toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ноёб илмий объектларни аниқлаш, уларни сақлаш ва мониторингини олиб бориш билан боғлиқ фаолиятни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида
Республикадаги ноёб илмий объектлар бўйича таклифларни қабул қилиш, таҳлил этиш, ҳисобини юритиш, молиялаштириш ва мониторингини олиб бориш жараёнларини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ноёб илмий объектларни аниқлаш, уларни сақлаш ва мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар академияси ҳамда ноёб илмий объектлар рўйхатига киритилган муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ноёб илмий объектларни қайта хатловдан ўтказсин, шунингдек, Ноёб илмий объектларни аниқлаш, уларни сақлаш ва мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган мезонлар асосида ноёб илмий объектлар рўйхатини тасдиқласин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019 йилдан бошлаб «Фан» соҳаси учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида ноёб илмий объектлар рўйхатига киритилган объектларни сақлаш учун зарур маблағларни назарда тутсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М. Ганиев ва Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдурахмонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 6 февраль,
94-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги 94-сон қарорига
ИЛОВА
Ноёб илмий объектларни аниқлаш, уларни сақлаш ва мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом ноёб илмий объектларни аниқлаш, уларни сақлаш ва мониторингини олиб бориш тартибини белгилайди.
Олдинги таҳрирга қаранг.
2. Илмий фаолиятни самарали йўлга қўйиш учун алоҳида аҳамиятга эга, мамлакатда ягона бўлган, илмий изланишларда фойдаланилаётган, тегишли соҳада мукаммал изланишлар олиб бориш имконини берадиган ҳамда мазкур Низомда белгиланган тартибда ноёб илмий объектлар рўйхатига киритилган илмий асбоб-ускуналар, нодир тўпламлар ва бошқа камёб объектлар ноёб илмий объект саналадилар.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги 545-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2021 й., 09/21/545/0832-сон)
3. Объектларни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш (рўйхатдан чиқариш) ҳамда уларни молиялаштириш бўйича таклифларни ўз тасарруфида олий таълим ва илмий муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этадилар.
4. Ноёб илмий объектларни аниқлаш, тасдиқлаш ва уларни сақлаш мазкур Низомнинг 1-иловасида келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.
2-боб. Объектларни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш учун ҳужжатларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва ноёб илмий объектлар рўйхатини тасдиқлаш
5. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар академияси, вазирликлар ва идоралар ҳамда муассасаларнинг объектларни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш бўйича таклифларини ўрганиб чиқади, умумлаштиради, ноёб илмий объектлар рўйхатига киритади (рўйхатдан чиқаради), рўйхатни тасдиқлайди, ноёб илмий объектларни сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш бўйича ишларни мувофиқлаштиради ҳамда доимий мониторингини олиб боради.
6. Ноёб илмий объект деб ҳисоблашда объектлар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
объектнинг республикада ягона (ноёб) бўлиши;
объектнинг илмий-амалий аҳамиятга эга бўлиши ва илмий тадқиқотларда фойдаланилаётган бўлиши;
тегишли соҳада ушбу объектсиз фундаментал ёки амалий тадқиқот олиб боришнинг имконсизлиги;
объектнинг моддий жиҳатдан юқори қийматга эга бўлиши.
7. Вазирликлар ва идоралар ўз тасарруфидаги олий таълим ва илмий муассасалардан ноёб илмий объектлар рўйхатини шакллантириш учун таклифларни ҳар йили 25 мартга қадар қабул қилади, бунда, тавсия қилинаётган ҳар бир илмий объектнинг фан ва техника тараққиёти ҳамда илмий-тадқиқот фаолияти ривожланиши учун аҳамиятлилиги даражаси вазирликлар ва идораларнинг тегишли ҳайъат мажлисларида муҳокама қилинади ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига киритиш учун объектлар рўйхати шакллантирилади.
8. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳар йили 10 мартга қадар Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз расмий веб-сайтида ноёб илмий объектлар бўйича ушбу вазирликка таклифлар киритиш тўғрисида эълон беради.
9. Вазирликлар ва идоралар ҳар йили 1 апрелга қадар объектларни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш учун таклифларни қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига киритади:
объектни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш тўғрисида расмий хат;
объектнинг ноёб эканлигини кўрсатувчи асоснома;
объектнинг тўлиқ тавсифномаси;
объектга хизмат кўрсатувчи штат бирликлари тўғрисида маълумот;
объектдан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши режалаштирилган илмий тадқиқот ишларининг тавсифи;
объектни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида вазирлик ва идоралар ҳайъат мажлисининг қарори;
мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги маълумотлар.
10. Вазирликлар ва идораларнинг объектларни ноёб илмий объектлар рўйхатига киритиш бўйича таклифлари ҳар йили 20 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг фан йўналишлари бўйича илмий-техникавий кенгашлари томонидан кўриб чиқилади ва ноёб илмий объектлар рўйхати шакллантирилади.
11. Ноёб илмий объектлар рўйхати ҳар йили 30 апрелга қадар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тасдиқланади ҳамда унинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида эълон қилинади.
3-боб. Ноёб илмий объектларни молиялаштириш
