toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг бюджетдан ташқари Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
(қарор номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Спортни ривожлантириш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2022 йил 18 февралдаги ПҚ-136-сон қарори ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Спортни ривожлантириш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2022 йил 18 февралдаги ПҚ-136-сон қарорига мувофиқ:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Спорт вазирлигининг бюджетдан ташқари Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилганлиги (кейинги ўринларда — Жамғарма) ҳамда унинг маблағларини шакллантириш манбалари белгиланганлиги;
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Жамғарма маблағлари Спорт вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, тизим ташкилотлари ходимларини қўшимча рағбатлантиришга, моддий-техник базани мустаҳкамлашга, соҳани рақамлаштиришга ҳамда спортни ривожлантириш билан боғлиқ бўлган бошқа тадбирларга йўналтирилиши назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
(1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг бюджетдан ташқари Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
(2-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)
Жамғарманинг мақоми, жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари, унга тушган маблағларни вазирлик томонидан очиладиган шахсий ғазна ҳисобварақлари ва хорижий валютадаги банк ҳисобварақларида жамлаш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Жамғарма маблағларидан ҳар йили вазирлик томонидан тасдиқланадиган, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган даромадлар ва харажатлар сметасига қатъий мувофиқ равишда фойдаланиш йўналишлари ва тартиби;
(2-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)
Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш.
3. Спортни ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси спорт вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 2 август,
422-сон
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 422-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг бюджетдан ташқари Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлигининг бюджетдан ташқари Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида жамғарма учун очилган Спорт вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) ҳамда унинг тизимидаги бюджет ташкилотларининг шахсий ғазна ҳисобварағида, шу жумладан, хорижий валютадаги шахсий ғазна ҳисобварақларида жамланади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари
3. Жамғарма қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:
муассиси Вазирлик ҳисобланган ташкилотлар (кейинги ўринларда — тизим ташкилотлари) ихтиёрида солиқлар ва йиғимлар тўланганидан кейин қоладиган соф фойданинг бир қисми;
хусусийлаштириш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ давлат мулки объектларини реализация қилишдан тушадиган тегишли маблағлар;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонунининг 33-моддаси.
тизимдаги ташкилотларнинг мол-мулкини (бундан кўчмас мулк мустасно) сотишдан тушган маблағларнинг 50 фоизи;
тизимдаги ташкилотларнинг мол-мулкини ижарага беришдан тушган бюджетга йўналтирилаётган маблағларнинг 50 фоизи;
тизимдаги ташкилотлар фаолиятини текшириш натижалари бўйича Вазирликнинг ички аудит хизматлари томонидан аниқланган Давлат бюджети маблағларининг, шунингдек, талон-торож, растраталар, камомадлар суммаларининг 50 фоизи;
тизимдаги ташкилотлар фаолиятини текшириш натижалари бўйича Вазирликнинг ички аудит хизматлари томонидан аниқланган ҳамда давлат мақсадли жамғармалари ва бюджетдан ташқари жамғармалар даромадига ундирилган ноқонуний сарфланган бюджет маблағлари, талон-торож, растраталар, камомадлар суммалари;
тизимдаги ташкилотларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушадиган маблағларнинг 10 фоизи;
Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
спорт соҳасидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишдан тушадиган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
4. Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасига давлат активларини сотишдан тушадиган маблағларнинг 3 фоизи (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорлари асосида сотиладиган давлат мулки объектларини сотишдан ҳамда ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар бундан мустасно) Жамғармага йўналтирилади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги ушбу маблағларни ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг ўн бешинчи санасига қадар Жамғармага ўтказиб боради. Бунда тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, тадбиркорлар учун ташкил этиладиган ўқув курсларини мақсадли молиялаштириш мақсадида Савдо-саноат палатаси Раёсати томонидан белгиланган, бироқ тушумнинг (Жамғармага тушадиган 3 фоиз қисмидан) 10 фоизидан ошмаган миқдори Савдо-саноат палатасига мақсадли йўналтирилади.
Вазирлик ва Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳар чоракда Жамғармага Низомнинг ушбу бандига мувофиқ тушадиган тушумлар бўйича ҳисоботларни тўғри юритилишини таъминлаш мақсадида солиштирма-далолатнома тузадилар.
