toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 09.01.2021
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш жараёнини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
 LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 январдаги 9-сонли «Ер ости сувларидан фойдаланишга оид рухсат этувчи ҳужжатларни бериш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида» 2019 йил 15 февралдаги ПҚ-4193-сон қарори ва «2019 йилда вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонлари тўғрисида» 2019 йил 27 февралдаги Ф-5445-сон фармойишининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб, юридик шахслар ер ости сувларига қудуқларни бурғулашга рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси Б.Ф. Исламов зиммасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ёқилғи-энергетика соҳаси ва саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари котибиятига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 14 август,
672-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 августдаги 672-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Регламент юридик шахсларга Давлат хизматлари марказлари орқали ер ости сувларига қудуқ бурғулаш учун рухсатнома (кейинги ўринларда рухсатнома деб аталади) бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди.
Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома олувчи юридик шахс;
буюртма берувчи — ер ости сувларига қудуқларни бурғулашга буюртма берувчи юридик ёки жисмоний шахс.
2. Ушбу Регламентнинг асосий мақсади ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш фаолиятини олиб боришга рухсатнома бериш билан боғлиқ жараёнлар ва тартиботларни тартибга солиш, сувга бурғулаш ишлари амалга оширилишини ҳисобга олиш ва уларни назорат қилишни тартибга солиш ҳамда ер ости сув қатламлари сақланишини таъминлаш, биринчи навбатда, чучук ер ости сувларидан ноқонуний фойдаланишга йўл қўймасликдир.
3. Рухсатнома Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (кейинги ўринларда Давлат геология қўмитаси деб аталади) томонидан юридик шахсларга уларнинг мурожаатига асосан берилади.
Сувга қудуқларни бурғулаш ишларини асослаш учун зарур бўлган гидрогеологик хулоса фақат Давлат геология қўмитасининг гидрогеология корхоналари (кейинги ўринларда гидрогеология корхоналари деб аталади) томонидан берилади.
4. Қуйидагилар учун:
жисмоний шахсларга чуқурлиги 25 (йигирма беш) метргача бўлган қудуқларни қазиш учун ва суткасига кўпи билан 5 (беш) куб метр ҳажмдаги ер ости сувларини шахсий эҳтиёжлар учун якка тартибда олишга мўлжалланганда (бунда қўлланиладиган асбоб-ускуналарнинг техник қуввати кўрсаткичлари асос қилиб олинади);
гидрогеология корхоналари учун ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш ишлари ҳар йилги минерал хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастури доирасида амалга оширилганда рухсатнома олиш талаб қилинмайди.
5. Рухсатноманинг амал қилиш муддати бурғулаш ишларини бажариш даврига, лекин бир йилдан ошмайдиган давр учун берилади.
6. Давлат хизматлари марказлари ва Давлат геология қўмитаси ўртасидаги ахборот алмашинуви идентификация қилиш воситаларини мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро ўзаро электрон боғланиш ёрдамида амалга оширилади.
7. Рухсатнома мазкур Регламентга 1-иловага мувофиқ схема асосида берилади.
2-боб. Рухсатнома бериш талаблари ва шартлари
8. Рухсатнома беришдаги асосий талаб ва шартлар қуйидагилар ҳисобланади:
мулкrа эгалик ҳуқуқи ёки бошқа ҳуқуқлар асосида ариза берувчига тегишли бўлган зарур техника ва ускуналарнинг мавжудлиги (бурғулаш ускунаси, каротаж станцияси ва компрессор ёки зарур техника ва ускуналарни ижарага олиш бўйича шартнома нусхаси);
давлат экология экспертизасининг хулосаси шартлари ва талабларини сўзсиз бажариш;
ер ости сувларига қудуқларни бурғулашда меҳнат хавфсизлигини таъминлаш бўйича қонунчилик талабларига риоя қилиш;
гидрогеологик хулоса асосида тайёрланган ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш лойиҳасининг параметрларига риоя қилиш;
сув чиқариш тугаллангандан сўнг қудуқ сувининг талаб этиладиган сифат ва таркибга мувофиқлигини аниқлаш учун лаборатория таҳлилини ўтказиш;
қудуқ атрофи 1-поясининг санитария-ҳимоя зонасини жиҳозлаш (қудуқ ичимлик суви чиқариш ва балнеологик мақсадда бурғуланганда);
9. Ушбу Регламентнинг 8-бандида кўрсатилган рухсат бериш талаблари ва шартлари ариза берувчиларга уларнинг мажбуриятлари сифатида расмийлаштирилади ва рухсатномага илова қилинади.
3-боб. Рухсатнома бериш тартиби
10. Ариза берувчи рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.
11. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат қилинган ҳолларда эса ариза берувчи мустақил равишда ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги аризани электрон равишда тўлдиради.
Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун буюртма берувчи ва ариза берувчи ўртасида тузилган шартнома ёки келишув нусхаси;
гидрогеологик хулоса (гидрогеологик хулосани бериш мазкур Регламентнинг 4-бобида келтирилган тартибга мувофиқ амалга оширилади);
давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси;
ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун лойиҳа ҳужжатлари;
ариза берувчининг техник имкониятлари ҳақида маълумот, мавжуд ускуналарнинг техник паспортлари нусхалари ёки зарур техника ва ускуналарни ижарага олиш бўйича шартнома нусхаси;
ариза берувчи тегишли мутахассисининг (гидрогеолог) диплом нусхаси.
Ариза берувчилардан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни, шунингдек, бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.
12. Аризага зарур маълумотлар расмийлаштирилиб, киритилгандан сўнг ариза берувчи уни ўз электрон рақамли имзоси (кейинги ўринларда ЭРИ деб аталади) билан тасдиқлайди.
Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этилган тақдирда ва аризани ЭРИ билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда, имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) орқали ҳам тасдиқланиши мумкин.
13. Давлат хизматларини кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.
Давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади.
14. Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:
20 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобрақамига;
10 фоизи — «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази» ДУК махсус ҳисобрақамига;
70 фоизи — Давлат геология қўмитасининг банк ҳисобрақамига ўтказилади.
15. Юридик шахслар Давлат хизматларидан фойдаланиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этганда, тўланадиган сумманинг 90 фоизи миқдори тўланади.
16. Ариза берувчи томонидан ҳужжатларнинг тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилганлиги, ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги ҳамда давлат хизматини кўрсатиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизматлари кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Аризани қабул қилишни бошқа сабабларга кўра рад этиш қатъиян тақиқланади.
17. Ариза берувчилар давлат хизматларидан фойдаланишда уларни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг аризаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади ва тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.
18. Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, унинг аризаси Давлат хизматлари маркази ходими томонидан тўлдирилиб, ариза берувчи томонидан тасдиқлангандан сўнг ушбу Регламентнинг 11-бандда назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, ўн дақиқада Давлат геология қўмитасига электрон шаклда юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса ариза автоматик тарзда Давлат геология қўмитасига юборилади.
19. Давлат геология қўмитаси ариза иловалар билан тушгандан сўнг икки иш куни мобайнида ер ости сувларига қудуқларни бурғулашнинг мақсадга мувофиқлигини ўрганиб чиқади ва гидрогеология корхоналарига электрон шаклда юборади.
20. Гидрогеология корхоналари уч иш куни мобайнида танланган ер майдони ва таклиф этилган қудуқ конструкциясини ўрганиб чиқади ва ўрганиш натижасида тегишли хулосалар асосида маълумот тайёрлаб, Давлат геология қўмитасига электрон шаклда юборади.
21. Давлат геология қўмитаси гидрогеология корхоналари томонидан тайёрланган маълумот асосида бир иш куни мобайнида рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш бўйича хулоса тайёрлаб, QR-код (матрик штрихли код) қўйилган рухсатномани расмийлаштиради ва уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди ҳамда Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали юборади.
22. Ариза берувчи томонидан рухсат беришга доир талаблар ва шартлар бажарилмаганлиги рухсатнома беришни рад этиш учун асос бўлади. Бунда тегишли билдиришнома ариза берувчига рад этиш сабаблари ва муддати кўрсатилган ҳолда, Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали йўлланади.
23. Ариза берувчи ўн иш куни давомида келтирилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали тақдим этиши мумкин.
Ариза берувчи рухсатнома бериш рад этилишига асос бўлган камчиликларни бартараф қилиб, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун тақдим этганда такроран пул ундирилмайди.
Камчиликлар бартараф этилганлиги ҳақидаги ариза олинган кундан бошлаб беш иш куни давомида Давлат геология қўмитаси томонидан тақдим этилган ҳужжатлар такроран кўриб чиқилади.
