toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббиёт ташкилотларини молиялаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 2 августдаги ПҚ-4412-сон қарори ижросини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларини молиялаштириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан жон бошига ва «ҳар бир даволанган ҳолат учун» молиялаштириш механизми тажриба-синов тарзида жорий этиладиган Сирдарё вилояти тиббиёт ташкилотларининг рўйхати 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларини «ҳар бир даволанган ҳолат учун» Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан жон бошига молиялаштириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тузилмасида Сирдарё вилояти «соғлиқни сақлаш» тизимидаги муассасаларнинг штатлари доирасида 7 кишидан иборат тиббий хизматлар бўйича давлат харидлари тўғрисидаги шартномаларни тузиш ва бажарилган ишларни қабул қилиш бўлимини ташкил этсин;
молиялаштиришнинг янги механизмларига ўтаётган тиббиёт ташкилотлари учун cтационар ва амбулатор шароитда беморларни даволаш харажатларини алоҳида ҳисобга олиш мақсадида мавжуд электрон бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот дастурларини такомиллаштириш чораларини кўрсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқланган тиббий ёрдам сифати стандартларига мувофиқ ордерлар ва йўлланмалар бериш, тиббий ёрдам кўрсатиш тўғрилиги устидан назоратни, шунингдек, молиялаштиришнинг янги механизмини жорий этиш бўйича тажриба-синов ўтказиш натижаларининг тизимли мониторинги ва таҳлилини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан биргаликда 2020 йил 1 декабргача бўлган муддатда тажрибани амалга оширишнинг оралиқ якунлари бўйича ахборотни, шунингдек, тажриба-синов натижаларига кўра амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шадманов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2020 йил 10 январь,
19-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 январдаги 19-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан жон бошига ва «ҳар бир даволанган ҳолат учун» молиялаштириш механизми тажриба-синов тарзида жорий этиладиган Сирдарё вилояти тиббиёт ташкилотларининг
РЎЙХАТИ

Т/р

Тиббиёт ташкилоти номи

2020 йил 1 апрелдан

1.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази

2.

Вилоят кўз диспансери

3.

Вилоят наркология диспансери

4.

Вилоят кардиология диспансери

5.

Вилоят тери-таносил диспансери

6.

Вилоят ўсма касалликлар диспансери

7.

Вилоят эндокринология диспансери

8.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси

2020 йил 1 июлдан

1.

Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси

2.

Ширин шаҳар тиббиёт бирлашмаси

3.

Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмаси

4.

Боёвут туман тиббиёт бирлашмаси

5.

Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси

6.

Мирзаобод туман тиббиёт бирлашмаси

7.

Оқ олтин туман тиббиёт бирлашмаси

8.

Сардоба туман тиббиёт бирлашмаси

9.

Сайхунобод туман тиббиёт бирлашмаси

10.

Сирдарё туман тиббиёт бирлашмаси

11.

Ховос туман тиббиёт бирлашмаси

12.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази

13.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё филиали

14.

