toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Органик маҳсулотлар ва хом ашёлар ҳамда органик-минерал ўғитларнинг хавфсизлигига доир айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида
«Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 18 майдаги ПФ-5995-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Органик маҳсулотлар ва хом ашёларни ишлаб чиқарувчилар реестрини шакллантириш ва юритиш, ишлаб чиқарувчиларга доир маълумотлар базасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартибини назарда тутувчи Органик маҳсулотлар ва хом ашёларни ишлаб чиқарувчилар реестрини шакллантириш ҳамда юритиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
Органик ва органик-минерал ўғитларнинг хавфсизлигига, ишлаб чиқаришга, ташишга, сақлашга, йўқ қилишга, қайта ишлашга ҳамда сотишга қўйиладиган талабларни назарда тутувчи Органик ва органик-минерал ўғитларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ техник регламентларнинг амалга киритилиши билан уларда кўрсатилган маҳсулотлар ва хизматларни стандартлаш бўйича илгари қабул қилинган норматив ҳужжатлар мажбурийлик тусини йўқотиши ва белгиланган тартибда қўлланилишида ихтиёрийлик касб этиши маълумот учун қабул қилинсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
3. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ушбу қарор расмий кучга киргандан бошлаб Органик ва органик-минерал ўғитларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент амалга киритилгунга қадар органик ва органик-минерал ўғитларни стандартлаш бўйича норматив ҳужжатларни қўллашда уларнинг мажбурийлик хусусиятини бекор қилиш ва ихтиёрийлигини таъминлаш юзасидан белгиланган тартибда чора-тадбирларни амалга оширсин.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 январдаги 9-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.01.2025 й., 09/25/9/0024-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда Органик ва органик-минерал ўғитларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентнинг мақсади, мазмун-моҳияти ва уни қўллаш тартиби тўғрисида аҳоли, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг кенг хабардор қилинишини таъминласинлар.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 752-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 январдаги 9-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.01.2025 й., 09/25/9/0024-сон)
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М. Ғаниев ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 18 ноябрь,
729-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 ноябрдаги 729-сон қарорига
1-ИЛОВА
Органик маҳсулотлар ва хом ашёларни ишлаб чиқарувчилар реестрини шакллантириш ҳамда юритиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом органик маҳсулотлар ва хом ашёларни ишлаб чиқарувчилар реестрини (кейинги ўринларда — Реестр) шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
органик маҳсулот — ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва савдо қилишнинг барча босқичларида миллий органик стандарт талабларига мувофиқ бўлган ишлаб чиқариш технологияларини қўллаш орқали олинган маҳсулот;
органик маҳсулотлар ва хом ашёларни ишлаб чиқарувчи субъектлар (субъектлар) — органик сертификатланган маҳсулотлар ва хом ашёларни ишлаб чиқарувчи юридик шахслар;
субъектларга доир маълумотлар — муайян органик маҳсулотлар ва хом ашёларни ишлаб чиқарувчи юридик шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имкониятини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган маълумот;
субъектларга доир маълумотлар базаси — таркибида субъектларга доир маълумотлар мавжуд бўлган ахборот тизими тарзидаги маълумотлар базаси;
субъектларга доир маълумотлар базасининг оператори (оператор) — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туманлардаги бўлимлари;
субъектларга доир реестр каталоги — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг расмий веб-сайти (www.agro.uz);
субъектларга доир маълумотлар базасини юритувчи — субъектларга доир маълумотлар базасига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;
реестр — операторлар тақдим этган маълумотларни субъектларга доир маълумотлар базасини юритувчи томонидан жамлаш йўли билан рўйхатдан ўтказилган субъектларга доир маълумотлар базаси;
реестрни шакллантирувчи ишчи гуруҳ (ишчи гуруҳ) — Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланадиган масъул ходимлардан ташкил этиладиган реестрга киритиш учун ахборот ресурсларини йиғиш, қайта ишлаш ва шакллантириш бўйича ишчи гуруҳ.
3. Субъектларга доир маълумотлар базасини реестрда рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, мавжуд маълумотларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки реестрдан чиқаришда тўловлар ундирилмайди.
2-боб. Органик маҳсулотлар ва хом ашёларни ишлаб чиқарувчилар реестрини шакллантириш ҳамда юритиш тартиби
4. Субъектларга доир маълумотлар базасини реестрда рўйхатдан ўтказиш ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.
5. Субъектларга доир маълумотлар ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ тартибда шакллантирилади.
6. Реестрни шакллантириш, унга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда рўйхатдан чиқариш ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.
7. Ишчи гуруҳ беш кишидан иборат таркибда шакллантирилади ва унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланади.
8. Ишчи гуруҳ таркибига тегишли вазирликлар ва идораларнинг вакиллари ҳам ўзаро келишувга асосан киритилиши мумкин.
9. Ишчи гуруҳ томонидан субъектларга доир маълумотларни реестрда рўйхатдан ўтказиш беш иш кунида амалга оширилади.
10. Субъектларга доир маълумотлар ишчи гуруҳнинг беш нафар аъзосидан камида уч нафари томонидан маъқулланган тақдирда юритувчи томонидан реестрда рўйхатдан ўтказилади.
11. Бунда ушбу маълумотлар икки иш кунида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг расмий веб-сайтида (www.agro.uz) эълон қилинади.
12. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбарлантириш агентлиги ҳар ой якуни билан органик маҳсулотлар ва хом ашёларни ишлаб чиқарувчиларга тақдим этилган мувофиқлик сертификатлари тўғрисида маълумотларни Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этиб боради.
13. Субъектларга доир маълумотлар базасини юритувчи реестрда рўйхатдан ўтказишда маълумотларнинг тўлиқлигини таъминлаш мақсадида субъектларга доир қўшимча маълумотларни оператордан сўраб олиш мумкин.
14. Ушбу Низомга 2-иловада келтирилган маълумотларнинг тўлиқ тақдим этилмаслиги органик субъектларга доир маълумотларни реестрга киритиш ва рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асос бўлади.
15. Субъектларга доир маълумотлар базасини юритувчи субъектларга доир маълумотларни реестрда рўйхатдан ўтказишни рад этиш бўйича қабул қилинган қарор нусхаси операторга электрон тарзда юборилишини таъминлайди.
16. Субъектларга доир маълумотларни реестрда рўйхатдан ўтказишни рад этишнинг асослари бартараф этилган тақдирда, оператор ушбу маълумотларни реестрда рўйхатдан ўтказиш учун субъектларга доир маълумотлар базасини юритувчига қайтадан топшириш ҳуқуқига эга.
3-боб. Реестрда рўйхатдан ўтказилган субъектларга доир маълумотлар базасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби
17. Субъектларга доир маълумотларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати юзага келган ҳолатда оператор бундай ўзгартириш ва қўшимчалар юзага келган санадан бошлаб ўн иш кунида субъектларга доир маълумотлар базасини юритувчига қўшимча маълумотларни тақдим этади.
18. Ишчи гуруҳ тақдим этилган қўшимча маълумотларга асосан беш иш кунида реестрга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида қарор қабул қилади.
19. Ишчи гуруҳнинг реестрга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қабул қилинган қарори асосида субъектларга доир маълумотлар базасини юритувчи томонидан бир иш кунида реестрга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
20. Реестрдаги субъектларга доир маълумотларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш уларнинг реестрда қайд этилган рақамига ўзгартириш киритилмаган ҳолда амалга оширилади.
4-боб. Субъектларга доир маълумотлар базасини реестрдан чиқариш тартиби
21. Субъектларга доир маълумотларни реестрдан чиқариш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
операторнинг реестрдан чиқариш бўйича асосланган маълумотларига асосан;
субъектнинг фаолияти тугатилганлиги тўғрисида маълумотлар тақдим этилганда;
маълумотларни реестрдан чиқариш бўйича субъектлар томонидан мурожаат қилинганда.
22. Cубъектларга доир маълумотларни реестрдан чиқариш ушбу Низомнинг 17 — 20-бандларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Субъектларга доир маълумотлар реестрдан чиқарилган тақдирда, унинг реестрда қайд этилган рақами бекор қилинади.
5-боб. Якунловчи қоида
23. Масъул ташкилот вакиллари ва раҳбарлари реестрни шакллантириш ва юритиш бўйича вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига масъулдир.
Органик маҳсулотлар ва хом ашёларни ишлаб чиқарувчилар реестрини шакллантириш ҳамда юритиш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Субъектларга доир маълумотлар базасини реестрда рўйхатдан ўтказиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддати


1-босқич

Субъектларга доир маълумотларни тақдим этувчи оператор

(Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туманлардаги бўлимлари)

1. Низомга 2-иловада кўрсатилган субъектларга доир маълумотларни тайёрлайди.

