toggle_night_mode
Ҳужжат 07.12.2020 санаси ҳолатига
Амалдаги версияга ўтиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида
«Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги ва «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига мувофиқ, шунингдек, каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш фаолиятини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, таркибида тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддасининг миқдори 0,2 фоизгача бўлган каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштиришга, олиб киришга (олиб чиқишга), қайта ишлашга, сақлашга, реализация қилишга (беришга), олишга ва ташишга юридик шахсларга мазкур фаолият тури учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда берилган лицензияга асосан рухсат этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар:
лицензия талаблари ва шартларини, лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхатини, шунингдек, аризани кўриб чиқиш ҳамда лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш, лицензияни қайта расмийлаштириш, амал қилиш муддатини узайтириш ва дубликатини бериш, лицензия амал қилишини тўхтатиш, тугатиш ва бекор қилиш, давлат божини тўлаш тартибини ҳамда лицензиялаш талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат механизмларини назарда тутувчи Каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
каннабис ўсимлигини етиштиришда, ушбу ўсимликни ва уни қайта ишлаш маҳсулотларини сақлаш ва реализация қилиш (бериш) ҳамда ташишда, шунингдек, каннабис ўсимлигини ва уни қайта ишлаш маҳсулотларини йўқ қилиш, ҳисобга олиш ва таркибидаги тетрагидроканнабинол миқдорини аниқлаш учун тестдан ўтказишда лицензиатга қўйиладиган талабларни назарда тутувчи Каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш, сақлаш, реализация қилиш, ташиш, йўқ қилиш ва ҳисобга олиш бўйича талаблар 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
3. Белгилансинки:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибида тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддасининг миқдори 0,2 фоизгача бўлган каннабис ўсимлигини (Cannabis Sativa L.) (кейинги ўринларда — каннабис ўсимлиги) гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш фаолиятини лицензиялашни амалга оширувчи орган ҳисобланади;
каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш учун қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқарилган ерлар ажратиб берилади;
каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш учун экин навининг учинчи ва ундан кейинги репродукциядаги уруғликларини экишга йўл қўйилмайди;
каннабис ўсимлиги ва уни қайта ишлашдан олинадиган маҳсулотлар таркибида тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддасининг миқдори 0,2 фоиздан ошган ҳолларда, ушбу ўсимлик, шунингдек, уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар белгиланган тартибда олиб қўйилади ва йўқ қилинади.
4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:
Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фанлар академияси билан биргаликда каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш учун ушбу ўсимлик таркибида тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддаси миқдорини (0,2 фоиздан кам бўлган) минималлаштириш бўйича селекция ва уруғчилик ишларини ташкил этсин;
Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда саноат мақсадлари учун фойдаланиладиган каннабис ўсимлигидан гиёҳванд воситалар ва психотроп моддалар тайёрланишининг олдини олиш ҳамда давлат эксперт ташкилотлари минтақавий кимё лабораторияларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни зарур замонавий асбоб ва ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда аккредитациядан ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ва тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш бўйича қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан назорат ўрнатсин.
Кейинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 7 декабрь,
770-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 декабрдаги 770-сон қарорига
1-ИЛОВА
Каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом таркибида тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддасининг миқдори 0,2 фоизгача бўлган каннабис ўсимлигини (кейинги ўринларда — каннабис ўсимлиги) гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш (кейинги ўринларда — каннабис ўсимлигини етиштириш ва фойдаланиш) фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.
2. Каннабис ўсимлигини етиштириш ва фойдаланиш фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (кейинги ўринларда — лицензияловчи орган) томонидан амалга оширилади.
3. Лицензияларни бериш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш ва хулосалар тайёрлаш лицензияловчи орган ҳузуридаги эксперт комиссияси (кейинги ўринларда — Эксперт комиссияси) томонидан амалга оширилади.
Эксперт комиссияси тўғрисидаги низом ҳамда унинг таркиби Наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссияси билан келишилган ҳолда лицензияловчи орган томонидан тасдиқланади.
Эксперт комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази вакили мажбурий равишда киритилади.
Эксперт комиссиясининг йиғилишлари лицензия даъвогарининг мурожаати келиб тушган ҳолларда ўтказилади.
4. Каннабис ўсимлигини етиштириш ва фойдаланиш фаолияти фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади ҳамда қуйидагиларни ўз ичига олади:
каннабис ўсимлиги (тола ва уруғ)ни етиштириш;
каннабис ўсимлиги (тола ва уруғ)ни олиб кириш (олиб чиқиш);
каннабис ўсимлиги (тола ва уруғ)ни қайта ишлаш;
каннабис ўсимлиги (тола ва уруғ)ни сақлаш;
каннабис ўсимлиги (тола ва уруғ)ни реализация қилиш (бериш);
каннабис ўсимлиги (тола ва уруғ)ни олиш;
каннабис ўсимлиги (тола ва уруғ)ни ташиш.
5. Каннабис ўсимлигини етиштириш ва фойдаланиш билан боғлиқ бўлган фаолиятнинг бир нечта турларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия беришда фаолиятнинг ҳар бир тури лицензияда кўрсатилади.
6. Каннабис ўсимлигини етиштириш ва фойдаланиш билан боғлиқ бўлган фаолиятни амалга ошириш учун намунавий (оддий) лицензия берилади.
7. Каннабис ўсимлигини етиштириш ва фойдаланиш билан боғлиқ бўлган фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензия 5 йил муддатга берилади. Лицензия ва у бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.
2-боб. Лицензия талаблари ва шартлари
8. Каннабис ўсимлигини етиштириш ва фойдаланиш билан боғлиқ бўлган фаолиятни амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат:
гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга риоя қилиш;
юридик шахснинг штатида тегишли малакага эга бўлган камида уч нафар мутахассис мавжуд бўлиши;
моддий-техник база, ускуналар, бошқа техник воситалардан фойдаланишни қамраб олган ҳолда лицензиялаштирилган аниқ фаолият турини бўйича белгиланган талабларга риоя этиш;
лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш учун лицензия даъвогарида фойдаланиладиган ер участкаси, бинолар, иншоотлар, муҳандислик коммуникациялари ва технологик ускуналарга эгалик ёки бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг бўлиши;
ишлаб чиқариш хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси бўйича талаблар ва нормаларга риоя қилинишини таъминлаш;
лицензияланадиган фаолият турини амалга оширишда фойдаланиладиган ер майдонлари, бинолар ва иншоотлар атрофида камида тўқсон кунлик видео-ёзувини сақлаш имкониятини берадиган тунги кузатув имкониятига эга бўлган узлуксиз ишловчи видеокузатув тизимининг мавжудлиги;
каннабис ўсимлигини етиштириш ва фойдаланишни Ўзбекистон Республикаси томонидан қабул қилган халқаро мажбуриятларни ҳисобга олган ҳолда «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга ошириш;
лабораторияда қиёсий таҳлилларни амалга учун гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан фойдаланиш бўйича лицензияга эга бўлиш;
ирригация инфратузилмасини модернизациялаш ва ресурс тежайдиган технологияларни жорий этиш;
каннабис ўсимлиги таркибида тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддаси миқдорини (0,2 фоиздан кам бўлган) минималлаштириш чораларини кўриш;
каннабис ўсимлигининг хавфсизлиги ва сақланишини таъминлаш;
ишлаб чиқарилган маҳсулотни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлиқ қайта ишлаш ва қайта ишланган маҳсулотнинг камида 50 фоизини экспортга йўналтириш;
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 февралдаги 85-сон қарори билан тасдиқланган объектлар (хоналар)нинг гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича техник талабларга мувофиқлиги тўғрисида хулосалар бериш тартиби ҳақида низом талабларига мувофиқ, каннабис ўсимлигини етиштириш ёки сақлаш жойларининг техник жиҳатдан мустаҳкамланган бўлиши, жисмонан қўриқланиши ҳамда қўриқлаш ва ёнғин сигнализацияси воситалари билан бутланган бўлишини таъминлаш;
каннабис ўсимлигини етиштириш ёки сақлаш объектлари (жойлари) Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмалари томонидан қуролли қўриқланишини ташкил этиш (каннабис ўсимлигини етиштириш ёки сақлаш билан боғлиқ бўлган фаолиятда);
каннабис ўсимлигини ташишда автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати патрул автомобиллари кузатувини таъминлаш (каннабис ўсимлигини ташиш билан боғлиқ бўлган фаолиятда);
каннабис ўсимлигида тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддасининг мавжудлигини таркибий миқдори жиҳатдан тўлиқ таҳлил қилиш имконига эга бўлган замонавий лабораториянинг мавжудлиги;
лицензиат томонидан каннабис ўсимлигини етиштириш ва фойдаланиш билан боғлиқ барча жараёнларни «Блокчейн» замонавий назорат технологиясидан фойдаланиш.
9. Юридик шахснинг штатида ўзларининг хизмат мажбуриятлари талабларига мувофиқ гиёҳвандлик воситалар ва психотроп моддаларга яқинлашиш имкониятига эга бўлиши мумкин бўлган сурункали руҳий касалликлар, наркомания, таксикоимания, алькоголизм сабабли диспансерлик ҳисобида рўйхатда турувчи ишчилар, тугалланмаган ёки олиб ташланмаган судланганлиги мавжуд бўлган, шунингдек, йигирма бир ёшга тўлмаган ходимлар бўлишига йўл қўйилмайди.
3-боб. Лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар
10. Лицензия олиш учун юридик шахс — лицензия олишга даъвогар (кейинги ўринларда — лицензия даъвогари) лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шаклдаги лицензия бериш тўғрисидаги ариза;
лицензия даъвогарининг аризасини кўриб чиқиш учун йиғимнинг лицензия даъвогари томонидан тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
бинолар (иншоотлар)нинг гиёҳванд воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича техник талабларга мослиги тўғрисидаги ички ишлар органларининг хулосаси (каннабис ўсимлигини етиштириш ёки сақлаш билан боғлиқ бўлган фаолиятда);
санитария-эпидемиологик назорат хизматлари ҳудудий органларининг ишлаб чиқариш иншоотлари ва омборхоналар, шунингдек, технологик ускуналарнинг қонун ҳужжатларида белгиланган санитария-гигиена талабларига мослиги ҳақидаги хулосаси;
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳудудий органларининг ишлаб чиқаришнинг қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги талабларига мослиги ҳақидаги хулосаси;
ҳудудий ёнғин хавфсизлиги органининг ишлаб чиқариш иншоотлари ва омборхоналарнинг қонун ҳужжатларида белгиланган ёнғин хавфсизлиги талабларига мослиги ҳақидаги хулосаси;
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳудудий органларининг ишлаб чиқариш шароитларини экологик талабларга мослиги ҳақидаги хулосаси;
лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш учун фойдаланиладиган ер участкаси, бинолар, иншоотлар, муҳандислик коммуникациялари ва технологик ускуналарга эгалик ёки бошқа ашёвий ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжат;
лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш учун фойдаланиладиган мулк ва биноларни қўриқлаш хизматини кўрсатиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўриқлаш бўлинмалари билан тузилган шартнома (каннабис ўсимлигини етиштириш ёки сақлаш билан боғлиқ бўлган фаолиятда);
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан каннабис ўсимлигини ташишда фойдаланиладиган патрул автомобиллари кузатувини таъминлаш бўйича шартнома (каннабис ўсимлигини ташиш билан боғлиқ бўлган фаолиятда);
юридик шахснинг штатида ўзларининг хизмат мажбуриятлари талабларига мувофиқ гиёҳвандлик воситалар ва психотроп моддаларга яқинлашиш имкониятига эга бўлиши мумкин бўлган сурункали руҳий касалликлар, наркомания, таксикоимания, алькоголизм сабабли диспансерлик ҳисобида рўйхатда турувчи ишчилар, тугалланмаган ёки олиб ташланмаган судланганлиги мавжуд бўлган, шунингдек, йигирма бир ёшга тўлмаган ходимлар йўқлиги тўғрисида тегишли равишда тиббиёт ташкилотлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан олинган маълумотномалар илова қилинган маълумот.
Лицензияловчи орган, заруратга кўра, лицензия бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган ахборотларни белгиланган тартибда ахборот алмашиш воситалари орқали, шу жумладан, электрон шаклда олиш ҳуқуқига эга, ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва маълумотлар бундан мустасно.
Лицензия даъвогаридан ушбу Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
11. Ҳужжатлар лицензияловчи органга бевосита лицензия даъвогари томонидан ёки почта алоқаси ёхуд электрон шаклда тақдим этилади ҳамда ҳужжатлар қабул қилинганлиги ҳақида лицензия даъвогарига маълум қилинади.
Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар, лицензия даъвогарининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
Лицензия бериш тўғрисидаги аризада лицензия даъвогарининг электрон манзили кўрсатилади ва унинг аризасига мувофиқ қабул қилинган қарорни электрон шаклда ахборот тизими орқали олишига рози эканлигини билдиради.
Ҳужжатлар эксперт комиссиясининг масъул котиби томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади ҳамда унинг нусхаси ҳужжатларни қабул қилинган кун ҳақидаги қайди билан лицензия даъвогарига юборилади (топширилади).
