Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида атом электр станциясини қуриш бўйича лойиҳани амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда — «Ўзатом» агентлиги) атом энергетикаси ва ядро технологиялари соҳасида кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида «ММФИ» миллий тадқиқот ядро университети» федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиалида (кейинги ўринларда — Филиал) 2021/2022 ўқув йили учун бакалаврларни тайёрлаш бўйича қабул параметрлари 100 ўрин миқдорида
иловага мувофиқ белгилансин. Бунда, Филиалда бакалаврлар давлат гранти асосида тайёрланади.
2. «Ўзатом» агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ва «ММФИ» миллий тадқиқот ядро университети» федерал давлат автоном олий таълим муассасаси билан биргаликда 2021/2022 ўқув йили учун Филиалга кириш имтиҳонларини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан белгиланган республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовлари ўтказиладиган объектларда белгиланган тартибда ўтказилишини таъминласин.
3. Кириш имтиҳонларини ўтказиш жойлари ижараси ҳамда абитуриентларнинг ота-оналари ва кенг жамоатчилик учун тест синовлари жараёнини онлайн режимда узатиш билан боғлиқ харажатлар (алоқа каналлари ижараси, техник хизмат кўрсатиш) «Ўзатом» агентлигининг Атом энергетикасини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан амалга оширилиши белгилансин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С. Султанов ва Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Ҳ. Тошкулов зиммасига юклансин.