1.02.00.00.00 Давлат бошқаруви асослари / 02.08.00.00 Иқтисодиёт, ижтимоий-маданий қурилиш соҳасидаги давлат бошқарувининг умумий масалалари / 02.08.07.00 Ҳисоб. Ҳисобот. Статистика (шунингдек, 07.29.00.00 га қаранг);
2.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.14.00.00 Солиқ тўловчиларнинг ҳисоби. Солиқ ҳисоботи]
[ТСЗ:
1.Иқтисодиёт / Ҳисобга олиш, статистика ва ҳисобот;
2.Молия / Солиқлар (йиғимлар, божлар)]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРНИНГ ИДЕНТИФИКАЦИЯ РАҚАМЛАРИНИ БЕРИШ ВА ҚЎЛЛАШ ТИЗИМИ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 августдаги 480-сонли «Вазирлар Маҳкамасининг «Солиқ тўловчиларни ҳисобга қўйиш соҳасидаги айрим давлат хизматларини кўрсатиш бўйича маъмурий регламентларни тасдиқлаш тўғрисида» 2022 йил 2 апрелдаги 150-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасида солиқ тизимини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш, солиқ тўловчиларни ҳисобга олишни тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси 1997 йил 1 апрелдан бошлаб солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини бериш ва қўллаш тизимини жорий этсин.
2. Ўзбекистон Республикасида солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини бериш ва қўллаш тизими тўғрисидаги низом тасдиқлансин (илова қилинмоқда).
3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига 1997 йил 1 апрелгача солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини банк ҳужжатларининг барча шаклларига мажбурий киритиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш тавсия этилсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. С. Ҳамидов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. СУЛТОНОВ
Тошкент ш.,
1997 йил 11 март,
130-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 130-сон қарори билан ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикасида солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини бериш ва қўллаш тизими тўғрисида
НИЗОМ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Солиқлар тўлиқ тўланишини ва махсус жамғармаларга маблағлар ажратилишини ҳамда ҳам солиқ органларининг, ҳам солиқ тўловчиларнинг давлатнинг иқтисодий манфаатлари ва мулкий ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг барча вазирликлари, идоралари, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари, банк муассасалари ҳамда бошқа муассасалар, ташкилотлар ва корхоналар билан ўзаро ҳамкорлигини таъминловчи солиқ тўловчиларни кодлаштиришнинг ягона тизимини шакллантириш ушбу Низомни жорий этишнинг мақсади ҳисобланади.
2. Солиқ тўловчиларга идентификация рақамларини бериш қуйидагиларни таъминлашга қаратилган:
Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг идентификация рақамлари ягона реестрини шакллантириш;
солиқ тўловчиларни ҳисобга олишни тартибга солиш;
солиқларнинг бюджетга тушишини ҳисобга олиш ва солиқ органларининг ўзаро ҳамкорлиги бўйича маълумотларни компьютерда ишлашни жорий этиш;
солиқ қонунчилигига риоя этилиши бўйича ахборотларнинг яхлитлиги ва ишончлилиги кўп томонлама текширилиши, назорат қилинишини ташкил этиш;
солиқ органлари билан давлат хокимияти ва бошқарувининг бошқа органлари, банк муассасалари ва молиявий тусдаги, шунингдек, кўчар ва кўчмас мулк бўйича операцияларни амалга оширувчи бошқа ташкилотлар ўртасида ахборот айирбошлашни бирхиллаштириш;
қонунчиликда белгиланган ўз вазифалари ва функцияларини бажаришда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида тадбиркорлик субъектларига — жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан ахборотлар алмашишни унификация қилиш;
(2-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
даромадларни, тўланган солиқларни ва хўжалик юритувчи субъектлар бўйича давлат жамғармаларига тўловларни ҳисобга олишни бирхиллаштириш.
(2-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги 774-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2021 й., 09/21/774/1198-сон)
3. Идентификация рақами солиқ тўловчининг барча солиқ мажбуриятлари ва барча ижтимоий ҳуқуқлари бўйича ягона ҳисобланади, унинг давлат ҳокимияти ва назорат органлари билан давлат ижтимоий суғуртаси ҳамда бошқа суғурта жамғармаларидан тўловлар (маблағлар) олиш бўйича барча ўзаро муносабатларида қўлланади ва ўзгартирилмайди.
4. Идентификация рақами бир марта берилади ва фақат юридик шахс тугатилгандан кейин уч йил ўтгач, бекор қилиниши мумкин.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги 774-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2021 й., 09/21/774/1198-сон)
5. Идентификация рақами Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайти орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан берилади.
СТИР аниқ вақт режимида, янгидан ташкил этилаётган юридик шахсларга, шунингдек хорижий юридик шахсларни тадбиркорлик субъектлари сифатида давлат рўйхатидан ўтказишда ёки солиқ мажбуриятлари пайдо бўлганда давлат рўйхатидан ўтказишда берилади.
Жисмоний шахсларни давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами орқали амалга оширилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги 774-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2021 й., 09/21/774/1198-сон)
LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 177-сон «Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини аниқлаш ва бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори.
