toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 19.03.2025
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 19 мартдаги 171-сонли «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2020 йил 29 апрелдаги ПФ-5987-сон ҳамда «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сон фармонлари ижроси юзасидан, шунингдек, халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда адлия органлари ва муассасалари ходимлари, адвокатлар, нотариуслар, юрисконсультлар, патент вакиллари, медиаторлар ҳамда бошқа соҳа мутахассисларини (кейинги ўринларда — юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассислар) қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий тизимини жорий этиш ҳамда Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказининг (кейинги ўринларда — Марказ) юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда ҳудудий филиалларини (кейинги ўринларда — филиаллар) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Қуйидагилар юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимининг устувор вазифалари этиб белгилансин:
касбий эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда кадрлар буюртмачилари ва ходимларига малака ошириш шаклларини мустақил танлаш имкониятини яратиш;
анъанавий малака ошириш билан бир қаторда касбий ўқитишнинг уйғунлашган, иш жараёни билан биргаликда олиб бориладиган шаклларини, шунингдек, кадрлар малакасини оширишнинг белгиланган даврийлигига риоя қилинган ҳолда таълим дастурларини, билим ва кўникмаларни доимий такомиллаштиришдан иборат кредит-модуль механизмини жорий қилиш;
кадрларни узлуксиз касбий ривожлантириш тизими фаолиятини ташкил қилиш, ҳар бир ходимнинг индивидуал траекториялари бўйича малака ошириш жараёнларини мониторинг қилувчи ягона маълумотлар базаси — электрон платформани яратиш ва амалиётга жорий этиш;
таълим жараёнини рақамли технологиялар асосида индивидуаллаштириш, ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланиш даражасини ошириш, замонавий таълим технологияларини қўллаш орқали кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида масофавий таълимни янада такомиллаштириш ва мустақил таълим олиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг меҳнат бозорида ҳуқуқий билимларини ошириш талаб қилинадиган ўзга соҳа мутахассислари малакасини оширишга қаратилган қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш;
адлия органлари ва муассасаларидаги раҳбарлик лавозимларига захирага олинган кадрлар малакасини оширишнинг модуллаштирилган таълим дастурлари асосида махсус курслардан ўтиш амалиётини жорий этиш.
Қайта тайёрлаш ва малака ошириш, шу жумладан, қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш шакллари, кредит-модуль тизими ва масофавий таълим бўйича малака оширишни ташкил этиш, шунингдек, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида қайта тайёрлаш ва малака ошириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
(3-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 345-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон — 2021 йил 2 сентябрдан кучга киради)
4. Белгилансинки:
филиаллар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг юридик техникумлари (кейинги ўринларда — юридик техникумлар) биноларида жойлаштирилади;
филиаллар тузилмаси ва уларнинг низоми Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади;
юридик техникумлар филиаллар фаолият олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш, ўқув-методик жараённи ташкил қилишда ахборот-ресурслари орқали кўмаклашиш учун масъул ҳисобланади;
ўқитиш давомийлиги қайта тайёрлаш курсларида тўрт ой (576 соат)ни, малака ошириш курсларида эса икки ҳафта (72 соат)ни ташкил этади;
Марказда юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган касбий малака талаблари Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади;
Марказ ва унинг филиалларида ўқув машғулотлари ўтказиш учун жалб қилинадиган мутахассислар меҳнатига Марказни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан соатбай ҳақ тўлаш тартиби асосида ҳақ тўланади, бунда Марказга белгиланган миқдорни 200 фоизгача ошириш ҳуқуқи берилади;
Марказга Марказни ривожлантириш жамғармаси маблағларининг ҳамда шартнома асосида ишларни бажариш ва хизмат кўрсатишдан тушадиган бошқа маблағларнинг (уларни амалга ошириш учун харажатларини чегириб ташлаган ҳолда) 80 фоизгача қисмини Марказ ва унинг ҳудудий филиаллари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш тадбирларига йўналтириш ҳуқуқи берилади.
(4-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги 541-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.09.2022 й., 09/22/541/0859-сон)
филиаллар фаолиятини ташкил қилишни молиялаштириш, моддий-техник жиҳатдан таъминлаш ҳамда ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Марказни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
а) икки ой муддатда:
Марказнинг профессор-ўқитувчилари ва бошқа ходимларини белгиланган тартибда аттестациядан ўтказиш орқали юқори малакали, таълим беришнинг замонавий шакл ва услубларини, шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини пухта эгаллаган, илмий салоҳият ва амалий иш тажрибасига эга бўлган, ҳалол, тартиб-интизомли педагог кадрлар билан тўлдирилишини таъминласин.
