toggle_night_mode
Ҳужжат кучини йўқотган 21.06.2003
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг
буйруғи
ПАХТА ХОМ АШЁСИНИ САНОАТ ЙЎЛИ БИЛАН ҚАЙТА ИШЛАШ НАТИЖАСИДА ОЛИНАДИГАН ПАХТА ИСТЕЪМОЛ ЁҒИ, ШЕЛУХА ВА КУНЖАРАНИ ХЎЖАЛИКЛАРГА ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ ҲАҚИДА НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 16 октябрда 1180-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган]
 LexUZ шарҳи
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг 2003 йил 6 июндаги 89-сонли «Пахта хом ашёсини саноат йўли билан қайта ишлаш натижасида олинадиган пахта истеъмол ёғи, шелуха ва кунжарани хўжаликларга қайтариш тартиби ҳақида низом»ни тасдиқлаш тўғрисида буйруғига (рўйхат рақами 1249, 11.06.2003 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 15 майдаги 248-сонли ва 2001 йил 19 декабрдаги 477-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тўғрисидаги низомга мувофиқ буюраман:
1. «Пахта хом ашёсини саноат йўли билан қайта ишлаш натижасида олинадиган пахта истеъмол ёғи, шелуха ва кунжарани хўжаликларга қайтариш тартиби ҳақида низом» 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Норматив-ҳуқуқий базани ривожлантириш (Э. Юсупов), Юридик (Б. Ҳусенов) бошқармалари 3 кун муддат ичида буйруқ билан тасдиқланган Низомни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига рўйхатдан ўтказиш учун тақдим қилсинлар ва расмийлаштирилгандан сўнг қўлланма учун жойларга етказилишини таъминласинлар.
3. Мазкур Низом Адлия вазирлигида Давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб:
— 1997 йил 30 сентябрда тасдиқланган «Хўжаликлар ихтиёридаги давлат буюртмасидан ошиқча техник чигитни саноат йўли билан қайта ишлашдан олинган истеъмол ёғи, пахта шроти ва шелухасини хўжаликларга қайтариш тартиби ҳақидаги низом»;
— 1999 йил 5 ноябрда тасдиқланган «Давлат буюртмасини бажарган хўжаликлар ва ушбу буюртмани бажармаган хўжаликлардаги хўжалик ички шартномасини бажарган оилавий пудрат, ижарачи ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга пахта хом ашёсини саноат йўли билан қайта ишлаш натижасида олинадиган ёғ, шелуха, шрот ва линтни бериш тартиби ҳақидаги низом»;
— вазирликнинг 2001 йил 30 майдаги «Давлат буюртмасини бажарган хўжаликлар ва ушбу буюртмани бажармаган хўжаликлардаги ички хўжалик шартномасини бажарган оилавий пудратчи ва ижарачиларга пахта хом-ашёсини саноат йўли билан қайта ишлаш натижасида олинадиган пахта истеъмол ёғи, шелуха ва шротни хўжаликларга қайтариш ҳақида низом»ни тасдиқлаш тўғрисидаги 126-сонли буйруғи;
— 2002 йил 8 апрелдаги «Пахта хом ашёсини саноат йўли билан қайта ишлаш натижасида олинадиган пахта истеъмол ёғи, шелуха ва кунжарани хўжаликларга қайтариш тартиби ҳақида низом»ни тасдиқлаш тўғрисидаги 65-сонли буйруғи ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Мазкур буйруқнинг ижросини назорат қилиш вазир ўринбосари А.Жўраев зиммасига юклатилсин.
Вазир Н. ЮСУПОВ
Тошкент ш.,
2002 йил 19 сентябрь,
159-сон
Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг
2002 йил 19 сентябрдаги
159-сон буйруғи билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Пахта хом ашёсини саноат йўли билан қайта ишлаш натижасида олинадиган пахта истеъмол ёғи, шелуха ва кунжарани хўжаликларга қайтариш тартиби ҳақида
НИЗОМ
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 15 майдаги 248-сонли ва 2001 йил 19 декабрдаги 477-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Ушбу Низом Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 15 майдаги 248-сонли қарорига асосан давлат буюртмасини бажарган ёки бажармаганлигидан қатъий назар ширкат хўжаликлари ёки бошқа қишлоқ хўжалик корхоналари (келгусида — қишлоқ хўжалик корхоналари) таркибидаги ички хўжалик шартномасини бажарган оилавий пудратчи ва бошқа ички хўжалик бўлинмаларига (келгусида-пудратчи ва бошқа бўлинма) ҳамда пахта хом ашёси етиштириш бўйича контрактация шартномаларини бажарган фермер хўжаликларига пахта истеъмол ёғи ҳамда 2001 йил 19 декабрдаги 477-сонли қарорига асосан пудратчи, бошқа бўлинма ва фермер хўжаликлари томонидан давлат буюртмасидан ортиқча ишлаб чиқилиб, уларнинг ихтиёрида қолдириладиган техник чигитни қайта ишлашдан олинадиган шелуха ва кунжарани бериш тартибини белгилайди.
