toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 07.10.2025
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 октябрдаги 627-сонли «Расмий статистика фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 3 августдаги ПҚ-4796-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, миллий статистика тизими фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Расмий статистикани тайёрловчиларнинг статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(1-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 февралдаги 61-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.02.2022 й., 09/22/61/0105-сон)
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси Б.А. Бегалов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 6 ноябрь,
690-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 ноябрдаги 690-сон қарорига
1-ИЛОВА
Расмий статистикани тайёрловчиларнинг статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом расмий статистикани тайёрловчиларнинг статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
миллий статистика тизими — расмий статистикани биргаликда тайёрлайдиган ва тарқатадиган давлат статистика органлари ҳамда расмий статистиканинг бошқа тайёрловчилари мажмуи;
расмий статистикани тайёрловчи — миллий статистика тизимининг бир қисми бўлган, статистика маълумотларини расмий статистика соҳасидаги статистика дастурларига мувофиқ тайёрлайдиган давлат бошқаруви органи ва (ёки) унинг бўлинмаси;
статистика маълумотлари — статистика кузатувлари натижасида ва/ёки маъмурий маълумотлар асосида олинган иқтисодий, демографик, ижтимоий, молиявий ва экологик хусусиятга эга бўлган маълумотлар;
статистика услубиёти — статистика фаолиятини ташкил этишнинг умум эътироф этилган усуллари, қоидалари ва принциплари;
статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш — расмий статистикани тайёрловчиларнинг статистика маълумотларини тайёрлаш билан боғлиқ фаолиятида қўллайдиган услубий ҳужжатларнинг умум эътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлигини баҳолаш.
3. Аудит Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган кўп йиллик ва бир йиллик статистика дастурларига киритилган расмий статистикани тайёрловчиларда (кейинги ўринларда — тайёрловчи) ўтказилади.
4. Статистика услубиётлари Давлат статистика қўмитаси томонидан аудитдан ўтказилади.
5. Тайёрловчининг статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш Давлат статистика қўмитаси томонидан статистикани ишлаб чиқувчилар билан келишган ҳолда ҳар йили тасдиқланадиган режа-жадвалга асосан ташкил этилади.
6. Аудит ўтказиш, унинг натижаларини кўриб чиқиш ҳамда тегишли чора-тадбирлар ушбу Низомга илова қилинадиган схемага мувофиқ амалга оширилади.
7. Тайёрловчида статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш ҳар беш йилда камида бир марта ўтказилади.
8. Аудитни ўтказиш қонунийлик, мустақиллик, холислик ва махфийлик принциплари асосида амалга оширилади.
2-боб. Аудитнинг мақсади ва асосий вазифалари
9. Аудитнинг мақсади Давлат статистика қўмитасидан ташқари бошқа тайёрловчи томонидан фойдаланилаётган статистика услубиётларини халқаро стандартларга мувофиқлик юзасидан баҳолаш ҳамда уларни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Аудит бошқа тайёрловчининг расмий статистика соҳасида ўзлари ёки юқори органлар томонидан қабул қилинган услубий ҳужжатларни баҳолашни назарда тутади ҳамда Давлат статистика қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган, тасдиқланган ва жорий этилган статистика услубиётларига нисбатан татбиқ этилмайди.
10. Қуйидагилар аудитнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
фойдаланилаётган статистика услубиётларини халқаро стандартларга мувофиқлик юзасидан баҳолаш;
тайёрланаётган ва эълон қилинаётган статистика маълумотларининг фойдаланилаётган статистика услубиётларига мослигини аниқлаш;
аниқланган камчиликларни бартараф этишга, статистика услубиётларини ва статистика маълумотларини тайёрлаш фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш.
3-боб. Аудит ўтказишни тайинлаш
11. Давлат статистика қўмитаси ҳар йили 1 декабрга қадар тайёрловчининг статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш бўйича келгуси йил учун аудит ўтказиш режа-жадвалини (кейинги ўринларда — режа-жадвал) тасдиқлайди.
12. Режа-жадвалга киритилган тайёрловчи ўтказиладиган аудит тўғрисида Давлат статистика қўмитаси томонидан аудит бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин хабардор қилинади.
Хабарномада аудитнинг бошланиш санаси, баҳоланадиган йўналишлар ва ҳужжатларнинг дастлабки рўйхати, шунингдек, аудитни ўтказиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар кўрсатилади.
Аудит ўтказиладиган ишлаб чиқувчи аудит бошлангунга қадар хабарномада кўрсатилган ҳужжатлар ва маълумотларни тайёрлаб қўйиши лозим.
13. Тайёрловчида аудит ўтказиш юзасидан Давлат статистика қўмитасининг буйруғи чиқарилади. Буйруқ билан аудит ўтказиш дастури ва аудит гуруҳи таркиби тасдиқланади.
14. Аудит ўтказиш дастури қуйидагиларни назарда тутади:
аудит ўтказиш мақсадлари;
аудит ўтказиш соҳаси (ўрганиладиган фаолият турлари рўйхати);
аудит ўтказиш санаси;
аудит графиги;
аудит ўтказувчи масъул ходим ёки аудит гуруҳининг (агар аудит ўтказиш бўйича гуруҳ ташкил этилса) мажбуриятлари.
Аудит ўтказиш дастури тайёрловчида аудит ўтказиш жараёнига оид бошқа маълумотларни ҳам ўз ичига қамраб олиши мумкин.
15. Аудит ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ҳамда аудит ўтказиш дастури тайёрловчининг раҳбарига аудит бошланишидан ўн кун олдин тақдим этилади.
Аудит ўтказиш дастурига томонларнинг келишувига мувофиқ аудит бошланишидан олдин ва зарур ҳолларда аудит давомида ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
16. Давлат статистика қўмитаси томонидан аудитда иштирок этиш учун халқаро экспертлар, илмий жамоатчилик вакиллари ва бошқа расмий статистикани тайёрловчининг малакали мутахассислари ихтиёрийлик ёки шартнома асосида жалб этилиши мумкин.
17. Аудит ўтказилаётган даврда амалда фойдаланилаётган услубий ҳужжатларга аудит ўтказилаётган тайёрловчи томонидан ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.
18. Аудит ўтказишнинг умумий муддати уч ойдан ошиши мумкин эмас. Аудитни ўтказиш муддати:
фойдаланилаётган услубиётларга тааллуқли ҳужжатларни халқаро ташкилотлардан олишга ва ҳужжатларни таржима қилишга қўшимча вақт зарур бўлганда;
ўрганилиши лозим бўлган ҳужжатлар ҳажмининг кўплиги сабабли аудитни ўтказиш учун буйруқда кўрсатилган муддатга қўшимча вақт талаб қилинганда;
аудит ўтказиш жараёнида ўрганилиши талаб қилинган қўшимча ҳужжатлар (ахборотлар) тўлиқ тақдим қилинмаганда;
халқаро ва миллий экспертлар хулосаларини олиш зарурати юзага келган ҳолатларда узайтирилиши мумкин.
19. Аудит муддати аудитни ўтказувчи гуруҳ раҳбарининг асосланган билдиришномасига асосан Давлат статистика қўмитаси раисининг рухсати билан узайтирилади. Бунда тегишли билдиришнома аудитнинг муддати тугашидан камида беш иш кунидан олдин берилиши зарур.
Аудит муддати узайтирилганда Давлат статистика қўмитаси раисининг бу ҳақида қўшимча буйруғи чиқарилади ва аудит ўтказилаётган ишлаб чиқувчи хабардор қилинади.
4-боб. Аудитни ташкил этиш
20. Статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш бевосита тайёрловчининг биносида, карантинга оид чоралар амал қилиши даврида шахсларнинг биноларга кириши чекланган ҳолларда ёки иш берувчининг асосий иш фаолиятига таъсир кўрсатмаслик мақсадида — масофавий шаклда Давлат статистика қўмитаси биносида ташкил этилади.
Аудит масофавий шаклда ўтказилган ҳолларда барча зарур ҳужжатлар тайёрловчи томонидан Давлат статистика қўмитасига рўйхат асосида тақдим этилади.
Томонларнинг келишувига асосан ўрганиладиган ҳужжатларнинг нусхалари, шу жумладан, электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.
21. Аудит ўтказиладиган тайёрловчи аудитни ўтказиш учун масъул бўлган ўз вакилини тайинлайди ҳамда зарур ҳужжатларнинг аудит гуруҳига ўз вақтида ва тўлиқ тақдим этилишини таъминлайди.
22. Аудитни ўтказиш қуйидаги ҳужжатлар ва ахборотларни ўрганишни назарда тутади:
тайёрловчининг статистика маълумотларини тайёрлаш соҳасида фойдаланилаётган статистика услубиётлари ҳамда уларни асословчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (буйруқлар, қарорлар, қўшма қарорлар);
статистика услубиётларини ишлаб чиқишда фойдаланилган халқаро ташкилотларнинг услубий ҳужжатлари ва тавсиялари;
статистика услубиётларида қўлланилаётган хорижий давлатларнинг тажрибасини асословчи ҳужжатлар;
статистика маълумотларини тайёрлашда фойдаланиладиган бирламчи манбалар (идоравий ҳисобот шакллари, сўровномалар, бланкалар, карточкалар, намунавий жадваллар ва бошқалар) ҳужжатлари;
тайёрланган ва тарқатилган статистика маълумотлари (тўплам, бюллетен, брошюра, пресс-релиз, жадваллар, метамаълумотлар ва бошқалар);
зарур ҳолларда, статистика услубиётларини янада такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган тадбирларни асословчи ҳужжатлар (концепция, стратегия, чора-тадбирлар, «йўл хариталари» ва бошқалар).
Аудит мақсадидан келиб чиққан ҳолда зарурат туғилганда қўшимча ҳужжатлар ва ахборотлар ўрганилиши мумкин. Тайёрловчининг раҳбари уларни аудит гуруҳи сўровига асосан тақдим этиш чораларини кўриши лозим.
23. Аудит олинган ҳужжатлар ҳамда ахборотларнинг халқаро ва миллий стандартларга мувофиқ келиши ёки келмаслигини аниқлаш учун уларни халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган услубий ҳужжатлар ва тавсиялар билан солиштириш йўли билан ташкил этилади.
Ўрганиш зарурати туғилган ва халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган услубий ҳужжатлар ва тавсиялар аудит ўтказувчилар томонидан мустақил равишда халқаро ташкилотлардан сўров орқали олиниши ёки жаҳон интернет ахборот тармоғидаги расмий манбалардан фойдаланилиши мумкин.
24. Аудит уни ўтказувчилар томонидан мустақил равишда, тайёрловчи вакилларининг иштирокисиз, олинган ҳужжатлар ва маълумотларнинг махфийлигини таъминлаган ҳолда ташкил этилади.
Аудит ўтказиш учун тақдим этилган барча очиқ ҳужжатлар ва маълумотлар аудитда иштирок этиш учун жалб этилган миллий ва хорижий экспертлардан ташқари учинчи томонга ошкор этилмаслиги шарт.
Ошкор этилиши қонунчилик ҳужжатларида тақиқланган ёки чекланган ҳужжатлар ва маълумотлар аудитдан фақат Давлат статистика қўмитасининг ушбу ҳужжатлардан фойдаланишга тегишли рухсати бўлган масъул ходимлари томонидан ўтказилади.
Аудит ўтказилаётган ҳужжатларга аниқлик киритиш ва тушунтириш олиш мақсадида аудит ўтказилаётган ишлаб чиқувчининг масъул ходимлари Давлат статистика қўмитасига таклиф этилиши мумкин.
25. Аудит ўтказиш жараёнига хорижий экспертлар масофавий тарзда жалб этилган ҳолларда ошкор этилиши қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган ҳужжатлар ва маълумотлар нусхаларининг уларга электрон шаклда юборилишига йўл қўйилади.
26. Аудитни ўтказиш муддати аудит натижалари тўғрисида далолатнома тузилган (имзоланган) кунда тугайди.
5-боб. Аудит натижаларини расмийлаштириш
27. Аудит натижасига кўра икки нусхада аудит далолатномаси тузилади.
Аудит далолатномасида қуйидагилар акс эттирилиши керак:
тайёрловчининг статистика маълумотларини тайёрлаш бўйича фаолияти таҳлили;
аудит давомида қўлланилаётган услубиётларнинг халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан аниқланган камчиликлар, уларнинг пайдо бўлиши сабаблари ва шароитлари;
аниқланган камчиликларни бартараф этишга, услубий асослар ва статистика маълумотларини тайёрлаш фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ҳамда тавсиялар.
28. Аудит далолатномасига аудит давомида аниқланган камчиликларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади. Агар аудит натижасида камчиликлар аниқланмаган бўлса, бу ҳақида аудит далолатномасида қайд этилади ҳамда тақдимнома расмийлаштирилмайди.
29. Аудит далолатномасининг барча нусхалари аудитни ўтказувчи шахс (шахслар) ва тайёрловчининг биринчи раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.
Тайёрловчининг биринчи раҳбари ёки унинг ўринбосари аудит далолатномасини имзолашдан бош тортган тақдирда, аудитни ўтказувчи бу ҳақида аудит далолатномасига тегишли ёзувни киритади.
30. Аудит далолатномасининг бир нусхаси аудитдан ўтказилган тайёрловчига текширув тугаганидан кейин уч кун ичида топширилади.
Аудитдан ўтказилган тайёрловчи аудит далолатномасида баён этилган фактларга ва (ёки) аудит гуруҳининг хулосалари ҳамда таклифларига рози бўлмаган тақдирда, аудит далолатномасини олган кундан эътиборан ўн кун ичида Давлат статистика қўмитасига мазкур далолатнома бўйича умуман ёки унинг айрим ҳолатлари юзасидан ёзма эътирозларини тақдим этишга ҳақли.
Аудитдан ўтказилган тайёрловчи ўз эътирозларининг асосланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (уларнинг тасдиқланган кўчирма нусхаларини) ёзма эътирозларга илова қилишга ёки келишилган муддатда Давлат статистика қўмитасига топширишга ҳақли.
6-боб. Аудит натижаларига кўра аниқланган камчиликларни бартараф этувчи ҳаракатларни амалга ошириш
31. Аудит натижаларига кўра статистика услубиётларида халқаро стандартларга мувофиқлик юзасидан камчиликлар аниқланган ҳолларда Давлат статистика қўмитаси томонидан тайёрловчига ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритилади.
Тақдимнома тайёрловчига аудит тугаганидан кейин ўн кун ичида топширилади.
Тақдимномада аудит давомида аниқланган камчиликлар, уларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган шарт-шароитлар, камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилиши юзасидан қарорлар ва уларни бажариш муддатлари акс эттирилади.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар кўламидан келиб чиққан ҳолда тайёрловчига уларни бартараф этиш учун 12 ойгача муддат белгиланиши мумкин.
Айрим ҳолларда тайёрловчининг асосланган таклифига кўра аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тақдимномада белгиланган муддат Давлат статистика қўмитаси томонидан узайтирилиши мумкин.
32. Аудитдан ўтказилган тайёрловчи тақдимномада кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилган санадан бир ойдан кўп бўлмаган муддатда чора-тадбирлар режаси ёки «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиши ва маълумот учун Давлат статистика қўмитасига тақдим этиши шарт.
Тайёрловчи чора-тадбирлар режаси («йўл харитаси») ижроси юзасидан ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-кунигача Давлат статистика қўмитасига маълумот бериб боради.
33. Давлат статистика қўмитаси аудит натижалари бўйича тайёрловчига киритилган тақдимномалар ҳамда улар бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режалари («йўл хариталари») ижроси юзасидан доимий мониторинг олиб боради.
34. Тайёрловчи тақдимномада келтирилган муддатларда аудит давомида аниқланган камчиликларни тўлиқ бартараф этиш чораларини кўради ҳамда амалга оширилган ишлар тўғрисида Давлат статистика қўмитасига якуний маълумотларни тақдим этади.
35. Давлат статистика қўмитаси якуний маълумотларни ўрганади ва ўрганиш якунлари юзасидан камчиликларни бартараф этиш натижалари бўйича хулоса тайёрлайди.
7-боб. Якунловчи қоидалар
36. Статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш натижалари ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумотлар Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Статистика кенгаши йиғилиши муҳокамасига киритилади.
37. Тайёрловчининг раҳбари аудитни ўтказиш учун керакли шароитларнинг яратиб берилиши, масъул вакилларнинг бириктирилиши, зарур ҳужжатлар аудит гуруҳига ўз вақтида ва тўлиқ тақдим этилиши, аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун зарур чоралар кўрилиши ҳамда амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида чораклик ва якуний маълумотлар ўз вақтида тақдим этилиши учун жавобгардир.
38. Аудитни ўтказиш давомида юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
Расмий статистикани тайёрловчиларнинг статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш тўғрисидаги низомга
ИЛОВА
Статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш, унинг натижаларини кўриб чиқиш ҳамда тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Давлат статистика қўмитаси

