1.11.00.00.00 Атроф табиий муҳит ва табиий ресурслар / 11.06.00.00 Ўрмонлар ва ўрмон фондига кирмайдиган ўсимлик дунёсидан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш / 11.06.02.00 Ўрмонларни муҳофаза қилиш ва фойдаланиш соҳасидаги давлат бошқаруви / 11.06.02.06 Ўрмон хўжалиги]
[ТСЗ:
1.Табиий ресурслар / Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ҚИШЛОҚ ВА СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИНИНГ ЎРМОН ХЎЖАЛИГИ БОШ БОШҚАРМАСИ ҲУЗУРИДА МАНЗАРАЛИ БОҒДОРЧИЛИК ВА ЎРМОН ХЎЖАЛИГИ РЕСПУБЛИКА ИЛМИЙ-ИШЛАБ ЧИҚАРИШ МАРКАЗИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 530-сонли «Ўрмон хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Республиканинг турли минтақалари шароитларида манзарали боғдорчиликни ривожлантиришнинг ягона стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда ўстиришнинг янги технологияларини жорий этиш, шунингдек манзарали ўсимликлар етиштиришга ихтисослашаётган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Ўзбекистон ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти негизида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси ҳузурида Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш марказининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
ички ва ташқи бозор эҳтиёжини ўрганиш асосида республика манзарали боғдорчилигини ривожлантиришнинг ягона стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
манзарали ўсимликлар кўчатларини ўстиришнинг илмий асосларини ҳамда истиқболли технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
манзарали ўсимликлар кўчатларини сертификациялаш ва стандартлаштиришнинг ягона тизимини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни ташкил этиш;
минтақаларнинг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда манзарали ўсимликларни районлаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;
турли хўжалик юритувчи субъектларга манзарали ўсимликлар ўстиришда илмий-методик ва ишлаб чиқариш ёрдами кўрсатиш.
3. Қуйидагилар:
Навоий ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари ҳузуридаги ихтисослаштирилган боғдорчилик ва гулчилик корхоналари, шунингдек Нукус ихтисослаштирилган ўрмон хўжалиги корхонаси ҳамда республика вилоятларидаги 1-иловага мувофиқ ўрмон хўжаликларининг ишлаб чиқариш участкалари Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш маркази тасарруфига;
тугатилаётган Ўзбекистон ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг болалар боғчаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тасарруфига берилсин.
4. Қуйидагилар:
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси ҳузуридаги Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш марказининг ташкилий тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш марказининг ходимларининг чекланган умумий сони 64 нафар, шу жумладан бошқарув ходимлари сони 7 нафар бўлган ижро этувчи аппарати тузилмаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда:
Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш маркази уставини белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин, шунингдек унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Навоий ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда ихтисослаштирилган боғдорчилик ва гулчилик ўрмон хўжалиги корхоналарининг Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш маркази таркибига берилишини таъминласин.
6. Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш маркази ҳамда унинг таркибига кирувчи ташкилотларнинг фаолияти хўжалик фаолиятидан олинган даромадлар, ўрмон хўжалиги тадбирларига бюджетдан ажратилган маблағлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 17 июндаги 167-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 25-сон, 287-модда)
7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ой муддатда 2010 йилгача бўлган даврда манзарали боғдорчиликни ривожлантиришга доир аниқ тадбирларни ишлаб чиқсинлар ва тасдиқласинлар.
8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2005 йил 2 март,
76-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 2 мартдаги 76-сон қарорига 1-ИЛОВА
Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш маркази таркибига бериладиган ўрмон хўжалиги корхоналари ва ишлаб чиқариш участкалари рўйхати
Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 2 мартдаги 76-сон қарорига 2-ИЛОВА
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси ҳузуридаги Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкилий тузилмаси
Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 2 мартдаги 76-сон қарорига 3-ИЛОВА
Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш маркази ижро этувчи аппаратининг тузилмаси