Вилоят перинатал маркази

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 январдаги 19-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларини «ҳар бир даволанган ҳолат учун» Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби тўғрисидаги
ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу вақтинчалик низом (кейинги ўринларда Низом деб аталади) Сирдарё вилоятининг тиббиёт ташкилотларини Сирдарё вилояти молия бошқармаси, Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси (кейинги ўринларда ваколатли органлар деб аталади) ва тиббиёт ташкилоти ўртасида давлат харидлари тўғрисидаги шартнома (кейинги ўринларда шартнома деб аталади) тузиш орқали клиник-харажат гуруҳлари асосида ҳар бир даволанган ҳолат учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низом «ҳар бир даволанган ҳолат учун» молиялаштириш тизимига тажриба-синов тарзида ўтаётган Сирдарё вилоятининг тиббиёт ташкилотларига нисбатан қўлланилади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ҳар бир даволанган ҳолат — клиник хизмат кўрсатиш якунланган ҳолат бўлиб, мижозга ташҳис қўйиш ва даволашнинг тасдиқланган баённомаларига мувофиқ тиббиёт ташкилотида бўлган вақтда кўрсатилган тиббий хизматларни ўз ичига олади ёки мазкур босқичда тиббий хизмат кўрсатишнинг муайян якуний натижасига эришилиши туфайли хизмат кўрсатишнинг якунланиши;
клиник-харажат гуруҳлари (КХГ) — бир хил ва ўхшаш клиник вазиятлар бўйича нисбатан тенг ресурс сарфлайдиган ва қийматга эга бўлган тиббий хизматлар тўплами;
ҳар бир даволанган ҳолат учун базавий тариф — мижозга тиббий хизмат кўрсатиш учун базавий харажатларнинг меъёри бўлиб, КХГ асосида бир даволанган ҳолат учун хизматлар қиймати ҳисоб-китобидан келиб чиқиб белгиланади;
давлат харидлари тўғрисидаги шартнома — мижозга тиббий хизмат кўрсатиш учун ваколатли органлар (давлат буюртмачиси) ва тиббиёт ташкилотлари (давлат харидлари ижрочиси) ўртасида Давлат бюджети ва/ёки давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари маблағлари ҳисобига тузиладиган битим;
мураккаблик индекси — КХГ бўйича ҳар бир даволанган ҳолат учун ўрта ҳисобдаги базавий тариф қийматидан оғишиш коэффициенти бўлиб, тиббий хизмат кўрсатиш усулига ва уни кўрсатишга сарфланадиган харажатларга боғлиқ бўлади;
тиббий-иқтисодий экспертиза — тиббиёт ташкилоти томонидан тўловга тақдим этилган ҳисобварақлардаги кўрсатилган тиббий хизматлар ҳажмининг асослилигини эксперт баҳолаш.
2-боб. Молиялаштиришнинг прогноз ҳажмини аниқлаш ва шартномаларни тузиш тартиби
4. Молия йилида тиббиёт ташкилотига бир шартнома доирасида ажратилган маблағлар ҳажмини ҳисоб-китоб қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 1 февралгача қуйидагиларни тасдиқлайди:
ҳар бир даволанган ҳолат учун базавий тариф ва мураккаблик индекслари;
стационар тиббий ёрдам олиши режалаштирилган мижозлар сони.
5. «Ҳар бир даволанган ҳолат учун» базавий тарифни ва мураккаблик индексини ҳисоб-китоб қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.
6. Тиббиёт ташкилоти билан «ҳар бир даволанган ҳолат учун» шартнома Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тегишли тиббиёт ташкилотлари учун ажратилган маблағлар доирасида тузилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Ваколатли органлар ва тиббиёт ташкилоти ўртасида «ҳар бир даволанган ҳолат учун» бўйича кўрсатилган хизматлар ҳақи ўзаро тузилган шартномага мувофиқ тўланади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 ноябрдаги 705-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2021 й., 09/21/705/1082-сон)
8. Соғлиқни сақлашни бошқариш органлари молия органлари билан биргаликда тиббиёт ташкилотлари бюджетларини ҳисоблаб чиқади, шартномалар лойиҳаларини тайёрлайди ва улар билан шартнома имзолангандан кейин уч кун ичида тиббиёт ташкилотларига етказади.
9. Молия йилида шартномага мувофиқ даволанган ҳолатлар ҳақини тўлаш учун маблағлар ҳажми қуйидаги формула бўйича аниқланади:
МҲ = N х БТ, бунда,
МҲ — муайян молия йили учун шартнома бўйича маблағлар ҳажми;
N — молия йилидаги барча режалаштирилган даволанган ҳолатлар сони;
БТ — ҳар бир даволанган ҳолат учун тасдиқланган базавий тариф. Бунда базавий тариф тиббиёт ташкилотини сақлаб туриш учун зарур бўлган маблағлардан шакллантирилади. Асосий воситаларни харид қилиш, капитал қурилиш ва таъмирлаш харажатлари базавий тариф таркибига кирмайди.
10. Тиббиёт ташкилотининг даромадлари ва харажатлари сметалари ваколатли органлар билан тузилган шартномада кўрсатилган маблағ ва бошқа даромадлар кўзда тутилган ҳолда тузилади.
11. Тиббиёт ташкилотлари ажратилган бюджет маблағлари ва ўз даромадлари доирасида мустақил равишда:
келгуси йил учун даромадлар ва харажатлар сметасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
муассаса ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
кутилаётган даромадлар доирасида ходимлар сонини мустақил белгилайди, такомиллаштирилган тариф сеткаси бўйича базавий лавозим маошларидан, шунингдек, устама ва қўшимчалардан келиб чиққан ҳолда штат жадвалини тасдиқлайди.
12. «Ҳар бир даволанган ҳолат учун» молиялаштириш тизимига тажриба-синов тарзида ўтаётган Сирдарё вилоятининг тиббиёт ташкилотлари учун амалдаги намунавий штат нормативлари тавсиявий хусусиятга эга.
3-боб. Кўрсатилган тиббий хизматлар учун тиббиёт ташкилотлари харажатларини тўлаш тартиби
13. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари хисобидан тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилган хизматларга ҳақ тўлаш ваколатли органлар билан тузилган шартномада назарда тутилган маблағнинг 1/12 қисмини қуйидаги кетма-кетликда харажатлар моддаларига бўлмаган ҳолда алоҳида сатр билан амалга оширилади:
ҳар ойнинг 5 санасигача бўлган муддатда режалаштирилган маблағнинг 70 фоизи миқдорида тиббиёт ташкилотининг харажатларини қоплаш учун олдиндан тўлов;
қолган 30 фоиз маблағ кейинги ойнинг 15 санасигача шартнома шартларига кўра бажарилган дастлабки ҳисобот ҳужжатлари асосида амалга оширилади.
14. Тиббиёт ташкилотлари ҳар чоракда аввалги чорак учун дастлабки ҳисоб ҳужжатлари асосида тиббий ёрдам кўрсатилиши бўйича беморлар реестрини шаклантиради, ўзаро ҳисоб-китобларни якунлаш учун шакллантирилган ҳужжатлар асосида таққослама далолатнома тузади, улар тиббий хизматлар ҳақини тўлаш учун ҳисобварақ-фактура билан бирга ҳисобот давридан кейинги ойнинг 10 санасигача ваколатли органларга тақдим этилади.
15. Тиббиёт ташкилотлари томонидан шартномада белгиланган мажбуриятларнинг тўлиқ бажарилмаслиги натижасида олдиндан тўлов сифатида тўланган маблағ кейинги хисобот чорагида назарда тутилган маблағ хисобидан камайтириш орқали ушлаб қолинади.
Бунда шартномада белгиланган муддатдаги ҳажмдан ортиқ кўрсатилган хизматлар учун тўловни тўлашга шартнома доирасида аввалги даврда бажарилмаган ҳажмлар ҳисобига йўл қўйилади.
16. Тиббиёт ташкилоти томонидан шартнома бўйича қабул қилинган мажбуриятлар тўлиқ ҳажмда бажарилганда, ҳисобот даври якунида шахсий ғазна ҳисобварағида қолган бюджет маблағлари бюджетга қайтарилмайди. Ушбу маблағлар тиббиёт ташкилотини ривожлантириш ва ходимларни рағбатлантириш учун ишлатилади.
17. Шартномада кўрсатилган тиббий хизматларнинг ҳажми ва қиймати ёки бошқа омилларнинг таъсири натижасида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тарафларнинг келишувига асосан амалга оширилади.
4-боб. Тиббий-иқтисодий экспертиза
18. Тиббий иқтисодий ҳужжатларнинг тўғри шакллантирилганлигини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тиббий-иқтисодий экспертизадан ўтказиш орқали амалга оширилади.
19. Тиббий-иқтисодий экспертиза қуйидаги параметрлар бўйича бирламчи тиббий ҳужжатлар асосида ҳар чоракда ўтказилади:
даволанган беморлар реестрининг тўғри тўлдирилганлиги;
мижозни тиббиёт ташкилотига жойлаштиришнинг асослилиги;
мижозни даволашда ташҳис қўйиш ва даволаш сифати стандартларига риоя этилганлиги;