1. Қишлоқ хўжалик корхоналари пахта тайёрлаш мавсуми тутагандан кейин 10 кунлик муддат ичида хўжаликдаги пудратчи ва бошқа бўлинмалар бўйича, давлат буюртмасидан ортиқча сотилган пахта хом ашёси (уруғлик пахтадан ташқари) миқдори кўрсатилган рўйхатни туман қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасига беради. Туман қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси 5 кун муддат ичида ушбу рўйхатни иқтисодиёт ва статистика бўлимига тасдиқлатиб, пахтани қайта ишлаш корхонасига тақдим қилади.
2. Фермер хўжаликлари давлат буюртмасидан ортиқча етиштирилган пахта хом-ашёси (уруғлик пахтадан ташқари) миқдори кўрсатилган маълумотни 10 кун муддатда туман иқтисодиёт ва статистика бўлимига тасдиқлатиб, пахтани қайта ишлаш корхонасига тақдим қилади.
Пахтани қайта ишлаш корхоналарига берилган маълумотлар якуний бўлиб, шартнома тузиш учун асос ҳисобланади.
3. Пахтани қайта ишлаш корхонаси рўйхат ва маълумотни олгандан сўнг, 5 кунлик муддат ичида тайёрланган пахта ҳосили бўйича ҳар бир пудратчи ва бошқа бўлинма ҳамда фермер хўжаликларига берилиши кутиладиган техник чигит миқдорини белгиланган меъёрлар асосида ҳисоблаб чиқиб, бу тўғрида ҳудудий «Пахтасаноат» акциядорлик бирлашмасига ёзма равишда хабар беради.
Ҳудудий «Пахтасаноат» акциядорлик бирлашмаси 3 кунлик муддат ичида ушбу маълумотни ёзма равишда «Ўзпахтасаноат» уюшмасига беради. «Ўзпахтасаноат» уюшмаси эса ўз навбатида олинган маълумотни 2 кунлик муддат ичида «Ёғмойтамакисаноат» уюшмасига ҳамда Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигига беради.
4. Ҳудудий «Пахтасаноат» акциядорлик бирлашмаси, «Ёғмойтамакисаноат» уюшмасининг тақсимотига асосланиб, пахтани қайта ишлаш корхоналаридаги техник чигитни айнан қайси ёғ-мой корхонасига жўнатишни таъминлаб беради.
Бунда пахтани қайта ишлаш корхоналари билан ёғ-мой корхоналари орасидаги масофалар ҳисобга олинади ва техник чигит биринчи навбатда яқин жойлашган ёғ-мой корхоналарига жўнатилиши лозим бўлади.
5. Пахтани қайта ишлаш корхоналари ишлаб чиқарилган жами техник чигитни, шу жумладан давлат буюртмасидан ортиқ пахта хом ашёсидан олинадиган чигитни ҳам, ёғ-мой корхоналарига тўлиқ ҳажмда жўнатишлари шарт.
6. Пахтани қайта ишлаш корхоналари фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалик корхоналарига тегишли техник чигит айнан қайси ёғ-мой корхоналарига жўнатилиши аниқлангандан сўнг, 5 кун муддат ичида бу тўғрида тегишли фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалик корхоналари, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасини хабардор қилади.
7. Фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалик корхоналари ушбу хабарномани олгандан кейин тегишли пахтани қайта ишлаш корхонаси ва ёғ-мой корхонаси билан 1 мартгача уч томонлама шартнома тузади.
8. Ёғ-мой корхоналарига юборилаётган техник чигитнинг хамда уни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган ва қайтариб берилаётган пахта истеъмол ёғи, шелуха ва кунжаранинг сифат кўрсаткичлари давлат стандартлари ва техник шартлари талабларига мос бўлиши зарур.
