toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик соҳасини ҳар томонлама такомиллаштириш, бу соҳадаги муаммолар бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда мамлакатда суд экспертизаси назарияси ва амалиётини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини шакллантириш, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, суд-экспертлик соҳасини ўрта муддатда тизимли ислоҳ қилишнинг аниқ чора-тадбирларини белгилаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган концепцияси (кейинги ўринларда — Концепция) 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган концепцияси бўйича 2021 — 2023 йилларда амалга ошириладиган ишлар юзасидан «йўл харитаси» (кейинги ўринларда — «йўл харитаси») 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
суд экспертларининг холислиги ва мустақиллигини таъминлаш, соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани мунтазам такомиллаштириб бориш;
суд-экспертлик фаолиятини кенгайтириш ҳамда суд экспертизаларининг сифати ва ишончлилигини ошириш;
суд-экспертлик фаолиятида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, шу жумладан услубиёт ва регламентларни такомиллаштириш ҳамда соҳага фан ва техника ютуқларини жорий этиш;
суд-экспертлик фаолиятида кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда суд экспертларини тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш;
нодавлат суд экспертиза институтини ривожлантириш;
суд-экспертлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни таъминлаш ва ривожлантириш;
суд-экспертлик фаолиятининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.
3. Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган концепциясини амалга ошириш бўйича Кенгаш (кейинги ўринларда — Кенгаш) таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Кенгашга (Р.Қ. Давлетов):
суд экспертизаси соҳасидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни тизимли ҳал қилиш юзасидан идоралараро ҳамкорликни таъминлаш;
Концепция ва «йўл харитаси»ни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши бўйича идоралараро консультатив платформа сифатида хизмат қилиш;
Концепцияни амалга ошириш доирасида фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва илмий доиралар вакилларини кенг жалб этган ҳолда учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва пресс-конференциялар ташкил қилиш вазифалари юклансин.
5. Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва Олий суднинг Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази (кейинги ўринларда — Х. Сулаймонова маркази) тузилмасида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда 15 та штат бирлигидан иборат Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институтини (кейинги ўринларда — Институт) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Белгилансинки:
Институт штат бирликлари адлия органлари ва муассасаларининг 10 та ҳамда соғлиқни сақлаш органлари ва муассасаларининг 5 та штат бирликлари ҳисобидан шакллантирилади;
Институт фаолиятини молиялаштириш Х. Сулаймонова маркази маблағлари доирасида амалга оширилади.
6. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
суд экспертизаси соҳасида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;
давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига илмий-услубий кўмак бериш;
суд-экспертлик вазифаларини ҳал қилишнинг илмий асосларини такомиллаштириш ва ягона илмий-методик ёндашувларини ишлаб чиқиш;
суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари ва илмий ташкилотларга услубий ёрдам кўрсатиш;
суд-экспертлик фаолиятига фан ва техника ютуқларини жорий этиш бўйича чораларни кўриш;
суд экспертизаси соҳасидаги тизимли муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни ҳал этишга доир илмий асосланган таклифлар ва таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш;
ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судларнинг малакали суд экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини доимий равишда ўрганиш орқали суд экспертизасининг янги турлари ҳамда услубиётларини ишлаб чиқиш ва босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиш бўйича таклифлар киритиш;
суд экспертизаси соҳасига ривожланган ахборот технологиялари ва инновацияларни кенг жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
Адлия вазирлиги икки ой муддатда Институт фаолиятини ташкил этиш ва унга юклатилган вазифаларни бажариш юзасидан чора-тадбирлар режасини ўз ичига қамраб олган қарор лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:
давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга кўра шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ, суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқот ўтказиш ҳуқуқи берилсин. Бунда, тадқиқот натижаларига кўра мутахассис фикри тақдим этилади;
иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий иш юритишда адвокатга судга қадар тайёргарлик ва суд жараёнида эксперт хулосасини суд муҳокамасида тақдим этиш ҳуқуқи асосида давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларида шартнома асосида адвокат сўровига кўра экспертиза ўтказиш ташаббуси билан чиқишга рухсат берилсин;
нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари экспертларининг касбий малакасини аниқлаш ҳамда уларнинг мунтазам равишда билим ва кўникмаларини ошириб боришни таъминлаш мақсадида уларни ҳар уч йилда бир маротаба аттестациядан ўтказиш механизми жорий қилинсин;
б) 2022 йил 1 мартдан бошлаб суд экспертлари ва экспертиза тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш жараёнларини комплекс автоматлаштириш, аҳолига ва ваколатли органларга суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотларни етказиш, экспертиза ҳаракатларини амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган «E-ekspertiza» ягона электрон ахборот тизими ишга туширилсин.
Адлия вазирлиги икки ой муддатда:
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин бўлган суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқотлар рўйхатини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда «E-ekspertiza» ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш чора-тадбирлари режасини тасдиқласин.
8. Белгилаб қўйилсинки:
суд-экспертиза соҳасида кадрларни тайёрлаш олий таълим муассасаларида дуал таълим принципига мувофиқ, бакалавриат ёки магистратура босқичларида таълим олаётган даврда шартнома асосида тегишли экспертиза турлари бўйича камида олти ойлик экспертлар тайёрлаш курсларида (кейинги ўринларда — тайёрлаш курслари) амалга оширилиши мумкин;
тайёрлаш курслари олий таълим муассасалари ва давлат суд-экспертиза муассасалари билан тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади;
тайёрлаш курслари татбиқ этилган олий таълим муассасаларида таълим стандарти, ўқув режаси, ўқув дастур (модул)лари, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиёти дастурларидан иборат ҳужжатлар олий таълим муассасаси ва давлат суд экспертиза муассасаси ўртасида тасдиқланади;
тайёрлаш курслари натижаларига кўра тегишли суд-экспертиза фаолияти билан шуғулланиш учун сертификат берилади. Бунда, сертификат эгалари нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ёки давлат суд-экспертиза муассасаларида фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлади.
Адлия вазирлиги икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда экспертлар тайёрлаш курсларини ташкил этиш тартибини тасдиқласин.
9. Судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг малакали экспертиза тадқиқотларига бўлган эҳтиёжларини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда 2021 — 2025 йилларда жорий этиладиган экспертиза ва тадқиқот турлари рўйхати 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
10. Адлия вазирлигига нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш борасида қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:
нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертлари томонидан ўтказиладиган суд экспертизаларининг мураккаблик даражасини аниқлаш, суд экспертизаларининг мураккаблик даражасига қараб уларни амалга ошириш муддатларини ҳисоблаш тартибини, суд экспертлари юкламаларининг нормативларини белгилаш ва уларга риоя этилиши юзасидан назорат олиб бориш;
нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари, уларнинг суд экспертлари ва суд-экспертлик тадқиқотлари услубларининг давлат реестрларини юритиш;
нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан ўтказиладиган ҳар бир суд-экспертиза турлари бўйича моддий-техника базасининг жиҳозланишига қўйиладиган минимал талабларни тасдиқлаш;