1. Расмий статистикани тайёрловчиларда статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш режа-жадвалини тасдиқлаш.

Ҳар йили1 декабрга қадар

2. Аудитни Низомда белгиланган талаблар асосида ўтказиш.

Белгиланган муддатларда

3. Ўтказилган аудит натижаларига кўра далолатнома, зарур ҳолларда тақдимнома тузиш ва тайёрловчига тақдим этиш.

Аудит якунлангандансўнг 10 кун муддатда

2-босқич

Тайёрловчи

1. Тақдимномада кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Тақдимномада белгиланган муддатларда

2. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар тўғрисида чораклик ва якуний маълумотни Давлат статистика қўмитасига тақдим этиш.

Ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-кунигача

3-босқич

Давлат статистика қўмитаси

1. Аудит натижалари бўйича киритилган тақдимномалар ижроси юзасидан мониторинг олиб бориш.

Доимий равишда

2. Тайёрловчи томонидан тақдим этилган якуний маълумотларни ўрганиш ва ўрганиш якунлари юзасидан камчиликларни бартараф этиш натижалари бўйича хулоса тузиш.

Маълумот олингандан сўнг10 кун муддатда

3. Аудит натижалари ва кўрилган чоралар тўғрисидаги маълумотларни Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Статистика кенгаши йиғилиши муҳокамасига киритиш.