Қайта ишлаш учун юборилаётган техник чигитга, шунингдек қайтариб берилаётган пахта истеъмол ёғи, шелуха ва кунжарага уларнинг сифат сертификати илова қилиниши шарт.
9. Қайтариб берилиши лозим бўлган пахта истеъмол ёғи, шелуха ва кунжаранинг шартномада кўрсатиладиган ҳажми, ушбу маҳсулотлар чиқишининг сўнгги уч йиллик ўртача кўрсаткичлари асосида белгиланиши мумкин. Ёғ-мой корхоналари корхонадаги уч йиллик ўртача кўрсаткичлар тўғрисида вилоят Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасига маълумот тақдим қилади.
Шартномада кўрсатилган маҳсулотларнинг чиқиш ҳажмлари, техник чигит қайта ишланган даврдаги ёғ-мой корхонасининг ҳақиқий кўрсаткичлари асосида қайта аниқланиши шарт.
10. Фермер хўжаликларига ҳамда пудратчи ва бошқа бўлинмаларга тегишли бўлган ёғ-мой маҳсулотлари белгиланган тартибда олдиндан пул кўчириш йўли билан фермер хўжаликларига ҳамда тегишли қишлоқ хўжалик корхоналарига уч томонлама шартнома муддати тугагунга қадар қайтарилади.
Фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалик корхоналарининг топшириғига биноан ёки ишончномалари бўйича уларга қайтариладиган пахта истеъмол ёғини бошқа хўжалик юритувчи субъектларга сотилиши тақиқланади.
11. Қишлоқ хўжалик корхоналари томонидан олинган ёғ-мой маҳсулотлари ички хўжалик шартномаларини бажарган пудратчи ва бошқа бўлинмаларга улар олишлари лозим бўлган маҳсулотлар миқдорига нисбатан мутаносиб равишда тақсимланиб, тўлиқ ҳажмда сотилади.
Ёғ-мой маҳсулотларини сотиш баҳоси маҳсулотни келтириш билан боғлиқ транспорт харажатлари қўшилган ҳолда ҳисобланади. Ёғ-мой маҳсулотларини сотиш баҳосига бошқа харажатлар ва фойдани қўшишга йўл қўйилмайди.
12. Ҳисоб рақамида маблағи бўлмаган қишлоқ хўжалик корхоналари учун ёғ-мой корхоналари туман ҳокимлари билан келишган ҳолда, ҳар бир туманда камида битта пахта истеъмол ёғи, шелуха ва кунжарани пудратчи ва бошқа бўлинмаларга сотиш шаҳобчасини очади.
13. Ҳар бир туманда ташкил этилган шоҳобча томонидан ички хўжалик шартномасини бажарган пудратчи ва бошқа бўлинмаларга тегишли бўлган пахта истеъмол ёғи, шелуха ва кунжара маҳсулотлари миқдори кўрсатилган ва хўжалик раҳбари тасдиқлаган рўйхат асосида нақд пулга сотилади.
Ёғ-мой маҳсулотлари шаҳобча орқали сотилганда маҳсулотнинг сотиш баҳосига фақат маҳсулотни келтириш билан боғлиқ транспорт харажатлари ва шоҳобчани очиш билан боғлиқ харажатларгина қўшилади. Ёғ-мой маҳсулотларини сотиш баҳосига бошқа харажатлар ва фойдани қўшишга йўл қўйилмайди.
14. Туман қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси томонидан пудратчи ва бошқа бўлинмаларга ҳамда Деҳқон ва фермер хўжаликлари вакиллиги томонидан фермерларга пахта истеъмол ёғи, шелуха ва кунжаранинг тарқатилиши аҳволи ҳар ойда мониторинг қилинади ва тарқатилган маҳсулотлар бўйича туман ва вилоят ҳокимлигига ахборот берилади.
15. Мазкур Низом Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, «Ёғмойтамакисаноат», «Ўзпахтасаноат» ҳамда Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмалари билан келишилган.
Макроиқтисодиёт ва статистика вазирининг ўринбосари А. САЛИМОВ
2002 йил 10 сентябрь
«Ёғмойтамакисаноат» уюшмаси раиси М.Б. ҲУДОЁРОВ
2002 йил 10 сентябрь
«Ўзпахтасаноат» уюшмаси раиси Э.З. ЗИКРИЁЕВ
2002 йил 10 сентябрь
Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси раиси А.Б. БОБОМИРЗАЕВ
2002 йил 10 сентябрь
(Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2002 й., 20-сон)