toggle_night_mode
Ҳужжат 28.05.2021 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Мактабдан ташқари таълим тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Халқ таълими соҳасидаги мактабдан ташқари таълим тизимининг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини такомиллаштириш, ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 30 сентябрдаги ПҚ-4467-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
«Баркамол авлод» республика болалар мактабининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар) «Баркамол авлод» болалар мактабларининг намунавий тузилмалари тегишлича 2 ва 3-иловаларга мувофиқ;
Кейинги таҳрирга қаранг.
«Баркамол авлод» болалар мактаблари тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Республика «Болалар кутубхонаси»нинг тузилмаси 5-иловага мувофиқ;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар «болалар кутубхоналари»нинг намунавий тузилмаси 6-иловага мувофиқ;
Кейинги таҳрирга қаранг.
«Болалар кутубхоналари» тўғрисидаги низом 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирига Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан келишган ҳолда халқ таълими тизимидаги умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим муассасалари учун ўқувчиларнинг муҳандислик, робототехника, мехатроника ва дастурий таъминот йўналишлари бўйича ўқув машғулотларида фойдаланиш ҳамда инновацион ишланмаларни амалга ошириш юзасидан республикада ишлаб чиқарилмайдиган, хориждан олиб келинадиган хом ашёлар ва жиҳозлар рўйхатини тасдиқлаш ҳуқуқи берилсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги:
«Баркамол авлод» республика болалар мактаби, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар) «Баркамол авлод» болалар мактаблари, Республика «Болалар кутубхонаси», Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар «болалар кутубхоналари»ни юқори малакали мутахассислар (тўгарак раҳбарлари, кутубхоначилари, инструктор-услубчилари, услубчилар) билан таъминлаш чораларини кўрсин;
Кейинги таҳрирга қаранг.
Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда А. Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти томонидан ҳар йили нуфузли хорижий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини жалб этиш орқали, улар иштирокида анжуманлар, вебинар, амалий маҳорат ва намунали ўқув дарсларини ўтказсин ҳамда ўқув ва илмий-тадқиқот ишлари юзасидан ҳамкорлик ўрнатсин;
мактабдан ташқари таълим муассасаларидаги таълим-тарбия жараёни сифатини тизимли назорат қилиш ва фаолиятини ташкил қилиш мониторингини амалга оширсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. «Баркамол авлод» болалар мактаблари, «Болалар сайёҳлик базаси», «Болалар кутубхона»лари бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишларини амалга ошириш бўйича:
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги «Халқ таълими соҳасида лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш ва қурилиш объектлари сифатини мониторинг қилиш бўйича инжиниринг компанияси» давлат унитар корхонаси — қурилиш-монтаж ишлари буюртмачиси этиб;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги «Ўқув таълим-таъминот» давлат унитар корхонаси — жиҳозларни хариди буюртмачиси этиб белгилансин;
бош лойиҳачи ва пудратчи ташкилотлар белгиланган тартибда танлов (тендер) савдолари асосида аниқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 8-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 9-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 27 май,
331-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 майдаги 331-сон қарорига
1-ИЛОВА
«Баркамол авлод» республика болалар мактабининг
ТУЗИЛМАСИ

Илмий-методик кенгаш

Директор

Директорнинг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари

1

Директорнинг ташкилий ва маркетинг масалалари бўйича ўринбосари

1

Директорнинг инновацион технологияларни жорий этиш бўйича ўринбосари

1

Директорнинг молия ва хўжалик ишлари бўйича ўринбосари

1

Ходимлар билан ишлаш бўйича бош мутахассис

1

Услубий бўлим

7

Маданий — оммавий тадбирларни ташкиллаштириш бўлими

7

Замонавий технологиялар ва жиҳозлар бўлими

4

Молия ва бухгалтерия бўлими

3

Медиа бўлим

3

Ҳудудлар билан ишлаш ва мониторинг қилиш бўлими

14

Назорат ва девонхона бўлими

3

Давлат- хусусий шериклик ва хизматлар бўлими

4

Янги ташаббуслар ва лойиҳалар бўлими

4

Маркетинг бўлими

4

Инвестицияларни жалб этиш ва халқаро алоқалар бўлими

3

Малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўлими

4

Хизмат кўрсатувчи

ходимлар**

Стратегик таҳлил ва иқтидорли болалар билан ишлаш бўлими

3

«Болалар сайёҳлик базаси»***

Юрисконсульт

1

Тўгарак раҳбарлари*

Ходимларнинг умумий чекланган сони — 70 нафар, шу жумладан, бошқарув ходимлари — 18 нафар.
* Тўгараклар раҳбарлари сони гуруҳларнинг шаклланиши ва машғулотлар ҳажмига қараб белгиланади.
** Хизмат кўрсатувчи ходимлар сони белгиланган нормативлар бўйича аниқланади.
*** «Болалар сайёҳлик базаси» ходимлари сони намунавий штатларга мувофиқ белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 майдаги 331-сон қарорига
2-ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар «Баркамол авлод» болалар мактабларининг
НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ

Услубий кенгаш

Директор

Директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари

1

Директорнинг ташкилий масалалари бўйича ўринбосари

1

Инновацион технологияларни жорий этиш ва иқтидорли болалар билан ишлаш бўлими

2

Ходимлар билан ишлаш бўйича бош мутахассис

1

Молия ва хўжалик ишлари бўлими

2

Услубий бўлим

3

Маданий — оммавий тадбирларни ташкиллаштириш бўлими

2

Мактаблар фаолиятини мониторинг қилиш бўйича бош мутахассис

1

Медиа бўйича бош мутахассис

1

Хизмат кўрсатувчи ходимлар**

Тўгарак раҳбарлари*

«Болалар сайёҳлик базаси»***

Ходимларнинг умумий чекланган сони — 15 нафар, шу жумладан, бошқарув ходимлари — 8 нафар.
* Тўгараклар раҳбарлари сони гуруҳларнинг шаклланиши ва машғулотлар ҳажмига қараб белгиланади.
** Хизмат кўрсатувчи ходимлар сони белгиланган нормативлар бўйича аниқланади.
*** «Болалар сайёҳлик базалари» Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ташкил этилади ҳамда улар ходимлари сони намунавий штатларга мувофиқ белгиланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 майдаги 331-сон қарорига
3-ИЛОВА
Туман (шаҳар) «Баркамол авлод» болалар мактабларининг
НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ

Директор

Директорнинг ўқув ва ташкилий масалалари бўйича ўринбосари

1

Инновацион технологияларни жорий этиш ва иқтидорли болалар билан ишлаш бўлими

2

Хўжалик мудири

1

Хизмат кўрсатувчи ходимлар**

Услубий бўлим

3

«Болалар сайёҳлик базаси»***

Мониторинг юритувчи, маданий — оммавий тадбирлар ташкилотчиси

1

Бухгалтер****

Тўгарак раҳбарлари*

Ходимларнинг умумий чекланган сони — 9 нафар, шу жумладан, бошқарув ходимлари — 4 нафар.
* Тўгараклар раҳбарлари сони гуруҳларнинг шаклланиши ва машғулотлар ҳажмига қараб белгиланади.
** Техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимлар сони белгиланган меъёрлар бўйича аниқланади.
*** «Болалар сайёҳлик базалари» Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этилади ва унинг ходимлари сони намунавий штатларга мувофиқ белгиланади.
**** Ота-оналар тўловлари ва бюджетдан ташқари маблағларнинг ҳисоб-китобини юритиш мақсадида ушбу тўловлар ҳисобидан киритилиши мумкин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 майдаги 331-сон қарорига
4-ИЛОВА
«Баркамол авлод» болалар мактаблари тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Баркамол авлод» болалар мактаблари (кейинги ўринларда — Мактаб)нинг асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Мактаб давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз уставига, банк ҳисобварағига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга ва бланкаларга эга бўлади.
3. Мактаб ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг буйруқларига, шунингдек ушбу Низомга, ўз уставига ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
4. «Баркамол авлод» болалар мактабларининг намунавий устави Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) томонидан тасдиқланади. Мактаб мазкур намунавий устав асосида ўз уставини ишлаб чиқади. Устав муассис томонидан тасдиқланади.
5. Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳамда халқ таълими туман (шаҳар) бўлимлари тегишлича мактабларнинг муассислари ҳисобланади.
6. Мактабларнинг умумий фаолияти Вазирлик томонидан мувофиқлаштирилади.
«Баркамол авлод» республика болалар мактаби Вазирлик тизимида фаолият юритади, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган мактаблар тегишлича, Тошкент шаҳар ва вилоятлар Мактаблари тегишли халқ таълими бошқармалари тизимидаги ҳамда туман (шаҳар)да жойлашган мактаблар тегишли халқ таълими туман (шаҳар) бўлимлари тизимида фаолият юритади.
2-боб. Мактабнинг асосий вазифалари ва функциялари
7. Қуйидагилар Мактабнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ёш авлодни маънавий баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишини таъминлаш, бунда уларнинг робототехника, мехатроника, инженерлик, ментал арифметика, санъат, арт дизайн, ахборот технологиялари бўйича Java, Scratch, 3D дизайн йўналишларига бўлган қизиқишини ошириш;
Мактабларда «STEAM — таълим» (Science — табиий фанлар, Technology — технологиялар, Engineering — муҳандислик, Art — санъат, Mathematics — математика) дастурини жорий этиш ва тўгараклар мазмунига сингдириш;
бешта муҳим ташаббус доирасида ўқувчи-ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот-технологияларига қизиқишни ошириш, ўқувчи-қизларни ижтимоий фаол ҳаётга жалб этиш бўйича умумтаълим ташкилотларига амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш;
болаларнинг эҳтиёжлари ва қизиқишларига мувофиқ уларнинг ижодий ва бадиий қобилиятларини ривожлантириш, уларнинг фойдали дам олишини ташкил этиш, меҳнатсеварликни, касб тайёргарлигининг дастлабки ўқув ва кўникмаларини сингдириш, фан ва техникани ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига мувофиқ техник воситалар ва компьютер технологиялари ишини ўрганишни ташкил этган ҳолда болалар техник ижодкорлигини ривожлантириш;
ўқувчи ёшларнинг ижодий ишларини оммалаштириш, тарғиб қилиш ҳамда сотувини йўлга қўйиш бўйича ўқувчи-ёшларнинг ижодий ишларини «Art shop» электрон дўконлари орқали дунё бозорига олиб чиқиш;
ўқувчиларда жонажон ўлка тарихи, археологик ва бой маданий меросини чуқур ўргатиш, мамлакатимизнинг табиий бойликлари билан таништириш ҳамда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги асосий билимларни эгаллаб олишларига имкон яратиш ҳамда болалар ва таълим туризмларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш;
хорижий тилларни ўргатиш орқали интеллектуал ёшлар сафини кенгайтириш, ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганишга имкон яратиш;
ўқувчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг спортнинг айрим йўналишларига қизиқишларини ошириш;
мактабдан ташқари таълим тизимига илғор педагогик усуллар ва методлардан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг янги шаклларини кенг жорий этиш;
болаларни индивидуал ривожлантиришга қаратилган дастурлар ва услубий материалларни доимий такомиллаштириб бориш;
тўгарак раҳбарларининг малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича истиқбол режаларини ишлаб чиқиш ва тегишли таклифларни киритиш;
болалар техник ижодкорлигини ривожлантириш учун хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари асосида Мактабларда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳаларини амалга ошириш.
8. Мактаб ўзининг асосий вазифаларини амалга оширишда қуйидаги функцияларни бажаради:
тўгараклар ўқув-режа ва дастурлари ишлаб чиқишда кўмаклашади;
ўқувчиларни тўгаракларга қамраб олиш чораларини кўради;
тўгарак машғулотларини таҳлил қилиб боради, ривожланишдан ортда қолаётган тўгараклар фаолиятини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади;
Мактабда «Очиқ эшиклар» куни тадбирларини алоҳида жадвал асосида ташкил этади;
услубчилар ва тўгарак раҳбарлари учун ҳар чоракда турли ўқув-семинарлар, вебинар машғулотлари ўтказади;
фестиваль ва тадбирларни сифатли ўтказилиши бўйича сценарийлар ишлаб чиқади ва тадбирларни ташкил этади;
ўқувчиларнинг мактабдан ташқари таълимга қўйилган давлат талаблари асосида тўгараклар ўқув режанинг ўзлаштирилишини мониторинг қилиб боради;
тўгарак раҳбарлари ишларини оммалаштиришга ва уларнинг истиқболдаги вазифаларини бажарилишида амалий ёрдам кўрсатади;
танлов ва тадбирларни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиб боради.
3-боб. Мактабнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
9. Мактаб қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Мактаб ходимлари, тўгарак аъзолари ва уларнинг ота-оналари (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар)дан ўз Устави ва ички тартиб-қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;
тўгарак машғулотларини ўтказишни такомиллаштириш ва таълим жараёнини методик таъминлаш бўйича таклифлар киритиш;
молиялаштиришнинг қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган турли манбалари ҳисобига бюджетдан ташқари маблағларни шакллантириш;
тўгарак машғулотлари учун белгиланган тўловни ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар)дан ўз вақтида ундиришни назорат қилиш;
Мактабнинг бўш турган бино ва ер майдонларидан самарали фойдаланишни таъминлаш учун давлат-хусусий шериклик шартлари асосида мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш.
10. Мактабнинг мажбуриятлари:
халқ таълими органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ва бошқа ҳужжатлари, кўрсатмаларини бажариш;
ўз Уставида назарда тутилган вазифаларни ижро этиш;
мактабдан ташқари таълимга қўйилган давлат талаблари, белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув қўлланмалари ва дастурлари асосида таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш;
ўқувчиларнинг мактабдан ташқари таълимга бўлган эҳтиёжини ўрганиш, назарда тутилаётган тўгарак аъзолари контингентини аниқлаш;
ўқув режасини тегишли халқ таълими органлари билан келишиш;
таълим-тарбия жараёнини белгиланган тартибда санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларига ҳамда хавфсизлик қоидаларига мувофиқ ташкил этиш;
бино ва иншоотлар, ер участкалари, тўгарак хоналарини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ижарага бериш;
Мактабнинг моддий-техник таъминоти ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш;
тўгаракларни ташкил этишда тўгарак аъзоларининг ёши, руҳий-физиологик ҳолати, лаёқати ва қизиқишларини инобатга олиш.
4-боб. Мактаб фаолиятини ташкил этиш
11. Мактаб кўп тармоқли бўлиб, у фаолият юритадиган ҳудуднинг ўзига хос хусусияти, ўқувчиларнинг қизиқишлари ва эҳтиёжларига кўра, уларнинг ижодий имкониятларини янада ривожлантиришга қаратилган техник ижодиёт, бадиий ижодиёт, ёшлар туризми ва экология, хорижий тиллар, спорт, мактабга ва олий таълим муассасаларига тайёрлов, шунингдек ота-оналар хоҳишларидан келиб чиқиб, Вазирлик билан келишув асосида бошқа йўналишларини ўз ичига олган ҳолда фаолият кўрсатади.
Мактаб 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга уларнинг ҳар томонлама камол топишлари ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун кенг имкониятлар яратади ва пуллик хизматлар кўрсатади.
Мактаб томонидан пуллик хизмат асосида ташкил этиладиган тўгаракларга 6 ёшгача ва 18 ёшдан юқори бўлган шахслар ҳам жалб қилиниши мумкин.
Мактаб муассис томонидан ташкилий-ҳуқуқий шаклига кўра давлат муассасаси сифатида ташкил этилади ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги 542-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органлари ва муассасаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва давлат органларини тугатиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти.
12. Умумтаълим ташкилотларида жойлашган мавжуд мактаблар шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилган алоҳида бинода, янги қурилган ва реконструкция қилинган бино ва иншоотларда ёки истисно тариқасида умумтаълим ташкилотлари биноларининг алоҳида ўқув блокларида, алоҳида чегара ҳудудини белгилаган ҳолда, кириш жойи билан таъминланган ва мактабдаги умумий ўрта таълим жараёнига халақит бермайдиган тарзда ташкил қилинади ҳамда мустақил равишда фаолият кўрсатади.
