1.21.00.00.00 Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича комплекс тусдаги ҳужжатлар / 21.03.00.00 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари]
[ТСЗ:
1.Табиий ресурслар / Ер]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
2021 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон ҳосилини ўз вақтида ва сифатли ўриб-йиғиб олишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 февралдаги 67-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Республикада коронавирус пандемияси даврида ички бозорда дон ва ун маҳсулотлари барқарор мавжуд бўлишини таъминлаш, аҳолига арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш ҳамда 2021 йил бошоқли дон экинлари ҳосилини қисқа муддатларда нес-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олишни мақбул муддатда сифатли ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этишни мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши (кейинги ўринларда — Республика кенгаши):
жаҳон бозори конъюнктураси ва минтақавий биржаларда кутилаётган дон нархлари ҳамда хўжаликларнинг дон етиштириш харажатлари таҳлилидан келиб чиқиб дон ва ун маҳсулотлари нархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш чораларини кўрсин;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (Қувасой шаҳар) ҳокимликларининг таклифларидан келиб чиқиб ички бозорда дон ва нон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун 2021 йил ҳосилидан давлат ресурсларига товар ва уруғлик дон харид қилиш ҳажмини 1-иловага мувофиқ амалга оширсин.
2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туман (Қувасой шаҳар) ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, «Ўзагросервис» акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий филиаллари, «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси ҳамда дон корхоналари раҳбарлари ғалла ўрим-йиғими мавсумида ғалла ўриш комбайнларидан, дон ташиш учун жалб этиладиган барча турдаги транспорт воситаларидан самарали фойдаланишни, шунингдек, дон қабул қилинадиган шохобчалар, хирмон майдонлари, дон тозалаш машиналарининг узлуксиз ишлашини ва бошқа моддий-техника ресурсларидан унумли фойдаланишни ташкил этсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси ва унинг жойлардаги дон корхоналари, ғаллачилик кластерлари раҳбарлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси 2022 йил ҳосили учун бошоқли дон экинлари уруғлигининг ўз вақтида ва сифатли жамғарилишини таъминласин. Бунда уруғлик дон сифатининг кафолатли бўлишини таъминлаш мақсадида уруғлик ғаллани ўриш учун алоҳида ўрим-йиғим отрядларини шакллантирсин ҳамда уруғлик доннинг алоҳида сақланишини ташкил этсин.
4. «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси билан биргаликда «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси тизимидаги элеватор ва дон қабул қилувчи ва қайта ишловчи корхоналардаги мавжуд дон «ноль»га тозаланиши ва хатловдан ўтказилишини таъминласин ҳамда товар дон (буғдой)ни хатловдан ўтказиш натижалари ҳақида 2021 йил 15 июнга қадар Вазирлар Маҳкамасига маълумот берсин.
5. 2021 йил ҳосили учун экилган ғаллани ўз вақтида ва сифатли ўриб-йиғиб олишга кўмаклашувчи республика ишчи гуруҳининг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Республика ишчи гуруҳи (Ғаниев) қуйидаги вазифаларнинг бажарилишига кўмаклашсин:
2021 йил ғалла ҳосилини қисқа муддатда нес-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олишни ташкил этиш;
янчилган донни ташиш ва қабул қилиш учун етарли миқдорда ёқилғи мойлаш материаллари захирасини яратиш;
ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун бошоқли дон харид қилиш бўйича тузилган контрактация шартномаларининг бажарилиши ва қабул қилинган дон учун ўз вақтида ҳисоб-китоблар амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб бориш;
хўжаликлар ихтиёрида қоладиган қўшимча ғаллани ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, дон қабул қилувчи ва қайта ишловчи корхоналарда ва ғаллачилик кластерларига ички бозорда шаклланган нархларда сотишни ташкил этиш ва сотилган ғалла учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиниши юзасидан мониторинг юритиш;
бошоқли дон экинлари пишиб етилишидан келиб чиқиб, зарурат бўлган ҳолларда, ғалла ўрим-йиғимида қатнашадиган юқори унумли ғалла ўриш комбайнлари республиканинг бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига ўтказилишини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси билан биргаликда:
ғалла етиштириш ва ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун бошоқли дон харид қилиш ҳажмлари тўғрисида тақдим этилаётган статистик ҳисоботларнинг ишончлилиги бўйича қатъий назорат ўрнатсин;
ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча дон қабул қилувчи ва қайта ишловчи корхоналардаги ва ғаллачилик кластерлари билан биргаликда ҳақиқатда қабул қилинган дон бўйича статистик ҳисобот маълумотлари белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиб борилишини ва ҳисобот маълумотларини бузиб кўрсатиш ҳолатлари аниқланган тақдирда, айбдор шахсларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарлик чоралари кўрилишини таъминласин.
7. «Ўзагросервис» акциядорлик жамияти 2021 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон экинлари ўрим-йиғимида қатнашадиган юқори унумли ғалла ўриш комбайнларининг икки сменада тўхтовсиз ишлашини таъминлаш учун зарур чора-тадбирларни белгиласин.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси «Ўзагросервис» акциядорлик жамияти билан биргаликда 2021 йил 20 майга қадар 2021 йил ғалла ўрими мавсумида қатнашадиган мавжуд ғалла ўриш комбайнлари мулк эгалари томонидан тўлиқ таъмирдан чиқарилиб мавсумда тўхтовсиз ишлаши учун эҳтиёт қисмлар захираси яратилишини ҳамда Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг махсус сертификатлари асосида қабул қилинишини таъминласин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда йўлларда ғалла ўрим-йиғимида қатнашадиган техникаларнинг ҳаракатланиши хавфсизлигини таъминлаш, етиштирилган ҳосилнинг талон-тарож қилинишига ва нобуд бўлишига йўл қўймаслик ҳамда ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминласин.
9. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти билан биргаликда ёқилғи-мойлаш материалларининг зарур захирасини яратсин ҳамда ҳосилни йиғиштириб олиш, ташиш ва тайёрлаш билан банд бўлган қишлоқ хўжалиги корхоналари, машина-трактор парклари ва бошқа ташкилотларга олдиндан тўловлар асосида белгиланган тартибда етказиб берилишини ташкил этсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 17 май,
304-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 майдаги 304-сон қарорига 1-ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2021 йил ҳосилидан давлат ресурсларига товар ва уруғлик дон харид қилиш
ҲАЖМИ
тонна
Т/р
Ҳудудлар номи
Жами
Шундан
товар дон
уруғлик дон
1.
Қорақалпоғистон Республикаси
90 100
76 850
13 250
2.
Андижон
197 428
178 378
19 050
3.
Бухоро
135 572
120 472
15 100
4.
Жиззах
209 268
177 043
32 225
5.
Қашқадарё
313 428
270 228
43 200
6.
Навоий
85 035
75 135
9 900
7.
Наманган
175 978
159 038
16 940
8.
Самарқанд
235 400
206 000
29 400
9.
Сурхондарё
203 220
180 020
23 200
10.
Сирдарё
190 228
168 978
21 250
11.
Тошкент
266 040
238 530
27 510
12.
Фарғона
258 528
233 428
25 100
13.
Хоразм
74 200
65 900
8 300
ЖАМИ:
2 434 425
2 150 000
284 425
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 майдаги 304-сон қарорига 2-ИЛОВА
2021 йил ҳосили учун экилган ғаллани ўз вақтида ва сифатли ўриб-йиғиб олишни ташкил этиш бўйича республика ишчи гуруҳи
ТАРКИБИ
Ш.М. Ғаниев
—
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Ишчи гуруҳ раҳбари