1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.20.00.00 Давлат мукофотлари. Юқори даражалар ва фарқловчи белгилар]
[ТСЗ:
1.Давлат ва жамият қурилиши / Давлат мукофотлари. Фахрий унвонлар. Юқори даражалар ва фарқловчи белгилар. Давлат мукофотлари ва бошқа мукофотлар]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Халқлар дўстлиги» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон Фармони билан тасдиқланган «2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури»да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг «Давлат белгиси» давлат унитар корхонаси Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитасининг буюртмасига асосан «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси тайёрланишини белгиланган тартибда таъминласин.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 ноябрдаги 740-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.11.2025 й., 09/25/740/1090-сон)
4. «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони ва унинг гувоҳномасини тайёрлаш ҳамда мукофотланганларни тақдирлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши инобатга олинсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Д. Қурбанов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 1 июнь,
335-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 июндаги 335-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони (кейинги ўринларда — кўкрак нишони) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.
2. Кўкрак нишони билан юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг вакиллари ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшган, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасида фидокорона меҳнат қилган, шунингдек, хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантиришда самарали натижаларга эришган маҳаллий ва хорижий давлат органлари ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда чет элдаги ватандошлар тақдирланадилар.
Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, маҳаллий ва хорижий ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ижодий жамоалар ҳамда бошқа юридик шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.
Чет эл фуқаролари ва чет эл юридик шахсларини тақдирлашга доир тақдимнома ташаббускор ташкилот томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда комиссияга киритилади.
3. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби ушбу Низомга илова қилинган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш учун ҳужжатларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш
4. Ҳудудий миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат ва нодавлат ташкилотлари, шунингдек, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари ҳар йили 1 майга қадар кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, тегишли маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда юқори турувчи республика органига тақдим этади.
5. Республика даражасидаги давлат ва нодавлат ташкилотлари, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари таклифларни белгиланган тартибда ўрганиб чиқади ҳамда ҳар йили 1 июнга қадар кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича тақдимномаларни Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитасига (кейинги ўринларда — қўмита) тақдим этади.
(5-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 ноябрдаги 740-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.11.2025 й., 09/25/740/1090-сон)
Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича тақдимномаларга номзод ҳақида қуйидаги ҳужжатлар босма ва электрон шаклда илова қилинади:
маълумотнома-объективка;
тавсифнома (аннотация);
паспорт нусхаси (16 ёшга тўлмаган шахслар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси);
фотосурат (3х4 см ўлчамли) — 2 дона;
шахслар ва ташкилотларнинг сўнгги уч йил давомида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантириш борасида амалга оширган ишлари бўйича маълумот.
6. Қўмита раиси томонидан қўмита, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, республика ҳудудида жойлашган миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари каби ташкилотларнинг вакилларидан иборат Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитасининг кўкрак нишони билан тақдирлашга оид тақдимномаларни кўриб чиқиш бўйича комиссияси (кейинги ўринларда — комиссия) ташкил этилади.
(6-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 ноябрдаги 740-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.11.2025 й., 09/25/740/1090-сон)
Комиссия йиғилишида номзодлар бўйича ҳужжатлар ўрганилиб, ҳар йили 1 июлга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.
7. Комиссиянинг асосий вазифаси мукофотга номзодларни танлашда юзаки ёндашувларга йўл қўймасдан, адолат ва холислик мезонларига кўра комиссия йиғилишларининг ҳақиқий муҳокамалар асосида ўтказилишини таъминлаган ҳолда мукофотга номзодлар бўйича ҳужжатларни Низомда белгиланган муддатларда сифатли ва тўлиқ тайёрлаб, тақдим этишдан иборат.
Комиссия томонидан номзодларни кўриб чиқишда қуйидагилар инобатга олинади:
номзодларнинг мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш, шунингдек аҳоли ўртасида миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширган фаолияти;
миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари фаолияти самарадорлигини оширишдаги иштироки;
хорижий мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги фаолияти;
жамиятда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришни тарғиб қилиш бўйича турли инновацион самарали усулларнинг ишлаб чиқилганлиги.
8. Қўмита раиси ўз ташаббусига асосан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда қўмитанинг хорижлик ҳамкорлари, чет элдаги турдош ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакилларини миллатлараро дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун кўкрак нишони билан тақдирлаши мумкин.
9. Қўмита раисининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 20 июлга қадар чиқарилади.
3-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш
10. Кўкрак нишони ҳар йили 30 июль — Халқлар дўстлиги куни арафасида қўмита раиси (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилади.
11. Кўкрак нишони билан тақдирланганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади.
Бир йўла тўланадиган пул мукофоти қўмитага ажратиладиган Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади.
12. Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати қўмитанинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
13. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.
14. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
15. Қўмита ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодлар ҳужжатларининг холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.
16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
«Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони тўғрисидаги низомга ИЛОВА
«Халқлар дўстлиги» кўкрак нишонига номзодларни тақдим этиш ва уларни ўрганиш
Ҳудудий миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат ва нодавлат ташкилотлари, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари.
Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, тегишли маҳаллий ҳокимликлар билан келишади.
Келишилган номзодларни юқори турувчи республика органига тақдим этади.
Ҳар йили 1 майга қадар
2-босқич
Республика даражасидаги давлат ва нодавлат ташкилотлари, миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари
Таклифларни белгиланган тартибда ўрганиб чиқади ҳамда кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича тақдимномаларни Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитасига тақдим этади.
