1.14.00.00.00 Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия. Спорт. Туризм / 14.02.00.00 Жисмоний тарбия ва спорт / 14.02.01.00 Умумий масалалар]
[ТСЗ:
1.Ижтимоий-маданий масалалар / Жисмоний тарбия ва спорт]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Наслли ва спорт отларига «От паспорти»ни бериш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида
Республикамизда йилқичилик соҳасини янада ривожлантириш, наслли ва спорт отларини етиштириш, спорт отларини халқаро даражадаги кўргазмаларда, спорт мусобақаларида иштирок этишини таъминлаш, эпизоотик барқарорликни назорат қилиш, шунингдек, наслли ва спорт отларига миллий ва халқаро от паспортини бериш тизимини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Наслли ва спорт отларига «От паспорти»ни бериш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки:
наслли ва спорт отларига «От паспорти» от эгасининг хоҳишига кўра берилади;
наслли ва спорт отларини аукционларда, кўргазмаларда, миллий ва классик от спорти ўйинларида, спорт мусобақаларида иштирок этиши, шунингдек отлардан хизмат отлари сифатида фойдаланиш ушбу «От паспорти» мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.
3. Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясига уч ой муддатда:
отларнинг генетик (қон) таҳлилини ўтказиш лабораториясини ташкил этиш ва лабораторияда ишлайдиган мутахассисларнинг хорижий давлатларда малака ошириш курсларига юборилишини;
«От паспорти» намунасининг Халқаро от спорти федерацияси (FEI) рўйхатидан ўтказилишини;
«От паспорти»ни бериш билан боғлиқ барча ташкилий чора-тадбирларни белгилаб, уларнинг ижросини таъминлаш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 12 март,
214-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 мартдаги 214-сон қарорига ИЛОВА
Наслли ва спорт отларига «От паспорти»ни бериш тартиби тўғрисида
низом
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом наслли ва спорт отларига «От паспорти»ни бериш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
«От паспорти» — наслли ва спорт отларининг насл-насаби, зотга мансублиги, насл қиймати, юқумли касалликларга қарши ўтказилган эмланмалар (вакциналар), лаборатория синовлари таҳлилларининг натижалари ва диагностик текширувлар ўтказилгани тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжат;
наслли от — келиб чиқиши (насл-насаби) маълум бир зотга мансуб бўлган ва наслли от сифатида Давлат наслчилик китобида рўйхатга олинган от;
спорт оти — отлар иштирокида ўтказиладиган турли от спорти мусобақаларида қатнашувчи от;
от эгаси — отга эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлган юридик ёки жисмоний шахслар;
Давлат наслчилик китоби — насл хусусиятларини ўзида мужассамлаштирган отлар тўғрисидаги маълумотлар жамланмаси.
3. «От паспорти» мазкур низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда расмийлаштирилади.
4. Наслли ва спорт отлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириб бориш ва наслли отларнинг Давлат наслчилик китобини юритиш Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси томонидан амалга оширилади.
5. «От паспорти» Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси томонидан жисмоний ва юридик шахслар қарамоғидаги наслли ва спорт отларига:
миллий ва классик от спорти ўйинлари, спорт мусобақаларида, кўргазмаларда ва аукционларда иштирок этиш;
отчопарларда, от спорти клублари ва мактабларда ҳамда хизмат отлари сифатида фойдаланиш;
селекция-наслчилик ишларини самарали амалга ошириш;
эпизоотик барқарорликни таъминлаш бўйича амалга оширилган тадбирларни назорат қилиш;
халқаро миқёсда ўтказиладиган спорт ўйинларида (Халқаро мусобақа ва Олимпия ўйинларида) қатнашадиган спорт отларига Халқаро от спорт федерациясининг (FEI) паспортини олиш учун берилади.
6. «От паспорти»ни расмийлаштириш учун от эгасининг ўз маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида тўлов тўланади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 декабрдаги 1046-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон)
7. Тўланган тўлов Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси ҳузуридаги Йилқичилик ва от спортини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.
8. «От паспорти» мазкур низомнинг 2-иловасига мувофиқ схема бўйича берилади.
2-боб. «От паспорти»ни олишга доир талаблар ва уни бериш тартиби
9. «От паспорт»ни олиш учун от эгаси Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясига ёзма равишда мурожаат қилади.
10. Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясининг вакили «От паспорти»ни олиш учун от эгасининг мурожаати бўйича жойига чиққан ҳолда ўрганади ва қуйидагилар тўғрисида маълумотларни шакллантиради:
отнинг график тасвири;
отнинг тана ўлчамлари;
отнинг келиб чиқиши ва насл-насаби (бирламчи зоотехника ҳужжатлар);
отнинг 7 дона фотосурати (отни ўнг ён томондан, чап ён томондан, бошининг олд томонидан, тумшуғи, олд ва орқа оёқларининг олдиндан кўриниши, олд ва орқа оёқларининг орқа томондан кўриниши ва бўйнининг паст томондан кўриниши).
11. «От паспорти» бериладиган отларнинг келиб чиқишини аниқлаш учун зарур ҳолларда, махсус лабораторияларда отнинг генетик (қон) таҳлиллари амалга оширилади.
12. Лаборатория таҳлили натижалари ушбу низомнинг 10-бандида назарда тутилган ҳужжатлар таркибига киритилади.