3-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш
5. Жамғарма маблағларидан ҳар йили Вазирлик томонидан тасдиқланадиган ва Иқтисодиёт ва молия вазирлигида рўйхатдан ўтказиладиган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ фойдаланилади.
6. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
спорт соҳасини ривожлантириш дастурлари харажатларини молиялаштиришга;
Вазирлик, унинг тизимидаги ташкилотлар бино ва иншоотларини қуриш ва таъмирлашга, шунингдек, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга (мебель, оргтехника, автотранспорт воситаларини харид қилиш ва бошқалар) ҳамда жорий сақлаш харажатларига;
янги спорт иншоотларини қуриш ва фойдаланишга топширишга;
спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга;
вакиллик харажатлари ва совғалар харид қилишга;
Вазирликка қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар асосида ишлаш учун мутахассисларни, шу жумладан, хорижий экспертларни ва хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни шартномалар орқали жалб этишга;
спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан, Вазирлик марказий аппарати ҳамда тизимдаги ташкилотлар ходимларининг соҳавий хорижий ўқув марказларида ва таълим ташкилотларида стажировкадан ўтишга, конференция, семинар ва бошқа тадбирларда иштирок этишига;
спорт соҳасига доир рақамлаштириш тизимини юритиш ва уни техник жиҳатдан қўллаб-қувватлашга;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлик марказий аппарати ҳамда унинг тизимидаги бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга (мукофотлар тўлаш, маошларга устамалар белгилаш, моддий ёрдам кўрсатиш ва бошқалар), бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ҳисобланган ва тўланган ўртача иш ҳақига қўшилган ва ижтимоий суғурта бадаллари (ижтимоий солиқ) ҳисобланган, меҳнат таътили ва фойдаланилмаган таътил учун компенсация, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ҳамда бошқа тўловларга;
(6-банднинг ўнинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 апрелдаги 275-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.04.2025 й., 09/25/275/0394-сон)
Вазирлик томонидан ўз тизимида ташкил этиладиган давлат муассасаларини сақлаш харажатлари, тизимидаги ташкилотларнинг устав фондини шакллантириш ҳамда тўғридан-тўғри тузиладиган шартномалар асосида уларнинг уставларига мувофиқ улар томонидан бажариладиган (кўрсатиладиган) ишлар (хизматлар) учун тўловларни амалга оширишга;
Вазирлик ва унинг тизимидаги бюджет ташкилотларига авиачипталар харид қилиш, хизмат сафарлари харажатларини қоплаш, аъзолик бадалларини тўлаш, хорижий адабиётлар харид қилиш ва қонунчиликда назарда тутилган хорижий валютадаги бошқа харажатларга ҳақ тўлаш учун хорижий валютада маблағлар ажратишга;
нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш, улар фаолиятини рағбатлантириш, спорт соҳасидаги лойиҳаларга грантлар ажратиш, шунингдек, спорт федерация (ассоциация)ларининг халқаро ташкилотларга аъзолик бадалларини спорт вазирининг (кейинги ўринларда — Вазир) буйруғи билан тўлаб беришга;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирликка юклатилган вазифаларни амалга оширишга маҳаллий ва хорижий илмий муассасалар, олим ва мутахассисларни, илмий-тадқиқот ташкилотлари, олий таълим муассасалари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахсларни белгиланган тартибда шартнома асосида жалб қилишга;
(6-банднинг ўн тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 декабрдаги ПҚ-455-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2024 й., 07/24/455/1092-сон. Кучга кириш санаси — 2025 йил 1 январь)
Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши фаолиятини молиялаштиришга;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари асосида харажатларни молиялаштириш (қоплаш), шунингдек, Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрадиган хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар делегацияларининг ташрифларини ташкил этиш ва молиялаштиришга;
юқори натижага эришган спортчилар ва уларнинг тренерларини қўшимча рағбатлантириш мақсадида эсдалик совғалари харид қилиш, пул кўринишида мукофотлар тўлашга;
Вазирлик тизимидаги таълим муассасаларининг иқтидорли, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож, чин етим ва ногиронлиги бўлган талабалари (ўқувчилари)ни қўллаб-қувватлаш мақсадида стипендиялар тўлашга (стипендиялар миқдори Вазир буйруғига асосан белгиланади);
Вазирликнинг касаба уюшмасига жамоа шартномасида (келишувида) белгиланган мақсадлар ва миқдорларда маблағлар ўтказишга.
