toggle_night_mode
Ҳужжат 20.01.2001 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикасининг қонуни
АДВОКАТУРА ТЎҒРИСИДА
1-модда. Адвокатура ва унинг вазифалари
Адвокатура — ҳуқуқий институт бўлиб, у адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар ҳамда хусусий адвокатлик амалиёти билан шуғулланувчи айрим шахсларнинг мустақил, кўнгилли, касбий бирлашмаларини ўз ичига олади. Адвокатура Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, ажнабий фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга юридик ёрдам кўрсатади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 141-моддаси.
2-модда. Ўзбекистон Республикасининг адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Ўзбекистон Республикасида адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-модда. Адвокат
Олий юридик маълумотга эга бўлган ва белгиланган тартибда адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Ўзбекистон Республикасида адвокат бўлиши мумкин. Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун шахс малака имтиҳонини топшириши шарт.
Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари адлия бошқармалари томонидан тегишли малака комиссияларининг қарорларига асосан берилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, шунингдек судланганлиги бекор қилинмаган ёки олиб ташланмаган шахсларнинг адвокатлик фаолияти билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4-модда. Адвокатура фаолиятининг принциплари ва ташкилий шакллари
Адвокатура ўз фаолиятини қонуннинг устунлиги, мустақиллик ва бошқа демократик принциплар асосида амалга оширади.
Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни белгиланган тартибда олган шахс ўз адвокатлик бюросини очиб, якка тартибда фаолият кўрсатишга ёхуд ихтиёрийлик асосида бошқа адвокатлар (шериклар) билан ҳайъатлар ва фирмалар тузишга ҳақлидир.
Адвокатлар бюролари, ҳайъатлари ва фирмалари, шунингдек адвокатлар бирлашмалари Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари адлия бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда рўйхатга олинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Адвокатлар бюролари, ҳайъатлари ва фирмаларини тузиш, уларнинг тузилиши, штатлари, вазифалари, маблағларни сарфлаш тартиби, раҳбар органларининг ваколатлари, уларни сайлаш тартиби ҳамда адвокатлар бюролари, ҳайъатлари ва фирмаларининг фаолиятига доир бошқа масалалар уларнинг уставлари (низомлари) билан тартибга солиб турилади.
Адвокатлар бюролари, ҳайъатлари ва фирмалари рўйхатдан ўтган кундан эътиборан юридик шахс мақомини оладилар ҳамда кўрсатилган юридик ёрдам учун фуқаролардан ва юридик шахслардан тушадиган пул маблағлари (даромадлар) ҳисобига фаолият кўрсатадилар.
Адвокатлар қонунда белгиланган тартибда адвокатларнинг жамоат бирлашмаларини тузишлари мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5-модда. Адвокатлик фаолиятининг турлари
Жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида адвокат:
ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар, қонун ҳужжатлари юзасидан оғзаки ва ёзма маълумотномалар беради;
Кейинги таҳрирга қаранг.
ҳуқуқий хусусиятдаги аризалар, шикоятлар ва бошқа ҳужжатларни тузади;
фуқаролик ишлари ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича судда, бошқа давлат органларида, жисмоний ва юридик шахслар олдида вакилликни амалга оширади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
жиноий ишлар бўйича дастлабки терговда ва судда ҳимоячи, жабрланувчининг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар сифатида иштирок этади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
тадбиркорлик фаолиятига юридик хизмат кўрсатади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Адвокат қонун ҳужжатларида ман этилмаган бошқа турдаги юридик ёрдам ҳам кўрсатиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6-модда. Адвокатнинг ҳуқуқлари
Адвокат касбий фаолиятини амалга ошириш чоғида қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:
тегишли масалаларни ҳал этишга ваколатли бўлган барча органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг топшириғига мувофиқ уларнинг манфаатларини ифода этиш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
судларда, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқаётган органларда далил сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган фактлар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш;
Кейинги таҳрирга қаранг.
юридик ёрдам кўрсатилиши муносабати билан давлат органларидан, корхоналар, муассасалар, ташкилотлардан ҳамда жамоат бирлашмаларидан зарур бўлган маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатларни сўраш ва олиш;
юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган масалалар юзасидан экспертлар хулосаларини, мутахассисларнинг маълумотнома-маслаҳатларини мижознинг розилиги билан сўраш ва ёзма тарзда олиш;
унга ваколат берган ёки унинг ҳимоясида бўлган шахсга нисбатан иш юритаётган судга ва бошқа давлат органларига тўпланган материалларни тақдим этиш;
мансабдор шахсларга илтимоснома ва шикоят бериш ҳамда улардан ёзма тарзда далил-исботли жавоб олиш;
қонун ҳужжатларида кўзда тутилган бошқа ҳаракатларни бажариш.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Адвокат ёрдамчига эга бўлиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7-модда. Адвокатнинг вазифалари
Адвокат ўз касбий фаолиятида амалдаги қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этиши, унга юридик ёрдам сўраб мурожаат этган жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя этиш учун қонунда кўзда тутилган воситалар ва усуллардан фойдаланиши шарт.