тиббий хизматлар ҳақини тўлаш учун тақдим этилган ҳисобварақ-фактурадаги суммаларнинг даволанган беморлар реестридаги суммаларга мувофиқлиги.
20. Тиббий ёрдам кўрсатишда ташҳис қўйиш ва даволаш сифатига доир белгиланган стандартларга мос келмаган ҳолатлар аниқланган тақдирда, тиббий-иқтисодий экспертиза натижалари белгиланган тартибда расмийлаштирилади ва ваколатли шахслар томонидан имзоланади.
21. Тиббий-иқтисодий экспертиза натижаларига кўра тиббий хизмат ҳажмларини сунъий ошириб кўрсатиш ҳолатлари аниқланганда, ортиқча тўланган маблағлар кейинги тўловларда ушлаб қолинади.
22. Тиббий-иқтисодий экспертиза ҳужжатларининг ҳаққонийлиги устидан назорат ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
23. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлиги «ҳар бир даволанган ҳолат учун» молиялаштириш тизимига тажриба-синов тарзида ўтаётган Сирдарё вилоятининг тиббиёт ташкилотлари фаолиятида вужудга келадиган масалаларни ўзаро ҳамкорликда тартибга солиш ваколатига эга.
Олдинги таҳрирга қаранг.
24. Ушбу Низом талабларига риоя қилмаганлиги учун мансабдор шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
(24-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 ноябрдаги 705-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2021 й., 09/21/705/1082-сон)
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 январдаги 19-сон қарорига
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан жон бошига молиялаштириш тартиби тўғрисидаги
ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Вақтинчалик низом (кейинги ўринларда Низом деб аталади) Сирдарё вилоятидаги қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникалари, шунингдек, марказий кўп тармоқли поликлиникаларни (кейинги ўринларда бирламчи бўғин муассасалари деб аталади) бир киши ҳисобига харажатлар нормативидан келиб чиқиб, шартномалар асосида молиялаштириш тартибини белгилайди.
2. Мазкур Низом жон бошига молиялаштириш тизимига ўтаётган Сирдарё вилоятининг бирламчи бўғин ташкилотларига нисбатан қўлланилади.
3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
давлат харидлари тўғрисидаги шартнома — аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун бир тарафдан ваколатли органлар (давлат буюртмачиси) ва бошқа тарафдан тиббиёт ташкилотлари (давлат харидлари ижрочиси) ўртасида Давлат бюджети ва/ёки давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари маблағлари ҳисобига келишилган ҳажмларда ёзма шаклда тузиладиган битим;
тузатиш коэффициенти — маълум бир муҳим омилларни (аҳоли жинси ва ёши ҳамда зичлиги) ҳисобга олган ҳолда, базавий харажатлар меъёрини тузатиш учун ишлатиладиган коеффициентлар;
бириктирилган аҳоли — белгиланган тартибда бирламчи бўғин муассасасида тиббий хизмат олиш учун рўйхатдан ўтган аҳоли;
базавий харажатларнинг меъёри (аҳоли жон бошига молиялаштириш) — Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида бир фуқарога бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида тиббий хизмат кўрсатиш учун харажатларнинг ягона стандарти, ушбу муассасаларнинг йил давомида хизматларнинг барча ҳажмлари учун тўлов миқдорини аниқлашда фойдаланилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Бирламчи бўғин муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 сентябрдаги 696-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом.
2-боб. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига аҳолини бириктириш тартиби
5. Аҳоли бирламчи бўғин муассасаларига тегишли туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарининг буйруғи билан бириктирилади.
6. Бирламчи бўғин муассасаларига бириктирилган аҳоли сони ва таркиби бўйича ахборот тегишли туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбари томонидан тузилади, аҳолининг умумий сони эса ҳудудий статистика органи (туман/шаҳар) раҳбари томонидан тасдиқланади.
7. Бириктириш режалаштирилган давр бошида бирламчи бўғин муассасалари томонидан хизмат кўрсатиладиган участкалар асосида 1-иловага мувофиқ шакл бўйича амалга оширилади.