2. Маълумотларни электрон ёки қоғоз шаклида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этади.

3 иш

кунида


2-босқич

Ишчи гуруҳ
(Ишчи гуруҳ беш кишидан иборат таркибда шакллантирилади ва унинг таркиби Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланади).

1. Субъектларга доир маълумотлар базасини реестрда рўйхатдан ўтказиш учун оператордан қабул қилади.

2. Тақдим этилган маълумотларнинг тўлиқ ва тўғри эканлигини ўрганади.

3. Субъектларга доир маълумотларни реестрда рўйхатдан ўтказиш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлайди ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун ишчи гуруҳ раисига тақдим этади.

4. Субъектларга доир маълумотларниреестрда рўйхатдан ўтказиш бўйича қарор қабул қилинганда, субъектларга доир маълумотлар реестрда рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида журналга қайд этади.

5. Реестрда рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги қарорни операторга юборади ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг расмий веб-сайтида (www.agro.uz) эълон қилинади.

5 иш

кунида


3-босқич

Субъектларга доир маълумотларни тақдим этувчи оператор

Берилган маълумотларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати юзага келган санада реестрни юритувчига қўшимча маълумотларни юборади.

10 иш

кунида


4-босқич

Ишчи гуруҳ

Юборилган маълумотларга мувофиқ реестрга олдин киритилган маълумотларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритади ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг расмий веб-сайтида (www.agro.uz) эълон қилинади.

5 иш

кунида

Органик маҳсулотлар ва хом ашёларни ишлаб чиқарувчилар реестрини шакллантириш ҳамда юритиш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА

‎‎Органик маҳсулотлар ва хом ашёларни ишлаб чиқарувчи субъектларга доир маълумотлар базасини шакллантиришда қуйидаги маълумотлар тақдим этилади

I. Умумий маълумотлар
‎‎

‎1.1. Субъектнинг номи.
‎1.2. Субъектнинг жойлашган жойи (почта манзили, телефон рақами).
‎1.3. Субъектнинг фаолият тури.
‎1.4. Субъектга берилган органик мувофиқлик сертификати санаси, рўйхатга қўйилган рақам ва амал қилиш муддати.
‎1.5. Органик мувофиқлик сертификатланган маҳсулотлар номлари.
‎1.6. Органик мувофиқлик сертификатланган маҳсулотлар ҳажми, етиштирилган ер майдони (гектарда).
‎1.7. Органик мувофиқлик сертификати (якка ёки гуруҳга) берилганлиги.
‎1.8. Органик маҳсулотни ишлаб чиқариш, сақлаш ва транспортда ташишга қўйиладиган талабларни белгиловчи техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар.
‎1.9. Органик маҳсулотни ишлаб чиқаришда фойдаланилган хом ашё номлари (рўйхат).
‎1.10. Мувофиқликни баҳолаш ташкилотининг номи.
‎1.11. Мувофиқликни баҳолаш ташкилоти жойлашган жой (почта манзили, телефон рақами).
‎1.12. Мувофиқликни баҳолаш ташкилоти аккредитациядан ўтказилган сана ва қайд рақами.

‎II. Оператор ҳақида маълумотлар
‎2.1. Операторнинг номи: _______________________________________________________________________
‎2.2. Оператор раҳбарининг Ф.И.О.: _______________________________________________________________
‎2.3. Операторнинг телефон ва факс рақами: ________________________________________________________
‎2.4. Операторнинг электрон почта манзили: ________________________________________________________
‎2.5. Операторнинг манзили: ____________________________________________________________________
‎___________________________________________________________________________________________