Рухсатнома бериш бўйича ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда Давлат геология қўмитаси томонидан аввалги рад этиш учун асосларда баён этилмаган сабаблар келтирилишига йўл қўйилмайди, аввал кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.
24. Рухсатнома ушбу Регламентга 3-иловага мувофиқ шаклда расмийлаштирилади ва берилган рухсатномалар реестрга тегишли ёзув киритилади.
25. Давлат геология қўмитаси берилган рухсатномалар реестрини юритади. Реестрда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
ариза берувчининг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, СТИР рақами ва жойлашган жойи (почта манзили, телефон рақами);
рухсатноманинг серияси ва номери, берилган вақти ва амал қилиш муддати;
бурғуланадиган қудуқларнинг мақсади ва чуқурлиги.
Реестрини ташкил этувчи маълумотлар давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг сўровига асосан бепул тақдим этилади.
26. Давлат хизматлари маркази рухсатнома келиб тушгандан сўнг ўн дақиқа мобайнида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва ариза берувчини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда, унинг сўровига кўра Давлат хизматлари маркази ариза берувчига рухсатномани электрон ёки қоғоз шаклда тақдим этиши мумкин.
Рухсатномага унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган талаб ва шартларига амал қилиниши ҳақида ариза берувчининг мажбуриятлари тўғрисидаги ҳужжатлар илова қилинади.
4-боб. Гидрогеологик хулосани бериш тартиби
27. Гидрогеологик хулоса ахборот ҳужжати бўлиб, ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш лойиҳаларини тузиш учун асос ҳисобланади.
Бурғулаш лойиҳаларини тузиш белгиланган тартибда қурилиш нормалари ва қоидаларининг талабларига асосан тайёрланади.
28. Гидрогеологик хулосани олиш учун қонунда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 (ўн) баравари миқдорида йиғим ундирилади ва ушбу йиғим гидрогеология корхоналарининг банкдаги ҳисобрақамига ўтказилади.
29. Гидрогеологик хулосани олиш учун юридик ва жисмоний шахслар талаб этилаётган ер ости сувларининг тахминий миқдори ва олиш мақсадини (техник, хўжалик-ичимлик, суғориш ва бошқаларни) изоҳлаган ҳолда ёзма равишда гидрогеология корхоналарига мурожаат қиладилар.
30. Гидрогеология корхоналари ариза келиб тушган кундан бошлаб ўн иш куни давомида гидрогеологик хулосани тайёрлайди ва тақдим этади.
Гидрогеологик хулосада қуйидагилар акс эттирилиши зарур:
мўлжалланган қудуқларни бурғулаш учун майдоннинг геология-гидрогеология тузилиши ҳақида маълумот;
сувли қатламининг тавсифи, гидрокимёвий ва гидродинамик хоссалари;
лойиҳалаштирилаётган қудуқларнинг конструкциясига тавсиялар.
31. Гидрогеологик хулоса бош гидрогеолог томонидан имзоланади ва гидрогеология корхонаси раҳбари томонидан тасдиқланади.
32. Гидрогеологик хулосани тузишда геологик фонд маълумотлари етишмаган тақдирда қўшимча гидрогеологик тадқиқотлар шартнома асосида ўтказилади.
33. Гидрогеология корхоналари берилаётган гидрогеологик хулосалар ҳисобини белгиланган тартибда махсус журналда юритади.
5-боб. Рухсатнома талаб ва шартларини бажариш
34. Рухсатномани олган ариза берувчилар рухсат бериш талаб ва шартларига риоя қилиши шарт.
35. Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш ишлари якунланганидан сўнг рухсатнома олган ариза берувчилар бир ой муддатда мазкур Регламентга 4-иловада келтирилган шакл бўйича техник паспортни тайёрлайди ва уни Давлат геология қўмитасининг ҳудудий гидрогеология станциясига (кейинги ўринларда гидрогеология станцияси деб аталади) тақдим этади.
36. Гидрогеология станцияси тақдим этилган техник паспортни бир кун муддатда кўриб чиқади. Кўриб чиқиш натижалари бўйича қудуққа тартиб рақами берилади ва у ҳисобга олинади.
Қудуқнинг тартиб рақами берилган техник паспортнинг нусхаси бурғулашни амалга оширувчи ташкилот ва буюртмачига қайтариб берилади.
37. Гидрогеология станциялари томонидан ҳар чоракда Давлат геология қўмитасига умумлаштириш ва ҳисобга олиш учун бурғуланган қудуқларнинг мониторинг натижаларини эътиборга олган ҳолда ахборот бериб борилади.
Рухсатнома олган ариза берувчилар томонидан ер ости сувларига қудуқ бурғулаш ишлари якунлангандан сўнг гидрогеология станцияларига ер ости сувлари ҳақида маълумот, қудуқнинг конструкцияси ва қирқимнинг геология-гидрогеология тавсифини ёритиб берувчи техник паспорт тақдим этилиши шарт. Техник паспорт тақдим этилмаслиги навбатдаги рухсатномани беришни рад этишга сабаб бўлади.
38. Белгиланган шаклга мос келмайдиган техник паспортнинг қабул қилинишига йўл қўйилмайди.