Адвокат муайян иш бўйича юридик ёрдам кўрсатаётган ёки аввал юридик ёрдам кўрсатган шахсларнинг манфаатлари ишни олиб боришни сўраб мурожаат этган шахснинг манфаатларига зид келган ёки у судья, прокурор, терговчи, суриштирув ўтказувчи шахс, жамоат айбловчиси, суд мажлиси котиби, эксперт, мутахассис, жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакили, гувоҳ, холис, таржимон сифатида иштирок этган, шунингдек ишни дастлабки тергов қилишда ёхуд судда адвокатнинг қариндоши бўлмиш мансабдор шахс иштирок этган ёки иштирок этаётган бўлса, худди шунингдек адвокат бевосита ёки билвосита шу ишдан шахсан манфаатдор бўлган ва бу ҳол унга ўз ишини топширган шахснинг манфаатларига зид келадиган ҳолларда юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги топшириқни қабул қилишга ҳақли эмас.
Адвокат кимнинг манфаатларини ҳимоя қилиш топшириғини олган бўлса, ўз ваколатларидан шу шахснинг зарарига фойдаланишга ҳамда гумон қилинувчини, айбланувчини, судланувчини ҳимоя қилишдан бош тортишга, агар мижознинг ўзи уни бундан озод этмаса, ҳақли эмас.
Жиноий ишни кўриб чиқишда қатнашишга тайинланган адвокат фуқаронинг тўловга қобилиятсизлигини важ қилиб, унга юридик ёрдам кўрсатишдан бош тортишга ҳақли эмас.
Адвокат давлат хизматида туриши мумкин эмас.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
8-модда. Адвокатнинг ёрдамчиси
Ўзбекистон Республикасининг юридик маълумотга эга бўлган фуқароси адвокат ёрдамчиси бўлиши мумкин.
Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек судланганлиги бекор қилинмаган ёки олиб ташланмаган шахс адвокат ёрдамчиси бўлиши мумкин эмас.
Адвокат ёрдамчиси адвокат ҳуқуқларига эга бўлмайди ҳамда унинг суриштирув, дастлабки тергов органларида, судларда ва бошқа давлат органларида ишларни олиб боришига йўл қўйилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Адвокат ёрдамчиси адвокат кўрсатмасига биноан адвокатнинг юритувидаги ишлар бўйича топшириқларни бажаради, адвокатнинг процессуал ваколатларига тааллуқли ишлар бундан мустасно.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2024 йил 3 июндаги 10-мҳ-сонли «Адвокат стажёри ва ёрдамчисининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (рўйхат рақами 3517, 04.06.2024 й.).
Адвокат ёрдамчисининг меҳнат шароитлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиладиган меҳнат шартномаси билан белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
9-модда. Адвокатлик сири
Адвокат адвокатлик сирини сақлаши шарт. Адвокатлик сири жумласига мижоз адвокатдан ёрдам сўраб мурожаат этганлигининг ўзи, мижоз ёрдам сўраб мурожаат этган масалалар, адвокатдан мижоз олган маслаҳатлар, насиҳатлар ва тушунтиришларнинг моҳияти, адвокатнинг мижоз билан ўтказган суҳбатида тўхтаб ўтилган барча масалалар киради.
Адвокат, адвокат ёрдамчиси, адвокатлар бюролари, ҳайъатлари ва фирмалари мансабдор шахслари ва техник ходимларининг адвокатлик сири бўлмиш маълумотларни ошкор этиши ва бу маълумотлардан ўз манфаатлари ёки учинчи шахслар манфаатлари йўлида фойдаланиши ман этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
10-модда. Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари
Адвокатнинг касбга оид ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан қўриқланади. Адвокатларнинг касбий фаолиятига у ёки бу тарзда аралашиш, улар ўз касбий вазифаларини бажараётганда олган муайян маълумотларни ошкор этишни талаб қилиш, шунингдек адвокатлар бирлашмаларининг мансабдор шахсларидан ва техник ходимларидан худди шундай маълумотларни талаб қилиш тақиқланади. Адвокат ўз касбий вазифаларини бажараётганида унга бирор-бир шаклда таъсир ўтказишга йўл қўйилмайди.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Адвокат ҳимоячилик ёки вакиллик вазифасини бажараётганда ўзига маълум бўлиб қолган тафсилотлар юзасидан гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмас. Адвокат касбий вазифаларини бажариши муносабати билан қўлга киритган адвокатлик далиллари (ашёлари), ҳужжатлари ундан олиб қўйилиши ёки кўздан кечирилиши мумкин эмас, шунингдек унинг ўзи юридик ёрдам кўрсатаётган шахслар билан учрашиш ҳуқуқи чекланиши мумкин эмас.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 115-моддасининг 2) банди.