‎III. Операторнинг маълумотлар базаси
‎3.1. Субъектларга доир маълумотлар базасининг номи:
‎___________________________________________________________________________________________
‎3.2. Субъектларга доир маълумотларни қайта ишлаш бошланган сана:
‎___________________________________________________________________________________________
‎3.3. Субъектларга доир маълумотларни қайта ишлашни тугатиш муддати ёки шарти:
‎___________________________________________________________________________________________
‎3.4. Субъектларга доир маълумотларнинг кўриниши (электрон ва қоғоз шаклда):
‎ ___________________________________________________________________________________________
‎3.5. Субъектларга доир маълумотларни қайта ишлашнинг мақсади:
‎___________________________________________________________________________________________
‎3.6. Субъектларга доир маълумотларни олишда (йиғишда) субъектдан рухсат олинганлиги
‎ ___________________________________________________________________________________________
‎3.7. Субъектларга доир маълумотларни қайта ишлаш учун жавобгар шахснинг фамилияси, исми ва лавозими:
‎___________________________________________________________________________________________
‎___________________________________________________________________________________________
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 ноябрдаги 729-сон қарорига
2-ИЛОВА
Органик ва органик-минерал ўғитлар хавфсизлиги тўғрисида
ТЕХНИК РЕГЛАМЕНТ
1-боб. Умумий қоидалар
Мақсади ва қўлланиш соҳаси
1. Ушбу Техник регламент техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида органик ва органик-минерал ўғитларнинг хавфсизлигига, уларнинг ишлаб чиқаришга, ташишга, сақлашга, йўқ қилишга, қайта ишлашга ҳамда сотишга қўйиладиган талабларни белгилайди.
2. Техник регламент қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган органик ва органик-минерал ўғитларга нисбатан қўлланилади.
3. Мазкур Техник регламент органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи субъектларга татбиқ этилади.
Ушбу Техник регламент қуйидаги органик ва органик-минерал ўғитларга нисбатан қўлланилади:
турли саноат ва коммунал-маиший хўжаликнинг чиқиндилари асосида ишлаб чиқариладиган органик ва органик-минерал ўғитлар (қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндилар);
шахсий эҳтиёжларни қондириш учун хонаки ва маданий гуллар, буталар ва дарахтларни етиштириш учун ишлатиладиган ўғитлар.
4. Агар органик ва органик-минерал ўғитларнинг айрим турлари учун бошқа Техник регламентлар қабул қилинган бўлса, унда ушбу турдаги органик ва органик-минерал ўғитларга қўлланиладиган техник регламентларнинг талабларига жавоб бериши лозим.
Атама ва таърифлар
5. Мазкур Техник регламентда қуйидаги атама ва таърифлар қўлланилади:
ариза берувчи — мувофиқликни декларация қилиш мақсадида ваколатли давлат органларига ариза билан мурожаат қилган жисмоний ёки юридик шахс;
ваколатли давлат органи — мазкур Техник регламент талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш ваколати берилган давлат органи;
биогумус (вермикомпост) — ёмғир чувалчанглари органик чиқиндиларини қайта ишлаш натижасида олинган органик ўғит, чувалчангларнинг ҳаёт фаолиятида органик моддаларни (қорамол, чўчқа ва бошқа ҳайвонларнинг гўнги) қайта ишлаш жараёни орқали ҳосил бўлган юқори молекуляр органик бирикмалар (қуён, қушлар ахлатлари, хашак, дарахт барглари, озиқ-овқат саноати ва маиший чиқиндиларнинг ферментация қилингани бундан мустасно);
гени ўзгартирилган манбалар (ГЎМ) — табиий ёки қайта ишланган шаклда одамлар томонидан ишлатиладиган, гени ўзгартирилган организмлардан (ГЎО) олинган ёки уларнинг таркибида бўлган хомашё ва озиқ-овқат маҳсулотлари (компонентлар);
гени ўзгартирилган организмлар (ГЎО) — генетик материали ген-муҳандислик усуллари ёрдамида ўзгартирилган организм;
гўнг — чорва моллари ва паррандаларнинг қаттиқ ва суюқ чиқиндилари аралашмаси;
компост — ўсимлик ёки ҳайвонлар органик чиқиндиларининг чириши натижасида ҳосил бўлган органик ўғит;
маҳсулот идентификацияси — муайян маҳсулотнинг намунасига ва (ёки) тавсифига мувофиқлигини аниқлаш;
мувофиқлик тўғрисидаги декларация — органик ва органик-минерал ўғитларнинг Техник регламент ва стандартлар талабларига мувофиқлигининг ҳужжатлаштирилган тасдиғи;
органик ўғит —келиб чиқиши ўсимлик ёки ҳайвонлар билан боғлиқ моддалардан ташкил топган ўғит;
органик-минерал ўғит — органик ёки ноорганик озиқа моддалари билан органик ва минерал ўғитларни аралаштириш ва (ёки) кимёвий бирикмаларни ҳосил қилиш орқали олинадиган ўғит;
органик ва органик-минерал ўғитлар учун хавфсизлик паспорти — истеъмолчи иш жойида инсон саломатлиги ва хавфсизлигини, атроф-муҳитни органик ва органик-минерал ўғитлар ҳаёт циклининг барча босқичларида атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш учун зарур чораларни кўриши учун қулай ва қисқа шаклдаги ишончли маълумотни ўз ичига олган ҳужжат;
тезак — қушларнинг, қуёнларнинг тўшамали ёки тўшамасиз чиқиндилари;
тўшама гўнг — тўшама ва ем-хашак қолдиқлари мавжуд бўлган гўнг;
тўшама — чиқиндиларни сингдириш ва иссиқ, қуруқ жой яратиш учун қишлоқ хўжалиги ҳайвонларига тўшаладиган намликни ютувчи материаллар;
эффлюент — метантенк ферментерларида органик чиқиндиларни анаэроб тарзда қайта ишлаш натижасида олинган органик ўғит;
яшил ўғит — ўсимликларнинг яшил массасини ўстириш ва уларни ҳайдаш натижасида олинган органик ўғит.
2-боб. Хавфсизлик талаблари
Органик ва органик-минерал ўғитлар хавфсизлигига қўйиладиган умумий талаблар
6. Ўғитлар хавфсизлигининг асосий қоидалари ушбу Техник регламент, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.
7. Техник регламент органик ва органик-минерал ўғитлар ҳаёт циклининг барча босқичларига қўйиладиган энг кам талабларни белгилайди. Уларнинг бажарилиши биологик, экологик, кимёвий ва радиациявий хавфсизликни таъминлайди.
8. Органик ва органик-минерал ўғитлар хавфсизлигини баҳолаш мезонлари қуйидагилардан иборат:
инсон ҳаёти ва соғлиғи учун биологик, кимёвий ва радиацияли хавфлар йўқлиги;
органик ва органик-минерал ўғитларнинг инсон яшаш муҳитига, озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигига салбий таъсирини бартараф этиш;
токсиклик, шу жумладан, инсон саломатлигига ўзига хос ва узоқ муддатли таъсирларини баҳолаш (аллергенлик, иммунотоксинлик).
9. Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан органик ва органик-минерал ўғитларни ишлаб чиқариш натижасида чиқариладиган ташламаларда ифлослантирувчи моддаларнинг рухсат этилган концентрациялари меъёрларини таъминлайдиган тозалаш иншоотларини ва уларнинг узлуксиз мониторингини юритиш учун автоматик тизимларни ўрнатмасдан органик ва органик-минерал ўғитларни ишлаб чиқариш (қайта ишлаш)га йўл қўйилмайди.
10. Органик ва органик-минерал ўғитларни ишлаб чиқариш, сотиш ва улардан фойдаланиш жараёнларида юзага келиши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олиш чораларини кўрмасдан ҳамда уларни зарарсизлантирмасдан, ишлаб чиқариш ва сотишга йўл қўйилмайди.
Агар органик ва органик-минерал ўғитлар хавфсизлигини таъминлаш учун шароитлар бўлмаса, хўжалик юритувчи субъект уларни зарарсизлантириш ва қайта ишлашни ўзаро келишув асосида бошқа хўжалик юритувчи субъектларга топшириши зарур.
Органик ва органик-минерал ўғитлар ишлаб чиқаришга қўйиладиган хавфсизлик талаблари
11. Янги ва реконструкция қилинган иншоотга қўйиладиган жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва ишга туширишда ифлослантирувчи моддаларнинг ташламаларини максимал даражада камайтириш ва тозалаш, кам чиқимли ва чиқитсиз технологиядан, чиқиндиларни қайта ишлаш ҳамда табиий ресурслардан оқилона ва комплекс фойдаланиш чоралари кўрилиши лозим.
12. Санитария муҳофаза зонасининг ўлчами турар жой бинолари чегарасига қадар корхона, ишлаб чиқариш ва объектнинг санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқ белгиланади.
13. Ҳудуд функционал хусусиятларига кўра ишлаб чиқариш, сақлаш, ёрдамчи ва маъмурий-хўжалик зоналарига бўлинади. Зона ўлчамларининг нисбати корхона қувватига боғлиқ. Зоналарни ўзаро жойлаштиришда шамол йўналишини ҳисобга олиш лозим, бунда заҳарли моддаларнинг саноат ташламалари (ташкилий ва уюштирилмаган) манбалари шамолли томонда жойлашган бўлиши лозим.
14. Ускуналар ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг асосий қоидалари Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланади.
15. Органик ва органик-минерал ўғитларни ишлаб чиқариш тизимларини лойиҳалаштириш табиий-иқлим шароитлар, жойнинг рельефи ҳисобга олиниши, амалдаги қурилиш, санитария-гигиена ва ветеринария меъёрлари ва қоидаларига, технологик лойиҳалаштириш соҳасидаги меъёрларга амал қилиш лозим.
16. Чорвачилик чиқиндилари асосида ўғитларни ишлаб чиқариш ва (ёки) қайта ишлаш корхонасида:
жараённинг асосий босқичлари учун технологик режимлар ва меъёрий параметрлар, хомашё ва тайёр маҳсулотлар сифати ва хавфсизлиги кўрсаткичларига эътибор қаратиш;
атроф-муҳитга чиқарилган ташламаларнинг миқдорини камайтириш ва сифат кўрсаткичлари ва чиқиндилар ҳосил бўлишининг олдини олиш;
санитария-эпидемиология, ветеринария, гигиена талабларига ҳамда меҳнат муҳофазасига қўйиладиган талабларга риоя қилиш устидан доимий равишда ишлаб чиқариш назорати тизимини жорий қилиш лозим.
17. Ходимларнинг шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланмасдан ишларни бажаришига йўл қўйилмайди.
18. Технологик жараён ишлаб чиқариш қоидалари ва иш жойлари учун технологик йўриқномаларга қатъий мувофиқ равишда амалга оширилиши лозим.
19. Зарарли газлар ва буғларнинг чиқиш манбаи бўлган барча қурилмалар максимал даражада герметизация ёки аспирация қилинган пана жойлар билан таъминланган бўлиши лозим.
20. Ишлаб чиқариш хоналарининг деворлари ва шифтларининг ички юзаси моддаларнинг кимёвий таъсирига чидамли локлар ва бўёқлар ёрдамида ҳимояланган бўлиши лозим.
21. Ишлаб чиқариш хоналаридаги поллар сув билан ювишни енгиллаштирадиган қопламалардан тайёрланади.
22. Ўғитлар ишлаб чиқариладиган, қадоқланадиган ва сақланадиган ишлаб чиқариш хоналари тутунни тортиб зарарли газларни сўриб олиш вентиляцияси билан жиҳозланган бўлиши лозим.
23. Органик ва органик-минерал ўғитларни фойдаланишга чиқарилганда хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим.
24. Ўғитлардан илмий асосланган меъёрлар асосида:
тупроқнинг табиий микробиоценозининг бузилишига;
атроф-муҳитда патоген микрофлоранинг, инсон учун хавфли бўлган гелминтларнинг яшовчан тухумлари, патоген ичак содда бактерияларининг цисталари, энтерококклар ва бошқа хавфли биологик воситаларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаган ҳолда фойдаланиш лозим.
25. Органик ўғитларда ГЎО ва ГЎМлардан фойдаланиш тақиқланади.
26. Органик ва органик-минерал ўғитлар ишлаб чиқариш объектлари уларнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолашдан ўтиши лозим.
Чорвачилик мажмуаси биноларидан суюқ гўнгни чиқариб ташлашга қўйиладиган талаблар
27. Чорвачилик мажмуаси биноларидан суюқ гўнгни чиқариб ташлаш тизимлари ходимлари гўнгни ўз вақтида чиқариб ташлаши, чорвачилик биноларининг максимал тозалигини ва тавсия этилган микроиқлимни таъминлаши лозим.
28. Чорвачилик биноларидан суюқ гўнг механик, гидравлик (сув билан ювиб ташлаш, оқар сув тизимлари) ёки пневматик усулда чиқариб ташланади.
29. Эпизоотия ҳолатида эпизоотик ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир чорвачилик мажмуасида суюқ гўнгни зарарсизлантириш усуллари ва техник воситалар олдиндан назарда тутилган бўлиши лозим.
30. Саноат чорвачилик мажмуаларининг тозалаш иншоотларида суюқ гунгни олти кун сақлашни таъминлаб берувчи, карантинли сақлаш ёки секцияли гўнг сақлаш жойлари бўлиши лозим. Бу даврда мажмуадаги эпизоотик вазият аниқланади.
31. Эпизоотия содир бўлганда, эпизоотик ҳолатларда юқумли касалликларнинг қўзғатувчиси бўлган суюқ гўнгнинг барча массаси фракцияларга бўлинмасдан олдин дезинфекция қилиниши керак. Зарарсизлантирилган гўнг белгиланган тартибда тасдиқланган технологияга мувофиқ қайта ишланади ва фойдаланилади.
32. Агар суюқ гўнгни сақлаш ёки секцияли гўнгни сақлаш жойларида ҳайвонларнинг хавфли касалликлари қайд этилмаган бўлса, у ҳолда гўнг фракцияларга ажратишдан олдин дезинфекция қилинмайди ва қайта ишлаш ҳамда ундан фойдаланиш учун ташилади.
Органик ва органик-минерал ўғитларни ташишга қўйиладиган хавфсизлик талаблари
33. Хавфли юклар тоифасига кирувчи органик ва органик-минерал ўғитлар Ўзбекистон Республикасида хавфли юкларни автомобиль транспортида ташиш қоидалари талабларига мувофиқ ташилиши лозим.
34. Органик ва органик-минерал ўғитлар қадоқлар ва ўғитларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган барча транспорт турларида ташилади.
35. Суюқ турдаги ўғитлар транспорт контейнерларида суюқ ҳолда, қадоқсиз ёки қадоқланган ҳолда ташилади.
36. Қаттиқ турдаги ўғитлар ёмғирдан ҳимояланган, атроф-муҳит ифлосланишини бартараф этувчи, сочилган ёки қадоқланган шаклда, тракторларда ёхуд автомашиналарда ташилади.
37. Органик ва органик-минерал ўғитларни ташишда атроф-муҳитни, уларни юклаш ва тушириш жойларини ифлосланишдан ҳимоя қилишни таъминловчи чоралар назарда тутилиши лозим.
38. Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали органик ва органик-минерал ўғитларни экспорт, импорт ва транзит қилишга рухсатнома бериш, шунингдек, ветеринария сертификатларини (гувоҳномаларини) расмийлаштириш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан амалга оширилади.
Органик ва органик-минерал ўғитларни сақлаш хавфсизлигига қўйиладиган талаблар
39. Органик ва органик-минерал ўғитлар қуруқ махсус ёпиқ хоналарда (омборларда), герметик сиғимларда (силослар, сақлаш жойларида) сақланади.
40. Муайян турдаги органик ва органик-минерал ўғит учун хавфсизлик паспортида кўрсатилган сақлаш шартларидаги махсус талаблар бажарилиши лозим. Сақлаш вақтида органик ва органик-минерал ўғитларнинг (уларнинг миқдори ва сифати) сақланиши ва ходимларнинг саломатлигига ва атроф-муҳитга зарар етказиш хавфи бўлмаслиги лозим.
41. Ўғитлар физик-кимёвий хоссалари фарқланадиган ва кучли оксидловчи, ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд моддалардан алоҳида сақланиши лозим.
Органик ва органик-минерал ўғитлар ўсимликларни ҳимоя қилувчи кимёвий воситалар ва минерал ўғитлардан алоҳида сақланиши керак.
42. Органик ва органик-минерал ўғитларни сақлаш жойларида кўзга кўринадиган жойларда уларни сақлашнинг ўзига хос хусусиятлари, гигиена қоидалари, хавфсизлик чоралари, шу жумладан, фавқулодда вазиятларда амалга ошириладиган тадбирлар режаси ҳақида маълумот жойлаштирилади.
43. Сақланадиган органик ва органик-минерал ўғитлар миқдори лойиҳада назарда тутилган омборнинг сиғимидан катта бўлмаслиги лозим.
44. Озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун ўғитлар омборларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
45. Омборда органик ва органик-минерал ўғитлар билан боғлиқ ишлар шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
46. Суюқ органик ва органик-минерал ўғитлар билан тўлдирилган бочкаларни, бидонларни тўлдириш тешиклари тепага қаратилган бўлиши керак.
47. Органик ва органик-минерал ўғитларни сақлаш жойларига фавқулодда вазиятда ходимларнинг эркин киришлари таъминланади.
48. Суюқ органик ва органик-минерал ўғитлар билан сиғимларни сақлашда сиғим (намликка чидамли хоналар, сув ўтказмайдиган тагликлар ёки бошқа воситалар) фавқулодда емирилганда, тўкилган маҳсулотлар умумий ҳажмининг тарқалишини чекловчи тегишли техник чора-тадбирлар ва воситаларни олдиндан назарда тутиш зарур.
49. Органик ва органик-минерал ўғитлар қадоқлари стеллажларга ёки тагликларга жойлаштирилади. Тагликларда сақланадиган текис тахланган ўғитларнинг қадоқланган ҳолдаги баландлиги 2 метрдан ошмаслиги керак. Контейнерларда ўғитлар иккинчи қаватда сақланади.
50. Қадоқланган ўғитлар турлари бўйича алоҳида сақланади. Тагликлар ва сўриларсиз қадоқланган ўғитларни омборхонада устма-уст қилиб сақлашга йўл қўйилмайди.
51. Қадоқланган қуруқ органик ва органик-минерал ўғитлар стеллажларга тахланганда, устки қисмига кимёвий суюқ ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва суюқ минерал ўғитларни тахлашга рухсат этилмайди.
52. Омборхона ичида сўрилар ва тагликларда жойлаштирилган қадоқланган ўғитларнинг жойлашуви хоналарни тозалаш, юк ортгичларнинг эркин ҳаракатланиши, ходимларнинг эркин кириб-чиқиши, шунингдек, омборда ҳаво айланишини таъминлаши лозим.
53. Тўшама гўнг, компостлар, суюқ гўнгнинг қаттиқ фракцияси тупроқ ва ерости сувларига ўғитларнинг инфильтрациясининг олдини олиш учун қаттиқ қопламали майдонларда уюм қилиб сақланади. Сақлаш жойлари шалтоқ йиғиш ўралари билан жиҳозланган, ёмғир ва эриган қор сувлари қуйилишидан ҳимояланган бўлиши лозим.
54. Озиқа моддаларнинг йўқотилишини камайтириш мақсадида, шунингдек, заҳарли газлар билан ҳавонинг ифлосланиш даражасини камайтириш учун сақлаш вақтида қаттиқ органик ўғитларнинг уюмлари шимувчи материаллар қатлами — торф, ёғоч қипиғи ва сомон билан қопланган бўлиши лозим.
55. Ярим суюқ, суюқ гўнг, тезак, улардан оқиб чиққан сувлар монолит бетон ёки герметик тарзда пайвандланган плёнка қопламаларига эга бўлган махсус секцияли тўплагичларда сақланади.
56. Суюқ гўнгни қайта ишлаш иншоотлари жойлашган ҳудудда олти кун сақлаш учун карантинли сиғимлар бўлиши лозим.
57. Тўшама гўнг (тезак, компост) анаэроб шароитда зичланган ёки нотекис ётқизилган штабелларда, кейин уни иситгандан сўнг зичлаб қўйиш шарти билан сақланиши мумкин.
Штабель усти 15 — 20 см тупроқ қатлами билан қопланади.
58. Ерга чуқурлаштириб кўмилган гўнг омбори (тезак сақлаш жойи) полимер материаллардан ясалган ва сув ўтказмайдиган бўлиши лозим.
