1.13.00.00.00 Таълим. Фан. Маданият / 13.01.00.00 Таълим / 13.01.72.00 (Кучини йукотган) Олий таълим (бакалавриат ва магистратура)]
[ТСЗ:
1.Ижтимоий-маданий масалалар / Таълим]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш чора-тадбирлари ҳақида
«Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ёшларнинг касблар ва мутахассисликларни эгаллашга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш учун кенг имкониятлар яратиш ҳамда профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
дуал таълимни ташкил этиш ва унинг босқичларини;
дуал таълимда ўқув жараёни ва ишлаб чиқариш амалиётини олиб бориш тартибини;
дуал таълим иштирокчиларининг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар:
ҳар йили 1 мартга қадар иқтисодиёт тармоқларида тегишли касблар ва мутахассисликлар бўйича ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёжни мунтазам ўрганиб, дуал таълим тизимини ташкил этиш ҳамда битирувчилар бандлигини таъминлаш юзасидан тегишли чора-тадбирларни белгиласин;
ҳар йили 1 апрелга қадар дуал таълим ташкил этиладиган ташкилотлар бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига таклифлар киритиб борсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тизимида профессионал таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар:
ҳар йили тасдиқланган режа асосида ўқувчиларни дуал таълим дастурлари асосида ўқишга жалб этиш бўйича касбга йўналтириш ишларини ташкил этсин;
дуал таълим ташкил этиладиган ташкилот ва профессионал таълим муассасасида таълим жараёнини ташкил этиш юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйсин ҳамда келишилган ўқув режаси ва ўқув жараёни графигини тасдиқласин;
ўқувчиларни ҳафтада камида икки кун профессионал таълим муассасаларидаги ўқув жараёнларида иштирок этишларини ва қолган иш кунларида тегишли ташкилотларда амалий машғулотлар билан бирга меҳнат фаолияти олиб боришларини таъминласин;
дуал таълимни такомиллаштириш ва методик таъминотини мустаҳкамлаш юзасидан илғор халқаро тажрибаларни тизимли ўрганиш ишларини ташкил этсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳар йили тизимида профессионал таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда дуал таълим ташкил этиладиган профессионал таълим муассасаларини белгиласин.
6. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда тизимида профессионал таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг таклифлари асосида дуал таълим бўйича профессионал таълим муассасаларига ўқувчиларни ўқишга қабул қилиш параметрлари тасдиқланади.
7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Ҳ. Тошкулов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 29 март,
163-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги 163-сон қарорига ИЛОВА
Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ташкилот — профессионал таълим муассасаси билан дуал таълим асосида кадрлар тайёрлаш бўйича шартнома тузган юридик шахс;
дуал таълим дастури — профессионал таълим муассасаси ва ташкилотда таълим олувчининг муайян касб ёки мутахассислик бўйича касбий фаолиятини ва меҳнат вазифаларини бажаришига қаратилган давлат таълим стандарти, ўқув режаси, ўқув дастур (модул)лари, ўқув ва ишлаб чиқариш амалиёти дастурларидан иборат ҳужжатлар тўплами;
иш жойи — дуал таълимда таълим олувчига ташкилотнинг ички тартиб-қоидалари, тегишли вазифалари ҳамда таълим дастурларига мувофиқ амалий кўникма ва малакаларни эгаллаш учун белгиланган иш ўрни;
ўқув-амалий қисм — дуал таълим дастурига мувофиқ профессионал таълим муассасасида ўтказиладиган амалий машғулотлар ва ўқув амалиёти;
устоз — таълим жараёнининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмини ўтказиш учун ташкилот томонидан ўқувчи(лар)га бириктирилган масъул шахс;
шартнома — ташкилот ва профессионал таълим муассасаси ҳамда ташкилот ва ўқувчи ўртасида дуал таълимни амалга ошириш учун тузилган ҳужжат.