13. «От паспорти» Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланган ва муҳрланган ҳолда берилади.
14. «От паспорти» Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясининг буюртманомасига асосан тайёрланади ҳамда ушбу паспорт наслли ва спорт отларининг бутун умри давомида амал қилади.
15. «От паспорти» 10 иш кунида расмийлаштирилади ва от эгасига тақдим этилади.
16. «От паспорти»ни от эгасига бериш вақтида Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясида юритиладиган махсус реестр китобига тегишли ёзув киритилган ҳолда рўйхатга олинади ва электрон шаклда расмий веб-сайтга жойлаштирилади.
17. Наслли отларга «От паспорти» берилгандан сўнг ушбу наслли от белгиланган тартибда Давлат наслчилик китобига рўйхатга олинади ва бунинг учун тўлов тўланмайди.
18. «От паспорти»га тегишли ёзувлар Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси томонидан ҳар йили киритиб борилади.
19. Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси томонидан «От паспорти»га келгуси йилларда ҳам ҳар йили киритиладиган тегишли ёзувлар киритилганда, от эгасидан тўлов ундирилмайди.
Бунда келгуси йилларда «От паспорти»га тегишли ёзувларни киритиш билан боғлиқ (хизмат сафари) харажатлар Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси зиммасида қолади.
20. Отлардан хизмат отлари сифатида фойдаланувчи ташкилотларнинг мурожаатларига кўра «От паспорти» берилиши мумкин. Бунда, ушбу низом қоидаларига амал қилинади.
21. «От паспорти»га отларни эмлаш тадбирлари, лаборатория ва диагностик текширувлар ўтказилгани тўғрисидаги тегишли ёзувлар ветеринария врачи томонидан киритилади ҳамда имзо ва муҳр билан тасдиқланади.
3-боб.От паспортини қайта расмийлаштириш, ўзгартиришлар киритиш ва ҳисобдан чиқариш
22. «От паспорти» йўқолганда ва яроқсиз ҳолатга келганда, от эгаси томонидан Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясига мурожаат қилинади ва «От паспорти» икки иш кунида бепул қайта расмийлаштирилиб берилади.
23. Отнинг эгаси ўзгарганда, унинг янги эгасининг мурожаатига кўра «От паспорти»га Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси томонидан икки иш кунида тегишли ўзгартиришлар киритилади.
24. «От паспорти»га эга бўлган отлар мажбурий сўйилса ёки бошқа сабаблар оқибатида нобуд бўлган тақдирда, от эгаси томонидан бир иш кунида «От паспорти» Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясига қайтарилади.
25. Наслли ва спорт отлари белгиланган тартиб асосида экспорт қилинганда «От паспорти» ҳисобдан чиқарилади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 5-боби.
4-боб. Якунловчи қоидалар
26. «От паспорти»га оид бирламчи маълумотлар базасининг сақланишига Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси жавобгар ҳисобланади.
27. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
(27-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Наслли ва спорт отларига «От паспорти»ни бериш тартиби тўғрисида низомга 1-ИЛОВА
Мазкур ҳужжат от эгаси (қаровчиси)да сақланади ва от сотилган пайтда янги эгасига берилади.
Настоящий документ сохраняется владельцем (смотрителем) лошади и передается новому владельцу при продаже лошади.
This document is retained by the owner (caretaker) of the horse and transferred to the new owner when a sale of horse.
От эгасининг Ф.И.Ш. ва манзили Ф.И.О., владельца и адрес
Name, address of the owner
Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси вакилининг
имзоси ва муҳрининг ўрни
Подпись и место печати
Signature and Company Stamp
Насл-насаби/Родословная/Parentage
Қайд этиш рақами_____________________________ Регистрационный №_________________________________ Registration number №_________________________________
Туғилган жойи Место рождения Place of birth ____________________________________________________________________________________________ ____________________________________________________________________________________________________________
Иммунитет экспертизаси рақами, cанаси № экспертизы иммунитета и дата Immunity expertise №, date _______________________________
Чипнинг идентификация рақами Идентификационный номер чипа Chip identification number
Сана Дата Date
Чип коди Код чипа Chip code
Штрих код Barcode
М.Ў/М.П/Р.Р
Федерация раиси ўринбосари Заместитель председателя Федерации Deputy-chairman of Federation_____________________________________________________________________
Берилган вақти Дата выдачи Date of issue:__________________________________________________________________________________
Отнинг эгаси ўзгарганда мазкур от паспортига Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти Федерацияси томонидан отнинг янги эгаси тўғрисидаги маълумотлар киритилиб, рўйхатдан ўтказилади ва отнинг янги эгасига қайтаради.
При смене владельца паспорт должен незамедлительно возвращаться в Федерацию коневодства и конного спорта Узбекистана, при этом сообщаются фамилия и адрес нового владельца, после регистрации, которых Федерация возвращает паспорт новому владельцу.
On change of ownership the passport must immediately be lodged with the «Нorse breeding and Equestrian Federation of Uzbekistan» giving the name and address of the new owner, for re-registration and forwarding to the new owner.
Наслли ва спорт отларига «От паспорти»ни бериш тартиби тўғрисида низомга 2-ИЛОВА
Наслли ва спорт отларига «От паспорти»ни бериш
схемаси
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 12.03.2019 й., 09/19/214/2761-сон; 29.12.2019 й., 09/19/1046/4242-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)