59. Гўнг омборларининг сиғими гўнгнинг кунлик миқдори ва унинг ишлатилишидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқилади.
60. Фракцияларга бўлинмаган гўнгни сақлаш учун мўлжалланган гўнг омборлари уни аралаштирувчи қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим. Гўнг омборларининг ёнбағирлари ва таги қаттиқ қопламага эга бўлиши лозим. Ёпиқ гўнг омборлари люклар, тутунни тортиб олувчи вентиляцияга эга бўлиши лозим.
61. Суюқ гўнг ва унинг қайта ишланган маҳсулотлари кўчма ёки стационар қурилма (гидромеханик транспорт) томонидан ташилади.
62. Органик ва органик-минерал ўғитларни ишлаб чиқарувчи улардан фойдаланиш учун сақлаш ва (ёки) яроқлилик муддатини белгилайди.
Органик ва органик-минерал ўғитларни йўқ қилиш ва қайта ишлаш хавфсизлигига қўйиладиган талаблар
63. Органик-минерал ўғитларнинг яроқлилик муддати тугагандан сўнг ўғит хавфсизлик паспортига мувофиқ йўқ қилинади.
64. Чорвачилик ва ўсимликлар чиқиндилари (қорамол, чўчқалар, отларнинг тўшамали ва тўшамасиз гўнги, парранда тезаклари, шунингдек, улар асосида ўсимлик биомассаси қўшилган компост аралашмалари) метантенк ферментерида ишлаб чиқилган органик ўғит, компостлаш ва бошқа усуллар билан қайта ишланиши мумкин.
65. Ўғитлар қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланган техник регламентга мувофиқ зарарсизлантирилгандан кейин технологик қайта ишланиши лозим.
66. Метангенерация усули билан метантенк ферментери ёрдамида эффлюент ишлаб чиқариш учун чорвачилик чиқиндилари ва уларнинг ўсимлик биомассаси билан аралашмаси ишқорлилиги — 1500 мг дан 5000 мг CaCO3/дм3 гача, водород кўрсаткичининг қиймати 6,5 — 7,5 pН бирлик, учувчан кислоталар миқдори — 600 дан 1500 мг/дм3 гача бўлиши лозим.
67. Эффлюентни зарарсизлантириш бевосита метантенкда ферментация жараёнида амалга оширилади. Техник регламент талабларига мувофиқ бўлмаган ҳолатларда эффлюент қўшимча равишда зарарсизлантирилиши лозим.
68. Эффлюент ишлаб чиқариш жараёнининг хавфсизлигини таъминлаш учун қуйидагилар зарур:
технологик режимга ва ишлаб чиқариш йўриқномаларидаги нормаларга риоя қилиш;
жиҳозларнинг тўғри ишлашини кузатиб бориш;
ёнғин хавфсизлиги режимига риоя қилиш;
ишлаётган жиҳозда таъмирлаш ишларини бажаришга йўл қўймаслик;
барча ҳаракатланувчи механизмларнинг пана қилиб тўсиб қўйилганлигини кузатиб бориш;
махсус тайёргарликдан ўтган ходимларнинг ишлашига рухсат бериш.
69. Махсус кийимлар ва шахсий ҳимоя воситалари алоҳида шкафларда, махсус ажратилган тоза қуруқ хонада сақланади. Махсус кийимлар ҳафтасига камида бир марта совун-содали сувда; резина қўлқоплар, кўзойнаклар ҳар куни сув билан ювилиши лозим; респираторлар (ёки уларнинг сменали фильтрлари) зарур ҳолларда алмаштириб турилади.
70. Эффлюент ишлаб чиқариладиган, қадоқланадиган ва сақланадиган ишлаб чиқариш хоналари тутунни тортиб олувчи вентиляция тизими билан жиҳозланган бўлиши лозим.
Органик ва органик-минерал ўғитларни сотиш бўйича хавфсизлик талаблари
71. Органик ва органик-минерал ўғитлар махсус савдо шохобчаларида сотилиши ва бу ерда уларни сақлаш шартлари бажарилиши лозим.
72. Бир савдо бўлимида органик ва органик-минерал ўғитларни улар истеъмол хоссаларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган товарлар билан биргаликда сотишга йўл қўйилмайди.
73. Чакана савдода органик ва органик-минерал маҳсулотлар қадоқланган шаклда сотилади.
3-боб. Органик ва органик-минерал ўғитлардан фойдаланиш бўйича хавфсизлик талаблари
Органик ва органик-минерал ўғитлардан фойдаланиш хавфсизлигига қўйиладиган умумий талаблар
74. Органик ва органик-минерал ўғитларнинг, шу жумладан, қайта ишланган ўғитларнинг хавфсизлик кўрсаткичлари мазкур Техник регламентга талабларига мувофиқ бўлиши лозим.
Ўғитлардан шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳамда деҳқончилик технологияси ва хавфсизлик паспортида кўрсатилган бошқа эҳтиёт чораларига риоя қилинган ҳолда фойдаланилади.
75. Органик ва органик-минерал ўғитларни ишлатишдан олдин уни ишлатиш бўйича тавсиялар билан танишиш билан бир қаторда:
ёнбағирларнинг нишаблиги;
об-ҳаво шароити;
тупроқнинг агрокимёвий хоссалари;
ерусти ва ерости сувларининг жойлашувини ўрганиш лозим.
76. Ўғитларни солиш тегишли мақбул қишлоқ хўжалиги ва экологик амалиётларга мувофиқ ўғитларни солиш режалаштирилаётган тегишли ҳудуднинг хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда чекланади, жумладан:
тупроқнинг ҳолати, агрокимёвий хоссалари ва жойнинг нишаблиги;
иқлим шароитлари, ёғингарчилик миқдори ва суғориш режими (усуллари);
ердан фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигини юритиш усуллари, шу жумладан, экинларни алмашлаб экиш тизимлари ҳисобга олинади.
77. Органик ва органик-минерал ўғитлар солиш қуйидаги ҳолларда тақиқланади:
сув билан тўйинган, сув остида қолган, музлаган ёки қор билан қопланган тупроқни ўғитлаш;
ерусти сувига оқиб тушиши ва шимилиши ҳамда экинлардан ташқарига чиқиш хавфи мавжуд бўлган тик ёнбағирларни ўғитлаш;
суюқ органик ўғитларни ёмғирлатиб сепиш ёки электр узатиш линиялари орқали 30 метрли зонага сочиб юборган ҳолда ўғитлаш;
сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари, дарёлар, қуримайдиган сойлар, шунингдек, сув хўжалиги ва ичимлик сув таъминоти эҳтиёжлари учун ишлатиладиган каналларнинг сувни муҳофаза қилиш зоналари қор қоплами устидан ўғит солиш, таркибида маҳаллий гўнг бўлган оқова сувларни зарарсизлантирмасдан ўғит сифатида фойдаланиш.
78. Атроф-муҳитда нитратлар тўпланишини камайтириш учун:
муайян турдаги ўғитлардан фойдаланиш тақиқланган ёки мақсадга мувофиқ бўлмаган даврлар;
гўнг (тезак) сақланадиган омборларнинг сиғими ва қурилиши, шу жумладан, атроф-муҳитнинг таркибида гўнг мавжуд бўлган оқова сувлар билан ифлосланишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар;
ўғитларни солиш тезлиги ва бир хилда ўғитлаш тартиби;
ердан фойдаланишнинг бошқаруви, шу жумладан, экинларни алмашлаб экиш тизимларидан фойдаланиш ҳисобга олиниши керак.
Ёғингарчилик мавсумида сувнинг нитратлар билан ифлосланишининг олдини олиш мақсадида сувнинг тупроқдан азотни ўзлаштирадиган ўсимлик қопламасининг минимал миқдорини сақлаб туриш лозим.
79. Ўғитлар алмашлаб экиш, тупроқни ҳимояловчи экинларни экиш, яшил ўғитларни солиш, оҳактошлар ва бошқа табиий ёки биологик хавфсиз ўғит ва қўшимчаларни қўшиш билан биргаликда ишлатилиши лозим.
80. Биологик қаттиқ моддалардан, оқова сувлар чўкмасидан, септик чиқиндилардан ва инсон ҳаёти ва фаолиятидаги бошқа чиқиндилардан, шунингдек, инсон ҳаёти ва фаолиятидаги чиқиндилардан иборат моддалардан ўғит сифатида фойдаланиш тақиқланади.
Суюқ гўнг ва унинг қайта ишланган маҳсулотларидан фойдаланишга қўйиладиган талаблар
81. Қудуққа ёки гўнг тўплагичга шлангли ёки кислородли изоляцияловчи газ ниқобларисиз ва арқонли хавфсизлик камарисиз тушиш қатъиян ман этилади.
Газ хавфи бўлган ишларни камида икки кишидан иборат бригада амалга ошириши керак, улардан бири раҳбар бўлиши керак. Дастлаб хавфсизлик чораларини кўрган ҳолда, қудуқда тўпланган газсимон моддалар ёндирмасдан чиқариб ташланади.
Ҳар бир масъул шахсга газ чиқиш хавфи бўлган ишларни амалга оширишга доир ишлар режасига асосан алоҳида наряд-рухсатнома берилади. Нарядда ишларни бажариш учун хавфсизликнинг асосий чоралари кўрсатилиши керак.
82. Чорвачилик комплексларидан чиқадиган зарарсизлантирилган гўнг ва оқова сувлардан Техник регламент талабларига мувофиқ органик ўғит сифатида қишлоқ хўжалигида ва (ёки) ўрмон хўжалигида фойдаланилади.
83. Чорвачилик комплексларининг зарарсизлантирилган гунг ва оқова сувлари ўсимликда ишлатилади, бунда ҳосилнинг зарарланиши ёки ифлосланишига, шунингдек, инсон ва ҳайвонларга салбий таъсир кўрсатилишига йўл қўйилмайди.
84. Ўсимликлар вегетация даврида ўғит сифатида суюқ гўнг солинганда, охирги солинган муддатдан теримгача ёки ундан фойдаланишгача бўлган вақтга риоя қилинади.
85. Атроф-муҳитнинг ифлосланишига йўл қўймаслик учун ўғитларни пуркаш мумкин эмас.
Қаттиқ органик ўғитлардан фойдаланишга қўйиладиган талаблар
86. Тупроқни азот ва бошқа озиқа моддалари билан бойитиш учун ишлатиладиган чорва моллари ва парранда гўнги олдиндан (термал қуритиш, компостлаш ва бошқа усуллар ёрдамида) зарарсизлантирилиши лозим.
87. Фақат ҳайвонлар (паррандалар) ва одамлар учун умумий бўлган зооантропоноз (чорва моллари орқали юқиши мумкин бўлган) касалликлардан холи бўлган чорвачилик хўжаликларидан келтирилган гўнглардан фойдаланишга йўл қўйилади.
88. Ўғитлар махсус агротехник машиналар (ўғитлагич плуглар, дискли плуглар) ёрдамида қисқа вақтда (12 соат ичида) қўлланилиши лозим.
Ўғит учун ишлатиладиган оқова сувлар лойқасига қўйиладиган талаблар
89. Тегишли санитария нормалари ва қоидалари билан белгилаган усулларнинг биридан фойдаланиб, оқова сувларнинг лойқалари зарарсизлантирилгандан сўнг улардан ўғит сифатида фойдаланишга (чорвачилик фермер хўжаликлари ва комплексларининг суюқ гўнг ва оқова сувларидан фойдаланувчи мелиоратив тизимлардан ташқари) рухсат берилиши мумкин.