12. Ноёб илмий объектлар рўйхатига киритилган объектлари бўлган вазирликлар ва идоралар томонидан келгуси молия йили учун сўралган маблағлар акс эттирилган бюджет сўрови шакллантирилиб, ҳар йили 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилади. Бюджет сўрови ноёб илмий объектни сақлаш, унга хизмат кўрсатиш ва ундан фойдаланиш харажатларидан келиб чиқиб шакллантирилиши лозим.
Ноёб илмий объектлар бўйича келгуси молия йили учун бюджет сўрови билан биргаликда, мазкур объектнинг ўтган йилдаги фаолиятининг молиялаштирилиши тўғрисида ва жорий йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар илова қилинади. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ушбу ҳисоботларни келгуси йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини кўпайтириш, камайтириш ёки тўхтатиш, объектларни концервациялаш мақсадида ўрганиб чиқади.
13. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги вазирликлар ва идоралар томонидан келгуси молия йили учун тақдим этилган бюджет сўровини белгиланган тартибда кўриб чиқади. Бунда, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги вазирликлар ва идоралардан бюджет сўровига доир ҳисоб-китобларни талаб қилишга ҳақли.
14. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ноёб илмий объектларни сақлаш бўйича тақдим этилган бюджет буюртмаларини жамлаш йўли билан жамланма бюджет буюртмасини шакллантиради ва тасдиқлайди ҳамда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.
15. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тақдим этилган жамланма бюджет буюртмаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан бюджет қонунчилигига мувофиқ кўриб чиқилади ҳамда келгуси йил учун шакллантириладиган бюджетнома лойиҳасига белгиланган тартибда киритилади.
16. Ноёб илмий объектларни молиялаштириш «Фан» соҳаси учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Тасарруфида ноёб илмий объектлари бўлган муассасаларни сақлаш бўйича харажатлар сметаларини тузиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
(16-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
17. Тасарруфида ноёб илмий объект бўлган муассаса томонидан ноёб илмий объектлар учун ажратилган бюджет маблағларининг сарфланиши тўғрисидаги йиллик молиявий ҳисобот 3 нусхада тайёрланади ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига ва юқори турувчи ташкилотга тақдим этилади.
4-боб. Ноёб илмий объектни сақлаш, унга хизмат кўрсатиш ва ундан фойдаланиш юзасидан ҳисобот
Олдинги таҳрирга қаранг.
18. Ўз бўйсунувида ноёб илмий объект бўлган ташкилот раҳбари уни ишчи ҳолатда сақлаш, унга зарур хизматларни кўрсатиш, ундан унумли фойдаланиш, ажратилган молиявий маблағнинг самарали ва мақсадли сарфланиши, шунингдек ноёб илмий объект бўйича илмий ва молиявий ҳисоботларнинг Инновацион ривожланиш вазирлигига топширилиши учун жавобгардир.
(18-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги 545-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2021 й., 09/21/545/0832-сон)
19. Тасарруфида ноёб илмий объект бўлган муассасалар раҳбарлари объектдан фойдаланган ҳолда бажарилган илмий-тадқиқот ишлари ҳамда ажратилган молиявий маблағнинг мақсадли сарфланиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига ва юқори турувчи ташкилотга 3-иловага мувофиқ тайёрланган йиллик ҳисоботни электрон ва қоғоз кўринишида ноёб илмий объектнинг йиллик фаолияти тўғрисидаги муассаса Илмий-техник кенгашининг асосланган хулосаси билан биргаликда ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 30 январига қадар тақдим этади.
20. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳисоботларнинг ўз вақтида қабул қилинишини ташкил этади ва расмийлаштиради, фан йўналишлари бўйича Илмий-техник кенгашларнинг эксперт гуруҳларида ҳисоботларни таҳлил қилиб, уларнинг натижалари юзасидан эксперт хулосалари тайёрлайди. Ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида сақланади.
5-боб. Ноёб илмий объектлар фаолиятининг мониторинги
21. Ноёб илмий объектлар фаолиятининг мониторинги таркибида ноёб илмий объект мавжуд муассасанинг юқори турувчи ташкилоти ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан амалга оширилади.
22. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги мониторингни амалга оширишда ноёб илмий объектни иш ҳолатида сақланаётганлигини, унга зарур техник ва бошқа хизматларнинг кўрсатилаётганлигини ҳамда ундан унумли фойдаланилаётганлигини, ажратилган молиявий маблағнинг мақсадли сарфланаётганлигини, ноёб илмий объект бўйича илмий ва молиявий ҳисоботларнинг ўз вақтида топширилаётганлигини ўрганиб боради.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги мониторинг натижасида жиддий камчиликлар ёки молиявий қонунбузарликларни аниқлаган тақдирда ноёб илмий объектларни молиялаштириш миқдорини камайтириши ёки молиялаштиришни муддатидан олдин тўхтатиши мумкин.
Молиялаштириш миқдорининг камайтирилиши ёки тўхтатилиши Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Ҳайъати қарорига асосан амалга оширилади. Ҳайъат қарорининг нусхалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига, тегишли вазирликлар ва идораларга ҳамда тасарруфида илмий объект бўлган муассасага юборилади.
6-боб. Якунловчи қоида
Олдинги таҳрирга қаранг.
23. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
(23-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
Ноёб илмий объектларни аниқлаш, уларни сақлаш ва мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида низомга
1-ИЛОВА
Ноёб илмий объектларни аниқлаш, тасдиқлаш ва уларни сақлаш
СХЕМАСИ
Ноёб илмий объектларни аниқлаш, уларни сақлаш ва мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида низомга
2-ИЛОВА
Ноёб илмий объект фаолиятининг натижадорлиги кўрсаткичлари

