toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Олдинги таҳрирга қаранг.
Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларини касб-ҳунарга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида
(қарор номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.08.2022 й., 09/22/425/0712-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 8 июндаги ПҚ-5140-сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларини касб-ҳунарга ўқитиш, ўқувчиларнинг қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиқиб келажакда уларнинг таълимни давом эттиришлари ёки эгаллаган касблари бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланишларига шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.08.2022 й., 09/22/425/0712-сон)
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 8 июндаги ПҚ-5140-сон қарори 12-бандига мувофиқ умумий ўрта таълим муассасаларининг 9 — 11-синфлари ўқувчиларини касб-ҳунарга ўқитиш тартиби жорий қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
Олдинги таҳрирга қаранг.
умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларини касб-ҳунарга тайёрлаш 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб 10-синфларда, 2023/2024 ўқув йилидан — 11-синфларда ташкил этилади;
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.08.2022 й., 09/22/425/0712-сон)
касб-ҳунарга тайёрлаш бўйича умумий ўрта таълим муассасаларига бириктирилган яқин ҳудудда жойлашган касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари ва қисқа муддатли курслар очилган таълим муассасаларининг ўқув бинолари, шу жумладан, синф хоналари ва устахоналаридан бепул фойдаланилади;
касб-ҳунарга тайёрлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, тизимида таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг таълим муассасаси учун ажратилган маблағлари, халқаро молия институтлари ва ташкилотлари маблағлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларини касб-ҳунарга тайёрлашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
(3-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.08.2022 й., 09/22/425/0712-сон)
а) умумтаълим муассасалари психологи томонидан ўқувчиларнинг касбга мойиллигини ўрганиш ва уларни касбга йўналтиришда қуйидагиларни амалга ошириш:
7-синфдан бошлаб ўқувчилар ўртасида интерактив сўровномалар ўтказиб, касб-ҳунарга бўлган қизиқишини аниқлаш ва уларнинг маълумотлар базасини яратиш;
8-синфда таълимнинг кейинги босқичларида ўқишни давом эттириш, танлаган касби бўйича касб-ҳунарга тайёрлаш марказларида касб ўрганиш учун ўқувчилар ва ота-оналарга тавсиялар бериш ва йўналтириш;
9-синф ўқувчиларининг касбий мойиллиги бўйича ўтказилган психологик ташхислар натижалари асосида келгусида аниқ ишчи касблар бўйича касб-ҳунар мактабларида таълим олиши ёки касб-ҳунарга тайёрлаш марказларида касбга тайёргарликни давом эттиришлари учун ўқувчиларни ўқув йили давомида муайян касбга йўналтириш ишларини олиб бориш;
б) ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда қуйидаги муддатларга амал қилиш:
касб-ҳунарга тайёрлаш марказларида ўқиш ўқувчилар учун жорий ўқув йилининг 2 сентябридан келгуси йилнинг 25 майигача бўлган даврда тўрт чоракка бўлинган ҳолда ташкил этилади;
ўқув йилининг давомийлиги — 34 ҳафта;
ҳафтасига камида бир марта белгиланган соатлар доирасидан чиқмаган ҳолда ўқиш ташкил этилади;
ҳафталик ва умумий ўқув юкламаси касб турига қараб белгиланади;
машғулотнинг давомийлиги — 45 дақиқа;
машғулотлар оралиғидаги танаффуснинг давомийлиги — 5 — 10 дақиқа.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўз ҳудудидаги касб-ҳунарга тайёрлаш жараёнида ўргатиладиган касбларни ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига мувофиқлаштирсин ҳамда 2022 йилдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларининг эгаллаган касблари бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари учун зарур иш ўринларини яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш чораларини кўрсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги касб-ҳунарга тайёрлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар учун белгиланган тартибда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига зарур маблағларни ажратиб борсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 24 октябрдаги 868-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Б.О. Саидов ҳамда Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Б. Хусанов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 30 декабрь,
792-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 декабрдаги 792-сон қарорига
ИЛОВА
Олдинги таҳрирга қаранг.
Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларини касб-ҳунарга тайёрлашни ташкил этиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
(илова номи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.08.2022 й., 09/22/425/0712-сон)
1-боб. Умумий қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