Вазирлик ва унинг тизимидаги бюджет ташкилотларининг вазифалари ва фаолиятининг асосий йўналишларини амалга оширишга қаратилган бошқа харажатларни молиялаштиришга.
7. Вазирлик марказий аппаратининг шахсий ғазна ҳисобварағидан зарур ҳолларда, унинг тизимидаги бюджет ташкилотларининг шахсий ғазна ҳисобварағига мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган харажатларни амалга ошириш учун мақсадли маблағлар ўтказиб берилади.
8. Вазирлик томонидан, истисно тариқасида, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат ижтимоий буюртмаси шаклида маблағ ажратишда маблағларнинг 50 фоизигача қисми олдиндан аванс тариқасида, қолган қисми эса — аванс маблағларининг ўзлаштирилишига қараб ажратилиши мумкин.
4-боб. Жамғарма маблағларини ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтириш
9. Жамғарма маблағлари ҳисобидан Вазирлик ҳамда унинг тизимидаги бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш Жамғарма молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
кўп йиллик ишлаганлик учун қўшимча ҳақ ва устамалар тўлаш;
қонунчиликда белгиланган байрам кунларда ва бошқа муҳим саналарда бир марталик пул мукофоти билан мукофотлаш;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддаси ва 15-боби (Меҳнатга ҳақ тўлаш).
лавозим маошларига ҳар ойлик белгиланадиган шахсий устама тўлаш;
ишда муваффақиятларга эришганлиги ва муҳим топшириқларни бажарганлиги учун алоҳида ходимларни мукофотлаш;
овқат пули учун тўлов;
йўл кира харажатлари учун тўлов;
моддий ёрдам кўрсатиш.
10. Вазирлик марказий аппарати ходимларига Жамғарма ҳисобидан, қуйидаги миқдорда кўп йиллик ишлаганлик учун ҳар ойлик устама тўланади (устама ва рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда):
1 йилдан 3 йилгача — 0,3;
3 йилдан 5 йилгача — 0,6;
5 йилдан 10 йилгача — 0,8;
10 йилдан 15 йилгача — 1,0;
15 йилдан 20 йилгача — 1,2;
20 йилдан юқори — 1,5.
Бунда кўп йиллик ишлаганлик учун ҳар ойлик устама тўловлари коэффициентини ҳисоблашда Вазирлик марказий аппарати ходимларининг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар (якка тадбиркор ва ўзини ўзи банд қилиб ишлаган давридан ташқари), барча ташкилотлардаги расмий меҳнат фаолияти даври ҳисобга олинади.
11. Вазирлик ҳамда унинг тизимидаги бюджет ташкилотлари ходимлари қуйидаги байрамлар ва муҳим саналар муносабати билан мукофотланади.
1 январь — Янги йил;
8 март — Халқаро хотин-қизлар куни;
21 март — Наврўз байрами;
9 май — Хотира ва қадрлаш куни;
Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр);
Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа);
1 сентябрь — Мустақиллик куни;
1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни;
8 декабрь — Конституция куни.
Бунда ходимларга бериладиган мукофот миқдори Вазир томонидан белгиланади.
12. Вазирлик марказий аппарати ходимларига Жамғарма ҳисобидан қуйидаги устама ва рағбатлантириш чоралари белгиланади:
ташаббускорлик ва меҳнат натижалари бўйича ҳар ойда шахсий устама тўловлари лавозим маошининг (устама ва рағбатлантириш коэффициенти ҳамда кўп йиллик ишлаганлик учун устамани ҳисобга олган ҳолда) — икки юз эллик фоизигача бўлган миқдорда;
хизмат вазифаларини сидқидилдан бажарганлиги, ижро интизомига риоя этилганлиги, ўз хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш мотивацияси ва хизмат вазифаларини самарали бажариш тизимини жорий этганлиги ҳамда моддий жавобгарлиги юқори бўлган ходимларга ҳар чоракда лавозим маошининг (устама ва рағбатлантириш коэффициенти ҳамда кўп йиллик ишлаганлик учун устамани ҳисобга олган ҳолда) — икки юз фоизигача бўлган миқдорда.