Агар рухсатнома олган ариза берувчи томонидан техник паспорт мазкур Регламентнинг 35-бандида белгиланган муддатда топширилмаса, гидрогеология станцияси бир кун муддатда Давлат геология қўмитасига рухсатнома бериш талаб ва шартларининг бажарилмаганлигини маълум қилади.
39. Техник паспортнинг тегишли гидрогеология станциясига топширилмаганлиги ер ости сувлари ифлосланишининг олдини олиш мақсадида бурғуланган қудуқнинг тугатилишига ёки ёпилишига (тампонажлашга) асос бўлади.
Бунда бурғуланган қудуқни тугатиш ёки тампонажлаш рухсатнома олган ариза берувчи маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
6-боб. Ер ости сувлари қудуқларини қабул қилиш-топшириш тартиби
40. Бурғуланган ва жиҳозланган қудуқ, шунингдек, техник паспорт нусхаси ариза берувчи томонидан имзоланган шартномага мувофиқ далолатномага асосан қудуқларни бурғулаш буюртмачисига топширилади.
41. Қудуқни белгиланган тартибда бошқа ташкилотларга беришда қудуқнинг тартиб рақами кўрсатилган тегишли далолатнома расмийлаштирилади ва мулкдорлар бир ҳафта муддатда гидрогеология станциясига далолатнома нусхасини тақдим этишлари шарт.
7-боб. Рухсатномани қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш
42. Рухсатнома олувчи — юридик шахс қайта ташкил қилинганда, унинг номи ёки жойлашган манзили (почта манзили) ўзгарганда, рухсатнома олувчи ёки унинг вориси қайта рўйхатдан ўтганидан сўнг етти иш куни мобайнида рухсатномани қайта расмийлаштириш тўғрисида ушбу маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХПга ариза топшириши шарт.
Янгидан ташкил этилган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида рухсатномага эга бўлган ариза берувчи юридик шахслар қўшиб юборилган тақдирда, рухсатномани ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.
Рухсатномадаги мавжуд маълумотлар мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида назарда тутилмаган ҳолларда ўзгартирилган тақдирда, рухсатнома ариза берувчининг ҳужжатлар илова қилинган аризаси бўйича қайта расмийлаштирилади.
Қайта расмийлаштириш учун йиғим ундирилмайди.
43. Рухсатномани ариза олинган кундан бошлаб беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда Давлат геология қўмитаси томонидан қайта расмийлаштирилади.
44. Рухсатнома қайта расмийлаштирилганда, берилган рухсатнома реестрига тегишли ўзгартиришлар киритилади.
45. Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш, шунингдек, уни бекор қилиш «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22, 23 ва 25-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.
8-боб. Рухсатнома олинмай бурғуланган фойдаланиш қудуқларини ҳисобга олиш ёки тугатиш тартиби
46. Рухсатнома олинмай бурғуланган фойдаланиш қудуқларини ҳисобга олиш ёки тугатишнинг мақсадга мувофиқлиги гидрогеология станциялари томонидан қудуқлар конструкцияси ва геологик-геофизик кесимларини аниқлаштиришга оид қўшимча тадқиқотлар ўтказиш натижалари асосида белгиланади.
Олиб бориладиган қўшимча тадқиқотлар қудуқ эгаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Агар қудуқ эгасиз бўлса, қўшимча тадқиқотларни молиялаштириш маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан келишилган ҳолда белгиланади.
47. Рухсатнома олинмай, бироқ техник талабларни ҳисобга олиб бурғуланган фойдаланиш қудуқларини ҳисобга олишнинг мақсадга мувофиқлигини аниқлашда мазкур Регламентнинг 36, 37 ва 38-бандларида келтирилган ишлар амалга оширилади.
Фойдаланиш қудуқларини ҳисобга олиш белгиланган тартибда сувдан махсус фойдаланиш ва сувни истеъмол қилишга рухсат олиш учун асослардан бири ҳисобланади.
48. Рухсатнома олинмай ҳамда техник талабларга риоя қилинмай бурғуланган фойдаланиш қудуқларини тугатишнинг мақсадга мувофиқлиги аниқланганда, улар табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари талабларига риоя қилган ҳолда мулкдорларнинг маблағлари ҳисобдан гидрогеология станцияларининг тавсиялари билан белгиланган тартибда тугатилади.
Техник талабларга риоя қилинмай бурғуланган эгасиз фойдаланиш қудуқларини тугатиш Давлат геология қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
9-боб. Якунловчи қоидалар
49. Давлат хизматлари марказлари ва давлат хизматини кўрсатиш жараёнида иштирок этувчи ваколатли органлар ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
50. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари мазкур Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг, шу жумладан ЯИДХП орқали доимий назорат қилади ва мониторинг олиб боради.
51. Ариза берувчилар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.
52. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
1-ИЛОВА
Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Ариза берувчи

