toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари берилган шахсларга бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тўлашга маблағлар ажратиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари берилган шахсларга бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тўлашга маблағлар ажратиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:
бир йўла тўланадиган пул мукофотлари миқдорини ҳисоблаш тартиби;
бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тўлаш тартиби;
бир йўла тўланадиган пул мукофотларини молиялаштириш тартиби.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир йўла тўланадиган пул мукофотлари учун зарур маблағларнинг Тошкент шаҳар ҳокимлиги молия бош бошқармаси томонидан АТ «Халқ банк»ининг тегишли бўлими (филиали)га ўз вақтида ўтказилиши учун масъул этиб белгилансин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т.А. Ишметов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 4 март,
120-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 мартдаги 120-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари берилган шахсларга бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тўлашга маблағлар ажратиш ва тўлаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси орден ва медаллари билан мукофотланган ҳамда Зулфия номидаги ва «Мард ўғлон» давлат мукофотлари (кейинги ўринларда — давлат мукофотлари) берилган шахсларга бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тўлашга маблағлар ажратиш ва тўлаш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низом давлат мукофотлари, гувоҳнома ва диплом тайёрлаш харажатларини молиялаштириш тартибига нисбатан татбиқ этилмайди.
2-боб. Бир йўла тўланадиган пул мукофотлари миқдорини ҳисоблаш тартиби
3. Бир йўла тўланадиган пул мукофотларининг миқдори ушбу Низомга 1-иловада келтирилган миқдорларга мувофиқ аниқланади.
4. Бир йўла тўланадиган пул мукофотининг миқдори тақдирлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, қарори ёки Олий Мажлис палаталарининг қарори (кейинги ўринларда — тақдирлаш тўғрисидаги қарор) қонуний кучга кирган пайтда амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади.
5. Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари, давлат бошқаруви органлари, ҳарбий бўлинмалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ижодий жамоалар ҳамда бошқа юридик шахслар, шунингдек чет эл юридик шахслари давлат мукофотлари билан тақдирланганда бир йўла тўланадиган пул мукофоти тўланмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган шахслар иш ҳақи ёки пенсиясига қўшимча равишда қуйидаги маблағлар ҳисобидан ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорида устама ҳақ оладилар:
ишловчилар (ушбу банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиси мустасно) иш ҳақига қўшимча равишда иш берувчи маблағлари ҳисобидан;
давлат бюджети ҳисобидан пенсия олувчи пенсионерларга пенсия тайинланган ташкилот орқали Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг пенсионерлари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 октябрдаги 714-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.10.2024 й., 09/24/714/0865-сон)
3-боб. Бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тўлаш тартиби
7. Бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тўлаш ушбу Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Молия бош бошқармаси тақдирлаш тўғрисидаги қарор нусхасини олгандан сўнг беш иш куни давомида зарур маблағларни ҳисоблаб, олувчининг номи ёзилган ҳисоб-китоб чекларини расмийлаштириб бериш юклатилган АТ «Халқ банки»нинг тегишли туман бўлимига (филиалига) (кейинги ўринларда — масъул банк бўлими) ўтказади.
9. Масъул банк бўлими тақдирлаш тўғрисидаги қарор нусхасини олгандан сўнг етти иш куни давомида олувчининг номи ёзилган ҳисоб-китоб чекларини расмийлаштиради.
Банк бўлими томонидан олувчининг номига ёзиб берилган ҳисоб-китоб чеклари уларни давлат мукофотлари берилган шахсларга топширишни ташкиллаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссияга юборади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тўлаш олувчининг номи ёзилган ҳисоб-китоб чекларига асосан АТ «Халқ банки»нинг барча филиаллари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
(10-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Бунда, бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тўлаш банкнинг бошқа бўлими томонидан амалга оширилганда, унинг харажатлари тўланган ҳисоб-китоб чеклари ва реестрлари асосида масъул банк бўлими томонидан қопланади.
11. Шахс вафот этгандан кейин мукофотланган тақдирда бир йўла тўланадиган пул мукофоти мукофотланган шахснинг яқин қариндошларидан бирига тўланади.
Агар мукофотланган шахснинг яқин қариндошлари йўқ бўлса, бир йўла тўланадиган пул мукофоти тўланмайди ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига қайтарилади.
4-боб. Бир йўла тўланадиган пул мукофотларини молиялаштириш тартиби
12. Бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тўлаш билан боғлиқ харажатлар Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Молия вазирлиги томонидан бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тўлаш билан боғлиқ харажатлар тегишли йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини тасдиқлаш пайтида режалаштирилади ва тақдирлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинишига қараб йил давомида аниқлаштириб борилади ҳамда аниқ мақсадли ҳисобланади.
13. Бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тўлаш билан боғлиқ харажатлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги Молия бош бошқармаси томонидан амалга оширилади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тегишли харажатлар таснифида акс эттирилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
14. Бир йўла тўланадиган пул мукофотлари учун ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат Давлат молиявий назорати инспекцияси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 1 мартдаги 135-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)
15. Ушбу Низом қоидаларини бузганликда айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари берилган шахсларга бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тўлашга маблағлар ажратиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Бир йўла тўланадиган пул мукофотларининг
МИҚДОРЛАРИ