1. Ушбу Низом умумий ўрта таълим муассасаларининг (кейинги ўринларда — ўқувчилар) 10-11-синфлари ўқувчиларини (кейинги ўринларда — умумтаълим муассасалари) касб-ҳунарга тайёрлашни ташкил этиш (кейинги ўринларда — касб-ҳунарга тайёрлаш) тартибини белгилайди.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.08.2022 й., 09/22/425/0712-сон)
2. Ўқувчиларни касб-ҳунарга тайёрлаш узлуксиз таълим тизимининг таркибий қисми бўлиб, уларнинг касб-ҳунар ўрганишга бўлган эҳтиёжини қондириш, республика иқтисодиёти тармоқлари учун бошланғич касбий билим ва кўникмаларга эга кадрларни шакллантиришни таъминлайди.
3. Ўқувчилар учун касб-ҳунар йўналишини танлаш ихтиёрий бўлиб, таълим бепул амалга оширилади.
4. Умумтаълим муассасалари ўзига яқин ҳудудда жойлашган «Ишга марҳамат» мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари (кейинги ўринларда — касб-ҳунарга тайёрлаш марказлари)га бириктирилади.
Ўқувчиларни касб-ҳунарга тайёрлашда умумтаълим муассасалари касб-ҳунарга тайёрлаш марказларига туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари билан келишган ҳолда бириктирилади.
5. Касб-ҳунарга тайёрлаш маркази раҳбари ўқув жараёнига масъул ҳисобланиб, тадбиркорлик субъектлари ва ҳунармандлар билан тўлов-шартнома асосида касб-ҳунарга тайёрлашни ташкил этиши мумкин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Касб-ҳунарга тайёрлаш марказларида ўқувчиларнинг касб эгаллашларининг назорати Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан амалга оширилади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
2-боб. Касб-ҳунарга тайёрлашнинг мақсади ва вазифалари
7. Касб-ҳунарга тайёрлашнинг мақсади ўқувчиларни касб бўйича ижодий фикрлайдиган, ташкилотчилик, тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлган шахсни тарбиялаш ҳамда уларнинг қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиқиб касб-ҳунар танлашда кўмаклашишдан иборат.
8. Касб-ҳунарга тайёрлашнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
ўқувчиларнинг касбий мойиллигини замонавий ташхислаш методларини қўллаган ҳолда баҳолаш, касбий синов орқали уларнинг қизиқишларини аниқлаш ва уларни касбга йўналтириш;
ўқувчилар томонидан касб кўникмаларининг ўзлаштирилишини таъминлаш, уларнинг касб-ҳунар олишга бўлган эҳтиёжини қондириш;
касб-ҳунарга тайёрлаш жараёнининг методик таъминотини такомиллаштириб бориш;
меҳнат бозори учун тегишли касблар бўйича рақобатбардош кадрлар тайёрлашни таъминлаш.
9. Касбий таълим беришнинг мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун касб-ҳунарга тайёрлаш марказларида зарур ташкилий, ўқув-методик, моддий-техник ва психологик-педагогик шарт-шароитлар яратилади.
3-боб. Ўқувчиларни ташхислаш ва касб-ҳунарга йўналтириш
10. Умумтаълим муассасалари психологи томонидан ўқувчиларнинг касбга мойиллиги ўрганилади ва уларни касбга йўналтиришда қуйидагилар амалга оширилади:
7-синфдан бошлаб ўқувчилар ўртасида интерактив сўровномалар ўтказилиб, касб-ҳунарга бўлган қизиқиши аниқланади ва уларнинг маълумотлар базаси яратилади. Ҳар ойда бир марта «Касблар оламига саёҳат» мавзусида махсус курслар ташкил қилинади;
8-синфда таълимнинг кейинги босқичларида ўқишни давом эттириш, танлаган касби бўйича касб-ҳунарга тайёрлаш марказларида касб ўрганиш учун ўқувчилар ва ота-оналарга тавсиялар берилади ва йўналтирилади. Ҳар чоракда камида бир марта «Менинг келажакдаги касбим» мавзусида семинар-тренинглар ташкил қилинади;
9-синф ўқувчиларининг касбий мойиллиги бўйича ўтказилган психологик ташхислар натижалари асосида келгусида аниқ ишчи касблар бўйича касб-ҳунар мактабларида таълим олиши ёки касб-ҳунарга тайёрлаш марказларида касбга тайёргарликни давом эттиришлари учун ўқувчиларни ўқув йили давомида муайян касбга йўналтириш ишлари олиб борилади.
Ўқувчи умумтаълим муассасасида таълим олишни давом эттиришга розилик билдирганда, муассасага бириктирилган касб-ҳунарга тайёрлаш марказидаги касб турларидан бирини танлайди.
11. Ўқувчилар 10-11-синфларда ўқиши давомида қизиқишлари, ота-онасининг фикри ҳамда умумтаълим муассасаси психологининг хулосасига мувофиқ касб-ҳунарга тайёрлаш марказларида касбларга ўқитилади.
4-боб. Ўқувчиларни касб-ҳунарга тайёрлашни ташкил этиш
12. Ўқувчиларни касб-ҳунарга тайёрлашни ташкил этиш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
13. Ҳар йили июнь ойида туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда келгусида эҳтиёж мавжуд бўлган ишчи касбларни аниқлайди.
Туман (шаҳар) ҳокимликлари Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари билан келишган ҳолда умумтаълим муассасаларини касб-ҳунарга тайёрлаш марказларига бириктириш бўйича манзилли рўйхатни тасдиқлайди.
Бунда қуйидагилар инобатга олинади:
туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг умумтаълим муассасаларидаги 10-11-синфлар ўқувчилари сони, умумтаълим муассасасидаги технология фани устахоналари ва уларнинг сиғими, компьютер синфлари сони ҳамда умумтаълим муассасасига яқин ҳудудда жойлашган касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг манзилли рўйхати;
туман (шаҳар)даги касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг ўқитиш сиғими, педагоглари ва ўқув-таълим усталари таркиби, моддий-техника базаси.