нодавлат суд экспертларини аттестациядан ўтказиш ҳамда суд эксперти касб этикаси қоидаларини белгилаш ва уларга риоя этилиши юзасидан назорат олиб бориш.
Ушбу бандда қайд этилган вазифаларни амалга ошириш учун Адлия вазирлиги марказий аппаратида адлия органлари ва муассасаларининг бошқарув ходимлари чекланган сони доирасида 3 та штат бирлигидан иборат Суд-экспертлик фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ташкил этилсин.
11. Адлия вазирлиги Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда 2021 йил 1 августдан бошлаб давлат суд-экспертизаси муассасаларининг фойдаланилмайдиган биноларини (корпусларини) суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириш шарти билан хусусий шерикларга ижарага тақдим этиш тизими жорий этилишини таъминласин.
12. Адлия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил қилинсин.
Қуйидагилар:
а) Жамғарма маблағларини шакллантиришнинг асосий манбалари этиб:
Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ва улар тизимидаги ташкилотларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига тушадиган тушумнинг 1 фоизи миқдоридаги ажратмалар;
давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ ўтказиладиган суд-экспертиза тадқиқотлари учун олинган тўловларнинг 5 фоизи;
хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак воситалари ва грантлари;
Жамғарманинг бўш маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин;
б) Жамғарма маблағлари сарфланадиган йўналишлар этиб:
«E-ekspertiza» ягона электрон ахборот тизимини жорий этиш, фойдаланиш ва техник қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;
нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари билан давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштириш;
нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига субсидиялар ажратиш;
суд экспертиза соҳасидаги илмий тадқиқотларга кўмаклашиш, суд экспертизасининг янги турлари ва тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш учун грантлар ажратиш;
суд экспертларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини амалга ошириш;
суд-экспертлик фаолиятига илғор фан ва техника ютуқларини жорий этиш;
давлат суд-экспертиза муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш белгилансин.
13. Давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари 2023 йил 1 июнга қадар уларнинг фаолиятини таъминлаш учун ўхшаши Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, четдан олиб келинадиган асбоб-ускуналар, махсус жиҳозланган автотранспорт воситалари, дастурий таъминотлар, реактивлар, реагентлар ва сарфлаш материаллари ҳамда фойдаланишда бўлган асбоб-ускуналарнинг эҳтиёт қисмлари учун божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.
14. Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб суд экспертларига нисбатан қуйидаги қўллаб-қувватлаш чораларини татбиқ этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:
суд экспертизасининг муайян тури бўйича узлуксиз равишда камида сўнгги уч йил давомида суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириб келаётган давлат суд экспертлари ушбу ихтисослик бўйича қайта тайёрлашдан ўтмасдан, нодавлат суд эксперти сертификатини олиш учун якуний имтиҳон топширишга ҳақли бўлади;
давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг суд экспертлари баҳолаш йўналишидаги суд экспертизаси турларини амалга оширишда суд экспертизаларини ўтказиш ҳуқуқини берувчи тегишли гувоҳнома ва сертификатга эга бўлганда, улардан баҳоловчининг малака сертификати талаб қилинмайди;
давлат ташкилотларидаги илмий, илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи илмий даражага эга ходимларга қўшимча ҳақ тўлашга доир рағбатлантириш шартлари давлат суд-экспертиза муассасаларининг ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этилади;
нодавлат суд экспертларининг ўз касбий мажбуриятларини бузиши оқибатида етказиладиган зарардан жисмоний ва юридик шахсларни ҳимоя қилиш мақсадида, нодавлат суд-экспертиза ташкилоти суд экспертларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тартиби жорий этилади.
Адлия вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда нодавлат суд экспертларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тартиби юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.
15. Адлия вазирлиги:
уч ой муддатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ҳудудий бўлинмалари эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга янада қулайликлар яратиш мақсадида Х. Сулаймонова марказининг ҳудудий бўлимларида экспертиза тадқиқотларининг қўшимча турларини Жамғарма маблағлари ҳисобидан жорий қилишга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин. Бунда, Фарғона, Термиз, Урганч шаҳарларида Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ҳамда Самарқанд шаҳрида Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ва Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияларини босқичма-босқич ташкил қилишни назарда тутсин;
2021 йил 1 октябрга қадар «Ўзбекистон суд-экспертизаси» электрон илмий журналини чоп этиш чораларини кўрсин;
2022 йил 1 январга қадар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, илмий жамоатчилик ва ушбу соҳа вакиллари ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда давлат суд-экспертиза муассасаларини босқичма-босқич марказлаштириш орқали молиявий харажатларни оптималлаштириш масаласини ҳар томонлама чуқур таҳлил қилган ҳолда ўрганиб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;
2022 йил 1 апрелга қадар Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳририни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
суд экспертларининг касбий билим ва малакасини оширишда хорижий суд-экспертиза ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтирган ҳолда ҳар йили камида 10 нафар суд экспертининг Жамғарма маблағлари ва грантлар ҳисобидан хорижий давлатларда малака ошириши ва стажировка ўташини йўлга қўйсин;
икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 5-иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.
17. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб адлия вазири Р.К. Давлетов ва адлия вазири ўринбосари А.Д. Ташкулов белгилансин.
Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Д.Б. Кадиров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2021 йил 5 июль,
ПФ-6256-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 июлдаги ПФ-6256-сон Фармонига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган
КОНЦЕПЦИЯСИ
1-боб. Умумий қоидалар
Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантириш Концепцияси (кейинги ўринларда — Концепция) мамлакатимизда суд-экспертиза соҳасини ривожлантиришнинг яқин ва узоқ муддатли истиқболларини белгилашга қаратилган.
Халқаро нормалар ва стандартлар талабларини ҳисобга олган ҳолда судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг малакали суд-экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини қондириш, суд-экспертлик фаолиятини тизимли равишда такомиллаштириб бориш, барқарор ва илмий талабга жавоб берадиган суд экспертизаси тизимини шакллантириш, суд жараёнларида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда суд экспертларининг холислиги ва мустақиллигини таъминлаш Концепциянинг асосий мақсади ҳисобланади.
Концепция соҳа фаолиятини ривожлантиришга оид дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади.
2-боб. Суд-экспертлик тизимининг жорий ҳолати ва мавжуд муаммолар
Мамлакатимизда суд-экспертлик фаолиятини жадал ривожлантириш, соҳада фан ва техника ютуқларининг замонавий усулларини жорий этиш борасида қатор изчил чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Сўнгги икки йил ичида суд экспертизаси соҳасида 34 та илмий-тадқиқот ишлари ўтказилди, 29 та янги илмий услубиётлар ишлаб чиқилди, 8 та янги суд-экспертлик турлари жорий этилди.
Бугунги кунда 6 та давлат муассасаси, шунингдек, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан 55 турдаги суд-экспертиза тадқиқот ишлари амалга оширилиб келинмоқда.
Нодавлат суд-экспертиза муассасаларини ташкил этиш, экспертларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди.
Суд экспертларининг малакасини ошириш курслари ташкил этилди. Суд экспертларини масофавий ўқитиш шакли жорий этилди.
397 нафар суд экспертларининг малакаси ва ҳуқуқий билимини ошириш таъминланди.
Шу билан бирга, яқин келажакда суд-экспертлик соҳасида ҳал этилиши зарур бўлган қуйидаги асосий муаммолар сақланиб қолмоқда:
биринчидан, суд-экспертлик фаолиятининг ташкилий ҳамда илмий-услубий жиҳатдан марказлашмаганлиги муайян бир экспертиза тури бўйича турли ёндашувлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда;
иккинчидан, суд-экспертиза тадқиқотларини терговга қадар текширув, суриштирув ва терговни амалга оширувчи органлар ҳузуридаги суд экспертизаси муассасалари томонидан амалга оширилиши суд экспертининг мустақиллигини ҳамда текширишларнинг холислиги каби принципларига жавоб бермайди;
учинчидан, суд-экспертиза соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини олиб борадиган, ушбу йўналишдаги муаммоларни доимий равишда таҳлил қилган ҳолда соҳани замон талабларига мос равишда такомиллаштириш вазифасини бажарадиган профессионал илмий-тадқиқот муассасаси мавжуд эмас;
тўртинчидан, нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими ҳамда уларга услубий кўмаклашиш механизмлари яратилмаган;
бешинчидан, суд экспертларининг касбий билим ва кўникмаларини ошириб бориши учун етарлича имкониятлар яратилмаганлиги ҳамда уларни хорижий давлатларга малака ошириш ва стажировка ўташ учун грант маблағлари ажратилмаслиги ушбу соҳани юқори малакали кадрлар билан таъминлашга тўсқинлик қилмоқда;
олтинчидан, суд-экспертлик фаолиятига фан ва техника ютуқларини жорий этиш бўйича етарли чоралар кўрилмаяпти, ушбу соҳадаги тизимли муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни ҳал этишга доир илмий асосланган таклифлар ва таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш суст аҳволда қолмоқда;
еттинчидан, суд-экспертиза муассасалари ходимларини моддий-ижтимоий рағбатлантириш механизмларининг такомиллаштирилмаганлиги олиб борилаётган тадқиқотлар самарадорлигини ошириш ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, виждонли ва юқори малакали кадрларни жалб қилиш имконини бермайди.
3-боб. Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари
Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари қуйидагилардан иборат:
суд экспертларининг холислиги ва мустақиллигини таъминлаш, соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириб бориш;
суд-экспертлик амалиётини кенгайтириш ҳамда суд экспертизаларининг сифати ва ишончлилигини ошириш;
суд-экспертлик фаолиятида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, шу жумладан услубиёт ва регламентларни такомиллаштириш ҳамда соҳага фан ва техника ютуқларини жорий этиш;
суд-экспертлик фаолиятида кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда суд экспертларини тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш;
нодавлат суд-экспертиза институтини ривожлантириш;
суд-экспертлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни таъминлаш ва ривожлантириш;
суд-экспертлик фаолиятининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.
4-боб. Суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш механизмлари
1-§. Суд экспертларининг холислиги ва мустақиллигини таъминлаш, соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириб бориш
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонунининг янги таҳририни ишлаб чиқиш:
нодавлат суд-экспертлик ташкилотларининг мақоми, уларга қўйиладиган талаблар, улар томонидан суд экспертизалари ва тадқиқотларини ўтказиш тартиб-таомили ҳамда иш регламентларини белгилаш;
нодавлат суд-экспертлик фаолиятини методик таъминлаш ҳамда тартибга солиш механизмини жорий этиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан экспертлар томонидан мутахассис фикрини бериш;
махсус ваколатли органнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш;
қайта экспертиза ўтказиш ваколати бериладиган экспертлар реестрини юритиш тизимини жорий этиш ва унга киритишга доир талабларни белгилаш;
суд экспертлари томонидан қасамёд қабул қилиш;
суд экспертизаси фаолиятининг янада ишончлилигини ошириш мақсадида аккредитация ва валидация институтларини жорий этиш.
2. Суд-экспертлик касбининг мустақиллиги, шунингдек, улар фаолиятининг кафолатларини ҳуқуқий таъминлаш соҳасида миллий қонунчиликни халқаро норма ва талабларга изчил равишда мувофиқлаштириш.
3. Ўзбекистонда ягона суд-экспертиза тизимини яратишга доир таклифлар ишлаб чиқиш.
4. Процессуал қонунчилик ҳужжатларига нодавлат суд экспертларининг суриштирув, дастлабки тергов ва суд иш юритувидаги иштироки ҳамда улар ваколатини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш.
5. Суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятида давлат-хусусий шериклик тамойилларини кенг татбиқ қилиш.
6. Адвокатнинг сўровига асосан шартнома асосида давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига экспертиза тайинлаш ва экспертиза хулосасини олиш ваколатларини белгилаш.
7. Суд экспертлари фаолиятига аралашиш ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик чораларини белгилаш.
8. Қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган давлат ва нодавлат суд экспертларига нисбатан таъсир чоралари қўллашнинг аниқ мезон ва механизмларини белгилаш.
9. Суд экспертларининг ноқонуний ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолатларнинг адолатли ва холис кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида Малака комиссияси фаолиятини ташкил этиш.
2-§. Суд-экспертлик амалиётини кенгайтириш ҳамда суд экспертизаларининг сифати ва ишончлилигини ошириш
1. Суд-экспертиза муассасаларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг малакали суд экспертизаси хулосаларига бўлган эҳтиёжларини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини, шунингдек, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда суд экспертизасининг янги турларини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш.
2. Суд экспертизасининг янги турларини жорий қилиш бўйича грантлар ажратиш.
3. Давлат суд-экспертиза муассасалари тузилмасини, шу жумладан республика минтақаларида ривожлантириш.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг (кейинги ўринларда — РСЭМ) ҳудудий бўлимларида жойлардаги зарур эҳтиёжлар ҳамда мавжуд имкониятларни ҳисобга олган ҳолда экспертиза тадқиқотларининг қўшимча турларини жорий қилиш. Шу жумладан, Фарғона, Термиз, Урганч шаҳарларида Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ҳамда Самарқанд шаҳрида Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ҳамда Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияларини босқичма-босқич ташкил қилиш.
5. Суд экспертлари ва экспертиза тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш жараёнларини комплекс автоматлаштириш ҳамда экспертиза ҳаракатларини амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган «E-ekspertiza» ягона ахборот тизимини жорий этиш (интеграция қилиш).
6. Эксперт хулосаларининг халқаро миқёсда тан олиниши ва қўлланилишини таъминлаш мақсадида давлат суд-экспертиза муассасалари лабораторияларининг халқаро илмий-техник талабларга мослигини таъминлаган ҳолда уларни халқаро аккредитациядан ўтказиш.
7. Суд экспертларининг фаолиятини касбий лаёқатлилиги, ўтказилган суд экспертизаларининг сифати ва бошқа мезонларга асосан рейтинг тизимида баҳолаб бориш.
8. Суд экспертларининг ягона реестрини юритиш орқали улар фаолиятига оид электрон маълумотлар базасини шакллантириш.
9. Суд-экспертлик соҳасига замонавий ахборот технологиялари ва инновацияларни кенг жорий қилиш, шу жумладан аҳолига суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотларни етказишга қаратилган суд-экспертиза ахборот порталини яратиш.
10. Илмий фаолият билан шуғулланувчи муассасаларга ўз фаолият йўналишлари бўйича суд-экспертлик тадқиқотларини ўтказиш ҳуқуқини бериш.
3-§. Суд-экспертлик фаолияти соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, шу жумладан услубиёт ва регламентларни такомиллаштириш ҳамда соҳага фан ва техника ютуқларини жорий этиш
1. Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш.
2. РСЭМда суд экспертизаси мутахассислиги бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини бериш бўйича алоҳида Кенгаш фаолиятини йўлга қўйиш.
3. Суд-экспертлик вазифаларини ҳал қилишнинг илмий асосларини янада такомиллаштириш ва ягона илмий-методик ёндашувларини ишлаб чиқиш.
4. Давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан судларга ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга методик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан улар учун суд экспертизаларини тайинлаш ва улардан фойдаланиш масалалари бўйича амалий қўлланмалар ва бошқа адабиётлар нашр қилиш.