13. Умумтаълим ташкилотлари биноларининг алоҳида ўқув блокларида ташкил қилинган мактабларда электр энергиясини ҳисобга олишнинг алоҳида приборлари ўрнатилади ва электр энергияси учун тўловлар электр таъминоти ташкилоти билан белгиланган тартибда тузилган шартнома бўйича амалга оширилади. Қолган коммунал харажатлар эса Мактаб эгаллаб турган бинонинг майдони ва ҳажмидан келиб чиқиб, умумтаълим ташкилотларига молия органлари билан келишув бўйича қоплаб берилади.
Шунингдек, Мактаб учун умумтаълим ташкилотларида ташкил этиладиган тармоқ тўгараклари, ўқув тажриба-синов майдончалари, боғлар, иссиқхоналар, виртуал майдонлар, ихтиро ва кашфиётларни синовдан ўтказиш майдончалари, технопарклар ҳамда ички имкониятлардан келиб чиқиб, чекка ҳудудларда уларнинг филиаллари ҳам ташкил этилиши мумкин.
14. Мактаб тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда ҳар йили моддий-техника базасини мустаҳкамлашга оид чора-тадбирларни амалга оширади.
15. Мактабда Вазирлик томонидан тасдиқланадиган тўгараклар рўйхати асосида тўгараклар ва курслар ташкил этилади.
Мактабда «STEAM — таълим» дастури бўйича табиий фанлар, технологиялар, муҳандислик, санъат, математика йўналишидаги тўгарак фаолияти мазкур соҳада етук хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда жорий этилади.
Вазирлик билан келишган ҳолда Мактабда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўқувчи-ёшлар учун робототехника, инженерлик, ментал арифметика, Java, Scratch, 3D дизайн ва бошқа йўналишлар бўйича замонавий курслар ҳамда куннинг кечки вақтида мактабда аҳоли учун ижодий ишлар хариди, соғломлаштириш ва психологик қўллаб-қувватлаш хизматлари, турли семинар ва тренинглар ташкил этилиши мумкин.
16. Мактабда ташкил этиладиган тўгарак машғулотлари мактабдан ташқари таълимга қўйилган давлат талабларига мувофиқ тегишли ўқув дастурлари асосида синфларга бўлиб ўтказилади.
Тўгарак машғулотлари ўқув дастурлари талабларига кўра бутун ўқув йили учун ҳамда қисқароқ муддатларда ҳам ташкил этилади.
Мактабда тўгарак машғулотлари ўқув йилининг 15 сентябридан бошланиб, 25 майида якунланади. Ёзги таътил кунларида Мактаб томонидан тўгарак машғулотлари алоҳида режа асосида (ўқувчиларни саёҳатларга олиб чиқиш, турли тўгараклар, пуллик оромгоҳларни ташкил этиш, фестиваль ва танловлар ташкил этилишини ўз ичига олган ҳолда) ташкил этилади.
Мактабда тўгарак раҳбарлари йилнинг 26 майидан 1 июнига қадар ўқув йили якуни муносабати билан журналларни расмийлаштириш, тўгаракнинг ёз мавсуми ўқув режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлатиш, шунингдек, 2 сентябрдан 15 сентябрга қадар ёз мавсуми ўқув режаси якуни бўйича журналларни расмийлаштириш, янги ўқув йили режасини тузиш ва тасдиқлатиш, болаларни синфларга (гуруҳларга) бўлиш каби ишларини амалга оширади.
Мактабнинг тўгарак машғулотлари жадвали тўгарак аъзолари учун қулай тартибда, уларнинг ёши, психофизиологик хусусиятлари ва санитария нормалари қоидалари ва гигиена нормативлари инобатга олинган ҳолда педагогик ходимларнинг тақдимномасига кўра Мактаб маъмурияти томонидан тузилади ва тасдиқланади.
Ёз мавсуми давомида тўгарак раҳбарларини стационар оромгоҳларга жалб қилиш, уларнинг розилиги асосида икки томонлама фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида амалга оширилади.
17. Мактабда тўгарак машғулотларининг ташкил этилиши учун ҳафтада 6 академик соат ажратилади. 6 ёшли болалар учун олиб бориладиган тўгарак машғулотлари вақти 35 дақиқа этиб белгиланади ва у ҳафтада 2 академик соатдан ошмаслиги керак.
Мактабнинг тармоқ тўгарак машғулоти имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларида ташкил этилиши учун ҳафтада 6 академик соат ажратилади. Бунда тўгарак раҳбари 2 академик соат гуруҳ билан 4 академик соат якка машғулотлар олиб боради.
Мактабда ҳар бир синф (гуруҳ)даги тўгарак аъзоларининг сони ўқув йили давомида 10 нафардан, хорижий тиллар, дастурий таъминот, робототехника, мехатроника ва инженерлик тўгаракларида 8 нафардан кам бўлмаслиги лозим. Тўгарак гуруҳлари 6 тагача ташкил этилиши мумкин.
Ота-оналарнинг хоҳишларига кўра икки томонлама шартнома асосида ўқувчилар билан якка тартибда (индивидуал) пуллик тўгарак машғулотлари ташкил этилиши мумкин. Бу турдаги тўгарак машғулотлари (пуллик хизмат) учун тўлов миқдори Вазирлик билан келишилган калькуляция асосида, ўқув режага таъсир қилмаган ҳолда амалга оширилади.
18. Мактаб таътил пайтларида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари ва дам олишларини тўлақонли амалга ошириш мақсадида ташкилотлар ва маҳаллаларда (овулларда) ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) ва ташаббускорлар билан ҳамкорликда турли йўналишдаги оммавий тадбирларни ташкил этиши мумкин.
19. Мактаб томонидан ўқувчиларга қўшимча таълим олганлиги тўғрисида ушбу Низомнинг иловасига мувофиқ шаклда гувоҳнома берилади.
Тўгарак аъзоларига гувоҳнома тўгаракларнинг йўналишлар бўйича ўқув дастурларини тўлиқ бажарган тақдирда берилади.
20. Мактаб тегишли халқ таълими органлари билан келишган ҳолда Вазирлик томонидан тасдиқланган йўналишлар бўйича умумий ўрта таълим муассасаларида тармоқ тўгаракларини ташкил этади ва уларга амалий-услубий ёрдам кўрсатади.
21. «Баркамол авлод» республика болалар мактаби А. Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда Мактаб ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ишларини ташкил этади, илғор тажрибалар асосида тўгарак ўқув дастурларини тузиш ва такомиллаштиришга оид ишларни олиб боради.
Мактаб ўқув йили натижалари бўйича тўгарак аъзолари билим, кўникма ва малакаларининг мактабдан ташқари таълимга қўйилган давлат талабларига мослигини сўровномалар, танланма ўрганишлар, кўрик-танловлар, мусобақалар, тестлар ва бошқа шаклларда мунтазам назорат қилиб боради.
«Баркамол авлод» республика болалар мактаби белгиланган тартибда вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари, ижодий уюшмалар, жамғармалар, бошқа ташкилотлар, маҳаллалар (овуллар), ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) ва ташаббускорлар билан узвий ҳамкорликда иш олиб боради.
22. Мактабнинг раҳбар ва ходимлари белгиланган тартибда малака оширади ва қайта тайёрловдан ўтади.
5-боб. Таълим жараёни иштирокчилари
23. Тўгарак аъзолари, ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар), ташаббускорлар ва педагог ходимлар Мактаб таълим жараёнининг иштирокчилари ҳисобланади. Тўгарак аъзолари:
Мактабда ихтиёрий равишда мактабдан ташқари таълимга қўйилган давлат талаблари асосида таълим олиш;
қизиқишларига кўра тўгарак турини танлаш;
бир неча тўгаракларда қатнашиш, йил давомида қизиқиш ва истакларига қараб бўш ўринлар мавжуд бўлса бошқа тўгаракларга ўтиш;
Мактабнинг жамоатчилик органларини сайлашда иштирок этиш ва уларга сайланиш;
Мактабнинг иш фаолиятини такомиллаштиришга оид таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.
24. Тўгарак аъзолари:
қонунчилик ҳужжатларига риоя қилишга;
Мактабнинг моддий-техника базасидан самарали фойдаланиш ва уни асраб-авайлашга;
Мактаб устави ва ички тартиб-қоидаларига риоя қилишга мажбур.
25. Ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар):
ўз фарзандлари учун тўгарак турини танлаш;
Мактаб маъмуриятидан унинг уставига мувофиқ зарур шарт-шароитларни яратишни талаб қилиш;
бола шахсига ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш;
Мактабни жамоатчилик асосида бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
26. Ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар):
фарзандининг жисмоний ва руҳий соғлом бўлиши учун ғамхўрлик қилишга;
боланинг қадр-қимматига ҳурмат билан қараш, уни меҳнатсеварлик, эзгулик, ватанпарварлик руҳида тарбиялашга;
фарзандида қонунларга итоаткорлик, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат туйғусини тарбиялашга;
фарзандига тўгарак машғулотларида иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга;
ота-она тўловларини белгиланган тартибда ўз вақтида тўлаб боришга мажбур.
27. Мактабнинг педагог ходимлари:
ўз касбий обрўси ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;
Мактаб фаолиятини бошқаришда иштирок этиш;
Мактаб маъмуриятига Мактабнинг ва тўгараклар фаолиятини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш;
касб фаолияти учун шароитлар билан таъминланиш, малакасини ошириш, қайта тайёргарликдан ўтиш, таълим шакли, услуби ва воситаларини танлаш ҳуқуқига эга.
28. Мактабнинг педагог ходимлари:
мактабдан ташқари таълимга қўйилган давлат талаблари ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув қўлланмалари ва дастурлари асосида таълим-тарбия жараёнини ташкил этишга;
педагог ахлоқ-одобига қатъий риоя қилишга;
ўқув-тарбиявий ишларни юқори савияда олиб бориш, таълим мазмунини такомиллаштириш, ўқитиш воситаларини яратишда фаол қатнашишга;
боланинг қадр-қимматига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларда меҳнатсеварлик, эзгулик, меҳр-шафқат каби фазилатларни шакллантириш, она Ватанига садоқат, давлат тилига, миллий ва умуминсоний, тарихий ва маданий қадриятларга, ота-онага ва ўзидан катта ёшдагиларга ҳурмат, атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашга;
белгиланган тартибда ва муддатларда ўз малакасини ошириб боришга;
ўзининг назарий билим даражасини, педагогик маҳорати ва касб малакасини узлуксиз равишда ошириб бориш ва ўз устида мунтазам ишлашга;
ўқув-тарбиявий ва услубий ишларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга;
ўқувчиларнинг ота-оналари (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) ва ташаббускорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга мажбур.
6-боб. Мактабда педагогик фаолият билан шуғулланиш
