toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 1 февралдаги ПФ-5647-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази фаолиятини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 1 февралдаги ПФ-5647-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
транспорт ва логистика тизими муаммоларини ўрганиш, уларни бартараф этиш ҳамда илғор хорижий тажриба асосида соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
халқаро транспорт йўлакларида юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва ечимлари бўйича таклифлар тайёрлаш, истиқболли транспорт йўлакларини шакллантириш;
логистика тизимини такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларининг транспорт-логистика хизматларидан фойдаланишдаги сарф-харажатларини камайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
транспорт-логистика ва транспорт-экспедиторлик хизматлари бозорини ривожлантириш, транспорт-логистика марказлари кенг тармоқларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
логистика самарадорлиги индексида республиканинг ўрнини яхшилашга тўсқинлик қилаётган мавжуд муаммоларнинг тизимли таҳлилини олиб бориш, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
транспорт соҳасини инновацион ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, илмий-тадқиқот грант лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш;
атроф муҳитга зарарли таъсирни камайтириш, ресурсларни тежаш ва транспортда экологияни яхшилаш бўйича муаммоларни ўрганиш ва таклифлар тайёрлаш;
тизимли равишда илмий-тадқиқот муассасалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш бўйича бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 августдаги 502-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.08.2025 й., 09/25/502/0716-сон)
3. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш марказининг бошқарув ходимларининг чекланган сони 15 нафардан иборат бўлган тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш марказининг Устави 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Белгилаб қўйилсинки:
Марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларига, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эгадир;
Марказ директори Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади;
Марказни 2019 йилда ва кейинги йилларда сақлаш учун бюджет маблағлари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан келишган ҳолда Марказ томонидан тақдим қилинадиган асосланган ҳисоб-китобларга биноан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ажратилади.
5. Марказ директорига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
зарурат бўлганда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан келишган ҳолда бошқарув ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Марказ тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий ва таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини ва экспертларни маслаҳатчилар сифатида шартнома асосида жалб қилиш;
илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотлари, шу жумладан, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан қўшма тадқиқотлар ўтказиш бўйича шартномалар тузиш;
6. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия эҳсонлари;
халқаро молия ташкилотларининг грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
7. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги:
Марказ фаолиятини самарали ташкил этиш чораларини кўрсин;
бир ой муддатда Марказни юқори малакали мутахассислар билан тўлдирсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида Марказни сақлаш учун зарур маблағларни назарда тутсин;
Марказнинг асосланган ҳисоб-китобларига биноан Марказни зарур мебеллар, инвентарь, компьютер ва бошқа ташкилий техника билан жиҳозлаш бўйича харажатлар учун бюджет маблағлари ажратилишини таъминласин;
Марказга хизмат кўрсатиш учун битта бириктирилган ва битта навбатчи автотранспорт воситасини сақлаш учун зарур лимитлар ажратсин.
9. Марказ:
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг статистик ахбороти;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг таҳлилий материаллари мажбурий жўнатиладиган реестрга киритилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Марказ Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Амир Темур 1-тор кўчаси, 6-уй манзилидаги бинога бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 августдаги 502-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.08.2025 й., 09/25/502/0716-сон)
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — транспорт вазири А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 12 апрель,
305-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 апрелдаги 305-сон қарорига
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш марказининг
ТУЗИЛМАСИ
Бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони — 15 нафар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 апрелдаги 305-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш марказининг
УСТАВИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш марказининг (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини белгилайди.
2. Марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эгадир.
3. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг қарорлари ва буйруқларига, ушбу Уставга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
4. Марказ ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига ҳисобот беради.
5. Марказнинг расмий номи:
а) давлат тилида:
тўлиқ номи — Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази;
қисқартирилган номи — Транспорт муаммоларини ўрганиш маркази;
б) рус тилида:
тўлиқ номи — Центр изучения проблем развития транспорта и логистики при Министерстве транспорта Республики Узбекистан;
қисқартирилган номи — Центр изучения проблем транспорта;
в) инглиз тилида:
тўлиқ номи — Center for research of issues in development of transport and logistics under the Ministry of transport of the Republic of Uzbekistan;
қисқартирилган номи — Center for research transport issues.
6. Марказ бюджет ташкилоти ҳисобланади ва уни сақлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
7. Марказ жойлашган жой (почта манзили): 100128, Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Зулфияхоним кўчаси, 3-уй.