5. Адлия органлари томонидан аниқ иш режа асосида суд-экспертлик соҳасидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни тизимли ҳал қилиш юзасидан аниқ, чуқур, илмий асосланган таклифлар ҳамда таъсирчан механизмларни ишлаб чиқиш чораларини кўриш.
6. Суд-экспертлик соҳасидаги мавжуд услубиётларни танқидий кўриб чиқиш орқали уларни халқаро стандартларга ва талабларга мослаштириш.
7. Суд-экспертлик фаолиятининг долзарб муаммоларини тадқиқ қилиш бўйича аниқ режа-график асосида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар, дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш.
8. Суд экспертизаси ва криминалистика соҳасида янги авлод дарсликларини хорижий олимлар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда тайёрлаш.
9. Суд экспертизаси ва криминалистика атамаларига оид луғат яратиш.
10. «Ўзбекистон суд-экспертизаси» электрон илмий журналини ташкил этиш.
11. Оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахслар, жиноятчилар қолдирган биологик излар, таниб олинмаган мурдалар, бедарак йўқолган шахслар бўйича геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасини яратишга доир комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.
4-§. Суд-экспертлик фаолиятида кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда суд экспертларини тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш
1. Суд-экспертиза соҳасида кадрлар тайёрлашни олий таълим муассасаларида дуал таълим принципига мувофиқ, бакалавр ёки магистратура босқичларида таълим олаётган даврда шартнома асосида тегишли экспертиза турлари бўйича камида олти ойлик экспертлар тайёрлаш курсларида амалга оширилишини йўлга қўйиш.
2. РСЭМда профессор-ўқитувчилар доимий фаолият юритадиган ўқув кафедраларини ташкил қилиш орқали экспертларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини ошириш.
3. Соҳага инновацион ўқитиш услублари ва шаклларини кенг жорий этиш орқали давлат ва нодавлат суд экспертларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш сифатини такомиллаштириш, шунингдек, суд экспертларини кредит-модуль тизими асосида малакасини ошириш.
4. Суд экспертларини ишдан ажралмаган ҳолда уларнинг иш жойида касбий малакасини ошириш тизимини жорий қилиш.
5. Суд экспертларининг касбий билим ва малакасини оширишда хорижий суд-экспертлик ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, бунда ҳар йили камида 10 нафар суд экспертининг грант маблағлари ҳисобидан хорижий давлатларда малака ошириши ва стажировка ўташини йўлга қўйиш.
6. Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ҳамда суд ходимлари учун суд экспертизаларини ўтказишга зарур бўлган тадқиқот объектларини йиғиш, сақлаш ва тақдим этиш усуллари тўғрисида доимий равишда манзилли ўқув семинарлар (вебинарлар)ни ташкил қилиб бориш.
7. Малака ошириш жараёнларига хорижий давлатларнинг суд-экспертиза соҳасидаги мутахассисларини маърузачи ва ўқитувчи сифатида кенг жалб этиш.
8. Суд-экспертлик соҳасида илмий фаолият билан шуғулланувчи шахсларнинг экспертлик касбига киришиш жараёнини соддалаштириш.
9. Экспертиза муассасаларида кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, ходимлар томонидан доимий равишда ўз касбий ва илмий салоҳиятини ошириб боришини қўллаб-қувватлаш мақсадида илмий даражага эга бўлган кадрлар учун тегишли шарт-шароитлар яратиш ҳамда турли имтиёз ва молиявий имкониятлар бериш.
10. Экспертиза муассасаларига илмий муассаса мақомини бериш.
5-§. Нодавлат суд-экспертиза институтини ривожлантириш
1. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ва хусусий экспертларнинг бирлашмасини ташкил қилиш.
2. Адлия органларининг нодавлат суд экспертлари фаолиятини тартибга солиш, уларнинг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этишга кўмаклашишга доир вазифаларини белгилаш.
3. Нодавлат суд экспертларининг касбий лаёқатлилиги ҳамда ўтказилган суд экспертизаларининг сифатини мониторинг қилиб бориш.
4. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилаш.
5. Суд экспертларига суд экспертизасининг муайян тури бўйича қайта тайёрлаш курсларидан ўтмасдан якуний имтиҳон топшириш ҳуқуқини берувчи суд-экспертлик фаолиятини узлуксиз равишда амалга ошириш муддатини 10 йилдан 3 йилга қисқартириш.
6. Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти штатида унинг раҳбаридан ташқари бир хил ёки турли хил суд экспертизаси йўналиши бўйича суд эксперти сертификатига эга камида икки нафар суд эксперти бўлиши лозимлиги талабини бекор қилиш.
7. Якка тартибда нодавлат суд-экспертлик фаолияти билан шуғулланувчи хусусий экспертлар институтини жорий этиш.
8. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан ўтказилишига рухсат берилган суд экспертизалари турларининг рўйхатини кенгайтириш.
6-§. Суд-экспертлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш
1. Суд-экспертиза муассасаларининг Осиё тармоғи (Азиатская сеть учреждений судебной экспертизы (Asian Forensic Sciences Network — AFSN)га аъзо бўлиш.
2. Суд-экспертлик фаолиятининг энг долзарб муаммолари таҳлили асосида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар, дастурлар ва лойиҳаларни, шу жумладан миллий, хорижий ва халқаро грантларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш дастурини ишлаб чиқиш.
3. Хорижий етакчи суд-экспертиза, илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотлар билан халқаро ҳужжатлар тузиш, қўшма дастурларни амалга ошириш.
4. Халқаро экспертлар иштирокида мамлакатимиз суд экспертлари учун хорижий амалиёт, семинар ва ўқув курсларини ташкил этиш ишларини кучайтириш.
5. Ўзбекистон Республикаси суд-экспертиза муассасалари ва ташкилотлари томонидан хорижий ташкилот ва чет эл фуқаролари учун суд-экспертиза имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадида уларга хизмат кўрсатиш тартибини ишлаб чиқиш.
6. Суд экспертларининг халқаро илмий-амалий анжуманларда, жумладан Жаҳон суд экспертлари ассоциацияси (IAFS) шафелигида ўтказиладиган халқаро тадбирларда мунтазам иштирок этишини ташкил қилиш.
7. Суд-экспертиза муассасалари фаолиятига давлатлараро ва халқаро стандартларни жорий қилиш мақсадида техник қўмита ташкил қилиш, давлатлараро ҳамда халқаро техник қўмиталарга аъзо бўлиш ва улар фаолияти иштирокини таъминлаш.
7-§. Суд-экспертлик фаолиятининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш
1. Давлат суд-экспертиза муассасаларини ISO/IEC 17025 халқаро стандарт талабларига жавоб берадиган бино ва иншоотлар билан таъминлаш.
2. Дастурий таъминотлар, реактивлар, реагентлар, сарфлаш материаллари ҳамда асбоб-ускуналар ва жиҳозлар хариди бўйича йиллик дастурни амалга ошириш.
3. Давлат суд-экспертиза ташкилотларини ўрнатилган тартибда юқори тезликдаги Интернет тармоғига улашни таъминлаш.
4. Пуллик хизматларни кўпайтириш орқали суд экспертларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш.
5. Экспертиза тадқиқотларини сифатли ва белгиланган муддатларда ўтказиш мақсадида кўчма лабораториялар билан жиҳозлаш.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонуни.
6. Ер участкалари ажратиш орқали давлат-хусусий шериклик асосида давлат суд-экспертиза муассасалари ходимларининг уй-жой шароитларини яхшилаш.
5-боб. Концепцияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар
Концепциянинг амалга оширилиши қуйидаги натижаларга олиб келади:
суд экспертлари мустақиллигини таъминлаш чоралари кўрилади;
жисмоний ва юридик шахсларнинг суд-экспертиза тизимига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга эришилади;
мамлакатда суд экспертизаси назарияси ва амалиётини ривожлантиришга эришилади;
давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари моддий-техника базаси мустаҳкамланади, соҳага давлат-хусусий шериклик тамойиллари кенг татбиқ этилади;
суд экспертизаси соҳасида илмий-тадқиқот, экспертлик ишлари янада ривожланади, соҳа фаолиятига фан ва техника ютуқлари жорий этилади;
суд экспертларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими янада такомиллашади;
суд экспертизаси тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилади ва халқаро нормаларга мувофиқлаштирилади;
суд-экспертлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорлик ривожланади;
Ўзбекистоннинг халқаро нуфузли рейтинг ва индексларда, жумладан, Ҳуқуқ устуворлиги индекси (The Rule of Law Index) ва Коррупцияни қабул қилиш индекси (The Corruption Perceptions Index)даги кўрсаткичлари самарадорлиги ошади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 июлдаги ПФ-6256-сон Фармонига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган концепцияси бўйича 2021 — 2023 йилларда амалга ошириладиган ишлар юзасидан
«ЙЎЛ ХАРИТАСИ»