14. Касб-ҳунарга тайёрлаш умумтаълим муассасасининг моддий-техника ҳолати, технология фани устахонаси, компьютер синф хоналарининг ҳолатини инобатга олиб туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказининг хулосасига асосан, истисно тариқасида, туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан умумтаълим муассасасида ҳам ташкил этилиши мумкин.
Касб-ҳунарга тайёрлаш умумтаълим муассасасида ташкил этилганда педагоглар ва ўқув-таълим усталари белгиланган тартибда туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ишга қабул қилинади.
Касб-ҳунарга тайёрлаш марказлари ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталари мақоми бўйича профессионал таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталарига тенглаштирилади ҳамда уларга ушбу ходим учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва ижтимоий ҳимоя кафолатлари татбиқ этилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Касб-ҳунарга тайёрлашга қўйиладиган малака талабларини ва бошқа ўқув-методик ҳужжатларни ишлаб чиқиш, касбий таълим бериш жараёнини мувофиқлаштириш ва методик жиҳатдан таъминлаш, ўқув режалари ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалиётга жорий этиш ҳар йили июль ойида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан келишган ҳолда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан амалга оширилади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
5-боб. Касб-ҳунарга тайёрлашда таълим бериш ва ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш
16. Касб-ҳунарга тайёрлаш марказларида ўқиш умумтаълим муассасаси директори ва Касб-ҳунарга тайёрлаш маркази раҳбари томонидан тасдиқланган дарс жадвалига асосан ташкил этилади.
Ўқувчиларнинг дарс жадвалида белгиланган вақтда машғулотларда иштирок этиши умумтаълим муассасаси томонидан назоратга олинади.
17. Ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда қуйидаги муддатларга амал қилинади:
касб-ҳунарга тайёрлаш марказларида ўқиш ўқувчилар учун жорий ўқув йилининг 2 сентябридан келгуси йилнинг 25 майигача бўлган даврда тўрт чоракка бўлинган ҳолда ташкил этилади;
ўқув йилининг давомийлиги — 34 ҳафта;
ҳафтасига камида бир марта белгиланган соатлар доирасидан чиқмаган ҳолда ўқиш ташкил этилади;
ҳафталик ва умумий ўқув юкламаси касб турига қараб белгиланади;
машғулотнинг давомийлиги — 45 дақиқа;
машғулотлар оралиғидаги танаффуснинг давомийлиги — 5 — 10 дақиқа.
18. Касб-ҳунарга тайёрлаш марказларида машғулотлар касблардан келиб чиқиб ташкил этилади.
Касбга қараб бир синф (гуруҳ)да ўқувчилар сони 10 нафардан 20 нафаргача бўлиши мумкин.
19. Ўқувчиларнинг касбга оид билим, кўникма ва малакаларини аниқлаш ва назорат қилиш мақсадида қуйидаги назорат турлари амалга оширилади:
жорий назорат — ўқувчилар танлаган касбга оид курснинг ҳар бир бўлими якунида уларнинг касбий билим ва кўникмаларини намойиш этиш, гуруҳларда ишлаш, савол-жавоб, муҳокама, амалий иш кўринишида амалга оширилади;
якуний назорат — ўқувчи танлаган касбга оид курснинг барча бўлими тўлиқ якунлангандан сўнг касб бўйича касбий билим ва кўникмаларни амалий намойиш этиши орқали амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Жорий ва якуний назоратларнинг баҳолаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
(19-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
20. Якуний назорат ўтказиш муддатлари Касб-ҳунарга тайёрлаш маркази раҳбари ва умумтаълим муассасаси директори томонидан тасдиқланган график асосида ўтказилади.
21. Касб-ҳунарга тайёрлаш марказини муваффақиятли тамомлаган ўқувчиларга Касб-ҳунарга тайёрлаш марказлари томонидан давлат намунасидаги сертификат берилади.
22. Ўқув юкламаси ҳажмидан келиб чиқиб ўқувчилар бир неча касбларни эгаллаши мумкин.
23. Касб-ҳунарга тайёрлаш марказида ўқув-тарбия жараёни билан боғлиқ бошқа масалалар ўқув режаси ва ўқув дастурига мувофиқ белгиланади.
6-боб. Ўқувчилар соғлиғини муҳофаза қилиш
24. Касб-ҳунарга тайёрлаш марказида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига ҳамда бошқа талабларга амал қилинишига ушбу марказ раҳбари шахсан жавобгар ҳисобланади.
25. Ўқувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш умумтаълим муассасасига бириктирилган тиббиёт ходими ва Касб-ҳунарга тайёрлаш марказига бириктирилган (агар мавжуд бўлса) тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
26. Касб-ҳунарга тайёрлаш маркази фаолиятини молиялаштириш Марказнинг белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
27. Касб-ҳунарга тайёрлаш марказларида касб ўрганаётган ўқувчиларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан доимий назорат қилиб борилади.
(27-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
Умумий ўрта таълим муассасаларининг 9 — 11-синфлари ўқувчиларини касб-ҳунарга тайёрлашни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Ўқувчиларни касб-ҳунарга тайёрлашни ташкил этиш
СХЕМАСИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Босқичлар