3. Дуал таълим ташкил этиладиган профессионал таълим муассасалари тизимида профессионал таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги (кейинги ўринларда — вазирлик) томонидан белгиланади.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 декабрдаги 647-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.12.2023 й., 09/23/647/0926-сон)
4. Ўқувчилар ўқишга Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланган қабул параметрлари доирасида вазирлик томонидан ишлаб чиқилган алоҳида электрон платформа ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали дуал таълим шакли бўйича қабул қилинади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 декабрдаги 647-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.12.2023 й., 09/23/647/0926-сон)
Профессионал таълим муассасаси ва ташкилот ўртасида тузилган шартнома бекор қилинганда ўқувчи(лар) ўқиши мос таълим даражасидаги кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклига ўтказилади.
2-боб. Дуал таълимни ташкил этиш
6. Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
7. Дуал таълимни ташкил этиш қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:
дуал таълим ташкил этиладиган ташкилотларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идораларнинг иқтисодиёт тармоқларида ўрта бўғин кадрларга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб шакллантириш;
ташкилот ва профессионал таълим муассасаси ҳамда ташкилот ва ўқувчи ўртасида шартнома тузиш;
ҳудудларда касбга йўналтириш ишларини ташкил этиш;
тегишли таълим дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда янгилаб бориш;
меҳнат бозорида ўрта бўғин кадрларга бўлган талаб ва таклифларни доимий ўрганиб бориш;
дуал таълим дастурлари асосида тайёрланаётган кадрларни баҳолаш.
8. Дуал таълимни жорий этиш бўйича ташкилот ва профессионал таълим муассасаси ўртасида, ўқувчи ва ташкилот ўртасида расмийлаштириладиган шартномаларнинг намунаси вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланади.
(8-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 декабрдаги 647-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.12.2023 й., 09/23/647/0926-сон)
Ташкилотга бир ёки бир нечта профессионал таълим муассасаси билан ва профессионал таълим муассасасига ҳам бир ёки бир нечта ташкилот билан шартномалар расмийлаштиришига рухсат берилади.
Ташкилотда ўқувчиларнинг дуал таълим дастури бўйича назарда тутилган билим, кўникма ва малакани эгаллашлари учун етарли шарт-шароитлар мавжудлиги профессионал таълим муассасаси томонидан шартнома расмийлаштиришдан камида бир ҳафта олдин ўрганилиб, тегишли хулосалар тайёрланади.
Профессионал таълим муассасаси ташкилотга таълим олмоқчи бўлган ўқувчиларни тавсия этиши мумкин.
Ташкилот билан ўқувчи ўртасида тузилган шартнома нусхаси ўқувчи ёки ташкилот томонидан тақдим этилган тақдирда, профессионал таълим муассасаси ўқувчини ўқувчилар сафига қабул қилади.
9. Профессионал таълим муассасалари ташкилотлар билан ҳар йили камида икки марта дуал таълим дастурлари бўйича ўқувчиларни ўқишга жалб этиш мақсадида касбга йўналтириш ишларини ташкил этадилар.
10. Дуал таълим дастури вазирлик томонидан тасдиқланган ўқув-методик ҳужжатлар асосида профессионал таълим муассасаси томонидан ташкилот билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади.
11. Ўқитиш давомийлиги, назарий ва амалий таълим муддатлари ҳамда якуний давлат аттестацияси ташкилот ва профессионал таълим муассасаси томонидан тасдиқланадиган ўқув режаси ва ўқув жараёни графиги асосида белгиланади.
Ўқув жараёни графигида ўқувчилар бир ҳафтада, қоида тариқасида, камида икки кун профессионал таълим муассасасида таълим дастурининг назарий, ўқув ва амалий қисмини, қолган кунлари ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмларини ташкилотда ўтказишлари назарда тутилади.
Ўқув жараёни графигига мувофиқ касб ёки мутахассислик бўйича ўқитиш муддати белгиланади. Ўқитишнинг давомийлиги кундузги таълим шакли бўйича тегишли таълим дастурларидан кам бўлишига (кўп бўлиши мумкин) йўл қўйилмайди.