Т/р

Тадбирлар номи

Амалга ошириш шакли

Ижро муддати

Масъул ижрочилар

I. Суд экспертларининг холислиги ва мустақиллигини таъминлаш, соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш

1.

Қуйидагиларни назарда тутувчи «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш:

суд экспертларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларини такомиллаштириш;

нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг мақоми, уларга қўйиладиган талаблар, улар томонидан суд экспертизалари ва тадқиқотларини ўтказиш тартиб-таомили ҳамда иш регламентларини белгилаш;

нодавлат суд-экспертлик фаолиятини методик таъминлаш ҳамда тартибга солиш механизмини жорий этиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига асосан экспертлар томонидан бериладиган мутахассис фикрини бериш;

қайта экспертиза ўтказиш ваколати бериладиган экспертлар реестрини юритиш тизимини жорий этиш ва унга киритишга доир талабларни белгилаш;

махсус ваколатли органнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш;

суд экспертлари томонидан қасамёд қабул қилиш ва касб-этика қоидаларини белгилаш;

суд-экспертлик фаолиятининг янада ишончлилигини ошириш мақсадида аккредитация ва валидация институтларини жорий этиш.

Қонун лойиҳаси

2022 йил апрель

Адлия вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ, ДХХ, ЭТРМ, Адвокатлар палатаси, манфаатдор вазирликлар ва идоралар

2.

Процессуал қонунчилик ҳужжатларига нодавлат суд-экспертларининг суриштирув, дастлабки тергов ва суд иш юритувидаги иштироки ҳамда улар ваколатини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш.

Қонун лойиҳаси

2021 йил октябрь

Адлия вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ, ДХХ, ЭТРМ

3.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ ўтказилиши мумкин бўлган суд экспертизаси турлари бўйича тадқиқотлар рўйхатини тасдиқлаш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2021 йил август

Адлия вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар

4.

Адвокатнинг сўровига асосан шартнома асосида давлат ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига экспертиза тайинлаш ва экспертиза хулосасини олиш ваколатларини белгилаш.