29. Олий таълим муассасаларини турли йўналишлари (педагог ва педагогик мутахассисликка эга бўлмаган) бўйича мутахассисликка эга, профессионал таълим ташкилотлари (касб-ҳунар коллежлари)нинг тегишли маълумотга ҳамда касбий тайёргарликка, юксак ахлоқий фазилатларга эга шахслар Мактабда педагогик фаолияти билан шуғулланишга ҳақли.
Зарур ҳолларда, тегишли педагогик маълумотга эга бўлмаган, аммо касбий тайёргарликка ва юксак ахлоқий сифатларга ҳамда «Уста», «Ҳунарманд», техник, спорт ва сайёҳлик соҳаси бўйича «Спорт устаси» ёки «Спорт усталигига номзод», «Хизмат кўрсатган спортчи», «Спорт устози», «Артист» ва «Меъмор» мақомига эга бўлган шахслар ҳам Мактабда педагогик фаолият билан шуғулланишга жалб қилиниши мумкин.
30. Мактаб директори, директор ўринбосарлари, услубчиларнинг ҳамда тўгарак раҳбарларининг меҳнат таътили 36 иш куни этиб белгиланади.
31. Мактабда тўгарак машғулотларини ўтказишга асосан умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва профессионал таълим ташкилотлари (касб-ҳунар коллежлари) ўқитувчилари ўтилган машғулотлар ҳажмига пропорционал равишда соатбай ҳақ тўланган ҳолда шартнома асосида жалб этилиши мумкин.
32. Педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан суд қарорига кўра ёки тиббий хулосага асосан маҳрум қилинган шахсларнинг Мактабда тўгарак раҳбари бўлишига ва педагогик фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.
Етарли малакага эга бўлмаганлиги, шунингдек таълим фаолияти принципларига зид бўлган ахлоқсиз хатти-ҳаракатлар тўгарак раҳбари лавозимидан маҳрум қилиш учун асос бўлади.
33. Мактаб тўгарак раҳбарларининг ҳафталик иш юкламаси 24 соатни ташкил этади.
34. Мактаб педагог ходимларининг фаолияти ўқувчилар шахсини фаол, мустақил, масъулиятли, уюшқоқ ва тартибли бўлишини ривожлантиришга йўналтирилган бўлиши лозим.
7-боб. Мактабни бошқариш
35. Мактабга белгиланган тартибда муассис томонидан тайинланадиган директор раҳбарлик қилади.
Мактаб директори ва унинг ўринбосарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш Вазирлик томонидан амалга оширилади.
36. Мактабнинг фаолиятига доир асосий масалаларни коллегиал муҳокама қилиш, Мактабнинг тўгарак машғулотлари жараёнини ривожлантириш, такомиллаштириш, унинг фаолияти билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни мувофиқлаштириш учун доимий фаолият юритадиган Педагогик кенгаш фаолияти жамоатчилик асосида ташкил этилади.
Педагогик кенгаш таркиби Мактаб директори, директор ўринбосарлари ва педагог ходимлардан иборат бўлади. Мактабнинг ҳар бир педагог ходими ишга қабул қилинган пайтдан бошлаб ушбу Кенгашнинг аъзоси ҳисобланади.
Мактаб директори педагогик кенгаш раиси ҳисобланади ва унинг котиби педагог ходимлар орасидан тўғридан-тўғри очиқ овоз бериш йўли билан сайланади.
Педагогик кенгаш раиси ўз вазифасини бажара олмайдиган (касал бўлган, хизмат сафарига кетган ва б.) ҳолатларда унинг вазифалари вақтинча вазифани бажариш юклатиладиган директор ўринбосари томонидан амалга оширилади.
Педагогик кенгаш йиғилиши ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Заруратга кўра, навбатдан ташқари йиғилишлар ўтказилиши мумкин.
Педагогик кенгаш йиғилиши Мактаб фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш, унинг фаолияти сифат ва самарадорлигини оширишнинг асосий йўналишларини белгилайди.
37. Ўқув-тарбия жараёнини ривожлантириш ва такомиллаштириш, педагог ходимларнинг касб маҳоратларини ва ижодий ўсишларини кучайтириш мақсадида «Баркамол авлод» республика болалар мактаби ҳузурида Илмий-методик кенгаш тузилади. Илмий-методик кенгаш таркибига унинг фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Вазирликнинг тегишли масъул ходими киритилади.
«Баркамол авлод» республика болалар мактаби директори ўз навбатида Илмий-методик кенгаш раиси ҳам ҳисобланади.
Илмий-методик кенгаш йиғилиши ҳар ярим йилда ва навбатдан ташқари йиғилади ҳамда унинг низоми «Баркамол авлод» республика болалар мактаби томонидан тасдиқланади.
Илмий-методик кенгашда ўқув режалар, дастурлар, ўқув қўлланмалар, тажриба-синов ишлари муҳокама қилинади, педагогик ходимларнинг ижодий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ишларини ташкил қилиш юзасидан қарорлар қабул қилинади.
Тўгарак раҳбарлари томонидан тўгараклар ўқув режа ва дастурларига 15 фоиз доирасида ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
38. Туман (шаҳар)даги мактабларда фаолият кўрсатаётган тўгараклар фаолиятини ривожлантириш, уларга методик ёрдам кўрсатиш, услубчи ва тўгарак раҳбарларининг тавсия, қўлланма ва ижодий ишларини такомиллаштириш бўйича Услубий кенгаш ташкил этилади. Услубий кенгаш таркибига унинг фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида ҳудудий халқ таълими бошқармаси методик хизмат бўлими вакили киритилади.
Вилоятдаги Мактаб директори ўз навбатида Услубий кенгаш раиси ҳам ҳисобланади.
Услубий кенгаш аъзолари ҳар чоракда бир марта йиғилади, тавсия, қўлланма ва ижодий ишларни сифатини таҳлил қилади ва амалиётга жорий этиш учун рухсат беради.
8-боб. Мактабнинг мол-мулки ва пул маблағлари
39. Муассис ёки ваколатли давлат органи Мактабга мол-мулкни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бириктиради.
Мактаб ўзига бириктирилган мол-мулкни ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаси бўйича ўзига ажратилган маблағлар ҳисобига сотиб олинган мол-мулкни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасарруф этади.
Мактаблар фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
Қуйидагилар Мактаб фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
ота-оналар тўловидан тушадиган маблағлар;
ўқувчилар ва педагог ходимлар томонидан ўқув жараёнида тайёрланган маҳсулотлар ва буюмлари сотувидан тушган маблағлар;
асосий машғулотлардан ташқари пайтда бўш бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналарни ижарага беришдан тушган маблағлар;
хўжалик фаолиятидан, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган шартнома асосида пуллик хизмат кўрсатишдан олинган даромадлар;
давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тушган маблағлар;
ўқувчилар ва педагог ходимлар томонидан ўқув-тарбия жараёнига таъсир этмаган ҳолда бадиий кечалар, концерт ва театр томошалари ташкил этишдан олинган маблағлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
40. Мактаб аҳолига, турли ташкилотларга хизматлар кўрсатишга, қонун билан тақиқланмаган, муассасанинг асосий фаолиятига салбий таъсир кўрсатмайдиган фаолият турлари билан шуғулланишга ҳақли.
Юқори турувчи ташкилотлар томонидан тўгарак аъзоларининг таълимга алоқаси бўлмаган тадбирларга жалб этилишига, концерт-томоша дастурлари ва кўргазмаларни ташкил этишга йўл қўйилмайди, тўлов-шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар бундан мустасно.
41. Мактабнинг бюджетдан ташқари жамғармалар, шу жумладан, болалари ўқиганлиги учун ота-оналар тўлови ҳисобига шаклланган жамғарма ойлик, чораклик ёки йиллик тушган маблағлари бўйича (мақсадли ҳомийлик хайрияларидан ташқари) жами суммасидан ўн фоизгача бўлган миқдори мазкур мактаб раҳбарини моддий рағбатлантириш учун йўналтирилади.
42. Қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятдан олинган даромад ҳисобига сотиб олинган мол-мулк мактаб мол-мулки таркибига киритилади.
43. Педагог ходимларни бир марталик пул мукофотлари билан тақдирлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари бюджет ҳисобидан ва уч бараваригача бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
44. Мактабнинг моддий-техника базаси ер, бино ва иншоотларни, кутубхоналарни, спорт залларини, коммуникация, техник жиҳозлар ва ускуналарни, транспорт воситаларини ҳамда таълим ва тарбия жараёнида фойдаланиладиган бошқа анжомларни ўз ичига олади.
45. Мактаблар томонидан бюджетдан ташқари ва ота-оналар тўловларидан тушган маблағларни тўғри тасарруф этиш учун бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан Мактаб учун бухгалтер (ҳисобчи) ишга қабул қилиниши мумкин.
Мактаб бухгалтери (ҳисобчиси) туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига тушумларни ишлатилиши юзасидан ҳар чоракда ҳисобот бериши лозим.
Тўгарак машғулотлари жараёни самарадорлигини ошириш ва ўқувчилар билан индивидуал ишлаш мақсадида мактаб томонидан бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан тўгарак раҳбари, услубчи ва мактаб учун зарур бўлган бошқа штатлар очилиши ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида мутахассислар жалб қилиши мумкин.
9-боб. Якунловчи қоидалар
46. Мактаб қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда мактабдан ташқари таълим йўналиши бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиши мумкин.
Уларнинг халқаро ҳамкорлиги шартномалар асосида хорижий ташкилотлар билан педагогик ахборот ва тажриба алмашиш, педагог ходимларнинг малака ошириши ҳамда амалиёт ўташи, конференциялар, халқаро анжуманлар ўтказиши шаклида амалга оширилиши мумкин.
47. Мактаблар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 июлдаги 302-сон қарори билан тасдиқланган Давлат муассасалари тўғрисидаги низом.
Мактаб тугатилган тақдирда унинг маблағлари ва мол-мулкидан, унинг мажбуриятларини қоплаш бўйича тўловлар чегирилган ҳолда, қонунчилик ҳужжатларига ҳамда Мактаб уставига мувофиқ фойдаланилади.
48. Мактабларни қайта ташкил этиш ёки тугатиш, қоидага кўра, ўқув йилининг охирида амалга оширилади, бунда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ўқувчиларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари) билан келишилган ҳолда, уларни бошқа мактабларга ўтказиш учун жавобгарликни ўз зиммаларига оладилар.
49. Ушбу Низом юзасидан келиб чиқадиган низоли масалалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
50. Мазкур Низом талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Кейинги таҳрирга қаранг.
«Баркамол авлод» болалар мактаблари тўғрисидаги низомга
ИЛОВА

