toggle_night_mode
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармасига идоравий мансуб ташкилотлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Републикаси Президенти Администрациясининг раҳбар ходимлари, мутахассислари ва хизматчиларини моддий рағбатлантириш ва меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 16 октябрдаги ПҚ-3976-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси (кейинги ўринларда Тиббиёт бош бошқармаси деб аталади), Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг 2018 йил 1 декабрдан бошлаб:
а) ҳар ойлик махсус устамалар миқдорини:
меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича Тиббиёт бош бошқармасига идоравий мансуб ташкилотларнинг тиббиёт ходимларига тенглаштирилган (Санитария-эпидемиология назорати бошқармасидан ташқари) тиббиёт ва фармацевтика ходимларига, шу жумладан, раҳбарлар, раҳбарларнинг ўринбосарларига ва олий маълумотли мутахассисларга — тариф ставкасининг 15 фоизидан 30 фоизигача ошириш;
меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича Санитария-эпидимеология назорати бошқармасининг тиббиёт ходимларига тенглаштирилган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига, раҳбарлар, раҳбарларнинг ўринбосарларига, олий маълумотли мутахассисларга — тариф ставкасининг 15 фоизидан 50 фоизигача ошириш;
ушбу банд «а» кичик бандининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилмаган бошқа ходимларга — тариф ставкасининг 10 фоизидан 30 фоизигача ошириш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(1-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 июндаги 361-сонли қарорига асосан чиқарилган)
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарор ижроси билан боғлиқ қўшимча харажатларни қоплаш учун 2018 йилда ва келгуси йилларда зарур бюджет маблағларини ажратсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 276-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2005 й., 12-сон, 64-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси бошлиғи А.А. Худаяров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2018 йил 14 декабрь,
1011-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 декабрдаги 1011-сон қарорига
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 276-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
243-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«243. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармасига (кейинги ўринларда Тиббиёт бош бошқармаси деб аталади) идоравий мансуб ташкилотлар штатидаги ходимларга ҳар ойлик махсус устамалар:
меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича Тиббиёт бош бошқармасига идоравий мансуб ташкилотларнинг (Санитария-эпидемиология назорати бошқармасидан ташқари) тиббиёт ва фармацевтика ходимларига, шу жумладан, раҳбарлар ва раҳбарларнинг ўринбосарларига ва олий маълумотли мутахассисларга — тариф ставкасининг 30 фоизи;
меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича Санитария-эпидемиология назорати бошқармасининг тиббиёт ходимларига тенглаштирилган тиббиёт ва фармацевтика ходимларига, шу жумладан, раҳбарлар ва раҳбарларнинг ўринбосарларига ва олий маълумотли мутахассисларга — тариф ставкасининг 50 фоизи;
ушбу банднинг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилмаган бошқа ходимларга — тариф ставкасининг 30 фоизи миқдорида белгиланади.»
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 17.12.2018 й., 09/18/1011/2320-сон)