toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида
Мамлакатимизда иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш, уларни илмий-техник фаолиятга кенг жалб қилиш, иқтидорли ёшларнинг, жумладан, олис ҳудудларда истиқомат қилаётган йигит-қизларнинг билим, кўникма ва малакасини ошириш, инновацион ғояларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга қаратилган ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармасининг (кейинги ўринларда — Жамғарма) олий органи — Конференцияси томонидан Жамғарманинг янгиланган тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланганлиги инобатга олинсин:
иқтидорли ёшларни излаб топиш, истеъдодини рўёбга чиқариш ва уларни қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш;
давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда уларни илмий-техник фаолиятга кенг жалб этиш тизимини йўлга қўйишда иштирок этиш;
иқтидорли ёшларнинг, жумладан, Жамғарма томонидан ўтказилган танловлар ғолиблари, Президент гранти ва номли стипендиялар, «Ўзбекистон учун 100 ғоя» лойиҳаси совриндорларининг илмий-техник ишланмалари, ғоя ва ташаббусларининг амалиётга жорий этилишини қўллаб-қувватлаш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда «Мирзо Улуғбек ворислари» республика танловини ташкил этиш, шунингдек, соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда иқтидорли ёшларни мақсадли ўқитиш;
(2-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар 2023 йил 19 майдаги 206-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.05.2023 й., 09/23/206/0287-сон)
иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда замонавий талабларга жавоб берадиган юқори малакали мутахассислар захирасини шакллантиришда қатнашиш;
илм-фан ва таълимга оид рисолалар, буклетлар ва бошқа адабиётларни нашр этиш ва тарқатиш.
3. Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг 2022 йилдан бошлаб ҳар йили иқтидорли ёшларни кашф қилиш ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган «Мирзо Улуғбек ворислари» республика танловини (кейинги ўринларда — Танлов) ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Белгилансинки:
а) Танловнинг:
1-босқичи февраль-март ойларида туман (шаҳар)ларда ўтказилади ва унда энг юқори натижага эришган ҳар бир туман (шаҳар)дан 5 нафардан номзодлар 2-босқичга йўлланма олади;
2-босқичи апрель ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳар биридан энг юқори натижага эришган 20 нафар ёш навбатдаги босқичга йўлланма олади;
3-босқичи май ойида ўтказилади ва унда энг юқори натижага эришган 100 нафар ёш танловнинг республика босқичи ғолиби деб топилади;
1, 2 ва 3-босқичлар ғолиблари тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг 5, 10 ва 20 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти ва диплом билан тақдирланади;
республика босқичи ғолиблари Жамғарма томонидан ташкил этиладиган мақсадли ўқув курсларида бепул таҳсил олади. Ўқишни муваффақиятли тамомлаган ёшлар ҳудудлар бўйича ишлаб чиқариш ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларига ихтиёрийлик асосида бириктирилади ҳамда «Ёшлар академияси» ва «Келажак лидерлари клуби»га жалб этилади;
б) танлов Жамғарма томонидан Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ўтказилади;
в) танловнинг 1 ва 2-босқичларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, ушбу босқич ғолибларини тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларидан белгиланган тартибда ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади.
4. «Мирзо Улуғбек ворислари» республика танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Инновацион ривожланиш вазирлиги Танловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш, унинг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш билан боғлиқ харажатларни ҳар йили, шунингдек, Жамғармада илм-фан ривожланишининг истиқболли йўналишларига мос замонавий лаборатория ҳамда инновацион кичик босмахонани ташкил этиш харажатларини Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб борсин.
6. Жамғарманинг Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда бошқа ташкилотлар билан биргаликда икки ой муддатда «Истеъдодли ёшлар ахборотномаси» илмий-амалий электрон журналини ҳамда «Мирзо Улуғбек ворислари» электрон порталини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Бунда, «Мирзо Улуғбек ворислари» электрон порталида истеъдодли ёшларнинг электрон базаси шакллантирилади, ўқув курслари битирувчиларининг рейтинги жорий этилиб, инновацион ғоялари ва илмий-техник ишланмалари баҳолаб борилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг ушбу жамоат фондига 2022 йилнинг 1 февралидан бошлаб Жамғармани сақлаб туриш ва унинг фаолиятини самарали ташкил этиш учун давлат субсидияси ажратиш тўғрисидаги таклифи маълумот учун қабул қилинсин.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги 135-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)
8. Қуйидагилар Жамғарма фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланганлиги инобатга олинсин:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ҳар йили ажратиладиган давлат субсидияси;
(8-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги 135-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
хўжалик фаолияти ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
9. «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамиятининг Жамғармага ҳомийлик хайрияси сифатида 1 та хизмат автотранспорт воситаси ва 1 та автобус ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
10. Давлат активларини бошқариш агентлиги, Қурилиш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг:
Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мовароуннаҳр кўчаси, 24-уй манзилида жойлашган Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бино ва иншоотларига (кейинги ўринларда — объект) Жамғармани текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш;
Жамғарманинг самарали фаолият олиб бориши учун объектда мукаммал таъмирлаш ҳамда замонавий тарзда жиҳозлаш ишларини амалга ошириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
11. Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Жамғармани белгиланган тартибда объектга жойлаштирилишини таъминласин.
12. Белгилансинки, объектда мукаммал таъмирлаш ва замонавий тарзда жиҳозлаш ишларини амалга ошириш доирасида:
Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси — буюртмачи функциясини бажаради;
бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тендер (танлов) савдолари асосида аниқланади;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом.
мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари билан боғлиқ харажатлар Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади.
Бунда, объектда ўқув аудиториялари, замонавий лаборатория, кутубхона ташкил этиш, кичик инновацион босмахона фаолияти учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда лифт ўрнатиш лозимлиги инобатга олинсин.
13. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Молия вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда Жамғарма қошида ташкил этиладиган ўқув курсларида таҳсил оладиган истеъдодли ёшларни ётоқхона билан таъминлаш масаласини атрофлича ўрганиб чиқиб, икки ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклиф киритсин.
14. Молия вазирлиги объектни мукаммал таъмирлаш ва замонавий тарзда жиҳозлаш ишларини қисқа муддатда якунлаш учун асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан буюртмачига зарур маблағ ажратилишини таъминласин.
15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдураҳмонов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар, жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибиятига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2022 йил 18 январь,
30-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 18 январдаги 30-сон қарорига
1-ИЛОВА
Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси
ТУЗИЛМАСИ