Эксперт комиссиясининг масъул котиби йўқлиги сабабли ҳужжатларни қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.
Эксперт комиссияси масъул котиби вақтинчалик бўлмаган ҳолатда, унинг вазифаларини лицензияловчи орган томонидан белгиланган тартибда тайинланган шахс амалга оширади.
12. Ишончли бўлмаган, сохта, нотўғри ва бузиб кўрсатилган маълумотларни тақдим этганлиги учун лицензия даъвогари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
4-боб. Аризани кўриб чиқиш ҳамда лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш
13. Лицензия даъвогарининг лицензия бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш учун тўлов кунида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
Аризани кўриб чиқиш учун йиғим суммаси лицензияловчи органнинг банк ҳисобварағига ўтказилади. Лицензия даъвогарининг аризадан воз кечиши ёки унинг талабларга мос келмаслиги ҳолатларида тўланган йиғим миқдори қайтарилмайди.
14. Каннабис ўсимлигини етиштириш ва фойдаланиш билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ схемада амалга оширилади.
15. Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия даъвогарининг аризаси барча зарур ҳужжатлари билан тўлиқ қабул қилиб олинган кундан эътиборан ўттиз кундан ошмаган муддатда қабул қилинади.
Бунда лицензияловчи орган зарур ҳолларда, жойига чиқиб тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда каннабис ўсимлигини етиштириш, сақлаш, ишлаб чиқариш ва лабораторияларнинг тақдим этилган ҳужжатларга мувофиқ келишини текшириш ҳуқуқига эга.
Агарда лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддатида лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарорни қабул қилмаса, унда кўрсатилган муддат ўтиши билан лицензия даъвогари лицензияловчи органга ёзма тарзда хабардор қилган ҳолда аризада кўрсатилган фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Бунда лицензияловчи орган даъвогарнинг ёзма хабарномасини олган кундан беш иш куни ичида унга лицензия бериши шарт.
16. Лицензия даъвогарининг аризаси барча зарур ҳужжатлари билан уларни қабул қилган куни кўриб чиқиш учун эксперт комиссиясига тақдим этилади.
Эксперт комиссияси ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва у бўйича лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида эксперт хулосасини тайёрлайди.
17. Лицензияловчи орган беш иш куни ичида эксперт комиссиясининг хулосасига асосан лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Лицензияловчи орган тегишли қарор қабул қилингандан сўнг уч кун ичида лицензия даъвогарини қабул қилинган қарор ҳақида хабардор қилади.
18. Лицензия бериш тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақидаги хабарнома лицензия даъвогарига ёзма тарзда, шу жумладан, ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади (топширилади) ва бир вақтнинг ўзида лицензия шартномаси имзолаш учун юборилади (топширилади).
19. Каннабис ўсимлигини етиштириш ва фойдаланиш фаолиятини лицензиялаш учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ҳар йиллик давлат божи ундирилади.
Бунда жами божларнинг 60 фоизи Ўзбекистон Республикаси бюджетига, 40 фоизи Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармасига йўналтирилади.
20. Лицензияловчи орган ва лицензиатнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи лицензия шартномаси лицензияловчи орган ҳамда лицензиат ўртасида тузилади. Лицензия шартномаси қуйидагиларни ўз ичига олган бўлиши керак:
шартномани имзоловчиларнинг фамилияси, исми, отасининг исми;
томонларнинг реквизитлари;
фаолиятни амалга ошириш учун лицензия берилган фаолият тури номи;
лицензиатга қуйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;
лицензиянинг амал қилиш муддати;
каннабис ўсимлигини етиштириш ва фойдаланиш билан боғлиқ фаолиятнинг кўрсатилган тури амалга ошириладиган манзил (шу жумладан, тузилмавий бўлинмаларнинг манзиллари);
лицензия шартномаси талабларини бузганлик учун томонларнинг ўзаро жавобгарлиги;
лицензияловчи орган томонидан лицензиатнинг лицензия шартномаси талаблари ва шартларини бажариши устидан назоратни амалга ошириш тартиби.
Лицензия шартномаси лицензиат ва лицензияловчи орган учун икки нусхада тузилади.
21. Лицензия ушбу Низомнинг 3-иловасига мувофиқ шаклдаги бланкда расмийлаштирилади.
Лицензия бланкалари қатъий ҳисобда турувчи ҳужжат бўлиб, рўйхат серияси, рақами ва ҳимояланганлик даражасига эга.
Лицензия бланкалари лицензияловчи орган томонидан берилган буюртмага мувофиқ давлат белгиларини чоп этиш ҳуқуқига эга бўлган ваколатли орган томонидан нашр этилади.
Лицензия бланкаларининг ҳисоби, уларни сақлаш ва мақсадли ишлатиши учун лицензияловчи орган раҳбари жавобгар бўлади.
22. Лицензия даъвогари томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳамда у томонидан имзоланган лицензия шартномаси тақдим этилганидан сўнг уч кун муддатда расмийлаштирилади.
23. Лицензиат лицензия бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги хабарнома юборилган (топширилган) кундан уч ой муддатда лицензияловчи органга давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаган ёки лицензия шартномасини имзоламаган тақдирда, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.
24. «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида белгиланган асосларга кўра лицензия берилиши рад этилиши мумкин.
Лицензия даъвогари лицензияловчи органнинг лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қароридан, шунингдек, лицензияловчи органнинг мансабдор шахси ҳаракати (ҳаракатсизлиги)дан норози бўлганда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
25. Эксперт комиссиясининг лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарори қабул қилинган ҳолларда, рад этиш тўғрисидаги хабарнома лицензия даъвогарига ёзма тарзда, шу жумладан, ахборот тизими орқали электрон шаклда, рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда ҳамда лицензия даъвогари кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, такроран кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этишга етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади (топширилади).
Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга етарли бўлиши ва беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
26. Лицензия беришни рад этишга асос бўлган камчиликлар лицензия даъвогари томонидан бартараф этилган тақдирда, лицензияловчи орган томонидан ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензия даъвогарининг барча зарур ҳужжатлар билан аризасини олган кундан ўн иш куни ичида амалга оширилади.
Бунда такроран тақдим этилган ҳужжатлар қабул қилинган кунда эксперт комиссиясига кўриб чиқиш учун киритилади.
Эксперт комиссияси етти иш куни ичида тақдим этилган ҳужжатларни такроран кўриб чиқади ва лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш бўйича эксперт хулосасини тайёрлайди.
Лицензияловчи орган эксперт комиссияси хулосаси тақдим этилгандан сўнг уч иш кун ичида эксперт комиссияси хулосасига асосан лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
