toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида
Маданият ва санъат соҳасига, халқимизнинг бой маданий меросига берилаётган эътибор натижасида мамлакатимизда Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш йўлга қўйилди. Ушбу фестиваль 2019 йилда Термиз шаҳрида, 2021 йилда Нукус шаҳрида нуфузли халқаро ташкилотлар ва меҳмонлар иштирокида юқори савияда ўтказилди.
ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитаси XVI сессияси (2021 йил, Париж шаҳри) доирасида Бахшичилик санъати Ўзбекистоннинг номоддий маданий мероси элементи сифатида Инсоният номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилди.
Халқимизнинг ўзига хос фольклор санъатини қўллаб-қувватлашни давом эттириш, шу жумладан, халқ достонлари, ҳунармандчилиги, миллий либослари ва халқ ўйинлари, қадимий урф-одатларини сақлаб қолиш ҳамда уларни кенг тарғиб қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлигининг 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта апрель ойида Бойсун туманида «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалини (кейинги ўринларда — Фестиваль) ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги 278-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.05.2022 й., 09/22/278/0439-сон)
2. «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда — Ташкилий қўмита) тузилсин ҳамда унинг таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ташкилий қўмита:
манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2022 йилда Фестивални ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича барча ташкилий ва ижодий ишларни мувофиқлаштирсин;
Фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 мартига қадар унга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметасини шакллантирсин ҳамда тасдиқласин;
Фестиваль ўтказиладиган йилнинг 1 мартига қадар совриндорларга топшириладиган диплом, сертификат, статуэтка намуналарини тасдиқласин;
Фестивални замонавий технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда юқори бадиий савияда ўтказиш ишларини амалга оширсин.
4. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги:
бир ой муддатда Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқлаб, унда белгиланган вазифалар ижросини таъминласин;
Бойсун туманида кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширсин, Фестиваль ўтказиладиган жойларни талаб даражасида тайёрласин;
Фестиваль иштирокчилари учун маданий дастурлар ҳамда Сурхондарё вилоятининг диққатга сазовор жойларига саёҳатларни ташкил этсин;
Маданият вазирлиги билан биргаликда Фестиваль ўтказиладиган йилнинг 10 февралига қадар тажрибали режиссёр, таниқли санъаткор, продюсер, композитор, шоир ва соҳанинг бошқа малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда Фестивалнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари сценарийси ҳамда бадиий дастурларини тайёрласин;
«Ҳунарманд» уюшмаси билан биргаликда Фестиваль доирасида миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари кўргазмаларини, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ва уларнинг сотувини ташкил этсин;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан биргаликда Фестиваль ўтказиладиган йилнинг 10 февралига қадар туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари орасида Фестивални кенг тарғиб қилиш ҳамда у ҳақидаги маълумотларни Интернет жаҳон ахборот тармоғи, ижтимоий тармоқлар ва бошқа оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш чораларини кўрсин.
(4-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги 278-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.05.2022 й., 09/22/278/0439-сон)
5. Белгилансинки, Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Маданият вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳамда Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган смета асосида қуйидаги тартибда:
30 фоизи — республика бюджетидан Маданият вазирлигига маданий тадбирлар учун ҳар йили ажратиладиган маблағлар ҳисобига;
70 фоизи — Сурхондарё вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига қопланади.
6. Қуйидагиларни назарда тутувчи «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Фестивални Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Маданият вазирлиги томонидан ташкил этиш ва ўтказиш тартиби;
Фестивални ўтказиш тартиби ва шартлари, шу жумладан, унда фольклор жамоалари (фольклор санъати бўйича 12 нафардан, миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати йўналишида 4 нафардан ошмаган ҳолда) томонидан ўз дастурларини намойиш этиш талаблари;
Фестиваль иштирокчиларини 9 — 11 нафар етакчи мутахассислардан иборат таркибда тузиладиган Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир аъзоси томонидан алоҳида тарзда 10 баллик тизим бўйича баҳолаш ва ғолибларни аниқлаш мезонлари;
Фестивални ташкил этиш ва ўтказишни молиялаштириш тартиби ҳамда молиялаштириш манбалари.
7. Маданият вазирлиги 2022 йил якунига қадар:
Бахшичилик санъатини келажак авлодга муносиб етказиш мақсадида соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда ушбу санъатнинг илмий асосланган тарихи, ривожланиш босқичлари ҳақида китоб-альбом;
Кинематография агентлиги билан биргаликда Ўзбекистон ҳудудида бахшичиликнинг ривожланиш тарихини акс эттирувчи махсус фильм яратилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Фестивални кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — туризм ва спорт вазири А.А. Абдухакимов, Сурхондарё вилояти ҳокими Т.А. Боболов ва Ўзбекистон Республикаси маданият вазири О.А. Назарбеков зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 7 февраль,
59-сон