Мазкур бандда назарда тутилган устамалар ходим ишга кирган ойнинг кейинги ойидан бошлаб қўлланилади.
13. Вазирлик ҳамда унинг тизимидаги бюджет ташкилотлари ходимлари алоҳида муваффақиятларга эришганлиги ва муҳим топшириқларни бажарганлиги учун чорак якунлари бўйича лавозим маошининг (устама ва рағбатлантириш коэффициенти ҳамда кўп йиллик ишлаганлик учун устамани ҳисобга олган ҳолда) икки юз фоизигача миқдорда мукофотланади.
Устама ва рағбатлантириш чоралари жорий қилинадиган ходимлар тоифаси, тартиби ва уларга бериладиган устама ва рағбатлантириш миқдори Вазир томонидан белгиланади.
14. Вазирлик ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида уларга ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача миқдорда овқат пули ҳамда йўл кира харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача миқдорда йўл кира пули берилади.
15. Вазирлик марказий аппарати ходимларига Вазирлик касаба уюшмасининг илтимосномасига биноан қуйидаги шароитлар ва миқдорларда моддий ёрдам кўрсатилади:
а) ходимнинг юбилей саналари (50, 55, 60, 65, 70) муносабати билан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари;
б) ходимнинг ўзи оила қурганда ёки фарзандининг тўйи муносабати билан (никоҳ гувоҳномасига асосан, фақат биринчи никоҳ учун) базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари;
в) ходим вафот этганда, унинг турмуш ўртоғи ёки қонуний вакилига базавий ҳисоблаш миқдорининг юз баравари;
г) Оила кодексига мувофиқ ходимнинг яқин қариндошлари (ота-онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандлари) вафот этганда (ўлим тўғрисидаги гувоҳномага асосан) базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари;
д) алоҳида эҳтиёж туғилганда (бахтсиз ҳодиса, авария, узоқ муддатли касаллик сабабли махсус даволаниш ва соғлиқни қайта тиклашга, шунингдек, оиладаги оғир моддий аҳвол ва бошқа ҳолатлар) базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари;
е) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун йилда бир марта (қоида тариқасида куз ойларида) базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида.
16. Соҳа ривожланишида алоҳида хизмат кўрсатган ходимларга меҳнат таътили даврида оиласи (турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандлари) билан санаторий-курорт зоналарида дам олиши билан боғлиқ харажатлари қоплаб берилиши мумкин.
Бунда ушбу харажатларнинг қоплаб бериладиган қисми базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ошмаслиги лозим.
5-боб. Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши юзасидан ҳисобот ва назорат
17. Жамғарма маблағларининг ҳисоб ва ҳисоботи Вазирлик томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ юритилади.
18. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш Вазирликнинг Ички аудит ва назорат бошқармасига юкланади.
19. Вазирлик белгиланган тартибда Жамғармага маблағлар тушиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши тўғрисида Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ҳисобот тақдим этади.
20. Жамғарманинг ҳисобот йилида фойдаланилмаган маблағлари олиб қўйилмайди ва кейинчалик ушбу Низомда назарда тутилган тартибда фойдаланиш учун миллий ва хорижий валютада жамғариб бориладиган ғазначилик шахсий ғазна ҳисобварақларида қолади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
21. Ушбу Низомнинг талабларига риоя этилиши қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ назорат қилинади.
22. Ушбу Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
(илованинг матни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 майдаги 272-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон)
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.08.2022 й., 09/22/422/0698-сон; 10.05.2024 й., 09/24/272/0337-сон; 30.12.2024 й., 07/24/455/1092-сон; 30.04.2025 й., 09/25/275/0394-сон)