Адвокатнинг иш юзасидан ҳуқуқий нуқтаи назари хусусида суриштирув органи, терговчи, прокурор тақдимнома киритиши, шунингдек суд хусусий ажрим чиқариши мумкин эмас.
Адвокат қонунга мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатаётганлиги муносабати билан уни жиноий, моддий ва бошқа жавобгарликка тортиш ёки бундай жавобгарликни қўллаш билан қўрқитиш мумкин эмас.
Адвокатга нисбатан жиноий иш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан қўзғатилиши мумкин.
 LexUZ шарҳи
Шунингдек, қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Қонуни.
Кейинги таҳрирга қаранг.
11-модда. Адвокатлар меҳнатига ҳақ тўлаш
Адвокатларнинг меҳнатига кўрсатилган юридик ёрдам учун жисмоний ва юридик шахслардан адвокатлар бюролари, ҳайъатлари ва фирмаларига келиб тушган маблағлар ҳисобидан ҳақ тўланади.
Юридик хизмат учун ҳақ тўлаш адвокат билан мижоз ўртасида ихтиёрий равишда тузиладиган битим (шартнома) асосида амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Шахс тўловга қобилиятсизлиги сабабли кўрсатилган юридик ёрдам ҳақини тўлашдан озод этилганда, жиноий ишни кўриб чиқишда қатнашишга тайинланган адвокатнинг юридик ёрдами учун ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда давлат ҳисобидан амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
12-модда. Адвокатнинг ижтимоий ҳуқуқлари
Адвокат давлат ижтимоий суғуртаси бўйича барча нафақа турларини олиш ҳуқуқидан фойдаланади. Давлат ижтимоий суғуртасига бадаллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорларда тўланади.
Адвокатга давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар белгилаш ва тўлаш ҳамда давлат пенсия таъминоти қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Адвокатлар бюролари, ҳайъатлари ва фирмалари маблағлари адвокатларнинг ижтимоий эҳтиёжларига ишлатиладиган фондлар тузишга ҳақлидирлар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
13-модда. Малака комиссиялари
Зарур билимга ва касб малакаларига эга бўлган шахсларга адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни бериш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳокимликлари адлия бошқармалари ҳузурида малака комиссиялари тузилади.
Малака комиссиялари Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари адлия бошқармалари бошлиқларининг буйруқлари билан адвокатлар ҳамда адлия органлари ходимларини тенг миқдорда киритган ҳолда тузилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Малака комиссияларининг қарорлари устидан келтирилган шикоятларни қараб чиқиш, малака комиссиялари иш тажрибасини умумлаштириш ва таҳлил қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Олий малака комиссияси тузилади. Олий малака комиссиясининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда адвокатларнинг республика жамоат бирлашмаси томонидан адлия органлари ходимлари ҳамда адвокатларни тенг миқдорда киритган ҳолда тасдиқланади.
Малака комиссияларининг ваколатлари ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан адвокатларнинг республика жамоат бирлашмаси билан ҳамкорликда белгилаб қўйилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
14-модда. Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва лицензияни бекор қилиш
Лицензиянинг амал қилиши лицензияни берган органнинг қарорига биноан қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:
адвокатлик фаолиятини амалга ошираётган шахс жиноий жавобгарликка тортилганда, у айбланувчи сифатида жавобгарликка тортилганидан бошлаб суд ҳукми қонуний кучга киргунга қадар ёхуд оқловчи асосларга биноан уни жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар;
адвокатлик фаолиятини амалга ошираётган шахс лицензия шартномасида назарда тутилган лицензия талаблари ва шартларини бузганлиги аниқланганда;
Кейинги таҳрирга қаранг.
лицензияловчи органнинг лицензиат зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлари адвокат томонидан бажарилмаганда;
адвокатлик фаолиятини амалга ошираётган шахснинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарганда, лицензияни қайта расмийлаштириш муддатига.
Лицензияловчи орган адвокат томонидан лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни бартараф этиш учун муддат белгилаши шарт. Кўрсатилган муддат олти ойдан ошиши мумкин эмас, адвокатлик фаолиятини амалга ошираётган шахс жиноий жавобгарликка тортилган ҳоллар бундан мустасно.
Лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган ҳолатларни адвокат бартараф этган тақдирда, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб турган лицензияловчи орган кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги тасдиқномани олган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида лицензиянинг амал қилишини тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт.