2-боб. Марказнинг мақсадлари, асосий вазифалари ва функциялари
8. Транспорт ва логистикани ривожлантириш соҳасида муаммоларни тизимли асосда ўрганишни таъминлаш ва таклифларни ишлаб чиқиш Марказ фаолиятининг мақсадлари ҳисобланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
транспорт ва логистика тизими муаммоларини ўрганиш, уларни бартараф этиш ҳамда илғор хорижий тажриба асосида соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
халқаро транспорт йўлакларида юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва ечимлари бўйича таклифлар тайёрлаш, истиқболли транспорт йўлакларини шакллантириш;
логистика тизимини такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларининг транспорт-логистика хизматларидан фойдаланишдаги сарф-харажатларини камайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
транспорт-логистика ва транспорт-экспедиторлик хизматлари бозорини ривожлантириш, транспорт-логистика марказлари кенг тармоқларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
логистика самарадорлиги индексида республиканинг ўрнини яхшилашга тўсқинлик қилаётган мавжуд муаммоларнинг тизимли таҳлилини олиб бориш, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
транспорт соҳасини инновацион ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, илмий-тадқиқот грант лойиҳаларини шакллантириш ва амалга ошириш;
атроф-муҳитга зарарли таъсирни камайтириш, ресурсларни тежаш ва транспортда экологияни яхшилаш бўйича муаммоларни ўрганиш ва таклифлар тайёрлаш;
тизимли равишда илмий-тадқиқот муассасалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш бўйича бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 августдаги 502-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.08.2025 й., 09/25/502/0716-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
10. Марказ ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
а) транспорт ва логистика тизими муаммоларини ўрганиш, уларни бартараф этиш ҳамда илғор хорижий тажриба асосида соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:
транспорт ва логистика тизимини такомиллаштириш муаммоларини ўрганади ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
республиканинг транспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш имкониятларини тадқиқ этади;
миллий транспорт тизимининг жаҳон транспорт тизимига интеграциясини чуқурлаштириш ва логистика тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
транспорт ва логистика тизимини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлайди, ташиш жараёнларини мақбуллаштиришни таъминлайдиган логистика марказлари ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;
транспорт-логистика соҳасидаги илғор хорижий тажрибаларни доимий мониторинг қилади ва улар асосида соҳани ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
б) халқаро транспорт йўлакларида юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва ечимлари бўйича таклифлар тайёрлаш, истиқболли транспорт йўлакларини шакллантириш соҳасида:
турли транспорт турларидан фойдаланган ҳолда халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш имкониятларини ўрганади ва уларни мақбуллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;
Марказий Осиёда қўшимча юк оқимларини жалб қилишни таъминлайдиган янги транспорт йўлакларини шакллантириш бўйича таклифлар тайёрлайди;
Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Европа, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари билан юк ва йўловчи ташиш транспорти оқимларини мақбуллаштириш бўйича изланишлар олиб боради;
миллий транспорт коммуникациялари орқали халқаро ва минтақавий транзитни ривожлантириш муаммоларини тадқиқ этади;
транспорт ва логистикани ривожлантириш соҳасида ҳамкорликдаги халқаро лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкил қилишда, халқаро алоқаларни ўрнатишда қатнашади;
в) логистика тизимини такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларининг транспорт-логистика хизматларидан фойдаланишдаги сарф-харажатларини камайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:
логистик хизматлар бозорини таҳлил қилиб боради ва логистика тизимини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;
тадбиркорлик субъектларининг транспорт ва логистика хизматлари учун харажатларини минималлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
соҳадаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;
г) атроф-муҳитга зарарли таъсирни камайтириш, ресурсларни тежаш ва транспортда экологияни яхшилаш бўйича муаммоларни ўрганиш ва таклифлар тайёрлаш соҳасида:
атроф-муҳитга ва инсон саломатлигига транспортнинг зарарли таъсирини камайтириш имкониятларини тадқиқ қилади ҳамда уларни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;
транспортда ресурсларни тежаш ва экология муаммоларини ўрганади, транспорт ресурсларидан самарали фойдаланиш, атроф-муҳитга техноген юкламани минималлаштириш масалаларига комплекс ёндашган ҳолда таклифлар ишлаб чиқади;
иқлим ўзгариши соҳасидаги илмий-тадқиқотларни транспорт секторига интеграция қилишга кўмаклашади;
«яшил» транспортни ривожланиш тенденцияларини таҳлил қилади ва таклифлар ишлаб чиқади;