Ҳар йили 1 июнга қадар
3-босқич
Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, республика ҳудудида жойлашган миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари каби ташкилотларнинг вакилларидан иборат кўкрак нишони билан тақдирлашга оид тақдимномаларни кўриб чиқиш бўйича комиссияни ташкил этади.
Комиссия йиғилишида номзодлар бўйича ҳужжатлар ўрганиб, энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилади.
Ҳар йили 1 июлга қадар
4-босқич
Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси
Кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида буйруқ чиқаради
Ҳар йили 20 июлга қадар
5-босқич
Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси (ёки унинг топшириғига мувофиқ бошқа масъул шахслар)
«Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони билан тақдирлайди.
Ҳар йили 30 июль — Халқлар дўстлиги куни арафасида
(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 ноябрдаги 740-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.11.2025 й., 09/25/740/1090-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 июндаги 335-сон қарорига 2-ИЛОВА
«Халқлар дўстлиги» кўкрак нишонининг
ТАВСИФИ
«Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони (кейинги ўринларда — кўкрак нишони) диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.
Кўкрак нишонининг олд томони пастки қисми марказида кўтарилаётган қуёш нурлари ҳамда ҳилпираб турган Ўзбекистон Республикасининг рангли байроғи фонида зарҳалланган Ўзбекистон Республикаси харитаси ҳамда меридианлари ва параллелларини акс эттирган кўк рангдаги Ер шари тасвири жойлашган. Унинг юқори қисмида дўстлик ва эрксеварлик рамзи бўлган Ҳумо қуши тилла рангда тасвирланган.
Кўкрак нишони айланаси бўйлаб зарҳал ҳошияли оқ эмаль фонидаги доира билан ўралган. Айлананинг юқори қисмида ҳарфларининг баландлиги 3 миллиметр бўлган «XALQLAR DOʻSTLIGI» сўзлари ёзилган. Унинг пастки четлари бўйлаб фахр-ифтихор ва шараф маъноларини ифода этувчи иккита дафна япроғи жойлаштирилган.
Кўкрак нишонининг орқа томонида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган.
Кўкрак нишонининг қалинлиги — 2,5 миллиметр. Тасвирлар ва ёзувлар қабариқдир.
Кўкрак нишони олд ва орқа томонларининг четлари қавариқ доира билан ўралган.
Қадағич эни 22 миллиметрли шойи лента билан қопланган бўлиб, ҳар бирининг эни 4,4 миллиметрли 5 хил рангдаги йўллардан иборат. Лентанинг марказида оқ ранг, унинг ўнг томонида яшил ва сариқ ранглар, чап томонида эса мовий ва тўқ яшил ранглардаги йўллар ифодаланган.
Гувоҳноманинг ташқи томони (биринчи ва тўртинчи бетлари) кўк рангда бўлиб, плёнка билан қопланган.
Гувоҳноманинг биринчи бети эни 7,5 миллиметрли, ички бурчаклари айлана шаклида бўлган тўқ кўк рангли ҳошия билан ўралган.
Гувоҳноманинг юқори чеккасидан (биринчи бети) 35 миллиметр пастда, марказда оралиғи 3,5 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «XALQLAR», иккинчи сатрда «DOʻSTLIGI» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 14 кегль), учинчи сатрда «koʻkrak nishoni» («Times new Roman Bolt» шрифти, 14 кегль) сўзлари ёзилган. Ундан 6 миллиметр пастда «GUVOНNOMASI» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 17 кегль) сўзи ёзилган.
Ёзувлар тўқ кўк рангда акс эттирилган.
Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) «Тангир» тасвири туширилган оч ҳаво рангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган.
Ички томонининг чап қисмида (иккинчи бети), марказда кўкрак нишонининг аслига тенг ўлчамдаги рангли тасвири акс эттирилган.
Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан 8 миллиметр пастда, марказда «GUVOНNOMA» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзи ҳамда гувоҳноманинг тартиб рақами учун «№» белгиси ва 15 миллиметрли чизиқ жойлашган.
«GUVOНNOMA» сўзидан 11 миллиметр пастда мукофотланган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исмини қайд этиш учун оралиғи 8 миллиметрли учта чизиқ тортилган.
Пастки чизиқдан 4 миллиметр қуйида, марказда оралиғи 2 миллиметрли икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «Oʻzbekiston Respublikasi Millatlararo munosabatlar va», иккинчи сатрда «xorijdagi vatandoshlar masalalari boʻyicha qoʻmitasi raisining» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегл) сўзлари ёзилган;
(ўнинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 ноябрдаги 740-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.11.2025 й., 09/25/740/1090-сон)
Ундан 5 миллиметр пастда оралиғи 4 миллиметр бўлган икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «20__ y. «___» ___________dagi», иккинчи сатрда «____-sonli buyrugʻiga asosan» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.
Ундан 5 миллиметр пастда, марказда оралиғи 5 миллиметрли уч сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «XALQLAR», иккинчи сатрда «DOʻSTLIGI» (катта ҳарфларда, «Times new Roman Bolt» шрифти, 12 кегль), учинчи сатрда «koʻkrak nishoni bilan mukofotlandi» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.
Сўнгги сўзлардан 9 миллиметр пастда, чап томонда «Qoʻmita raisi» («Times new Roman Bolt» шрифти, 10 кегль) сўзлари ёзилган.
(гувоҳнома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 ноябрдаги 740-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.11.2025 й., 09/25/740/1090-сон)
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 02.06.2021 й., 09/21/335/0511-сон; 26.11.2025 й., 09/25/740/1090-сон)