Йил якуни бўйича

(1-илованинг матни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 февралдаги 61-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.02.2022 й., 09/22/61/0105-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 ноябрдаги 690-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2003 йил 8 январдаги 8-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 1-сон, 3-модда):
а) 4-банднинг биринчи хатбошисидаги «давлат статистикасини» сўзлари «расмий статистикани» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) 5-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Статистика кенгашининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади».
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 сентябрдаги 690-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 й., 36-сон, 955-модда) 1-илованинг матни қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг (кейинги ўринларда — Давлат статистика қўмитаси) мақоми, асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Давлат статистика қўмитаси, расмий статистика соҳасида ривожланишнинг миллий ва минтақавий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда илмий методологияга, халқаро стандартлар ва қоидаларга асосланган яхлит миллий статистика тизимини яратишга ва унинг фаолият кўрсатишига йўналтирилган ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи, расмий статистикадан фойдаланувчилар, шу жумладан, хорижий фойдаланувчиларни ишончли ва расмий статистика маълумотлари билан таъминловчи ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
3. Давлат статистика қўмитаси расмий статистикани шакллантириш билан боғлиқ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда амалга оширади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.
4. Давлат статистика қўмитаси тизимига қуйидагилар киради:
Давлат статистика қўмитасининг марказий аппарати;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари;
туманлар (шаҳарлар) статистика бўлимлари;
Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти (кейинги ўринларда — Институт).
5. Давлат статистика қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек, бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
6. Давлат статистика қўмитаси ўз фаолиятини бошқа давлат органлари ва юридик шахслар билан ўзаро ҳамкорликда, шу жумладан, идоралараро электрон ҳамкорлик қилишдан фойдаланган ҳолда амалга оширади.
7. Давлат статистика қўмитаси ўз фаолиятини ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Давлат статистика ишлари дастурига мувофиқ ташкил қилади.
8. Давлат статистика органларининг қонуний фаолиятига, шу жумладан, расмий статистика ҳисоботлари ва кузатувларини ўтказиш ҳамда уларни нашр қилиш ва эълон қилиш жараёнларига ҳар қандай аралашишига йўл қўйилмайди.
9. Давлат статистика қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
10. Давлат статистика қўмитасининг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, қисқартирилган номи — Давлат статистика қўмитаси;
б) инглиз тилида:
тўлиқ номи — The State Committee of the Republic of Uzbekistan on Statistics, қисқартирилган номи — The State Committee on Statistics;
в) рус тилида:
тўлиқ номи — Государственный комитет Республики Узбекистан по статистике, қисқартирилган номи — Госкомстат.
11. Давлат статистика қўмитаси юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан, хорижий валютадаги ҳисоб рақамларига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазначилик ҳисобварақларига эга бўлади.
12. Давлат статистика қўмитасининг жойлашган жойи (почта манзили): 100170, Тошкент шаҳри, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 63-уй.
2-боб. Давлат статистика қўмитасининг асосий вазифалари ва функциялари
13. Қуйидагилар Давлат статистика қўмитасининг асосий вазифалари ҳисобланади:
расмий статистика соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, расмий статистикани ташкил этишнинг самарали тизимини таъминлаш;
расмий статистика соҳасини мувофиқлаштириш ва функционал тартибга солиш;
халқаро стандартларга мувофиқ бўлган ягона статистика методологиясини ҳамда давлат статистика кузатувлари шаклларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва жорий этиш;
ижтимоий-иқтисодий ва демографик ҳодисалар, жараёнлар ва уларнинг натижалари тўғрисидаги статистика ахборотларини йиғиш, қайта ишлаш, тўплаш, сақлаш, умумлаштириш, таҳлил қилиш ва эълон қилиш;
давлат органлари, юридик шахслар, халқаро ташкилотлар ва аҳолини белгиланган тартибда статистика ахбороти билан таъминлаш;
Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрини юритиш, статистика ишларини ташкил этиш учун зарур бўлган иқтисодий-статистик классификациялар тизимини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва юритиш;
давлат статистикаси тизимида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, фойдаланувчиларнинг республиканинг ривожланишини тўлиқ тавсифловчи ва иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг ривожланишидаги, шунингдек, аҳоли турмуш даражасидаги сифат ўзгаришларини янада тўлиқ очиб берувчи кўрсаткичларнинг кенг рўйхатидан эркин фойдаланишларини таъминлаш;
Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати ва унинг таркибий бўлинмаларининг иш усуллари ва шаклларини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг мурожаатларига ўз вақтида муносабат билдириш, юкланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун ходимларнинг масъулиятини ошириш;
рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этиш ва амалга ошириш.
14. Давлат статистика қўмитаси ўз зиммасига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) расмий статистикаси соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва бажариш, статистикани ташкил қилишнинг самарали тизимини таъминлаш ва расмий статистика соҳасини мувофиқлаштириш ва функционал тартибга солиш соҳасида:
статистик маълумотлардан фойдаланувчиларнинг талабларини ўрганишни ҳисобга олган ҳолда истиқболли мақсадлар ва йўналишларни, расмий статистикани ривожлантириш учун кадрлар билан ва молиявий таъминлашни белгилайди;
Давлат статистика ишлари дастурини ишлаб чиқади, Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Статистика кенгаши ва Жамоатчилик кенгаши билан келишилишини таъминлайди ҳамда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади;
таҳлилий салоҳиятни мустаҳкамлаш, Давлат статистика ишлари дастурининг мазмунини доимий равишда такомиллаштириш, унинг мамлакат ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, таркибий ва бозор ислоҳотлари, иқтисодиёт тармоқлари ва секторларида ислоҳотларнинг боришини тавсифловчи тегишли мақсадли кўрсаткичлар билан ўзаро боғлиқлигини ошириш бўйича зарур чораларни кўради;
расмий статистика тамойилларига риоя этилишини ва халқаро стандартларга мувофиқ бўлган статистик методологиянинг ягоналигини таъминлайди;
расмий статистикани ташкил этиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади, расмий статистика фаолияти масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва тегишли органларга киритади;
халқаро статистика ташкилотлари ва хорижий мамлакатларнинг статистика органлари билан ҳамкорлик қилиш тўғрисида белгиланган тартибда битимлар тузади;
давлат органлари ва ташкилотларининг очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхатини шакллантириш, юритиш ва янгилаш ҳамда тегишли ахборотлар Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталида ўз вақтида акс эттирилиши бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради;
б) халқаро стандартларга мувофиқ бўлган ягона статистика методологиясини ҳамда давлат статистика кузатувлари шаклларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва жорий этиш соҳасида:
макроиқтисодий, тармоқ ва ҳудудий даражаларда ўрганилаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг қамровини кенгайтиришга қаратилган статистик маълумотларни йиғиш ва қайта ишлашнинг замонавий методологияси ва методикаларини кенг жорий этиш йўли билан статистик кузатувлар тизимини қабул қилинган халқаро амалиётга янада мослаштиришни амалга оширади;
давлат статистика кузатувлари шаклларини ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва жорий этади, статистика кузатувларини ўтказиш усулларини белгилайди;
расмий статистика соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда қабул қилади;
давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга ошириладиган давлат ва идоравий статистика кузатувлари тизимини мақбуллаштириш йўли билан холисона, сифатли ва талаб юқори бўлган ҳисобот маълумотлари тайёрланишини, танланма статистика кузатувлари сонини ва натижаларининг ишончлилиги босқичма-босқич оширилишини мувофиқлаштиради, идоравий статистика кузатувлари шаклларини келишади;
статистика соҳасида тадқиқот ишларини, шу жумладан, халқаро ташкилотлар томонидан мамлакатлар рейтинг баҳоларини тузиш учун фойдаланиладиган ахборот манбаларини ўрганишни ташкил этади ва амалга оширади, улар асосида шакллантириладиган ва тарқатиладиган статистик кўрсаткичлар таркибини яхшилаш чора-тадбирларини ишлаб чиқади;
жамият эҳтиёжларига мувофиқ расмий статистика соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганади, умумлаштиради ва тарқатади, халқаро тавсиялар асосида кўрсаткичларни ҳисоблаш методикаларини доимий равишда такомиллаштиради;
в) ижтимоий-иқтисодий ва демографик ҳодисалар, жараёнлар ва уларнинг натижалари тўғрисидаги статистик ахборотларни йиғиш, қайта ишлаш, тўплаш, сақлаш, умумлаштириш, таҳлил қилиш ва эълон қилиш соҳасида:
Давлат статистика ишлари дастурининг бажарилишини таъминлайди;
мамлакатни, унинг минтақаларини, иқтисодиёт тармоқлари ва секторларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш давлат дастурларининг бажарилиши юзасидан давлат статистика кузатувларини ташкил этади ва амалга оширади;
давлат статистика ҳисоботларини электрон шаклда, зарур ҳолларда қоғозда йиғишни, уй хўжаликларини статистик кузатишни, рўйхатдан ўтказишларни, бир марталик ҳисобга олишларни, сўровларни ва бошқа кузатувларни ташкил этади ва таъминлайди;
макроиқтисодий кўрсаткичларнинг статистик ҳисоб-китобларини амалга оширади ҳамда мамлакатдаги энг муҳим иқтисодий ва ижтимоий ҳодисалар ва жараёнларнинг дастлабки статистик таҳлилини олиб боради;
статистика, ҳисобот кўрсаткичларининг ва ўтказилган танланма кузатувлар натижаларининг тезкорлиги, ишончлилиги ва холислигини, статистик ахборотларнинг қулайлиги, очиқ-ойдинлиги ва ошкоралигини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлайди;
статистика ишларини ташкил этишнинг статистик ахборотларини йиғиш, қайта ишлаш ва умумлаштириш тартибига давлат органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳар қандай аралашувини истисно қиладиган тизимни яратиш чора-тадбирларини кўради;
хўжалик юритувчи субъектларга электрон ҳужжат шаклидаги давлат статистика кузатувлари шаклларини тузиш ва тақдим этиш учун махсус дастурий таъминотдан бепул фойдаланиш имконини беради;
хўжалик юритувчи субъектларга ишончли давлат статистика ҳисоботларини тақдим этишда ҳар томонлама кўмаклашади, статистик маълумотларни тақдим этиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни ошириш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқади, статистик назоратни амалга оширишнинг замонавий усулларини жорий этади;
ахборот-статистик маълумотлар базасини, статистик регистрларни, веб-сайтларни шакллантиради, юритади ва янгилаб боради, фойдаланувчиларга улардан фойдаланишга доир тушунтиришлар беради;
олинган статистик маълумотларнинг махфийлигини ва давлат сирларига эга бўлган статистик маълумотларнинг ҳимоя қилинишини таъминлайди;
қонун ҳужжатларига мувофиқ статистика органлари фаолияти жараёнида юзага келган архив ҳужжатларини комплектлаш, сақлаш, ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш ишларини амалга оширади;
ўз ваколатлари доирасида Давлат статистика қўмитаси фаолияти жараёнида олинган хизмат, банк, тижорат сирларини ва бошқа махфий маълумотларни ўз ичига олган ахборотларни сақлаш ва ҳимоялашнинг тегишли тартибини таъминлайди;
г) давлат органлари, юридик шахслар, халқаро ташкилотлар ва аҳолини белгиланган тартибда статистика ахбороти билан таъминлаш соҳасида:
миллий ва хорижий фойдаланувчиларнинг кенг оммаси учун статистик ахборотларнинг максимал даражада очиқ-ойдинлиги ва ошкоралигини, шу жумладан, республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш кўрсаткичлари ва материалларини халқаро статистик тўпламларда чоп этган ҳолда халқаро статистик ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтиришни таъминлайди;
оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш учун ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тенденцияларини тавсифловчи комплекс таҳлилий маърузалар, пресс-релизлар ва мақолалар тайёрлайди, тарқатилаётган статистик маълумотларга таҳлилий ва маълумотнома материаллар мажбурий тартибда илова қилинишини таъминлайди;
миллий иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари ҳамда ҳудудларнинг ривожланишини, ислоҳотларни чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва технологик қайта жиҳозлаш, хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, республика ҳудудларини комплекс ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурларнинг амалга оширилишини, аҳоли турмуш даражасидаги сифат ўзгаришларини янада тўлиқ акс эттирадиган статистик ахборотларни тезкор ва сифатли тайёрлашни амалга оширади;
республика иқтисодиётининг ривожланиши ҳолати, иқтисодиётни ривожлантириш ва ислоҳ қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарорларнинг амалга оширилиши ҳолати тўғрисидаги йиллик ва чораклик статистик ва таҳлилий материалларни тайёрлайди ва белгиланган тартибда тақдим этади;
очиқ статистик маълумотларни давлат статистика органлари, бошқа давлат органлари, халқаро ташкилотлар нашрларида жойлаштириш йўли билан тарқатади ва барча фойдаланувчиларга статистик маълумотлардан фойдаланиш учун тенг имкониятларни таъминлайди;
хорижий статистика органлари билан очиқ статистик ахборотларни алмашади, республиканинг ривожланиши тўғрисидаги материалларни халқаро статистик тўпламларда чоп этиш учун ахборотларни тайёрлаш ва тақдим этишни таъминлайди;
Давлат статистика қўмитасининг маълумотлари асосида оммавий ахборот воситаларида таҳлилий лавҳалар, диаграммалар ва графикларни кенг намойиш қилиш, статистик нашрларга кўрсаткичларни визуаллаштиришнинг илғор усулларини жорий этиш йўли билан алоҳида статистик кўрсаткичлар тўғрисида аҳолини хабардор қилиш чораларини кўради;
статистика кузатувлари ва расмий статистика ахборотлари масалалари бўйича ахборот-тушунтириш ишларини олиб боради;
шартнома асосида, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда статистик, таҳлилий, ахборот, ноширлик хизматларини ва Давлат статистика ишлари дастуридагидан ташқари бошқа хизматларни кўрсатади;
д) Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри ва статистика ишларини ташкил қилиш учун зарур иқтисодий-статистик классификацияларни юритиш соҳасида:
ягона таснифлар тизими асосида юридик шахсларни давлат томонидан ҳисобга олиш ва идентификациялашни, Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрининг самарали фаолият кўрсатишини ҳамда ривожлантирилишини таъминлайди;
статистика ишларини ташкил этиш учун зарур бўлган иқтисодий-статистик классификаторларни ишлаб чиқади ва юритади, халқаро стандарт классификаторлар асосида уларнинг мунтазам равишда қайта кўриб чиқилишини амалга оширади;
ўзаро мос ахборот тизимларини ва ресурсларини яратиш учун асос сифатида статистик классификаторлардан фойдаланишни таъминлайди;
интернет-ресурсларга жойлаштириш йўли билан статистик классификаторлар ва уларга киритилаётган ўзгартиришлар тўғрисидаги ахборотларни фойдаланувчиларга тақдим этади;