Бунда педагог ходимлар таркибининг Марказда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиши белгиланган, соҳа йўналишларида юқори амалий иш тажрибасига эга бўлган амалиётчи ходимлар таркибидан танлов асосида шакллантирилишига алоҳида эътибор қаратилсин;
б) уч ой муддатда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адвокатлар палатаси, Нотариал палата ҳамда манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда:
кадрларни узлуксиз касбий ривожлантириш тизими фаолиятини ташкил қилиш ва ҳар бир ходимнинг малака ошириш жараёнларини мониторинг қилувчи ягона маълумотлар базаси — электрон платформани ишлаб чиқсин;
юридик техникумларда филиаллар очилишини ва замон талаблари асосида таъмирланиши ҳамда энг замонавий ўқув-техника воситалари билан жиҳозланишини, хусусан видеоконференцалоқа тизими билан жиҳозланган локал ва ҳудудий аудиториялар тармоғи яратилишини таъминласин;
Марказда малака ошириш курси битирувчиларига электрон сертификатлар бериш амалиётини жорий этиш мақсадида ноёб идентификация рақами ва QR-код ҳамда ҳимоя элементларини назарда тутувчи «Электрон сертификатлар репозиторийси» тизими ва дастурий таъминотини яратиш чораларини кўрсин.
Бу борада белгиланган тадбирлар Марказнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
6. Давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари заруратга қараб, ўз кадрларининг ҳуқуқий билимларини ошириш учун доимий равишда тегишли мутахассисларини Марказга йўналтириб борсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 8 сентябрь,
544-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги 544-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида қайта тайёрлаш ва малака ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида (кейинги ўринларда — Марказ), унинг ҳудудий филиалларида ҳамда буюртмачи ташкилотларда адлия органлари ва муассасалари ходимлари, адвокатлар, нотариуслар, юрисконсультлар, патент вакиллари, медиаторлар ҳамда бошқа соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
қайта тайёрлаш — давлат ва жамият қурилиши соҳасини янада демократлаштириш жараёнлари, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви соҳасида халқаро стандартлар ва талабларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган ўқув дастурлари асосида зарур билим, кўникма ва малакаларни ўзлаштириш орқали янги касбий фаолиятга йўналтиришга қаратилган ўқитиш шакли;
малака ошириш — тегишли ўқув дастурлари талабларидан келиб чиққан ҳолда, юридик соҳага оид билим талаб этиладиган мутахассисларнинг малака ва кўникмаларини мунтазам равишда янгилаб бориш орқали уларнинг касбий маҳорати оширилишини таъминлашга қаратилган ўқитиш шакли;
ўқув дастури — ўқув курсининг таълим мазмунини, унинг тингловчилар томонидан ўзлаштирилишининг мақсадга мувофиқ усулларини ташкил этишни назарда тутадиган, ахборот манбаи бўлган, мутахассисликларнинг касбий малака талаблари, ўқув курсининг асосий мазмуни ва методик тузилишини аниқлаб берувчи асосий ҳужжат;
ўқув режаси — блоклар ва ўқув фанларининг номларини, уларни ўзлаштириш учун ажратилган соатлар ҳажмини ҳамда тингловчиларнинг билимларини назорат қилиш шаклларини белгилаб берувчи асосий ҳужжат;
касбий малака талаблари — тингловчиларнинг умумий билим ва касб тайёргарлиги даражасига қўйиладиган талаблар мажмуи;
педагог маслаҳатчи — таълим жараёнида тегишли ўқув курси (модули) бўйича тингловчилар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва йўналтирувчи, методик ёрдам кўрсатувчи, ўқиш ва билиш назоратини амалга оширувчи субъект;
буюртмачи ташкилот — Марказда кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш истагини билдирган ташкилот.
3. Марказда ташкил этиладиган ўқув курслари (қисқа муддатли курслар бундан мустасно) буюртмачи ташкилотлар билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган ва Марказ директори томонидан тасдиқланадиган ўқув дастурлари асосида амалга оширилади.
4. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиш тингловчининг асосий иш жойидан ажралган ёки ажралмаган ҳолда амалга оширилади.
Марказда ташкил этиладиган курсларда аудитория ўқув юкламасининг энг кўп ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.
5. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқув жараёни, қоидага кўра, 25 нафардан ортиқ бўлмаган тингловчилардан иборат академик гуруҳларда ташкил қилинади.
Бунда аудитория машғулотларининг барча турлари 80 дақиқа давом этади, ўқув машғулотлари оралиғидаги танаффус камида 10 дақиқани ташкил этади.
2-боб. Қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш
6. Қайта тайёрлаш курсларида ўқув жараёни буюртмачи ташкилотлар билан келишилган ҳолда, Марказ томонидан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режаси ва ўқув дастурлари асосида ташкил этилади ҳамда машғулотлар жадвали бўйича олиб борилади.
7. Қайта тайёрлаш курсларида тингловчилар Марказ билан тузилган шартномага мувофиқ, тўлов асосида ўқитилади.
8. Буюртмачи ташкилот қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш учун онлайн тарзда (Марказнинг расмий веб-сайти ёки махсус электрон дастурлар орқали) ёки бевосита Марказга мурожаат қилади.
(8-банб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 ноябрдаги 705-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2021 й., 09/21/705/1082-сон)
9. Қайта тайёрлаш курсларига тингловчилар буюртмачи ташкилотларнинг тақдимномасига асосан Марказ директорининг буйруғи билан қабул қилинади.