Лицензияни бекор қилиш лицензияни берган орган томонидан қуйидаги асосларга кўра амалга оширилади:
адвокатлик фаолиятини амалга ошираётган шахснинг аризасига биноан;
агар адвокат унга лицензия бериш тўғрисидаги қарор қабул қилингани ҳақидаги хабарнома юборилган (топширилган) пайтдан эътиборан уч ой ичида лицензияловчи органга лицензия берганлик учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаган ёки лицензия шартномасини имзоламаган бўлса;
Кейинги таҳрирга қаранг.
адвокатлик фаолиятини амалга ошираётган шахсга нисбатан суд чиқарган айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;
Кейинги таҳрирга қаранг.
лицензия сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.
Лицензия суднинг қарорига биноан ҳам бекор қилиниши мумкин.
Лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарор у берилган санадан эътиборан амал қилади.
Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
(14-модда Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 15 декабрдаги 175-II-сонли Қонуни таҳририда— Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 23-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
15-модда. Адвокатнинг интизомий жавобгарлиги
Ушбу Қонун талабларини ва адвокатлик фаолиятини тартибга солиб турувчи бошқа қонун ҳужжатларини бузганлик учун адвокатга нисбатан қуйидаги интизомий чоралар қўлланилиши мумкин:
огоҳлантириш (малака комиссиясининг қарорига биноан);
адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг амал қилишини олти ойгача муддатга тўхтатиб туриш (лицензия берган орган томонидан малака комиссиясининг қарорига асосан);
Олдинги таҳрирга қаранг.
адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг амал қилишини тугатиш (лицензия берган орган томонидан малака комиссиясининг қарорига асосан);
(15-модда Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 15 декабрдаги 175-II-сонли Қонунига мувофиқ тўртинчи хатбоши билан тўлдирилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 23-модда)
адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни бекор қилиш (лицензия берган орган томонидан малака комиссиясининг қарорига асосан).
Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Олдинги таҳрирга қаранг.
16-модда. Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг амал қилишини тугатиш
Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:
адвокатлик фаолиятини амалга ошираётган шахс лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этганда, лекин агар мижоз талаб қилса аввал қабул қилинган топшириқ бажарилиб бўлгач;
адвокатлик фаолиятини амалга ошираётган шахснинг муомала лаёқати белгиланган тартибда чекланганда ёки у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
адвокат лицензия шартномасида назарда тутилган лицензия талабларини ва шартларини мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда;
Кейинги таҳрирга қаранг.
адвокат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни лицензияловчи орган белгилаган муддатда бартараф этмаганда;
лицензияловчи органнинг лицензия бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;
лицензиянинг амал қилиш муддати тугаганда;
Кейинги таҳрирга қаранг.
адвокатлик фаолиятини амалга ошираётган шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда.
Тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан лицензиянинг амал қилиши тугатилади.
(16-модда Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 15 декабрдаги 175-II-сонли Қонуни таҳририда— Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 1-2-сон, 23-модда)
Кейинги таҳрирга қаранг.
17-модда. Адвокатура ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколати доирасида:
адвокатлар малакасини ошириш тадбирларини амалга оширишга ёрдамлашади;
адвокатура фаолияти тўғрисидаги статистика маълумотларини тўплайди ва ўрганади, адвокатларнинг ижобий иш тажрибаларини оммалаштиради, адвокатлар бюролари, ҳайъатлари ва фирмаларига услубий ёрдам кўрсатади;
адвокатларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ тарздаги таъқиблар, асоссиз чеклашлар ва тажовузлардан адвокатларни ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кўради;
адвокатлар бюролари, ҳайъатлари, фирмалари ва Олий малака комиссияси фаолиятига ёрдам беради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1996 йил 27 декабрь,
349-I-сон
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 2-сон, 48-модда; 2001 й., 1-2-сон, 23-модда; 2003 й., 5-сон, 67-модда; 2004 й., 1-2-сон, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 37-38-сон, 280-модда; 2008 й., 52-сон, 514-модда; 2009 й., 39-сон, 423-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.10.2018 й., 03/18/497/2044-сон; 16.01.2019 й., 03/19/516/2484-сон; 24.05.2019 й., 03/19/542/3177-сон, 11.09.2019 й., 03/19/566/3734-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 21.04.2021 й., 03/21/683/0375-сон, 03.02.2022 й., 03/22/749/0101-сон; 04.08.2022 й., 03/22/786/0705-сон; 10.08.2023 й., 03/23/862/0578-сон; 07.02.2024 й., 03/24/905/0106-сон; 22.02.2024 й., 03/24/911/0142-сон; 28.02.2024 й., 03/24/915/0160-сон; 07.02.2025 й., 03/25/1025/0116-сон)