д) транспорт-логистика ва транспорт-экспедиторлик хизматлари бозорини ривожлантириш, транспорт-логистика марказлари кенг тармоқларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:
транспорт-экспедиторлик корхоналари фаолиятини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқади ва доимий рейтингини юритади;
транспорт-экспедиторлик хизматларини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
транспорт-логистика марказлари фаолиятини мониторинг қилади, баҳолайди ва реестрини юритади;
транспорт-логистика марказлари кенг тармоғини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
е) логистика самарадорлиги индексида республиканинг ўрнини яхшилашга тўсқинлик қилаётган мавжуд муаммоларнинг тизимли таҳлилини олиб бориш, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:
логистика самарадорлиги индексида республиканинг ўрнини яхшилашга қаратилган амалий чора-тадбирлар дастурига киритиш учун таклифлар ишлаб чиқади;
логистика самарадорлиги индекси бўйича мақсадли кўрсаткичларга эришишга қаратилган амалий чора-тадбирларнинг ижроси юзасидан ахборот, шунингдек, тегишли маълумотлар, статистика ахборотлари ва бошқа материалларни тайёрлайди;
халқаро ташкилотлар, рейтинг агентликлари, мустақил нашрлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, халқаро эксперт ва консультантлар билан самарали халқаро ҳамкорликни йўлга қўяди;
ж) транспорт соҳасини инновацион ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, илмий-тадқиқот грант лойиҳаларини шакллантириш ва амалга ошириш соҳасида:
транспорт соҳасидаги инновацион лойиҳалар рўйхатини шакллантиради ва мувофиқлаштиради;
транспорт соҳасини ривожланган давлатлар тажрибаси асосида инновацион ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлайди;
соҳада фаолият юритувчи кадрлар учун инновацион ва технологик фаолиятни бошқариш йўналишида мунтазам илмий-амалий семинарлар ташкил қилади;
з) тизимли равишда илмий-тадқиқот муассасалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш бўйича бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш соҳасида:
транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш натижаларини муҳокама қилиш мақсадида олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот муассасалари, хўжалик бошқаруви органлари, бошқа манфаатдор ташкилотлар ва хусусий сектор билан ўзаро ҳамкорлик қилади;
транспорт ва логистикани ривожлантириш соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ва тузилмалар, хорижий мамлакатларнинг миллий институтлари билан ҳамкорлик қилади.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 августдаги 502-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.08.2025 й., 09/25/502/0716-сон)
3-боб. Марказнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
12. Марказ ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Марказга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига киритиш;
давлат ва хўжалик бошқариш органларидан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан, ҳудудий транспорт бошқармаларидан, йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссияларидан Марказ ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этишда зарур бўлган маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва бепул олиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий ташкилотлар ва таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассислари ва экспертларни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобига Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан келишган ҳолда шартнома асосида маслаҳатчилар сифатида жалб қилиш;
юридик ва жисмоний шахсларга шартнома асосида транспорт ва логистика тизимида муаммоларни тадқиқ қилиш бўйича хизматлар, таҳлилий ишларни бажариш бўйича маслаҳат хизматлари, шунингдек, ўз ваколатлари доирасида хизматларнинг бошқа турларини кўрсатиш;
статистика органларидан Марказ ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур статистик ахборотларни бепул олиш;
автомобиль, темир йўл, ҳаво ва дарё транспорти соҳасида илмий ва эксперт ишларини, маслаҳатлашувларни амалга ошириш, долзарб масалаларни ишлаб чиқиш учун олимлар, вазирликлар, идоралар, таълим ташкилотлари ва бошқа муассасаларнинг юқори малакали мутахассисларини шартнома асосида таклиф қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан келишган ҳолда Марказ ваколатига кирадиган масалалар бўйича белгиланган тартибда идоралараро тусдаги битимлар тузиш;
Марказ амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
13. Марказ:
Марказга юкланган вазифалар ва функциялар сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;
Марказ ваколатлари доирасида транспорт ва логистикани ривожлантириш бўйича дастурлар, чора-тадбирлар режалари, «йўл хариталари» ва бошқа дастурий ҳужжатлар амалга оширилиши учун жавоб беради.
Марказ амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.
4-боб. Марказ фаолиятини ташкил қилиш
14. Марказга Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошчилик қилади.
Директорнинг Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бир нафар ўринбосари бўлади.
15. Директор Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан келишган ҳолда Марказнинг харажатлари сметасини ва штат жадвалини тасдиқлайди.