Дуал таълим шаклида касбларнинг (мутахассислик) мураккаблик даражасидан келиб чиққан ҳолда, таълим олаётган ҳар 12 — 15 нафар ўқувчига қоидага кўра ташкилот томонидан камида бир нафар устоз бириктирилади. Ҳунармандчиликка оид касблар бўйича ҳар 15 нафар ўқувчига бир нафар устоз бириктирилишига рухсат этилади.
Устознинг фаолияти ташкилот мутасаддилари томонидан назорат қилинади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 декабрдаги 647-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.12.2023 й., 09/23/647/0926-сон)
13. Ташкилот томонидан ўқувчиларга бириктириладиган ҳар бир устозга тўғри келадиган ўқувчилар ва иш ўринлари сони технологик жараёнларнинг мураккаблик даражасидан келиб чиққан ҳолда профессионал таълим муассасаси билан келишилади.
14. Ўқувчига дуал таълим жараёнида ташкилотдаги меҳнат фаолияти учун ташкилот томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ иш ҳақи тўланади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 15-боби.
15. Дуал таълимнинг назарий, ўқув ва амалий қисми амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ профессионал таълим муассасасида ташкил этилади.
(15-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Ташкилотнинг малакали мутахассислари машғулотларни ўтказишга жалб этилади.
16. Дуал таълим жараёни профессионал таълим муассасаси томонидан ташкилот билан келишган ҳолда тасдиқланадиган ўқув режаси ва ўқув жараёни графиги асосида ташкил этилади.
Ўқувчиларнинг таълим жараёнининг назарий, ўқув ва амалий қисмидаги иштироки профессионал таълим муассасасида гуруҳ журналларида, ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмидаги иштироки ташкилотдаги ўқувчилар кундалигида қайд этиб борилади.
Ташкилот ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмдаги иштироки юзасидан қўшимча қайд этиш ҳужжатларини юритиши мумкин.
17. Профессионал таълим муассасаси ва ташкилот ўқувчиларнинг иштироки, ўзлаштириши, ички тартиб-қоидаларга риоя этиши каби масалаларда маълумот алмашинувини йўлга қўяди.
18. Ўқувчиларни баҳолаш ва якуний давлат аттестациясини ўтказиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
LexUZ шарҳи
Қаранг: Халқ таълими вазирининг 2008 йил 4 мартдаги 56-сонли буйруғи билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим олувчиларнинг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низом.
19. Вазирлик дуал таълимни ташкил этишда қуйидагиларни амалга оширади:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар, техникумлар бириктирилган олий таълим муассасалари билан дуал таълим ташкил этиладиган ташкилот ва профессионал таълим муассасасида таълим жараёнини ташкил этиш юзасидан ҳамкорликни йўлга қўяди;
дуал таълим жараёнини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади;
дуал таълимни ташкил этиш билан боғлиқ ўқув-методик таъминот ва норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш чораларини кўради;
Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаларининг профессионал таълим муассасаларида дуал таълимни ташкил этиш бўйича ҳисоботларини кўриб чиқади;
(19-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 декабрдаги 647-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.12.2023 й., 09/23/647/0926-сон)
профессионал таълим муассасаларида дуал таълимнинг ташкил этилиши юзасидан мониторинг олиб боради.