Ижрочилар

Тадбирлар

Муддатлар

I. Ўқувчиларни ташхислаш ва касб-ҳунарга йўналтириш

1-босқич

Умумтаълим муассасалари

7-синфдан бошлаб ўқувчилар ўртасида интерактив сўровномалар ўтказилиб, касб-ҳунарга бўлган қизиқишни аниқлайди ва уларнинг маълумотлар базасини яратади.

Ўқув йили давомида

2-босқич

Умумтаълим муассасалари

8-синфда таълимнинг кейинги босқичларида ўқишни давом эттириш, танлаган касби бўйича касб-ҳунарга тайёрлаш марказларида касб ўрганиш учун ўқувчилар ва ота-оналарга тавсиялар беради ва йўналтиради.

Ҳар чорак якунида

3-босқич

Умумтаълим муассасалари,

Касб-ҳунарга тайёрлаш маркази

9-синф ўқувчиларининг касбий мойиллиги бўйича муайян касбга йўналтириш ишларини олиб боради.

Ўқув йили давомида

II. Ўқувчиларни касб-ҳунарга тайёрлаш

4-босқич

Туман (шаҳар) ҳокимликлари,

мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари,

Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бошқармалари

Эҳтиёж мавжуд бўлган ишчи касбларни аниқлайди.

Умумтаълим муассасаларини касб-ҳунарга тайёрлаш марказларига бириктириш бўйича манзилли рўйхатни тасдиқлайди.

Ҳар йили июнь ойида

5-босқич

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги

Касб-ҳунарга тайёрлашга қўйиладиган малака талаблари ва бошқа ўқув-методик ҳужжатларни ишлаб чиқади, ўқув режалари ва ўқув дастурларини тасдиқлайди ва амалиётга жорий қилади.

Ҳар йили июль ойида

6-босқич

Касб-ҳунарга тайёрлаш марказлари

Ўқувчиларга касбий таълим беришни ва ўқув-тарбия жараёнини амалга оширади.

Ўқув йили давомида

7-босқич

Касб-ҳунарга тайёрлаш марказлари

Касб-ҳунарга тайёрлаш марказини муваффақиятли тамомлаган ўқувчиларга давлат намунасидаги сертификатни беради.

Касб-ҳунарга тайёрлашнинг якуний босқичида

(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 ноябрдаги 709-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2021 й., 09/21/792/1221-сон; 03.08.2022 й., 09/22/425/0712-сон; 10.11.2025 й., 09/25/709/1027-сон)