10. Қайта тайёрлаш курси тингловчиси томонидан битирув малакавий иши тайёрланиши ва ҳимоя қилиниши лозим.
Тингловчилар битирув малакавий ишлари мавзуларини Марказ директори томонидан тасдиқланадиган битирув малакавий ишлари мавзулари рўйхатида кўрсатилган мавзулардан бирини танлайди. Тингловчи битирув малакавий иши мавзусини ихтиёрий танлаш ҳуқуқига эга.
Тингловчининг битирув малакавий иши мавзусидан келиб чиқиб, унга тегишлилиги бўйича Марказ кафедраларининг профессор-ўқитувчилари ёки малакали амалиёт ходимлари ёхуд бошқа мутахассислар орасидан Марказ директорининг буйруғи билан илмий раҳбар бириктирилади.
Тингловчи битирув малакавий ишини якуний назорат ўтказилишидан камида уч кун олдин илмий раҳбар хулосаси билан бирга Марказда ўқув жараёнини назорат қилувчи бўлимга топширади.
11. Битирув малакавий иши ҳимоясини ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғи билан Адлия вазирлиги, Марказ ва буюртмачи ташкилотнинг етакчи мутахассислари орасидан беш кишидан иборат таркибда якуний имтиҳон ўтказиш бўйича комиссия тузилади.
Якуний имтиҳон ўтказиш бўйича комиссия таркибига олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари ҳам жалб қилиниши мумкин.
12. Битирув малакавий ишлари якуний имтиҳон ўтказиш бўйича комиссияда ҳимоя қилинади. Комиссияга тингловчиларнинг битирув малакавий ишлари Марказнинг ўқув жараёнини назорат қилувчи бўлими томонидан тақдим этилади.
13. Қайта тайёрлаш курслари тингловчилари ўқув режасида белгиланган фанлардан (курслардан) якуний синов имтиҳонини топширадилар ва битирув малакавий ишини ҳимоя қиладилар.
Қайта тайёрлаш курслари тингловчиларининг битирув малакавий ишини ҳимоя қилишига якуний синов имтиҳонини топшириш натижаларига кўра рухсат берилади.
Битирув малакавий ишини расмийлаштириш ва баҳолашга қўйиладиган талаблар Марказ томонидан белгиланади.
14. Қайта тайёрлаш курсини тамомлаган, якуний синов имтиҳонларини муваффақиятли топширган ва битирув малакавий ишини ҳимоя қилган тингловчиларга мазкур Низомга 1-иловада белгиланган намунадаги диплом берилади.
Қайта тайёрлашга иккинчи олий таълимни олиш сифатида қаралмайди. Қайта тайёрлаш натижасида бериладиган ҳужжат (диплом) фақат муайян лавозимда фаолият кўрсатиш ҳуқуқини беради.
3-боб. Малака ошириш курсларини ташкил этиш
15. Малака ошириш курсларида ўқиш вақти ва муддати Марказ билан келишилган ҳолда тайёрланадиган ҳамда тегишлилиги бўйича буюртмачи ташкилотлар томонидан тасдиқланадиган таълим олувчиларнинг малака ошириш курсларидан ўтиш вақти, шакли ва йўналиши кўрсатилган тақсимот-режаларга мувофиқ белгиланади.
16. Тақсимот-режалар ярим йил учун тузилади ва буюртмачи ташкилотлар томонидан ҳар йили июнь ва декабрь ойининг 15 санасига қадар тасдиқланади ҳамда Марказга етказилади.
Тақсимот-режаларда ходимнинг малака ошириш курсларидан ўтиш шакли кўрсатилади.
17. Буюртмачи ташкилотлар тақсимот-режаларга асосан ўқиши белгиланган ходимларини малака ошириш курсларида қатнашишларини таъминлайди.
18. Малака ошириш курсларига тингловчиларни қабул қилиш Марказ директорининг буйруғига асосан ўқув курслари бошланган куннинг ўзида расмийлаштирилади.
Марказ тингловчиларни малака ошириш курсларига ўз вақтида келмаганлиги ёки қатнашмаганлиги ҳақида буюртмачи ташкилотларга хабар беради.
Малака ошириш курсларига узрли сабабларга кўра ўз вақтида келмаган тингловчиларга ўқишнинг тегишли йўналиши бўйича навбатдаги малака ошириш курсларида ўқишга рухсат берилади.
19. Малака ошириш курсларида ўқув жараёни Марказ директори томонидан тасдиқланадиган машғулотлар жадвали бўйича олиб борилади.
20. Малака ошириш жараёнлари қуйидаги шаклларни ўз ичига олади:
Марказ ва унинг филиалларида ўқитиш;
мутахассислик бўйича ходимнинг иш жойида ўқитиш;
кредит-модуль тизими асосида ўқитиш;
масофавий таълим.
21. Марказ ва унинг филиалларида ўқитиш тегишли ихтисослик йўналишлари бўйича ишлаб чиқилган ўқув дастурларини ўзлаштиришдан иборат.