3-боб. Бирламчи бўғин муассасалари бюджетини аниқлаш
8. Бирламчи бўғин муассасаларининг бюджети базавий харажатларнинг меъёри асосида режалаштирилади.
9. Ҳар бир бирламчи бўғин муассасасини йиллик молиялаштириш ҳажми базавий харажатларнинг меъёри ва бирламчи бўғин муассасасига бириктирилган аҳоли сони ҳисоб-китобидан келиб чиқиб, қуйидаги формула бўйича тузатиш коэффициентларидан фойдаланилган ҳолда аниқланади:
МЙҲ = ХБМрежа х БАС х ҲТК, бунда:
МЙҲ — режалаштирилган йилда ҳудуд бирламчи бўғин муассасаларини йиллик молиялаштириш ҳажми;
ХБМрежа — режалаштирилган йилдаги базавий харажатларнинг меъёри;
БАС — режалаштирилган йил бошида бирламчи бўғин муассасасига бириктирилган ҳудуддаги аҳоли сони;
ҲТК — алоҳида ҳудудларда бирламчи бўғин муассасаларини молиялаштириш имкониятини ҳисобга оладиган ҳудудий тузатиш коэффициенти.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бориш қийин бўлган ҳудудлар рўйхатлари ва мураккаб географик шароитларда ишлаш учун қўшимча ҳақларнинг аниқ миқдорлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланади.
(9-банднинг еттинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги 743-сон қарори билан тасдиқланган Табиий-иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишловчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга туман коэффициентларини, шунингдек, уларга ҳар йили бериладиган қўшимча таътилнинг энг кам муддатини белгилаш ва қўллаш тартиби тўғрисидаги низом.
10. Базавий харажатларнинг меъёрини аниқлашда бирламчи бўғин муассасаларининг имтиёзли рецептлар бўйича бериладиган дори-дармонлар, шунингдек, капитал таъмирлаш ва қурилиш ҳамда қиммат баҳо ускуналарни харид қилиш харажатлари назарда тутилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Бирламчи бўғин муассасаларини сақлаб туриш учун харажатлар ҳар ойда ўртача тахминан йиллик бюджетнинг 12 дан бир қисми миқдорида айрим тиббий хизмат турларига бўлган эҳтиёжлар мавсумий ўзгариши ҳисобга олинган ҳолда молиялаштирилади. Ҳар ой учун молиялаштиришнинг прогноз ҳажмлари тарафлар ўртасида тузиладиган шартномаларда белгиланади. Бирламчи бўғин муассасалари вафот этган, ҳисобдан чиқарилган ва янги бириктирилган аҳолини ҳисобга олган ҳолда, бириктирилган аҳоли ҳақида ҳар чоракда соғлиқни сақлашни бошқариш органларини ва молия органларини хабардор қилади.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 ноябрдаги 705-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2021 й., 09/21/705/1082-сон)
12. Алоҳида бирламчи бўғин муассасасини молиялаштиришнинг йиллик ҳажми базавий харажатларнинг меъёри ҳисоб-китоби ва бирламчи бўғин муассасаларига бириктирилган аҳоли сонидан келиб чиқиб, тузатиш коэффициентларидан (аҳоли жинси ва ёши ҳамда зичлиги) фойдаланган ҳолда аниқланади.
13. Йилллик маблағлар ҳажми базавий харажатларнинг меъёри белгиланган тартибда иш ҳақларини ошиши ҳамда коммунал хизматларнинг тарифларини ўзгариши ҳисобига қайта кўриб чиқилиши мумкин.
14. Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳудудий молия бошқармаси билан келишилган ҳолда, бирламчи бўғин муассасалари бюджетларини ҳисоблаб чиқади ҳамда туман (шаҳар) молия органларига белгиланган тартибда етказади.
15. Бирламчи бўғин муассасалари ажратилган бюджет маблағлари ва ўз даромадлари доирасида мустақил равишда:
келгуси йил учун даромадлар ва харажатлар сметасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
муассаса ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
кутилаётган даромадлар доирасида ходимлар сонини мустақил белгилайди, такомиллаштирилган тариф сеткаси бўйича базавий лавозим маошларидан, шунингдек, устама ва қўшимчалардан келиб чиққан ҳолда штат жадвалини тасдиқлайди.
Тажриба доирасидаги тиббиёт ташкилотлари учун амалдаги намунавий штат нормативлари тавсиявий хусусиятга эга.
4-боб. Кўрсатилган хизматлар учун бирламчи бўғин муассасалари харажатлари ҳақини тўлаш тартиби