27. Лицензия даъвогарининг аризасини такроран кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.
Лицензия даъвогарининг аризасини такроран кўриб чиқишда лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилмаган асослар билан лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.
Лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтгандан сўнг берилган ариза, янгидан берилган ариза ҳисобланади.
5-боб. Лицензияни қайта расмийлаштириш, амал қилиш муддатини узайтириш ва дубликатини бериш
28. Лицензиат қайта ташкил этилганда ёки номи, жойлашган жойи (почта манзили), фаолиятини амалга ошириш жойи ўзгарган ҳолларда, лицензиат ёки унинг вориси қайта ташкил этилгандан сўнг бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза бериши шарт.
Янги ташкил этилган юридик шахс давлат рўйхатидан ўтган кундан каннабис ўсимлигини етиштириш ва фойдаланиш билан боғлиқ бўлган фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар ўзаро қўшилиб кетган ҳолларда лицензия ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган тартибда қайта расмийлаштирилади.
Фаолиятнинг лицензияланган қисмига (қисмларига) лицензиянинг амал қилиши тўхтатилганда лицензия қайта расмийлаштирилади.
29. Лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар лицензиат унда кўрсатилган фаолиятни олдин берилган лицензияга мувофиқ амалга оширади.
30. Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензияловчи орган лицензиялар реестрига тегишли ўзгартишлар киритади.
Лицензияни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ариза олингандан сўнг ёки фаолиятнинг лицензиялаштирилган қисми (қисмлари)га берилган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг беш иш куни ичида амалга оширилади.
Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензия даъвогарининг лицензия бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи орган банк ҳисобварағига ўтказилади.
31. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш, лицензиатнинг аризасига мувофиқ амалга оширилади.
Лицензия муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза лицензияловчи органга лицензия муддатининг тугашига қадар икки ойдан кечиктирмай берилади. Лицензия муддатини узайтириш лицензия бериш учун белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.
32. Лицензиатнинг аризасига мувофиқ, йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган ва амал қилиш муддати ўтмаган лицензия ўрнига дубликат берилиши мумкин.
Лицензия дубликатини беришда лицензия даъвогарининг лицензия бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.
6-боб. Лицензиялаш талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат
33. Лицензиатнинг лицензия талаблари ва шартларига риоя этиши устидан назорат лицензияловчи орган томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
34. Лицензияловчи орган лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этиши устидан назоратни амалга оширишда тегишли давлат органлари вакилларини жалб этган ҳолда ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лицензиатнинг лицензия талаблари ва шартларига риоя этишини унинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда режали ўрганиш;
лицензиатни олдиндан хабардор қилмасдан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилини хабардор қилиш тартибида текширишларни электрон рўйхатга олишнинг ягона тизимида рўйхатдан ўтиш орқали барча маъмурий, ишлаб чиқариш, лаборатория иншоотлари ва омборхоналар, экинлар ва майдонлар, ишлаб чиқариш линиялари, ускуна, транспорт воситалари ва бошқа техникаларни бориб кўриш;
лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этишини ўрганиш жараёнида юзага келадиган масалалар бўйича зарур ахборотларни лицензиатдан сўраш ва олиш;
ўрганиш натижалари бўйича лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этмаганлиги аниқ кўрсатилган далолатнома (маълумотнома) тузиш;
лицензия талаблари ва шартларига риоя этмаслик ҳолатлари бўйича мансабдор шахслардан ёзма равишда тушунтириш хатини олиш;
аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича лицензиатга бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш муддатларини белгилаш;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш, тугатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисида қарор чиқариш ёки судга мурожаат қилиш.
35. Лицензиатнинг лицензия талаблари ва шартларига риоя этишини ўрганиш натижаларига асосан лицензияловчи орган ҳамда текширувга жалб этилган тегишли давлат органи ходимлари томонидан уч нусхада далолатнома тузилади, унинг бир нусхаси лицензиатга тақдим этилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи орган ходимида, учинчи нусхаси текширувга жалб этилган тегишли давлат органи ходимида қолади.
Ўрганишлар натижалари бўйича қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширув ўтказилади ҳамда жиноят иши қўзғатиш масаласи кўриб чиқилади.
7-боб. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш, тугатиш ва бекор қилиш
36. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш, шунингдек, лицензияни бекор қилиш «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22, 23 ва 24-моддаларида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда амалга оширилади.
37. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин.
8-боб. Лицензиялар реестри
38. Лицензияловчи орган лицензиялар реестрини юритади.
Лицензиялар реестрида қуйидаги асосий маълумотлар кўрсатилади:
юридик шахснинг номланиши, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, фаолияти амалга ошириладиган жойнинг манзили, телефон рақамлари;
банк ҳисобварағи ва солиқ тўловчининг идентификацион рақами;
лицензия берилган сана ва унинг рақами;
лицензиянинг амал қилиш муддати;
лицензияланган фаолият турини амалга ошириш жойи (манзили) (каннабис ўсимлигини олиб кириш (олиб чиқиш) фаолияти бундан мустасно);
лицензияни қайта расмийлаштириш, амал қилишини тўхтатиб туриш ҳамда тиклашнинг асослари ва саналари;
лицензиянинг амал қилишини тугатиш асослари ва саналари;
лицензияни бекор қилишнинг асослари ва саналари;
лицензиянинг дубликатини бериш, лицензияни қайта расмийлаштириш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтириш асослари ва саналари.
39. Лицензиялар реестридаги маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтида жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ бўлади.
9-боб. Якунловчи қоидалар
40. Лицензиат лицензияловчи орган томонидан ўрганишга жалб қилинган ходимларга маъмурий, ишлаб чиқариш, лаборатория иншоотлари, омборхоналар, экин майдонлари, ишлаб чиқариш линиялари, ускуналар, транспорт воситалари ва бошқа техникаларга кириш ҳамда ушбу Низом ва лицензия шартномаси талаблари бажарилишини ўрганиш учун зарур шароит яратади.
41. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларидан белгиланган тартибда жавоб беради.
Каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалар ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш фаолиятини лицензиялаш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддатлар


1-босқич

Лицензия даъвогари

(юридик шахс)

Аризани кўриб чиқиш учун йиғимни тўлайди ва лицензияловчи органга бевосита ёхуд почта алоқаси воситалари ёки ариза қабул қилинганлиги ҳақида маълумотномани олиш орқали электрон шаклда ариза беради.

Даъвогарнинг хоҳишига кўра


2-босқич

Лицензияловчи орган

(Қишлоқ хўжалиги вазирлиги)

1. Лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар масъул шахс томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, ҳужжатлар нусхасининг қабул қилиш санасини кўрсатган ҳолда аризачига юборади (топширади).

2. Ҳужжатларни эксперт комиссиясига кўриб чиқиш учун киритади.

3. Такроран тақдим этилган ҳужжатларни эксперт комиссиясига кўриб чиқиш учун киритади.

Ҳужжатлар қабул қилинган кунда


3-босқич

Эксперт комиссияси

(Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги)

 

1. Келиб тушган аризалар ва ҳужжатларни кўриб чиқади, улар бўйича лицензия даъвогарига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш бўйича эксперт комиссияси хулосасини тайёрлайди.

Ўн беш кун ичида

2. Лицензия даъвогари томонидан лицензия беришни рад этишга асос бўлган сабабларни бартараф этилганидан кейин, такроран тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда улар бўйича эксперт комиссияси хулосасини тайёрлайди.

Етти иш куни ичида


4-босқич

Лицензияловчи орган
(Қишлоқ хўжалиги вазирлиги)

1. Эксперт комиссияси хулосасига асосан лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Беш иш куни ичида

2. Лицензия бериш юзасидан қабул қилинган қарор тўғрисида лицензияловчи орган банк ҳисобварағи маълумотлари ва давлат божини тўлаш муддатини кўрсатган лицензия даъвогарини хабардор қилади ҳамда лицензия шартномасини имзолаш учун юборади.

Қарор қабул қилингандан сўнг уч кун ичида

3. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, бу ҳақда рад этиш сабаблари, кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб такроран кўриб чиқиш учун ҳужжатларни юбориш муддатларини кўрсатган ҳолда лицензия даъвогарига хабарнома юборади (топширади).

Қарор қабул қилингандан сўнг уч кун ичида

4. Лицензиялар реестрига тегишли ўзгартишлар киритади.

Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда


5-босқич

Лицензия даъвогари

(юридик шахс)

Лицензияловчи органга лицензияни бериш бўйича давлат божи тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ва лицензия шартномасини имзолайди.

Хабарнома юборилган кундан уч ой муддатда


6-босқич

Лицензияловчи орган

(Қишлоқ хўжалиги вазирлиги)

Лицензия даъвогари томонидан давлат божи тўланганлиги ҳақидаги ҳужжат тақдим этилиб, у томонидан лицензия шартномаси имзолангач лицензияни расмийлаштиради ва топширади.