6. Идентификация рақамини:
давлат солиқ инспекциясида рўйхатдан ўтказишга асос бўладиган рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда республика Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан ушбу ишларга вакил қилинган бошқа органлар томонидан (тадбиркорлик фаолияти, шунингдек, фаолиятнинг бошқа муайян турлари билан шуғулланиш учун) берилган лицензияларга;
рухсат бериш тусидаги, шу жумладан «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасида кўрсатилган рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтгандан кейин бериладиган барча ҳужжатларда;
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли қарорига асосан учинчи хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 7-сон, 89-модда. 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб кучга киради)
банк тўлов ҳужжатларининг электрон шаклларига;
давлат солиқ инспекциясига тақдим этиладиган ҳисобот ҳужжатларига;
давлат махсус жамғармаларидан ижтимоий нафақалар бериш бўйича рўйхатдан ўтказиш ва тўлов ҳужжатларига қўйиш мажбурийдир.
хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тузилаётган хўжалик, фуқаролик-ҳуқуқий ва меҳнат шартнома (контракт)ларида, уларга иловаларда;
хўжалик юритувчи субъектлар томонидан битишувлар содир этилганлигини белгиловчи ёки тасдиқловчи ҳужжатларда, шу жумладан счёт-фактураларда ва транспорт ҳужжатларида;
хўжалик юритувчи субъектларда молиявий, мулкий ва қиймат ифодасига бўлган бошқа мажбуриятларнинг юзага келишини, шунингдек уларнинг чақирилганлигини белгиловчи ёки тасдиқловчи ҳужжатларда;
хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қиймат ифодасига эга бўлган мулк эгаси ҳуқуқи сотиб олинганлигини ва берилганлигини белгиловчи ва тасдиқловчи, шунингдек бундай ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 7 январда қабул қилинган 7-сон қарорига асосан олтинчи, еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилар билан тўлдирилган)
(II бўлим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги 774-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2021 й., 09/21/774/1198-сон)
III. СОЛИҚ ТЎЛОВЧИНИНГ ИДЕНТИФИКАЦИЯ РАҚАМИ ТУЗИЛИШИ
10. Солиқ тўловчининг идентификация рақами тўққизта рақамли белгидан иборатдир, дастлабки 8 рақам солиқ тўловчининг ўз рақами, охирги рақам эса назорат сонини ташкил этади.
Шундай қилиб, солиқ тўловчининг идентификация рақами тузилиши қуйидагича кўринишга эга бўлади:
Ушбу мақсадларда 20000000Хдан 29999999Хгача бўлган кодлардан фойдаланилиши керак.
Бунда Х-солиқ тўловчининг идентификация рақами сонлари изчиллиги тўғрилигини назорат қилувчи сон, ушбу сон Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида компьютер томонидан солиқ тўловчига идентификация рақами бериш жараёнида муайян алгоритм бўйича шакллантирилади.
Зарурат бўлганда, кодлаштириш тизими имкониятларини кенгайтириш мақсадида қуйидаги кодлар захира қилинган:
00000000Хдан 19999999Хгача;
30000000Хдан 39999999Хгача;
80000000Хдан 99999999Хгача.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги 774-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2021 й., 09/21/774/1198-сон)
11. Кодлаштиришнинг мазкур тузилиши ўзгармас ва универсал ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикасида солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамларини бериш ва уларни қўллаш тизимда фойдаланиши керак.
IV. ЮРИДИК ШАХС БЎЛГАН СОЛИҚ ТЎЛОВЧИНИНГ ИДЕНТИФИКАЦИЯ РАҚАМИ
12. Солиқ тўловчиларга — юридик шахсларга солиқ тўловчининг идентификация рақами Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида улар туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциясида рўйхатдан ўтказиш шаклини тўлдираётганда кўрсатилган солиқ тўловчининг маълумотлари асосида берилади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 7-сон, 89-модда. 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб кучга киради)
13. Юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш у ташкил этилган жой бўйича солиқ инспекцияси томонидан фақат бир марта амалга оширилади.
14. Юридик шахсни солиқ инспекциясида рўйхатдан ўтказиш унинг томонидан ўзи ташкил этилган жойдаги давлат солиқ инспекциясида тўлдирилган рўйхатдан ўтказиш солиқ шакли маълумотлари асосида Давлат солиқ қўмитасида унга идентификация рақами берилгандан ҳамда унга ташкил этилган жой бўйича давлат солиқ инспекциясида солиқ органларида рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилгандан ва идентификация рақами берилгандан кейин тугалланган ҳисобланади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги 774-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2021 й., 09/21/774/1198-сон)
16. Солиқ тўловчи мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳужжатларга ўзининг идентификация рақамини аниқ ва равшан қўйиши шарт.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар ушбу Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳужжатларда идентификация рақамини аниқ ва тушунарли қилиб қайд этишлари шарт.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли қарорига асосан хатбоши билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 7-сон, 89-модда. 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб кучга киради)
(V бўлим Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги 774-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2021 й., 09/21/774/1198-сон)
VI. ИДЕНТИФИКАЦИЯ РАҚАМЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ
23. Солиқ тўловчининг рўйхатдан ўтказиш учун Давлат хизматлари марказларига ўз вақтида келмасликлари, шунингдек, мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган барча ҳужжатларда идентификация рақамининг нотўғри ва ноаниқ кўрсатилиши ҳисобга олиш ҳужжатларини бузиб кўрсатишга тенглаштирилади ва қонунда назарда тутилган тартибда жавобгарликка олиб келади.
(23-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 декабрдаги 774-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2021 й., 09/21/774/1198-сон)
(Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1997 й., 3-сон, 10-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 52-сон, 690-модда; 2017 й., 7-сон, 89-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.10.2018 й., 09/18/823/2046-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.12.2021 й., 09/21/774/1198-сон, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)