Қонун лойиҳаси

2021 йил август

Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ, ДХХ, ЭТРМ

5.

Қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган давлат ва нодавлат суд экспертларига нисбатан таъсир чоралари қўллашнинг аниқ мезон ва механизмларини белгилаш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2021 йил ноябрь

Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ИИВ, ДХХ, Олий суд, Бош прокуратура, ЭТРМ

6.

Суд экспертларининг ноқонуний ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолатларнинг адолатли ва холис кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида Малака комиссияси фаолиятини ташкил этиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2021 йил ноябрь

Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ИИВ, Олий суд, Бош прокуратура, ЭТРМ

II. Суд-экспертлик амалиётини кенгайтириш ҳамда суд экспертизаларининг сифати ва ишончлилигини ошириш

7.

Суд-экспертиза муассасаларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг малакали суд-экспертиза хулосаларига бўлган эҳтиёжларини ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини, шунингдек, илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда суд экспертизасининг янги турларини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш.

Ташкилий чоралар

2021 — 2023 йиллар

Адлия вазирлиги, Фанлар академияси, ИИВ, Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЭТРМ, манфаатдор вазирлик ва идоралар

8.

Суд экспертизанинг янги турларини жорий қилиш бўйича грантлар ажратиш.

Ташкилий чоралар

2021 — 2023 йиллар

Инновацион ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги

9.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказининг (кейинги ўринларда — РСЭМ) ҳудудий бўлимларида жойлардаги зарур эҳтиёжлар ҳамда мавжуд имкониятларни ҳисобга олган ҳолда экспертиза тадқиқотларининг қўшимча турларини жорий қилиш. Шу жумладан, Фарғона, Термиз, Урганч шаҳарларида Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ҳамда Самарқанд шаҳрида Одам ДНКси суд-биологик экспертизаси ҳамда Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияларини босқичма-босқич ташкил қилиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2021 йил сентябрь

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фанлар академияси

10.

Суд экспертлари ва экспертиза тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш жараёнларини комплекс автоматлаштириш ҳамда экспертиза ҳаракатларни амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган «E-ekspertiza» ягона ахборот тизимини жорий этиш (интеграция қилиш).

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2022 йил март

Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, ИИВ, ЭТРМ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, манфаатдор вазирлик ва идоралар

11.

Эксперт хулосаларини халқаро миқёсда тан олиниши ва қўлланилишини таъминлаш мақсадида давлат суд-экспертиза муассасалари лабораторияларининг халқаро илмий-техник талабларга мослигини таъминлаган ҳолда уларни халқаро аккредитациядан ўтказиш.

Чора-тадбирлар дастури

2021 — 2023 йиллар

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги

12.

Суд экспертларининг фаолиятини касбий лаёқатлилиги, ўтказилган суд экспертизаларининг сифати ва бошқа мезонларга асосан рейтинг тизимида баҳолаб бориш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2022 йил май

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ДХХ, Мудофаа вазирлиги, ЭТРМ

13.

Суд экспертларининг ягона реестрини юритиш орқали улар фаолиятига оид электрон маълумотлар базасини шакллантириш.

Ташкилий чоралар

2021-2022 йиллар

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ДХХ, Мудофаа вазирлиги, ЭТРМ

14.

Суд-экспертлик соҳасига замонавий ахборот технологиялари ва инновацияларни кенг жорий қилиш, шу жумладан аҳолига суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотларни етказишга қаратилган суд-экспертиза ахборот порталини яратиш.

Ташкилий чоралар

2021-2022 йиллар

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЭТРМ

15.

Илмий фаолият билан шуғулланувчи муассасаларга ўз фаолият йўналишлари бўйича суд-экспертлик тадқиқотларини ўтказиш ҳуқуқини бериш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2022 йил май

Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ, ДХХ, ЭТРМ

III. Суд-экспертлик хизматининг илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, шу жумладан услубиёт ва регламентларини такомиллаштириш ҳамда соҳага фан ва техника ютуқларини жорий этиш

16.

Суд-экспертлик илмий-тадқиқот институтини ташкил қилиш бўйича чора-тадбирларни белгилаш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2021 йил август

Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ, ДХХ, ЭТРМ, манфаатдор вазирлик ва идоралар

17.

Суд-экспертлик соҳасида мавжуд услубий қўлланмаларни танқидий кўриб чиқиш ва амалиётни уйғунлаштириш мақсадида тизимлаштириш.

Чора-тадбирлар дастури

2021 — 2023 йиллар

Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, ДХХ

18.

РСЭМда суд экспертизаси мутахассислиги бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражаларини бериш бўйича алоҳида Кенгаш фаолиятини йўлга қўйиш.

Ташкилий-чора тадбирлар

2022 йил апрель

Адлия вазирлиги, ОАК, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЭТРМ

19.

Суд-экспертлик вазифаларини ҳал қилишнинг илмий асосларини янада такомиллаштириш ва ягона илмий-методик ёндашувларини ишлаб чиқиш.

Ташкилий-чора тадбирлар

дастур асосида 2021-2022 йиллар

Адлия вазирлиги, ОАК, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги

20.

Давлат суд-экспертиза муассасалари томонидан судларга ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига методик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан улар учун суд экспертизаларини тайинлаш ва улардан фойдаланиш масалалари бўйича амалий қўлланмалар ва бошқа адабиётлар нашр қилиш.

Ташкилий-чора тадбирлар

дастур асосида 2021-2022 йиллар

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ДХХ, ЭТРМ

21.

Адлия органлари томонидан аниқ иш режа асосида суд-экспертлик соҳасидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни тизимли ҳал қилиш юзасидан аниқ, чуқур, илмий асосланган таклифлар ҳамда таъсирчан механизмлар ишлаб чиқиш чораларини кўриш.

Ташкилий-чора тадбирлар

дастур асосида 2021-2022 йиллар

Адлия вазирлиги

22.

Суд-экспертлик соҳасидаги мавжуд услубиётларни танқидий кўриб чиқиш орқали халқаро стандартларга ва талабларга мослаштириш.

Чора-тадбирлар дастури

дастур асосида 2021-2022 йиллар

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ДХХ, ЭТРМ, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги

23.

Суд-экспертлик фаолиятининг долзарб муаммоларини тадқиқ қилиш бўйича аниқ режа-график асосида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар, дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш.

Чора-тадбирлар дастури

дастур асосида 2021 — 2023 йиллар

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фанлар Академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги

24.

Суд экспертизаси ва криминалистика соҳасида янги авлод дарсликларини олимлар ва мутахассисларни, шу жумладан хорижий олимларни жалб этган ҳолда тайёрлаш.

