toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 05.07.2022
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ёки унинг яқин қариндошлари мол-мулкига унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 июлдаги 354-сонли «Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ва Миллий гвардиясининг шахсий таркиби ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
«Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳамда Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ёки унинг яқин қариндошлари мол-мулкига унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 38-моддасига мувофиқ Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ёки унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига хизмат мажбуриятларини бажариши туфайли етказилган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ ҳажмда қопланиши, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахслардан ундириб олиниши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ёки унинг яқин қариндошлари мол-мулкига унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масаласини кўриб чиқиш учун Миллий гвардия органларида комиссиялар ташкил этиш ва етказилган зарарни қоплаш бўйича келиб тушган билдиргиларини (аризаларни) кўриб чиқиш тартиби;
етказилган зарарни қоплаш бўйича тегишли ҳужжатларни ҳамда зарар ҳарбий хизматчи (ходим) хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилганлигини ўрганиш тартиби;
ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаси бўйича комиссия қарорини ҳарбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошларига етказиш;
етказилган зарарнинг ҳақиқий суммасини баҳолаш ташкилотини жалб қилган ҳолда, мол-мулкига зарар етказилган шахснинг иштирокида бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш тартиби;
етказилган зарарни қоплаш, у билан боғлиқ харажатларни бюджет маблағлари доирасида амалга ошириш ҳамда ушбу суммани кейинчалик айбдор шахслардан ундириб олиш тартиби.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия–иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 28 июль,
470-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 июлдаги 470-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ёки унинг яқин қариндошлари мол-мулкига унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси (кейинги ўринларда — Миллий гвардия) ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ёки унинг яқин қариндошлари мол-мулкига унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартибини белгилайди.
2. Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) (кейинги ўринларда — ҳарбий хизматчи (ходим)) ёки унинг яқин қариндошлари мол-мулкига етказилган зарарнинг (кейинги ўринларда — зарар) ўрни ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида етказилган тақдирдагина қопланади.
3. Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ёки унинг яқин қариндошлари мол-мулкига унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрни ушбу Низомга иловадаги схемага мувофиқ қопланади.
2-боб. Етказилган зарарни қоплаш масаласини кўриб чиқиш тартиби
4. Етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масаласини кўриб чиқиш учун Миллий гвардия органларида комиссиялар (кейинги ўринларда — Комиссия) тузилади.
Комиссиялар таркиби Миллий гвардия қўмондони томонидан тасдиқланади.
5. Ҳарбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошлари зарар ўрнини қоплаш учун Миллий гвардия органлари раҳбарига билдирги (ариза) билан мурожаат қилади.
6. Миллий гвардия органлари раҳбари зарарни ўрнини қоплаш тўғрисида билдирги (ариза) тушган кундан бошлаб бир кун ичида масалани ўрганиб чиқиш учун комиссияга тақдим этади.
7. Комиссия котиби зарарни қоплаш бўйича тегишли ҳужжатларни ҳамда зарар ҳарбий хизматчи (ходим) хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилганлигини ўрганиш натижаларини комиссия йиғилишида кўриб чиқиш учун тайёрлайди.
8. Комиссия зарарни ўрнини қоплаш тўғрисидаги масалани ўн кун ичида, қўшимча ҳужжатларни олиш (ўрганиш) талаб этилганда эса йигирма кун ичида кўриб чиқади ва натижаси бўйича қарор қабул қилади.
9. Ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаси бўйича зарар қопланиши ёки рад этилиши тўғрисида Комиссиянинг қарори қабул қилинади ва Комиссия раиси томонидан тасдиқланган баён билан расмийлаштирилади.
10. Комиссия қарори уч кун муддатда манфаатдор шахсларга — ҳарбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошларига етказилади.
11. Комиссия раиси ва аъзолари зарарни қоплаш бўйича тақдим этиладиган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги, қабул қилинган қарорнинг қонунийлиги ва тўғри қабул қилинганлигига масъул ҳисобланади.
3-боб. Етказилган зарарни қоплаш тартиби
12. Етказилган зарар ўрнини қоплаш бўйича Комиссиянинг тегишли қарор қабул қилингандан сўнг Миллий гвардия органлари томонидан ўн кун муддатда манфаатдор шахсларга — ҳарбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошларига етказилган зарар қоплаб берилади.
13. Етказилган зарарнинг ҳақиқий суммаси Миллий гвардия органлари томонидан баҳолаш ташкилотини жалб қилган ҳолда, мол-мулкига зарар етказилган шахснинг иштирокида аниқланади. Етказилган зарар суммаси зарарни қоплаш вақтида амал қилаётган бозор нархларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
14. Зарар миқдори нақд ёки пул ўтказиш йўли билан Миллий гвардия органларининг молия хизматлари томонидан амалга оширилади.
15. Зарарни қоплаш билан боғлиқ харажатлар Миллий гвардияга ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади, ушбу сумма кейинчалик айбдор шахслардан ундириб олинади.
4-боб. Етказилган зарарни айбдор шахслардан ундириш тартиби
16. Ҳарбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошларига етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ харажатлар айбдор шахсдан Миллий гвардия органлари томонидан регресс тартибида ундирилади.
17. Айбдор шахслардан ундирилган зарар суммаси Давлат бюджети даромадлари ҳисобига ўтказилади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
18. Зарарни қоплаш бўйича низо ва келишмовчиликлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
19. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ёки унинг яқин қариндошлари мол-мулкига унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг (ходимининг) ёки унинг яқин қариндошлари мол-мулкига унинг хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбир номи

Бажариш муддати


1-босқич

Ҳарбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошлари

Зарар ўрнини қоплаш учун Миллий гвардия органлари раҳбарига билдирги (ариза) билан мурожаат қилиш

Зарар етказилган вақтда



2-босқич


Миллий гвардия органлари раҳбари

Зарарни ўрнини қоплаш тўғрисида билдирги (ариза)ни ўрганиб чиқиш учун Комиссияга тақдим этиш

Бир кунда



3-босқич


Етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масаласини кўриб чиқиш бўйича комиссия котиби

Зарарни қоплаш бўйича тегишли ҳужжатларни ҳамда зарар ҳарбий хизматчи (ходим) хизмат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда етказилганлигини ўрганиш натижаларини Комиссия йиғилишида кўриб чиқиш учун тайёрлаш

Икки кунда




4-босқич

Етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масаласини кўриб чиқиш бўйича комиссия

1. Зарарни ўрнини қоплаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш ва натижаси бўйича қарор қабул қилиш.

2. Қарорни манфаатдор шахсларга — ҳарбий хизматчи (ходим) ёки унинг яқин қариндошларига етказиш.

Ўн кунда (қўшимча ҳужжатларни олиш талаб этилганда йигирма кунда)

Уч кунда








5-босқич


Миллий гвардия органлари

1. Етказилган зарарни манфаатдор шахсларга қоплаб бериш.

2. Етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ харажатларни айбдор шахсдан регресс тартибида ундириш.

Қарор қабул қилингандан сўнг ўн кунда

Қонунчиликда белгиланган тартибда




(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 09/21/470/0722-сон)