«Жанубий Устюрт» миллий табиат боғини ташкил қилиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 20 мартдаги ПҚ-4247-сон қарори ижросини таъминлаш, табиат боғи ҳудудида экологик тизим ҳолатини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонларнинг ноёб турларини сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта тиклаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда — Давлат экология қўмитаси) ва Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот тумани ҳудудида давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида умумий майдони 1 447 143 гектар бўлган «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғини (кейинги ўринларда — табиат боғи) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Қуйидагилар:
«Жанубий Устюрт» миллий табиат боғининг умумий майдони 1-иловага мувофиқ;
«Жанубий Устюрт» миллий табиат боғига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериладиган ер участкаларининг майдони 2-иловага мувофиқ;
«Жанубий Устюрт» миллий табиат боғининг қўриқхона, рекреация ва хўжалик мақсадида фойдаланиш зоналари учун ажратиладиган ер майдони 3-иловага мувофиқ;
«Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи ижро этувчи аппаратининг тузилмаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Белгилансинки:
а) табиат боғининг хўжалик мақсадида фойдаланиш зоналаридаги ерлар ушбу ҳудудларда жойлашган ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар ихтиёрида қолади;
б) табиат боғи Давлат экология қўмитасининг таркибий бўлинмаси ҳисобланади;
в) табиат боғи фаолиятини молиялаштириш:
2020 йилда Давлат экология қўмитасининг Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига;
2021 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси бюджети маблағлари, Давлат экология қўмитасининг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
(3-банд «в» кичик бандининг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
4. Давлат экология қўмитаси икки ой муддатда:
табиат боғининг низоми ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;
табиат боғи штатлар жадвали тасдиқланишини ва малакали мутахассислар билан тўлдирилишини таъминласин.
5. Давлат экология қўмитаси раисига табиат боғининг ижро этувчи аппарати ходимларининг чекланган умумий сони ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида табиат боғи штатлар жадвалига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши икки ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда табиат боғи ижро этувчи аппарати учун Қўнғирот шаҳрида бино ажратилишини;
табиат боғига ажратилган ер участкаларида жойлашган инфратузилма объектларининг кейинчалик тегишлилиги ва улардан фойдаланиш масалалари ҳал этилишини;
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда белгиланган тартибда табиат боғи учун ер участкаларини белгиланган тартибда расмийлаштирилишини;
Давлат экология қўмитаси билан биргаликда табиат боғининг қўриқхона, рекреация ва хўжалик мақсадида ҳамда бошқа тарзда фойдаланиш зоналари чегараларини белгиланишини;
7. Давлат экология қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси К.Р. Сариев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 11 ноябрь,
707-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 707-сон қарорига 1-ИЛОВА
«Жанубий Устюрт» миллий табиат боғининг умумий майдони
Ҳудуд номи
Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар
Ер участкалари майдони (га)
Ер тоифалари
Қўнғирот тумани
Қўнғирот давлат ўрмон-ов хўжалиги ерлари
282650
Ўрмон фонди ерлари
Хўжайли давлат ўрмон хўжалиги ерлари
43577
Ўрмон фонди ерлари
«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ерлари
97827
Сув фонди ерлари
Захира ерлар
1023089
Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерлар
Жами:
1447143
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 707-сон қарорига 2-ИЛОВА
«Жанубий Устюрт» миллий табиат боғига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериладиган ер участкаларининг майдони
Ҳудуд номи
Олдинги ердан фойдаланганлар
Бериладиган ер участкалари майдони (га)
Берилаётган ерларнинг тоифалари
Қўнғирот тумани
Захира ерлар
1023089
Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерлар
Жами:
1023089
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 707-сон қарорига 3-ИЛОВА
«Жанубий Устюрт» миллий табиат боғининг қўриқхона, рекреация ва хўжалик мақсадида фойдаланиш зоналари учун ажратиладиган ер майдонлари
Ўрмон ва сув фонди ерлари ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерлар (захира ерлар)
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 707-сон қарорига 4-ИЛОВА
«Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи ижро этувчи аппаратининг
ТУЗИЛМАСИ
Ходимларнинг чекланган сони — 38 нафар,
шу жумладан, бошқарув ходимлари — 31 нафар,
хизмат кўрсатувчи ходимлар — 7 нафар.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.11.2020 й., 09/20/707/1498-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)