е) давлат статистикаси тизимида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, фойдаланувчиларнинг республиканинг ривожланишини тўлиқ тавсифловчи ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг ривожланишидаги, шунингдек, аҳоли турмуш даражасидаги сифат ўзгаришларини янада тўлиқ очиб берувчи кўрсаткичларнинг кенг рўйхатидан эркин фойдаланишларини таъминлаш соҳасида:
статистика ахборотларининг тезкорлик билан узатилишини ва қайта ишланишини таъминловчи янги ахборот-коммуникация ресурслари ва технологияларини давлат статистика органлари фаолиятига жорий этади, уларнинг республиканинг бошқа ахборот тизимлари билан мос келишини таъминлайди;
статистик маълумотлар билан ишлаш жараёнини автоматлаштириш даражасини чуқурлаштиришни, давлат статистика органларида фойдаланиладиган ахборот тизимларини доимий такомиллаштиришни, статистик маълумотларнинг ягона банкини шакллантириш, кўрсатилаётган интерактив хизматларнинг таркибини кенгайтириш ва сифатини оширишни таъминлайди;
ахборотлардан фойдаланувчиларга реал вақт режимида кўрсаткичларнинг кенгайтирилган рўйхатидан эркин фойдаланиш имконини берувчи статистик маълумотлар базасини ишлаб чиқади ва юритади;
ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот алмашишнинг ҳимояланган электрон шаклига босқичма-босқич ўтиш, хавфларга қарши тизимнинг самарали ишлашини таъминлаш учун норматив-ҳуқуқий ва ташкилий-техник базани такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга оширади;
миллий ахборот макони яхлитлигини сақлаш, давлат статистика органлари ахборот ресурслари ва тизимларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш, давлат статистикаси ахборот-ҳисоблаш тизимини рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш чораларини кўради;
ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш ва «Электрон ҳукумат» тизимини жорий этиш бўйича тизимли ишларни ташкил қилади;
ж) Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати ва унинг таркибий бўлинмаларининг иш усуллари ва шаклларини янада такомиллаштириш, фуқаролар мурожаатларига ўз вақтида муносабат билдириш, юкланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун ходимларнинг масъулиятини ошириш соҳасида:
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида ҳудудий статистика органлари ишини такомиллаштириш бўйича амалий чоралар ва таклифлар ишлаб чиқади;
мамлакатнинг илмий ва таълим муассасалари ҳамда хорижий статистика ташкилотлари билан ҳамкорликда статистика соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини тизимли асосда таъминлайди;
статистика ахборотларини йиғиш ва тарқатишда қулай шароитлар яратиш, ишбилармонлик муҳитининг ҳолатини янада яхшилаш ва давлат статистикаси соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш чораларини ишлаб чиқиш жараёнига тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролик жамияти вакилларини жалб қилади;
фуқароларни қабул қилишни ташкил қилади, жисмоний ва юридик шахсларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатлари ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқилишини, улар бўйича қарорлар қабул қилинишини ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда мурожаат эгаларига жавоблар юборилишини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари томонидан давлат статистикаси соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг олдини олишга қаратилган огоҳлантирувчи ва профилактика хусусиятига эга чораларни, шунингдек, аниқланган қонунбузарликлар оқибатларини бартараф этиш чораларини амалга оширади;
з) рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасида:
рўйхатга олиш ҳужжатлари шаклларини, рўйхатга олувчи ходимлар гувоҳномаси шаклини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
рўйхатга олиш дастурларини ва рўйхатга олиш варақалари шаклларини ишлаб чиқади ва ҳудудларга етказилишини таъминлайди;
рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисида аҳолини хабардор қилишга доир ишларни мувофиқлаштиради;
рўйхатга олишга жалб этиладиган ходимларни танлаб олиш ва ўқитиш тартибини белгилайди ва ўқитишни ташкил этади;
рўйхатга олиш натижалари миллий ва хорижий фойдаланувчиларнинг кенг оммаси учун эълон қилинишини таъминлайди;
рўйхатга олиш варақлари ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатларининг сақланиши (шу жумладан, вақтинча сақланиши), йўқ қилиниши тартибини белгилайдива уларнинг бажарилишини таъминлайди.
Давлат статистика қўмитаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажариши мумкин.
3-боб. Давлат статистика қўмитасининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
15. Давлат статистика қўмитаси ўзига юкланган асосий вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Давлат статистика қўмитасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳаларини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунининг 5-боби.
давлат бошқаруви органларидан, хўжалик бирлашмаларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, банклардан, бошқа юридик шахслардан (зарур ҳолларда — уларнинг ваколатхоналари ва филиалларидан) давлат статистика ҳисоботини белгиланган тартибда олиш ҳамда ундан статистика мақсадларида фойдаланиш;
давлат бошқаруви органларидан, хўжалик бирлашмаларидан, давлат ташкилотларидан давлат статистика ишларини олиб бориш учун зарур бўлган маълумотларни (уларни ишлаб чиқишнинг исталган босқичида), шунингдек, уларга илова қилинадиган тушунтиришларни сўраш ва олиш;
юридик шахсларни ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлардан, шунингдек, юридик шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг регистрлари ва ахборот базаларини шакллантирувчи ва юритувчи давлат органлари ва уларнинг идоравий мансуб ташкилотларидан Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистрини юритиш ва фаоллаштириш учун зарур бўлган маълумотларни олиш;
расмий статистика бўйича ягона давлат сиёсатини олиб бориш соҳасида давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
бошқа расмий статистика ишлаб чиқарувчиларнинг статистика методологияларини халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан аудитдан ўтказиш ва аудит натижаларига кўра вазирликлар ва идораларга бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
давлат статистика кузатувлари шаклларини, уларни тақдим этиш тартибини тасдиқлаш, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, давлат статистика кузатувларини олиб бориш усулларини белгилаш ҳамда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг идоравий статистик ҳисобот ва кузатувлари шаклларини келишиш;
юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятининг давлат статистика кузатувларини олиб бориш ва олинган маълумотлардан статистика мақсадларида фойдаланиш;
статистик маълумотларни тақдим этувчи давлат органлари, юридик шахслар, уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари, якка тартибдаги тадбиркорлар бажариши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни белгиланган тартибда қабул қилиш;
кузатувларни ўтказиш, расмий статистик материалларни шакллантириш ва таҳлилларни амалга ошириш мақсадида вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимлари билан ўзаро электрон боғланиш;
давлат статистика кузатувларининг методологияси ва ташкил этилиши, шунингдек, расмий статистика ахборотлари билан боғлиқ масалалар бўйича ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш;
расмий статистик маълумотлардан нотўғри фойдаланиш ва талқин қилиш ҳолатларини кўриб чиқиш ҳамда улар бўйича тушунтиришлар бериш;
барча юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан расмий статистика соҳасидаги қонун ҳужжатларининг бажарилиши устидан назорат қилиш;
олинаётган статистик маълумотларнинг тўлиқлиги, ишончлилиги ва холисоналигини экспертизадан ўтказиш;
расмий статистик маълумотларда бузилишлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш тўғрисида кўрсатмалар бериш ва йиғма давлат статистик маълумотларига тегишли тузатишлар киритиш;