Уч иш куни ичида

Каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 декабрдаги 770-сон қарорига
2-ИЛОВА
Каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш, сақлаш, реализация қилиш ва ташиш ҳисобга олиш бўйича
ТАЛАБЛАР
Кейинги таҳрирга қаранг.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Талаблар таркибида тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддаси миқдори 0,2 фоизгача бўлган каннабис ўсимлигини (Cannabis Sativa L.) (кейинги ўринларда — каннабис ўсимлиги) гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш, сақлаш, бериш ва ташиш (кейинги ўринларда — каннабис ўсимлигини етиштириш ва фойдаланиш) ва унинг қайта ишланган маҳсулотлари бўйича талаблар, шунингдек каннабис ўсимлиги ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулот таркибида тетрагидроканнабинол (кейинги ўринларда — ТГК) миқдорини аниқлаш бўйича тестдан ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу талаблар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан берилган лицензия асосида каннабис ўсимлигини етиштириш ва фойдаланиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларга (кейинги ўринларда — лицензиат) тааллуқли ва улар учун мажбурий ҳисобланади.
3. Каннабис ўсимлигини етиштириш ва фойдаланиш фаолияти тегишли лицензия мавжуд бўлганда амалга оширилади.
4. Лицензияланган фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланиладиган мулк ва объектларни Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмалари томонидан қўриқлаш хизматини кўрсатиш бўйича шартноманинг мавжудлиги лицензиатга қўйиладиган умумий талаб ҳисобланади.
5. Каннабис ўсимлигининг уруғлик материалини импорт қилишда, импорт қилинадиган намуналар таркибидаги ТГК миқдори ва карантин объектлари мавжудлиги бўйича текширувдан ўтиши шарт.
Каннабис ўсимлиги намуналари таркибида ТГК миқдори 0,2 фоиздан ошмаган тақдирда ҳамда тақиқланган карантин объектлари мавжуд бўлмаганда тегишли ташкилот ва идораларнинг хулосасига асосан импортга рухсат берилади.
2-боб. Каннабис ўсимлигини етиштиришда лицензиатга қўйиладиган талаблар
6. Каннабис ўсимлигининг таркибида тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддаси миқдори 0,2 фоизгача бўлган навларини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ишлаб чиқариш ёки тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштиришга рухсат этилади (илова).
7. Каннабис ўсимлигини етиштириш учун лицензиат:
ирригация инфратузилмасини янгилаши ва ресурс тежайдиган технологияларни жорий этиши;
лицензияловчи орган вакилига ёки жалб этилган экспертларга, баён этилган каннабис ўсимлиги навининг белгиланган меъёрларга мувофиқлигини ва вегетация даврининг турли босқичларида таркибидаги ТГК миқдорини аниқлаш мақсадида намуналар олиши учун каннабис ўсимлиги етиштирилаётган экин майдонига кириб боришига имконият яратиши;
экин майдонлари атрофида, камида тўқсон кунлик видео-ёзувни сақлаш имкониятини берадиган туну-кун узлуксиз видеокузатув ўрнатилишини таъминлаши;
тунги пайтда экин майдонлари контурлари тўлиқ кўриниб туриши учун ёритиш мосламалари билан жиҳозлаши;
лицензияловчи орган томонидан намуналар олиниши ҳамда таркибидаги ТГК миқдори текшируви ўтказилгунга қадар каннабис ўсимлиги ҳосилини йиғиб олишга йўл қўймаслиги;
каннабис ўсимлигининг янги саноат навларини синаш тажрибасини фақат ёпиқ иншоотларда ўтказиши;
каннабис ўсимлиги етиштиришни бошлагунга қадар ишлаб чиқаришнинг технологик регламентини тасдиқлаши шарт.
8. Каннабис ўсимлиги ҳосилининг битта партиясидан олинган намуналар ушбу ўсимлик ҳосилининг бошқа партиясидан олинган намуналар билан аралаштирилмаслиги зарур.
3-боб. Каннабис ўсимлигини ва уни қайта ишлаш маҳсулотларини сақлаш ва реализация қилиш (бериш)да лицензиатга қўйиладиган талаблар
9. Каннабис ўсимлиги етиштириладиган майдонлар ва ундан олинадиган ҳосилни қайта ишлаш ва сақлаш объектлари атрофлари узлуксиз туну-кун олинадиган видеокузатув ёзувларини камида тўқсон кун сақлаш имкониятини берадиган интеграциялашган тизим билан жиҳозланган бўлиши шарт.
10. Ишлаб чиқариш корхоналарида каннабис ўсимлиги ҳосилини сақлаш алоҳида жиҳозланган омборхоналарда (кейинги ўринларда — омборхоналар) амалга оширилади.
Иш вақтидан ташқари пайтларда бинолар қулфланган, муҳрланган ҳамда қўриқлаш учун топширилган бўлиши ва унга олиб борувчи йўллар кечки пайтда ёритилган бўлиши керак.
11. Омборхонани жиҳозлаш бўйича энг кам талаблар қуйидагилардан иборат:
омборхона атрофи бўйлаб камида 3 метр баландликда 2 «егоза» туридаги тиконли сим билан ўралган бўлиши ҳамда қулфланадиган дарвозага эга бўлиши;
омборхона дарвозаси қулфланган ва муҳрланган ҳолатда, калити ва муҳри эса моддий жавобгар шахсда бўлиши;
қўриқлаш ва ёнғин сигнализациясига, шунингдек, видеокузатув тизимига эга бўлиши;
умумий айланмали шамоллатиш тизимига эга бўлиши лозим.
12. Каннабис ўсимлиги ҳосили омборхоналарга олиб келинганда корхона раҳбари ёки ваколатли шахс унинг миқдори кузатув ҳужжатларига мослигини текшириши шарт.
13. Каннабис ўсимлигини ва унинг қайта ишлаш маҳсулотларини сақлаш учун корхона раҳбари ёки корхона раҳбарининг буйруғи билан жавобгар шахс тайинланади.
14. Каннабис ўсимлигини ва унинг қайта ишлаш маҳсулотларини сақлаш ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этган ҳолда экологик, қурилиш, санитария-гигиена ва фитосанитар талабларга мувофиқ амалга оширилади.
15. Ишлаб чиқариш иншоотлари деворлари, юк кўтарувчи қурилмаларнинг ташқи тарафини тозалаш ва зарарсизлантириш учун очиқ ҳолда бўлиши керак.
Омборхоналарнинг томи ва деворлари, шамоллатиш тизимлари тешиклари ҳимояланган ҳамда уларга ёмғир ва бегона предметларнинг тушишини олди олинган бўлиши лозим.
16. Омборхоналарда сақланаётган каннабис ўсимлиги ҳосили қайта ишлангунга қадар хавфсиз ва барқарор сақланиши учун қуритиш ва зарарлантиришнинг технологик жараёни билан таъминланган бўлиши лозим.
17. Омборхоналарда қуйидагилар тақиқланади:
каннабис ўсимлиги ва унинг қайта ишлаш маҳсулотлари билан бирга заҳарли ва ёнувчи кимёвий воситалар, нефт маҳсулотлари, шунингдек, каннабис ўсимлиги ва унинг қайта ишлаш маҳсулотларининг ифлосланишига олиб келувчи бошқа турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат истеъмол товарларини сақлаш;
ички ёнувчи двигателларга эга бўлган машиналарни ишлатиш.
18. Каннабис ўсимлигини ва унинг қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўлимига (цехига) ўтказиш ишлаб чиқаришнинг кунлик эҳтиёжига мувофиқ корхона раҳбари ёки унинг ўринбосарининг имзоси ва муҳр билан тасдиқланган рухсатнома асосида амалга оширилади.
4-боб. Каннабис ўсимлигини ва унинг қайта ишлаш маҳсулотларини ташишда лицензиатга қўйиладиган талаблар