16. Бирламчи бўғин муассасаларининг тиббий хизмат ҳақи ҳар ойда (харажатлар гуруҳини ажратмай) тасдиқланган харажатлар сметаларига мувофиқ, шунингдек, 2-иловага мувофиқ шартномада белгиланган келишилган тиббий ёрдам ҳажмлари қиймати доирасида тўланади.
17. Тиббий хизматлар узлуксиз кўрсатилишини ва жорий харажатлар қопланишини таъминлаш мақсадида бирламчи бўғин муассасаларига бюджет маблағлари ҳар ойда икки босқичда, бошқа харажатлар таркибида харажатлар моддалари бўйича алоҳида сатрда, тегишли шахсий ғазна ҳисобварақларига ўтказган ҳолда қуйидаги тартибда ажратилади:
ҳар ойнинг 5 санасигача бўлган муддатда бирламчи бўғин муассасаларига ойлик режали бюджетдан ажратиладиган маблағлар режалаштирилган суммасининг 85 фоизи миқдорида олдиндан тўлов ўтказилади (иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, ягона ижтимоий тўлов тўлаш, дори-дармонлар харид қилиш ва бошқа харажатлар учун);
Олдинги таҳрирга қаранг.
қолган 15 фоизи чорак якунлангандан сўнг кейинги ойнинг 15 санасигача бирламчи бўғин муассасаларининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган фаолиятининг самарадорлик кўрсаткичларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар ҳаққонийлиги текширилгандан сўнг амалга оширилади.
(17-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
18. Бирламчи бўғин муассасалари фаолиятининг самарадорлиги Марказий туман (шаҳар) кўп тармоқли поликлиникалари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда врачлар ва ўрта тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлигини рейтинг баҳолаш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ белгиланади. Тақдим этилган маълумотлар ҳаққонийлигини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқарув органлари томонидан амалга оширилади.
19. Ҳар бир бирламчи бўғин муассасасини шартномага мувофиқ унинг учун режалаштирилган бюджет доирасида амалда молиялаштириш ҳажми бириктирилган аҳолига кўрсатилган хизматлар ҳажми ва сифатига боғлиқ, бироқ тасдиқланган харажатлар сметаси ҳажмининг 85 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.
20. Шартнома бўйича қабул қилинган мажбуриятлар тўлиқ ҳажмда якунлангач, ҳисобот даври охирида (чорак, йил) шахсий ғазна ҳисобварағида қолган бюджет маблағлари бирламчи бўғин муассасалари томонидан бюджетга қайтарилмайди. Ушбу маблағлар тиббиёт ташкилотини ривожлантириш ва ходимларни рағбатлантириш учун ишлатилади.
5-боб. Якунловчи қоидалар
21. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлиги жон бошига молиялаштириш тизимига тажриба-синов тарзида ўтаётган Сирдарё вилоятининг тиббиёт ташкилотлари фаолиятида вужудга келадиган масалаларни ўзаро ҳамкорликда тартибга солиш ваколатига эга.
Олдинги таҳрирга қаранг.
22. Ушбу Низом талабларига риоя қилмаганлиги учун мансабдор шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.
(22-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан жон бошига молиялаштириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга
1-ИЛОВА
20__ йил 1 январдаги ҳолатга кўра туман (шаҳар) аҳолисининг
ТАРКИБИ

Т/р

Поликлиникалар номи

Бириктирилган аҳоли, жами (сони)

Шу жумладан:

0 — 12 ой

13 ой — 18 ёш

18 ёш ва ундан катта аҳоли

Жами

Шу жумладан: 18 — 49 ёшли аёллар





Шаҳар (туман) бўйича жами


Шаҳар (туман) соғлиқни сақлаш органи

раҳбари


______________________________

Ф.И.О. ва имзо


Шаҳар (туман) статистика бўлими

бошлиғи


______________________________

Ф.И.О. ва имзо

Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-илова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 ноябрдаги 705-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2021 й., 09/21/705/1082-сон)
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 11.01.2020 й., 09/20/19/0047-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.11.2021 й., 09/21/705/1082-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)