Раис

Раис ёрдамчиси

Раис ўринбосари

Истеъдодли ёшларни саралаш, танловларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича мутахассис

1

Кадрлар бўйича мутахассис

1

Бухгалтерия

1

Ўқув курсларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича мутахассис

2

Босмахона

1

Кутубхона

1

«Улуғбек издошлари» танлови ғолиблари билан ишлаш бўйича мутахассис

1

«Истеъдодли ёшлар ахборотномаси» илмий-амалий электрон журнал таҳририяти

1

Ходимлар сони — 12 нафар
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 18 январдаги 30-сон қарорига
2-ИЛОВА
Истеъдодли ёшларни кашф қилиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган «Мирзо Улуғбек ворислари» танловини ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Истеъдодли ёшларни кашф қилиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган «Мирзо Улуғбек ворислари» танловини (кейинги ўринларда — Танлов) ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Танлов 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган иқтидорли ёшлар, жумладан, олис ҳудудларда истиқомат қилаётган йигит-қизлар, уюшмаган ёшлар, «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари орасидан иқтидорли ёшларни излаб топиш ва уларни ўзлари қизиққан соҳаларга йўналтириш, илмий-техник ижодкорлиги ва ихтирочилигини рағбатлантириш, инновацион фаоллигини ошириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили ўтказилади.
3. Танловни ташкил этиш бўйича масъуллар Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари (кейинги ўринларда — Ташкилотчилар) ҳисобланади.
4. Танловда иштирокчиларнинг салоҳиятини баҳолаш ва ғолибларни аниқлаш учун Ташкилотчилар томонидан тасдиқланган тегишли вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар вакиллари, мутахассислар ҳамда олимлар аъзо бўлган камида етти кишидан иборат таркибда Танлов комиссияси (кейинги ўринларда — Комиссия) тузилади.
2-боб. Танловни ўтказиш шартлари, муддатлари, тартиби ва баҳолаш мезонлари
5. Танлов иштирокчиларининг салоҳиятини баҳолаш ва ғолибларни аниқлаш учун Комиссия аъзолари орасидан унинг раиси ва котиби сайланади.
6. Танловда Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларидан 16 дан 25 ёшгача бўлган барча иқтидорли ёшлар қатнашиш ҳуқуқига эга.
7. Танловда иштирок этиш истагида бўлган иқтидорли ёшлар махсус веб-сайт орқали рўйхатдан ўтади.
8. Ташкилотчилар танлов бошланишидан бир ой олдин ўз расмий веб-сайтига аризаларни шакллантириш, рўйхатдан ўтказиш ва топшириш тартиби, муддати ва талаблари кўрсатилган эълонни жойлаштиради.
9. Ташкилотчилар Танлов иштирокчиларини танловнинг талаб ва шартлари тўғрисида хабардор қилади, танлов якунлари бўйича ғолибларга хабар беради ва уларни тақдирлашни ташкил этади.
10. Комиссия котиби рўйхатдан ўтган иқтидорли ёшларнинг маълумотларини умумлаштириб, Комиссия аъзоларига тақдим этади.
11. Танловда иштирок этиш истагида бўлган ёшлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиши;
аниқ бир ғоя ёки лойиҳага эга бўлиши;
IQ тест натижаси 110 баллдан паст бўлмаслиги;
танловларда ғолиб бўлганлиги тўғрисидаги диплом, сертификат ёки тавсияномага эга бўлиши.
12. Ташкилотчилар ва ҳомийлик қилувчи ташкилотлар ходимларининг ҳамда Комиссия аъзоларининг яқин қариндошлари Танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас (улар ўзини ўзи рад қилган ҳолатлар бундан мустасно).