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 февралдаги 59-сон қарорига

1-ИЛОВА

«Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита
ТАРКИБИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

1.

А. Абдухакимов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири, Ташкилий қўмита раиси

2.

Т. Боболов

Сурхондарё вилояти ҳокими, Ташкилий қўмита раисининг ўринбосари

3.

О. Назарбеков

маданият вазири, Ташкилий қўмита раисининг ўринбосари

4.

Ғ. Фозилов

ташқи ишлар вазирининг ўринбосари

5.

А. Нуридинов

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси

6.

М. Ходжиматов

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари

7.

С. Саидов

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси

8.

У. Абдуллаев

Республика «Ҳунарманд» уюшмаси раиси

9.

А. Хаджаев

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси

10.

А. Каримов

Халқаро «Олтин мерос» жамғармаси раиси

11.

Ж. Тўраев

Сурхондарё вилояти ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари

12.

Қ. Амонқулов

Сурхондарё вилояти маданият бошқармаси бошлиғи, Ташкилий қўмита котиби

Изоҳ. Ташкилий қўмита аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади.
(1-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги 278-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.05.2022 й., 09/22/278/0439-сон)

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 февралдаги 59-сон қарорига

2-ИЛОВА

«Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивали (кейинги ўринларда — Фестиваль)ни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Фестиваль 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта апрель ойида Бойсун туманида ўтказилади.
Бунда унинг аниқ муддати «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда — Ташкилий қўмита) томонидан Фестиваль бошланишидан 30 кун олдин оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
3. Фестиваль Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Маданият вазирлиги (кейинги ўринларда — ташкилотчилар) томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.
4. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш Ташкилий қўмита томонидан мувофиқлаштирилади.
2-боб. Фестивалнинг асосий вазифалари
5. Фестивалнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
ўзбек халқининг ўзига хос фольклор санъатини, шу жумладан, оғзаки шеърий ижодиёт, халқ достонлари, ҳунармандчилик, миллий либослар ва халқ ўйинлари, қадимий урф-одатларни сақлаб қолиш ҳамда уларни кенг тарғиб этиш;
хорижий давлатлар билан ҳамкорликда миллий маданиятлар уйғунлиги ва турфа хиллигини сақлаш ва ривожлантириш, номоддий маданий мероснинг энг яхши намуналарини муҳофаза қилиш ва ривожлантириш;
миллий анъаналарни асраб-авайлаш, ёшларда фольклор санъатига бўлган қизиқишни ошириш;
ўзбек халқининг маданиятини, хусусан, бетакрор фольклор санъатини, шу жумладан, Фестиваль доирасида ҳунармандчилик кўргазмалари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадриятлар ва анъаналарни кенг тарғиб этиш;
турли миллат вакилларини маънавий мулоқотга жалб этиш, миллий анъаналар асосида халқаро маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маданий туризмни ривожлантириш.
3-боб. Фестивални ўтказиш тартиби ва шартлари
6. Фестиваль ижро дастури асосида мазкур Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ ўтказилади.
7. Ташкилотчилар томонидан Фестивалнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати (кейинги ўринларда — дастур ва асарлар рўйхати) тасдиқланади ҳамда Фестивални ўтказишнинг аниқ муддати билан бирга Фестиваль бошланишидан уч ой олдин оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
8. Маданият вазирлиги дастур ва асарлар рўйхатини улар тасдиқлангандан кейин беш кун муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига етказади.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси дастур ва асарлар рўйхатини улар олингандан кейин уч кун муддатда фольклор ижрочилари ва жамоаларига етказади.
10. Ҳар бир иштирокчи Фестиваль ўтказилишидан 30 кун олдин Ташкилий қўмитага қуйидагиларни тақдим этади:
иштирокчининг маълумотномаси;
ижро дастури ва матни;
аудио ва видео диск.
11. Фестивалда:
якка ижрочилар, фольклор санъати бўйича 12 нафардан, миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати йўналишида 4 нафардан ошмаган таркибда ижодий жамоалар чиқишлари намойиш этилади;
ижро асарлари чиройли ва мазмунли чиқиши учун рақслардан ҳам фойдаланиш (бунда рақслар Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланмайди) мумкин;
барча ижро этиладиган асарлар ёддан ижро этилади.
12. Фестиваль қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:
фольклор санъати (алла, ўлан, лапар, рақс, терма, маросим қўшиқлари ва ҳоказо);
миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати.
13. Фестивалга хорижий давлатлардан келадиган иштирокчилар ҳужжатлари ва материаллари тегишли давлатлардаги мутасадди ташкилотлар ва муассасалар томонидан Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналари орқали тақдим этилади.
14. Номинация бўйича ҳар бир иштирокчининг чиқиш дастурлари ижроси 15 дақиқадан ошмаслиги керак.
15. Фестивалда иштирок этишда фонограммадан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
16. Фестиваль доирасида илмий-ижодий конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари, сайиллар, концертлар, кўргазмалар ва бошқа тадбирлар ташкил этилади.
4-боб. Фестиваль иштирокчиларини баҳолаш ва ҳайъат фаолиятини ташкил этиш
17. Ташкилий қўмита томонидан 9 — 11 нафар аъзодан иборат Ҳакамлар ҳайъати таркиби ва Ҳайъат регламенти тасдиқланади.
Халқаро ҳайъат таркибига юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, амалиётчилар, шунингдек, иштирокчи давлатлардан тегишли соҳалар намояндалари киритилади.
18. Фестиваль иштирокчиларининг ижро маҳорати Ҳакамлар ҳайъатининг ҳар бир аъзоси томонидан алоҳида тарзда 10 баллик тизим бўйича баҳоланади ва ғолиблар аниқланади.
19. Баҳолаш жараёнида:
репертуарнинг бадиий қиймати (этнографик аниқлик ва асар қайта ишланиши ёки стилизациясидаги афзалликлар), материалда ҳудудий ўзига хосликларнинг акс этиши;
маҳорат савияси, халқ ижрочилиги усулларини эгаллаганлик даражаси;
оғзаки, мусиқий, ашулачилик ва рақс миллий анъаналари ижроси услублари ва йўлларининг мутаносиблиги;
безакнинг бадиий савияси (кийимлар, реквизит) ва унинг миллий анъаналарга мослиги, анъанавий мусиқа асбобларидан фойдаланиш;
декоратив-амалий ижод асарлари бадиий савияси асосий мезон ҳисобланади.
20. Иштирокчиларни баҳолашда Ҳакамлар ҳайъати мустақил ҳисобланади.
21. Танловнинг якуний натижалари Ҳакамлар ҳайъатининг қарори билан расмийлаштирилади.
22. Халқаро ҳайъатнинг қарорлари қатъий ва қайта кўриб чиқилмайди.
5-боб. Мукофотлаш тартиби
23. Фестиваль ғолиблари қуйидаги пул мукофотлари билан тақдирланадилар:
1-ўрин (ҳар бир номинация бўйича) — 3 500 АҚШ доллари;
2-ўрин (ҳар бир номинация бўйича) — 2 500 АҚШ доллари;
3-ўрин (ҳар бир номинация бўйича) — 1 500 АҚШ доллари.
24. Фестивалнинг ғолибларига Ташкилий қўмита томонидан дипломлар, совринлар ва Фестиваль рамзлари туширилган эсдалик совғалари топширилади.
Халқаро ҳайъат қарори билан энг яхши деб топилган иштирокчилар ҳар бир номинация бўйича биттадан Лауреат дипломлари билан тақдирланадилар.
Бундан ташқари, ҳар бир номинацияда биттадан 1, 2 ва 3-даражали дипломлар, Фестиваль иштирокчиси дипломлари ҳамда ҳар бир қатнашчига махсус диплом берилади.
25. Фестиваль ташкилотчилари, давлат ва нодавлат ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, корхоналар, муассасалар, жамғармалар, ижодий уюшмалар ва бошқа ташкилотлар иштирокчилар учун махсус мукофотлар, совринлар, эсдалик совғалари ва махсус мукофотлар таъсис этишлари мумкин.
6-боб. Фестивални ташкил этиш ва ўтказишни молиялаштириш
26. Ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг Сурхондарё вилоятига келиб-кетиши, меҳмонхона ва овқатланиши билан боғлиқ харажатлар Фестиваль сметаси доирасида қопланади.
27. Фестиваль иштирокчиларининг уни ўтказиш белгиланган ҳудудга келиб-кетиши, меҳмонхона ва овқатланиши билан боғлиқ харажатлар уларни Фестивалда иштирок этишга юборган ташкилот томонидан ўз маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
28. Хорижий меҳмонларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги алоҳида меҳмонхона ва транспорт харажатлари уларни таклиф этган мезбон ташкилот ва муассасалар ёки меҳмонларнинг ўзлари томонидан қопланади.
29. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Маданият вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳамда Ташкилий қўмита томонидан тасдиқланган смета асосида қуйидаги тартибда:
30 фоизи — Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан Маданият вазирлигига маданий тадбирлар учун ҳар йили ажратиладиган маблағлар ҳисобига;
70 фоизи — Сурхондарё вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига қопланади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
30. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ кўрикларда, танловларда совринли ўринлар учун бериладиган совринлар, пул мукофотларига солиқ солинмайди, шунингдек, ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
31. Давлат молиявий назорати инспекцияси Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилиши ва тўғри тўланишини назорат қилади.
(31-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги 135-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)

«Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга

ИЛОВА
«Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Амалга ошириладиган ишлар

Бажариш муддати

1-босқич

Ташкилотчилар

Фестивалнинг ижро дастури ва унда ижро этиладиган асарлар рўйхатини (кейинги ўринларда — рўйхат) тасдиқлайди

Фестиваль бошланишидан уч ой олдин

2-босқич

Ташкилий қўмита

Фестиваль ўтказиладиган аниқ муддатни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади

Фестиваль бошланишидан ўттиз кун олдин

3-босқич

Маданият вазирлиги

Рўйхатни Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига етказади

Фестивалнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати тасдиқлангандан сўнг беш кун муддатда

4-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси

Рўйхатни фольклор ижрочилари ва жамоаларига етказади

Фестивалнинг ижро дастури ва танловда ижро этиладиган асарлар рўйхати олингандан кейин уч кун муддатда

5-босқич

Фестиваль иштирокчилари

Фестивалда қатнашиш учун зарур ҳужжатларни Ташкилий қўмитага тақдим қилади

Фестиваль бошланишидан ўттиз кун олдин

6-босқич

Ташкилотчилар,

Ташкилий қўмита

Фестивални ўтказади

Фестиваль ўтказиладиган йилнинг апрель ойида

7-босқич

Ташкилотчилар,

Ташкилий қўмита

Фестиваль ғолибларини тақдирлайди

Фестиваль якуни бўйича

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 07.02.2022 й., 09/22/59/0104-сон, 21.05.2022 й., 09/22/278/0439-сон; 06.08.2022 й., 09/22/431/0716-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)