19. Каннабис ўсимлиги ва унинг қайта ишлаш маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уларни ташиш ишлари «фургон» ёки «контейнер» туридаги ёпиқ кузовга эга бўлган ва қулф билан беркитиладиган ҳамда муҳрланадиган махсус транспорт воситаларида амалга оширилади.
Каннабис ўсимлигини ва унинг қайта ишлаш маҳсулотларини темир йўл транспортларида ташиш учун санитария-эпидемиология талабларига жавоб берадиган ёпиқ вагонлар ёки контейнерлар талаб этилади.
20. Махсус транспорт воситаларининг техник ҳолати транспорт воситасини ишлаб чиқарувчи завод йўриқномаси талабларига, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига ҳамда ушбу Талабларга жавоб бериши шарт.
21. Каннабис ўсимлигини ва унинг қайта ишлаш маҳсулотларини махсус ёки махсуслаштирилган контейнерлар, белгиланган талабларга мувофиқ жиҳозланган умумий мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган контейнерлар, автомобиллар ва тиркамаларда ташиш мумкин.
22. Каннабис ўсимлигини ва унинг қайта ишлаш маҳсулотларини ташувчи «фургон» туридаги кузовли транспорт воситалари, шу жумладан автотиркамалар кузови тўлиқ ёпилган ва мустаҳкам бўлиши, ёриқлар, ички электр узатгичи бўлмаслиги ва ҳайдовчи кабинаси билан камида 150 мм оралиқ масофада бўлинган бўлиши керак.
Кузовни тайёрлаш учун ишлатилган ёғоч ёнғиндан ҳимояловчи таркиб билан тўйдирилган бўлиши лозим. Кузовни ички қисмини ёпиш учун чақмоқ чиқармайдиган материаллар ишлатилган бўлиши зарур. Ташилаётган юк билан хавфли бирикмани ҳосил қиладиган материалларни ишлатилиши қатъиян ман этилади. Фургон ташқаридан металли туника ёки темир листлари билан қопланган бўлиши зарур.
23. Каннабис ўсимлигини ва унинг қайта ишлаш маҳсулотларини ташишда фойдаланиладиган транспорт воситаларининг юк ташиш қисмлари конструкциялари ювилган, дезинфекция, дезинсекция ва дератизация қилинган, ҳимояланган, шунингдек, ташиш жараёнида тўкилишига йўл қўймаслик, ҳашоратлар ва ҳайвонларни кириб қолишини олдини олиш чоралари кўрилган бўлиши керак.
24. Каннабис ўсимлигини ва унинг қайта ишлаш маҳсулотларини кучли ҳидланувчи зарарли моддалар ташилган транспорт воситаларида ташишга йўл қўйилмайди.
25. Каннабис ўсимлиги ва унинг қайта ишлаш маҳсулотлари тарасиз усулда қопларда ташилади. Қоплар тикилади ва маркировка қилинади.
Маркировка каннабис ўсимлигининг нави, етиштириш йили, қўлланилиши, ишлаб чиқарувчи ва юборувчининг номи, қадоқлаш вазни, яроқлилик муддати тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиши керак.
Маркировкада кўрсатилган маълумотлар истеъмолчи учун аниқ ва осон ўқиладиган ҳамда ювилмайдиган ҳарфларда, давлат тилида ёзилган бўлиши лозим.
26. Лицензиат каннабис ўсимлигини ва унинг қайта ишлаш маҳсулотларини ташиш даврига қадар давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг тегишли бўлинмалари билан каннабис ўсимлигини ва унинг қайта ишлаш маҳсулотларини ташиш учун фойдаланиладиган вилоятлараро, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда ҳаракатланувчи транспорт воситаларига кузатув хизматини кўрсатиш бўйича шартномани имзолаши шарт.
27. Лицензиат каннабис ўсимлигини ва унинг қайта ишлаш маҳсулотларини ташиш йўналишлари тўғрисида давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг тегишли бўлинмаларини транспорт воситалари йўлга чиқишидан камида қирқ саккиз соат олдин хабардор қилиши лозим.
5-боб. Каннабис ўсимлигини ва уни қайта ишлаш маҳсулотларини ҳисобга олиш ва таркибидаги ТГКни аниқлаш учун тестдан ўтказишда лицензиатга қўйиладиган талаблар
28. Каннабис ўсимлиги ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари таркибидаги ТГКни аниқлаш бўйича лаборатория синовлари аккредитация қилинган лабораторияларда ҳамда лицензиат лабораторияларида (мустақил экспертиза) амалга оширилади.
Лаборатория синовлари ўтказишдан мақсад каннабис ўсимлиги намуналарининг қуруқ вазни таркибидаги ТГК миқдорини аниқлашдан иборат.
Бунда лаборатория синовлари учун тўловлар лицензиат ҳисобидан амалга оширилади.
29. ТГКни тестдан ўтказиш амалдаги методикага мувофиқ газли ёки суюқлик хромотографида амалга оширилади.
30. Экин майдонининг битта контурида ёки омборхонада таркибида ТГК меъёрдан ортиқ бўлган каннабис ўсимлиги намуналари аниқланганда, экин майдонининг барча контурларидан ёки омборхоналардан олинган каннабис ўсимлиги намуналари мажбурий тартибда лаборатория синовидан ўтказилади.
31. Каннабис ўсимлиги ва унинг қайта ишлаш маҳсулотлари таркибида ТГК меъёрдан (0,2 фоиздан) юқори бўлган намуналар аниқланганда, уни йўқ қилиш гиёҳванд воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни йўқ қилиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
32. Намуналар таркибида ТГК меъёрдан ортиқ эканлиги аниқланган экин майдони контурида етиштирилган ёки омборхоналарда сақланаётган барча каннабис ўсимлиги ва унинг қайта ишлаш маҳсулотлари амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб қўйилади ва йўқ қилинади.
33. Намуналар таркибида ТГК меъёрдан ортиқ эканлиги аниқланган каннабис ўсимлигини ва унинг қайта ишлаш маҳсулотларини йўқ қилиш лицензиатнинг кучи ва воситалари билан комиссион тартибда лицензиат, лицензияловчи орган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари иштирокида амалга оширилади.
34. Каннабис ўсимлиги ҳосилини йиғиш ва маҳсулот ҳаракатининг барча жараёнлари омборхона бўлими (цех)даги қайд этиш китобида ёзиб борилади.
35. Лицензиат мажбурий тартибда қуйидагиларнинг ҳисобини юритади:
каннабис ўсимлиги уруғини ёки кўчатини харид қилиш ҳужжатларининг асли;
каннабис ўсимлиги уруғини ишлатиш ва (ёки) кўчатлар сонининг вазни;
ишлаб чиқарилган тайёр кўчатлар сони;
йўқ қилинган каннабис ўсимлигининг намлик хусусиятларини инобатга олган ҳолдаги вазни;
ўсимлик қолдиқлари ва бузилган ўсимлик тўқиманинг вазни.
36. Қайд этиш китобидаги ҳар бир қайд ўрганиш учун жалб этилган лицензияловчи орган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари томонидан тасдиқланиши шарт.
Лицензиат лицензияловчи орган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакилларига қайд этиш китобини кўриш имкониятини яратиб беришга мажбурдир.
6-боб. Якунловчи қоидалар
37. Ушбу Талабларга риоя этиш учун лицензиат раҳбарияти буйруқлари ёки бошқа ҳужжатлари билан каннабис ўсимлигини сақлаш бўйича жавобгарлик юклатилган мансабдор шахслар зиммасига юкланади.
38. Ушбу Талабларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш, сақлаш, реализация қилиш ва ташиш ҳисобга олиш бўйича талабларга
ИЛОВА
Кейинги таҳрирга қаранг.
Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш учун рухсат этилган каннабис ўсимлигининг (Cannabis Sativa L.) навлари

