toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Одам савдоси соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базасини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида» 2020 йил 17 августдаги ЎРҚ-633-сон Қонунига мувофиқ одам савдосига қарши курашишга доир маълумотларни шакллантириш тартибини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида» 2020 йил 17 августдаги ЎРҚ-633-сон Қонунига мувофиқ одам савдосига қарши самарали курашишни таъминлаш, одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларнинг жиноий фаолиятини аниқлаш ва унга чек қўйиш, одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш ҳамда тегишли ахборотни тизимлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бошқа давлат органлари билан биргаликда одам савдоси соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базаси яратилишини ташкил этиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ягона марказлаштирилган ахборот базасига маълумотларни онлайн режимида киритиш имкониятини ўз ичига олувчи одам савдоси соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базасини (кейинги ўринларда — ягона марказлаштирилган ахборот базаси) жорий этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда ягона марказлаштирилган ахборот базасидаги маълумотларни потенциал хавфлардан, тасодифий ҳаракатлардан ва ташқи ҳужумлардан ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ахборот хавфсизлиги дастурий таъминотини ишлаб чиқсин.
Бунда, ахборот хавфсизлиги дастурий таъминоти қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши лозим:
маълумотларга рухсатсиз киришдан ҳимоялаш;
ягона марказлаштирилган ахборот базасидан фойдаланувчиларни қайд этиб бориш;
ахборотни сақлаш ва қайта ишлаш жараёнида рухсатсиз модификациядан ҳимоялаш;
вируслардан ҳимоялаш;
дастурий таъминот конфигурациясида юзага келган хатоликлар ва камчиликларни аниқлаш.
4. Одам савдоси соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона марказлаштирилган ахборот базасини шакллантириш, унга маълумотларни киритиш ҳамда маълумотлардан фойдаланиш тартибини назарда тутувчи Одам савдоси соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базасини юритиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ягона марказлаштирилган ахборот базасини юритишга масъул орган ҳисобланади;
одам савдосига қарши курашишга доир фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари доимий равишда одам савдосига қарши курашишга доир маълумотлар (одам савдоси билан боғлиқ ҳар қандай ахборотлар)ни ягона марказлаштирилган ахборот базасига киритиб бориш учун масъул органга тақдим этиб боради;
одам савдосига қарши курашишга доир фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари томонидан одам савдосига қарши курашишга доир маълумотлар ягона марказлаштирилган ахборот базасига киритиб бориш учун ўз вақтида тақдим этилмаган ҳолларда улар масъул орган томонидан огоҳлантирилади;
ягона марказлаштирилган ахборот базасини ташкил этиш, юритиш ва уни такомиллаштириб бориш билан боғлиқ бўлган тадбирларни молиялаштириш одам савдосига қарши курашишга доир фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органларининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари доирасида ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бир ой муддатда ягона марказлаштирилган ахборот базасини яратиш бўйича техник топшириқни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов ҳамда Вазирлар Маҳкамаси IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаментига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 22 ноябрь,
708-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 ноябрдаги 708-сон қарорига
ИЛОВА
Одам савдоси соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базасини юритиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом одам савдосига қарши самарали курашишни таъминлаш, одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларнинг жиноий фаолиятини аниқлаш ва унга чек қўйиш, одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш ҳамда мазкур йўналишдаги маълумотларни ягона марказлаштирилган ахборот базасида жамлаш, ишлаш, умумлаштириш ва уларни рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилиш, шунингдек, уларни масъул органларга тақдим этиш тартибини белгилайди.
2. Одам савдоси соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базаси (кейинги ўринларда — ягона марказлаштирилган ахборот базаси)да одам савдоси билан боғлиқ маълумотларни ҳисобга олишнинг асосий принциплари қуйидагилар ҳисобланади:
қонунийлик;
ахборотнинг холислиги, ишончлилиги ва таққосланувчанлиги;
ахборотдан ушбу Низомда ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган доирада фойдаланилиши;
ҳисобга олишнинг мажбурийлиги ва бир хиллиги.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
ваколатли органлар — қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ одам савдосига қарши курашишга доир фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия;
(3-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 26 апрелдаги 239-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.04.2024 й., 09/24/239/0308-сон)
бошқа органлар — Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари;
маълумотлар — одам савдоси жинояти (ҳуқуқбузарлик) билан боғлиқ бўлган ҳар қандай турдаги ахборотлар;
учинчи шахс — ваколатли органлар ва бошқа органлардан ташқари юридик ёки жисмоний шахс.
2-боб. Ягона марказлаштирилган ахборот базасини юритиш тартиби ва шакллантириш манбалари
4. Одам савдосига қарши самарали курашишни таъминлаш, одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларнинг жиноий фаолиятини аниқлаш ва унга чек қўйиш, одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш ҳамда мазкур йўналишдаги бошқа маълумотларнинг марказлаштирилган ҳисоби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ягона марказлаштирилган ахборот базасини шакллантириш ва юритиш орқали амалга оширилади.
5. Ягона марказлаштирилган ахборот базаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти (кейинги ўринларда — Департамент)да ташкил этилади ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ягона марказлаштирилган ахборот базасига уланади.
6. Ягона марказлаштирилган ахборот базасининг марказий базаси Департамент томонидан юритилиб, Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари орқали киритиладиган маълумотлар орқали шакллантирилади.
7. Ягона марказлаштирилган ахборот базасидаги маълумотлар эркин фойдаланилиши чекланган ахборот ҳисобланиб, улардан фақат ваколатли органларнинг мансабдор шахслари танишиш ва фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.
8. Ягона марказлаштирилган ахборот базасига Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек, тезкор-қидирув тадбирларини, терговга қадар текширувни, дастлабки терговни ва суд муҳокамасини амалга ошириш натижасида Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси томонидан ёпиқ (VPN) канал орқали тақдим этиладиган ҳамда тезкор алоқа, ишонч телефонлари орқали ва бошқа манбалардан олинган:
одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар ҳақидаги;
одам савдосидан жабрланганлар, одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётганлар тўғрисидаги ахборот — аёллар ва болалар ҳақидаги ахборот алоҳида ажратилган ҳолда, шунингдек, уларга кўрсатилган ёрдам натижалари ҳақидаги;
фойдаланиш турлари, жиноят содир этиш усуллари тўғрисидаги ва бошқа ахборотлар киритилади.
3-боб. Ваколатли органлар ва бошқа органлар томонидан маълумотларни тақдим этиш ва ягона марказлаштирилган ахборот базасига уларни киритиш тартиби
9. Ваколатли органлар ва бошқа органлар томонидан мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган маълумотлар Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ушбу Низомга иловада келтирилган схема асосида тақдим этилади.
10. Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган маълумотларни «Интерактив консуллик хизматлари» ахборот базасига киритади.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан киритилган маълумотларни Департаментга юборади.
11. Ягона марказлаштирилган ахборот базасига маълумотлар Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан давлат тилида ажратилган саҳифаларни тўлдириш орқали киритиб борилади.
4-боб. Ягона марказлаштирилган ахборот базасига киритилган маълумотлардан фойдаланиш тартиби
12. Ваколатли органлар ягона марказлаштирилган ахборот базасига киритилган маълумотлардан фойдаланиш учун ҳудудий жиҳатдан тегишлилиги бўйича Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмаларига ёзма ёки электрон шаклда сўровнома юборади.
Бунда, маълумотлардан фойдаланиш зарурати ва маълумот тури кўрсатилади.
13. Юборилган сўровнома Департамент ва унинг ҳудудий бўлинмаларига тегишлилиги бўйича келиб тушади.
14. Ягона марказлаштирилган ахборот базасини юритишга масъул бўлган орган сўровнома тушганидан сўнг унинг натижаси бўйича беш кун муддатда ваколатли органга жавоб юборади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
15. Ягона марказлаштирилган ахборот базасидаги маълумотлар ошкор этилиши мумкин эмас.
16. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Одам савдоси соҳасидаги жиноятлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона ахборот базасини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Одам савдосига қарши курашишга доир фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва бошқа органлар томонидан маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмаларига тақдим этиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Амалга ошириш жараёни