Т/р

Кўрсаткичлар номи

Сони

1.

Ноёб илмий объектдан фойдаланувчилар сони

2.

Тасарруфида ноёб илмий объект бўлган ташкилот ва муассасалар томонидан объектдан фойдаланган ҳолда бажарилган илмий тадқиқот ишлари қиймати

3.

Бошқа ташкилот ва муассаса томонидан объектдан фойдаланган ҳолда бажарилган илмий-тадқиқот ишлари қиймати

4.

Объектдан фойдаланилган ҳолда чиқарилган илмий мақолалар сони, шу жумладан:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси рўйхатидаги журналларда

«Scopus» ва «Web of science» маълумотлар базасига киритилган импакт факторли журналларда

бошқа хорижий илмий нашрларда

5.

Объектдан фойдаланилган ҳолда бажарилган илмий ишларга олинган патент ва бошқа интеллектуал мулк объектлари сони*

6.

Объектдан фойдаланилган ҳолда бажарилган илмий ишларга патент ва бошқа интеллектуал мулк объектларини олиш учун берилган талабномалар сони*

7.

Объектдан фойдаланилган ҳолда олинган илмий янгиликлар бўйича амалга оширилган фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DСs) ишлари ҳимоялари сони

* Табиий ва техника фанлари йўналишлари фаолиятидаги ноёб илмий объектлар учун.
Ноёб илмий объектларни аниқлаш, уларни сақлаш ва мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисида низомга
3-ИЛОВА
Йиллик ҳисоботнинг намунавий шакли
1. Титул варағи (унда вазирлик ёки идора, муассаса, ноёб илмий объектнинг номи ёзилади, масъул раҳбар ва илмий муассаса раҳбарининг имзоси билан тасдиқланиб, муҳр қўйилади).
2. Ноёб илмий объектга (кейинги ўринларда объект деб аталади) бевосита хизмат кўрсатувчи ходимлар рўйхати (уларнинг лавозимлари кўрсатилган ва имзолари бўлиши керак).
3. Реферат (объект тўғрисида тўлиқ маълумот, унинг илмий-техник фаолиятдаги аҳамияти, объектдан фойдаланиш соҳалари ва техник-иқтисодий кўрсаткичлари).
4. Мундарижа.
5. Кириш.
6. Асосий қисм:
6.1. Объектнинг асосий конструктив, технологик ва техник-фойдаланиш кўрсаткичлари;
6.2. Фойдаланиш соҳаси, унинг илмий аҳамияти;
6.3. Объект бўйича бажарилган ишлар мазмуни;
Олдинги таҳрирга қаранг.
6.4. Объектдан бевосита фойдаланган ҳолда олинган энг асосий илмий натижалар тўғрисида қисқача маълумот (давлат илмий дастурлари доирасидаги лойиҳаларни бажаришда фойдаланилган бўлса — лойиҳанинг шифри, мавзуси ва илмий раҳбари кўрсатилади);
(6.4-кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги 545-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2021 й., 09/21/545/0832-сон)
6.5. Объектдан бошқа илмий ва олий таълим муассасаларининг фойдаланганлиги ва фойдаланиши мумкинлиги тўғрисида маълумот;
6.6. Объект фаолиятининг натижадорлиги кўрсаткичлари (бир календарь йил давомида);
6.7. Ажратилган молиявий маблағларнинг ишлатилганлиги тўғрисида тўлиқ маълумот.
7. Хулоса.
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.02.2019 й., 09/19/94/2582-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.08.2021 й., 09/21/545/0832-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)