3-боб. Ташкилот, профессионал таълим муассасаси ва ўқувчиларнинг вазифалари, ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари
20. Ташкилот:
профессионал таълим муассасаси билан ҳамкорликда дуал таълим дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини белгилайди;
профессионал таълим муассасаси билан биргаликда ўқувчиларни ўқишга қабул қилиш бошланишидан камида бир ой олдин дуал таълим бўйича тегишли шартномаларни расмийлаштиради;
дуал таълимда ўқитиш муддатларини ҳамда ташкилотга юборилаётган ўқувчилар таркибини профессионал таълим муассасаси билан келишади;
ўқувчилар билан шартномалар тузади ва профессионал таълим муассасаси билан келишилган муддатларда ўқувчиларни қабул қилади;
ҳар бир ўқувчига дуал таълим дастурининг ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисмини ўргатиш учун юқори малакали мутахассис устозни бириктиради;
бириктирилган устоз томонидан дуал таълим дастури, лавозим йўриқномалари ва мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлайди;
ўқувчини ўзлаштирган касб ёки мутахассислик бўйича натижаларини баҳолаш жараёнини ташкил этади;
ўқувчининг касб ёки мутахассисликлари бўйича якуний давлат аттестациясида қатнашади.
Ташкилот қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.
(20-банднинг ўнинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
21. Ташкилот қуйидаги ҳуқуқларга эга:
машғулотларнинг назарий қисми ўқитилиши юзасидан профессионал таълим муассасасига мурожаат қилиш;
дуал таълим сифатини ошириш юзасидан профессионал таълим муассасасига таклифлар бериш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ва уларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар бериш;
бир нечта профессионал таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш.
Ташкилот қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
(21-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
22. Ташкилот қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:
машғулотларнинг назарий, ўқув ва амалий қисмини профессионал таълим муассасасида олиб бориш учун шароит яратиш;
ўқувчиларни меҳнат қонунчилиги асосида ишга қабул қилиш;
ўқувчиларни ташкилотда ишлаб чиқариш билан боғлиқ амалий қисми даврида аниқ иш жойи ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш;
ўқувчиларни ташкилот устави, ички тартиб-қоидалари, тиббий (санитария), ёнғин хавфсизлиги қоидалари ҳамда бошқа талаблар билан таништириш;
ўқувчиларга ўз уставига мувофиқ амалий жараёнларда қатнашишга рухсат бериш;
ўқувчилар кундалиги юритилишини таъминлаш;
профессионал таълим муассасаси билан биргаликда дуал таълим амалга оширганлиги бўйича ҳисоботларни тайёрлаш.
Ташкилот қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.
(22-банднинг тўққизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
23. Профессионал таълим муассасаси:
ташкилот билан биргаликда ўқувчиларни ўқишга қабул қилиш бошланишидан камида бир ой олдин дуал таълим бўйича тегишли шартномаларни расмийлаштиради;
ташкилот билан биргаликда касб ва мутахассисликлар бўйича тегишли вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда тасдиқланган таълим дастурлари асосида дуал таълим бўйича ўқув-методик ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
ташкилот билан дуал таълим муддати ҳамда ўқувчиларнинг рўйхатини тасдиқлайди;
ўқувчи ва ташкилот ўртасида дуал таълим бўйича тузилган шартномаларни рўйхатга олади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ шартномаси мавжуд ўқувчиларни дуал таълим бўйича гуруҳларга қабул қилишни ташкил этади;
дуал таълимни ташкил этиш, ўқувчиларни ташкилотга юбориш, ўқувчиларнинг ҳар бир гуруҳига ишлаб чиқариш таълими устаси ёки ўқитувчини буйруқ асосида бириктиради;
дуал таълим дастурини амалга оширишни таъминлайди;
ташкилот билан ўқувчиларни баҳолашни ва якуний давлат аттестациясини белгиланган тартибда ташкил этади;
ташкилот билан келишган ҳолда дуал таълим юзасидан ҳисоботларни тайёрлайди ва тегишли вазирликлар ва идоралар ҳамда Касбий таълимини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаларига тақдим этади;
дуал таълим бўйича тегишли вазирликлар ва идораларнинг буйруқлари ва кўрсатмаларини ўз вақтида бажаради.
Профессионал таълим муассасаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.