13. Танлов бир йилда бир марта республика ҳудудлари бўйича босқичма-босқич ўтказилади:
1-босқич — туман ёки шаҳар миқёсида;
2-босқич — вилоят бўйича, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида ва Тошкент шаҳри миқёсида;
3-босқич — республика миқёсида.
14. Танловни ўтказиш муддатлари:
1-босқич — февраль-март;
2-босқич — апрель;
3-босқич — май.
15. Танловни ўтказиш тартиби:
1-босқичда иштирок этиб, энг юқори натижа кўрсатган 5 нафар ёш йигит қизлар Танловнинг туман (шаҳар) босқичи ғолиби деб топилади ҳамда вилоят босқичига йўлланма олади;
2-босқичда иштирок этиб, энг юқори натижа кўрсатган 20 нафар ёш йигит қизлар Танловнинг ҳудудий босқичи ғолиби деб топилади ҳамда республика босқичига йўлланма олади;
3-босқичда иштирок этиб энг юқори натижа кўрсатган 100 нафар ёш йигит қизлар Танловнинг республика босқичи ғолиби деб топилади.
16. Танлов Жамғарма томонидан Ёшлар ишлари агентлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ўтказилади.
17. Танлов натижалари бўйича ғолиблар ва уларнинг салоҳияти тўғрисидаги маълумотлар Комиссия баённомасида кўрсатилади ва унинг аъзолари томонидан имзоланади.
18. Танловнинг ҳар бир босқичи бўйича ғолиблар тест синовлари якунлангандан сўнг бир ҳафта муддат ичида Ташкилотчиларнинг расмий веб-сайтида ҳамда теле-радиоканалларда эълон қилинади.
19. Натижалар Комиссия томонидан баённома билан тасдиқланиб, Ташкилотчиларнинг масъул вакилига тақдим этилганидан сўнг якуний (ҳал қилувчи аҳамиятга эга) ҳисобланади ва Комиссия қарори бўйича Ташкилотчилар изоҳ бермайди.
3-боб. Танлов ғолибларини тақдирлаш
20. Танловнинг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими натижалар эълон қилингандан сўнг 10 кун ичида Ташкилотчилар томонидан амалга оширилади.
21. Танловнинг 1, 2 ва 3-босқичлар ғолиблари тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг 5, 10 ва 20 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти ва тегишли диплом билан тақдирланади.
22. Танловнинг 1 ва 2-босқичларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, ушбу босқич ғолибларини тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланади.
23. Танловнинг 3-босқичи ғолиблари Жамғарма томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида пул маблағи билан мукофотланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(24-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 19 майдаги 206-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.05.2023 й., 09/23/206/0287-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(25-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 19 майдаги 206-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.05.2023 й., 09/23/206/0287-сон)
26. Танловнинг республика босқичи ғолибларининг инновацион ғоя ва илмий-техник лойиҳаларини хусусий сектор ва тармоқ ташкилотлари, йирик корхоналар ва ташкилотлар томонидан молиялаштириш амалиёти жорий этилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
27. Танлов тўғрисидаги маълумотлар ва унинг натижалари Ташкилотчилар ва уларнинг тизимидаги ташкилотлар расмий веб-сайти ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
28. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 19.01.2022 й., 09/22/30/0043-сон; 20.05.2023 й., 09/23/206/0287-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)