Марказда ва унинг филиалларида ўқитиш 1+3, 2+2 ёки 3+1 схемалари бўйича (тегишли равишда 25, 50 ёки 75 % — мустақил равишда билим орттириш, 75, 50 ёки 25 % — бевосита Марказ ёки унинг филиалларида) масофавий таълим ёки манфаатдор ташкилотлар базасида якка тартибдаги топшириқларни бажариш шаклида ташкил этилиши мумкин.
Ўқитишнинг бундай шакллари ахборот узатишнинг замонавий ахборот-коммуникация воситаларини қўллаш имконияти мавжуд бўлган тақдирда қўлланилади.
22. Мутахассислик бўйича ходимнинг иш жойида ўқитиш тингловчининг ишдан ажралмаган ҳолда хизмат жойига Марказ томонидан мутахассисларни жалб этган ҳолда, тегишли ўқув дастурларини ўзлаштиришдан иборат.
Мутахассислик бўйича ходимнинг иш жойида ўқитиш буюртмачи ташкилотлар билан келишилган ҳолда, Марказ директори томонидан тасдиқланадиган малака оширишнинг якка тартибдаги режаси асосида амалга оширилади.
Малака оширишнинг якка тартибдаги режасида ходим томонидан ўқув дастурида белгиланган мавзуларни (модулларни) мустақил ўзлаштириш тартиби, мутахассисларни жалб қилиш ҳамда якуний синов имтиҳонини топшириш шакли ва муддатлари кўрсатилади.
Ходим томонидан ўқув дастурида белгиланган мавзуларни (модулларни) ўзлаштириш учун кўпи билан бир ой муддат белгиланиши мумкин.
Малака оширишнинг мазкур шакли бўйича ўқув жараёни гуруҳларнинг тўлдирилишига боғлиқ ҳолда тингловчилар сони камида ўн нафар бўлган гуруҳларда ташкил этилади.
23. Кредит-модуль тизими асосида малака ошириш тегишли ўқув дастурини мустақил ўзлаштиришни ўз ичига олади.
Кредит-модуль тизими бўйича малака ошириш мутахассис кадрлар малакасини оширишнинг белгиланган даврийлигига риоя қилинган ҳолда ўқув дастури модулларини узлуксиз, мустақил равишда ўзлаштириб боришни назарда тутади.
Марказ директори ўқув дастурининг ҳар бир модули бўйича модуль раҳбарини, яъни алоҳида модулни ўқитишнинг сифати, ўқув материалини шакллантириш, шунингдек, барча турдаги назорат саволларини тузиш, тингловчилар билимини текширишда ягона стандартларни таъминлашга масъул бўлган педагог ходимни белгилайди. Модуллар бўйича тингловчилар билимини йил давомида баҳолаб бориш назорат жадваллари ва баҳолаш мезонлари асосида амалга оширилади.
Модулнинг ўқув дастури мазмунини ўзлаштириш кредитни — тингловчиларнинг ўқув юклама ҳажмини аниқлашнинг шартли бирлигини қўллаган ҳолда белгиланади. Кредит тингловчи томонидан тегишли ўқув ишларини (модул хусусияти ва мутахассисларнинг малака ва кўникмаларини мунтазам равишда янгилаб бориш учун ўқув ишларининг муҳимлигидан келиб чиқиб Марказ томонидан белгиланадиган) бажаришга кетадиган вақтдан (соатлардан) ташкил топади. Ҳар бир модуль мустақил кредит ҳисобига эга бўлади.
Ўқув курслари бўйича бир кредит таркиби ва ўқиш даврини тамомлаш учун тингловчи томонидан тўпланиши лозим бўлган кредитларнинг умумий сони ҳамда мазкур шакл бўйича малака оширишнинг тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.
24. Кредит-модуль тизими бўйича малака оширишда тегишли кредит балларни йиғиш учун қуйидагилар ҳам ҳисобга олинади:
жорий даврда илмий мақолалар чоп этиш, монография, дарслик ва ўқув қўлланма нашр эттириш;
малака оширишнинг белгиланган даврийлиги давомида фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражаларига эга бўлиш.
Ходим мос равишда фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга бўлганда, малака ошириш учун белгиланган умумий кредит баллни тўплашдан озод қилиниб, тўғридан-тўғри якуний синов имтиҳонини топширишга рухсат берилади, фан доктори (DSc) илмий даражасига эга бўлганда эса, ходим беш йил муддатга малака ошириш курсларини ўтишдан озод қилинади.
Кредит-модуль тизими бўйича малака ошириш учун жалб қилинган ходим сўнгги уч йилдаги маълумотлар электрон портфолио тизимига шахсан ўзи томонидан киритилади ва кўрсаткичлар электрон мониторинг тизими орқали қайд этиб борилади.
25. Масофавий таълим тегишли соҳа мутахассисларининг касбий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва масофадан ўқитишни амалга оширишга мўлжалланган махсус таълим дастурлари орқали онлайн ҳамда офлайн тарзда амалга оширилади.
