toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Транспорт ва туризм объектларида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг самарали тизимини жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 6 мартдаги ПҚ-4229-сон қарорига мувофиқ, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланган ҳолда транспорт ва туризм объектлари ҳамда уларга туташ ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг марказлашган мувофиқлаштирилган бошқарувини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси (кейинги ўринларда Бош бошқарма деб аталади) тузилмасида Ситуацион-таҳлилий марказ (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этилсин.
2. Қуйидагилар Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
транспорт ва туризм объектлари ҳамда уларга туташ ҳудудлардаги ҳолат ва вазиятни мониторинг қилиш, келиб тушган маълумотлар таҳлили асосида вазиятнинг келгуси ривожланишини прогноз қилиш;
транспорт ва туризм объектлари ҳамда уларга туташ ҳудудларда юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарлар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш, жамлаш ва таҳлил қилиш;
транспорт ва туризм объектлари ҳамда уларга туташ ҳудудларда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари, табиий ва техноген тусдаги ҳодисаларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш юзасидан тезкор ва самарали чоралар кўриш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
транспорт ва туризм объектлари ҳамда уларга туташ ҳудудларда юзага келиши мумкин бўлган хавфлар тўғрисида Бош бошқарма Навбатчилик қисмини тезкор маълумотлар билан таъминлаш.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси тузилмасида Ситуацион-таҳлилий марказни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Тошкент шаҳар Миробод тумани, Тарас Шевченко кўчаси, 62-уй манзилида жойлашган Бош бошқарма ҳудудида Марказ биносини қуриш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.
5. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги — Марказ қурилиши ишлари буюртмачиси этиб;
Марказ қурилиши ишлари бўйича бош лойиҳачи ва бош пудратчи ташкилотлар ўрнатилган тартибда танлов (тендер) савдолари орқали аниқланиши белгилансин.
6. Қуйидагилар Марказ қурилиши ишларини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш бўйича — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, 2020 йил ва келгуси йиллар учун Инвестиция дастурларини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ажратиладиган марказлаштирилган капитал қўйилмалар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;
(6-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
зарур жиҳозлар ва дастурий таъминотларни харид қилиш ҳамда ўрнатиш бўйича — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг молиявий ресурслари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
(6-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ички ишлар вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда мазкур Марказ қурилиши ишлари ўз вақтида амалга оширилиши учун хорижий молиявий ресурслар жалб этилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:
а) бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси Ситуацион-таҳлилий марказининг низомини тасдиқласин;
б) 2021 йил 1 январга қадар:
транспорт объектларида хавфсизликни таъминловчи профилактика инспекторлари ва патруль-пост хизмати ходимларини мобиль видеорегистратор (бодикамера)лар билан таъминласин;
транспорт объектларида хавфсизликни таъминловчи профилактика инспекторларини қидирувдаги шахслар тўғрисидаги маълумотлар билан дастурий таъминотга эга планшетлар билан таъминлаш чораларини кўрсин;
в) Марказни малакали мутахассислар билан жамлаш бўйича чоралар кўрсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Uzbekistan airports» АЖ Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда транспорт объектлари ва уларга туташ ҳудудларни видеокузатув мосламалари билан жиҳозлашнинг тармоқ жадвалини тасдиқласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Марказни транспорт ва туризм объектлари ҳамда уларга туташ ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг марказлашган бошқарувини амалга ошириш учун зарур юқори тезликдаги алоқа транспорт каналлари билан белгиланган тартибда таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 17 декабрь,
1010-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 декабрдаги 1010-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси тузилмасида Ситуацион-таҳлилий марказни ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар
РЕЖАСИ

Т/р

Тадбирлар номи

Амалга ошириш механизми

Ижро муддати

Масъул ижрочилар

I. Ситуацион-таҳлилий марказ биносини қуриш ва фаолиятини таъминлаш

1.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси тузилмасида Ситуацион-таҳлилий марказ биносини қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш.

1. Техник топшириқни тасдиқлаш.

2. Лойиҳа — смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш.

2020 йил
15 февраль

2020 йил
1 май

Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,
Транспорт вазирлиги

2.

Ситуацион-таҳлилий марказ биносини қуриш ва монтаж ишларини бажариш.

1. Танлов/тендер савдоларини ўтказиш ва шартномани имзолаш.

2. Қурилиш-монтаж ишларини бажариш.

2020 йил
1 июль

Шартномага асосан

Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,
Транспорт вазирлиги

3.

Ситуацион-таҳлилий марказнинг моддий-техник базасини жиҳозлаш.

Товар — моддий қийматларни харид қилиш.

2020 йил
1 декабрь

Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,
Транспорт вазирлиги

II. Ситуацион-таҳлилий марказни замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш

4.

Ситуацион-таҳлилий марказни замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш бўйича Ишчи гуруҳни шакллантириш.

Ишчи гуруҳ таркибини шакллантириш.

2020 йил
10 январь

Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,Транспорт вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Uzbekistan airports» АЖ

5.

Ситуацион-таҳлилий марказга замонавий ахборот ва коммуникация технологияларини улаш мақсадида транспорт объектларини, мавжуд ахборот ва коммуникация инфратузилмасини ўрганиш.

Транспорт объектлари ва уларга туташ ҳудудлар рўйхатини ҳамда таҳлилий маълумот ва ҳисоботларни тайёрлаш.

2020 йил
январь-февраль

Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,
Транспорт вазирлиги,
Давлат хавфсизлик хизмати, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Uzbekistan airports» АЖ

6.

«Хавфсиз шаҳар» аппарат-дастурий комплекси билан интеграциялашни ҳисобга олган ҳолда Ситуацион-таҳлилий марказ биносини замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозлаш бўйича Техник топшириқни ишлаб чиқиш.

Техник топшириқни тасдиқлаш.

2020 йил
1 май

Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,
Транспорт вазирлиги,
Давлат хавфсизлик хизмати, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Uzbekistan airports» АЖ

7.

Ситуацион-таҳлилий марказни ташкил этиш доирасида қурилмаларни харид қилиш.

1. Танлов/тендер савдоларини ўтказиш.

2. Шартнома тузиш.

2020 йил

июнь август

2020 йил сентябрь

Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

8.

Видеокузатув қурилмаларини, сервер қурилмалари ва маълумотларни сақлаш воситаларини, транспорт воситалари учун махсус мониторларини ўрнатиш.

Қурилмаларни харид қилиш ва ўрнатиш.

шартномага асосан

Ички ишлар вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Uzbekistan airports» АЖ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

9.

Ситуацион-таҳлилий марказни синов режимида ишга тушириш.

Ишга тушириш-созлаш ишларини бажариш.

шартномага асосан

Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Uzbekistan airports» АЖ

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.12.2019 й., 09/19/1010/4170-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)