Ташкилий чора-тадбирлар

дастур асосида 2021-2022 йиллар

ТДЮУ, ИИВ Академияси, Бош прокуратура Академияси

25.

Суд экспертизаси ва криминалистика атамаларига оид луғат яратиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2021 йил декабрь

ТДЮУ, ИИВ Академияси, Бош прокуратура Академияси

26.

«Ўзбекистон суд-экспертизаси» электрон илмий журналини ташкил этиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2021 йил октябрь

РСЭМ, ТДЮУ, ИИВ Академияси, Бош прокуратура Академияси

27.

Оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахслар, жиноятчилар қолдирган биологик излар, таниб олинмаган мурдалар, бедарак йўқолган шахслар бўйича геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасини яратишга доир ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш.

Ташкилий чора-тадбирлар

дастур асосида 2021 — 2023 йиллар

ИИВ, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, ДХХ

IV. Суд-экспертлик хизматининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда суд экспертларни тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш

28.

Суд-экспертиза соҳасида кадрларни тайёрлашда олий таълим муассасаларида дуал таълим принципига мувофиқ бакалавр ёки магистратура босқичларида таълим олаётган даврда шартнома асосида тегишли экспертиза турлари бўйича камида олти ойлик экспертлар тайёрлаш курсларида амалга оширишни йўлга қўйиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2021 йил август

Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ, ДХХ, ЭТРМ

29.

РСЭМда профессор-ўқитувчилар доимий фаолият юритадиган ўқув кафедраларини ташкил қилиш орқали экспертларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш сифатини яхшилаш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2022 йил июль

Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ

30.

Соҳага инновацион ўқитиш услублари ва шаклларини кенг жорий этиш орқали давлат ва нодавлат суд экспертларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш сифатини такомиллаштириш, шунингдек, кредит-модуль тизими асосида суд экспертларининг малакасини ошириш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2022 йил июль

Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ

31.

Суд экспертларини ишдан ажралмаган ҳолда ҳамда уларнинг иш жойида касбий малакасини ошириш тизимини жорий қилиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2022 йил июль

Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ, ЭТРМ

32.

Суд экспертларининг касбий билим ва малакаларини оширишда хорижий суд-экспертлик ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, бунда ҳар йили камида 10 нафар суд экспертларининг грант маблағлари ҳисобидан хорижий давлатларда малака ошириши ва стажировка ўташини йўлга қўйиш.

Чора-тадбирлар дастури

дастур асосида

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, ЭТРМ

33.

Терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ҳамда суд ходимлари учун суд экспертизаларини ўтказишга зарур бўлган тадқиқот объектларини йиғиш, сақлаш ва тақдим этиш усуллари тўғрисида доимий равишда манзилли ўқув семинарлар (вебинарлар)ни ташкил қилиб бориш.

Чора-тадбирлар дастури

дастур асосида

Адлия вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, ИИВ, ДХХ, Адвокатлар палатаси, ЭТРМ

34.

Малака ошириш жараёнларига хорижий давлатларнинг суд-экспертлик соҳасидаги мутахассисларини маърузачи ва ўқитувчи сифатида кенг жалб этиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2021 — 2023 йиллар

Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Олий суд, ИИВ

35.

Экспертиза муассасаларида кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, ходимлар томонидан доимий равишда ўз касбий ва илмий салоҳиятини ошириб боришини қўллаб қувватлаш мақсадида илмий даражага эга бўлган кадрлар учун тегишли шарт-шароитлар ва молиявий имкониятлар яратиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2022 йил август

Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ИИВ

V. Нодавлат суд-экспертиза институтини ривожлантириш

36.

Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари ва хусусий экспертларининг бирлашмасини ташкил қилиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2022 йил сентябрь

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги

37.

Нодавлат суд экспертларининг касбий лаёқатлилиги ҳамда ўтказилган суд экспертизаларининг сифатини мониторинг қилиб бориш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2022 йил сентябрь

Адлия вазирлиги

38.

Якка тартибда нодавлат суд-экспертиза фаолияти билан шуғулланувчи хусусий экспертлар институтини жорий этиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси

2022 йил май

Адлия вазирлиги

VI. Суд-экспертлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш

39.

Суд-экспертиза муассасаларининг Осиё тармоғи (Азиатская сеть учреждений судебной экспертизы (Asian Forensic Sciences Network — AFSN)га аъзо бўлиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2021 — 2023 йиллар

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги

40.

Суд-экспертлик фаолиятининг энг долзарб муаммолари таҳлили асосида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар, дастурлар ва лойиҳаларни, шу жумладан миллий, хорижий ва халқаро грантларни жалб қилган ҳолда амалга ошириш дастурини ишлаб чиқиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2021 — 2023 йиллар

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги

41.

Хорижий етакчи суд-экспертиза, илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотлар билан халқаро ҳужжатлар тузиш, қўшма дастурларни амалга ошириш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2021 — 2023 йиллар

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, ДХХ, ЭТРМ

42.

Халқаро экспертлар иштирокида мамлакатимиз суд экспертлари учун хорижий амалиёт, семинар ва ўқув курсларини ташкил этиш ишларини кучайтириш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2021 — 2023 йиллар

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, ДХХ, ЭТРМ

43.

Ўзбекистон Республикаси суд-экспертиза муассасалари ва ташкилотлари томонидан хорижий ташкилот ва чет эл фуқаролари учун суд-экспертиза имкониятларидан кенг фойдаланиш мақсадида, уларга хизмат кўрсатиш тартибини ишлаб чиқиш.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари

2022 йил сентябрь

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура, РСЭМ

44.

Суд экспертларининг халқаро илмий-амалий анжуманларда, жумладан Жаҳон суд экспертлари ассоциацияси (IAFS) шафелигида ўтказиладиган халқаро тадбирларда мунтазам иштирок этишини ташкил қилиш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2021 — 2023 йиллар

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги

45.

Суд-экспертиза муассасалари фаолиятига давлатлараро ва халқаро стандартларни жорий қилиш мақсадида амалдаги қонунчиликка мувофиқ техник қўмита ташкил қилиш ва Давлатлараро ҳамда халқаро техник қўмиталарга аъзо бўлиш ва улар фаолиятини иштирокини таъминлаш.

Чора-тадбирлар дастури

дастур асосида 2021-2022 йиллар

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, ДХХ, ЭТРМ, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги

VII. Суд-экспертлик хизматининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш

46.

Давлат суд-экспертиза муассасаларини ISO/IEC 17025 халқаро стандарти талабларига жавоб берадиган бино ва иншоотлар билан таъминлаш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2022 йил август

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ДХХ, ЭТРМ, Молия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

47.