Ер ости сувларига қудуқ бурғулашга рухсатнома олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келган ҳолда ёки ЯИДХПга мурожаат қилади.

Хоҳишга кўра

2-босқич

1. Давлат хизматлари маркази

2. ЯИДХП

Ариза шаклини тўлдириб, Давлат геология қўмитасига юборади.

1. Сўровнома тўлдирилгандан кейин 10 дақиқада

2. Аниқ вақт режимида

3-босқич

Давлат геология қўмитаси

Ариза келиб тушгандан сўнг ер ости сувларига қудуқларни бурғулашнинг мақсадга мувофиқлигини ўрганиб чиқади ва гидрогеология корхоналарига электрон шаклда юборади.

2 кун

Гидрогеология корхоналари

Танланган ер майдонини ва таклиф этилган қудуқ конструкциясини ўрганиб чиқади, ўрганиш натижасида тегишли хулосалар асосида маълумот тайёрлайди ва Давлат геология қўмитасига электрон шаклда юборади.

3 кун

4-босқич

Давлат геология қўмитаси

Тайёрланган маълумотлар асосида ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш бўйича хулоса тайёрлаб, QR-код (матрик штрихли код) қўйилган рухсатномани расмийлаштиради ва уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди ҳамда Давлат хизматлари марказига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборади.

1 кун

5-босқич

Давлат хизматлари маркази

1. Рухсатнома келиб тушгандан сўнг уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва ариза берувчини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.

2. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат қилганда рухсатномани электрон ёки қоғоз шаклида ариза берувчига тақдим этади.