26. Малака ошириш курслари ўқув дастурига мувофиқ белгиланган мавзулар (модуллар) бўйича якуний суҳбат имтиҳонини топшириш билан якунланади.
27. Малака ошириш курси бўйича якуний суҳбат имтиҳонидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга ушбу Низомга 2-иловада белгиланган намунадаги сертификат берилади. Малака ошириш сертификати электрон шаклда ҳам расмийлаштирилиши мумкин.
Синов имтиҳонини топширмаган (суҳбатдан ўтмаган) тингловчига сертификат берилмайди. Бу ҳолда тингловчига малака ошириш курсида қатнашганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.
28. Марказ давлат бошқаруви органи, хўжалик бирлашмаси ва бошқа ташкилотлар ўзга соҳа мутахассисларининг ҳуқуқий билимларини ва уларнинг касбий маҳоратини оширишга кўмаклашиш мақсадида қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этиши мумкин.
29. Қисқа муддатли малака ошириш курслари Марказ томонидан мустақил равишда ёки буюртмачи ташкилотлар билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган ўқув дастурларига мувофиқ ихтиёрий ташкил этилади.
Бунда ўқув курсларининг давомийлиги, ўқув юкламасининг ҳажми, ўқитиш шакллари ҳамда ўқув курслари якунлари бўйича қабул қилинадиган синов Марказ томонидан буюртмачи ташкилотлар билан келишилган ҳолда белгиланади.
Марказ ўқитиш йўналишлари бўйича буюртмачи ташкилотлар билан ҳамкорликда қисқа муддатли малака ошириш курсларининг тингловчилар гуруҳини шакллантиради. Тингловчиларни ўқув курсларига қабул қилиш буюртмачи ташкилотлар ёки ходим (фуқаро) томонидан тўғридан-тўғри билдирган таклифлар асосида Марказ директорининг буйруғи билан амалга оширилади.
Қисқа муддатли малака ошириш курсларида ўқиш пулли шартнома асосида ташкил этилади.
30. Қисқа муддатли ўқув курсларида ўқиган тингловчиларга ўқув курсининг номи ва ҳажми кўрсатилган ҳолда, малака ошириш курсларини якунлаганлик учун тақдим этиладиган намунадаги сертификат расмийлаштирилади.
4-боб. Масофавий таълимни ташкил этиш
31. Масофавий таълимнинг давомийлиги Марказда ўқишнинг тегишли курси академик соатларида белгиланади, бунда календарь муддатлари академик муддатлардан ортиқ бўлиши мумкин.
32. Онлайн шаклидаги масофадан ўқитиш усули тингловчи ва профессор-ўқитувчилар ўртасида ўзаро алоқани таъминлаш учун махсус жиҳозланган ўқув хоналарида реал вақт режимида амалга оширилади.
Ходимларнинг масофавий таълим олиш учун белгиланган ўқиш жойларига етиб келиши буюртмачи ташкилотлар томонидан таъминланади.
33. Масофавий таълим курслари бошланишидан уч кун олдин тингловчиларга Марказ томонидан электрон логин ва пароль берилади.
34. Тингловчилар ўзига берилган логин ва пароль ёрдамида Марказнинг расмий веб-сайтидаги «Масофавий курслар» бўлимига киради ва унда ўзининг шахсий кабинетига эга бўлади.
35. Тингловчига берилган логин ва паролни ҳамда шахсий кабинетини бошқа шахсларга фойдаланиш учун бериш тақиқланади.
36. Масофавий таълим давомида тингловчилар курсларни ташкил этиш ва ўтказиш режасига, ўқиш давомийлиги (келишув асосида)га амал қилиши, шунингдек онлайн ва оффлайн режимидаги таълим жараёнида шахсан ўзи иштирок этиши талаб этилади.
37. Масофавий таълим шакли бўйича ўқитиш жараёнида тингловчилар фаолияти, таълим жараёнини мувофиқлаштириш ва йўналтириш Марказ директорининг буйруғи билан бириктириладиган педагог маслаҳатчи томонидан амалга оширилади.
38. Тингловчилар билан доимий алоқа боғлаш, тингловчиларга зарур методик ёрдам бериш, якка тартибдаги машғулотни бажариш юзасидан назоратни амалга ошириш ва тингловчилар билимларини баҳолаш педагог маслаҳатчининг вазифаларига киради. Педагог маслаҳатчи якка тартибдаги топшириқнинг тингловчи томонидан бажарилиши холисона баҳоланиши учун жавоб беради.
Педагог маслаҳатчи билан алоқа электрон почта, телефон ва бошқа электрон алоқа воситалари ёрдамида амалга оширилади. Шунингдек, педагог маслаҳатчи билан алоқа сессиялар (бевосита юзма-юз мулоқот) тарзида ҳам амалга оширилиши мумкин.
39. Масофавий таълим курслари бўйича якуний синов имтиҳони (суҳбат) оффлайн шаклида тест топшириқларини бажариш ёки онлайн шаклида реал вақт режимида ташкил этилиши мумкин.