(23-банднинг ун иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
24. Профессионал таълим муассасаси:
дуал таълимнинг амалий қисми ўтилиши бўйича ташкилотга мурожаат қилиш;
дуал таълим сифатини ошириш юзасидан ташкилотга таклифлар бериш;
дуал таълим жараёнини ташкил этиш учун тузилган шартномаларга томонлар билан келишган ҳолда ўзгартиришлар киритиш;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз номидан юридик шахслар билан ваколати доирасида дуал таълимни ташкил этиш бўйича шартномалар ва бошқа ҳужжатлар тузиш;
дуал таълим бўйича тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан тушган маблағларни профессионал таълим муассасасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ва таълим-тарбия жараёнини замонавий ўқув-техник воситалар, мебеллар билан таъминлашга, ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталари, ходимларни ижтимоий ҳимоялашга ва уларнинг фаолияти самарадорлигини оширишни рағбатлантиришга сарфлаш ҳуқуқига эга.
Профессионал таълим муассасаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
(24-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
25. Профессионал таълим муассасаси ўзига қуйидаги мажбуриятларни олади:
ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталари фаолиятини назорат қилиш;
иқтисодиёт тармоқлари ва хизмат кўрсатиш соҳасида кадрларга бўлган реал эҳтиёж асосида дуал таълимни ташкил этиш бўйича ташвиқот ва тарғибот ишларини олиб бориш;
Профессионал таълим муассасаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.
(25-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
26. Ўқувчилар:
ташкилотнинг уставига мувофиқ иш жараёнларида белгиланган тартибда қатнашади;
ўқув машғулотларига назарий, ўқув ва амалий қисми бўйича қатнашади;
дуал таълим жараёни сўнгида якуний давлат аттестациясини топширади.
Ўқувчилар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.
(26-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
27. Ўқувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
тегишли касб ёки мутахассислик бўйича билим олиш;
ўқув, техника жиҳозлари ва воситаларидан, фан кабинетлари ахборот-кутубхонаси фондидан, ахборот-кутубхона ўқув зали ва бошқа ўқув, ёрдамчи хоналардан, спорт мажмуалари, профессионал таълим муассасасига қарашли тиббий ва техник жиҳозлардан бепул фойдаланиш;
Ўқувчилар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
(27-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
28. Ўқувчилар ўз зиммасига қуйидаги мажбуриятларни олади:
ташкилот ва профессионал таълим муассасасида белгиланган тартиб ва қоидаларга риоя қилиш;
дуал таълим жараёнида профессионал таълим муассасаси ва ташкилот томонидан берилган вазифаларни ўз вақтида бажариш;
ўқувчи кундалигини ўз вақтида юритиб бориш ва ҳисоботларни топшириш.
Ўқувчилар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.
(28-банднинг бешинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
31-боб. Ўқувчиларни йил давомида ўқишга дуал таълим шаклида қабул қилиш тартиби
281. Коллеж ва техникумларга ўқувчилар дуал таълим шакли бўйича ўқишга Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаларининг таклифлари асосида ўқув йили давомида қабул қилинади.
Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар олий таълим, фан ва инновациялар бошқармалари томонидан дуал таълим шакли бўйича йил давомида бўладиган қабул жараёнлари мувофиқлаштирилади.
282. Йил давомида дуал таълим шакли бўйича ўқишга қабул қилиш тартиби касб-ҳунар мактабларига татбиқ этилмайди.
283. Коллеж ва техникумларга ўқишга қабул қилиш муддатлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан белгиланади.
284. Ҳар ўқув йилида бир маротаба янги ўқув йили учун шакллантириладиган қабул параметрларида дуал таълим шакли учун давлат гранти ўринлари ажратилади. Қолган давр мобайнида белгиланадиган қабул параметрларида ўқувчилар тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.
285. Дуал таълим шакли бўйича иш берувчиларнинг ўрта бўғин кадрларига бўлган мавжуд эҳтиёжи асосида тақдим қилинган талабгорлар тўғридан-тўғри ўқишга қабул қилинади.