1. 10 дақиқада

2. Ариза берувчининг сўровига кўра

Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
2-ИЛОВА

_______________
‎сана

_______________
‎рақам

Ер ости сувларига қудуқларни бурғулашга рухсатнома олиш учун

Ариза

Ариза берувчи — юридик шахс тўғрисида маълумот:

1. Тўлиқ номи
2. Ташкилий-ҳуқуқий шакли
3. Реквизитлари (СТИР, МФО)
4. Фаолият тури
5. Ариза берувчининг юридик манзили (индекс, манзил)
6. Кадастр иши рақами ва рўйхатга олинган санаси
7. Ариза берувчининг алоқа қилинадиган маълумотлари (телефон, электрон почта ва бошқалар)
Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
3-ИЛОВА

OʼZBEKISTON RESPUBLIKASI DAVLAT GEOLOGIYA VA MINERAL RESURSLAR QOʼMITASI

Yer osti suvlariga quduqlarni burgʼulash uchun

RUXSATNOMA

□□

□□‎□□‎

seriya‎

raqam

1. Ushbu ruxsatnoma___________________________________________________________________ ga

(yuridik shaxsning nomi)

______________________________________________________________________

(loyiha qudugʼining joylashishi, viloyat, tuman/shahar, qishloq/ovul/koʼcha)

_____________________________________________________________da joylashgan
________________________________________________maqsadlarda suvga quduq burgʼulash uchun berildi.

(suvdan foydalanish maqsadlari)

2. Quduqning loyihadagi parametrlari:
a) boshlangʼich diametri______________ mm;
b) boshqa diametrga oʼtish chuqurligi_________ m;
c) yakunlovchi diametr ___________ mm;
d) chuqurligi ____ m.
3. Yer osti suvlaridan _________________ m3/sut miqdorida olish uchun moʼljallangan.
______________________________________________________________________

(raqami, berilgan vaqti va xulosa bergan tashkilotning nomi)

Quyidagilar ruxsatnomaning ajralmas tarkibiy qismi hisoblanadigan talablar va shartlar hisoblanadi:
_____________________________________________________________________;

(ilovalar raqami, varaqlar soni)

Yer osti suvlariga burgʼulanadigan quduq loyihasi _______________________________________________.

(ilovalar raqami, varaqlar soni)

5. Ushbu ruxsatnomaning amal qilish muddati 20___ yil «____» ____________ gacha.
20___ yil «____» __________


‎QR-kod‏ ‎‎

Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
4-ИЛОВА

____________________________________________________________________________________
‎(Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома олган юридик шахснинг номи) ____________________________________________________________________________________
‎(Вилоят)
‎____________________________________________________________________________________
‎(Шаҳар, туман)‎‎






‎‎‎____________________________________________________________________________________
‎____________________________________________________________________________________
‎_______________________________________ ҳудудидаги сувга ____-сон қудуқни бурғулаш натижалари ҳақида

‎‎




‎ТЕХНИК ПАСПОРТ

Раҳбар‎

________________

‎‎__________________________________________

‎‎(имзо)

‎‎(Ф.И.О.)

М.Ў.‎

Тузувчи‎

‎‎________________

‎‎__________________________________________

‎‎(имзо)

‎‎(Ф.И.О.)

‎‎



‎____________ йил

‎‎1. Умумий маълумотлар

‎‎1.1. Қудуқлар жойлашган жой ____________________________________________________________________________________
_‎___________________________________________________________________________________
‎1.2. Қудуқларни жойлашишининг географик координатлари (даража, мин., сек.) _____________________
‎ШК: ____________________________________ ШУ: _______________________________________
‎1.3. Бурғулаш буюртмачисининг номи _____________________________________________________
‎___________________________________________________________________________________
‎1.4. Сувдан фойдаланувчининг номи ______________________________________________________
‎___________________________________________________________________________________
‎1.5. Қудуқдан мўлжалланган мақсад ______________________________________________________
‎1.6. Лойиҳани ишлаб чиқувчи ___________________________________________________________
‎1.7. Рухсатноманинг рақами ва берилган вақти:
‎махсус сувдан фойдаланишга ва сувни ишлатишга ___________________________________________
‎қудуқ бурғулашга ____________________________________________________________________
‎1.8. Сувга бўлган талаб-эҳтиёж, м3/сут ____________________________________________________
‎1.9. Бурғулаш ташкилотининг номи ______________________________________________________
‎__________________________________________________________________________________
‎1.10. Бурғулаш тури ва бурғулаш ускунасининг тури
‎__________________________________________________________________________________
‎__________________________________________________________________________________
‎ 1.11. Бурғулаш ишларини ўтказиш санаси
‎__________________________________________________________________________________