давлат статистика ҳисоботларини тақдим этиш тартибини бузаётган мансабдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ маъмурий жазо чоралари кўриш;
давлат статистика ҳисоботларини тақдим этиш тартибини бузганлик учун мансабдор шахсларга қўлланиладиган маъмурий жарималардан тушумлар ҳисобига Давлат статистика қўмитасининг махсус жамғармасини шакллантириш ва ундан белгиланган тартибда фойдаланиш;
Давлат статистика қўмитаси тизимига кирадиган ташкилотларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таклифларни тайёрлаш ва киритиш, шунингдек, ушбу ташкилотлар тўғрисидаги низомлар (уставлар)ни тасдиқлаш, давлат статистика кузатувларини олиб бориш учун шартнома асосида юридик ва жисмоний шахсларни жалб этиш;
расмий статистика соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларини белгилаш, уларни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси илмий муассасалари, республиканинг бошқа ташкилотлари ва хорижий ташкилотларни, шунингдек, мамлакатимизнинг етакчи олимлари ва хорижий мутахассисларни белгиланган тартибда жалб этиш;
ўз ваколати доирасида кенгаш ва эксперт органлари (кенгашлар, комиссиялар, гуруҳлар) тузиш;
халқаро статистика ва иқтисодиёт ташкилотлари билан ҳамкорликни амалга ошириш, статистика масалалари бўйича, шу жумладан, халқаро семинарлар ва кенгашларни ўтказиш ва уларнинг ишида қатнашиш;
шартнома асосида статистик, таҳлилий, ахборот, ноширлик хизматлари ва Давлат статистика ишлари дастуридан ташқари бошқа хизматларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўрсатиш;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Давлат статистика қўмитаси ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, рағбатлантириш, мукофотлаш ва рағбатлантиришнинг бошқа турларини амалга ошириш;
алоҳида вазифаларни бажариш учун функционал бўлинмалар ташкил қилиш;
соҳасда ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи ички ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда улардан фойдаланиш;
Очиқ маълумотлар порталини ривожлантириш, шунингдек, эълон қилинадиган маълумотларга тааллуқли масалалар бўйича давлат органлари ва ташкилотларидан бепул асосда маслаҳат ёрдами олиш;
зарур ҳолларда, шартнома асосида экспертлар, консультантлар ва ташкилотларни (шу жумладан, хорижий) ҳамда статистик кузатувларни ўтказиш учун юридик ва жисмоний шахсларни жалб этиш;
расмий статистика соҳасини ривожлантириш учун халқаро молия институтлари ва донор мамлакатларнинг грантлари ва техник кўмаги маблағларини жалб этиш.
Давлат статистика қўмитаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
16. Давлат статистика қўмитаси ўз ваколатлари доирасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга.
Давлат статистика қўмитаси, зарурат бўлганда, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан бирга қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар қабул қилиши мумкин.
17. Давлат статистика қўмитаси ва унинг мансабдор шахслари уларга юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилиши учун жавоб беради.
Давлат статистика қўмитасининг мансабдор шахслари ҳаракатлари устидан шикоят қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
18. Давлат статистика қўмитаси тизими раҳбарлари ва ходимлари расмий статистика соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузганлик, тарқатилиши чекланган статистик маълумотлар, статистик ахборотлар ва (ёки) маълумотлар базасини йўқотганлик, сотганлик, берганлик ва бошқа ноқонуний ошкор этганлик учун, шунингдек, статистик маълумотларни яширганлик ва бузиб кўрсатганлик учун ёхуд кўрсатиб ўтилган ҳуқуққа зид қилмишларга кўмаклашганлик учун қонунга мувофиқ жавоб беради.
4-боб. Давлат статистика қўмитасининг фаолиятини ташкил этиш
19. Давлат статистика қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган раис бошчилик қилади.
Раиснинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган биринчи ўринбосари ва уч нафар ўринбосари бўлади.
Давлат статистика қўмитаси раиси мақомига кўра вазирга, раиснинг биринчи ўринбосари — вазирнинг биринчи ўринбосарига, раис ўринбосарлари — вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.
20. Давлат статистика қўмитаси раиси:
Давлат статистика қўмитаси тизими фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва Давлат статистика қўмитасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
давлат органларида ва бошқа ташкилотларда Давлат статистика қўмитасини ифодалайди ёхуд Давлат статистика қўмитаси номидан ишончнома ва (ёки) ваколатлар беради;
Давлат статистика қўмитаси ходимларининг белгиланган сони доирасида марказий аппарат штат жадвалини тасдиқлайди;
амалга оширилган давлат статистика ишлари ҳажмларига мувофиқ молиявий ва моддий-техника ресурсларини тақсимлайди;
Давлат статистика қўмитаси марказий аппаратининг бошқармалари, ҳудудий статистика органлари ва Институт тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;
Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати ходимларини, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари раҳбарларини тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тақдимномасига кўра белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод қилади;
Давлат статистика қўмитасининг ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади, раис ўринбосарлари, Давлат статистика қўмитаси, ҳудудий статистика органлари ва Институтнинг бошқа мансабдор шахсларининг ваколатлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги даражасини белгилайди;
зарурат бўлганда Давлат статистика қўмитаси, ҳудудий статистика органлари ва Институт тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий сони ҳамда статистика ишларини амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар доирасида ўзгартиришлар киритади;
ўз ваколатлари доирасида Давлат статистика қўмитаси, ҳудудий статистика органлари ва Институтнинг барча ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилади, буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;
Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати ходимлари, ҳудудий статистика органлари ва Институт раҳбарларини рағбатлантириш ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш масалаларини ҳал этади;
давлат статистика органлари ходимларига нисбатан малака талабларини белгилайди ва уларнинг меҳнатини рағбатлантириш тизимини шакллантиради, юқори малака учун устамалар белгилайди;
Давлат статистика қўмитаси тизимида кадрлар захирасини шакллантириш, шунингдек, тизим ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини тизимли асосда ташкил қилади;
расмий статистика соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг устувор йўналишларини, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг илмий муассасаларини, республиканинг бошқа ташкилотлари ва хорижий ташкилотларни, шунингдек мамлакатимизнинг етакчи олимлари ва хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда белгилайди;
статистика соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузади ва белгиланган тартибда ўзига юкланган вазифалар доирасида хорижий давлатларнинг статистика органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади;
Давлат статистика қўмитасининг ҳайъати йиғилишларида раислик қилади.
Давлат статистика қўмитаси раиси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.
21. Давлат статистика қўмитаси раисининг ўринбосарлари:
мутасаддилик қилинадиган бўлинмаларга бевосита раҳбарлик қиладилар ва Давлат статистика қўмитасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар;
Давлат статистика қўмитаси раиси томонидан ўзларига юкланган бошқа функцияларни амалга оширадилар.
22. Лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади;
туманлар (шаҳарлар) статистика бўлимлари бошлиқлари — тегишли тартибда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари бошлиқларининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