90. Лойқалар қайта ишлаш ва сақлаш технологиясига қараб намлиги 92 — 96 фоиз бўлган суюқ шаклда ёки намлиги 50 — 70 фоиз бўлган сочилувчан масса, шунингдек, компост шаклида ишлатилиши мумкин. Компостлаш учун торф, сомон, гўнг, ёғоч ва бошқа органик чиқиндилар ишлатилади.
91. Лойқа билан ўғитлаш учун мўлжалланган майдонларда тупроқ қуйидаги кўрсаткичлар: pH, фосфор, калий, оғир металлар-қўрғошин, кадмий, хром, мис, никель, симоб, рухнинг ҳаракатчан шакллари бўйича агрокимёвий текширувдан ўтказилиши керак.
92. Сувни муҳофаза қилиш ва қўриқхона зоналарини, ўрмонлар ва дарахт билан қопланган майдонларни, шунингдек, оғир металлар билан ифлосланган тупроқларни лойқа билан ўғитлаш тақиқланади.
93. Пичанзор ва яйловларни ўғитлашга фақат (шудгорлаш чоғида) қайта ўтлоқ барпо этиш жараёнида рухсат этилади.
94. Ўғитлар хусусиятларига кўра органик-минерал компостлар, тўшамали ёки тўшамасиз (суюқ) гўнг каби оқова сув лойқалари органик-минерал ёхуд органик ўғитлар деб ҳисобланиши мумкин.
95. Лойқаларнинг ҳар бир туркумида келиб чиқиши бир хил бўлган ўғитлаш қийматини белгилаш учун pH туз, қуруқ моддалар, органик моддалар, кул, умумий ва минерал (нитратли H-HO3 ва аммонийли H-HO4) азот, фосфор, калий ва умумий калцийнинг умумий ва ҳаракатчан шакллари таркиби аниқланиши керак.
96. Тупроқ, маҳсулотлар ва атроф-муҳитнинг оғир металлар билан ифлосланиш хавфини бартараф этиш учун ўғит учун мўлжалланган оқова сувларнинг лойқаларида қўрғошин, кадмий, хром, мис, никель, симоб, рух каби оғир металларнинг миқдори таҳлил қилиниши зарур.
97. Лойқалардаги озиқа моддалари ва оғир металларнинг таркиби ўғитни етказиб бериш учун масъул бўлган ташкилот томонидан кимёвий таҳлил қилинади ва унинг натижалари фойдаланувчига илова қилинадиган ҳужжат (сертификат) шаклида берилади.
98. Лойқаларни сақлаш ва компостлаш улар солинадиган жойларда ёки бундай ҳудудларга яқин жойларда амалга оширилиши мумкин.
Қаттиқ ва суюқ лойқаларни солиш учун мос равишда қаттиқ ва суюқ органик ўғитларни солиш учун мўлжалланган машиналар ва технологиялардан фойдаланилади. Лойқалар далага шудгорлашдан олдин тўғридан-тўғри ағдарма плуглар билан солинади.
99. Оқова сувлар лойқаларини ёки улар асосида тайёрланган компостларни солиш қишлоқ хўжалиги экинлари учун бошқа органик ва минерал ўғитлардан фойдаланиш имкониятини истисно этмайди. Бунда лойқа билан тупроққа солинадиган элементларнинг миқдори ҳисобга олиниши керак.
4-боб. Хавфсизлик паспорти
100. Хавфсизлик паспорти истеъмолчига иш жойида одамлар саломатлиги ва хавфсизлигини, органик ва органик-минерал ўғитлар ҳаёт циклининг барча босқичларида, шу жумладан, уларни йўқ қилишда атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминлаш учун зарур чоралар кўрилиши учун етарли бўлган, ушбу Техник регламентга 6-иловага мувофиқ тасдиқланган ҳамда қисқа шаклда тақдим этилган ҳаққоний маълумотларни ўз ичига олиши керак.
101. Хавфсизлик паспортини тузувчи ҳамда органик ва органик-минерал ўғитларни ишлаб чиқарувчи ва бозорга етказиб берувчи ташкилот (шахс) унинг таркибидаги маълумотларнинг тўлиқлиги ва ҳаққонийлиги учун жавобгардир.
Паспортни тузиш учун зарур маълумотлар норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ўтказилган тадқиқотлар (синовлар) натижасига асосланиши керак.
102. Органик ва органик-минерал ўғитларни бозорда тақдим этишга масъул бўлган ташкилот (шахс) (ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи, импорт қилувчи ёки сотувчи) истеъмолчини хавфсизлик паспорти билан бепул таъминлаши шарт.
103. Истеъмолчининг талабига биноан хавфли хусусиятлар ёки органик ва органик-минерал ўғитларнинг зарарли таъсири турлари тўғрисидаги маълумотлар кўпчиликка маълум бўлган ҳолатларда ҳам мижозга хавфсизлик паспорти берилиши керак.
104. Муомалада бўлган органик ва органик-минерал ўғитлар хавфсизлик паспорти асосида рўйхатдан ўтказилади.
5-боб. Органик ва органик-минерал ўғитларни қадоқлаш ҳамда тамғалашга қўйиладиган талаблар
105. Органик ва органик-минерал ўғитларни қадоқлаш материаллари биологик жиҳатдан парчаланувчи ёки қайта ишланувчи материаллардан тайёрланади.
106. Қадоқ ва идишларни тайёрлаш учун ўғитларнинг емирувчи ёки бошқа зарарли таъсирига чидамли ва ўзаро таъсири вақтида:
ёниш ва (ёки) сезиларли миқдордаги иссиқлик ажралишига;
тез ёнувчан, токсик ёки нафасни сиқувчи газларнинг ажралишига;
бошқа кимёвий фаол ва хавфли моддаларнинг ҳосил бўлишига олиб келмайдиган материаллар қўлланилади.
107. Истеъмол қадоғи тўлиқ кафолат муддати давомида ўғитларнинг истеъмол хусусиятларининг ўзгармаслигини ва Техник регламент талабларига мувофиқлигини таъминлаши керак.
108. Истеъмол қадоғининг юза қисми уни Техник регламент талабларига мувофиқ тамғалаш имкониятини бериши керак.
109. Органик ва органик-минерал ўғитлар қадоғидаги ёрлиқда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:
номланиши;
ўғит ишлаб чиқариш учун асос бўлган норматив ҳужжатнинг номи;
ишлаб чиқарувчининг номи ва жойлашган жойи (юридик манзили, шу жумладан, мамлакат, агар юридик манзилига номувофиқ бўлса, ишлаб чиқариш(лар)нинг) ва импорт қилувчининг манзили;
ишлаб чиқарувчининг савдо белгиси (мавжуд бўлса);
штрихли идентификация қилиш коди (мавжуд бўлса);
мақсади (асосий истеъмол хусусиятлари тўғрисидаги маълумотлар);
кўллаш усули, фойдаланиш бўйича чекловлар, бошқа ўғитлар ва кимёвий моддалар билан мувофиқлиги тўғрисидаги маълумотлар;
моддаларнинг озиқавий элементлари масса улуши (таркиби);
ишлаб чиқарилган сана ва туркумнинг рақами;
кафолат муддати;
сақлаш, ташиш, фойдаланиш қоидалари ва шартлари;
хавфлилик даражаси;
соф оғирлиги (қаттиқ ўғитлар учун), идишдаги номинал ҳажми (суюқ ўғитлар учун);
биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари;
«Намликдан сақлансин» ва «Қуёш нуридан сақлансин» белгилари;
ўғитлардан хавфсиз фойдаланиш бўйича қўшимча йўриқномалар.
110. Ҳар бир транспорт қадоғида қуйидаги маълумотларни ўз ичига олган тамғаси мавжуд бўлган этикетка бўлиши лозим:
номланиши;
ишлаб чиқарувчининг номи ва жойлашган жойи (юридик манзили, шу жумладан, мамлакат, агар юридик манзилига номувофиқ бўлса, ишлаб чиқариш(лар)нинг ва импорт қилувчининг манзили;
мақсади (асосий истеъмол хусусиятлари тўғрисидаги маълумотлар);
озиқавий моддаларнинг масса улуши (таркиби);
сақлаш, ташиш, фойдаланиш қоидалари ва шартлари;
ишлаб чиқарилган сана, яроқлилик муддати;
«Намликдан сақлансин» ва «Қуёш нуридан сақлансин» белгилари;
туркумнинг рақами;
хавфлилик даражаси;
қадоқланган ўғитнинг миқдори;
қадоқ бирликларининг сони;
қадоқловчининг рақами.
111. Тамғани босиш технологияси кафолат муддати давомида маҳсулотни ташиш, сақлаш ва сотиш давомида унинг ўчиб кетмаслигини таъминлаши керак.
112. Уюм ҳолда ташиладиган ўғитлар учун тамға илова қилинган ҳужжатларда кўрсатилади.
113. Тамғалаш давлат тилида, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади ва бошқа тилларда ҳам такрорланиши мумкин.
114. Маҳсулотларни ихтиёрий экологик маркировкалаш тўғрисида сертификат мавжуд бўлмаган тақдирда, маҳсулотнинг номида, ўрамида, товарга илова қилинадиган ҳужжатларда ва маҳсулотни реклама қилишда «эко» ва «eco» сўзларидан фойдаланиш тақиқланади.
115. Органик ўғитларни маркалаш ва реклама қилишда органик маҳсулотнинг белгилари (логотиплари), агар улар «Органик» стандарт талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилган бўлсагина ишлатилиши мумкин.
116. Ярим суюқ ва суюқ ўғитлар полимер материаллардан тайёрланган канистрлар, пластик идишлар (ПЭТ-идишлар), полимер бочкалар, пайвандланган пўлат бочкаларга солинади.
117. Қадоқлаш материаллари ўғитларни ташиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш пайтида бут сақланишини ва сифатини ҳамда истеъмолчи хавфсизлигини таъминлаши керак. Алюминий қўшиб тайёрланган қадоқлардан фойдаланишга рухсат берилмайди.
6-боб. Мувофиқликни баҳолаш
118. Етказиб берилаётган органик ва органик-минерал ўғитларнинг мазкур Техник регламент талабларига мувофиқлиги қуйидагилар орқали баҳоланади:
ўғитнинг мувофиқлигини декларация қилиш;
ўғитнинг мувофиқлигини сертификатлаштириш.
7-боб. Мувофиқликни тасдиқлаш
Органик ва органик-минерал ўғитларни декларация қилиш
119. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага чиқариладиган органик ва органик-минерал ўғитларнинг мувофиқлиги декларация қилиш орқали тасдиқланиши шарт.
120. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилган ва импорт қилинадиган органик ва органик-минерал ўғитларнинг мувофиқлиги мазкур бобда белгиланган қоида ва схемаларга мувофиқ тасдиқланади.
121. Органик ва органик-минерал ўғитларнинг мувофиқлиги 1Д, 2Д, 3 Д, 4Д ва 6Д схемалар бўйича декларация қилинади:
1Д схема — туркуми ишлаб чиқарилган органик ва органик-минерал ўғитлар учун ариза берувчининг ўз далилларига асосланиб мувофиқликни эълон қилишда қўлланилади. Бунда ариза берувчи ишлаб чиқарувчи ёки у томондан ваколат берилган юридик шахс ҳисобланади;
2Д схема — органик ва органик-минерал ўғитлар тўпи учун ариза берувчининг ўз далиллари асосида мувофиқликни эълон қилишда қўлланилади. Бунда ариза берувчи ишлаб чиқарувчи (у томондан ваколат берилган юридик шахс) ёки сотувчи (импорт қилувчи) ҳисобланади;
3Д схема — туркум ишлаб чиқарилган органик ва органик-минерал ўғитлар учун аккредитациядан ўтказилган синов лабораториялари иштирокида олинган далиллар ва ариза берувчининг ўз далиллари (агар мавжуд бўлса) асосида мувофиқликни декларация қилишда қўлланилади. Бунда ариза берувчи ишлаб чиқарувчи ёки у томондан ваколат берилган юридик шахс ҳисобланади;
4Д схема — органик ва органик-минерал ўғитлар тўпи учун аккредитациядан ўтказилган синов лабораториялари иштирокида олинган далиллар ва ариза берувчининг ўз далиллари (агар мавжуд бўлса) асосида мувофиқликни декларация қилишда қўлланилади. Бунда ариза берувчи ишлаб чиқарувчи (у томондан ваколат берилган юридик шахс) ёки сотувчи (импорт қилувчи) ҳисобланади;
6Д схема — ишлаб чиқарувчи менежмент тизимларини сертификатлаштириш органи томонидан сертификатланиб, жорий этилган менежмент тизимига эга бўлган серияли ишлаб чиқарилган органик ва органик-минерал ўғитлар учун қўлланилади. Бунда ариза берувчи ишлаб чиқарувчи ёки у томондан ваколат берилган юридик шахс ҳисобланади.
122. Органик ва органик-минерал ўғитларнинг мазкур Техник регламент талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи техник ҳужжатлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
ишлаб чиқарувчи (тадбиркор) ва (ёки) аккредитациядан ўтказилган синов лабораториясининг ўғитни мазкур Техник регламент талабларига мувофиқлигини тасдиқлайдиган синов баённомалари;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўғит хавфсизлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар;
менежмент тизимининг мувофиқлик сертификатлари;
ўғит хавфсизлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар.
123. Мувофиқлик тўғрисидаги декларация қонунчиликда белгиланган тартибда расмийлаштирилади.
124. Мувофиқлик тўғрисидаги декларация қуйидаги ҳолларда қайта расмийлаштирилади:
мазкур Техник регламент талаблари ўзгарганда;
ўғитнинг белгиланган талабларга мувофиқлигига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир қилиши мумкин бўлган ишлаб чиқариш ва (ёки) сақлашнинг технологик жараёнлари ёки техник ҳужжатлар таркиби ўзгарганда.
Мувофиқлик тўғрисидаги декларация уни қабул қилиш тартиби бўйича қайта расмийлаштирилади.
125. Техник ҳужжатлар, шу жумладан, мувофиқликни тасдиқлайдиган ҳужжатлар қуйидаги муддатларда сақланади:
туркум ишлаб чиқарилган ўғит учун-ўғит ишлаб чиқариш олиб қўйилган (тугатилган) кундан бошлаб камида 10 йил;
менежмент тизимининг сертификатлаиггириш натижаларини тасдиқловчи далил материаллари, мувофиқлик сертификатини берган мувофиқликни баҳолаш органида, менежмент тизимининг мувофиқлик сертификати муддати тугагандан кейин камида 5 йил.
Ушбу банддаги ҳужжатлар давлат назорати органларига уларнинг талабига биноан тақдим этилади.
126. Органик ва органик-минерал ўғитлар ҳамда уларга боғлиқ бўлган ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш ва утилизация қилиш жараёнлари бўйича мазкур Техник регламентда белгиланган талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Органик ва органик-минерал ўғитларни идентификация қилиш
127. Органик ва органик-минерал ўғитларни идентификация қилишда тақдим этилган ўғит билан ёрлиқда кўрсатилган кўрсаткичлар бир хиллиги аниқланади.
128. Қуйидагилар ўғитларни идентификация қилиш тадбирини ўтказади:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага чиқаришни таъминловчи ишлаб чиқарувчилар (сотувчилар);
сертификатлаштириш органи мувофиқликни баҳолаш ва тасдиқлаш мақсадида;
саноат хавфсизлиги экспертизаси доирасидаги эксперт ташкилоти хавфли ишлаб чиқариш объектини хавфли ишлаб чиқариш объектлари давлат рўйхатига олиш, шунингдек, зарарли моддаларни ишлаб чиқарувчи, қайта ишловчи ёки йўқ қилувчи ташкилотларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш мақсадида ва хавфли ишлаб чиқариш объектида бахтсиз ҳодиса юз берганда, бошқа шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ва (ёки) мулкига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказганлик учун;
давлат назорати органи Техник регламент талабларига мувофиқликни баҳолаш ва тасдиқлаш мақсадида.
129. Органик ва органик-минерал ўғитлар номи ва тури, бир хиллиги, шунингдек, аниқланадиган ўғит турининг ўзига хос хусусиятлари бўйича идентификация қилинади.
130. Органик ва органик-минерал ўғитлар қуйидаги усуллардан бири ёки улар биргаликда қўлланган ҳолда идентификация қилинади:
ҳужжатлар бўйича;
ташқи кўздан кечириш;
синовлар.
131. Органик ва органик-минерал ўғитлар хавфсизлик паспорти, етказиб бериш келишуви, шартномалар ва ёрлиғида келтирилган маълумотлардан фойдаланган ҳолда идентификация қилинади.
Органик ва органик-минерал ўғитларни рўйхатга олиш
132. Органик ва органик-минерал ўғитларни рўйхатдан ўтказишда ариза берувчилар якка тартибдаги тадбиркор, юридик ёки жисмоний шахс, ваколатли ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчи бўлиши мумкин.
133. Органик ва органик-минерал ўғитлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан рўйхатга олинади.
Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини синовдан ўтказиш ва рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга 2-иловада келтирилган шаклга мувофиқ органик ва органик-минерал ўғитларга рўйхатга олганлик тўғрисида гувоҳнома берилади.
134. Органик ва органик-минерал ўғитларни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати беш йил.
135. Республика ҳудудида фойдаланишга рухсат берилган ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва ўғитларнинг янгиланган давлат реестри ваколатли органнинг расмий сайтида жойлаштирилади.
Маҳсулот бозорда муомалага чиқарилишининг мувофиқлик белгиси билан тамғалаш
136. Мувофиқликни баҳолашдан ўтган, Техник регламент талабларига мувофиқ бўлган органик ва органик-минерал ўғитлар маҳсулот бозорда муомалага чиқарилишининг мувофиқлик белгиси билан тамғаланади.
137. Органик ва органик-минерал ўғитлар муомалага чиқарилишидан олдин маҳсулот бозорда муомалага чиқарилишининг мувофиқлик белгиси билан тамғаланади.
138. Органик ва органик-минерал ўғитларни қадоқлашнинг ҳар бир бирлигига ёки этикеткага/ёрлиққа (агар қадоққа белги туширишнинг иложи бўлмаса) маҳсулот бозорда муомалага чиқарилишининг мувофиқлик белгиси туширилади, шунингдек, ўғитлар туркумига илова қилинадиган ҳужжатларда кўрсатилади.
139. Маҳсулот бозорда муомалага чиқарилишининг мувофиқлик белгиси ўғитдан тўлиқ фойдаланилгунга қадар аниқ тасвирни таъминлайдиган усулда туширилиши лозим.
140. Мазкур Техник регламент талабларига номувофиқ бўлган органик ва органик-минерал ўғитларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага киритилишига йўл қўйилмайди.
141. Ваколатли давлат органи органик ва органик-минерал ўғитларнинг номувофиқлиги тўғрисидаги қарорни қабул қилгандан сўнг ишлаб чиқарувчини (тадбиркор) ўғитни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага чиқаришни чеклаш, тақиқлаш ва бозордан қайтариб олиш чораларини кўриш зарурлигини тушунтирувчи далиллар ва сабабларни кўрсатган ҳолда хабардор қилади.
8-боб. Давлат назорати
142. Ушбу Техник регламент талабларига риоя қилиш устидан давлат назоратини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, шунингдек, бошқа махсус ваколатли давлат органлари ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.
143. Мазкур Техник регламент талабларига риоя қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органларнинг қароридан норози бўлган тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, шунингдек, бошқа махсус ваколатли давлат органларининг мансабдор шахслари ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
9-боб. Якунловчи қоидалар
144. Ушбу Техник регламент кучга киргунга қадар органик ва органик-минерал ўғитларга белгиланган тартибда берилган хулосалар ва мувофиқлик сертификатлари амал қилиш муддати тугагунга қадар ҳақиқий ҳисобланади.
Мазкур Техник регламент кучга кирган кундан бошлаб органик ва органик-минерал ўғитлар хавфсизлиги бўйича амалдаги техник жиҳатдан тартибга солишга оид норматив ҳужжатларнинг ушбу Техник регламентга зид бўлмаган қисмлари қўлланилади.
145. Мазкур Техник регламент талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Органик ва органик-минерал ўғитлар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентга
ИЛОВА
Органик ва органик-минерал ўғитлар хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни жорий этиш
СХЕМАСИ