Бунда коллеж ва техникумлар томонидан дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилинадиган ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар электрон платформага уч иш кунида киритилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан электрон платформага киритилган ташкилотлар билан тузилган шартномалар кўриб чиқилади ҳамда беш иш кунида коллеж ва техникумларга дуал таълим шакли бўйича ўқиш жараёнларини ташкил этиш бўйича тегишли хулоса берилади.
286. Дуал таълим шаклида ўқитиш бўйича таклифлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан электрон платформага киритилган маълумотлар экспертизадан ўтказилиб, беш иш кунида коллеж ва техникумда ўқув жараёнларини ташкил этиш бўйича рухсат берилади.
287. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хулосасига кўра коллеж ва техникум директори уч иш кунида ўқувчиларни ўқишга қабул қилиш бўйича тегишли буйруқни қабул қилади ва ташкилот билан келишган ҳолда ўқув жараёни графигини тасдиқлайди.
(31-боб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 декабрдаги 647-сонли қарорига асосан киритилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.12.2023 й., 09/23/647/0926-сон)
4-боб. Якунловчи қоидалар
29. Дуал таълимда коллеж ва техникумларнинг касблар ва мутахассисликлар бўйича тўлов-контракт миқдори бир ўқувчини ўқитиш билан боғлиқ сарф-харажатлардан кам бўлмаган миқдорларда, тегишли вазирликлар ва идораларнинг таклифлари асосида вазирлик томонидан тасдиқланади.
30. Ташкилот:
ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда ўқувчиларни ташкилотга бориш-келиш, овқатланиш, махсус кийим-кечак (форма) ҳамда ишлаб чиқариш воситалари, хом ашё, ётоқхона (зарур ҳолларда) билан таъминлаш харажатларини қоплаши;
профессионал таълим муассасалари ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг малака оширишларини ташкил этишда иштирок этиши мумкин.
31. Дуал таълим билан боғлиқ статистик маълумотлар идоравий бўйсунувидан қатъи назар, профессионал таълим муассасалари томонидан тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаларига тақдим этилади.
(31-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 декабрдаги 647-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.12.2023 й., 09/23/647/0926-сон)
32. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
(32-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Профессионал таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар
1. Ўрта бўғин кадрларига бўлган эҳтиёжни аниқлаш ва уларга қўйиладиган талабларни белгилаш.
2. Дуал таълим бўйича кадрлар тайёрлашда иштирок этадиган ташкилотлар бўйича таклиф тайёрлаш.
Ўқув йили мобайнида
2-босқич
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар
Дуал таълим бўйича кадрлар тайёрлайдиган профессионал таълим муассасаларини белгилаш.
Ўқув йили мобайнида
1. Дуал таълимни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш билан боғлиқ чоралар кўриш.
2. Профессионал таълим муассасаларида дуал таълимни ташкил этиш юзасидан мониторинг олиб бориш.
Ўқув йили мобайнида
3-босқич
Профессионал таълим муассасалари, ташкилотлар
1. Дуал таълимни амалга ошириш бўйича шартнома тузиш.
2. Касбга йўналтириш ишларини амалга ошириш ҳамда дуал таълим бўйича ўқувчилар қабулини ташкил этиш.
3. Дуал таълимни ташкил этиш бўйича ўқув жараёни графигини ишлаб чиқиш.
Ўқув жараёни бошланишидан камида бир ой олдин
4-босқич
Ташкилотлар
1. Ўқитишнинг амалий қисмини ташкилотда ташкил этиш.
2. Ўқувчига белгиланган тартибда иш ҳақи тўлаш.
Ўқув йили мобайнида
5-босқич
Профессионал таълим муассасалари, ташкилотлар
1. Ташкилотлар билан шартнома имзолаган ўқувчиларни ўқишга қабул қилиш.
2. Дуал таълимнинг назарий қисмини ташкил этиш.
Ўқув йили мобайнида
(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 7 декабрдаги 647-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.12.2023 й., 09/23/647/0926-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.03.2021 й., 09/21/163/0250-сон, Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 11.12.2023 й., 09/23/647/0926-сон)