23. Давлат статистика қўмитасида Давлат статистика қўмитаси раиси (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), шунингдек, Давлат статистика қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи марказий аппарат таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.
Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Давлат статистика қўмитаси раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
24. Ҳайъат қуйидагиларни амалга оширади:
статистика фаолияти самарадорлигини янада ошириш, республика ва ҳудудий даражада давлат статистика органларининг функциялари ва вазифаларини такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиққан ҳолда давлат статистика тизими фаолиятининг қонун ҳужжатларида белгиланган асосий йўналишларини танқидий кўриб чиқиш;
давлат статистикаси соҳасидаги сиёсатни амалга оширишда Давлат статистика қўмитаси фаолиятида бошқа давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича таклифларни кўриб чиқиш;
давлат статистика ишлари бажарилишининг бориши натижадорлигини ҳар чоракда танқидий кўриб чиқиш;
хорижий мамлакатлар статистика органлари билан статистик ахборотларни алмашишни ташкил этиш, шунингдек, статистик ахборотларни халқаро статистик, молиявий ва иқтисодий ташкилотларга тақдим этиш бўйича таклифларни кўриб чиқиш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналаридан тушган мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари бажарилиши юзасидан самарали назоратни таъминловчи ижро интизоми даражасини ошириш, давлат статистикаси соҳасидаги энг муҳим муаммоларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
жойларда давлат статистикаси органлари фаолиятининг долзарб масалаларини муҳокама қилган, шунингдек, юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарорлар ишлаб чиққан ва қабул қилган ҳолда кенгайтирилган сайёр ҳайъат йиғилишлари ўтказилишини ташкил этиш;
ҳудудий статистика органлари ва Институт раҳбарларининг ҳисоботларини эшитишни тизимли асосда ташкил қилиш, уларга юкланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун уларнинг шахсий жавобгарлигини оширишни таъминлаш.
Ҳайъат Давлат статистика қўмитаси ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.
25. Ҳайъат мажлисига Давлат статистика қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.
Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
26. Ҳайъат қарорлари Давлат статистика қўмитаси қарорлари ва раиснинг буйруқлари билан амалга оширилади. Раис ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда раис бу тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосарига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосарига хабар қилишлари мумкин.
Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.
Ҳайъат йиғилишлари, қоида тариқасида, ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.
27. Давлат статистика қўмитаси ҳузурида расмий статистикани ривожлантириш, фаолият юритиш ва мувофиқлаштириш муаммолари бўйича давлат бошқаруви органлари, илмий жамоатчилик, жамоат ташкилотлари вакилларидан ва статистика бўйича миллий экспертлардан таркиб топган коллегиал маслаҳат органи ҳисобланувчи Статистика кенгаши фаолият юритади.
Статистика кенгаши фаолиятининг ташкилий-техник таъминоти Давлат статистика қўмитаси томонидан амалга оширилади.
Статистика кенгашининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
28. Давлат статистика қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган, ҳудудий давлат статистика органлари, биринчи навбатда туман ва шаҳар статистика бўлимлари раҳбарларининг касбий даражаси ва малакасини икки йилда камида бир марта оширишни таъминлайдиган ҳамда статистика соҳасида илмий тадқиқотларни амалга оширувчи Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистика тадқиқотлари маркази фаолият юритади.
Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистика тадқиқотлари маркази тўғрисидаги низом Давлат статистика қўмитаси томонидан тасдиқланади.
29. Фаолият самарадорлигини баҳолаш қуйидагича амалга оширилади:
Давлат статистика қўмитаси раиси, раиснинг биринчи ўринбосари, раис ўринбосарлари фаолияти самарадорлиги — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган фаолият самарадорлигини баҳолашнинг интеграциялашган кўрсаткичлари асосида;
Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати бошқармалари ва бўлимларининг раҳбарлари ҳамда ходимлари, ҳудудий статистика органлари ва идоравий бўйсунувдаги ташкилотлар раҳбар ва ходимларининг фаолияти самарадорлиги — Давлат статистика қўмитаси раиси томонидан тасдиқланадиган фаолият самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичлари асосида.
30. Давлат статистика қўмитаси фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:
Давлат статистика қўмитаси марказий аппарати бошқармалари ва бўлимларининг раҳбарлари ҳамда ходимлари, ҳудудий статистика органлари ва идоравий бўйсунувдаги ташкилотлар раҳбар ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки уларга нисбатан интизомий жазо чоралари;
аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.
5-боб. Давлат статистика қўмитаси фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техника таъминоти
31. Давлат статистика қўмитасининг мол-мулкини асосий воситалар ва айланма маблағлар, шунингдек, қиймати унинг мустақил балансида акс эттириладиган бошқа бойликлар ташкил этади.
32. Давлат статистика қўмитасини молиялаштириш ва унинг моддий-техника таъминоти Давлат статистика ишлари дастурига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Давлат статистика қўмитаси бюджет маблағлари олувчиси ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига зарур молиялаштириш ҳажмини белгилашда бюджет қонунчилигига амал қилади.
Давлат статистика ишлари дастурида белгиланган амалга оширилган статистика ишлари учун ҳақ тўлаш давлат статистика ишларини бажаришга шартнома ва Давлат статистика қўмитаси томонидан ҳар ойда тақдим этиладиган бажарилган ишлар далолатномалари асосида Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобига таъминланади.
Давлат статистика ишлари дастурига киритилмаган ва уларни ишлаб чиқишга қўшимча харажатлар талаб қилинадиган қўшимча статистика ишларига ҳақ тўлаш буюртмачилар маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.
Давлат статистика қўмитаси томонидан олинган фойда, амортизация ажратмалари, шунингдек, бошқа тушумлар унинг ихтиёрида қолади ҳамда улардан давлат статистикасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш, ходимларнинг касб маҳоратини, ўз лавозим вазифаларини сифатли бажарганлигини, ижодий фаоллигини ва ташаббускорлигини рағбатлантириш учун белгиланган тартибда фойдаланилади.
33. Давлат статистика қўмитаси Давлат статистика ишлари дастурини бажариш доирасида ажратилган маблағларнинг ва ўз ишларининг бошқа натижаларининг тезкор ва бухгалтерия ҳисобини «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларига мувофиқ амалга оширади, статистика ҳисоботини юритади.
6-боб. Якунловчи қоида
34. Давлат статистика қўмитасини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади».
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 февралдаги 61-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.02.2022 й., 09/22/61/0105-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 ноябрдаги 690-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 17 августдаги 686-сон қарорига 3-илованинг 2-банди.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида» 2019 йил 10 декабрдаги ЎРҚ-591-сон Қонуни)» 2020 йил 16 апрелдаги 234-сон қарорига илованинг 7-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2020 й., 4-сон, 87-модда).
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.11.2020 й., 09/20/690/1473-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 08.02.2022 й., 09/22/61/0105-сон)