Босқичлари

Субъект

Тадбир номи

Муддати

1-босқич

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги

Техник регламентни органик ва органик-минерал ўғит ишлаб чиқарувчиларга, синов лабораторияси ва ваколатли органга етказади.

Беш кун муддатда

2-босқич

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги,

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,

«Ўзкимёсаноат» АЖ

1. Органик ва органик-минерал ўғитларга тааллуқли техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар рўйхатини шакллантиради ва хатловдан ўтказади.

Бир ой муддатда

2. Органик ва органик-минерал ўғитларнинг Техник регламент талабларига риоя қилишни таъминлайдиган стандартлар рўйхатини тасдиқлаш бўйича қарор қабул қилади.

Ўн беш кун муддатда

3. Органик ва органик-минерал ўғитларни синаш ва ўлчаш усуллари Техник регламентнинг талабларини қўллаш ва бажариш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш объектларининг мувофиқлигини баҳолаш учун зарур синаш ва ўлчаш қоидалари ва усуллари, жумладан, намуналарни олиш қоидаларини ўз ичига олган стандартлар рўйхатини тасдиқлаш бўйича қарор қабул қилади.

Ўн кун муддатда

3-босқич

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги

Органик ва органик-минерал ўғитларнинг Техник регламент талабларига мувофиқлиги бўйича синовлардан ўтказиш учун синов лабораторияларининг аккредитация қамровини кенгайтириш бўйича чоралар кўради.

Олти ой муддатда

4-босқич

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги,

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,

«Ўзкимёсаноат» АЖ

Техник регламентни қўллаш мақсадлари, мазмуни ва уни қўллаш тартиби тўғрисида жамоатчилик, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тадбиркорлик субъектларининг кенг хабардор қилинишини таъминлайди.

Режага мувофиқ

5-босқич

Давлат назорати органлари

Техник регламент талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини таъминлайди.

Ўрнатилган тартибда

6-босқич

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги,

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги,

«Ўзкимёсаноат» АЖ

Техник регламентни қўллаш амалиётини мониторинг қилади ҳамда тизимли асосда Вазирлар Маҳкамасига маълумотлар киритиб боради.

Ҳар чоракда

(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 январдаги 9-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.01.2025 й., 09/25/9/0024-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 19.11.2020 й., 09/20/729/1525-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/752/1166-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 07.03.2024 й., 09/24/115/0189-сон; 13.01.2025 й., 09/25/9/0024-сон)