Якуний синов имтиҳонини (суҳбатни) қабул қилиш шакли Марказ директорининг буйруғида кўрсатилади.
5-боб. Тингловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
40. Тингловчилар ўқув машғулотлари бошлашидан олдин Марказнинг ички тартиб-қоидалари билан таништирилади.
41. Тингловчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўқув дастурида назарда тутилган билимларни эгаллаш;
ўқув жараёнини янада яхшилаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича Марказ раҳбариятига таклифлар киритиш;
маънавий-маърифий ва маданий тадбирларда қатнашиш;
қайта тайёрлаш ва малака ошириш билан боғлиқ бўлган қўшимча маълумотлар ва маслаҳатлар олиш;
Марказнинг ахборот-ресурс маркази, ўқув хоналари ва компьютер техника воситаларидан фойдаланиш;
Марказ ходимлари хатти-ҳаракатлари юзасидан шикоят қилиш.
Тингловчилар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.
(41-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
42. Тингловчилар:
таълим дастурлари талабларини бажариши;
ўқув машғулотларига ўз вақтида қатнашиши;
ўқув дастурларида назарда тутилган имтиҳон, тест ва якуний синовни (имтиҳонларни) топшириши (суҳбатдан ўтиши);
ўз назарий билимларини, касбий кўникмалари ва маҳорат даражасини ошириши;
ўқув жараёнида берилган топшириқларни ўз вақтида бажариши;
Марказга тегишли бўлган мулкларни асраб-авайлаш, Марказ ички тартиб-қоидаларга қатъий риоя этишлари лозим.
Тингловчилар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлишлари мумкин.
(42-банднинг саккизинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
43. Тингловчи қуйидаги ҳолатларда тингловчилар сафидан чиқарилади:
ўз хоҳишига биноан;
ўқув интизоми ва Марказнинг ички тартиб-қоидаларини мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда;
ўқув машғулотларини узрли сабабларсиз ўн олти академик соатдан ортиқ қолдирганда;
тингловчига берилган логин ва паролни ҳамда шахсий кабинетини бошқа шахсларга фойдаланиш учун берганлиги аниқланганда;
шартнома асосида ўқитиш билан боғлиқ мажбуриятларни бажармаганда;
саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
суд томонидан озодликдан маҳрум этилганда;
вафот этганда.
44. Тингловчи қайта тайёрлаш ёки малака ошириш курси тингловчилари сафидан чиқарилганда, Марказ бу ҳақда уни ўқишга юборган буюртмачига хабар беради.
6-боб. Якунловчи қоидалар
45. Диплом ёки сертификатларни йўқотган ёки фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарган шахсларга ёхуд диплом ёки сертификат яроқсиз ҳолга келган, бузилган ҳолларда қайта тайёрлаш дипломи ёки малака сертификатининг дубликати (кейинги ўринларда — дубликат) берилади. Бунда ушбу шахслар Марказ директорига диплом ёки сертификат йўқотиш, бузилиш ёхуд фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгариш ҳолати тўлиқ баён этилган ёзма ариза беради.
Диплом йўқотилган ҳолларда, аризага ҳужжат йўқолганлиги тўғрисида газетада чоп этилган эълон илова қилинади (эълонда йўқолган дипломнинг берилган йили, серияси ва тартиб рақами кўрсатилиши шарт).
(45-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 июлдаги ПФ-6269-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.07.2021 й., 06/21/6269/0704-сон)
46. Дубликат мурожаат қилинган санадан бошлаб ўн беш кун муддат мобайнида берилади.
47. Дубликатда ҳужжатларнинг аввалги қайд этилган рақами, серияси, берилган санаси кўрсатилади, янги бланканинг юқоридаги ўнг бурчагига «Дубликат» сўзи ёзилади.
48. Яроқсиз ҳолатга келган, бузилган ва фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгартилган диплом (сертификат) Марказга қайтарилиши ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда йўқ қилиниши лозим.
(48-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
49. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
(49-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
50. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
(50-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида қайта тайёрлаш ва малака ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Қайта тайёрлаш ҳақида давлат намунасидаги диплом
ШАКЛИ
Қайта тайёрлаш ҳақида давлат намунасидаги дипломнинг
ТАВСИФИ
Қайта тайёрлаш тўғрисидаги диплом А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида, беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун — қора рангда, расмлар тасвири учун — яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун — оч пушти рангда босиб чиқарилади.
Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда, эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Давлат герби, паст қисмида эса — 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.
Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида «OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI» ва «Qayta tayyorlash haqida DIPLOM» сўзлари босилади. Диплом икки лотин ҳарфи — QТ ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч пушти ранг фонда босиб чиқарилади.
Диплом:
босиб чиқаришнинг икки усули — офсет ва юқори усули;
ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;
нақшли растр;
ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;
махсус қоғозлар;
ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказида қайта тайёрлаш ва малака ошириш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
Малака ошириш ҳақида давлат намунасидаги сертификат
ШАКЛИ
Малака ошириш ҳақида давлат намунасидаги сертификат
ТАВСИФИ
Малака ошириш тўғрисидаги сертификат А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида, беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун — қора рангда, расмлар тасвири учун — яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун — оч кул рангда босиб чиқарилади.
Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда, эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Давлат герби, паст қисмида эса — 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.
Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида «OʻZBEKISTON RESPUBLIKASI» ва «Malaka oshirish haqida SERTIFIKAT» сўзлари босилади. Сертификат икки лотин ҳарфи — MO ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч кул ранг фонда босиб чиқарилади.
Сертификат:
босиб чиқаришнинг икки усули — офсет ва юқори усули;
ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;
нақшли растр;
ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;
махсус қоғозлар;
ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 345-сонли қарорига асосан 2021 йил 2 сентябрдан ўз кучини йўқотади таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги 544-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 22 ноябрдаги 244-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2007 й., 11-сон, 65-модда) билан тасдиқланган Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 35-бандида:
учинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
тўртинчи ва бешинчи хатбошилар тегишли равишда учинчи ва тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 июндаги 531-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказининг уставида:
а) 2-банддаги «Марказ адлия органлари ҳамда адвокатура ходимларини» сўзлари «Марказ адлия органлари ва муассасалари, адвокатлар, нотариуслар, ФҲДЁ органлари ходимларини» сўзлари билан алмаштирилсин;
б) 8-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«8. Адлия органлари ва муассасалари, адвокатлар, нотариуслар, ФҲДЁ органлари ва давлат бошқаруви органлари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, бошқа ташкилотларнинг юридик хизмати ходимлари (юрисконсультлари) ҳамда хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг ўзга соҳа мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш Марказ фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади»;
қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши қўшилсин:
«Марказ филиаллари»;
иккинчи — саккизинчи хатбошилар тегишли равишда учинчи — тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
г) 16-банднинг иккинчи хатбошидаги «Марказ кафедралари,» сўзлари «Марказ кафедралари ва филиаллари» сўзлари билан алмаштирилсин;
олтинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
еттинчи — ўнинчи хатбошилар тегишли равишда олтинчи — тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
саккизинчи хатбоши чиқариб ташлансин;
тўққизинчи хатбоши саккизинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
е) 25-банддаги «давлат талаблари» сўзлари «давлат таълим талаблари» сўзлари билан алмаштирилсин;
ж) 26-банддаги «давлат талабларига» сўзлари «давлат таълим талабларига» сўзлари билан алмаштирилсин;
з) 27-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;
и) 28-банднинг биринчи хатбошидаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси» сўзлари «буюртмачи ташкилотлар» сўзлари билан алмаштирилсин;
к) 30-банднинг учинчи хатбошидаги «адвокатлар палатасининг ходими,» сўзлари «Адвокатлар палатаси, Нотариал палатанинг ходимлари, бошқа буюртмачи ташкилотлар ҳамда» сўзлари билан алмаштирилсин;
иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, тингловчиларни ўқитиш харажатлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар учун ҳақ миқдорини мустақил белгилайди;
қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«Марказ ва буюртмачи ташкилотлар, адвокатлар ва бошқа тоифадаги тингловчилар билан тўловни амалга ошириш тўғрисидаги тўлов-шартномалар электрон шаклда тузилади ва ваколатли шахснинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади».
3. Вазиpлаp Маҳкамасининг 2020 йил 24 мартдаги 180-сон қарори билан тасдиқланган Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларини қайта тайёрлаш, малакаси ва ҳуқуқий билимини ошириш тартиби тўғрисидаги низомда:
а) 6-бандга қуйидаги мазмундаги хатбошилар қўшилсин:
«Қайта тайёрлаш жараёнлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
давлат муассасаларида ўқитиш;
масофавий таълим.
Давлат муассасаларида ўқитиш 1+3, 2+2 ёки 3+1 схемалари бўйича (тегишли равишда 25, 50 ёки 75% — мустақил равишда билим орттириш, 75, 50 ёки 25% — бевосита давлат муассасаларида) масофадан қайта тайёрлаш ёки манфаатдор ташкилотлар базасида якка тартибдаги топшириқларни бажариш шаклида ташкил этилиши мумкин.
Ўқитишнинг бундай шакллари ахборот узатишнинг замонавий ахборот-коммуникация воситалари мавжуд бўлган тақдирда қўлланилади.
Масофавий таълим тегишли соҳа мутахассисларининг касбий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва масофадан ўқитишни амалга оширишга мўлжалланган махсус таълим дастурлари орқали онлайн ҳамда офлайн тарзда амалга оширилади»;
б) 17-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«17. Талабгор тегишли давлат муассасасига онлайн тарзда ёки бевосита қуйидаги ҳужжатларни топширади:
давлат муассасаси раҳбари номига ариза (аризада талабгорнинг муассасада таълим бериладиган тиллардан бирида таълим олиш ва имтиҳон топшириш ҳоҳлаши кўрсатилади);
паспорт нусхаси (паспортнинг асл нусхаси ҳужжат топширишда кўрсатилади);
маълумоти тўғрисидаги диплом нусхаси;
3,5х4,5 ҳажмдаги икки дона фотосурат;
нодавлат суд-экспертиза ташкилоти номидан тавсиянома (агар шахс нодавлат суд экспертиза ташкилотида фаолият кўрсатаётган бўлса);
меҳнат дафтарчасининг иш жойида тасдиқланган нусхаси ёхуд ундан кўчирма ёки экспертлик фаолияти ва турини тасдиқловчи бошқа ҳужжат.