Т/р

Каннабис ўсимлигининг (Cannabis Sativa L.) навлари

1.

USO 31

2.

FELINA 32

3.

FEDORA 17

4.

FERIMON

5.

SANTНICA 27

6.

SANTНICA 70

Кейинги таҳрирга қаранг.
Кейинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 декабрдаги 770-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 16 июлдаги 315-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 7-сон, 63-модда) билан тасдиқланган Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш тўғрисида низомнинг 1-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Мазкур Низом гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш тартибини белгилайди, таркибида тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддасининг миқдори 0,2 фоизгача бўлган каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш, олиб кириш (олиб чиқиш), қайта ишлаш, сақлаш, реализация қилиш (бериш), олиш ва ташиш билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш бундан мустасно».
Кейинги таҳрирга қаранг.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тақиқланган гиёҳвандлик воситаларининг рўйхати (I рўйхат)нинг рус тилидаги матнида 53-позициянинг «Наименование наркотического средства» устунига» (за исключением растения каннабис, с содержанием наркотического средства тетрагидроканнабинола до 0,2 процентов, используемого в промышленных целях, не связанного с производством или изготовлением наркотических средств и психотропных веществ)» сўзлари қўшилсин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Сирдарё вилоятида агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 18 июндаги 511-сон қарорида:
а) 1-банднинг учинчи хатбошиси ҳамда 3-банднинг иккинчи, учинчи ва бешинчи хатбошиларидаги «техник каноп» сўзлари «каннабис» сўзи билан алмаштирилсин;
б) илованинг 1-позицияси «Инвестиция лойиҳасининг номи» устунидаги «техник каноп» сўзлари «каннабис» сўзи билан алмаштирилсин.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.12.2020 й., 09/20/770/1603-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.11.2021 й., 09/21/720/1109-сон; 22.02.2022 й., 09/22/80/0154-сон, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 02.11.2024 й., 09/24/725/0879-сон)