Муддатлар

1-босқич

«Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ваколатли органлар

Одам савдоси билан боғлиқ ҳар қандай маълумотларни аниқлайди, тўплайди, ҳаққонийлигини текширади ва ягона ахборот базасига тақдим этиш учун шакллантиради.

Доимий иш фаолиятида

2-босқич

«Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ваколатли органлар

Ваколатли орган ёки унинг ҳудудий бўлинмалари ўзида шакллантирилган маълумотларни келгусида ягона ахборот базага киритиш учун ёпиқ (VPN) канал орқали Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти ёки ҳудудий бўлинмаларга тақдим этади.

3 иш кунида

3-босқич

ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари

Тушган маълумотни таҳлил қилади ва ягона ахборот базасига тегишлилиги бўйича киритади.

Зудлик билан

4-босқич

Манфаатдор давлат органлари*

Иш юритувида мавжуд бўлган ҳужжатлар бўйича ягона ахборот базасида мавжуд бўлган маълумотлардан фойдаланиш ҳақида ИИВ ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига ёзма ёки электрон шаклда сўровнома киритади.

Заруриятга кўра

5-босқич

Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаменти

Сўровномага асосан сўров ташаббускорини қизиқтирган маълумотларни ёзма ёки электрон шаклда юборади.

5 иш кунида

* Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ҳамда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ одам савдосига қарши курашишга доир фаолиятни амалга оширувчи ваколатли органлар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2021 й., 09/21/708/1084-сон; 29.04.2024 й., 09/24/239/0308-сон)