Oʻzbekiston Respublikasi
‎«Barkamol avlod» bolalar maktabida
‎maktabdan tashqari taʼlim olganligi haqida ‎‎‎

G U V O Н N O M A ‎‎

‎MT № ________‎
________________________________________________________

(oʻquvchining familiyasi, ismi, otasining ismi)‎‎

________________________________________________________

(Respublika, viloyat, tuman, shahar nomi)‎‎

«Barkamol avlod» bolalar maktabida‎

20___-yil ___- ____________dan — 20__ -yil ___- ______________ gacha‎

(kun) (oy)‎

(kun) (oy)‎‎

________________________________________________________

(toʻgarak nomi)‎

toʻgaragida maktabdan tashqari taʼlimga qoʻyilgan davlat talablari asosida taʼlim oldi.‎
Maktab direktori _____‎‎ ______________________________‎‎‎
(imzo)‎

(familiyasi, ismi)‎‎‎

Muhr oʻrni‎

Sana: _____________ Qayd raqami: _____________ ‎
Гувоҳнома тавсифи
«Баркамол авлод» болалар мактабида мактабдан ташқари таълим
олганлиги ҳақида давлат намунасидаги
ГУВОҲНОМА
«Баркамол авлод» болалар мактабида мактабдан ташқари таълим олганлиги ҳақидаги гувоҳнома А5 форматли қалин оқ қоғозда тўрт хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун — қора рангда, расмлар тасвири учун — яшил, кўк, қизил рангларда чиқарилади.
Варақнинг юқори қисмидан 20 мм. чекинган ҳолда диаметри 46 мм. бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат герби жойлаштирилади. Варақнинг икки ён тарафидан 15 мм. ва қуйи қисмидан 15 мм. чекинган тасманинг эни 6 мм. ни ташкил этади.
Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида «Oʻzbekiston Respublikasi «Barkamol avlod» bolalar maktabida maktabdan tashqari taʼlim olganligi haqida GUVOНNOMA» сўзлари босилади. Гувоҳномага икки лотин ҳарфи — MT ва тартиб рақами қўйилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 майдаги 331-сон қарорига
5-ИЛОВА
Республика «Болалар кутубхонаси»нинг
ТУЗИЛМАСИ

Илмий-методик кенгаш

Директор

Директорнинг ташкилий ва маркетинг масалалари бўйича ўринбосари

1

Директорнинг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари

1

Директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари

1

Ходимлар билан ишлаш бўйича бош мутахассис

1

Медиа бўлим

3

Услубий бўлим

7

Ахборот ресурслари ва технологиялари бўлими

4

Молия ва бухгалтерия бўлими

3

Назорат ва девонхона бўлими

2

Маданий — оммавий тадбирларни ташкиллаштириш бўлими

6

Адабиётларни сақлаш бўлими

4

Китобларни жамлаш ва каталог яратиш бўлими

4

Хизмат кўрсатувчи ходимлар*

Инвестицияларни жалб этиш ва халқаро алоқалар мутахассиси

1

Ҳудудий кутубхоналар билан ишлаш ва мониторинг бўлими

5

Маълумот ва библиография бўлими

3

Юрисконсульт

1

Маркетинг бўлими

3

Китобхонларга хизмат кўрсатиш бўлими

9

Ходимларнинг умумий чекланган сони — 60 нафар, шу жумладан, бошқарув ходимлари — 17 нафар.
* Хизмат кўрсатувчи ходимлар сони белгиланган нормативлар бўйича аниқланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 майдаги 331-сон қарорига
6-ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар «болалар кутубхоналари»нинг
НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ

Директор

Директорнинг ташкилий ишлар бўйича ўринбосари

1

Директорнинг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари

1

Директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари

1

Юрисконсульт

1

Иш юритувчи

1

Услубий бўлим

5

Ахборот ресурслари ва технологиялари бўлими

4

Бухгалтерия

2

Маданий — оммавий тадбирлар бўлими

4

Хизмат кўрсатувчи ходимлар**

Китобларни жамлаш ва каталог яратиш бўлими

2

Китобхонларга хизмат кўрсатиш бўлими

5

Маълумот ва библиография шуъбаси

2

Мактабларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш бўлими*

Адабиётларни сақлаш шуъбаси

2

Ходимларнинг умумий чекланган сони — 32 нафар,
шу жумладан, бошқарув ходимлари — 11 нафар.
* Мактабларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатувчи ходимлар сони ҳудудлардаги туман (шаҳар)лар сонидан келиб чиқиб белгиланади.
** Техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув-ёрдамчи ходимлар сони белгиланган меъёрлар бўйича аниқланади
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 майдаги 331-сон қарорига
7-ИЛОВА
«Болалар кутубхоналари» тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Болалар кутубхоналари»нинг мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. «Болалар кутубхоналари» давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз уставига, банк ҳисобварағига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, штампга ва бланкаларга эга бўлади.
3. «Болалар кутубхоналари» ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг буйруқларига, шунингдек ушбу Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилади.
Республика «Болалар кутубхонаси» Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик) тизимига киради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. «Болалар кутубхоналари»нинг намунавий устави Вазирлик томонидан тасдиқланади. «Болалар кутубхонаси» мазкур намунавий устав асосида ўз уставини ишлаб чиқади. Устав муассис томонидан тасдиқланади.
5. Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари тегишлича «Болалар кутубхоналари»нинг муассислари ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. «Болалар кутубхоналари»нинг умумий фаолияти Вазирлик томонидан мувофиқлаштирилади.
Республика болалар кутубхонаси Вазирлик тизимидаги барча кутубхоналар иш фаолиятини мувофиқлаштирувчи методик марказ ҳисобланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
7. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар «Болалар кутубхоналари» умумий ўрта таълим мактаблари кутубхоналарига кутубхоначилик ва библиографик хизмат кўрсатиш бўйича методик ёрдам беради ва уларнинг ишларини мувофиқлаштириб боради. Кутубхоналар фондини болаларнинг ёши ва психологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, турли жанрдаги болалар адабиётлари билан тўлдириб боради.
8. «Болалар кутубхоналари» болаларга китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилишга хизмат қиладиган, уларни халқимизнинг бой интеллектуал маданий мероси ва умумбашарий қадриятлари, фан-техникага оид адабиётларга бўлган талаб-эҳтиёжларини янги ахборот-кутубхона технологиялари орқали қондиришга мўлжалланган миллий ва хорижий болалар нашрларини (босма, аудиовизуал, электрон ва бошқа) сақлайдиган, кутубхона хизмати кўрсатадиган маданий-маърифий муассасадир.
9. «Болалар кутубхоналари»нинг ахборот-кутубхона фонди давлат мулки ҳисобланади.
2-боб. «Болалар кутубхоналари»нинг асосий вазифалари ва функциялари
10. Қуйидагилар «Болалар кутубхоналари»нинг асосий вазифалари ҳисобланади:
замонавий ва юқори самарали ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ахборотлар олишнинг манбаи, шакл ва методларини танлаш имкониятини таъминлаш орқали ўқувчиларнинг интеллектуал, билим, маънавий-ахлоқий ва маданий эҳтиёжларини ҳар томонлама қондириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
китобхонларга хизмат кўрсатиш шарт-шароитларини, шакл ва усулларини такомиллаштириш, махсус дастурларни жорий этиш, электрон ахборот-маълумот хизматлари яратиш, замонавий компьютер воситаларидан ва маълумотлар узатиш технологияларидан фойдаланиш асосида кутубхоналар фаолияти жараёнлари автоматлаштирилишини таъминлаш;
хорижий илмий-таълим маълумотлар базаларига уланган ҳолда йиғма электрон каталогини ва китоб фондини шакллантириш ва юритиш;
йиғма электрон каталогни шакллантириш ва юритиш;
кутубхона фондини миллий ва чет эл нашрлари билан тизимли тўлдириб бориш, нашрларнинг библиографик ҳисобини юритиш;
юртимиз ҳамда жаҳон тажрибаларига таянган ҳолда тизимдаги кутубхоналар учун book reader миллий модел стандартларини амалиётга жорий қилиш;
умумий ўрта таълим мактаблари кутубхоналари фондини таҳлил қилиш, янги адабиётлар билан бойитиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
аудио ва аудиовизуал ресурслар тайёрлаш ва тарқатиш;
фойдаланувчиларга каталоглар, картотекалар ва библиографик маълумот беришнинг бошқа шакллари орқали кутубхона фонди таркиби тўғрисида маълумот тақдим этиш;
ўқувчиларнинг умумий ва якка тартибда китоб ўқиш маданиятини, ижодий фикрлашини ривожлантиришга ёрдам берувчи оммавий китобхонликни ташкил этиш;
оммавий ахборот воситаларида тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш, тегишли муассасалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;
кутубхонанинг маълумот-қидирув аппарати (каталоглар, картотекалар, маълумотлар базалари) билан ишлаш бўйича фойдаланувчиларга маслаҳатлар бериш;
маданий-маърифий тадбирлар, жумладан, адабиётларнинг очиқ ва мавзули кўргазмалари, турли оммавий тадбирлар, китобхонлик клубларини ташкил этиш;
фойдаланувчиларга масофадан туриб ҳужжатларни электрон етказиб бериш (электрон почта орқали);
мактаб ўқувчиларининг ахборот маданияти ва медиасаводхонлигини шакллантириш.
11. «Болалар кутубхонаси» ўз асосий вазифаларини амалга оширишда қуйидаги функцияларни бажаради:
умумий ўрта таълим мактаблари кутубхоналарини ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари билан бойитиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
«Болалар кутубхоналари» раҳбар ва ходимларини малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича яқин, ўрта ва узоқ истиқболга мўлжалланган режаларини ишлаб чиқади;
ахборот-кутубхона фаолиятини амалга ошириш доирасида, шу жумладан ахборотларни алмашиш ва ўзаро фойдаланиш борасида самарали ҳамкорликни таъминлайди;
ўқувчилар ўртасида reading (ўқиш), writing (ёзиш), poetry (шеърият) танлов ва акцияларини амалга оширади;
Интернет жаҳон ахборот тармоғининг миллий сегментида ўқувчиларнинг қизиқишлари ва ахборотга бўлган эҳтиёжларини ўрганиш асосида ўз веб-сайтларини яратади;
ижтимоий тармоқларда саҳифаларини ташкил этади, «Йилнинг энг яхши китоби», «Энг яхши китобхон-тарғиботчи» тадбирларини йўлга қўяди;
ахборот кунлари, янги келган адабиётлар тақдимотларини ўтказади;
ахборот манбаларини қидириш ва танлашда маслаҳатлар беради;
маълумот-библиографик хизмат кўрсатади (библиографик маълумотномаларни тайёрлайди);
ўқувчилар учун таниқли ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар ташкил этиб боради;
китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган турли танлов, фестиваль ва тадбирларни ўтказади;
ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги хорижий тажрибани ўрганиш бўйича стажировкаларни ташкил этади;
«Болалар кутубхоналари»ни юқори малакали мутахассислар билан таъминлашни ташкил этади;
тажрибали кутубхоначилар фаолиятини оммалаштириб боради;
кутубхоначиларни соҳага оид янги қонун ҳужжатлари ва бошқа турдаги янгиликлар билан ўз вақтида таништириб бориш бўйича туман (шаҳар)ларда ўқув-семинар, конференция ва илмий-амалий тадбирлар ташкил этади;
Кейинги таҳрирга қаранг.
китобхонларга қулайлик яратиш учун қўшимча хизмат турлари, шу жумладан пуллик хизматлар, шунингдек таржима қилиш, сканерлаш, нашр этиш каби хизматлар кўрсатади, пуллик хизматлар рўйхати ва нархнома (прейскурант)ларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқлатади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3-боб. «Болалар кутубхоналари» фаолиятини ташкил этиш
12. «Болалар кутубхонаси» болалар учун турли китобхонлик кўрик-танлов ва тадбирларни ташкил этади, умумий ўрта таълим муассасалари кутубхоналарига услубий-амалий ёрдам кўрсатади.
13. «Болалар кутубхонаси» ҳар чоракда ўқувчиларнинг қўшимча адабиётларга бўлган қизиқишларини ўрганади, улар учун миллий ва жаҳон адабиёти дурдоналарига кирадиган энг сара асарлар ҳақида маълумот бериб боради.
14. «Болалар кутубхонаси» қардош тилларда ўқитиладиган умумтаълим муассасаларининг китоб фондини ўрганади ва бадиий адабиётлар билан бойитиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
15. «Болалар кутубхоналари» болалар учун мўлжалланган илмий, маърифий, маънавий адабиётлар, овозли, аудиовизуал ва бошқа форматдаги электрон ресурсларни йиғади ва сақлайди.
Ўқувчилар «Болалар кутубхонаси»да ўз ёшларига мос бадиий адабиётлар, санъатга доир китоблар, ноталар ва бошқа медиаресурсларни ўрганади.
16. «Болалар кутубхонаси» болаларнинг ўқишига бевосита раҳбарлик қилувчи соҳа ходимлари, педагоглар ва кутубхона ходимлари учун илмий-услубий нашрлар, аудиовизуал ва электрон ресурслар захирасини яратади ҳамда улар билан мунтазам ишлайди.
17. «Болалар кутубхонаси» китоб захирасини санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари талаблари даражасида сақлайди, муқовалаш, таъмирлаш тадбирларини режа асосида амалга оширади ҳамда аудиовизуал материаллар, электрон нашрлар ва бошқа ахборот ташувчи манбаларни, медиаресурсларни сақлайди.
18. «Болалар кутубхонаси» электрон кутубхона ва электрон каталогни шакллантиради, йиғма электрон каталогни шакллантиришда иштирок этади, бошқа ахборот-кутубхона муассасалари билан ҳамкорликни амалга оширади.
19. «Болалар кутубхонаси» умумий ўрта таълим ташкилотлари кутубхоналарига кутубхона хизмати кўрсатиш бўйича тавсиялар беради, хизмат кўрсатиш ҳолатини таҳлил қилади ва уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
20. «Болалар кутубхоналари» кутубхоначилик соҳасидаги илғор хорижий иш тажрибаларини ўрганади ва оммалаштиради.