Дастурий таъминотлар, реактивлар, реагентлар, сарфлаш материаллари ҳамда асбоб-ускуналар ва жиҳозлар хариди бўйича йиллик дастурни амалга ошириш.

Ташкилий чора-тадбирлар

Дастур асосида 2022-2023 йиллар

Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ДХХ, ЭТРМ, Ташқи ишлар вазирлиги

48.

Давлат суд-экспертиза ташкилотларини ўрнатилган тартибда юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланишини таъминлаш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2021 йил декабрь

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ДХХ, ЭТРМ, манфаатдор вазирлик ва идоралар

49.

Давлат суд-экспертиза муассасалари ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш.

Ташкилий чора-тадбирлар

Дастур асосида 2022-2023 йиллар

Адлия вазирлиги, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

50.

Экспертиза тадқиқотларини сифатли ва белгиланган муддатларда ўтказиш мақсадида кўчма лабораториялар билан жиҳозлаш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2022-2023 йиллар

ИИВ, Адлия вазирлиги, ДХХ, ЭТРМ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар

51.

Ер участкаларини белгиланган тартибда ажратиш орқали давлат-хусусий шериклик асосида давлат суд-экспертиза муассасалари ходимларининг уй-жой шароитларини яхшилаш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2021-2022 йиллар

Адлия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Изоҳ.
1. Ҳуқуқий муносабатларнинг предмети ва тартибга солиш соҳасидан келиб чиқиб, тадбирларни амалга ошириш шакллари ўзгариши, ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий актлар ва бошқа ҳужжатлар эса бирлаштирилиши мумкин.
2. Икки ва ундан кўп бандлар бирлаштирилганда, ижро муддати сифатида бирлашаётган бандлар учун кўрсатилган энг кечки муддат белгиланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 июлдаги ПФ-6256-сон Фармонига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасида суд-экспертлик фаолиятини ривожлантиришнинг 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган концепциясини амалга ошириш бўйича кенгаш
ТАРКИБИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Р.К. Давлетов

адлия вазири, Кенгаш раиси

лавозимига кўра

адлия вазирининг биринчи ўринбосари, Кенгаш раиси ўринбосари

И.А. Қутбиддинов

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими

А.Ю. Мавланов

Бош прокурор ўринбосари

И.Т. Муслимов

Олий суд раиси ўринбосари

Я.А. Абдулхаков

ички ишлар вазири ўринбосари

Ҳ.А. Қаршиев

мудофаа вазири ўринбосари

У.Ю. Сабиров

соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари

С.М. Бузрукхонов

олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари

Ш.У.Турдикулова

инновацион ривожланиш вазири ўринбосари

Ж.Н.Шукуров

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директори ўринбосари

лавозимига кўра

Адлия вазирлиги Юридик таълим ва суд-экспертиза бошқармаси бошлиғи, Кенгаш котиби

Изоҳ: Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, Кенгаш таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёхуд зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган масъул шахслар киритилади.
(3-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 мартдаги ПФ-89-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.03.2022 й., 06/22/89/0227-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 июлдаги ПФ-6256-сон Фармонига
4-ИЛОВА
2021 — 2025 йилларда жорий этиладиган экспертиза ва тадқиқот турлари
РЎЙХАТИ
Олдинги таҳрирга қаранг.

Т/р

Экспертиза ва тадқиқотлар турлари

Масъул ташкилот ва муассаса номи

Ижро муддати

1.

Суд-солиқ экспертизаси

РСЭМ, Банк-молия академияси

дастур асосида 2021 йил

2.

Озиқ-овқат маҳсулотларини баҳолаш экспертизаси

РСЭМ, Тошкент давлат аграр университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети

3.

Радиотехника экспертизаси

РСЭМ, Тошкент ахборот технологиялари университети

дастур асосида 2022-2023 йиллар

4.

Совуқ қуролларнинг криминалистик экспертизаси

РСЭМ, ИИВ Академияси

5.

Банк соҳасида бой берилган фойдани аниқлаш тадқиқоти

РСЭМ, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Банк-молия академияси

6.

Суд психологик-филиологик экспертиза тадқиқоти

РСЭМ, Ўзбекистон психологлар ассоциацияси, Ўзбекистон Миллий университети, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети

7.

Интеллектуал мулк соҳасида суд иқтисодий экспертизаси

РСЭМ

дастур асосида 2023-2024 йиллар

8.

Аудиовизуал ва дастурий маҳсулотларнинг суд товаршунос экспертизаси

РСЭМ, Тошкент ахборот технологиялари университети

9.

Дендрология экспертизаси

РСЭМ, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ф.Н. Русанов номидаги Тошкент Ботаника боғи, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти

10.

Газ ва электр техника объектларининг портлаш техник экспертизаси

РСЭМ, ИИВ ЭКБМ, ФВВ Академияси

дастур асосида 2023-2024 йиллар

11.

Бино ва иншоотларнинг техник ҳолатини аниқлаш

РСЭМ, Тошкент архитектура-қурилиш институти

12.

Психофизиологик экспертизаси

РСЭМ, Ўзбекистон психологлар ассоциацияси, Ўзбекистон Миллий университети

13.

Видеотехника экспертизаси

РСЭМ, Тошкент ахборот технологиялари университети

14.

Фототехника экспертизаси

РСЭМ, Тошкент ахборот технологиялари университети, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

15.

Парфюмерия саноати маҳсулотларининг кимёвий таркибини аниқлаш тадқиқоти

РСЭМ, Тошкент кимё-технология институти

дастур асосида 2024-2025 йиллар

16.

Қурилиш молларининг тадқиқоти

РСЭМ, Тошкент архитектура-қурилиш институти

(4-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 17 мартдаги ПФ-89-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.03.2022 й., 06/22/89/0227-сон)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 июлдаги ПФ-6256-сон Фармонига
5-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-5843-сон Фармонининг 8-банди «а» кичик бандининг тўртинчи хатбошиси «давлат органлари ва ташкилотларининг» сўзларидан кейин «(Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси ва уларнинг тизимидаги ташкилотлар бундан мустасно)» деган сўзлар билан тўлдирилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги «Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-4125-сон қарорида:
қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«суд-экспертиза соҳасида кадрларни тайёрлаш олий таълим муассасаларида дуал таълим принципига мувофиқ бакалавриат ёки магистратура босқичларида таълим олаётган даврда шартнома асосида тегишли экспертиза турлари бўйича камида олти ойлик экспертлар тайёрлаш курсларида амалга оширилиши мумкин»;
тўртинчи — саккизинчи хатбошилар тегишинча бешинчи — тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
б) 5-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.07.2021 й., 06/21/6256/0636-сон; 18.03.2022 й., 06/22/89/0227-сон)