toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида «Наманган вилоятининг Заркент, Ходикент, Исқовот, Булоқбоши, Ёшлик шаҳарчалари ва Наманган шаҳрининг сув таъминотини яхшилаш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Наманган вилояти аҳолиси ва хўжалик юритувчи субъектларини сифатли ичимлик сув билан таъминлаш, шунингдек, ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Наманган вилоятининг Заркент, Ходикент, Исқовот, Булоқбоши, Ёшлик шаҳарчалари ва Наманган шаҳрининг сув таъминотини яхшилаш» лойиҳасини (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) амалга ошириш учун:
а) 2019 йил 19 мартда ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси (кейинги ўринларда ОПЕК жамғармаси деб аталади) Ўзбекистон Республикасига 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган 20 йил мобайнида қайтариш муддати билан 53,96 млн АҚШ доллари миқдоридаги қарз берилишини маъқулланганлиги;
б) лойиҳанинг умумий қиймати 68,05 млн АҚШ долларини, шу жумладан:
ОПЕК жамғармаси қарзи — 53,96 млн АҚШ долларини;
лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси ҳиссаси — солиқ ва божхона имтиёзлари бериш, шунингдек, инвестиция даврида молиявий чиқимларни тўлаш тарзида эквивалентда 8,1 млн АҚШ долларини ташкил этиши;
Олдинги таҳрирга қаранг.
в) лойиҳани амалга ошириш даври 8 йилни (2019 — 2027 йиллар) ташкил этиши маълумот учун қабул қилинсин.
(1-банднинг «в» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 июлдаги ПФ-140-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2026 й., 06/26/140/0792-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Белгилаб қўйилсинки, «Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда — «Ўзсувтаъминот» АЖ) лойиҳа амалга оширилиши, ОПЕК жамғармасининг қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши учун масъул бўлган ижро этувчи орган ҳисобланади.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 декабрдаги 786-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 09/21/786/1216-сон)
3. Қуйидагилар:
«Наманган вилоятининг Заркент, Ходикент, Исқовот, Булоқбоши, Ёшлик шаҳарчалари ва Наманган шаҳрининг сув таъминотини яхшилаш» лойиҳасини техник-иқтисодий асослашнинг асосий техник-иқтисодий параметрлари 1-иловага* мувофиқ;
«Наманган вилоятининг Заркент, Ходикент, Исқовот, Булоқбоши, Ёшлик шаҳарчалари ва Наманган шаҳрининг сув таъминотини яхшилаш» лойиҳаси бўйича ОПЕК жамғармасининг қарзини қайтариш, фоизлар ва воситачилик ҳақи тўлашнинг прогноз жадвали 2-иловага* мувофиқ;
«Наманган вилоятининг Заркент, Ходикент, Исқовот, Булоқбоши, Ёшлик шаҳарчалари ва Наманган шаҳрининг сув таъминотини яхшилаш» лойиҳаси доирасида ОПЕК жамғармасининг қарз маблағларига хизмат кўрсатиш харажатларини қоплаш бўйича улушлар тақсимотининг прогнози 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 — 3-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Қуйидагиларга:
Ўзбекистон Республикасининг Австрия Республикасидаги Фавқулодда ва Муҳтор Элчисига — Ўзбекистон Республикаси номидан ОПЕК жамғармаси билан лойиҳани амалга ошириш бўйича карз битимини имзолаш;
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси молия вазирига — ОПЕК жамғармасининг қарз маблағларини Ўзбекистон Республикаси, «Ўзсувтаъминот» АЖ, «Наманган сув таъминоти» МЧЖ ва Наманган вилояти ҳокимлиги ўртасида қайта кредитлаш тўғрисидаги битимни имзолаш ваколати берилсин.
(4-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 декабрдаги 786-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 09/21/786/1216-сон)
5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси билан ОПЕК жамғармаси ўртасидаги қарз битими бўйича белгиланган тартибда юридик хулоса берсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири, «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқарув раиси ва Наманган вилояти ҳокимига:
(6-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 декабрдаги 786-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 09/21/786/1216-сон)
тасдиқланган техник-иқтисодий асослаш параметрларига мувофиқ лойиҳа ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлайдиган ташкилий-техник тадбирлар амалга оширилиши;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қайта кредитлаш тўғрисидаги битим шартларига мувофиқ ОПЕК жамғармаси қарзини қайтариш ва у бўйича фоизларни ва воситачилик ҳақини тўлаш учун зарур бўлган маблағлар «Наманган сув таъминоти» МЧЖда ўз вақтида жамланиб борилишини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юклансин.
(6-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 декабрдаги 786-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 09/21/786/1216-сон)
7. Наманган вилояти ҳокимлиги:
сув қувури иншоотлари ва тармоқларини қуриш учун ер участкалари белгиланган тартибда ажратилишини;
2020 йилдан бошлаб Наманган вилояти маҳаллий бюджети параметрларида ОПЕК жамғармасининг қарзи бўйича фоизларни ва воситачилик ҳақини тўлашга, асосий қарзни қайтаришга Наманган вилояти «Сувоқава» ДУКнинг ушбу мақсадларга йўналтириладиган ўз маблағларига қўшимча равишда маблағларни назарда тутсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
8. «Ўзсувтаъминот» АЖга лойиҳани мувофиқлаштириш ва бошқариш ҳамда ушбу гуруҳни малакали мутахассислар билан бутлаш функцияси юклансин.
(8-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 декабрдаги 786-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 09/21/786/1216-сон)
9. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги лойиҳа 2020 йил ва кейинги йиллар учун мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси инвестиция дастурларига белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири А.Ж. Раматов, Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ганиев ва Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Х. Салиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 5 сентябрь,
739-сон
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.09.2019 й., 09/19/739/3698-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.12.2021 й., 09/21/786/1216-сон; 28.07.2026 й., 06/26/140/0792-сон)