21. «Болалар кутубхоналари» Вазирлик билан келишган ҳолда ўз ходимларини республикадаги барча ҳудудларга ва хорижий давлатларга хизмат сафарига юборади ҳамда амалий ёрдам кўрсатади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
22. «Болалар кутубхоналари»да ўқувчиларга хизмат кўрсатишни яхшилаш, уларда нотиқлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган нотиқлик, бошловчилик ва театр тўгараклари, ёш китобхонлар клублари ташкил этилиши мумкин.
23. «Болалар кутубхоналари»да китоб дўконлари ва «Китоб кафелари» каби турли пуллик ва ижтимоий хизмат турлари йўлга қўйилиши мумкин.
4-боб. «Болалар кутубхоналари»нинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
24. «Болалар кутубхоналари» қуйидаги ҳуқуқларга эга:
республика ахборот-кутубхона муассасаларидан уларнинг ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида зарур материалларни сўраш ва олиш;
ахборот-кутубхона муассасаларига эга бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан ахборот-кутубхона муассасаларининг илмий-методик ва илмий-тадқиқот масалалари бўйича ишлаб чиқиладиган қоидалар, низомлар, йўриқномалар, ўқув дастурлари ва бошқа ҳужжатларни келишиш;
тасдиқланган хизматлар рўйхати ва нархлар прейскурантларига мувофиқ ахборот-коммуникация технологиялари асосида пулли кутубхона хизматлари кўрсатиш;
адабиётларга ва ахборот манбаларининг бошқа турларига кутубхоначилик услубида қайта техник ва илмий ишлов беришни амалга ошириш;
ғоявий, мазмунан эскирган ва маънавий жиҳатдан эскириб, яроқсиз ҳолга келиб қолган адабиётларни ўрнатилган тартибда ҳисобдан чиқариш;
ўз кутубхона фондларидан, уларнинг тўлиқлиги ва бутлигига зарар етказмасдан кутубхона ресурсларининг ортиқча сони ва нусхаларини ҳисобдан чиқариш, шунингдек уларни ҳисобдан чиқариш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ сотиш;
китобхонларга кутубхона ва унинг ўқув залларида, абонементда, кўчма кутубхонада, сиртқи абонемент ва кутубхоналараро абонемент орқали хизмат кўрсатиш;
ўқувчилар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш юзасидан оммавий китобхонлик тадбирлари, китоблар кўргазмалари, фестивалларини ташкил этиш;
ходимларни замонавий ахборот технологияларидан профессионал фойдаланиши, чет тилни билиши, фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишнинг самарали шаклларини жорий этганлиги учун моддий рағбатлантириш;
ахборот маҳсулотини яратиш, ахборотларга таҳлилий қайта ишлов беришни амалга ошириш, маълумотнома-библиография аппаратини ташкил этиш ва юритиш, шу жумладан:
электрон каталоглар (алфавит ва тизимли тартибдаги) яратиш;
электрон картотекалар — мақолаларнинг мазмун жиҳатдан ва тизимли картотекаларини яратиш;
тавсиявий библиографик қўлланмалар (адабиётлар рўйхатлари, библиографик кўрсаткичлар, библиографик шарҳлар) ишлаб чиқиш;
фойдаланувчиларни ахборот маҳсулотидан хабардор этишни таъминлаш;
фойдаланувчиларнинг ахборот олиш эҳтиёжларини ўрганиш асосида турли ташувчилардаги ахборот-ресурсларини тақдим этиш;
ахборот олиш ва китобхонлик маданиятини ривожлантиришга йўналтирилган, танқидий тафаккурни ўстиришга, медиамаконни ўзлаштиришга ёрдам берадиган тадбирларни ташкил этиш;
инновацион технологиялар асосида ахборот олиш эҳтиёжларини аниқлаш ва сўровларни қаноатлантириш;
ўқув фанлари, бўлимлар, мавзулар бўйича ахборот тўплаш ва тизимга солиш, ахборот банкларини вужудга келтириш.
25. «Болалар кутубхоналари» қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:
китоб фондини молиявий имкониятлардан келиб чиқиб, ўзбек ва жаҳон болалар адабиёти, энциклопедиялар, педагогикага оид адабиётлар, иқтисодий соҳага доир хорижий тиллардаги (ахборот) адабиётлар ва луғатлар билан тўлдириш;
ортиқча (такрор) адабиётларни алмаштириш, захира фонди орқали уларни бошқа кутубхоналарга ўтказиш ҳамда кам фойдаланиладиган адабиётларни танлаш ишларини амалга ошириш ва депозитларда сақлаш учун топшириш;
чоп этилган нашрларнинг умумий ва якка ҳисобини олиб бориш;
китоблар фонди таркибини бойитиш ишини таъминлаш.
5-боб. «Болалар кутубхоналари»ни бошқариш
26. Республика болалар кутубхонасига Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар «Болалар кутубхонаси»га директор Вазирлик билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиғининг буйруғи билан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
27. Директор:
Республика болалар кутубхонасига юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Кейинги таҳрирга қаранг.
кутубхонанинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;
ўз ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
кутубхона ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод қилади, улар билан меҳнат шартномалари (контрактлари) тузади ва уларнинг амал қилишини тўхтатади;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ кутубхона ходимларини рағбатлантириш чора-тадбирларини кўради ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллайди;
белгиланган тартибда кутубхонанинг мол-мулки ва маблағларини тасарруф этади, кутубхонанинг ахборот-кутубхона ресурсларидан самарали фойдаланилишини таъминлайди;
кутубхонанинг моддий-техника базасини сақлаш ва ривожлантириш, кутубхона фойдаланувчилари ва ходимлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини белгиланган тартибда амалга оширади, ахборот-кутубхона фондлари, шунингдек бинолар, иншоотлар, асбоб-анжомлар, кутубхонанинг бошқа мол-мулки сақланиши ва улардан зарур даражада фойдаланилиши учун жавоб беради.
28. Республика болалар кутубхонаси ҳар чоракда бир марта директорлар кенгашини ташкил этади, улар бажариши лозим бўлган вазифаларни белгилайди ва амалга оширилаётган ишларни мониторинг қилиб боради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
29. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар «Болалар кутубхонаси» директорлари ташаббускор, фидокор ва тажрибали кутубхоначиларини турли мукофотларга тавсия қилади ва уларнинг ишини оммалашишига кўмаклашади.
30. Республика болалар кутубхонаси «Болалар кутубхоналари» фаолиятини ривожлантиришга қаратилган концепция, «йўл хариталари» ва дастурлари ишлаб чиқади ҳамда уларнинг кутубхоналарда бажарилишини мониторинг қилиб боради.
Кейинги таҳрирга қаранг.
31. Болалар кутубхонаси директори Муассис билан келишган ҳолда директор ўринбосарларини лавозимга тайинлайди.
32. Республика болалар кутубхонасида китобларнинг мазмун ва моҳиятини ўрганиш, миллий менталитетга ёт бўлган китобларни таълим муассасаларига кириб боришининг олдини олиш ва мазмунан бой, болаларни ватанпарварликка ундайдиган ва китоб ўқишга қизиқтира оладиган асарларни муҳокама қилишга қаратилган Илмий-методик кенгаш тузилади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Илмий методик кенгаш раиси Республика болалар кутубхонаси мутахассислари томонидан очиқ овоз бериш йўли билан сайланади.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Илмий методик кенгаш аъзолари ҳар чоракда бир маротаба йиғилади, илмий, услубий, бадиий ва публицистик китобларни амалиётга жорий этиш ҳамда илғор иш тажрибаларни оммалаштириш ишларини ташкил қилиш юзасидан қарорлар қабул қилади.
6-боб. «Болалар кутубхоналари»ни молиялаштириш
33. Муассис ёки ваколатли давлат органи «Болалар кутубхоналари»га мол-мулкни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда бириктиради.
«Болалар кутубхоналари» ўзига бириктирилган мол-мулкни ҳамда даромадлар ва харажатлар сметаси бўйича ўзига ажратилган маблағлар ҳисобига сотиб олинган мол-мулкни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасарруф этади.
«Болалар кутубхоналари» фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари ҳамда бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
34. Қуйидагилар «Болалар кутубхоналари»нинг фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
ўқувчиларга хизмат кўрсатишдан ташқари пайтда бўш бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналарни ижарага беришдан тушган маблағлар;
хўжалик фаолиятидан, қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган шартнома асосида пулли хизмат кўрсатишдан олинган даромадлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
35. Қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган фаолиятдан олинган даромад ҳисобига сотиб олинган мол-мулк «Болалар кутубхоналари»нинг мол-мулки таркибига киритилади.
36. «Болалар кутубхоналари» ходимларини мукофотлаш белгиланган тартибда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.
«Болалар кутубхоналари»нинг бюджетдан ташқари жамғармаларнинг ойлик, чораклик ёки йиллик тушган маблағлари бўйича (мақсадли ҳомийлик хайрияларидан ташқари) жами суммасидан ўн фоизгача бўлган миқдори мазкур кутубхона раҳбарини моддий рағбатлантириш учун йўналтирилади.
7-боб. Якунловчи қоидалар
37. «Болалар кутубхоналари» қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кутубхоначилик бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиши мумкин.
Уларнинг халқаро ҳамкорлиги шартномалар асосида хорижий ташкилотлар билан педагогик ахборот ва тажриба алмашиш, мутахассисларнинг малака ошириши ҳамда стажировка ўташи шаклида амалга оширилиши мумкин.
38. «Болалар кутубхоналари» қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.
«Болалар кутубхоналари» тугатилган тақдирда унинг маблағлари ва мол-мулкидан, унинг мажбуриятларини қоплаш бўйича тўловлар чегирилган ҳолда, қонунчилик ҳужжатларига ҳамда «Болалар кутубхоналари» уставига мувофиқ фойдаланилади.
39. Ушбу Низом юзасидан келиб чиқадиган низоли масалалар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
40. Мазкур Низом талабларини бузган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 майдаги 331-сон қарорига
8-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 18 февралдаги 59-сон қарори билан тасдиқланган Мактабдан ташқари муассаса тўғрисидаги низомнинг I боби 2-банди иккинчи хатбошисидаги «Баркамол авлод» болалар марказлари» сўзлари «Баркамол авлод» болалар мактаблари» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон қарори билан тасдиқланган Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида Низомнинг 3-банди саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Халқ таълими муассасалари раҳбарларининг базавий тариф ставкалари қуйидаги жадвалга биноан ўқувчилар (тарбияланувчилар) контингентига қараб муассасалар гуруҳидан келиб чиқиб белгиланади:

Халқ таълими муассасасининг типи

Контингент сони (киши)

I гуруҳ

II гуруҳ

III гуруҳ

IV гуруҳ

Умумтаълим мактаблари*

1601 нафар ва ундан ортиқ

881 — 1600

401 — 880

400 нафаргача

«Меҳрибонлик» уйлари

201 нафар ва ундан ортиқ

200 нафаргача

Мусиқа мактаблари ва санъат мактаблари

401 нафар ва ундан ортиқ

400 нафаргача

Мактабдан ташқари муассасалар

601 нафар ва ундан ортиқ

301 — 600

300 нафаргача

Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари

Муассасаларни тегишли гуруҳга киритиш Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

».

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2011 йил 28 февралдаги 50-сон қарорида:
а) 2, 3, 6-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
б) 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Баркамол авлод» болалар мактабларида ўқиганлик учун ота-оналардан олинадиган тўловлар ойига базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:
Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус ва Хоразм вилоятининг Урганч шаҳарларида — 5 фоиз, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг қолган туман (шаҳар)ларида — 2,5 фоиз;
вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида — 10 фоиз;
республиканинг қолган туман (шаҳар)ларида — 5 фоиз.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаси тарбияланувчилари, имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўқувчилари ва ички ишлар органларининг профилактик ҳисобига олинган ўқувчилар «Баркамол авлод» болалар мактабларида ўқиганлик учун ота-оналар тўловидан озод қилинади.
Техник ижодкорлик йўналишидаги тўгараклар учун ота-оналар тўлови Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар мактабларида 25 фоиз, туман (шаҳар) мактабларида 20 фоиз этиб белгиланиши мумкин.
Агар мактабга оиладан биттадан ортиқ бола борса, уларнинг ҳар бири учун ўқиганлик учун ота-оналардан олинадиган тўловлар миқдорининг 70 фоизи, тўгарак аъзоси мактабда ташкил этилган биттадан ортиқ тўгаракка аъзо бўлган тақдирда 60 фоизи тўланади.
Ота-оналар тўловидан тушган маблағлар:
а) «Баркамол авлод» болалар мактаблари фаолияти учун зарур бўлган хом ашё ва материаллар, моддий бойликлар (мебель, асбоб-ускуна ва жиҳозлар, компьютер техникаси ва бошқалар) ва транспорт воситаларини харид қилишга;
б) маданий-оммавий тадбирларни ўтказиш ва уларда қатнашиш билан боғлиқ харажатларга;
в) тўгарак раҳбарлари ва ходимларни 50 фоизгача рағбатлантиришга;
г) ўқувчилари халқаро миқёсида ўтказиладиган кўрик-танлов ва фестивалларда ғолибликни қўлга киритган тўгарак раҳбарлари базавий ҳисоблаш миқдорининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:
1-ўрин учун — 20 бараваригача;
2-ўрин учун — 15 бараваригача;
3-ўрин учун — 12 бараваригача;
д) ўқувчилари республика миқёсида ўтказиладиган кўрик-танлов ва фестивалларда ғолибликни қўлга киритган тўгарак раҳбарлари базавий ҳисоблаш миқдорининг қуйидаги миқдорларида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:
1-ўрин учун — 10 бараваригача;
2-ўрин учун — 7 бараваригача;
3-ўрин учун — 5 бараваригача.».
Кейинги таҳрирга қаранг.
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 февралдаги 146-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тўғрисидаги низомда:
7-кичик бандга қуйидаги мазмундаги бешинчи ва олтинчи хатбошилар қўшилсин:
«ўқувчи ёшларнинг ижодий ишларини оммалаштириш, шу жумладан дунё бозорига миллий анъаналаримиз асосида «Баркамол авлод» болалар мактабларининг тўгарак аъзолари томонидан яратилган маҳсулотларни олиб чиқиш мақсадида «Art shop» электрон дўконларини ташкил этиш ва сотувини йўлга қўйиш;
болалар техник ижодкорлигини ривожлантириш учун хорижий давлатларнинг илғор тажрибалари асосида «Баркамол авлод» болалар мактабларида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида «Болалар технопарки» лойиҳаларини ташкил этиш»;
олтинчи хатбошидаги «шакллантиради» сўзларидан кейин «кўчма кутубхоналар фаолиятини ташкиллаштиради, болалар ва мактаб кутубхоналарини бадиий адабиётлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштиради,» сўзлари қўшилсин;
еттинчи хатбошидаги «Баркамол авлод» болалар марказларидаги» сўзлари «Баркамол авлод» болалар мактабларидаги» сўзлари билан алмаштирилсин.
5. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 391-сон қарори билан тасдиқланган Мактабгача таълим ташкилотларидаги қисқа муддатли гуруҳлар тўғрисидаги низомнинг 20-банди тўққизинчи хатбошисидаги «Баркамол авлод» болалар марказлари» сўзлари «Баркамол авлод» болалар мактаблари» сўзлари билан алмаштирилсин.
6. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 июндаги 458-сон қарори билан тасдиқланган Маданий-маърифий муассасаларнинг ижодий ва бошқа ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича базавий лавозим маошлари Миқдорларида изоҳдаги «Халқ таълими вазирлигининг Республика болалар кутубхонаси» сўзлари «Халқ таълими вазирлигининг Республика болалар кутубхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар «Болалар кутубхоналари» сўзлари билан алмаштирилсин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 майдаги 331-сон қарорига
9-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Баркамол авлод» болалар марказлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2011 йил 11 майдаги 130-сон қарори.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2017 йил 12 майдаги 275-сон қарорига илованинг 2-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2017 йил 30 декабрдаги 1039-сон қарорининг 6-банди.
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2019 йил 30 сентябрдаги 822-сон қарорига илованинг 14-банди.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.05.2021 й., 09/21/331/0501-сон, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 04.07.2023 й., 09/23/271/0440-сон; 11.12.2025 й., 09/25/776/1149-сон; 16.12.2025 й., 09/25/791/1167-сон)