16. Директор:
Марказ фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;
Марказ ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади, Марказга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
Марказ ишини ташкил этишга ҳамда ижро интизомининг ҳолатини назорат қилишга бевосита раҳбарлик қилади;
ўз ўринбосари ва Марказнинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини, вазифаларини ва шахсий жавобгарлиги даражасини белгилайди;
Марказ бўлимлари тўғрисидаги низомларни ва Марказ ходимларининг лавозим вазифаларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;
Марказ ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;
ўз ваколатлари доирасида Марказнинг барча ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;
Марказ ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллаш масалаларини ҳал этади;
ўз юритиши соҳасига кирадиган масалалар бўйича ҳайъат мажлисларида, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги мажлисларида белгиланган тартибда иштирок этади.
Директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
17. Марказ директори Марказга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб беради.
18. Марказ директори бўлмаган даврда унинг ваколатларини унинг ўринбосари амалга оширади.
19. Марказ директорининг ўринбосари:
Марказнинг мутасаддилик қилинадиган бўлимларига бевосита раҳбарлик қилади ва Марказга юкланган вазифалар ва функциялар ва унга бириктирилган масалалар бажарилиши ва мутасаддилик қилинадиган бўлимларда ижро интизомининг ҳолати учун шахсан жавоб беради.
ўзига бириктирилган масалалар бўйича материаллар ва ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ва ўз вақтида тайёрланишини ташкил қилади, топшириқлар бажарилиши назорат қилинишини таъминлайди;
Марказнинг иш режаларида ҳамда ходимларнинг шахсий иш режаларида тегишли даврга назарда тутилган масалалар ўрганилиши ва чора-тадбирлар амалга оширилиши мувофиқлаштирилишини таъминлайди, танқидий таҳлил асосида Марказ директорининг кўриб чиқиши учун таклифлар киритади;
ўзининг ваколатига тааллуқли бўлган масалалар бўйича бўлимларнинг раҳбарлари ва мутахассислар билан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳайъати мажлисларида кўриб чиқишга материалларни тайёрлаш учун йиғилишлар ўтказади;
Марказ директорининг топшириғи бўйича чиқувчи хатларни имзолайди;
Марказ директорига тегишли мутахассислар ўртасида вазифаларни тақсимлаш бўйича таклифлар киритади;
Марказ директорига мутасаддилик қилинадиган бўлимлар мутахассисларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш, малака оширишга юбориш, рағбатлантириш ва уларга интизомий жазо қўллаш тўғрисида таклифлар киритади;
вазифалар тақсимотига мувофиқ бошқа функцияларни амалга оширади.
20. Марказ директорининг ўринбосари Марказга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб беради.
5-боб. Меҳнатга ҳақ тўлаш ва Марказ ходимларини моддий рағбатлантириш
21. Марказ ходимларини моддий рағбатлантириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
22. Марказ ходимларига вазирлик марказий аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий хизмат, транспорт таъминоти ва ижтимоий ҳимоя шартлари татбиқ этилади, шунингдек, уларга кўп йиллик хизматлари учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда, лавозим маошига белгиланган коэффициентларда қуйидаги ҳажмларда ҳар ойда қўшимча устама тўловлари тўланади:
2 йилдан 5 йилгача — 0,1;
5 йилдан 10 йилгача — 0,2;
10 йилдан 15 йилгача — 0,3;
15 йилдан ортиқ — 0,4.
(22-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 августдаги 502-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.08.2025 й., 09/25/502/0716-сон)
23. Марказ ходимларини қўшимча моддий рағбатлантириш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
6-боб. Марказнинг мол-мулки ва фаолиятини молиялаштириш
24. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия эҳсонлари;
халқаро молия ташкилотларининг грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
25. Марказ белгиланган тартибда унга бириктирилган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни бошқариш ҳуқуқини амалга оширади.
26. Хўжалик фаолияти даромадлари, шунингдек, беғараз тушумлар ҳисобига харид қилинган мол-мулк ва олинган маблағлар Марказнинг мулки ҳисобланади.
27. Марказ томонидан олинган фойда белгиланган тартибда ушбу Уставда назарда тутилган вазифалар ва функцияларни бажаришга йўналтирилади.
7-боб. Якунловчи қоида
28. Марказни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
 LexUZ шарҳи
Қаранг: Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 июлдаги 302-сон қарори билан тасдиқланган Давлат муассасалари тўғрисидаги низом.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.04.2019 й., 09/19/305/2932-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 11.08.2025 й., 09/25/502/0716-сон)