‎‎2. Бурғулаш ишларининг натижалари

‎‎2.1. Қудуқ кесимининг литологик тузилиши ҳақидаги қисқача маълумотлар:
‎____________________________________________________________________________________
‎____________________________________________________________________________________
‎____________________________________________________________________________________
‎____________________________________________________________________________________
‎‎2.2. Қудуқ бурғуланди: ‎‎d ______ мм, ______________ м оралиқларда
‎d ______ мм, ______________ м оралиқларда
‎d ______ мм, _________________ м.
‎‎2.3. Қудуқ обсадка қувурлари билан маҳкамланди: ‎‎d _____ мм, _____ м оралиқларда
‎d _____ мм, _____ м оралиқларда
‎d _____ мм, _____ м оралиқларда
‎‎2.4. Фильтр ______________ турда, d ______ мм ____________ м оралиқда ўрнатилган
‎2.5. Цементациялаш оралиғи _________________ м.

‎‎3. Сувни чиқариб олиш синови ҳақидаги маълумотлар

3.1. Компрессор ёки насос тури __________________________________________________________
‎3.2. Сув кўтарувчи қувурнинг диаметри ва тушириш чуқурлиги (агар чуқурдаги насос бўлса — турини кўрсатиш, юкланиш чуқурликлари ________________________________________________________
‎3.3. Қудуқдаги сувнинг статистик сатҳлари:
‎— чиқарилгунгача _______________‎м;
‎— чиқарилгандан кейин _______________ м.
‎3.4. Чиқариш натижалари:
‎— сув сарфланиши Q _____ л/с, ўзи оқиб чиқишида уни чиқарилгандан кейинги сарфланишини кўрсатиш _______________________ л/с;
‎— пасайиши , S ______________ м;

‎‎‏— солиштирма дебит,

Q __________а/с;
‎‎S‎‏‎
‎‎— чиқаришни ўтказиш санаси ва чиқаришнинг давомийлиги:
‎___________________________________
‎3.5. Қудуққа сув кўтарувчи ускунани ўрнатиш бўйича тавсиялар (насос тури, маркаси ва юкланиш чуқурликлари)
‎_________________________________________________________________
‎3.6. Қудуқнинг буюртмачига ва / ёки сувдан фойдаланувчига топширишдаги ҳолати
‎____________________________________________________________________________________
‎____________________________________________________________________________________

‎‎4. Сувнинг сифати ҳақида маълумот

‎‎4.1. Сувнинг таҳлилини ўтказувчи лаборатория _______________________________________________
‎____________________________________________________________________________________
‎4.2. Таҳлил турлари ва ўтказиш санаси ______________________________________________________
‎____________________________________________________________________________________
‎‎4.3. Таҳлилнинг асосий натижалари: ‎‎Минераллашуви ____________ мг/л;
‎Умумий қаттиқлиги _______ мг экв/л;
‎рН _________
‎тузли таркиб формуласи ____________

5. Илова

‎‎5.1. Қуйидаги маълумот таркибидаги, қудуқнинг геологик-техник кесимлари, қудуқнинг кесими (чизма):
‎— каротажга оид диаграмма;
‎— литологик кесим;
‎— сувнинг таркибли горизонти параметрлари;
‎— қудуқ конструкцияси;
‎— қудуқларнинг жойлашиш схемаси (абрис);
‎— синов сув чиқариш маълумотлари;
‎— кимёвий таҳлиллар натижаларининг тўлиқ маълумотлари.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 августдаги 672-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган айрим қарорлари
рўйхати
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ер ости сувларидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 27 июндаги 430-сон қарорининг (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2017 й., 6-сон, 122-модда) 1-банди иккинчи хатбоши ва унга 1-илова.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2018 йил 29 октябрдаги 884-сон қарорига илованинг 43-банди.
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2019 йил 11 февралдаги 111-сон қарорига илованинг 6-банди «а» кичик банди.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.08.2019 й., 09/19/672/3568-сон)