Бунда ҳужжатларни онлайн тарзда топшириш давлат муассасасининг расмий веб-сайтида амалга оширилади»;
в) 22-банднинг учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Шартнома тузган талабгорлар сонидан келиб чиқиб, қоида тариқасида ўн нафардан йигирма нафаргача тингловчидан иборат академик гуруҳлар шакллантирилади»;
г) 22-бандга қуйидаги мазмундаги хатбошилар қўшилсин:
«Ўқув жараёнини ташкил этиш учун зарур миқдордаги харажатларни тўлиқ қоплаш тўғрисида қўшимча тўловларни амалга ошириш бўйича талабгорлар билан келишувга эришилган ҳолатларда, талабгорлар сони 10 (ўн) нафарга етмаса ҳам қайта тайёрлаш гуруҳлари шакллантирилиши мумкин.
Масофадан ўқитиш усуллари асосидаги курсларда тингловчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари онлайн шаклида қайд этиб борилади ва курсларни тўлиқ ўзлаштирган тингловчиларга бевосита қайта тайёрлаш, малака ва ҳуқуқий билимни ошириш бўйича таълим муассасаларида ўтказиладиган онлайн тест синовларида иштирок этишга рухсат берилади.
Электрон портфолио кўрсаткичлари ва онлайн тест синовлари натижалари асосида тингловчиларга малакавий ишини (рефератни) ҳимоя қилишга рухсат берилади»;
д) 26-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«Ўқув курсининг ҳар бир модуль ёки бўлим якунида тингловчи танланган мавзу бўйича малакавий ишини (рефератни) ҳимоя қилади ва малакавий иши (реферат) ҳажми, ҳимоя қилиш, тақриздан ўтказиш тартиби ўқув дастурида белгиланади»;
е) 30-бандга қуйидаги мазмундаги хатбошилар қўшилсин:
«Тингловчилар, шунингдек, қайта тайёрлаш курсларини ўтмасдан якуний имтиҳон топширадиган талабгорлар икки босқичда — тест (қоғоз ёки электрон) ҳамда суҳбат шаклида имтиҳон топширадилар.
Тест саволлари билан танишиб чиқиш, жавобни танлаш ва имтиҳон тестини тўлдириш учун 40 (қирқ) дақиқадан кўп бўлмаган вақт белгиланади.
Жорий, оралиқ назорат ва якуний аттестация (имтиҳон) ўтказиш жараёнида талабгорга (тингловчига) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан, махсус адабиётлардан, алоқа воситаларидан, шунингдек, бошқа манбаалардан фойдаланиш, бошқа талабгорлар (тингловчилар) билан гаплашиш тақиқланади»;
ж) 41-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«41. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари (кейинги ўринларда — Талаблар) суд экспертларининг қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув дастурлари, таълим сифатини баҳолаш ва назорат қилиш бўйича ҳужжатларни давлат муассасаси томонидан ишлаб чиқиш учун асос ҳисобланади.
Суд экспертларини қайта тайёрлаш, уларнинг малака ва ҳуқуқий билимини ошириш курслари бўйича ўқув жараёнини ташкил этиш, амалиёт ўташ, натижаларини баҳолаш ва назорат қилиш тартиблари давлат муассасаларининг коллегиал органи томонидан белгиланади»;
з) 54-бандга қуйидаги мазмундаги хатбошилар қўшилсин:
«Суд экспертларининг малакасини ва ҳуқуқий билимини ошириш жараёнлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
Давлат муассасаларида ўқитиш;
масофавий таълим.
Давлат муассасаларида ўқитиш 1+3, 2+2 ёки 3+1 схемалари бўйича (тегишли равишда 25, 50 ёки 75% — яшаш жойи бўйича мустақил равишда билим орттириш, 75, 50 ёки 25% — бевосита давлат муассасаларида) масофадан малака ошириш ёки манфаатдор ташкилотлар базасида якка тартибдаги топшириқларни бажариш шаклида ташкил этилиши мумкин.
Ўқитишнинг бундай шакллари ахборот узатишнинг замонавий ахборот-коммуникация воситалари мавжуд бўлган тақдирда қўлланилади.
Масофавий таълим тегишли соҳа мутахассисларининг касбий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва масофадан ўқитишни амалга оширишга мўлжалланган махсус таълим дастурлари орқали онлайн ҳамда офлайн тарзда амалга оширилади».
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.09.2020 й., 09/20/544/1265-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.06.2021 й., 09/21/345/0522-сон, 24.07.2021 й., 06/21/6269/0704-сон, 23.11.2021 й., 09/21/705/1082-сон;05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 29.09.2022 й., 09/22/541/0859-сон)