Т/р

Давлат мукофоти номи

Бир йўла тўланадиган пул мукофоти миқдори

(базавий ҳисоблаш миқдорининг баравари)

1.

«Мустақиллик» ордени

75

2.

«Амир Темур» ордени

70

3.

«Жалолиддин Мангуберди» ордени

65

4.

«Буюк хизматлари учун» ордени

60

5.

«Эл-юрт ҳурмати» ордени

50

6.

«Фидокорона хизматлари учун» ордени

45

7.

«Меҳнат шуҳрати» ордени

40

8.

«Фахрий мураббий» ордени

40

9.

1-даражали «Соғлом авлод учун» ордени

40

10.

2-даражали «Соғлом авлод учун» ордени

25

11.

1-даражали «Шон-шараф» ордени

40

12.

2-даражали «Шон-шараф» ордени

20

13.

«Дўстлик» ордени

30

14.

«Олий Даражали Дўстлик» ордени

200

15.

«Мардлик» ордени

15

16.

1-даражали «Саломатлик» ордени

30

17.

2-даражали «Саломатлик» ордени

25

18.

«Содиқ хизматлари учун» медали

10

19.

«Келажак бунёдкори» медали

10

20.

«Жасорат» медали

10

21.

«Соғлом турмуш» медали

10

22.

«Шуҳрат» медали

5

23.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти

50

24.

«Мард ўғлон» Давлат мукофоти

50

Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари берилган шахсларга бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тўлашга маблағлар ажратиш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Бир йўла тўланадиган пул мукофотларини тўлаш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Ижро муддати


1-босқич

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Молия бош бошқармаси

Бир йўла тўланадиган пул мукофотини ҳисоблаб, олувчининг номи ёзилган ҳисоб-китоб чекларини расмийлаштириб бериш юклатилган АТ «Халқ банки»нинг тегишли туман бўлимига (филиалига) (кейинги ўринларда — масъул банк бўлими) ўтказади.

Тақдирлаш тўғрисидаги қарор нусхасини олгандан сўнг беш иш куни давомида


2-босқич

Масъул банк бўлими

Бир йўла тўланадиган пул мукофотини олувчининг номи ёзилган ҳисоб-китоб чекларини расмийлаштиради ҳамда уларни давлат мукофотлари берилган шахсларга топширишни ташкиллаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва геральдика бўйича комиссияга юборади.

Тақдирлаш тўғрисидаги қарор нусхасини олгандан сўнг етти иш куни давомида


3-босқич

АТ «Халқ банки»нинг барча филиаллари

Бир йўла тўланадиган пул мукофотини олувчининг номи ёзилган ҳисоб-китоб чекларига асосан бир йўла тўланадиган пул мукофоти тўловини амалга оширади.

Мурожаат этилган вақтнинг ўзида

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.03.2021 й., 09/21/120/0183-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 06.08.2022 й., 09/22/431/0716-сон; 30.10.2024 й., 09/24/714/0865-сон; 03.03.2025 й., 09/25/135/0208-сон)