқармаси, Молия бошқармаси

Мавжуд маълумотлар базаси орқали сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўрганади ҳамда тегишли маълумотларни маҳаллий ҳокимликларга тақдим этади.

Ҳар чорак биринчи ойининг 20-санасига қадар

5-босқич

Маҳаллий ҳокимликлар

1. Талабгорларга баҳолаш жараёни ўтказилиши ҳақида электрон тарзда ёки бошқа алоқа воситаси орқали хабар беради.

Баҳолаш жараёнидан уч кун олдин

2. Талабгорларни баҳолайди ва уларнинг натижаларига кўра субсидия ажратиш ёки субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ҳар чорак биринчи ойининг сўнгги санасига қадар

3. Субсидия ажратишни рад этиш ҳақидаги қарорни рад этишнинг сабабларини кўрсатиб, ЯИДХП орқали талабгорга юборади.

Бир иш кунида

6-босқич

Маҳаллий ҳокимликлар

Баҳолаш натижалари асосида субсидия ажратиш бўйича буюртманомани тасдиқлаб (электрон ҳужжат шаклида QR-код орқали), Молия вазирлиги Ғазначилигининг ҳудудий бошқармасига юборади.

Ҳар чорак иккинчи ойининг 10-санасига қадар

7-босқич

Молия вазирлиги Ғазначилигининг ҳудудий бошқармалари

Буюртманомада кўрсатилган миқдордаги субсидияни ажратади ва нодавлат таълим ташкилотларининг ҳисобварақларига ўтказади.

Ҳар чорак иккинчи ойининг 15-санасига қадар

8-босқич

Маҳаллий ҳокимликлар

Нодавлат таълим ташкилотларига субсидия ажратиш бўйича ҳар чораклик ҳисоботни Молия вазирлигига киритиб боради.

Ҳар чорак кейинги ойнинг 25-санасига қадар

9-босқич

Давлат молиявий назорати инспекцияси

Нодавлат таълим ташкилотларига ажратилган субсидиянинг сарфланишини назорат қилади.

Мунтазам равишда

(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги 135-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)
Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига
2-ИЛОВА

СЎРОВНОМА

_________________

_________________

(сана)

(рақам)

I. Нодавлат таълим ташкилоти тўғрисида маълумот:

1. Юридик шахснинг тўлиқ номи:

2. Давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома рақами:

3. Ташкилий-ҳуқуқий шакли:

4. Таълим фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия ёки хабардор қилиш тартибида фаолият юритиши учун берилган тасдиқнома рақами:

5. Жойлашган жойи (почта манзили):

6. Хизмат кўрсатаётган банк номи:

7. Асосий фаолият тури:

8. Банкдаги ҳисобварағи:

9. СТИР:

10. МФО:

11. Телефон рақами:

12. Электрон почта манзили (агар мавжуд бўлса):

13. Юридик шахснинг раҳбари ёки ишончли вакили Ф.И.О. ва ЖШШИР маълумотлари:

14. Телефон рақами:

II. Сўровномага илова:

Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига бир марталик субсидия ажратиш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг электрон шакли:

Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига
3-ИЛОВА
Нодавлат таълим ташкилотига бир марталик субсидия бериш учун
БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ

Т/р

Кўрсаткичлар

Балл

1.

Нодавлат таълим ташкилотига шартнома асосида жалб этилган педагог кадрлар сони*

6 балл

10 нафар ва ундан кўп бўлса

6 балл

7 — 9 нафар бўлса

5 балл

4 — 6 нафар бўлса

4 балл

1 — 3 нафар бўлса

3 балл

2.

Нодавлат таълим ташкилотидаги хорижий тилни билиш даражасини тасдиқловчи миллий сертификат ёки халқаро тан олинган сертификатларга эга бўлган педагог кадрлар сони

6 балл

3 нафар ва ундан кўп бўлса

6 балл

2 нафар бўлса

4 балл

1 нафар бўлса

2 балл

3.

Нодавлат таълим ташкилотида ўқитиладиган хорижий тилларнинг сони**

6 балл

3 та ва ундан кўп хорижий тил ўқитилса

6 балл

2 та хорижий тил ўқитилса

4 балл

1 та хорижий тил ўқитилса

2 балл

4.

Нодавлат таълим ташкилотининг фаолият кўрсатиш даврийлиги*

4 балл

ташкил этилганига 6 ойдан ошмаган бўлса

4 балл

ташкил этилганига 6 ойдан 1 йилгача муддат ўтган бўлса

3 балл

ташкил этилганига 1 йилдан ошган бўлса

2 балл

5.

Бино ва ўқув хоналарининг мулкий ҳамда бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида тегишлилиги*

4 балл

ижара шартномаси асосида фаолият юритаётган бўлса

4 балл

мулкдан текин фойдаланиш шартномаси асосида фаолият юритаётган бўлса

3 балл

ўзига тегишли бинода фаолият юритаётган бўлса

2 балл

6.

Нодавлат таълим ташкилоти томонидан тақдим этилган бизнес-режанинг мақсадга мувофиқлиги***

9 балл

«аъло» деб баҳоланса

9 балл

«яхши» деб баҳоланса

6 балл

«қониқарли» деб баҳоланса

3 балл

Жами

35 балл

Изоҳ. Нодавлат таълим ташкилотига оид маълумотларни ўрганиш жараёнида мазкур баҳолаш мезонларида белгиланган кўрсаткичларга мос келадиган маълумотлар аниқланмаса балл берилмайди.
* Кўрсаткичлар Давлат солиқ бошқармаси томонидан тасдиқланади.
** Кўрсаткичлар «Лицензия » ахборот тизимидаги маълумотлар асосида тасдиқланади.
*** Кўрсаткичлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг ҳудудий вакили томонидан тасдиқланади.
Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига
4-ИЛОВА
Нодавлат таълим ташкилотига тўплаган балига кўра ажратиладиган субсидия
МИҚДОРЛАРИ

Т/р

Тўпланадиган балл

Субсидиянинг ажратиладиган миқдори

1.

26 ва ундан юқори балл учун

50 млн сўм

2.

21 — 25 балл учун

45 млн сўм

3.

16 — 20 балл учун

40 млн сўм

4.

11 — 15 балл учун

35 млн сўм

5.

6 — 10 балл учун

30 млн сўм

6.

2 — 5 балл учун

25 млн сўм

Қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун нодавлат таълим ташкилотларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан бир марталик субсидия ажратиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига
5-ИЛОВА
Нодавлат таълим ташкилотларига субсидия ажратиш юзасидан
БУЮРТМАНОМА

Т/р

Нодавлат таълим ташкилоти номи

Нодавлат таълим ташкилотининг юридик манзили

Нодавлат таълим ташкилотининг банк реквизитлари

Субсидия ажратишга асос бўлган қарор санаси ва рақами

Субсидия миқдори

1.

2.

3.

Ҳокимнинг (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг) молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари (Тошкент вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари)

QR-код

_______________________

(Ф.И.О.)

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.09.2022 й., 09/22/513/0835-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)